Ва алайкумуссалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир.
Шайхул Ислом Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ “Жамиъул Масаил лишайхил Ислам Ибн Таймийя” (4/219)да ушбу саволга қуйидагича жавоб берганлар:
“Савол: Ҳаётлик чоғидаёқ ўзи учун қабр қазишга қарор қилган киши ҳақида. Ушбу киши ана шу иши билан яна Аллоҳнинг савобини келтирадиган ва бу борада афзал бўлган бирор мустаҳаб нима иш қилиши мумкин? Бизга кенгроқ ёритиб берсангиз!
Жавоб: “Кишига вафот этишидан олдин ўзи учун қабр қазишлиги мустаҳаб амал эмас. Чунки ушбу ишни на пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва на саҳобалари қилишди. Яна Аллоҳ таоло айтадики: “Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас”. (Луқмон/34).
Банда қаерда вафот топишини билмайди. Қанчадан-қанча ўзи учун қабр ҳозирлаб, унга бино қурганлар борки бошқа шаҳарда қатл қилинди ёки вафот этди. Агар кишининг мақсади ўлимга ҳозирлик кўриш бўлса, ушбу иш солиҳ амал қилиш билан бўлади. Чунки бандага қабрида солиҳ амали ҳамроҳ бўлади. Намоз, қироат, зикр, дуо, садақа, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш каби солиҳ амалларни кўпайтирар экан, қабрида унга фойдали бўладигани ана шудир. Унга қабр қургани, уни кенгайтириб, тартибга солгани манфаат бермайди. Балки саҳиҳ ҳадисда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қабрни сувамоқ-(гипс билан қопламоқ) ва унинг устига бино қурмоқликдан қайтарув собит бўлган. Энди қаср каби қабр қураётган кимса ҳақида нима дейиш мумкин? Бу инкор қилинадиган ишларнинг энг улканидир. Ва у мусулмонларнинг иттифоқи билан маййитга бирор фойда келтирмайди. Балки унга солиҳ амали фойда келтиради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Зийрак – ўзини сарҳисоб қилган ва ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган кишидир. Ожиз – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳга (қуруқ) орзу-ҳаёллар қилган кимсадир”. Кимда-ким қабр ҳозирлаш, унга бино қуриш, уни улуғлаб, чиройлилаштиришлик фойда беради дея гумон қилса, дарҳақиқат, Аллоҳга пуч орзу-ҳавас қилибди. Балки қабрида унга қалбидаги нарсага қараб (муомала) бўлади. Қалбида иймон катта бўлгани сари қабрида сурур ва неъматли бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: “Ахир у билмасмики, (Қиёмат қойим бўлиб), қабрларнинг ичидаги нарсалар (жасадларга қайта жон ато этилиб, ташқарига) чиқарилганида, Ва диллардаги сирлар ошкор қилинганида, Ана ўша Кунда шак-шубҳасиз Парвардигорлари улардан (яъни барча халойиқнинг ҳаёти дунёда қилиб ўтган ишларидан) огоҳ-хабардор-ку!”. (Бал-Аъдият/9-11).
Аллоҳ субҳанаҳу қабрлардаги ва қалблардаги нарсани жам қилди. Саҳиҳайнда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Хандақ куни мушрикларга шундай деганликлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло қабрлари ва ичларини оловга тўлғазсин. Худди бизни ўрта намоздан -аср намозидан- машғул қилганлари каби. Ҳатто қуёш ҳам ботиб кетди”. Бу кенг боб бўлиб, ушбу ўрин-(жавоб) унга торлик қилади”. Сўзлари тугади.
Манба: http://www.sahab.net/forums/index.php?showtopic=24599