Admin   07-10-2010, 11:30 PM
#1
Мушаббиҳалар

Бу тоифа исм ва сифатларни Аллоҳ таъолонинг махлуқларига ташбиҳ қилиб (ўхшатиб) исбот этдилар ва: «Бу, ваҳий тақозосидир. Чунки Аллоҳ таъоло бандаларга тушунишадиган нарсалар билан хитоб қилди» - деб даъво қиладилар. Бу даъво ҳам, бир неча сабабларга кўра асоссиздир.
Биринчидан: Аллоҳ таъолонинг ўз махлуқига ўхшаши ақл ва шариат инкор этадиган нарса бўлиб, Қуръон ва суннатдаги таълимотлар ботил нарсаларни тақозо этиши мумкин эмасдир.
Иккинчидан: Аллоҳ таъоло бандаларига маъно нуқтаи назаридангина тушуна олишадиган нарсалар билан хитоб қилди. Аммо улар асосланган ҳақиқат ва моҳиятни (хусусан, зот ва сифатларга таъаллуқли бўлса) ўзигина билишни афзал кўрди.
Агар Аллоҳ таъоло ўзининг «Самийъ» (эшитувчи) эканини зикр қилса, эшитиш маъно нуқтаи назаридан маълум (яъни, товушларни идрок этиш). Лекин, Аллоҳ таъоло қандай эшитади, бу номаълумдир. Чунки эшитиш махлуқларда ҳам фарқли бўлади. Модомики махлуқотлар ўртасида бу нарса фарқли бўлар экан, Холиқ билан махлуқ ўртасидаги тафовут, ундан кўра каттароқ ва равшанроқдир.
Quote:Бунга яна бир мисол, инсонларнинг кўриши ўта чегаралангандир, аввало у узоқ масофадаги нарсани кўра олмайди. Инсон бир вақтнинг ўзида бир қанча нарсани кўра олсада улардан биттасинигина тиниқ-равшан кўради қолганлари шувашган ҳолда бўлади. Қолаверса, унинг кўришини кўп нарсалар тўсиши мумкин эмас: Қоронғулик, ўта ёруғлик ва ҳар турли тўсиқлар. Аллоҳ таолонинг кўришига нисбатан ҳеч қандай тўсиқ бўлиши мумкин эмас, У ҳар қандай ҳолатда аниқ-равшан кўраверади. Бир нарсани кўриши бошқасидан чалғитиб қўймайди, У ҳар бир сонияда барча мавжуд махлуқотларининг ҳар бирини кўриб, ҳожатларини билиб, дуоларини эшитиб, уларнинг ҳар бирига ижобат қилиб туради. Шундай Улуғ Парвардигорнинг сифатларига ожиз махлуқотларнинг сифатлари қандай ўхшасин?! (Таҳририят).
Агар Аллоҳ таъоло ўзининг Аршга кўтарилгани - ўрнашганидан хабар берган бўлса, кўтарилиш-ўрнашиш маъно нуқтаи назаридан маълум. Бироқ, кўтарилишнинг Аллоҳ таъолонинг Аршга кўтарилишидаги ҳақиқати номаълум. Зотан, кўтарилиш-ўрнашиш ҳақиқати махлуқларда ҳам ўзаро фарқли бўлади. Қимирламай турган курсига кўтарилиш-ўрнашиш билан, асов туя устига кўтарилиш-ўрнашиш ўртасида катта фарқ бор. Шундай экан, Холиқ билан махлуқ ўртасидаги фарқ катта ва равшан бўлиши муқаррардир.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.