Admin   07-30-2012, 04:46 PM
#1
Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳ
Қалам сураси, 1-33 оятлар



1. Нун.
2. Қалам ва (у билан фаришталар) битадиган битикларга қасамки, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз Роббингизнинг марҳамати билан мажнун эмасдирсиз.
3. Албатта сиз учун (кофирларнинг бундай озорларига сабр-тоқат қилганингиз сабабли) битмас-туганмас ажр мукофот бордир.
4. Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз.
5-6. Ҳали яқинда қайсиларингиз (яъни, сизми ёки уларми) мафтун-мажнун эканликларингазни сиз ҳам кўражаксиз, улар ҳам кўражаклар.
7. Албатта Роббингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билгувчидир ва У ҳидоят топгувчиларни ҳам жуда яхши билгувчидир.
8. Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизнинг ҳақ пайғамбарлигингизни ва Қуръонни «ёлғон» дегувчи кимсаларга итоат этманг!
9. Улар сизнинг (ўзларига) кўнгилчанлик – муроса қилишингизни истарлар, шунда улар ҳам (сизга) кўнгилчанлик қилурлар. (Лекин сиз уларнинг бу истакларига бўйинсунманг!)
10-11-12-13. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи, яхшиликни манъ қилгувчи-бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва булардан ташқари бенасаб-ҳароми кимсага итоат этманг!
14-15. У мол-мулк ва ўғиллар эгаси бўлгани учун (ўзидан кетиб), қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: «Булар аввалгиларнинг афсоналари-ку!» дер.
16. Яқинда Биз уни тумшуғидан тамғалаб қўяжакмиз!
17-18. Дарҳақиҳат, Биз уларни (Макка аҳлини очарчилик ва қаҳатчилик билан) балоладик. Биз (илгари) боғ эгаларини ҳам худди шундай (маҳрумлик билан) балолаган эдик. Ўшанда улар албатта уни (яъни, боғнинг ҳосилини) эрта тонгда (камбағал-мискинларга ҳақ-улуш) ажратмаган ҳолларида узиб олишга қасам ичган эдилар.
19-20. Бас, (тунда) улар уйқуда бўлган чоғларида у (Боғ)нинг устида Роббингиз томонидан бўлган айлангувчи (Бало-олов) бир айланди-ю, у (боғнинг ҳосили) узилгандек бўлди-қолди (яъни бутун боғ куйиб кул бўлди).
21-22. Улар эса тонгда туришиб (тунда бўлган ҳодисадан бехабар бўлган ҳолларида): «Агар (ҳосилни) узмоқчи бўлсангизлар зироатгоҳларингизга юра қолинглар», (деб) бир-бирларини чақирдилар.
23-24. Сўнг: «Бугун у (боғда ҳосил узаётган вақтда) устларингизга бирон мискин кириб қолмасин-да», (дейишиб) бир-бирларига пичирлашган ҳолларида жўнаб кетдилар.
25. Улар (ўз гумонларича мискинларни боғга йўлатмаслик тўғрисидаги) мақсад-ғаразга қодир бўлган ҳолларида тонг-саҳарлаб бордилар.
26-27. Энди қачонки уни (яъни куйиб кулга айланган боғларни) кўришгач, (аввал): «Шак-шубҳасиз бизлар йўлдан адашиб қолдик (яъни адашиб бошқа боққа келиб қолдик), дедилар, сўнг бу ўзларининг боғлари эканини билишгач эса: «Йўқ, бизлар (боғимиздан) маҳрум бўлибмиз», дедилар.
28. (Шунда) уларнинг инсофлироқлари: «Мен сизларга (Аллоҳга) тасбеҳ айтиш — шукр қилмайсизларми (яъни шундай мўл ҳосил ато этганининг шукронасига кабағалларнинг улушларини бермайсизларми?) демаганмидим? — деган эди.
29. Улар (энди вақт ўтгач): «Роббимизни поклаймиз. Дарҳақиқат бизлар (ўзимизга) зулм қилгувчи бўлдик», дедилар.
30. Сўнг улар бир-бирларига боқиб, маломат қилиша бошладилар.
31. Улар дедилар: «Эй ўлим бўлсин бизларга! Дарҳақиқат бизлар ҳаддан ошгувчи бўлдик.
32. Шоядки Роббимиз бизларга у (боғ)дан ҳам яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар албатта ёлғиз Роббимизга интилгувчидирмиз».
33. (Аллоҳнинг амридан четга чиққан кимсалар учун) мана шундай азоб бордир. Агар билсалар, охират азоби шак-шубҳасиз янада каттароқдир.
Admin   07-30-2012, 04:52 PM
#2
Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳ
Оли Имрон сураси, 102-106 оятлар



102. Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!
103. Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади.
104. Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир.
105. Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир.
106. (Қиёмат) кунида (мўминларнинг) юзлари оқ бўлур, (кофирларнинг) юзлари қора бўлур. Энди юзлари қора бўлган кимсаларга: «Иймон келтиргандан кейин яна диндан чиқдингизми? Бас, кофир бўлганингиз касофатига мана бу азобни тотиб кўрингиз», дейилур.
abu Huzayfa   12-29-2012, 10:44 PM
#3
Аллома Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳ
Фурқон сураси 61-77 оятлар қироати


61. «Осмонда буржларни барпо қилган ва унда чироқ - қуёш ва ойни пайдо қилган
Зот баракотли - буюкдир.
62. У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган, ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган Зотдир.
63. Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам «Саломат бўлинглар», деб жавоб қиладиган кишилардир.
64. Улар кечаларни Роббиларига сажда қилиб ва (намозларида) тик туриб - (кечани) бедор ўтказадиган кишилардир.
65. Улар: «Роббимиз, Ўзинг бизлардан жаҳаннам азобини дафъ қилгин. Дарҳақиқат унинг азоби кетмас - мангу (азобдир).
66. Дарҳақиқат у энг ёмон қароргоҳ ва энг ёмон жойдир», дейдиган кишилардир.
67. Улар инфоқ-эҳсон қилган вақтларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар (балки эҳсонлари) ана ўша (хасислик билан исрофнинг) ўртасида - мўътадил бўлур.
68. Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар.
Ким мана шу
(гунохлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур.
69. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур.
70. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик -гуноҳларини яхшилик - савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган Зотдир.
71. Ким тавба қилиб, яхши (амаллар) қилса, бас албатта у Аллоҳнинг (ризо-мағфиратига) қайтган бўлур.
72. Улар (яъни Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва лағв (беҳуда сўз ё амал) олдидан ўтган вақтларида, олижаноблик билан (яъни ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтурлар.
73. Уларга Роббиларининг оятлари эслатилган вақтида у (оятларга) гунг ва кўр ҳолларида ташланмайдилар, (балки уларни англаб-билиб амал қилурлар).
74. Улар: «Роббимиз, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин», дейдиган кишилардир.
75. Ана ўшалар сабр-қаноат қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалар
билан мукофотланурлар ва у жойда
(фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар.
76. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ, энг гўзал манзилдир.
77. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Агар дуо-илтижо қилмас экансизлар, Парвардигорим сизларга парво қилмас. Бас, сизлар (пайғамбарни) ёлғончи қилдингиз. Энди албатта (азоб-уқубат) сизларга лозим бўлур»».

Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ деди: “Кишилар динларида қанча бидъат пайдо қилсалар, шунча суннат улардан тортиб олинади”.
Admin   11-22-2013, 05:34 PM
#4
Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳ
Ғофир сураси, 38-44 оятлар



38. Иймон келтирган киши деди: «Эй қавмим, сизлар менга эргашинглар, мен сизларни тўғри йўлга етаклайман.
39. Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир (арзимас) матодир. Албатта охиратгина (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир.
40. Ким бирон ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробарида жазо берилиши аниқдир. Ва эркакми, аёлми ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга дохил бўлурлар (ва) у жойда уларга беҳисоб ризқ берилур.
41. Эй қавмим, нега мен сизларни нажотга — жаннатга чорласам, сизлар мени дўзахга чақирмоқдасизлар-а?
42. Сизлар мени Аллоҳга кофир бўлишга ва (ўзим илоҳ эканлигини) билмайдиган нарсаларни У зотга шерик қилишга чақирмоқдасизлар. Мен сизларни қудратли, бениҳоя мағфиратли зотга чорламоқдаман.
43. Шак-шубҳа йўқки, албатта сизлар мени (ибодат қилишга) чақираётган бутларингиз (жонсиз нарсалар бўлгани сабабли) на дунёда ва на охиратда (бирон кимсани ўзларига ибодат қилиш учун) даъват қила олмас. Ва албатта (барчаларимизнинг) Аллоҳга қайтишимиз бордир. Дарҳақиқат ҳаддан ошувчи кимсаларгина дўзах эгаларидир.
44. Ҳали (бошларингизга азоб тушганида албатта ҳозир) мен сизларга айтаётган сўзларни эслайсизлар. Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир».
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.