mutaallim   11-08-2012, 11:27 AM
#1
Барака топинг!

Шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин Ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ

Ҳар бир мусулмон ўзи ва биродарлари учун умид қиладиган, аҳли оила, фарзанд ва мол-дунёси учун орзу қиладиган азиз, бебаҳо истак – баракадир.
У олий, буюк бир истак бўлиб, ҳар бир киши баракага эришишни умид этадики, у сабабли дунё-ю охират ҳамда Раббиси ва Хожасига йўлиқадиган кунда бахт-у саодатли бўлади.
Барака Аллоҳнинг бандаларидан Ўзи хоҳлаганига улашадиган марҳамати бўлиб, у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолоининг Қўлидадир. Зотан, барча ишларнинг тизгини У жалла ва аъланинг Қўлидадир: “Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас уни ушлаб-тўсиб қолгувчи бўлмас ва нени ушлаб қолса, бас У зот (ушлаб қолгани)дан сўнг у (нарсани бандаларга) бирон юборгувчи бўлмас. У қудратли ва ҳикматлидир”. (Фотир/2). У субҳанаҳу Ўзи хоҳлаган кишига барака ато этади. Аллоҳ жалла ва аъла Ийсо алайҳиссалом ҳақида зикр қилиб, шундай деди: “Яна мени қаерда бўлсам, хайру-баракотли қилди”. (Марям/31). Баракага фақат Аллоҳ жалла аълага бўйинсуниш, Унинг Розилигига эргашиш ҳамда Унга маъсият қилишдан йироқ бўлиш ила эришилади: “Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) ахли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гунохлари сабабли ушладик”. (Аъроф/96).
Ушбу “Иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди” икки хислат ила барака ҳосил бўлади. Банда уни фақатгина Аллоҳга иймон келтириш, ушбу иймоннинг муқаддимасида буюк иймон асослари бўлмиш: Аллоҳга, фаришталарига, Китобларига, элчиларига, охират кунига ҳамда тақдирнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтиришни адо этиши билан қўлга киритади. Қалбда иймон ҳақиқий, мукаммал ва тўла-тўкист кўрк очиб тургани сари унга Аллоҳ томонидан ўз даражасига қараб фазилат ўлароқ барака нозил бўлади.
Барака буюруқларни бажариш ва қайтариқларни тарк этиш ила Аллоҳ жалла ва аъладан тақво қилишлик билан ҳосил бўлади. Зеро, Аллоҳ жалла ва аъладан тақво қилишлик инсон тили билан айтиб қўядиган қуруқ сўз ёки иддао қиладиган пуч даъво эмас. Балки унинг ҳақиқати: Аллоҳнинг савобини умид қилган ҳолатда Аллоҳ томонидан бўлган нур асосида Аллоҳнинг тоатини адо этмоқ ҳамда Аллоҳнинг азобидан қўрққан ҳолатда Аллоҳ томонидан бўлган нур асосида Аллоҳга осийлик қилишни тарк этмоқликдир.
Кимда-ким ўзи, аҳли оиласи, уй-жойи, мол-давлати ва фарзандларига барака истаса ибодат ва итоат этувчи бўлган ҳолда Аллоҳ азза ва жаллага иқбол қилсин. Ҳамд, тасбиҳ ва Унинг Каломини тиловат қилиш ила У жалла ва аълани мудом зикр қилишга аҳамият қаратсин. Намозга ва шунингдек ота-онага яхшилик қилиш, қариндошлик ришталарини боғлаш ҳамда одамларга яхшилик қилиш каби барча тоат-ибодатларга риоя қилсин. Шунингдек, ҳалолдан еб-ичиш, ҳаром ва гуноҳлардан узоқ бўлиш ҳамда Аллоҳ жалла ва аълани ғазаблантирадиган ҳар қандай нарсадан йироқ бўлишликка эътибор қаратсин.
Маъсиятлар баракани ўчирувчидир. Аллоҳ таоло шундай деди: “Аллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади ва садақаларнинг (фойдасини) зиёда қилади”. (Бақара/276). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам савдода (ҳадеб) қасам ичишлик борасида шундай дедилар: “У бозорни чаққон қилувчи, баракани эса ўчирувчидир”. Барака ёлғон, ғирром муомала, одамларни алдашлик, товламачилик ва кўзбўямачилик сабаб ўчирилади. Ростгўйлик, вафодорлик, эҳсон, гўзал муомала, ширинсўзлилик ва бундан бошқа яхшилик турлари сабаб қўлга киритилади.
Яна барака эрта туриб, (иш бошлаш) сабабли ҳам ҳосил қилинади. Барвақт (иш бошлаш) баракадир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Умматимнинг тонгига барака ато этилди”. Яна пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Агар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда эди, албатта, сизларни оч қоринга эрта жўнаб, тўқ қоринга кеч қайтадиган қушларни ризқлантиргани каби ризқ ато этарди”. Барвақтлилик, эрта иш бошлаш ҳамда Аллоҳга тўла таваккул қилиш ила яхши амал устида нафсга қарши курашиш ва Унга гўзал суратда суяниш-(таяниш), ушбуларнинг бари Аллоҳ жалла ва аъла томонидан баракага эришиш сабабларидандир. Ушбу хислатларнинг ичидаги энг улуғи Унинг Қўлида барака бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳуга аҳли оила, мол-дунё ва фарзандга барака ёғдиришини сўраб дуо қилиш ила чин қалбдан юзланишликдир. У субҳанаҳу ва таоло банданинг дуосини рад қилмайди, Унга муножот қилган мўминни муваффаққиятсизликка солмайди. Асарларда ворид бўлган дуода шундай дейилади: “Аллоҳим, бизга қулоқ, кўз, аёл ва зурриётлармизда барака ато эт”.
Аллоҳ жалла ва аъла маълум бир замон ва маконларга барака жо қилди. У Зот ушбу замон ва маконларни барака ила хослаб, имтиёзли қилди. Замонга мисол муборак Рамазон ойи, энг баракали кеча бўлмиш “Лайлатул қадр” кечаси бўлса, маконга мисол муборак ўрин бўлмиш “Масжидул Ҳаром”дир. Аллоҳ жалла ва аъла “Масжидул Ақсо” ҳақида шундай деди: “Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсо...”. (Исро/1). Умуман масжидлар муборак ўринлар бўлиб, улар Аллоҳ жалла ва аълага энг суюкли жойлардир. Фазилатли замон ва маконлардаги барака фақат унда Аллоҳга бўйинсунишлик, У субҳанаҳу буюрганини Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариат ва йўллари зиёсида адо қилишлик ила эришилади.
Бироқ одамлар орасида илм ғойиб бўлиб, билимсизлик эгаллагач улардан барака талаб қилиш ва унга эришиш воситаларининг ҳақиқати ҳам ғойиб бўлди. Натижада барака жалб қилишлик учун бу ҳам бир восита деган гумонда айрим кимсалар қилаётган жоҳилий ишлар ва хато амалиётлардан иборат бир турга айланди-қолди. Термизий “Жомеъ”да Абу Воқид Ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, саҳиҳ санаган ҳадисда ворид бўладики: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳунайнга (жой номи) чиқдик. Биз эндигина исломга кирганлар эдик. Мушриклар, атрофида йиғилиб ўтирадиган ва унга қуролларини илиб қўядиган бир дарахт бўлиб, у "Зоти Анвот", дейиларди. Ўша дарахтнинг олдидан ўтиб айтдикки: Эй Росулуллоҳ, бизга ҳам уларни "Зоти Анвоти" бўлгани каби бир "Зоти Анвот" қилиб беринг. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳу Акбар -бир ривоятда эса: Субҳаналлоҳ, дедилар-. Менинг жоним Унинг Қўлида бўлган Зотга қасамки, Бани Исроил Мусога айтган сўзни айтдингиз: “Бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар. У айтди: «Албатта, сизлар билмайдиган қавмдирсизлар”. (Аъроф/138). Албатта ўзларингиздан олдингиларнинг йўлларига эргашиб кетасизлар”, дедилар”.
Жоҳилият аҳли унда барака бор деган ҳаёл ва у барака масдари ва манбаи деган ўйда қўл урган ушбу мункар амал борасидаги ушбу буюк ҳадисни чуқур мулоҳаза қилиб кўрайлик. Бу уларнинг дарахти бўлиб, қуролларини илиб қўйишарди ва унинг атрофида мук тушиб ўтирардилар. Эътикоф – баракага эришиш илинжида узоқ мук тушиб ўтиришликдир. Шунингдек, унинг бир чеккасига баракага эришиш учун қуролларни илиб қўйишлик ҳамки, ушбу (исломни яқиндагина қабул қилган саҳоба)лар барака ва унга эришиш бобида уч улкан хатога тушишди:
Биринчи хато: ушбу дарахтни фақат Аллоҳ таолога лойиқ бўладиган улуғлашлик ила улуғлаганликлари.
Иккинчи хато: у тарафдан келадиган барака умидида унинг олдида мук тушиб ўтиришлик.
Учинчи хато: унинг баракасига эришишлик учун қуролларини илиб қўйишликлари.
Ушбу хато ва кенг тарқалган ишлар инсон жоҳилларнинг жаҳолати ва сўқирларнинг залолатида бўлган кезда келиб чиқади. Шу сабабли Абу Воқид Ал-Лайсий розияллоҳу анҳу узрларини баён қилиб, шундай дедилар: “Биз эндигина исломга кирганлар эдик”. Яъни, исломнинг тафсилот ва шариат ҳукмларидан жоҳил эдик. Шу сабабли пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан талаб қилганларимизни талаб қилдик. Тавҳидда мустаҳкам ва унинг қирраларини тўла-тўкист билган ҳамда ширк ва унинг воситаларини англаганларга келсак, батаҳқиқ, у бунга ўхшаш сўзни айтмайди.
Шундан маълум бўладики, барака фақат Аллоҳ томонидан ато этилиб, унга фақат Аллоҳга бўйинсунишлик ва шариатини лозим тутишлик ила эришилади. Инсон узоқ бир жойларга ё унинг ҳузурида мук тушиб ўтириш, ёки унга (қўл ва юзини) суркашлик, ёҳуд унинг тупроғидан олишлик, ёда шунга ўхшаш жоҳилий ишларни бажариш учун муайян ўринга йўл олиш ила барака истагидаги бузуқ, оғишган йўлларга юриш билан эмаски, у баракага эришиш сабаби эмас. Балки у барака ўчирилишига сабабдир. Чунки у Аллоҳга ширк келтириш ва барака ўчирилишига сабаб бўладиган энг улкан нарсадир. Албатта у гуноҳларнинг энг каттаси, хатарлиси, нафратланарли ва дахшатлисидир.
Аллоҳ жалла ва аъладан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатлари ила барчамизнинг қулоқ, кўз, аёл ва зурриётлармизга барака ато этмоғини, бизни баракани ўчирадиган сабаблардан сақламоғини сўраймиз. Албатта у табарока ва таоло дуоларни Эшитувчидир. У умид боғламоққа ҳақли ва Унинг ёлғиз Ўзи бизга кифоя. У Зот энг яхши ишончли вакилдир.
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга, у кишининг аҳли оила ва барча саҳобаларига саловат-у саломлар йўлласин.
Манба: http://www.al-badr.net/web/index.php?pag...article=31
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.