Admin   05-09-2012, 09:38 PM
#1
Тавба (الإنابة) ва унинг далили

Тавбанинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Роббингизга тавба қилинглар ва Унга бўйинсунинглар!» (Зумар: 54).
«الإنابة»: аслий маъноси қайтиш бўлиб, тавба калимасига маънодошдир. Тавба ва қайтиш (الإنابة) бир маънода. Баъзи уламолар айтишдики: қайтиш (الإنابة) тавбадан кўра хосроқ маънони ифодалайди. Яъни, тавбадан таъкидлироқ маъноки, Аллоҳ азза ва жаллага иқбол қилиб тавба қилиш, яъни, хос тавба. Инсон гоҳида тавба қилиб, гуноҳни ташлаб, унга қайта қўл урмай, надомат чекади. Бироқ Аллоҳга иқбол қилиш-интилиш заиф бўлган бўлиши мумкин. «الإنابة» эса Аллоҳ азза ва жаллага иқбол қилиш ила тавба қилмоқдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло айтдики: «Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни, Аллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлмай туриб) Роббингизга тавба қилинглар ва Унга бўйинсунинглар!» (Зумар: 54), яъни, У субҳанаҳу ва таолога қайтиб, юзланинглар. Ер юзидан супуриб ташлайдиган ҳалокатли азоб келганда тавба қилувчининг тавбаси қабул қилинмайди: «Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди) иймон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёдаги расволик азобини кетказдик» (Юнус: 98). Фақат ушбу ҳолат (Юнус алайҳиссаломнинг қавмлари билан юз берган воқеа) мустаснодир. Аслида эса ҳалок қилувчи азоб келганда тавба қабул қилинмайди. «Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни, Аллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлмай туриб) Роббингизга тавба қилинглар ва Унга бўйинсунинглар!» (Зумар: 54).
Тавбанинг ҳам маълум муддат, чегараси бор. Жон ҳалқумга келганда ёки ўлим ҳозир бўлганда, ҳалок қилувчи азоб тушганда, қуёш ўзининг ботар томонидан чиққанда тавба қабул қилинмайди. Аллоҳ таоло бандани ана шу муддатлардан бири келиб қолишидан илгари тавба қилишга тарғиб қиляпти.
«Роббингизга тавба қилинглар!», оятнинг ушбу қисми тавба ибодат турларидан бири эканига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло «Роббингизга», деди. Бу эса тавба «الإنابة» ибодат турларидан бири эканига далолат қиляпти.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.