Admin   07-10-2010, 11:01 PM
#1
Фуссилат сураси, 37-оят тафсири

Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).
Ушбу оят Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг рубубият ва улуҳиятда (ягона Зот) эканига далилдир: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир...».
Қуёш ва ой: қуёш борлиққа зиё улашадиган, доимо чарақлаб турувчи катта бир юлдуздир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ва доимо чарақлаб тургувчи чироқни (яъни, қуёшни пайдо) қилдик» (Набаъ: 13). Ой эса кечани ва одамлар учун йўлни ёритиб берадиган нурдир. Борлиқдаги дарахт, мева ва денгизларга ой нурининг улкан фойдалари бор. Агар қуёш ғойиб бўладиган бўлса, бутун борлиқ зарар кўриб, одамзотнинг ҳаёт ва фойдалари барбод бўлади. Ой ғойиб бўлса ҳам худди шундай (зарарлар кузатилади). Ойни мева ва дарахтларга фойдаси бўлиши билан бирга, унинг воситасида муддатларни билиш мумкин. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ойни эса (кечалари) нур – ёруғлик қилган ва сизлар йилларнинг саноғини ҳамда (вақтларнинг) ҳисобини билишларингиз учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзил-буржларга бўлиб қўйган Зотдир» (Юнус: 5). Ва яна ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир» (Бақара: 189).
Демак, ойларда вақт ва муддатларни билиш каби фойдалар бор. Мисол учун: қарз муддати, аёллар (талоқ қилингандаги) идда ва (табиий қонлари) муддати, рўза ва ҳаж каби ибодатларнинг муддатини билиш каби. Ушбу муддатларнинг барини икки юлдуз бўлмиш: қуёш ва ойга биноан билиб борасиз. Шамсий ва қамарий ҳисобда барча инсоният учун фойдалар бор.
Етти осмон Унинг махлуқотларидандир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳ етти осмонни ва ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни, етти қават ерни) яратган Зотдир» (Талоқ: 12). «(У) етти осмонни устма-уст қилиб яратган Зотдир...» (Мулк: 3). Демак, осмонлар устма-уст бўлиб, дунё осмони, сўнг еттинчи осмонгача бирин-кетин бўлган осмонлар. Барчасининг юқорисида эса Раҳмон субҳанаҳу ва таолонинг арши.
Аллоҳ таоло айтганидек етти ер ҳам (Унинг махлуқотларидандир): «Ва ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни, етти қават ерни) яратган Зотдир». Ер ҳам етти қатлам-табақадан иборат. Осмон ва ернинг етти қават қатлам-табақасининг ҳар бирида маскан тутган яшовчи-махлуқотлар мавжуддир. Осмонлардаги юлдузлар, қуёш ва ой, ҳамда ердаги турли навларга эга бўлган тоғ, дарахт, тош, маъдан (қазилма бойликлари) ва денгизлар каби махлуқотларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг оят-аломатларидандир. Ушбу оят-аломатлар кўзимиз билан кўриб, гувоҳ бўлганимиз кавний-борлиқдаги оят-аломатлардир.
Шайх раҳимаҳуллоҳ: Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37), дедилар.
Кеча Унинг оят-аломатларидан, яъни, рубубияти, қудрати ва якка Ўзи ибодатга ҳақли-лойиқ эканига далолат қилувчи оят-аломатлардан зулматли кеча ва бутун борлиқни ёритувчи кундуздир. Ушбулар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ажойиботларидандир.
Бутун борлиқни бир лаҳзада зулуматли ва яна бир лаҳзада ёруғ қиладиган Зот ким? У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Агар халқлар ер юзининг бир бурчагини ёритиш учун жамланишса, фақат маълум бир чекланган қисминигина ёритиша олади. Агар дунёдаги бутун электр токини олиб келишганда ҳам, у фақат ернинг маълум бир қисмини ёритади холос.
Қуёш ва ой эса бутун борлиқни ёритади. Кеча ва кундуз бир-бирини қувиб-таъқиб қилиб боради. Қуёш ва ой ҳам худди шундай.
Аллоҳ таоло айтадики: «Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).
Бу ширкни барбод-ботил қилишдир. Махлуқотларга сажда қилманглар. Чунки энг улкан махлуқотлар қуёш ва ой бўлиб, мушриклар бу иккисига ибодат қилиб, сажда қилишарди. Уларнинг орасида Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмлари каби ой ва юлдузларнинг ҳайкал-тимсолини ясаб, уларга ибодат қиладиганлари бор эди. Аллоҳ таолонинг ушбу: «Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам... сажда қилманглар», қовлига келсак, сажданинг маъноси пешонани маъбудга итоат этган ҳолда ерга қўймоқ. Ва бу ибодатларнинг энг улуғидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Банда Роббисига энг яқин бўлган (лаҳзаси) – саждада эканлигидадир» (Муслим (482) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят).
Ибодат турларининг энг улуғи ерга (йиқилиб) сажда қилишдир. Чунки юзингиз танангизнинг энг азиз қисми бўла туриб, уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бандалик бажо қилиб ва хокисор бўлиб У Зот учун ерга қўясиз. Ана шу ҳақиқий сажда бўлиб, ушбу ибодат билан фақат Аллоҳ таологагина сиғинилади.
Қуёш ва ойга сажда қилишга келсак, у сажда қилишга нолойиқ бўлган бир махлуққа сажда қилишдир. Махлуқотларга сажда қилиш жоиз эмас. Балки сажда махлуқотларнинг Холиқи азза ва жаллагагина қилинади. Махлуқотлар эса сиз каби яратилган, уларнинг устидан бошқарилиб турилади. Ўзингиз каби ожиз бир махлуққа сажда қиласизми? Бу асло жоиз эмас. Инсон ақлу заковати қандай қуйи даражага етди-я?!
Сажда – Уни бирор нарса ожиз қолдирмайдиган Холиқ субҳанаҳу ва таологагина лойиқдир. Сажда Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаққи, махлуқнинг ҳаққи эмас, гарчи ушбу махлуқ катта ва улкан бўлса-да. Чунки у заиф бир махлуқ бўлиб, унинг тепасидан бошқариб, тасарруф этиб турадиган бир Зот бор.
«Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).
Демак, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз даркор. Агар У Зотга ва бошқасига ҳам сажда қилар экансизлар, Аллоҳга тўғри ибодат қилувчи бўлмабсизлар. Балки Унга ширк ила ибодат қилган бўлиб, ширк ибодатни барбод қилади.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.