mutaallim   12-06-2012, 05:32 PM
#1
Сув улашишликнинг касални даволашдаги таъсири
Шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин Ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ

Барча мақтовлар оламларнинг Рабби Аллоҳга хосдир. Оқибат тақводорлар фойдасигадир. Элчиларнинг имоми пайғамбаримиз Муҳаммадга, у кишининг аҳли оила ва барча саҳобаларига саловату саломлар бўлсин.
Сўнг: касалга муолажа қўйиш, уни даволаш ва унга шифо излаш учун таъсирли восита ва фойдали сабаблардан бири садақадир. Хоссатан қудуқлар қазиш ёки қувурлар ётқизиш ёҳуд сув музлатгичлар ўрнатиш ва шунга ўхшашлар билан сув улашишликдир. Сув Аллоҳ таоло айтганидек ҳаёт манбаидир: “Ва барча жонли мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!”. (Анбиё/30). Сув ҳам диний ва ҳам дунёвий жиҳатдан фойдалидир. Сув – нопокликни поклайди, нажосатни кетказади ва баданни тозалайди. Ҳамда таналарни суғориб, чанқоқни босади. Шу сабабли садақанинг яхшиси сув улашишликдир. Насоий (3665) Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Мен: Эй Росулуллоҳ, қайси садақа афзал?, дедим. У киши: “Сув беришлик”, дедилар”.
У ташаккур билдириладиган садақа, эзгу амал ва гуноҳлар мағфират қилиниши учун энг улкан сабаблардандир.
Бухорий (2363) ва Муслим (2244) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бир киши йўлда кетаётиб, қаттиқ исиди. Шунда бир қудуқ топиб, унга тушди ва (сув) ичди. Сўнг чиқиб, (не кўз билан қарасаки), бир ит ҳансираб, чанқоқдан ер тишлаётганди. Шунда ушбу киши: дарҳақиқат, ушбу итга менга етганчалик чанқоқлик етибди, дедида, қудуққа тушиб, махсисини сувга тўлдирди. Сўнг тишида тишлаб, (юқорига) кўтарилиб, итни суғорди. Сўнг Аллоҳ унга ташаккур билдириб, уни мағфират қилди”. (Саҳобалар): “Эй Росулуллоҳ, ҳайвонларда ҳам биз учун ажр борми?”, дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир ҳўл жигарда (яъни, тирик жонда) ажр бор”, дедилар.
У энг фойдали садақа ва баракаси энг улканидир. Имом Аҳмад “Муснад” (6/7)да ва Насоий (3666) Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, у кишининг оналари вафот этди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Онам вафот этди. Унинг номидан садақа қилайми?”, дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа”, дедилар. (Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу): “Қайси садақа афзал”, дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сув беришлик”, дедилар.
Ҳасан Басрий шундай дедилар: “Ана шу Мадинадаги Саъд хонадонининг сув таъминотидир”.
Ушбулар сув садақа қилишликнинг баъзи ҳолатлари бўлиб, сув улашишлик ила касалларни даволашда ҳам шариат ва ҳам тажриба йўлига кўра улкан фойда ва муборак таъсири бордир.
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ “Ал-Вабил Ас-Соййиб” (57) китобларида шундай дедилар: “Садақанинг турли балоларни дафъ қилишликда ажойиб таъсири бор. Бу хос ва омма одамлар наздида маълумдир. Ер аҳли ушбуни тан оладилар. Чунки улар уни тажирабадан ўтказдилар”. Сўзлари тугади.
Яна тажрибадан ўтганлардан бири ҳофиз Мунзирий “Ат-Тарғиб ва Ат-Тарҳиб” (1426)да Алий ибн Ҳасан ибн Шақиқдан зикр қилганлари бўлиб, (у киши): Ибн Муборакнинг шундай деганларини эшитдим, бир киши ундан сўрадики, дейдилар: Эй Абу Абдурраҳмон, етти йилдирки икки тиззамдан яра чиқади. Турли услублар билан муолажа қилдим ва табиблардан сўрадим, фойда бўлмади? У киши: бориб, одамлар сувга муҳтож бўлган жойни изла ва ўша ерда қудуқ қазигин. Мен у ердан булоқ отилиб-(чиқиб), сендан қонни тўсади деб умид қиламан, дедилар. У киши шундай қилганди ҳам тузалиб кетди. Байҳақий ривоятлари.
Айтадиларки: “Ушбу маънода шайхимиз Ҳоким Абу Абдуллоҳ роҳимаҳуллоҳнинг ҳам бошдан кечирганлари бўлиб, у кишининг юзларига яра чиқди. Ва турли услублар билан муолажа қилдилар. (Яра) кетмади. Бир йилга яқин (яра) юзларида қолди. Шунда устоз, имом Абу Усмон Ас-Собунийдан жума кунги мажлисларида у кишининг ҳақларига дуо қилишни сўрадилар. Шунда у кишининг ҳақларига дуо қилдилар ва кўпчилик омин деди. Кейинги-(бошқа) жума куни бўлганида бир аёл масжидга хат ташлади. (Хатда айтилишича) у уйига қайтиб, ўша кеча Ҳоким Абу Абдуллоҳнинг ҳаққига кўп дуолар қилади ва тушида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай деяётганларини кўради: Абу Абдуллоҳга мусулмонлар учун сувни кенгайтириб-(кўпайтириб) беришини, айтиб қўй. Ҳокимга хатни олиб келдим. Шунда у ўз уйининг эшиги олдида сув бериш учун (мослама) қурилишига буюрди. Уни қуришдан фориғ бўлишгач, унга сув тўлдиришлик ва муз ташлашликка амр қилди. Одамлар (сув) ича бошлашди. Бир ҳафта ўтар-ўтмас шифо топди ва яралар кетди. Юзига ҳусн қайтиб, шундан кейин яна бир қанча йиллар ҳаёт кечирди”.
Саховатли Аллоҳдан касалларимиз ва мусулмонларнинг касалларига шифо беришини сўраймиз. Албатта У субҳанаҳу Эшитувчи, (дуоларни) ижобат қилувчи ва Қариб-(бандаларига яқин)дир.
Манба: http://www.al-badr.net/web/index.php?pag...article=15
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.