Admin   11-20-2010, 11:19 PM
#1
Қуръон махлуқ дейдиганларга раддия

«Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам ёлғиз Уникидир».
«Огоҳ бўлингизким», диққатни жалб қилиш ва қайдлов ундалмаси. «Ёлғиз Уникидир», яъни, субҳанаҳу ва таолодан Ўзгасиники эмас.
«Яратиш», яъни, йўқдан бор қилиш. У яратишга Қодир Зот бўлиб, хоҳлаган нарсасини яратади.
«Буюриш», яъни, субҳанаҳу ва таолонинг амри – Унинг кавний ва шаръий каломидир.
Кавний каломи-сўзига келсак: ушбу кавний сўзи ила махлуқотларга амр этади, шунда улар У Зотга итоат этиб, лаббай дея ижобат қиладилар. Аллоҳ таолонинг мана бу қовлига ўхшаш: «Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: «(Менинг амри-фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!», деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик, (амрингга бўйинсундик)», дедилар» (Фуссилат: 11). Бу Аллоҳнинг кавний амри-фармони бўлиб, осмонлар ва ерга ушбу кавний буйруғи ила амр этганди, бас, улар ташкил топиб-вужудга келди. «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур – вужудга келур» (Ясин: 82). Бу кавний амру-фармони эди.
Шаръий амру-фармонига келсак, у нозил қилинган ваҳий бўлиб, ушбу ваҳий воситасида Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига ибодат қилишга, намоз, закот, ота-онага яхшилик қилишга буюради. Бу шаръий амру-фармонидир. Ушбу шаръий амри остига Қуръони Карим ва Пайғамбар суннатидаги буйруқ ва қайтариқлар дохил бўлади. Буларнинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амридандир.
Яратиш ва амру-фармон Унгагина хос экан, унда субҳанаҳу ва таолодан ўзгасига нима ҳам қолди? Шунинг учун ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ушбу оятни ўқиганларида: «Барча нарса Уни(нг қўлида бўлган) Зотдан сўраб-талаб қилсангчи» дердилар. Ушбу оят яратиш ва амру-фармон орасида фарқ бор эканига далолат қиляпти. Бу эса Қуръон махлуқ дейдиганларга раддиядир. Чунки Қуръон амру-фармон жумласидандир. Аллоҳнинг амри эса махлуқ эмас. Чунки Аллоҳ таоло яратиш ва амр ўртасини ажратди ва у иккисини ўзаро фарқли бўлган икки нарса эканини зикр қилди. Демак, Қуръон амру-фармон остига дохил бўлиб, у махлуқ эмасдир.
Ушбу масалада имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) жаҳмиялар билан мунозара қилдилар. Улар у кишидан Қуръон махлуқ дейишларини талаб қилишганида: «Қуръон яратилган нарсалар жумласиданми ёки амру-фармон қилинган нарсалар жумласиданми?», дедилар. Улар: «Қуръон амру-фармон жумласидан», дейишди. У киши эса: «Амру-фармон махлуқ эмас», дедилар. Аллоҳ таоло амр билан холқ-яратиш орасини ажратди. Яратишни бир нарса ва амр-буйруқни бошқа бир нарса деб зикр қилди.
Амр – Калом (сўздир). Холқ-яратиш эса йўқдан бор қилиш ва вужудга келтиришдир. Демак, иккиси ўртасида фарқ бор.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.