Сеҳр, иссиқ-совуқ ва кўз тегишни даволаш ва ундан ҳимояланиш йўллари:
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сеҳрдан халос бўлиш учун бошқа сеҳрдан фойдаланиш борасида сўрашганда, у зот: «Бу шайтоннинг амалидандир!» дедилар» (Аҳмад 3/294, Абу Довуд 3868. Ҳадис саҳиҳлигини имом Ибн Муфлиҳ, шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ва Абдулқодир Арнаут тасдиқлаган).
Ибнул Қоййим айтади: «Сеҳрланган кишидан сеҳрни даф қилишнинг икки йўли бор. Биринчиси: шу каби сеҳр билан, бу шайтоннинг амалидандир. Чунки бу амал билан сеҳрдан халос бўлувчи ҳам, сеҳрланган ҳам шайтон яхши кўрган амал орқали унга қурбат ҳосил қилган бўладилар. Иккинчиси: сеҳрни руқя, Аллоҳга дуо қилиш ва ҳ.к. йўллар билан даф қилиш. Бу рухсат берилган (услубдир)» («Зодул-маъод» 4/124).
Аллоҳ таолога дуо қилиш
Аллоҳ таоло айтади: «Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган зотми?!» (Намл: 62).
Рухсат берилган руқялар
Ҳофиз Ибн Ҳажар ёзадилар: «Уламолар руқя уч шартга риоя қилингандагина жоиз бўлишига иттифоқ қилдилар: Аллоҳнинг каломи (Қуръон) бўлиши, унинг исми ёки сифатлари, араб тилида ёки маъноси тушунарли тилда бўлган (бошқа) тилда бўлиши ва бу руқялар ўз-ўзидан фойда келтирмаслиги, балки Аллоҳнинг иродаси билангина фойда келтиради деб эътиқод қилиш» («Фатҳул-Борий» 10/206).
Руқянинг афзали Қуръон – Қудратли Аллоҳнинг китобдир. Аллоҳ таоло айтади: «Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз» (Исро: 82).
Абу Саид ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир куни, ҳарбий сафарда эдик ва бир водийда тўхтадик. Шунда чўри қизча келиб: «Қабила бошлиғини илон чақиб олди, одамларимиз эса бу ерда эмас. Сизлардан бирортангиз руқя ўқишни биласизми?» деди. У билан орамизда руқя ўқиши билан танилмаган бир киши кетди. Ўша киши руқя ўқиганидан кейин у (қабила бошлиғи) шифо топди. Сўнг қабила бошлиғи унга ўттизта қўй беришни буюриб, бизни сут билан суғорди. Ўша киши қайтганида, биз ундан сўрадик: «Сен рухсат этилган руқяни ўқидингми ёки жоҳилият давридагиними?» У: «Мен руқяда фақатгина «Уммул Китоб» (Фотиҳа сураси)ни ўқидим» деди. Биз: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, сўрамагунча ҳеч нарса қилманглар» дедик. Мадинага келгач бўлган воқеани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердик, у зот дедилар: «У (Фотиҳа сураси) руқя эканлигини унга ким ўргатди?!» (Бухорий 5404, Муслим 2201).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кирганда, бир аёл (Оиша онамизни) руқя ўқиб даволаётган эди, шунда у зот дедилар: «Уни Аллоҳнинг Китоби билан давола» («ас-Силсила ас-Саҳиҳа» 1931).
Ибнул Қоййим айтадилар: «Қуръон – қалб ва тананинг барча касалликларига, шунингдек дунёвий ва ухровий ҳаёт касалликларига мукаммал дармондир. Аммо у орқали шифога эришиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Агар бемор у (Қуръон) орқали моҳирона даволанса, уни сидқ, иймон, тўлиқ розилик, ишонч ва унинг барча талабларини бажарган ҳолда касалликка қарши қўлласа, у ҳолда ҳеч қачон касаллик унга бас кела олмайди. Ахир қандай қилиб қандайдир касаллик еру-осмоннинг Роббиси бўлган Аллоҳнинг Каломига бас кела олсин. Агар у (Қуръон) тоғларга юкланганида, уларни парчалаган бўлар эди. Агар у (Қуръон) ерларга юкланганида, уни бўлиб юборган бўлар эди! Қуръонда тана ва қалбнинг барча касалликларининг шифоси, сабаби ва улардан ҳимояланишга кўрсатмалар мавжуд. Бу кўрсатмалар Аллоҳ Ўзининг Китобини фаҳмлашни насиб қилганлар учундир… Аллоҳ таоло айтади: «Ахир уларга тиловат қилинаётган шу Китобни Биз сизга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?!» (Анкабут: 51). Кимни Қуръон даволамаса, уни Аллоҳ даволамайди. Кимга у кифоя қилмаса, унга Аллоҳ Ўзининг кифоясини бермайди!» («Зодул-маъод» ва «ат-Тибб ан-Набавий» 253).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам маълум бир сурани ёки баъзи оятларни ажратмадилар, балки Аллоҳнинг Китобини тўлиқлигича эслаб ўтдилар. Бундан бизга шу нарса маълум бўладики, Қуръони Карим бутунлигича шифодир. Кўп асрли тажрибалардан маълумки, Қуръон оятларини ўқиш нафақат сеҳр, ақлдан озиш ва кўз тегишни даволайди, балки турли тана касалликларига ҳам шифодир.
Сеҳр қилинган жисм, тугун ва ҳ.к.ларни йўқ қилиш
Шайх Ибнул Қоййим дедилар: «Сеҳрдан шифо топишнинг энг афзал йўли, сеҳр қилинган жисмни топиб йўқ қилишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ хабарларда айтилганки, у киши Роббиларидан бу ҳақда сўраганлар ва У (Аллоҳ) у кишига сеҳр қилинган тугунни қаердалиги хабарини берган. У нарса қудуқда эди. Қудуқдан у нарса олинганидан сўнг, у зотдан сеҳр кетади. Худди шундай еб юборилган тугунни ошқозондан чиқариб олинади» («Зодул-маъод» 3/104).
Сеҳр қилинган жисмни топиш осон эмас. У турли кўринишда бўлиши мумкин. Боғланган иплар тугуни, қандайдир гайкали ёки бошқа бирор нарсали темир сим, осма қулфлар билан боғланган турли хил нарсалар ва шунга ўхшаган кўринишларда бўлиши мумкин. Тугунга ёки сеҳр жойлашган жойга йўллашини Аллоҳ таолодан сўраш керак. Шундай ҳолат бўлганки, ҳатто баъзи биродарлар ўз ёстиқларида сеҳр жисмини топганлар. Дарвоқе, Ибнул Қоййим айтганидек, сеҳрнинг кенг тарқалган турларидан бири бу сеҳр қилинган нарсани ейишлик бўлади. Одатда у ошқозонга овқат билан бирга тушади. Баъзи аёлларнинг тан олишича, бирор эркакни ўзига қаратиб олиш учун фоҳишалар овқатга ўз ҳайз қонларини қўшар экан.
Ким Аллоҳга керагидек таваккул қилса ва фақат Ундангина ёрдам сўраса, Аллоҳ уни сеҳрдан, кўз тегишидан, шайтон ва кофирларнинг турли найрангларидан асрайди.
Қон чиқариш (ҳижома)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Даволанишларинг учун энг афзал нарса ҳижомадир» (Бухорий 5696, Муслим 1577).
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки (қамарий ойнинг) ўн еттинчи ёки ўн тўққизинчи ёхуд йигирма биринчи кунларида қон олдирса, бу у учун барча касалликларга шифо бўлади» (Абу Довуд 3861, Ҳоким 4/210. Ҳадис саҳиҳлигини имом Ҳоким, Заҳабий, Ироқий ва Албоний тасдиқлаган).
Шайх Ибнул Қоййим дедилар: «Сеҳр қилинган жойдан қон олдириш энг самарали шифодир, агар қон олдириш тўғри қилинса» («Зодул-маъод» 4/125-126).
Қора седана
Абу Ҳурайра ва Оиша розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қора седана билан даволанинглар, унда ўлимдан бошқа барча дардга даво бордир» (Бухорий 5687, Муслим 2215).
Зам-зам суви
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Зам-зам суви – нима учун ичилса ўша учундир» (Аҳмад 3/357, Ибн Можа 3062. Ҳадис саҳиҳлигини имом Суфён ибн Уяйна, ҳофиз Мунзирий, шайх Ибнул Қоййим, имом Суютий ва Албоний тасдиқлаган).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ер юзидаги энг афзал сув – зам-зам сувидир! Дарҳақиқат у таом ва шифодир» (Табароний, саҳиҳ ҳадис. «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 1056).
Асал
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), Парвардигорингиз асаларига ваҳий — амр қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган инларга уя солгин. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигоринг (сен учун) осон-қулай қилиб қўйган йўллардан юргин!» Унинг қорнидан одамлар учун шифо бўлган алвон рангли ичимлик – асал чиқур. Албатта, бу ишда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир» (Наҳл: 68-69).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Икки шифобахш нарса билан шифоланинглар: булар Қуръон ва асалдир!» (Ибн Можа 2452, Ҳоким 4/200. Ҳадис саҳиҳлигини ҳофиз Бусайрий тасдиқлаган).
«Оят ал-Курсий» тиловати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки «Оят ал-Курсий»ни ҳар бир фарз намоз сўнггидан ўқиса, у кейинги намозгача Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади» (Ушбу ҳадисни Табароний «ал-Кабир»да ривоят қилган. Ҳофиз Мунзирий, Ҳайсамий, шайх Абдулқодир Арнаут ва Шуъайб Арнаут ҳадис иснодини ҳасан дейишди. «Мажмаъу-ззаваид» 2/148 ва «Таҳриж Зад ал-маъод» 1/164).
Ривоят қилинишича кунларнинг бирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу тўпланган закотни қўриқлар эканлар, бир ўғрини тутиб олдилар. Шунда ўғри деди: «Мени қўйиб юбор, сенга унинг сабабидан Аллоҳ фойда берадиган калималарни ўргатаман!» Абу Ҳурайра: «У нима калима?» деб сўради. У: «Ўринга ётганингда «Оят ал-Курсий»ни бошидан охиригача ўқи, шунда сенинг устингга Аллоҳ томонидан бир ҳимоячи қўйилади, то тонг оттиргунингча сенга биронта шайтон яқинлаша олмайди», деди. Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган воқеани айтиб берганидан сўнг у киши дедилар: «Билгин, у ўзи ёлғончи бўлса ҳам сенга рост гапирибди». Шундан сўнг Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Абу Ҳурайра гаплашган кимса инсон қиёфасидаги шайтон эканлигини хабарини бердилар (Бухорий 2311).
Шунингдек Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда хабар берилишича, кунларнинг бирида у кишининг ҳурмо заҳираси камайиб қолибди. Тунларнинг бирида у ҳурмоларини қўриқлашга аҳд қилди. Шунда у вояга етган йигитни кўрди. У билан саломлашди ва сўради: «Сен кимсан, жинми ёки инсонми?» У жавоб берди: «Мен жинман». Убай деди: «Менга қўлингни узат». У қўлини узатганида кафти итнинг юнгли кафтига ўхшар эди. Убай сўради: «Жинлар шу тариқа яралганми?!» У деди: «Жинлар улар орасида менданда кучлироқ (жин) йўқ эканлигини биладилар». Убай сўради: «Сени (бу ерга) нима олиб келди?» У деди: «Бизга маълум бўлишича сен садақа қилишни яхши кўрар экансан. Шу сабабдан биз сендан бирор озуқа олиш учун келдик». Убай сўради: «Бизни сизлардан нима ҳимоя қилади?» Жин жавоб берди: «Бақара сурасидаги «Оят ал-Курсий». Кимки ушбу оятни эрталаб ўқиса кечгача биздан омонда бўлади. Кимки уни кечқурун ўқиса, биздан эрталабгача омонда бўлади». Тонг отгач Убай Пайғамбар алайҳиссолату вассалом ҳузурларига келиб барчасини айтиб берди. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ярамас бўлсада, ҳақни айтибди» (Насоий «ас-Сунан ал-кубро» 6/239, Табароний «ал-Кабир» 541, Ибн Ҳиббон 784. Ҳофиз Ҳайсамий ҳадиснинг барча ровийларини ишончли деди. Ҳофиз Мунзирий ҳадис иснодини ҳасан деди. Шайх Албоний эса ҳадисни саҳиҳ деди. «Мажмаъу-ззаваид» 17012, «Саҳиҳ ат-тарғиб» 662).
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дедилар: «Мен Исломни қабул қилган ва ақли бор кимсалар орасида «Оят ал-Курсий»ни ўқимай ухлаганларни учратмадим» (Ибн Аби Довуд. Ҳофиз Ибн Ҳажар ҳадис иснодини ҳасан дедилар. «ал-Футуҳат ар-роббания» 3/171).
Оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳ Муҳаммад пайғамбаримизга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга ихлос билан эргашганларга салавоту саломлар йўлласин.