rinat80_09   04-04-2013, 08:00 AM
#1
Ассаламу алейкум ва рахматуллохи ва барокатух!

1) Аёл киши зино килса ва зино устида ушланса, гувохларнинг сони 2 та киши булса (яъни 4 кишига тага етмаса), унинг устига аёл киши каттик Аллохдан куркиб килган ишига пушаймон булса шу ернинг узида (мен бу ишни нафсимни тута олмасдан яъни шайтоний васвасанинг кучлилигидан килиб куйдим, пушаймонман деб йигласа) бу аёлни кечирса булади ми?

2) бу гувохларнинг 1 таси уша аёлнинг эри булса, никохларига талок тушадими ёки аввалгидек яшаб кетаверади ми?

Аллох рози булсин!

«Мен жин ва инсонни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-Зариёт: 56)
Муслим   04-19-2013, 01:43 AM
#2
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Аллоҳ таоло айтади: «Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир. Магар шу (қилмишларидан) сўнг тавба қилиб, (ўзларини) тузатган кишиларгина (фосиқ эмасдирлар). Зеро Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Нур: 4, 5).
Аҳмад, Абдурраззоқ, Абу Довуд, Ибн Жарир, Ибнул Мунзир, Ибн Аби Ҳотим ва Ибн Мурдавайҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишларича, ушбу оят нозил бўлганида ансорлар саййиди Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу: «Худди шундай нозил қилиндими, ё Расулуллоҳ?!», деб сўради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй ансорлар жамоаси, саййидингиз айтаётган гапни эшитяпсизми?!», дедилар.
Улар: «Ё Расулуллоҳ, уни маломат қилманг, чунки у жуда рашкчи одам. Аллоҳга қасамки, у нечта уйланган бўлса, фақат қизга уйланган ва нечта аёлини талоқ қилган бўлса, унинг рашкидан қўрқиб, бизлардан бирон киши у талоқ қилган аёлга уйланишга журъат қилган эмас», дейишди.
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу деди: «Ота-онам сизга фидо бўлсин ё Расулуллоҳ, мен бу (ҳукм)ни ҳақ деб ва уни Аллоҳ томонидан тушган деб биламан. Бироқ, мени таажжубга солган нарса шуки, агар мен хотинимни бировнинг остида ётганини кўрсам, то тўртта гувоҳ топиб келмагунимча уни қўзғотмаслигим ва тек қўйишим керак экан. Аллоҳга қасамки, мен уларни олиб келгунимча, у ишини бажариб бўлган бўлади» (Муслим: №1498, Муватто: 2/737, Абу Довуд: №4532).
Бухорий ва Муслим Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида: Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу деди: «Агар хотинимни бирон эркак билан бирга кўрсам, қиличим билан у одамнинг бошини танидан жудо қилган бўлардим». Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етгач: «Саъднинг ғаюрлигидан (рашкчилигидан) ажабланяпсизларми?! Аллоҳга қасамки, мен ундан ғаюрроқман, Аллоҳ мендан ғаюрроқ. Аллоҳ ғаюрлиги туфайли фаҳш ишларни зоҳирини ҳам, ботинини ҳам ҳаром қилган», дедилар (Бухорий: №6846, Муслим: №1499).
Дарҳақиқат, кўп ўтмасдан Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу айтган иш содир бўлди.
Бухорий, Муслим, Аҳмад Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
Орадан кўп ўтмай, Ҳилол ибн Умайя кечқурун еридан (даласидан) келиб, хотинини Шарик ибн Саҳмо исмли бир киши билан зино қилаётган ҳолда топди. Ҳилол буни ўз кўзи билан кўриб, ўз қулоқлари билан эшитди, бироқ тек қўйди. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб: «Ё Расулуллоҳ, мен кечқурун аҳлим ҳузурига келиб, унинг олдида бир эркакни топдим, кўзим билан кўриб, қулоғим билан эшитдим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг айтган гапини ёқтирмадилар ва бу у кишига оғир ботди. Атрофига ансорлар йиғилиб келиб: «Саъд ибн Убода айтган иш бошимизга тушди», дейишди.
Шундай қилиб, Ҳилол ибн Умайя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида хотинини Шарик ибн Саҳмо билан бадном қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Баййина (далил-исбот) ёки орқангга ҳад (дарра урилиш жазоси)», дедилар.
Ҳилол: «Ё Расулуллоҳ, бизлардан бир киши агар хотинининг устида бир эркакни кўрса, баййина қидириб кетадими?!», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса яна: «Баййина (далил-исбот) ёки орқангга ҳад (дарра урилиш жазоси)», дедилар.
Ҳилол деди: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен рост айтмоқдаман. Қасамки, Аллоҳ менинг орқамни ҳаддан поклайдиган оят туширгай», деди.
Ибн Аббос айтадилар: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга (дарра) урдирмоқчи бўлиб турганларида Аллоҳ таоло Ўз расулига ваҳий нозил қилиб қолди. У зотга қачон ваҳий тушса, буни билишарди, то ваҳийдан фориғ бўлгунларича тўхталиб туришди.
Шунда Аллоҳ таолонинг мана бу оятлари нозил бўлди:
«Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолида ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган кимсалар — уларнинг ҳар бири ўзини шак-шубҳасиз ростгўйлардан деб, Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши (вожибдир). (У эрнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса) агар ёлғончилардан бўлса, устига Аллоҳнинг лаънати (тушишини сўрамоқлигидир). У (аёлдан) азоб-жазони «У (яъни эри) шак-шубҳасиз ёлғончилардан», деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши дафъ қилур. (У аёлнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса агар эри) ростгўйлардан бўлса, ўзининг устига Аллоҳнинг ғазаби тушишини сўрамоқлигидир. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-марҳамат бўлмаса ва Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, ҳикмат соҳиби бўлмаса эди (албатта ё эр, ё хотин шарманда қилинган бўлур эди)» (Нур: 6-10).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ваҳий тушиш ҳолати кўтарилгач: «Хурсанд бўл эй Ҳилол, Аллоҳ сен учун енгиллик ва (муаммодан) чиқиш йўлини қилди», дедилар.
Ҳилол: «Дарҳақиқат, мен ҳам Раббим азза ва жалладан шуни умид қилган эдим», деди.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга (яъни Ҳилолнинг аёлига) одам юборинглар», дедилар. У келди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам у икковларига оятларни ўқиб бердилар, уларга насиҳат қилдилар, охират азоби дунё азобидан қатиқроқ эканини айтдилар.
Ҳилол: «Ё Расулуллоҳ, мен рост гапирдим», деди.
Аёли: «Ёлғон гапирди», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу иккалови ўртасида мулоъана (лаънатлашув) жорий қилинглар», дедилар.
Ҳилолга: «Гувоҳлик бер», дейилди. У ўзини шак-шубҳасиз ростгўйлардан деб, Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик берди.
Бешинчи мартаси бўлганида: «Эй Ҳилол, Аллоҳдан қўрқ! Зеро, дунё азоби охират азобидан енгилроқдир ва бу (яъни бешинчиси) вожиб қилувчидир, у сенга азобни вожиб қилади», дейилди.
Ҳилол: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мени худди бу хусусда дарралатмагани каби, бу хусусда азобламайди», деди.
Сўнг бешинчисида агар ёлғончилардан бўлса, устига Аллоҳнинг лаънати тушишини сўраб, гувоҳлик берди.
Кейин аёлга «У (яъни эри) шак-шубҳасиз ёлғончилардан», деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бер, деб айтилди.
Бешинчи мартаси бўлганида: «Аллоҳдан қўрқ! Зеро, дунё азоби охират азобидан енгилроқдир ва бу (яъни бешинчиси) вожиб қилувчидир, у сенга азобни вожиб қилади», дейилди.
У бир оз тараддудланиб туриб қолди ва (гуноҳини) эътироф қилишни ўйлаб қолди.
Кейин эса: «Аллоҳга қасамки, қавму қариндошимни шарманда қилмайман», деди.
Сўнг бешинчисида агар эри ростгўйлардан бўлса, устига Аллоҳнинг ғазаби тушишини сўраб, гувоҳлик берди.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ажратиб юбордилар ва (туғилажак) фарзандни унга (хотинга) ҳукм қилдилар, уни отага нисбатланмайдиган бўлди.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар (боласини) кўзлари сурма тортгандай (қора), думбалари катта, болдирлари йўғон келтирса (туғса), у Шарик ибн Саҳмоники», дедилар.
У худди шундай бола туғди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар Аллоҳнинг Китобида (мулоъанадан сўнг жазо қўлланмаслиги ҳақидаги ҳукм) ўтган бўлмаганида эди, бу аёлга нисбатан бир иш қилган (яъни, шаръий жазо берган) бўлардим», дедилар (Бухорий: №4747, Абу Довуд: №2254, Термизий: №3178).
«Саҳиҳайн»да Саҳл ибн Саъд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда мулоъана ояти Уваймир ал-Ажлоний ҳақида нозил бўлганлиги ҳам собит бўлган.
Агар бир киши ўз хотинини зинокорликда айбласа, у ҳолда «лиъон» (лаънат айтишув) деб аталувчи амалиётни қўлланилади. Лиъон – ҳар икки тарафнинг ўзига лаънат ва ғазаб тилаб ичган қасами билан қувватланган гувоҳликлардир.
Агар бир киши ўз хотинини зино билан айбласа ва ҳужжат барпо қилишга қодир бўлмаса, лаънат айтишув амалиётини бажариш билан ундан туҳматчига бериладиган жазо соқит бўлади.
Аввал эр тўрт марта: «Аллоҳ номи билан гувоҳлик бераманки, мана шу хотиним зино қилди» деб агар хотини шу ерда бўлса, унга ишора қилиб кўрсатади, агар бу ерда бўлмаса унинг номини аниқ қилиб айтади, бешинчи гувоҳлигида эса: «Агар ёлғон айтаётган бўлсам, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб қўшиб қўяди.
Сўнгра хотини тўрт марта: «Аллоҳ номи билан гувоҳлик бераманки, у мени зинокорлик билан айблаб, туҳмат қилди», дейди, бешинчи гувоҳлигида эса: «Агар у (яъни, эри) рост айтаётган бўлса, менга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин», деган сўзларни зиёда қилади. Аёл ғазабга хосланишига сабаб, ҳақни билиб туриб инкор қилган киши ғазабга дучор бўлувчидир.
Лиъон саҳиҳ бўлиши учун эр-хотиннинг ҳар иккиси мукаллаф (оқил ва болиғ) бўлишлари, эр хотинини зино билан айблаши, хотини эса уни ёлғончи қилиши ва бу то лиъон тамомига етгунича ҳам давом этиши ва лиъон қозининг ҳукми билан амалга ошиши шарт қилинади.
Юқорида айтилган шартлари топилган кўринишда лиъон амалга ошгач, бунинг натижасида:
1) Эрдан туҳматчига бериладиган жазо соқит бўлади.
2) Эр-хотин ўртасида ажралиш содир бўлади ва хотин эрга абадий ҳаром бўлади.
3) Агар эр лиъон пайтида: «Бу бола мендан эмас», деса, болани унга нисбат берилмайди.
Эр қачонки хотинини зино қилаётганини кўрса ва ҳужжат барпо қилишга имкони бўлмаса, ёки хотинининг зино қилганини қувватловчи кучли аломатларни билса, масалан, фожирлик билан танилган бир эркакнинг хотини ҳузурига кирганини кўрса, шунда лиъонга мажбур бўлади.
Эр учун лиъоннинг машруълигидаги ҳикмат шуки, хотинининг зинокорлиги сабабли эрга ор-шармандалик етар ва бу ор унинг тўшагини булғаган бўлар, бировнинг боласи унга нисбатланар, у эса аксарият ҳолларда хотинга қарши ҳужжат барпо қилишга қодир бўлмай қолиши, хотин эса ўз жиноятига иқрор бўлмаслиги ва эрнинг хотинга қарши даъвоси мақбул бўлмай қолиши мумкин эди. Бу ҳолда ҳар иккиси учун жуда оғир қасам билан қасам ичишдан бошқа йўл қолмайди ва лиъоннинг машруъ бўлиши бу муаммо учун ечим ва эрдан ҳаражни кўтариш бўлди.
Эрнинг ўзидан бошқа гувоҳи бўлмагач, хотинга ҳам эрнинг қасамига қарама-қарши бўлган маънода такрор-такрор қасам ичишига имкон берилади ва шу билан у ўзидан зинокорлик жазосини даф қилади. Агар эр қасам ичишдан бош тортса, унга бўҳтончилик жазоси урилиши фарз бўлади. Агар эр қасам ичганидан сўнг хотин қасам ичишдан бош тортса, эрнинг қасами ва хотиннинг бош тортиши кучли далилга айланади.
Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтганидек, мана шу иш устида далил барпо бўлади (Ҳошияту Ибнил Қаййим: 12/165).
Молик, Шофиий, Аҳмад ва бошқалар мазҳабига кўра, агар хотин бош тортса, унга ҳад-жазо берилади. Шу фикр тўғрироқ, Қуръон ҳам шунга далолат қилади.
Валлоҳу аълам.

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
rinat80_09   01-19-2014, 08:46 AM
#3
Ассаламу алейкум! Аллох рози булсин! жуда тушунарли килиб келтирибсиз укиб куп фойдалар олдик. Аллох илмингизни зиёда килсин Амиин!

«Мен жин ва инсонни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-Зариёт: 56)
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.