Admin   06-24-2010, 11:06 PM
#1
Мужодала сураси, 22-оят тафсири

Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан – гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари ёки оға-инилари ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да – дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ – Қуръон билан қувватлантиргандир. У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан - У Зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ҳизби (бўлган зотлар) нажот топгувчидирлар!» (Мужодала: 22).
«Дўстлашаётганларини топмассиз», яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата хитоб қилиняпти. Аллоҳу Расулига иймон келтирган кишининг кофирларни яхши кўришлиги ҳеч қачон юз бермайди. Энди уларни яхши кўрадиган бўлса, мўмин бўлмайди, гарчи иймонни даъво қилса ҳам.
Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ «ал-Кафия аш-Шафия»да шундай дедилар:
Севиклигин душманларин яхши кўриб,
Унга муҳаббат қўйишинг мумкин эмасдир.
Шундай қилиб севиклигин ёрларига душманлик қиласан,
Муҳаббат қаерда қолди эй шайтон биродари?
Кофирларга муҳаббат қўйиб, мен Аллоҳу Расулини яхши кўраман, деб айтишнинг имконияти йўқдир. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноан: «Эй мўминлар, Менинг ҳам душманим, сизларнинг ҳам душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки, улар сизларга келган ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар!» (Мумтаҳана: 1) оятларидан то ушбу оятларгача: «Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намума бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар Ёлғиз Аллоҳга иймон келтирмагунларингизча, сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар» (Мумтаҳана: 4). Ва яна Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Энди қачонки унга (отаси) Аллоҳнинг душмани эканлиги аниқ маълум бўлгач, ундан бутунлай тонди. Албатта Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир» (Тавба: 114). Бу Иброҳим алайҳиссалом миллатики, у киши ҳам оталаридан, энг яқин кишиларидан, Аллоҳнинг душмани экани маълум бўлгач пок-безор эканларини эълон қилдилар.
Ушбу оят ҳам кофирларга муҳаббат қўйиш Аллоҳга ва охират кунига бўлган иймонга, ё унинг асли ёки мукаммаллигига, зид келишига далолат қиляпти. Уларга муҳаббат қўйиш билан бирга маслак ва куфрларини қўллаб қувватлаш ҳам бўладиган бўлса, бу исломдан чиқишликдир. Бироқ уларга ёрдам қўлини чўзмай фақат муҳаббат қўядиган бўлса, бу иймонни нуқсонли қилувчи-заифлаштурувчи амал ва фосиқлик дея қаралади.
Айтилишича: Ушбу оят Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳақларида, оталарини Бадр куни қатл қилганларида нозил бўлган экан. Чунки оталари кофир бўлиб, ўғли Абу Убайдани ўлдиришни истарди. Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу уни қатл қилдилар. Чунки у Аллоҳнинг душмани бўлиб, Абу Убайда розияллоҳу анҳу уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун ғазаб қилиб, қатл қилишларидан, ахир у отам-ку деган ўй тўсиб қололмади.
Аллоҳ таолонинг: «Ана ўшаларнинг», деган қовлидан мурод, яъни, Аллоҳ ва Расулига душманлик қиладиган кимсага муҳаббат қўйиб, дўстлашишдан йироқ бўладиган зотлар.
Аллоҳ таолонинг: «Дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир», деган қовлига тўхталсак, яъни, Аллоҳ таоло қалбларида иймонни собит айлаб, мустаҳкам-барқарор қилди.
«Уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ билан қувватлантиргандир. У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган... жаннатларга киритур», яъни, қувватлагандир: куч бағш этгандир. Ўз ҳузуридан бўлган Руҳ ила куч-қувват ато этган. Руҳ калимаси Қуръонда бир қанча маъноларда келади. Ана шулардан бири нафсдаги руҳки, у билан ҳаёт-тириклик бўлади. Яна ваҳий маъносида ҳам келади. Аллоҳ таолонинг ушбу қовли каби: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан сизга Руҳни ваҳий қилдик» (Шўро: 52). Яна руҳ калимаси Жаброил алайҳиссаломга нисбатан ҳам ишлатилади. Руҳул Қудус ва Руҳул Амин, калималари каби. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) уни (яъни, Қуръонни) Руҳул-Қудус (яъни Жаброил) Роббингиз тарафидан иймон келтирган зотларни собитқадам қилиш учун, мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар қилиб ҳаққи-рост нозил қилганини айтинг» (Наҳл: 102). Ва яна шундай деди: «Уни (яъни, Қуръонни) Руҳул-Амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди» (Шуаро: 192). Биз гаплашаётган мавзудаги оятда руҳ калимаси қувват маъносида келди.
Уларга Ўз томонидан бўлган Руҳ-қувват билан куч ато этгандир, яъни, дунё ва охиратда иймон қуввати ила куч бағш этган. «У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган... жаннатларга киритур». Жаннат араб тилида боғ-бўстон маъносида. Қуюқ дарахтлар билан қопланиб, ўралгани боис жаннат дея аталган. Чунки жаннат соя-салқин, дарахт, дарё ва қасрлардан иборат. Энг юқори қисми Раҳмон субҳанаҳу ва таолонинг аршидир.
«Остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган», яъни, унда боқий қолиб, асло кўчмайдилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «Улар, у жойларда мангу қолар эканлар, (бошқа бирон жойга) кўчишни истамаслар» (Каҳф: 108). Ўлим етиши ёки бирон киши уларни чиқариб, қувиб солишидан асло қўрқмайдилар. Чунки дунёда шундай, гоҳида инсон қасрда бўлади, бироқ ўлим етиб, ушбу қасрдан (бир кун) чиқиб кетишидан хотиржам эмас. Ва яна душман устун келиб, ундан (қасрдан) чиқариб ташлашидан ҳам хотиржам эмас. Инсон дунёда доим хавфдадир.
«Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан - У Зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар». Кофирлардан иборат ўз яқинларидан нафрат қилишиб, уларни душман санашгач, Аллоҳ таоло уларга мукофот ўлароқ Ўз ҳузуридан розилик ато этди. Кофир бўлган қон-қариндошларидан нафратланишганларининг эвазига Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларга Ўзининг розилигини дариғ тутмади. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар.
«Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар», яъни, Аллоҳнинг жамоатидирлар. Кофирлар эса шайтон ҳизбидир. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деди: «Ана ўшалар шайтон ҳизби-гуруҳидирлар» (Мужодала: 19), яъни, шайтоннинг жамоати ва ёрдамчилари.
Ушбу масала кофирларга адоват сақлаш ва уларни дўст тутмасликка боғлиқдир. Ва бу, биз кофирлар билан дунёвий манфаатларда алоқа узишимизни тақозо қилмайди. Балки қуйидаги ишлар бундан мустаснодир:
1 - Биз улардан нафратланиб, адоват сақлашимиз билан бирга, уларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг йўлига даъват қиламиз. Уларни Аллоҳнинг йўлига даъват қилишимиз вожиб бўлади. Улар Аллоҳ ва бизнинг душманларимиздир, деб уларни ташлаб қўймаймиз. Балки уларни Аллоҳнинг йўлига даъват қиламиз, шояд Аллоҳ таоло уларни ҳидоят қилса. Агар даъватимизни қабул қилишмаса, куч-қудратга эга эканмиз, уларга қарши жанг қиламиз. Ё исломга кирадилар ёки яҳуд, насоро ва мажусийлардан бўлишса, хорланган-мағлуб ҳолларида жизя тўлайдилар ва ислом ҳукмларига бўйинсуниб, ўзларининг дин-удумларини ташлайдилар.
Бироқ жизя тўлаб, ислом ҳукмига бўйинсуниш шарти билан. Агар аҳли китоблардан (яҳуд ва насоролардан) ва мажусийлардан бўлишмаса, улардан жизя олишликда уламолар ўртасида ихтилоф бор.
2 - Ҳожат тушганда кофирлар билан сулҳ тузишдан монелик йўқдир. Мусулмонлар жанг қилишга қодир бўлмай ёки уларнинг ёмонликларидан хавфсираб сулҳ-шартнома тузишга эҳтиёж сезсалар, ёки уларнинг ўзлари сулҳ тузиш таклифи билан чиқсалар, мусулмонлар то куч-қувватга киргунларига қадар улар билан (тинчлик) шартнома(си) тузишларида зиён йўқдир. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар улар сулҳга майл қилсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг» (Анфол: 61). Сулҳ тузилганда ҳам доимий (тинчлик) деб эмас, балки мусулмонларнинг ҳукмдори фойда миқдорини кўздан кечириб, маълум бир муддатга-муваққат шартнома тузади.
3 - Мусулмонларга яхшилик қилишганда қилган яхшиликлари эвазига мукофот улашишдан монелик йўқдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳ дин(ингиз – Ислом) тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан – уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар» (Мумтаҳана: 8).
4 - Мусулмон фарзанд кофир отасига яхшилик қилиши вожиб бўлади. Бироқ унга куфр борасида итоат қилмайди. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноан: «Биз инсонга ота-онасини (яъни, уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни, қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буйирдикки), «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан! Агар улар (яъни, ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин!»» (Луқмон: 14-15). Демак, ота кофир бўлса-да, ўз ҳақ-ҳуқуқига эгадир. Бироқ уни қалбингиздан яхши кўрмайсиз. Балки тарбия қилганига яраша мукофот тарзида муомала қиласиз. Чунки у ота ва уни оталик рўбарўсидаги ўз ҳаққи бор.
5 - Улар билан тижорий муомала ва савдо қилиш. Улардан ҳожатга қараб мол сотиб олиш ва пул эвазига турли мол ва қурол-аслаҳарлар олиб киришда зиён йўқдир. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирлар билан (тижорий) муомала қилганлар. Шунингдек Хайбар аҳли бўлмиш яҳудлар билан ерни экин-тикин қилиш ва ҳосилнинг бир қисмини уларга қолдириш шарти билан (тижорий) муомала қилганлар. Бу уларни дўст тутиб, муҳаббат қўйишдан эмас. Бали ўзаро фойда алишишдир. Ушбу ишларни яхши билиб олишимиз ва улар кофирларни дўст тутиш бобига кирмаслиги ва қайтарилган ҳам эмаслигини ёдда тутишимиз даркор.
Шунингдек улардан қарз сўраш ҳам (ушбу қисм остига дохил бўлади). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудийдан таомни қарзга олганлар. Ва гаровга ўзларининг совутларини қўйганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида аҳли-оилаларига деб сотиб олган таомлари ўрнига берган ушбу совутлари яҳудийда қолди. Демак, шунга ўхшаш ишлардан монелик йўқдир. Ушбу ишлар дунёвий фойдалар бўлиб, қалбдаги муҳаббат ва дўст тутишга далолат қилмайди. Ушбу ишлар орасини ажратиб олишимиз лозим. Чунки баъзи кимсалар кофирларни душман тутиш ва уларга муҳаббат изҳор қилмаслик ҳақидаги ҳужжатларни эшитиб олади-да, улар билан умуман муомала қилинмайди ва узил-кесил алоқалар узилади, деб тушунади. Йўқ! Ушбу ишлар Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларидан олинган аҳли илм наздида маъруф бўлган ҳукм, шарт ва ҳудудлар билан белгилаб қўйилгандир.
6 - Аллоҳ таоло аҳли китобларнинг аёлларига, ўз иффат-ор-номусларини сақлайдиган бўлишлари шарти билан турмуш қуришни ва уларнинг сўйган жонлиқларини мубоҳ-ҳалол қилди.
7 - Бирор муносабат билан чақирсалар, чақириқларига ижобат қилиш ва ҳалол бўлган таомларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам еганларидек еб-тановул қилиш.
8 - Кофир қўшниларга яхшилик қилиш. Чунки уларда қўшнилик ҳаққи бор.
9 - Уларга зулм қилиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло шундай деди: «Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир» (Моида: 8).

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.