Катта ширк (ширк акбар) бу Аллоҳ билан шерик қилиш, унга (шерикка) Аллоҳга мурожаат қилгандек мурожаат қилиш ёки бирон бир ибодат турини унга (шу шерикка) қаратиш (унга қилиш). Масалан, ёрдам сўраш ёки қурбонлик сўйиш, қасам ичиш ва ҳоказо каби ибодат турларини Аллоҳдан ўзгага қилишдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши:
«Ё Расулуллоҳ, қай бир гуноҳ Аллоҳ наздида энг катта гуноҳ ҳисобланади?» деб сўради.
«Аллоҳ сени яратиб қўйган бўлсаю, сен Унга бошқа бировни тенг билиб ибодат қилишинг» дедилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Катта ширкнинг турлари:
1) Дуо қилишдаги ширк. Бу Аллоҳдан бошқалардан, яъни пайғамбарлардан ва авлиёлардан мадад тилаб, касалликка даво излаб уларга мурожаат қилиш, илтижо қилиш. Аллоҳнинг қуйидаги оятига кўра:
“Аллоҳни қўйиб сизга фойда ҳам, зиён ҳам этказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз” (Юнус сураси, 106-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Кимки Аллоҳ таолодан ўзгадан ҳожатини сўраб Аллоҳга ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга киргай” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ўликлардан ва мавжуд бўлмаганлардан (ғойиб кимсалардан) нажот сўрашнинг ширк эканлигига далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир:
”(Эй мушриклар)
, сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга)
шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад, дунёю охират ҳақида ҳеч ким)
сизга Хабардор Зот (яъни Аллоҳ)
каби хабар бера олмас” (Фотир сураси, 13-14 оятлар).
2) Аллоҳ сифатларида ширк. Пайғамбарлар ва авлиёлар ғайб илмини билишади деб ишониш, иймон келтириш. Аллоҳ таоло айтди:
“Ғайб очқичлари (калитлари)
Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур” (Анъом сураси, 59-оят).
3) Муҳаббатдаги ширк. Бу бирон авлиёни ёки солиҳ одамни Аллоҳни севгандек (яхши кўргандек) севишдир. Аллоҳ таоло айтади:
”Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир” (Бақара сураси, 165-оят).
4) Бўйсунишдаги ширк. Бу шайхларга гуноҳ қилиб бўлса ҳам бу ишни қилиш мумкин деб бўйин солиш, яъни кимки бирон кимсага агар гуноҳ қилишга буюрса ҳам бўйсинса ва бу ишни ҳалол эканлигига ишонса бу ширкдир. Аллоҳ таоло айтади:
”Улар (насронийлар ва яҳудийлар)
Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини парвардигор деб билдилар (олдилар)
” (Тавба сураси, 31-оят).
Уларга гуноҳда ҳам бўйин солиш ибодат деб тушунтирилиши мумкин. Чунки улар Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилдилар ва Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
”Ҳеч кимга Аллоҳга осийлик қилишликда бўйин солиш (эргашиш) мумкин эмас” (Саҳиҳ, Аҳмад ривояти).
5) Аллоҳнинг одам шаклига эга эканлигидаги (тажассумдаги) ширк: Бу Аллоҳ яратганининг (мавжудотнинг) шаклида мавжуд деб иймон келтириш (ишониш) ва бу Дамашқда кўмилган сўфий Ибн Арабийнинг иймони эди. У шундай деди:
“Рабб бу қул ва қул Раббдир
Қанийки билсам эди қайси бири ҳокимликда эканлигини”.
Яна бир сўфий шоир шундай деган:
”Рабб бўлмаган ҳеч қандай ит ёки чўчқа йўқ,
ва Аллоҳ черковдаги роҳибдан бошқа кимса эмасдир”.
Аллоҳ буларнинг айтганларидан узоқдир.
6) Ишлар тадбиридаги ширк. Бу баъзи авлиёлар коинот ишларини бошқаришга ва тадбир қилишга ҳаққи бор деб ишониш (иймон келтириш). Улар улар(авлиёлар)ни Аллоҳнинг қуйидаги (Исломдан олдинги) мушриклар ҳақидаги оятига қарамасдан ёрдамчилар деб аташади:
”Ким барча ишларни тадбир қилиб турур?! Улар албатта: ”Аллоҳ”, дейдилар” (Юнус сураси, 31-оят).
7) Қўрқув ширки. Бу баъзи ўлик авлиёлар ва ғойиб кимсалар барча ишларни тадбир қила олади ва зарар қилиши мумкин ва қўрқиш (ўша ўлик авлиёлардан) эса шу сабабдандир деб иймон келтириш (ишониш). Шундай қилиб сиз баъзи одамларнинг ёлғондан Аллоҳга қасам ичишини топасиз, аммо улар бу авлиёларга ёлғондан қўрққанларидан қасам ичишмайди ва бу Қуръон бизни огоҳлантирган мушрикларнинг иймони эди:
”Аллоҳ Ўз бандасига етарли эмасми?! (Эй Муҳаммад)
, улар сизни (Аллоҳдан)
ўзга бутлари билан қўрқитурлар” (Зумар сураси, 36-оят).
Ҳавфли, ваҳший ҳайвонлардан ёки золим кимсалардан қўрқиш мумкин ва у ширк эмас.
8) Ҳокимликдаги ширк. Бу Исломга зид бўлган қонунни яратган ва бу қонунни ҳалол қилган ёки Ислом қонунининг камчиликлари бор деб ишонган кимсага тадбиқ этилади. Бу масала жуда муҳим ва уламоларимиз бу хусусда кўплаб китоб ва мақолалар ёзишган. Шуни эътиборга олиш керакки, ҳавориж гуруҳидаги кимсалар мана шу ширкка тааллуқли оятларни кўпчилик мусулмонларга, айниқса муслумон ўлкаларининг ҳокимларига нисбатан қўллаб, уларни мусулмон бўлса ҳам кофирга чиқариб қўйишмоқда. Мана шундан эҳтиёт бўлиш зарур. Бир мусулмон одамни кофир деб санаш оғир гуноҳ ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу масалага оид мулоҳазалар катта уламоларга олиб борилиб улардан маслаҳат сўралиши лозим.
9) Катта ширк қилган амалларни йўққа чиқаради. Бу Аллоҳнинг қуйидаги оятига кўра:
”Дарҳақиқат, сизга ҳам (эй Муҳаммад)
, сиздан аввалги (пайғамбарларга)
ҳам (шундай)
ваҳий қилингандир: ”Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан””. (Зумар сураси, 65-оят).
10) Аллоҳ катта ширкни тавбадан ва ширкни умуман ташлашдан бошқа йўл орқали кечирмайди. Аллоҳ таоло айтади:
”Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарса ёки кимсани)
шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради. Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан озибди” (Нисо сураси, 116-оят).
11) Ширкнинг бир неча турлари бор. Булардан иккитаси: катта ширк ва кичик ширкдир. Одамларни ширкнинг барча турларидан огоҳлантириш фарздир. Пайғамбаримиз бизга бунинг учун нима дейишни ўргатганлар:
”Эй Аллоҳ! Биз Сенга билиб ширк қилишликдан сақлашингни сўраймиз ва билмай (ширк) қилганларимизни кечиришингни ўтинамиз” (Аҳмад ривояти, ҳасан ҳадис).
Кичик ширк ва унинг турлари
Кичик ширк бу катта ширкка олиб бориши мумкин бўлган барча воситалардир. У ибодатнинг сифатига таъсир этмайди, аммо уни қилган киши Исломдан чиқмайди (кофир ҳисобланмайди). Шунга қарамасдан, у катта (оғир) гуноҳлардан ҳисобланади ва қуйидаги турлардан иборат:
1) Риё: Бу мусулмон Аллоҳ учун амал қилганда ва Аллоҳ учун ибодат қилганда ўзининг амали ва ибодатини бошқалар мақтасин деб яхши (гўзал) қилишидир. Аллоҳ таоло айтди:
”Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (Унга)
шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Мени сизлардан энг қўрқадиган нарсам кичик ширк – риёдир. Аллоҳ қиёмат кунида кишиларнинг амалларини ҳисоб-китоб қилганда шундай дейди: “Риёкорлик қилганингиз кимсалар олдига боринглар¬чи, улар олдида мукофотингизни топа олармикинсизлар?!”” (Саҳиҳ, Имом Аҳмад ривоятлари).
2) Аллоҳ таолодан бошқанинг номига қасам ичиш: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Кимки Аллоҳ таолодан ўзганинг номига қасам ичса, ширк қилибди (мушрик бўлибди)” (Саҳиҳ, Имом Аҳмад ривоятлари).
Аллоҳдан ўзгага қасам ичиш катта ширкка албатта айланиши мумкин, қачонки қасам ичаётган кимса ёлғондан қасам ичаётган нарсаси ундан зарарни олиб ташлаши мумкин ёки зарардан сақлаши мумкин деб ишонса.
3) Яширилган ширк: Инсоннинг қуйидаги гаплари бу ширкдан ҳисобланади: “Агар Аллоҳ ва фалончи бўлмаганда эди, бу муваффақиятга эриша олмас эдим”, “Аллоҳ ва сен хоҳлаганинг учун бу иш бўлди”.
Биринчи мисолда Аллоҳга фалончини шерик қилиб қўйгани учун, иккинчи мисолда эса, Аллоҳнинг хоҳиши билангина чекланмасдан яна бировнинг хоҳишини шерик қилгани учун бу сўзлар ширк ҳисобланди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Аллоҳ ва фалончи хоҳлади, деманглар, балки Аллоҳ сўнгра фалончи хоҳлади, деб айтинглар” (Саҳиҳ, Имом Аҳмад ва бошқалар ривоятлари).