Рўзадорнинг мисвок, тиш чўткаси ва маъжуни ишлатиши
Савол: Рўзадорнинг мисвок, тиш чўткаси ва маъжуни ишлатишининг ҳукми нима?
Жавоб: Рўзадорнинг мисвокни кундузнинг эртасию охирида ишлатиши – суннатдир. Мен завол пайтидан сўнгра мисвок ишлатишни макруҳ деган одамларнинг аниқ ҳужжатлари борлигини билмайман. Чунки мисвок ишлатиш ҳақидаги ҳукмлар ом бўлиб, хосликни ифодаламайди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Омир ибн Рабийъа разияллоҳу анҳудан илова ўлароқ:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзадорлик пайтларида сон саноқсиз марта мисвок ишлатганини кўрганман» – деганини ривоят қилган (Рўза мавзуси, 27–боб). Шунга кўра рўзадорнинг мисвок қилиши бошқа пайтларда бўлганидек – машруъдир.
Рўзадорнинг тиш фирчаси ёки маъжунини ишлатишида икки ҳолатдан бири бўлади:
Биринчи ҳолат: Маъжун кучли бўлиб меъдага ўтиб кетиши ва рўзадор уни тўхтата олмаслиги мумкин. Ҳолат бундай бўлса уни ишлатиш таъқиқланиб, истеъмол қилиш ҳаром бўлади. Чунки у рўзанинг бузилишига олиб боради. Ҳаромга олиб борадиган барча нарса ҳаромдир. Лақийт ибн Сабура разияллоҳу анҳунинг ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга:
«Рўзадор бўлмаганингда бурнингга чуқур сув ол!» – дедилар (Абу Довуд 2368) ва рўзадорлик пайтида бурунга чуқур сув олмасликни истисно қилдилар. Чунки бурунга чуқур сув олиш оқибатида унинг меъдага кети, рўзасини бузиш эҳтимоли кучлидир. Шунинг учун ҳам биз: «Агар маъжунлар меъдага ўтиб кетадиган даражада кучли бўлса, уларни рўзадрорлик ҳолатида ишлатиш жоиз эмас ва ишлатиш энг камида макруҳдир» – деймиз.
Иккинчи ҳолат: Маъжунлар бундай кучга эга эмас ва улардан сақланса бўлади. Бундай маъжунларни истеъмол қилишнинг зарари йўқдир. Чунки оғиз бўшлиғи тананинг ташқариси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам рўзадор одам сув билан мазмаза қилса – оғзини чайсада рўзаси очилмайди. Агар оғиз бўшлиғи тананинг ичи ҳукмида бўлса эди, рўзадорга мазмаза қилиш таъқиқланган бўлар эди.