Admin   09-20-2009, 11:11 PM
#1
Мувозанат манҳажи ҳақида

Cавол: Аҳли суннанинг бидъат аҳли ва уларнинг китобини танқид қилишдаги манҳажи ҳақида (сўрамоқчиман), уларнинг яхшилик ва ёмонликларини эслаб ўтиш вожибми ёки фақат ёмонликлари (эслаб ўтиладими)?
Жавоб: Аҳли илмнинг сўзларидан шу нарса маълумки, улар огоҳлантириш учун ёмон ишларни танқид қилишади ва ўша кимсалар йўл қўйган хатоларни огоҳлантирув ҳосил бўлиши учун баён қилиб ўтишади. Яхши ишларига келсак, улар маълумдир. Яхши ишлари қабул қилинади. Бироқ мақсад шуки жаҳмия, мўтазила, рофиза ва ўшаларга ўхшашларнинг хатосидан огоҳлантиришдир.
Энди улардаги ҳақни баён қилишга ҳожат тушадиган бўлса, баён қилинаверади. Бирор киши: «Уларда ҳаққа эришган жиҳатлари борми? Аҳли суннага қаерда мувофиқ келишган?», деб сўраса ва сўралаётган киши ушбу масалани билса, баён қилиб бераверади. Бироқ энг олий мақсад ва муҳим жиҳати шуки, тоинки савол берувчи ҳазир бўлиши ва уларга мойил бўлиб қолмаслиги учун уларнинг ботилини очиб беришдир.
Шайхга бошқа бир киши савол берди: Бу ўринда мувозанат қилиш керак дейдиганлар бор. Яъники, бир бидъатчини бидъати сабаб одамлар огоҳ бўлиши учун танқид қиладиган бўлсангиз, тоинки унга зулм қилиб қўймаслик учун қилган яхшиликларини ҳам эслаб ўтишингиз керак экан.
Жавоб: Йўқ, асло бунинг кераги йўқ, асло бунинг кераги йўқ. Шунинг учун ҳам аҳли суннанинг китобларини ўқисангиз, огоҳлантирув ирода қилинганини топасиз. Бухорийнинг «Холқ афъал ал-ибад», «ал-Адаб», «ас-Соҳиҳ», Абдуллоҳ ибн Аҳмаднинг «Сунна» китоблари, Ибн Хузайманинг «ат-Тавҳид» китоблари, «Род Усман ибн ад-Даримий ала аҳл ал-бидаъ» ва бундан бошқа китобларни ўқисангиз, улар бидъат аҳлининг ботил ишларидан огоҳлантириш учун асарларни келтириб ўтадилар. Уларнинг қилган яхши ишларини санаш учун эмас…
Демак мақсад шуки: уларни қилган ботил ишлари-ю, яхшиликларини ҳаммасидан огоҳлантиришдир. Агар кишининг қилган бидъати куфрга олиб борадиган бўлса, қилган ишларининг сариқ чақалик қиймати йўқдир. Барча қилган яхшиликлари ботил бўлади. Агар қилган бидъати куфрга олиб бормайдиган бўлса, у киши катта хатардадир. Демак мақсад шуки, огоҳ бўлиш вожиб бўладиган хатолар ва оғишишларни баён қилишдир.

Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Бознинг 1413 ҳижрий йили ёз фаслида Тоиф шаҳрида бомдод намозидан кейинги уюштирган дарсларида ёзиб олинган кассетадан қоғозга туширилди.

Admin   09-20-2009, 11:26 PM
#2
Бидъат аҳлидан огоҳлантиришда инсоф қилиш керакми?

Cавол: Фазилатли шайх, бидъат ва залолат аҳлидан огоҳлантиришда, инсоф ва адолат қилиш керак деган даъво билан бидъатчининг яхшиликларини эслаб ўтиш, уларга мақтов айтиш ва уларни кўтар-кўтар қилиш аҳли сунна вал жамоанинг манҳажиданми?
Жавоб: Жоҳилиятдаги Қурайшни ва ширкка ботганларнинг раҳнамоларини яхши ишлари йўқмиди?! Қуръонда қилган яхшиликларини бирортасини бўлса ҳам зикри ўтдими?!
Улар меҳмонни иззат-икром қилардилар. Араблар жоҳилиятда меҳмонни иззат-икром қилардилар. Қўшничилик ҳақларига риоя қилардилар. Шу билан бирга Аллоҳ жалла ва аълага итоатсизлик қилганларнинг бирор фазилатлари зикр қилинмади.
Бу ўриндаги масала, яхшилик ва ёмонликларни санаш масаласи эмас. Балки келаётган хатардан огоҳлантирув масаласидир. Бирор киши (бу борада) изланиб кўрмоқчи бўлса, Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Маъин, Али ибн Мадиний ва Шуъба каби имомларнинг сўзларига қарасин.
Улардан бирорталари каззоб деб танқид қилишган кишилари ҳақида, бироқ у хусни-хулқ, саҳоватпеша ва кечалари кўп таҳажжуд ўқирди деб айтишармиди?!
Ўша зотлар (бидъат аҳлига) ўралашиб юрибди ёки буни ғафлат босиб қолган деб айтган кишилари ҳақида, бироқ унда фалон ва фалон яхши хусусиятлари бор деб айтишармиди?! Йўқ, асло! Унда нима учун бугунги кунда одамлардан бирор кишидан огоҳлантирилган вақтда, бироқ унда бундай ва мана бундай яхши жиҳатлари ҳам бор деб айтилишлиги талаб қилиняпти?!
Булар жарҳ ва таъдил қоидаларидан жоҳил қолган ва фойдаларни амалга ошириш ҳамда уларни чиппакка чиқишидан огоҳлантириш сабабларини билмайдиган кишининг даъволаридир.

Admin   09-21-2009, 08:32 AM
#3
Мувозанат манҳажи ҳақида савол-жавоб

Аллома, муҳаддис, шайх Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳнинг «Силсила ҳуда ва нур»нинг 850-кассетасида мувозанат манҳажи ҳақидаги сўзлари. У киши билан ўтган савол-жавоб қуйидагича бўлганди:

Савол: Эй шайхимиз, ҳақиқатда ўша биродарларимиз ёки мана бу ёшлар кўплаб нарсаларни жамлашди. Ана шулардан ушбу сўзларидир: Бидъати ва суннатга қарши курашиши маълум бўлган ёки бундай ҳолатда бўлмасада, бироқ аҳли сунна вал жамоанинг манҳажига боғлиқ масалаларда хатога йўл қўйган бидъатчи кимса ҳақида гапиришни истаган киши, у (бидъатчи)нинг қолган яхшиликларини ҳам эслаб ўтиши шарти билан гапиради. Улар ушбу ишни яхшиликлар билан ёмонликлар орасини мувозанат қилиш қоидаси деб номлайдилар. Ушбу қарашни тўғри деб биладиган баъзи кимсалар томонидан ушбу мавзуда китоб ва рисолалар ёзилди. Унда айтилишича, танқид қилишда ҳам аввалги зотларнинг манҳажидан юриш керак эмиш, яъники, яхши ишлар билан ёмон ишларни эслаб ўтиш шарт экан. Ушбу қоида амалда мутлақ қўлланадими ёки ушбу қоида қўлланилмайдиган ўринлар ҳам борми? Сиздан, Аллоҳ таоло сизга барака ёғдирсин, ушбу масалани муфассал ёритиб беришингизни хоҳлаймиз.
Жавоб: Тафсилот шуки: Барча яхшилик салафларга эргашишликдадир. Салафлар ушбу ишни қўллашармиди?
Савол: Шайх, Аллоҳ сизни Ўз ҳифзу-ҳимоясида сақласин, улар баъзи (ушбу масалада келган) ўринларни далил қилиб келтиришяпти. Мисол учун имомларнинг баъзи шиалар ҳақида айтган сўзи: фалончи ҳадисда ишончли, рофизийдир, ярамас. Шунга ўхшаш баъзи ўринларни далил қилиб келтиришяпти. Ушбу бобда келган минглаб далилларга қарамасдан, ушбу қоидаларига тўлалигича амал қилинишини хоҳлашяпти. (Ушбу далиллардан мисол учун): Каззоб, ҳадиси олинмайди, аблаҳ?
Жавоб: Бу бидъатчиларнинг йўлидир. Ҳадис илмида олим бўлган киши солиҳ, олим ва фақиҳ бўлган бошқа бир киши ҳақида гапириб туриб, ҳифзи ёмон эди деб айтса, бироқ у мусулмон эди, солиҳ, фақиҳ, шаръий ҳукмларни истинбот қилишда у кишига қайтиларди, деб айтадими?! Аллоҳу Акбар. Ҳақиқатда ушбу юқоридаги қоида жуда муҳим бўлиб, бир қанча фаръий масалаларни ўз ичига олгандир. Хоссатан ҳозирги замонда.
Бир инсон бошқа бир мусулмонни хатосини баён қилиш ўрнида, бунга ҳожат тушадими ёки йўқми, бир маъруза ташкил қилиб, унинг қилган яхши ишларини бошидан охиригача гапириб бериш керак экан-да?! Аллоҳу Акбар. Жуда ажабланарли, Аллоҳга қасамки, жуда ажабланарли ҳолат (шайх шу ўринда таажжубланганларидан куладилар).
Савол: Улар далил қилиб келтирадиган баъзи ўринларидан мисол учун: Имом Заҳабийнинг «Сияр Аълам Нубала»даги сўзлари ёки яна бошқа китоблардаги сўзлар. Шайхимиз ушбу ишларда фойда бор деган маънога йўйиб қўяркансиз. (Уларни ушбу қоидаларини) киши мисол учун ҳадис бобида мусулмонлар эҳтиёжманд бўладиган фойдаларни қўлга киритиш деган маънога йўяркансиз?
Жавоб: Эй устоз, бу ахир одоб бериш бобику. Гап мункарни инкор қилиш ва маъруфга буюриш масаласида кетяпти. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан кимки мункар ишни кўрса, уни ўзгартирсин…», дедилар. Энди мункарни ўзига ўхшаш бир мункар билан инкор қиласанми?! Нима эмиш, яхшиликларини айтиш керакмиш?!
Савол: Ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен қандоқ ҳам ёмон хутба ўқувчи (маъруза қилувчи) экансан», дедиларда ва сен фалон, фалон ишларни қиларкансан, дедилар, деб айтишади. Яна ушбу мавзудаги ажабланарли ишларидан, айтишадики: Роббимиз азза ва жалла маст қилувчи ичимлик ҳақида айтган ўрнида унинг фойдаларини ҳам айтиб ўтдику?
Жавоб: Аллоҳу Акбар, улар фитна истагида ва таъвил илинжида муташобиҳ далилларга эргашишяпти. Субҳаналлоҳ! Мен уларда бизда йўқ бўлган нарсаларни кўряпман.

Admin   02-23-2013, 08:58 PM
#4
МУВОЗАНАТ МАНҲАЖИНИ ПАЙҒАМБАРЛАР ҲАМ, САҲОБАЛАР ҲАМ
БИР ИНСОФ ҚИЛАЙЛИК ДЕБ ҚЎЛЛАБ КЎРИШМАГАН

Уларнинг ёлғон ва фирибларидан яна, мувозанат манҳажи билан ўз ақидаларини юқорига кўтаришга уринадилар.[1] Уни адолат ва инсоф манҳажи деб номлайдилар. Унда нима учун саҳобаларга инсоф қилмайсиз?!
Нима учун ушбу тарозуингизни ишнинг бошидаёқ пайғамбарлардан бўлган бир пайғамбарга ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига нисбатан қўлламадингиз?! Демак бу ҳолат ушбу манҳажни ўйлаб топиб, унга маҳкам ёпишиб олишингиздан (кўриниб турибдики), (сизлар буни) ботил ва залолатга ёрдам бериб, залолат манҳажи ва унинг аҳлини ҳимоя қилиш учунгина (қўллайсиз). Аллоҳга қасамки, агарда ростгўйлардан бўлганингизда ушбу манҳажни ўйлаб топмаган ва ишни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини ҳимоя қилишдан бошлаган бўлардингиз. Аллоҳга қасамки саҳобаларга бўҳтон тўқиб, уларга зулм қилиб ва ерга уриб, баъзиларига нифоқ ва яна баъзиларига муртадлик сифатларини бераётган кимса, сизларнинг наздингизда муқаддасдир. Ушбу кимса (сизнинг наздингизда) муқаддас, мужаддид имомдир. [2]
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари ва Мусо алайҳиссаломни сўкиш, ваҳдатул вужуд ақидасини олға суриш ва сифатларни таътил қилиш чегарасигача етиб борди. Ушбу ва яна кўплаб қабиҳ ишлари бўла туриб, у яна сизнинг наздингизда олий ўрин тутади. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари эса пас ўринда туради. Агар саҳобаларга нисбатан озгина бўлсада ҳурмат-эҳтиромингиз бўлганида, Аллоҳга қасамки ушбу шахс отангиз ёки бобонгиз бўлганда ҳам, албатта унга қарши курашган бўлардингиз. Бироқ бу ўринда фақат ҳавои нафс, залолат, тўғри йўлдан оғишиш, Аллоҳнинг динига ва ушбу динни етказувчиларига беписанд бўлиш(ни кўряпмиз холос). Ҳар қандай баландпарвоз шиорларни даъво қилсангиз ҳам, ушбу воқелик ҳақиқий башарангизни очиб, шармандангизни чиқаради холос.
Қандай бўлганда ҳам мен ёшларни фалончининг кассетаси ёки пистончининг китобларини асос қилиб олмай, суннат имомларининг китобларига қайтиб, илмни булоғидан сипқиришларини хоҳлардим. Ўзларига муаммоли бўлиб кўринган масалаларда уламоларга қайтсалар дейман. Чунки, Аллоҳга қасамки, иш жиддий. Хоссатан муаммолар ҳали тарих гувоҳ бўлмаган бугунги кундаги даражага етиб турган бир дамда. Бугун турли оммавий ахборот воситалари орқали, китоб, кассета, интернет ва бошқа йўллар билан суннат ва суннат аҳлига қарши кенгқамровли кураш олиб бориляпти. Аҳли суннани хавориж ёки муржиалар дея оммага таништирилиб, уларга куфр ҳукмини беришяпти.
Ислом ва мусулмонларга қарши бугунги кундагидек бутун ер юзини эгаллаган ушбу фитнадан кўра қаттиқроқ ва хатарлироқ яна қандай фитна бўлиши мумкин?! Аллоҳ таолодан офият сўраймиз.




____________________________________________________



[1] Анави қавм шарманда бўлишгач ва даъватларини ёйишда сўзи ҳамда райларидан иқтибос қилиб келтирадиган пешволарида юқорида зикри ўтган катта бахтсизлик юз берганини англашгач, ўша раҳнамоларининг даража ва манзилати юқори бўлиб қолиши учун «мувозанат» дея аталмиш бир қоидани илгари суришга кўп тиришишди. Бироқ аҳли сунна вал жамоа олимларининг ушбу қоидани таг-томири билан қўпориб ташлайдиган сўзлари сабаб яна бир бор шарманда бўлишди. Ушбу уламолардан бирлари шайхимиз аллома, мужоҳид Робиъ Мадхалийдир. Ушбу мавзуда бир китоб битиб уни «Манҳаж аҳли сунна вал жамаъа фий нақд ар-рижал ва ал-кутуб ва ат-товаиф» деб номладилар. Ушбу китобда юқоридаги (мувозанат) қоидасини ботил эканлигини очиб бердилар.
Ушбу қоидани ботил эканлигини яна бир қанча уламолар баён қилиб беришди. Шулардан:
1 - Аллома Албоний роҳимаҳуллоҳ
2 - Аллома Ибн Боз роҳимаҳуллоҳ
3 - Аллома Абдулмуҳсин Аббод ҳафизаҳуллоҳ
4 - Аллома Луҳайдон ҳафизаҳуллоҳ
5 - Аллома Муқбил ал-Вадиъий роҳимаҳуллоҳ
6 - Аллома ан-Нажмий роҳимаҳуллоҳ
7 - Аллома Фавзон ҳафизаҳуллоҳ
Ким бу борада яна ортиқча маълумот олмоқчи бўлса, шайхимизнинг юқорида эслаб ўтилган китобларига мурожаат қилсин. Шайхимиз ушбу китобнинг 92-95 саҳифаларида барча уламоларнинг сўзларини келтирганлар.

[2] Шайх Робиъ Мадхалийнинг «ал-Авасим мимма фий кутуб Саййид Қутб мин ал-қовасим», «Матоин Саййид Қутб фий соҳабати Росулиллаҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам», «Азваъ исламия ала ақидати Саййид Қутб ва фикриҳ» ва «Назарот фий китаб тасвир ал-фанний фил Қуръан ли Саййид Қутб» китобларига ҳамда шайх Муқбил ал-Вадиъийнинг «ал-Махрож мин ал-фитна» китобларига қаранг.
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.