إن الحمد لله نحمده ونستعينه ونستغفره، ونعوذ بالله من شرور أنفسنا، ومن سيئات أعمالنا، من يهده الله فلا مضل له، ومن يضلل فلا هادي له، وأشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له، وأشهد أن محمداً عبده ورسوله.
أما بعد:
Умуман олганда кофирга чиқариш ва нафақат ҳокимларни кофирга чиқариш, балки уларни қўл остидаги тобеъларини ҳам кофирга чиқариш масаласига келсак, бу қадимда исломий фирқалардан бири бўлмиш ҳаворижлар деб танилган фирқа томонидан чиқарилган катта ва эски фитнадир.
Quote:Ҳаворижлар – фирқалар ҳақидаги китобларда зикр қилинган бўлиб, уларнинг кўпгина тоифалари мавжуд. Уларнинг ичида ҳозирда ҳам мавжуд бўлиб, «ибозий»лар номи билан танилган тоифа бор. Бу (ибозийлар) охирги вақтларгача ўз-ўзи билан овора бўлиб даъват фаолиятини кўрсатмай келаётган эди. Лекин охирги пайтларда улар фаолиятини бошлаб баъзи рисолалар, китоблар ва ақидаларини тарқатмоқдалар. Ушбу (ақида)лари қадимги ҳаворижларнинг эътиқодидир. Фақатгина (ибозийлар) шиаларнинг баъзи хислатлари билан яширинмоқда, бу эса (уларнинг) эҳтиёткорлигидир. Улар: «Биз ҳаворижлар эмасмиз» дейишади. Ҳақиқат эса шундан иборатки, исмлар ўша номланган нарсанинг асл моҳиятини ўзгартирмайди. Уларнинг (қадимги) ҳаворижлар билан мувофиқ келадиган (эътиқод)ларидан бири шуки: катта гуноҳ қилганларни кофирликда айблашликдир.
Афсуслар бўлсинки, баъзи даъватчилар ва жонбозлар бу масалада Китобу Суннатдан четга чиқишди ва бу (чиқиш)ни Китобу Суннат деб номлашди. Бунинг сабаби икки нарсада бўлди:
Биринчиси – илмнинг саёзлигида. Иккинчиси эса – буниси жуда муҳимдир – тўғри исломий даъватнинг асоси бўлмиш шаръий қоидаларни тушунмасликдадир. Бу қоидалардан четга чиққанлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир эмас, балки бир неча ҳадисларида мақтаган фирқадан четга чиққан ҳисобланади. Бу қоидаларни Аллоҳ Азза ва Жалла зикр қилди ва улардан четга чиққан одам Аллоҳ ва Унинг Росулига тескари бўлди деб тушунтирди. Бу Аллоҳ Азза ва Жалланинг қуйидаги сўзларида айтилган:
«Ҳидоят равшан бўлганидан сўнг, кимки Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлда юрса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!» (Нисо: 115). Дарҳақиқат, Аллоҳ – бу эса илм аҳлига маълумдир:
«Ҳидоят равшан бўлганидан сўнг, кимки Пайғамбарга хилоф қилса … биз уни кетганича қўйиб берамиз …» деб кифояланмади, балки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган қаршилик-хилофга мўминлардан бошқаларнинг йўлига эргашишни ҳам қўшиб:
«Ҳидоят равшан бўлганидан сўнг, кимки Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлда юрса, биз уни кетганича қўйиб берамиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!» (Нисо: 115), деди. Мўминларнинг йўлига эргашиш ёки уларнинг йўлига эргашмаслик – бу жуда муҳим масала. Чунки кимки мўминларнинг йўлидан юрса, у оламлар Роббиси ҳузурида нажот топган бўлади ва кимки мўминларнинг йўлига хилоф қилса унга жаҳаннам кифоя, у эса қандоқ ҳам ёмон жой!
Шунинг учун ҳам қадимда ва ҳозирда кўпгина гуруҳлар адашиб кетишди ва бунинг сабаби эса улар мўминларнинг йўли билан кифояланмай, Қуръон ва Суннатни тафсир қилишда ақлларига миниб олиб, ўз ҳавои-нафсларига эргашганлигидадир. Сўнг эса буни асос-қоида қилиб устига жуда хафвли натижалар берадиган нарсаларни қуришди. Бу билан улар солиҳ салаф (ўтмишдаги имом)ларимиз, Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин, ушлаган йўлдан чиқишди.
Ояти кариманинг ушбу:
«… мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса …» қисмини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча саҳиҳ ҳадисларда қаттиқ таъкидладилар. Мен бу ҳадисларни қуйида келтираман. Улар нафақат илм аҳлига, балки оддий мусулмонларга ҳам маълумдир. Лекин уларга номаълум бўлган нарса шуки, бу ҳадислар Қуръон ва Суннатни тушунишда мўминларнинг йўлини ушлаш шарт эканлиги, унинг вожиблиги ва таъкидланганлигига далолат қилади. Такфир жамоати ёки ўзини жиҳодга мансуб дейдиган, аслида эса такфирнинг қолдиқлари бўлган тоифалар у ёқда турсин, кўпгина хос доирадаги жамоалар ҳам мана шу нуқтани унутганлар ёки унинг вожиблиги ва зарурлигига бепарволар.
Улар ҳам, булар ҳам дилларида солиҳ ва холис бўлишлари мумкин, лекин Аллоҳ Азза ва Жалла олдида нажот топганлардан бўлишлик учун бунинг ўзи кифоя бўлмайди. Чунки мусулмон киши икки шартсиз амали қабул эмас:
1. Аллоҳ Азза ва Жалла учун ниятини чин ва холис қилишлик;
2. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлига чиройли эргашишлик.
Китоб ва Суннатга амал қилиш ва уларга чақиришда холис мусулмон бўлишнинг ўзи етарли эмас. Балки бунга тўғри, соғлом, аниқ ва ҳақ йўлга эргашишни ҳам қўшиш шартдир. Бу эса шу умматнинг солиҳ салафларининг йўлига эргашишсиз тўлиқ бўлмайди.
Мен ушбу зикр қилган масалага доир ҳадисларга етмиш уч фирқа ҳақидаги ҳадис ҳам киради. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки:
«Яҳудийлар етмиш бир фирқага бўлинишди. Насоролар етмиш икки фирқага бўлинишди. Менинг умматим эса яқинда етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг биттасидан ташқари ҳаммаси дўзахда». (Саҳобалар):
«У қайси (фирқа), эй Росулуллоҳ?» деб сўрашди. Ул зот:
«Жамоат» деб жавоб бердилар. Бошқа ривоятда эса:
«Менинг йўлимни ва саҳобаларимнинг йўлини ушлагани» деб айтилган. Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу жавоблари юқорида ўтган оятга тамоман мувофиқ келишини топамиз. Ушбу оятнинг (
«мўминларнинг йўли» деган лафзнинг) умумий маъносига биринчи галда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари киради. Китоб ва Суннатни яхши тушунган мусулмонга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Менинг йўлимни ушлагани» деганлари етарли бўларди. Аммо ул зот Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг:
«Мўминларга марҳаматли ва меҳрибон» (Тавба: 128), деган сўзларига муносиб эканликларини амалда кўрсатдилар. Бинобарин, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нажот топувчи фирқанинг аломатини айтишлари саҳобаларига ва улардан кейингиларга бўлган комил марҳамат ва меҳрибонликларига киради ва бу фирқага мансуб бўлганлар ул зотнинг йўлига ва у кишидан кейин саҳобаларининг йўлига эргашишади.
Шунинг учун ҳам оддий мусулмонларга, хусусан даъватчиларга Китоб ва Суннатни тушунишликда маълум бўлган воситалар: араб тили, «насх» ва «мансух» илми ва бошқа шу каби воситалар билан чекланмасдан, балки энг аввал Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари йўлига қайтишлари вожиб бўлади. Чунки улар ҳақидаги хабарлар ва сийратларидан маълумки, улар Аллоҳ Азза ва Жалла ҳузурида ибодат қилишда энг ихлосли бўлиб, Китобу Суннатни бизлардан кўра яхшироқ тушунишган ва бошқа мақталган сифатларга ҳам эга бўлишган.
Ушбу ҳадис илм ва фойдаси жиҳатидан тўғри йўлдаги халифалар ҳақидаги ҳадисга ҳам жуда ўхшайди. Бу ҳадис «Сунан»ларда Ирбоз ибн Сариядан, Аллоҳ ундан рози бўлсин, ривоят қилинган бўлиб, айтадики: «Бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай ваъз қилдиларки, ундан қалблар титраб, кўзлар ёшланди. Биз:
«Бу видолашув ваъзига ўхшайди. Бизларга васият қилинг, эй Росулуллоҳ» дедик. Ул зот:
«Мен сизларга устларингиздан қора қул бошқарса ҳам қулоқ солиш ва итоат қилишни васият қиламан. Чунки, сизлардан ким (мендан кейин) умр кўрса, кўп ихтилофларни кўради. Сизларга менинг йўлим ва мендан кейинги тўғри йўлдаги халифаларнинг йўли вожиб бўлади, уни озиқ тишларингиз билан маҳкам ушланглар…». Бу ҳадис юқорида ўтган ҳадисни тасдиқлаб келади. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар шахсида гавдаланган умматларини ўз йўлларига эргашишга чақириш билан чекланмадилар, балки:
«Мендан кейинги тўғри йўлдаги халифаларнинг йўли» дедилар. Шундай экан, бундай ҳолатларда биз ақидамизни, ибодатларимизни, ахлоқимизни ва йўлимизни тушунмоқчи бўлсак, ушбу ҳақиқий бўлган асосга доим қайтиб туришимиз лозим бўлади. Мусулмон киши то нажот топган тоифага мансуб эканлигига амин бўлмагунича ҳар бир аҳком ва заруратларни тушуниши учун солиҳ салафларимиз йўлига қайтишдан бошқа иложи йўқдир. Мана шу ерда ўтмишдаги ва ҳозирги даврдаги кўпгина тоифалар юқоридаги оят далолат қилган нарсага, фирқаланиш ҳақидаги ва тўғри йўлдаги халифалар ҳақидаги ҳадисларнинг маъноларига эътибор бермай адашиб кетдилар. Бу билан улар, ўзларидан олдингилари каби, Китобу Суннат ва солиҳ салафларимиз йўлидан бурилиб кетишди. Ана шу бурилиб кетган тоифаларга қадимги ва замонавий ҳаворижлар ҳам киради.
Куфрда айблаш фитнасининг асоси – ҳозирги замонда ҳам, балки бир неча замонлар давомида ҳам – улар доим қайтариб турадиган:
«Ким Аллоҳ нозил қилган Дин билан ҳукм юритмаса, ана ўшалар кофирлардир» (Моида: 44), ояти бўлади. Улар бу оятни чуқур тушунмасдан хулоса қилишади ва аниқ илмсиз равишда келтиришади. Барчамизга маълумки, бу оят қайтарилади ва унинг охири уч хил лафз билан келади:
«… ана ўшалар кофирлардир» (Моида: 44),
«… ана ўшалар золимлардир» (Моида: 45) ва
«… ана ўшалар фосиқлардир» (Моида: 47). Бу оятларнинг биринчи лафзидаги:
«ана ўшалар кофирлардир» иборасини далил сифатида келтирадиганларни тамоман жоҳиллиги шундан иборатки: улар шариат, яъни Қуръон ва Суннат матнларидаги «куфр» сўзи қаерда ва қандай ишлатилишини ҳеч бўлмаганда баъзисини билишмайди. Улар оятдаги бу лафздан мурод диндан чиқиш ва бундай «куфрга кирган» шахс билан Исломдан ташқарида бўлган мушриклар, яҳуд ва насоролар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ, деб ўйламасдан хулоса қилишади. Ҳолбуки, Қуръон ва Суннатнинг тилида «куфр» сўзи ҳар доим ҳам улар қайтараётган ва ўзларининг хато тушунчаларига эрк бераётган нарсани англатмайди. Чунки «Кофирлар» сўзи фақат бир маънони англатмаслиги жиҳатидан бошқа икки лафз – «золимлар» ва «фосиқлар» билан бир хил мақомдадир. Албатта золим ва фосиқ деб сифатланган киши диндан чиқди деб айтиш лозим бўлмаганидек, худди шундай кофир деб номланган кимсага ҳам бу тегишлидир. Бир сўзнинг бундай фарқланишига (араб) тили, ҳамда Қуръони Карим тили бўлмиш араб тилида нозил бўлган шариат далолат қилади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар устидан – улар ҳокимлар бўладими, ёки уларнинг тобеълари бўладими – ҳукм чиқармоқчи бўлган ҳар бир кишига Китоб ва Суннатнинг кенг илми ва солиҳ салафлар йўлининг нурида бўлишлиги лозим бўлади. Китобу Суннатни ва улардан келиб чиқадиган масалаларни араб тили ва адабиётини дақиқ, яъни нозик тафсилотларини эгалламасдан туриб тушуниш мумкин эмас. Агар толиби илмнинг араб тилини билишлигида камчилиги бўлса, унга бу камчилигини тўлдирадиган нарсалар ичида ўзидан олдин ўтган ва айниқса, яхшилик билан гувоҳлик берилган уч авлод¬ (салаф) имомлари ва олимларига мурожаат қилишлиги шарт бўлади.
Энди (муҳокама қилинаётган):
«Ким Аллоҳ нозил қилган Дин билан ҳукм юритмаса, ана ўшалар кофирлардир» оятига қайтсак. Бу оятдаги «куфр» дан нима тушунилади? Диндан чиқишми? Ёки бошқа нарсами?
Мен (Албоний) айтаманки: ушбу оятни дақиқ тушунишдан бошқа иложи йўқдир, чунки бу ерда «куфр» сўзидан мурод Исломнинг баъзи ҳукмларидан чиқиш бўладиган амалий куфрдир. Бу тушунчамизни ушбу умматнинг олими ва Қуръон таржимони бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос, розияллоҳу анҳумо, тасдиқлайди. Юқорида айтилган адашган тоифалардан бошқа ҳамма мусулмонлар бу кишини Қуръон тафсирида беназир имом эканлигига муттафиқдир. Худди биз бугун эшитаётганимиздек, ўша пайтда ҳам одамлар бу оятни саёз равишда, тафсилотсиз тушунишаётганини бул зот эшитган бўлса керак. Шунинг учун у киши, Аллоҳ ундан рози бўлсин:
«Бу сизлар тушунган куфр эмас» деб, ҳамда:
«Бу диндан чиқарувчи куфр эмас» ва яна:
«Бу (ҳақиқий, катта) куфрдан паст турган куфрдир» деб айтди. Бу билан Ибн Аббос мўминлар амири Али розияллоҳу анҳуга қарши чиққан ҳаворижларни назарда тутган бўлса керак. Улар бу (қарши чиқиш)нинг натижасида эса мўминларнинг қонини тўкишди ва мушрикларга қилмаган ишларини (мўминларга) қилишди. Шунинг учун ҳам (Ибн Аббос):
«Иш улар айтаётгандек ёки ўйлаётгандек эмас, балки бу фақатгина (катта) куфрдан паст турган куфрдир» деди.
Quote:Бу саҳиҳ асарга аллома қилган таҳрижини қаранг: («Силсилятул-аҳадисис-саҳиҳа») 6-ж., 109-с., №2552.
Бу сўзлар ушбу оят тафсирига Қуръон таржимонининг қисқа ва равшан жавобидир ва бу шундай ҳукмки, мен юқорида айтиб ўтган шариат матнлари (Қуръон ва Суннат)ни ундан бошқаси билан тушуниш мумкин эмас.
Quote:Шайх Ибн ал-Усаймин аллома Албонийнинг ушбу сўзларига таълиқ сифатида қуйидагиларни айтди: Шайх Албоний далил сифатида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан бўлган асарни келтирди. Ушбу асарни қабул қилган бошқа олимлар ҳам шундай қилишган. Унинг санади ҳақида айримлар баъзи гапларни гапиришган бўлса ҳамки, улар бу асарни унинг саҳиҳлиги ва кўпгина шаръий матнларга мувофиқ келгани учун қабул қилишгандир. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонни сўкиш – фосиқлик, у билан жанг килиш эса – кофирликдир». Шу билан бирга мусулмон билан жанг қилиш Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзларига биноан диндан чиқармайди:
«Агар мўминлардан бўлган икки тоифа (ўзаро) урушиб қолса, дарҳол уларнинг орасини ислоҳ қилинглар. Агар улардан бири бошқасига тажовуз қилса, сизлар тажовуз қилган (тоифа)га қарши то Аллоҳнинг амрига қайтгунича уруш қилинглар. Агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинглар. Одил бўлинглар! Зеро, Аллоҳ одилларни яхши кўради. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инидирлар. Бас, икки оға-инингизнинг орасини ислоҳ қилинглар. Аллоҳга тақво қилинглар, шояд раҳм қилинсангизлар» (Ҳужурот: 9-10). Аммо куфрда айблаш фитнасига йўлиққан кимсаларни бу қониқтирмагани учун, улар: «Бу асар қабул қилинмайди ва Ибн Аббосдан эканлиги саҳиҳ эмас» дейишни бошлайди. Уларга айтиладики: «Қандай қилиб қабул қилинмас экан?! Ваҳоланки, ҳадис илмида сизлардан улуғроқ, афзалроқ ва билимдонроқ одам уни қабул қилган бўлса ҳам сизлар қабул эмас дейсизларми? Шайхул-ислом Ибн Таймия, Ибн ал-Қоййим ва улар каби бошқа буюк алломалар уни қабул қилишгани ва уни келтириб нақл қилишгани бизларга етарли. Бу асар саҳиҳдир. Кейин, иш сизлар айтаётганингиздек: яъни, бу асар Ибн Аббосдан эканлиги саҳиҳ эмас ҳам дейлик. Бироқ бизда бошқа шаръий матнлар борки, улар «куфр» сўзи мутлақ лафзда келиб, ундан мурод эса диндан чиқиш эмаслигини исботлайди. Худди юқорида айтилган оят ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари каби, айтадиларки: «Инсонларда икки амал куфрдир: насаб билан таъна қилиш ва маййитга (норози бўлиб, дод-вой солиб) йиғлаш». Бу амаллар эса диндан чиқармаслигида ҳеч қандай қаршилик йўқ. (Юқорида) айтилганидек, яъни шайх Албоний, Аллоҳ уни муваффақ қилсин, айтганидек илмнинг камлиги ва шаръий қоидаларни тушунишдаги камчилик ушбу залолатга олиб келади. Шу билан бирга яна бир нарса залолатга бошлайдики, у ҳам бўлса – ёмон хоҳиш-ниятки, у эса албатта бузуқ тушунчага олиб келади. Чунки агар инсон бир нарсани хоҳлаб ният қилса, бундан у тушунчасини ушбу хоҳишга тўғрилаши ҳам келиб чиқади. Кейин эса у Қуръон ва Суннат матнларини ушбу (тушунча-эътиқод)га мувофиқ равишда ўзгартиради. Олимлар орасида маълум ва машҳур коидалардан бирида: «Далил келтириб, сўнгра эса эътиқод қилиш» дейилган, аммо «эътиқод қилиб, кейин унга далил келтириб, кейин эса адашиш» эмас. Шунинг учун ҳам бу (залолат)нинг уч сабаби бор: шаръий илмнинг камлиги, шаръий қоидаларни тушунишдаги нуқсон ва ёмон хоҳиш-ният устига қурилган бузуқ тушунчадир.
Яна Қуръон ва Суннатнинг кўпгина матнларида «куфр» сўзи зикр қилинган бўлиб, буларнинг ҳаммасини ҳам диндан чиқариб юборадигани деб тушунмаслик керак.
Quote: Фазилатли шайх Ибн ал-Усаймин сўровчининг саволига жавоб бериб қуйидагиларни айтди: «... ана ўшалар кофирлардир» оятидан катта куфр тушунилади деб, шарҳига эса: «Агар куфр сўзи мутлақ келса, фақатгина катта куфр назарда тутилади» деган сўзни Шайхул-Ислом Ибн Таймияга нисбат бериш нотўғри тушунчадир. Ваҳоланки, бу оятнинг ўзида ҳам (бу иш) «куфр» дейилмаган (балки «кофирлар» сўзи ишлатилган). Бу ҳақда Шайхул-Ислом раҳимахуллоҳнинг бошқа сўзлари саҳиҳ эканлиги маълум бўлиб, унда: «муъарраф» (алиф-лом билан келган) «ал-куфр» сўзи билан «мунаккар» (алиф-ломсиз) «куфр» сўзини ўртасида фарқланиш мавжуд. Энди сифат («кофирлар»)га келсак, тўғриси шуки: «Улар кофирлардир» («ал-каафируун» ёки «каафируун») деб, уларга сифатланиш таърифи берилганлигига асосланамиз ва бу диндан чиқарувчи куфр эмас дейишимиз керак бўлади. Чунки ишни ўзини сифатлаш билан ишнинг бажарувчисини сифатлаш орасида фарқ бор. Бинобарин, биз ушбу оятга бўлган тафсиримиз асосида ҳукм чиқарамиз: Аллоҳ нозил қилган Дин билан ҳукм юритмаслик диндан чиқарувчи куфр эмас, чунки бундай ҳукм қилувчи (фақатгина) тўғри йўлдан чиққан ҳисобланади. Бу ўринда бошқасидан қонун олиб ўз давлатида жорий қилган киши билан ўзи қонун чиқариб амалга оширадиган одам орасида фарқ йўқ. Муҳим бўлган нарса шуки: бу қонун самовий қонунга тескарими ёки йўқми? - дейилган.
Масалан, «Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бўлган ҳадисда у киши айтадики: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Мусулмонни сўкиш фосиқликдир, у билан жанг қилиш эса кофирликдир». Бу ердаги «куфр»дан мурод тоатдан чиқиш бўлган гуноҳдир. Лекин одамлар орасида баён қилишда энг уста бўлган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «зажр» (урушиб бериш)да муболаға қилиб:
«у билан жанг қилиш куфрдир» дедилар.
Бошқа бир жиҳатдан, бу ҳадиснинг биринчи қисмидаги:
«Мусулмонни сўкиш фосиқликдир» сўзларини юқорида келтирилган оятларнинг учинчи лафзидаги:
«Кимки Аллоҳ нозил қилган Дин билан ҳукм юритмаса, ана ўшалар фосиқлардир» (Моида: 47), маъносида тафсир қилсак бўладими?
Жавоби: Баъзан бу фосиқлик диндан чиқарувчи «куфр» сўзи билан, баъзан эса диндан чиқармайдиган «куфр» сўзи билан маънодош бўлади. Бу ҳолда Қуръон таржимони айтгани каби:
«(Катта) куфрдан пастроқ куфр» бўлади. Ушбу ҳадис «куфр» сўзи айнан шу маънода ҳам бўлиши мумкинлигини тасдиқлайди, чунки Аллоҳ Азза ва Жалла бундай деган:
«Агар мўминлардан бўлган икки тоифа (ўзаро)
урушиб қолсалар, дарҳол уларнинг орасини ислоҳ қилинглар. Агар улардан бири бошқасига тажовуз қилса, сизлар тажовуз қилган (тоифа)
га қарши то Аллоҳнинг амрига қайтгунича уруш қилинглар» (Ҳужурот: 9). Роббимиз Азза ва Жалла ҳақ тоифага тажовуз қилган гуруҳни зикр қилиб, тажовузкор гуруҳнинг кофирлиги ҳақида ҳукм чиқармади. Ваҳоланки, ҳадисда:
«… у билан жанг қилиш кофирликдир» дейиляпти. Демак, мусулмон билан жанг қилиш (катта) куфрдан кичикроқ бўлган куфрдир. Бу эса худди Ибн Аббос олдинги оятнинг тафсирида айтган сўзлари кабидир. Мусулмонни мусулмон билан урушиши тажовуз, зўравонлик, фисқ ва куфр бўлиб, бундан «куфр» амалий ва эътиқодий куфр бўлишлиги келиб чиқади. Мана шундан ушбу сўзни дақиқ фарқлаш жорий бўлган. Бунинг баёни ва изоҳини ҳақли равишда ўз зиммасига шайхул-ислом Ибни Таймия раҳимаҳуллоҳ олган. Ундан сўнг буни зиммасига унинг содиқ шогирди Ибн ал-Қоййим ал-Жавзия олди. Чунки куфрни бундай фарқлаш байроғини кенг қамровли ва қиска сўзлар билан Ибн Аббос кўтарган бўлса, бу икки (олим) эса ушбу фарқлашга эътибор қаратиш ва уни қайтариб туриш фазилатига эга бўлишди. Ибни Таймия, раҳимаҳуллоҳ, ва унинг шогирди ва соҳиби Ибн ал-Коййим ал-Жавзия эътиқодий куфр билан амалий куфрнинг орасини ажратиш лозимлиги ҳақида доим такрорлаб келишган. Акс ҳолда эса мусулмон киши ўзи билмаган ҳолда қадимги ҳаворижлар ва уларнинг баъзи янги шериклари йўлиққани каби, мусулмонлар жамоасидан чиқиб кетиш фитнасига йўлиқиб қолади.
Хулоса: Дарҳақиқат, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«… у билан жанг қилиш эса куфрдир» деган сўзлари мутлақ диндан чиқишни англатмайди. Бу борадаги ҳадислар жуда кўп бўлиб, уларнинг мажмуи юқоридаги оят ҳақида чегараланган тушунчасида қотиб қолган ва уни эътиқод куфри деб тафсир қилишни лозим қилганларга қарши қатъий далил бўла олади. Бинобарин, ҳозирги вақтда бизга ушбу ҳадис етарли, чунки у мусулмон кишининг ўз биродари билан бўлган жангни эътиқодий куфр эмас, балки амалий куфр маъносида эканлигига ҳал қилувчи далилдир.
Энди такфир жамоати ёки улардан келиб чиққанларга қайтсак. Улар «куфр» ва «диндан қайтиш» сўзларини ҳокимларга, у (ҳоким)ларнинг қўл остида яшовчиларга, у (ҳоким)ларнинг бошқарувига кирганларга ва у (ҳоким)ларнинг вазифасини бажарувчиларга нисбатан мутлақ тарзда ишлатишади. Бу эса уларнинг «катта гуноҳ қилганлари сабабли кофир бўлишди» деган бузуқ тушунчага асосланганлидир.
Quote:Шайх Ибн ал-Усаймин: «Бундан Аллоҳнинг паноҳига қочамиз» деди.
Эслатиш ва ҳикоя қилиб бериш фойдали бўлган ишлардан бири менинг «такфир жамоати»да бўлган баъзи шахслар билан бўлган учрашувимдир. Кейин эса Аллоҳ Азза ва Жалла уларни ҳидоят қилди.
Мен уларга айтдим: Сизлар ҳокимларни кофирликда айблаяпсизлар. Лекин нима учун масжидларнинг имомлари, даъватчилари, муаззинлари ва хизматчиларини ҳам кофирликда айблаяпсизлар? Нима сабабдан мадрасалар ва бошқа ерлардаги шаръий билимлар берадиган устозларни кофирликда айблаяпсизлар?
Улар: Чунки булар Аллоҳ нозил қилганидан бошқа нарса билан ҳукм юргизаётган ҳокимларнинг ҳукмларидан рози бўлишяпти, деб жавоб беришди.
Мен айтаман: Агар бу ризолик Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқа нарса билан ҳукм қилишга бўлган қалб розилиги бўлса, унда амалий куфр эътиқодий куфрга айланади. Қайси бир ҳоким Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқа нарса билан ҳукм юргизаётганида ҳозирги асрда бу ҳукм лойиқ деб ҳисоблаб, шу билан бирга Қуръон ва Суннатдаги шаръий ҳукм лойиқ эмас деб эътиқод қилса, унда шак-шубҳасиз у ҳоким фақатгина амалий куфр билан эмас, балки эътиқодий куфр билан ҳам кофир бўлади. Кимки бунга рози бўлиб, буни эътиқод қилиб олса, у ҳам шу (эътикодий куфр)га йўлиқади.
Quote:Аллома Албоний (кейинчалик) ушбу изоҳни киритди: «Мана шулардан сўнг ҳам анави одамлар бизларга «ҳозирги замоннинг муржиалари» деган лақаб қўйишяпти!» Таржимон изоҳи: Муржиалар – гуноҳлар иймонга зиён етказмайди деб эътиқод қилувчи тоифа.
Кейин мен уларга айтдим: Биринчидан, сизлар Ғарбнинг куфр қонунлари билан ҳукм юритаётган ҳамма ҳокимлар, ёки уларнинг катта қисмидан Аллоҳ нозил қилган Диндан бошқаси билан ҳукм юритиши ҳақида сўралса, улар албатта: «Чунки бу қонунлар билан ҳукм юритиш ҳозирги замонда ҳақ ва энг тўғри (йўл)дир, ва Ислом бўйича ҳукм юритиш мумкин эмас» деган жавобни беришади, - деб аниқ айтолмайсизлар. Чунки бундай қилишса, шубҳасиз ҳақиқий кофир бўлишади.
Энди уларнинг қўл остидаги тобеъларига келсак, улар ичида олимлар, солиҳ кишилар ва бошқалар ҳам бор. Қандай қилиб уларни фақатгина мана шу ҳукумат остида яшаётганликлари учун кофирга чиқарасизлар? Бу ҳукумат уларни қандай бўлса, сизларни ҳам шундай қамраб олгандир. Лекин сизлар анавиларни кофир-муртад дея эълон қилиб, Аллоҳ нозил қилган Дин билан ҳукм юритиш вожиб деяпсизлар. Сўнгра эса ўзларингизни оқлаш учун: «Шаръий ҳукмга фақатгина хилоф қилишнинг ўзи, мана шу мухолиф киши ҳақида диндан чиқди дейишни вожиб қилмайди», деяпсизлар! Бу эса сизлардан бошқалар айтаётган сўзнинг айнан ўзидир. Сизлар фақатгина (уларнинг сўзларига) ўша одамларнинг кофирлиги ва муртадлигини ноҳақ равишда қўшиб қўйяпсизлар холос.
Яна у «жамоа»дагиларнинг хато ва залолатини тушунтирадиган саволлар жумласидан, уларга қаратилган қуйидаги савол ҳам бор: Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг Пайғамбари эканлигига гувоҳлик бераётган, намоз ўқиётган кишини қачон диндан чиқиши ҳақида ҳукм чиқарилади? Бир марта (ҳукм чиқарса) кифоями? Ёки унинг муртад эканлигини эълон қилиш шартми?!
Дарҳақиқат, улар бу саволнинг жавобини билмайдилар ва тўғри йўлга эргашмайдилар. Биз уларга қуйидагича мисолни келтиришга мажбурмиз. Айтамизки: Бир қози борки, у шариат бўйича ҳукм чиқаради. Бу эса унинг одати ва қоидаларидандир. Аммо бир марта ҳукм чиқарганида қадами қоқилди ва шариатга хилоф ҳукм чиқариб ҳақни золимга берди, мазлумга эса уни тақиқлаб қўйди. Бу ерда у Аллоҳ нозил қилгандан бошқаси билан ҳукм юритгани аниқдир. Бунда уни диндан чиқиб кофир бўлди, дейсизларми?
Сизлар: Йўқ, чунки бу бир марта содир бўлди, дейишингиз мумкин.
Унда биз яна айтамизки: Бу ҳукм иккинчи марта содир бўлди, ёинки у бошқа бир ҳукм чиқариб яна шариатга хилоф иш қилди. У кофир бўладими? Кейин биз уларга қайтара бошлаймиз: «Уч марта, тўрт марта бўлди. Қачон уни, кофир бўлди, дея оласизлар?» Улар ҳеч қачон шариатга хилоф бўла туриб, диндан чиқармайдиган ҳукмларнинг чегарасини айтолмайдилар.
Шунингдек, улар бунинг акси бўлганда эди ушбу (кофирга чиқариш)ни тўлиқ қила олишарди. Агарда биринчи ҳукмнинг ўзидаёқ у Аллоҳ нозил қилганидан бошқаси билан ҳукм юритишни яхши, яъни ҳалол санаса ва шариат ҳукмини таҳқирлагани аниқ ва равшан бўлса, унда шу заҳоти унинг муртадлиги ҳақидаги ҳукм биринчи марта содир бўлганидаёқ тўғри бўлади.
Бунинг аксида эса, агар у шариатга хилоф қилиб кўпгина қарорларида ўнлаб ҳукмларни чиқарганини кўрсак, ва: «Нега Аллоҳ Азза ва Жалла нозил қилганидан бошқаси билан ҳукм чиқардинг?» деганимизда, у жавоб тариқасида: «Мен ўзим учун қўрқдим» ёки, масалан: «Пора олдим», деса. Унда ҳукмлар сони жиҳатидан бу ҳолат (юқоридаги) биринчи ҳолатдан кўра ёмонроқ бўлади. Лекин шу билан бирга биз токи у қалбидаги нарсани, яъни Аллоҳ нозил қилган ҳукмни нотўғри деб ҳисоблашини изҳор қилмагунича, унинг куфри ҳақида гапира олмаймиз. Фақатгина (изҳор) қилганда, унинг кофир-муртадлигини айта оламиз.
Умумий хулоса шуки, куфр зулм ва фисққа ўхшаб икки турга бўлинишлигини билиш жуда зарурдир:
Диндан чиқариб юборадиган куфр, зулм ва фисқ. Бу эса қалбида бу ишларни ҳалол деб эътиқод қилиши (истиҳлол қалбий)га тааллуқлидир.
(Уларни) диндан чиқармайдиган иккинчи тури эса амал билан ҳалол санаш (эътиқодий бўлмаган истиҳлол амалий)га боғлиқдир.
Барча гуноҳлар борки, айниқса ҳозирги замонда тарқалганлари: рибо, зино, маст қилувчи ичимликлар ичиш ва бошқалари амалий куфрдир. Биз бу (ишларни қилаётган) осийларни фақатгина гуноҳ қилганлари учун ва бу ишни амалда ҳалол санаганлари учун кофирликда айблашимиз мумкин эмас. Лекин бизга улар аниқ ва ишонч билан Аллоҳ ва Унинг Росули ҳаром қилган ушбу нарсаларни қалбларининг ичидан ҳаром деб санамаётганликлари аён бўлса, (шунда уларни кофирликда айблашимиз мумкин бўлади). Биз уларга қалби бу тескариликка учраганини билгандагина, кофир-муртад деган ҳукм чиқарамиз. Бироқ буни аниқ билмасак, бизга уларни куфрда айблашга йўл йўқдир, чунки биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу сўзларидаги ваъидга учрашимиздан қўрқамиз:
«Агар бир киши ўз биродарига: «Эй кофир» деса, иккаласидан бири шу (куфр) билан қайтади» дедилар. Бу маънодаги ҳадислар кўп ривоят қилинган. Мен далил сифатида қадри улкан бўлган бир ҳадисни эслатиб ўтаман. У ҳам бўлса мушриклардан бири билан урушган саҳобий қиссаси бўлиб, ўшанда мушрик қиличнинг зарбаси остида турганини кўрганидан сўнг:
«Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик бераман» деди. Лекин у саҳобий бунга эътибор бермасдан уни ўлдириб қўйди. Бунинг хабари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганида, ул зот у (саҳобийнинг иши)ни қаттиқ инкор қилдилар. Шунда саҳобий ўзини оқлаб, ўша мушрик фақат ўлимдан қўрқиб ўша сўзларни айтганини сабаб қилди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавоблари эса:
«Ахир сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?!» бўлди. Бу ҳадисни Бухорий ва Муслим Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
Шундай қилиб, эътиқодий куфрнинг оддий амалга асос бўлган алоқаси йўқ , аммо унинг қалбга катта боғлиқлиги бордир.
Quote:Ушбу сўзларига изоҳ бериб Албоний шундай деди: Амаллар ичида шундайлари ҳам борки, уларни қилган киши эътиқодий кофир бўлади. Чунки улар куфрни сўз билан ифода қилиш ўрнига ўтади ва унинг кофирлиги ҳақида қатъий, ҳамда аниқ далолат қилинади. Масалан: Қуръонни била туриб қасд билан оёқ-ости қилиш.
Бинобарин, биз фосиқ фожир, ўғри, зинокор, рибохўр ва шу каби шахсларнинг қалбидаги нарсасини – токи уларнинг сўзлари ичидагисини бизга билдирмагунча – била олмаймиз. Аммо унинг иши шариатга хилоф қилишликка асослангани учун биз унга: сен фосиқлик қилдинг ёки фожирлик қилдинг, деймиз, лекин: кофир бўлиб динингдан қайтдинг демаймиз ва то бизга (ичидагиси) зоҳир бўлиб, Аллоҳ Азза ва Жалла олдида муртадлиги ҳақида ҳукм чиқаришда бизга оқлов бўлмагунича шундай қилинади. Сўнгра эса унга Исломда маълум бўлган ҳукм келади, у ҳам бўлса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким динини ўзгартирса, уни қатл қилинглар» деган сўзларидир.
Кейин мен мусулмонларнинг ҳокимларини куфрда айбловчи сўзларини такрорлаётганларга айтдим ва буни айтишдан тўхтамайман ҳам:
Хўп, бу ҳокимларни кофир-муртад деб, уларнинг тепасида олий ҳукмдор бор ҳам дейлик. Ундай пайтда – ҳолат ҳам шундайки – бу олий ҳукмдор уларга (куфр иш қилгани учун) ҳад (шаръий жазо)ни ижро этиши керак бўлади. Келинг, баҳснинг мазмунини аниқлаштириш учун даъволарингизни тасдиқлаб ҳам кўрайлик, аммо сизлар ҳозирги вақтда амал қилиш нуқтаи назаридан бу ҳокимларнинг кофир-муртадлигидан қандай фойда олаяпсизлар? Ва нима ҳам қила оласизлар?!
Quote:Таржимон изоҳи: Яъни, аслида сизлар кофирга чиқарган ҳокимларнинг устидан уларнинг куфри учун жазосини уларнинг тепасида турувчи олий ҳукмдори ижро этиши керак бўлади. Шундай экан, ўша ҳокимларни кофирга чиқаришдан нима фойда бор?!
Агарда улар: Дўст тутиш (ал-вало) ва безор бўлиш (ал-баро) учун дейишса, унда айтамизки: дўст тутиш ва безор бўлиш қалбда ва амалда қўлдан келганича муҳаббат ва адоват қилиш билан боғлиқ бўлиб, уларнинг мавжуд бўлиши учун куфрни эълон қилиш ва муртадлик ҳақидаги ҳукмни ёйиш шарт қилинмайди. Ҳаттоки, дўст тутиш ва безор бўлиш бидъатчи, осий ва золимга ҳам тегишли бўлади.
Кейин мен бу одамларга айтаман: Кофирлар Ислом ерларининг кўпини босиб олишган ва биз, афсуски, яҳудийлар томонидан Фаластинни босиб олиниши каби фитнага йўлиққанмиз. (Аҳвол шундай бўлгач) сизлар ана у (куфрда айблаётган ҳоким)ларни нима ҳам қила оласизлар?! Охир-оқибатда эса ўша сиз уларни кофир деб гумон қилаётган ҳокимлар билан ёлғиз қоласизлар холос?!
Quote: Фазилатли шайх Ибн ал-Усаймин (рахимаҳуллоҳ) айтди: «Бу яхши сўзлардир, яъни мусулмонларнинг ҳокимларини куфрда айблаётганлар қандай фойда олишди? Улар шу (ҳоким)ларни даф қила оладими? Йўқ, қилолмайдилар. Яҳудийлар деярли эллик йил олдин Фаластинни босиб олишганди ва агарда бутун Ислом уммати, унинг арабу ажами, уларни ўша мақомидан даф қила олмаган бўлса, унда қандай қилиб бизни бошқараётган ҳокимларга қарши тилларимизга эрк бера оламиз? Биз биламизки, уларни даф қилолмаймиз, чунки бундай ишдан кейин дарҳол қонлар тўкилиб, моллар талон-тарож қилинади ва баъзан эса номуслар ҳам топталади. Бу билан натижага эриша олмаймиз. Хўш, у ҳолда бундан қандай фойда бор? Агарчи киши ўзи ва Роббиси орасидаги эътиқодида ўша ҳокимлар орасида ҳақиқатан диндан чиққан кофирлари бор деб ҳисобласа ҳамки, буни эълон қилиб тарқатиши билан фитнанинг аланга олишидан бошқа қандай фойдаси бор? Шайх Албонийнинг бу сўзлари жуда гўзалдир. Аммо куфр ҳақида ҳукм фақатгина бу (Аллоҳ нозил қилганидан бошқаси билан ҳукм қилиш)ни ҳалол санаса чиқарилади деган масалада биз у киши билан келишмаймиз. Чунки бу масала назар солишликни талаб қилади. Биз айтамизки: Агарда бир киши Аллоҳ нозил қилгани билан ҳукм қила туриб ҳам, Аллоҳдан бошқасини ҳукми яхшироқ деб эътиқод қилса у кофир бўлади ва унинг куфри эътиқод куфри бўлади.
Шундай экан, бу мавзуни четда қолдириб, мусулмон ҳукуматининг асоси бўлган қоидани тадбиқ қилишдан бошланглар. Бу иш эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлига эргашиш билан бўлади. Бу шундай йўлки, унинг устида ул зот ўз асҳобларини тарбия қилиб, унинг низоми ва асосларида уларни ўстирдилар...
Аллоҳ Таоло:
«У (Аллоҳ)
– гарчи мушриклар ёқтирмасаларда – Ўз Росулини Ҳидоят ва Ҳақ Дин билан барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир» (Саф: 9), деган. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳушхабар берувчи ҳадисларида ҳам бу оят яқинда амалга ошишининг хабари берилган. Демак, мусулмонлар бу Қуръоний матн ва илоҳий ваъдани ҳаётда амалга ошира олишлари учун равшан ва тушунарли йўлдан юришлари керак ва бундан бошқа чоралари ҳам йўқ. Бу йўл мана бу (одам)ларнинг кофир-муртад деб гумон қилаётган ҳокимларга қарши ғазабини сочиш йўли бўладими? Бундан ташқари, бу гумонлари билан – у гумонлари эса хатодир – бирон иш қилиш қўлларидан келмайди. Хўш, унда ўша йўл қандай?
Шак-шубҳасиз, тўғри йўл шуки – у ҳақида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо такрорлаб, саҳобаларига ҳар хутбаларида эслатиб:
«Энг яхши ҳидоят – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятидир» деганлар. Барча мусулмонлар, хусусан исломий ҳукуматга қайтиш ҳақида қайғураётганлар, бу ишда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлаган нарсадан бошлашлари керак бўлади. У ҳам бўлса, биз қисқагина икки сўз билан ифодалайдиган: «Тасфия (поклаш) ва тарбия»дир.
Шунинг учун биз мустаҳкам ва собит бир ҳақиқатни биламизки, ундан ҳокимларни куфр билан айблашда чуқур кетган кишилар ғафлатдадир ёки унга бепарводирлар. Чунки уларда фақатгина ҳокимларни кофир деб эълон қилишлик бўлиб, кетидан эса ҳеч вақо йўқдир. Аммо улар ҳокимларни кофирга чиқаришликда қайсарлиқ қилаверишади, сўнг эса улардан фитналар ва балолардан бошқа ҳеч нарса содир бўлмайди!!
Бу одамлар сабабли охирги йилларда (турли) воқеалар содир бўлди: Маккаи Ҳарамдаги фитнали воқеъадан бошлаб, то Мисрда бўлган фитна, яна (Миср ҳокими Анвар) Саадатнинг ўлдирилиши ва ниҳоят Сурияда, энди бўлса Мисрда ва Жазоирдаги фитналар бунга мисолдир. Ҳар кимга эса кўриниб турган нарса шуки: бу фитналар ва балолар сабабли айбсиз мусулмонлар қонини хор қилиниши кўпгина бахтсизлик ва фалокатларга олиб келди.
Буларнинг барчаси ўша одамларнинг кўпчилиги Китобу Суннат матнларига хилоф иш қилганликлари сабабидандир. Бу матларнинг асосийси:
«Дарҳақиқат, сизлар учун – Аллоҳ ва Охират Кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп эслаганлар учун – Аллоҳнинг Росулида гўзал ибрат-намуна бордир» (Аҳзоб: 21), оятидир. Агарда биз фақатгина сўзда эмас, балки ҳақиқатдан ҳам Аллоҳнинг ҳукмини ерда ўрнатмоқчи бўлсак, ўша биз уларга қарши урушиш у ёқда турсин, ҳатто уларга юзма-юз бўлишга ҳам қодир бўлмаган ҳокимларни кофирликда айблашдан бошлаймизми? Ёки албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлаган нарсадан бошлаймизми? Шак-шубҳасиз, бунинг жавоби:
«... сизлар учун Аллоҳнинг Росулида гўзал ибрат-намуна бордир». Аммо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимадан бошладилар?
Илмнинг ҳидини сезган ҳар қандай киши ўз эътиқодида аниқ биладики, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақни қабул қилишга мойил деб ўйлаган алоҳида шахсларни даъват қилишдан бошлаганлар. Кейин ул зотнинг чақириғига ўша саҳобалар ижобат қилишди. Бу эса сийратдан маълумдир. Сўнгра мусулмонлар Маккада азоблар ва қийинчиликларга йўлиқишди. Кейин биринчи ҳижратга, сўнгра эса иккинчи ҳижратга бўлган буйруқ келди, токи Аллоҳ Азза ва Жалла Мадинаи Мунавварада Исломни мустаҳкам қилди ҳам. Сўнг ўша ерда тўқнашувлар, кейин эса мусулмонлар ва кофир (араб)лар билан бир томондан, яҳудийлар билан иккинчи томондан урушлар бўлди, ва ҳоказо.