Муваҳҳид   08-19-2009, 02:23 PM
#1
Рўзани очадиган нарсалар

Савол: Рўзадорнинг оғзини очадиган нарсалар нималар?
Жавоб: Рўзани очадиган нарсалар Қуръон Каримда учтадир: ейиш, ичиш ва жинсий алоқа. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу оятидир: «Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар» (Бақара: 187).
Ейиш ва ичишнинг ҳалол ёки ҳаром, фойдали ёки зарарли, фойдасиз ёки зарарсиз, оз ёки кўп бўлишида фарқ йўқдир. Шунинг учун ҳам, сигарет чекиш ҳаром ва зарарли бўлишига қарамай, рўзани очади.
Ҳатто уламолар: «Бирор дона майда тошни ютса, одамнинг рўзаси очилади» – деганлар. Ҳолбуки, майда тошлар танага фойда бермайди. Шундай бўлсада рўзани очадиган нарсалардан ҳисобланди.
Нажас нарса қориштирилган хамирни еган одамнинг рўзаси, унинг ҳаром бўлишига қарамай, очилади.
Учинчи: жинсий алоқа..
У – каффоротни вожиб қилгани учун, рўза очадиган нарсаларнинг энг ёмонидир. Каффорот – бир қулни озод қилишдир. Агар бунга кучи етмаса икки ой кетма-кет рўза тутади. Бунга ҳам кучи етмаса олтмишта мискинни тўйдиради.
Тўртинчи: манийнинг лаззат билан чиқиши.
Агар одам манийсини лаззат билан чиқарса рўзаси бузилади. Унинг каффорот бериши вожиб бўлмайди. Чунки, каффорот бериш жинсий алоқагагина хосдир.
Бешинчи: ейиш ва ичиш ўрнига қилинган уколлар.
Бу уколлар озиқлантирувчи ҳисобланади. Озиқлантирмайдиган уколлар эса, хоҳ томирдан ва хоҳ мускуллардан олинсин, рўзани бузмайди. Чунки улар на таом ва на ичимликдир ва ейиш ва ичиш ўрнида ишлатилади.
Олтинчи: қусиш.
Агар қасддан қусса, рўзадорнинг рўзаси бузилади. Агар қусқи ўзи келса, рўзаси бузилмайди.
Еттинчи: ҳайз ва нифос қонларининг келиши.
Хотин кишидан кун ботишидан бир неча дақиқа илгари ҳайз ёки нифос қони келса, рўзаси бузилади. Кун ботганидан бир неча дақиқа сўнгра ҳайз ёки нифос қонлари келса, рўзаси раводир.
Саккизинчи: қонни ҳижома билан чиқариш (қон олдириш).
Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қон олган ҳам, олдирган ҳам рўзасини очибди» – деб айтган ҳадисидир (Абу Довуд ривояти, 2367).
Агар биров Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам давридаги усул билан, яъни, ҳажжом қон шишасини сўриб қон олдирса, унинг ва қон олган табибнинг рўзаси бузилади. Агар ҳажжомдан айри воситалар билан (яъни асбоблар воситасида) қон олдирган бўлса, қон олдирган одамнинг рўзаси бузилиб, қон олган (табиб)нинг рўзаси бузилмайди.
Агар ушбу рўза очувчи ҳолатлар рамазон ойининг кундузида содир бўлса, тўрт нарса вужудга келади: гуноҳ, рўзанинг бузилиши, куннинг қолган кунида бирон нарса истеъмол қилмаслик, қазосини тутиш.
Агар рўза жинсий алоқа сабабли очилса, бешинчи нарса – каффорот вожиб бўлади.
Шуни ҳам ёдимизда тутишимиз керакки, ушбу нарсалар рўзани учта шарт: илм (билиш), эслаш ва хоҳиш билангина бузади.
Масалан, рўзадор ушбу бузувчи нарсалардан биронтасини ҳамда вақт ёки ҳукмни билмай тановул қилса, унинг рўзаси – раводир. Вақтини билмаган одамнинг мисоли эса, биров кечанинг охирида туради ва субҳи бошланмаган деб ўйлайди-да, еб, ичади. Аслида субҳи бошланган бўлади. Бу одамнинг рўзаси раводир. Чунки у, вақт кирганини билмаган.
Ҳукмни билмаган одамнинг мисоли эса, рўзадор (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам давридаги усул билан) қон олдиради. Бироқ, (бу усул билан) қон олдириш рўзани бузишини билмайди. Бу одамга: «Рўзанг – раводир» – дейилади. Бунга Қуръон Каримдан далил Аллоҳ таолонинг: «Роббимиз, унутсак ва хато қилсак бизни жазолама!» (Бақара: 286) оятидир.
Суннатдан эса, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ»ида Асмоъ Абу Бакр қизидан ривоят қилган: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида булутли кунда рўзамизни очдик. Кейин бирдан Қуёш кўринди» – деб айтган ҳадисдир (Имом Бухорий, 1959). Уларнинг ифтори кундуз куни бўлган эди. Бироқ, улар Қуёшни ботган деб ўйладилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни рўзаларининг қазосини тутишга буюрмадилар. Агар қазосини тутиш фарз бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни бунга буюрар эдилар. Буюрган бўлсалар, албатта, (бизга) нақл қилинар эди. Шунинг учун ҳам Қуёш ботганини гумон қилиб рўзасини очган, Қуёшнинг эса ботмаганини билган одамнинг бирон нарса тановул қилишдан тўхташи фарздир. Рўзаси эса – жоиздир.
Иккинчи шарт: эслашдир. Эслаш – унутишнинг зиддидир. Рўзадор унутиб еб, ичса рўзаси раводир. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг: «Роббимиз, унутсак ва хато қилсак бизни жазолама!» (Бақара: 286) оятидир.
Суннатдан далили эса, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисидир: «Рўзадор экан унутиб еган ва ичган одам, рўзасини тамомига етказсин. Чунки, унга Аллоҳ едириб, ичиргандир» (Имом Муслим, 2686).
Учинчи шарт: хоҳиш. Рўзадор мазкур рўзани очадиган ишларнинг биронтасини хоҳишсиз ва истаксиз қилган бўлса, рўзаси жоиздир. Агар мазмаза қилар экан ўзи хоҳламадан сув унинг ошқозонига ўтиб кетса, рўзаси – раводир.
Агар эр хотинини жинсий алоқага зўрласа ва хотин бунга қарши ўзини ҳимоя қилишга кучи етмаса, бу хотиннинг рўзаси раводир. Чунки у – бу ишга истаксиз мажбур бўлди. Бунинг Қуръон Каримдан далили Аллоҳ таолонинг кофир бўлишга мажбурланган киши ҳақида айтган оятидир: «Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмайди)» (Наҳл: 106).
Шунинг учун рўзадор ўз хоҳишисиз оғзини очиш ёки рўзани очадиган ишни қилишга мажбур қилинса, унга гуноҳ бўлмайди ва рўзаси раводир.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.