Admin   10-30-2009, 11:26 PM
#1
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажлари

Тўқсон ёшда Мадинада вафот этган Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт бўлган энг охирги саҳобалари эдилар. Вафотларидан бир оз олдин Ҳусайннинг неваралари Муҳаммад ибн Али бир неча кишилар билан у кишининг зиёратига бордилар. Муҳаммад ибн Алининг айтишларича, у киши Жобирга ўзларини таништирганларида, у зот ниҳоятда хурсанд бўлиб кетдилар. Жобир разияллоҳу анҳу у кишининг ҳаққига Аллоҳга хайрли дуолар қилиб, ўз уйларига таклиф қилдилар. Шундан сўнг нима нарсани сўраш учун келган бўлсалар, ўшани сўрайверишлари мумкинлигини айтдилар.
Муҳаммаднинг айтишича, у саволлар беришни бошлаганида намоз вақти кириб қолди. Шунда Жобир ўзларининг калта ридоларини кийиб, намозга турдилар. Ридолари шунчалик калта эдики, устларидан қайта-қайта сирғалиб тушиб кетаверарди. Ёнларидаги кийим жавонида каттароқ кийимлари ётган бўлса ҳам, у зот ўша кийимда намозларини тамомладилар. Намоздан сўнг Муҳаммад у кишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажлари ҳақида батафсил сўзлаб беришларини илтимос қилдилар:
Жобир бармоқлари билан тўққизгача санадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада турганларида дастлабки тўққиз йил мобайнида бирор марта ҳам ҳаж қилмаганликларини айтдилар. Ҳижратнинг 10-йили эса у зот оммага қарата ўша йили ҳажга бормоқчи эканликларини эълон қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Макка сафарида ҳамроҳ бўлиш ҳамда ҳажни тўғри йўсинда адо қилишни бевосита ўзларидан ўрганиш мақсадида ҳар ёқдан Мадинага одамлар оқиб кела бошлади. Ҳаж карвони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида шаҳардан чиқиб, йўлга тушди ва Зул-Хулайфа деган жойга етиб, у ерда тахминан бир кун тўхтаб қолди. Зул-Хулайфада Абу Бакрнинг аёллари Асмо бинти Умайс Муҳаммад ибн Абу Бакр исмли ўғилларини туғдилар. Шунда Асмо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима қилишлари лозимлигини сўраш учун бир одам юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб бериб юбориб, унда у ғусл қилиши, хос аъзоларига бир бўлак мато қўйиб, сўнг эҳром ҳолатига кириши кераклигини тайинладилар.
Зул-Хулайфада намозга имомлик қилиб берганларидан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қасво номли туяларига миниб, уни яқин атрофдаги тепаликда жойлашган Байдоъ номли водий томон бошладилар. Жобир чор атрофга назар ташлаганда, кўз илғай оладиган барча жойда кўп сонли одамлардан кимдир маркабда, яна кимдир пиёда ҳолда у кишига ҳамроҳлик қилиб кетаётганини кўрарди. Жобир дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларнинг орамизда кетар эдилар. У киши ваҳий қабул қила бошлаганларидан буён, биз у зот қаерда бўлмасинлар, кетларидан эргашиб юрар эдик». Мана шу Байдоъда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баланд овозда қуйидаги талбияни такрорладилар:
«Лаббайкаллоҳумма лаббайк! Лаббайка ла шарийка лака лаббайк. Иннал-ҳамда ван-ниъмата лака вал-мулк, ла шарийка лак».
Ўзбек тилида унинг маъноси қуйидагича: «Мана мен Сенинг олдингдаман, эй Аллоҳим, мана мен Сенинг олдингдаман! Сенинг бирон-бир шеригинг йўқдир, мана мен Сенинг олдингдаман! Барча мақтов ҳам, неъмат ҳам, мулку давлат ҳам Сеникидир. Сенинг бирон-бир шеригинг йўқ!»
Саҳобалар ҳам овоз чиқариб, озгина қўшимча сўзлар билан ўзларининг талбияларини такрорлаб турдилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қўшимчаларга қаршилик қилмай, ўзларининг талбияларини такрорлашда давом этавердилар. Жобир сўзларида давом этадилар: «Сафаримиздан асосий мақсад умрасиз ҳаж қилиш эди. Шунинг учун Байтуллоҳга етганимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажарул-Асвадни ўпдилар, сўнг Каъба атрофида айланишни бошладилар. Аввалги уч айланишни у зот илдам қадамлар билан, кейинги тўрттасини эса ўртача қадамлар билан якунладилар. Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссалом турган жойлари - Мақоми Иброҳимга бориб, овозларини чиқарган ҳолда қуйидаги оятни ўқидилар:
«Иброҳим мақомини намозгоҳ қилиб олинглар!» (Бақара сураси, 125-оят).
Кейин эса Каъба билан Мақоми Иброҳим ўртасидаги жойда икки ракаат намоз ўқидилар. Намозда «Фотиҳа»га «Кафируун» ва «Ихлос» сураларини зам қилдилар. Намоздан сўнг «Қора Тош»нинг олдига қайтиб, уни ўпдилар ва дарвозадан ташқарига чиқиб, Сафо тепалиги томон кетдилар. У ерга етганда, қуйидаги оятни ўқидилар:
«Албатта Сафо ва Марва Аллоҳнинг шиорларидандир …» (Бақара» сураси, 158-оят).
Сўнг «Мен саъйни Сафодан бошлайман, чунки Аллоҳ уни Марвадан аввал зикр қилган» дедилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафонинг Байтуллоҳ аниқ-равшан кўринадиган жойигача кўтарилдилар. Кейин эса Каъба тарафга юзланиб, Аллоҳнинг Яккалиги ва Буюклигини эълон қилганча, шундай дедилар: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ягонадир, Унинг бирон-бир шериги йўқдир. Мулк ҳам Уникидир, мақтов ҳам Унга хосдир ва У барча нарсага Қодирдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ягонадир, У (Араб жазирасини тўлиқ Исломга бўйсундириб) ўз ваъдасини рўёбга чиқарди, бандасига ёрдам берди ва бир Ўзи куфр қўшинларини мағлуб қилди».
Улар бу сўзларни уч маротаба такрорладилар. Ҳар бири орасида дуо қилдилар. Шундан сўнг, Сафодан тушиб, Марва томон кетдилар ва Марвада ҳам Сафода қилган дуоларини такрорладилар.
Сўнгги бор Марвага келганларида, чўққига кўтарилдилар ва ўз саҳобаларига шундай мурожаат қилдилар: «Мен ҳозир билган нарсани илгарироқ менга билдирилганида эди, мен ўзим билан қурбонлик учун чорвалар олиб келмас эдим ва ушбу тавоф ва саъй (икки тепалик орасида югуриш)ни Умрадаги амалларнинг орасига киритиб юборган ҳамда Умрани адо этиб бўлгач, эҳромдан чиққан бўлар эдим. Бироқ, сизлардан кимки ўзи билан қурбонлик қилиш учун ҳайвон олиб келмаган бўлса, бу тавоф ва саъйни Умра деб эътибор қилиб, эҳромларингизни ечишингиз мумкин». Буни эшитган Сурака ибн Молик ўрниларидан туриб: «Ё Расулаллоҳ! Бу буйруқ фақат шу йилга тегишлими ёки келгусида ҳам шундай бўладими?» деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бармоқларини бир-бирига киргизиб: «Умра ва ҳаж фақат шу йил учун эмас, балки ҳар замон учун шундай кўринишда жамланган!» - дедилар.
Али разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қурбонликка аталган кўплаб жонлиқлар олиб Ямандан қайтганларида, аёллари Фотиманинг эҳром ҳолатидан чиқиб, рангли (гулли) кийимлар кийиб олганларини ва сурма суртиб олганларини пайқаб қолдилар. Али разияллоҳу анҳу бунга нисбатан ўз норозиликларини билдирдилар. Аммо аёллари эҳромдан чиқишга оталарининг ўзлари, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат берганликларини айтдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али разияллоҳу анҳуга ўгирилдилар ва: «Эҳром боғлаётган пайтингизда ниятингиз нима эди? (яъни, ниятингиз ҳажнинг ўзини адо этишмиди ёки ҳаж ва умранинг иккаласиними)», - деб сўрадилар. Али разияллоҳу анҳу ният қилганларида: «Эй Аллоҳ! Менинг ниятим Сенинг пайғамбарингнинг нияти кабидир», - деб айтганларини маълум қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен қурбонлик учун аталган жонлиқни ўзим билан олиб келганим сабабли эҳромдан чиқа олмайман. Cизнинг ҳам ниятингиз меники каби бўлгани учун сиз ҳам эҳромдан чиқа олмайсиз», - дедилар».
Жобир давом этдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Али томонларидан қурбонлик учун олиб келинган туяларнинг умумий сони 100 та эди. Ўзи билан қурбонликка ҳайвон олиб келмаган барча саҳобалар эҳром кийимларини ечдилар ва сочларини калталатдилар. Айни вақтда қурбонлик учун аталган жонлиқларини ўзлари билан олиб келганлар эса эҳромда қолавердилар. Зулҳижжанинг 8-куни бўлмиш «Тарвияҳ куни»да одамлар Мино томон юра бошладилар. Умра эҳромини ечганлар эса бошқатдан ҳаж эҳромига ўралдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қасво деган туяларида Минога келдилар ва пешиндан бомдодгача беш маҳал намознинг барчасини шу ерда имом бўлиб ўқидилар. Бомдоддан сўнг у киши қуёш чиқишини пойладилар. Қуёш чиққач, Арафот томон кетдилар. Бу ерда улар Намира деган жойда чодир тикишни буюрдилар. Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Машъарул-Ҳаромда тўхтаб ўтадилар дея ишонгандилар. Чунки жоҳилият даврида улар орасида бу нарса одат эди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Машъарул-Ҳаром ҳудудида тўхтамай, Арафот ҳудудига кирдилар ва Намирада ўзлари учун қурилган чодирга жойлашдилар.
Қуёш ғарб томон бота бошлагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қасвони миниш учун ҳозирлаб беришни буюрдилар ва уни миниб, Урана водийсининг ичкарисига йўл олдилар. Бу ерда у киши туяларида ўтирган ҳолда одамларга мурожаат қилдилар:
«Эй одамлар! Ноҳақ йўллар билан қон тўкишлик ва бировларнинг мулкига тажовуз қилишлик шу кунингиз, шу ойингиз ва шу юртингиз қандай ҳаром қилинган бўлса, шундай ҳаром қилинди. Яхши билингки, жоҳилият давридаги барча урф-одатлар менинг оёқларим остида топталди, қавмдошлар ўртасидаги ўтмишдан қолган қонли адоватлар бекор қилинди. Мен ҳаммадан биринчи навбатда Омир ибнур-Рабоъа ибнул-Ҳорис ибн Абдул-Муттолибга тегишли оиламизнинг даъвосидан воз кечдим. У Бану Ҳузайл қавми томонидан ўлдирилган бўлса ҳам, Бану Саъд қавми томонидан эмиздирилган. Шунингдек, ўтмишдаги судхўрликка доир барча даъволар бекор қилинди ва бу борада мен ҳаммадан биринчи навбатда ўз амаким Аббос ибн Абдул-Муттолибга тегишли даъволардан кечдим».
«Эй одамлар! Аёлларингизнинг ҳақ-ҳуқуқлари борасида Аллоҳдан қўрқинглар. Сизлар Аллоҳнинг номи билан уларни никоҳларингизга олдингиз ва улар фақат Аллоҳнинг ҳукми билангина сизларга ҳалол бўлдилар. Сизлар уйингизга киришини истамаган одамни уйга киргизмасликлари - сизларнинг аёлларингиз устидаги хос ҳақларингиздир. Бироқ, агар улар шу хусусда хатоликка йўл қўйсалар, сизлар уларга енгил жазо беришингиз мумкин. Аёлларингизнинг сизлар устингиздаги хос ҳақлари эса моддий имкониятингизга қараб уларни етарли миқдорда кийинтирмоғингиз ва таомлантирмоғингиздир».
«Эй одамлар! Мен ўзимдан кейин сизларга бир нарса қолдириб кетмоқдаманки, агар уни маҳкам ушласангиз ва кўрсатмаларига эргашсангиз - асло адашмайсиз. Бу Аллоҳнинг Китобидир».
«Эй одамлар! Ҳар бир мусулмон бошқа бир мусулмонга биродардир ва барча мусулмонлар бир-бирларига биродардирлар. Шунинг учун бир мусулмоннинг мулки бошқасига ҳаромдир, магар розилик билан берилган бўлса ундай эмас. Шундай экан, бошқа бировга нисбатан ноҳақ бўлмангиз».

«Қиёмат куни сизлар (Аллоҳнинг рисолатини тўлиқ етказганим ёки йўқлиги борасида) сўралганингизда, нима деб жавоб берасизлар?»
Тўпланганлар бир овоздан: «Сиз бизга мукаммал илоҳий йўлланмани мумкин бўлган энг аъло йўсинда етказганингизга ва бизларга энг яхши маслаҳатларни берганингизга гувоҳлик берамиз», - дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсаткич бармоқларини осмонга кўтардилар, сўнг у билан халойиққа ишора қилганча: «Эй Аллоҳ! Сен ҳам гувоҳ бўл! Мен Сенинг рисолатингни ва буйруқларингни бандаларингга улар тасдиқ қилганларидек етказдим», - деб уч маротаба айтдилар.
Билол намозга аввал азон, сўнг такбири иқомат айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин намозига имомликка ўтдилар. Билол яна бир бор намозга такбири иқомат айтдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аср намозига имомлик қилдилар. Пешин ва аср намозларини жам қилиб ўқиб берганларидан сўнг туяларини миниб, Арафот томонга йўналдилар ва ўша ерда тўхтадилар. Арафотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларининг орқасини катта қоялар томонга ўгирдилар, олдини эса ўша ерда тўпланган катта халойиқ томонга қаратдилар. Қуёш ботиб, шомнинг қизил шафақи йўқолгунга қадар Қибла томонга юзланиб, туянинг устида ўтирганча қолдилар. Шундан сўнг туяда Усома ибн Зайдни орқаларига миндириб, Муздалифа томон йўл олдилар.
Муздалифага етганимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир азон ва икки иқомат билан жам қилиб ўқилган шом ва хуфтон намозларига имомлик қилдилар. Азон ва такбирлар ўртасида бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Шундан сўнг тонгга қадар дам олиш учун ётдилар. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир азон ва бир иқомат билан Бомдод намозига имомлик қилиб бердилар. Сўнг туяларида Машъарул-Ҳаром томонга қараб кетдилар. У ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган ҳолатларида Қиблага юзланиб, бир оз муддат Аллоҳнинг Улуғлиги, Унинг Ягоналиги ва Ҳожатбарорлигини мақтаб, дуолар қилдилар. Кун ёришиб, қуёш кўтарилишига оз қолганда, туяда орқаларига Фазл ибн Аббосни миндириб, Минони тарк қилдилар.
Мухассир водийсининг энг қуйи қисмига етиб келганларида, урғочи туяларини бир оз тезроқ юришга ундадилар. Сўнг ўрта сўқмоқ билан дарахт ёнидаги энг катта тош устун - Жамратул-Ақоба томон юрдилар ва унга еттита тошча отдилар. Ҳар сафар тошча отганларида «Аллоҳу Акбар!» деб айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам водий ёнбағридан отган тошчалар майда тошчалар эди. Шундан сўнг у киши қурбонлик қилиш учун мўлжалланган жойга бориб, ўз қўллари билан 63 та туяни сўйдилар. Туяларнинг қолгани уларга қурбонлик келтиришда шерик бўлган Али томонидан сўйилди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир туянинг гўштидан бир бўлак олиб, уни пиширишни буюрдилар. Таом тайёр бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Али унинг озгина гўштидан едилар ҳамда озгина шўрвасидан ичдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам урғочи туяларини миндилар ва Тавофул-Ифодани бажо қилиш учун Байтуллоҳ томон кетдилар. Маккада пешин намозига имомлик қилдилар, сўнг одамларга ичиш учун Замзам сувидан улашаётган ўз қавмлари Бану Абдул-Муттолиб олдига бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун ҳам сув сўрар эканлар, уларга шундай дедилар: «Агар мен одамларнинг менга эргашишликдаги иштиёқларидан қўрқмаганимда эди, ушбу сув улашиш хизматини сизлардан зўрлик билан тортиб олган бўлардим, шунингдек унинг сувини сиз билан бирга тортган бўлардим». Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир челак сув беришди. У зот сувдан ичиб қониқдилар».

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.