Admin   10-30-2009, 11:17 PM
#1
Ҳаж ва умра қандай адо этилади?


Биринчи: Поклик ибодатдир. Покланиш ҳам ўз-ўзидан яхши амал саналади. Боз устига Исломда бу диний мажбурият ҳамдир. Ҳожи эҳром кийишидан олдин тирноқларини олиши, мўйлабларини қисқартириши, танасидаги ортиқча тукларни олиб ташлаши ва ғусл қилиши лозим. Шундан сўнг ҳожи ҳаж либосини кийиб, эҳром ҳолатига киради ва «мийқот» номи билан танилган махсус белгиланган жойларнинг биридан ҳажга ният қилади.
Масжидул-Ҳаром томон борар экан, ҳожи овозини чиқариб: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк…», - дея талбия айтиб кетади. Ҳожи сафари давомида талбияни тез-тез такрорлаб туриши керак.
Ҳожи эҳром ҳолатига кирганда, ҳажнинг қайси турини адо этмоқчилигини ният қилиши лозим. Ҳажни қуйидаги уч хил турнинг бирини ният қилиш билан амалга оширишга киришилади:
• Ат-Таматтуъ нияти: Таматтуъни ният қилган ҳожи мийқотда эҳромга кираётганида, аввал умрани ният қилади, шундан сўнг Макка томон йўл олади. Умрани адо этганидан сўнг ҳожи эҳром ҳолатидан чиқади ва ҳаж бошланишини кутади. Ҳаж бошланганда ҳожи Маккада яна қайтадан эҳром ҳолатига кириб, ҳажни адо этишга киришади.
Quote:«Таматтуъ» сўзи баҳраманд бўлиш, деган маънони билдиради. Бу турли ҳажда ҳожи умра билан ҳаж ўртасида эҳромдан чиқиб, то ҳаж вақти киргунча баъзи дунёвий имтиёзлардан баҳраманд бўлиб юради.
• Ал-Қирон нияти: Бунда ҳожи мийқотда умра ва ҳажни баб-баравар адо этиш нияти билан эҳромга киради. Бу ҳолда у Маккага киргач, даставвал умрани адо этади. Шундан сўнг то ҳажни ҳам охиригача адо этмагунича эҳром ҳолатида қолиши керак бўлади.
Quote: «Қирон» дегани яқинлаштирмоқ, бирга қилмоқ деган маънода бўлиб, ҳожи ҳаж билан умрани бир-бирига қўшиб олиб боргани учун бу амални «қирон» дейилади.
• Ал-Ифрод нияти: Ҳожи мийқотда фақат ҳажнинг ўзини адо этиш нияти билан эҳромга киради.
Quote: «Ифрод» деган сўз яккалаш маъносидадир. Ҳожи фарз ҳажнинг якка ўзини бажо қилгани учун бу турдаги ибодат «ифрод» деб аталган.
Иккинчи: Ҳожи «Ат-Таматтуъ» ёки «Ал-Қирон»ни ният қилган бўлса, Маккага етгач, энг биринчи умрани адо этиши керак бўлади. Умра қуйидагича адо этилади:
Ҳожи Каъбанинг «Қора тош» ўрнатилган бурчагидан бошлаб, Каъбани етти марта айланиб чиқади. Бу «тавоф» деб номланади. Шундан сўнг у Мақоми Иброҳимда 2 ракаат намоз ўқийди. Намоз ўқиб бўлгандан кейин Замзам сувидан бир оз ичиш суннат амали ҳисобланади. Шундан сўнг ҳожи Сафо ва Марва тепаликлари томон қараб кетади ва улар орасида етти марта саъй килади. Агар ҳожи «Ат-Таматтуъ» қилаётган бўлса, саъй амалини тугатиб бўлибоқ сочини олдириб (ёки ҳамма томонидан бир хилда қисқартириб), эҳромдан чиқиб туради. «Ал-Қирон» қилаётган ҳожи эса эҳром ҳолатида қолаверади.
«Ифрод» қилувчи ҳожи ҳам Маккага эҳром кийган ҳолатича киради. У ҳам Каъбанинг атрофида айланиб, тавоф қилади. Бироқ буни умранинг бир қисми сифатида эмас, балки Масжидул-Ҳаромга салом (ҳурмат) тарзида амалга оширади.
Учинчи: Зулҳижжа ойининг 8-куни. Бу куни ҳажнинг асосий амаллари бошланади. Ҳожи эҳром ҳолатида Мино томон йўл олади. Бу кун «Явмут-тарвияҳ» деб номланади. Ҳожи Минода бутун кундуз ва кечани ибодат билан ўтказиб, ўзини Арафотга чиқишга тайёрлайди. У пешин ва аср намозларини қаср килиб, 2 ракаатдан ўқийди. Шом намозини одатдагидек 3 ракаат, хуфтон намозини эса яна қаср қилиб, 2 ракаат қилиб ўқийди.
Тўртинчи: Зулҳижжа ойининг 9-куни. Ушбу кун бутун оламда «Арафа» деган ном билан машҳур бўлган муқаддас кундир. Бу кунни ҳажда «Явмул-вуқуф», яъни «туриш куни» деб номланади. Арафа куни ҳажнинг энг асосий рукни - Вуқуфи Арафот адо этилади. Шу куни ҳожи бомдод намозини Минода ўқийди. Қуёш чиққач, Арафот водийси томон йўл олади. Арафотга у туш вақтида кириб келиши лозим. У ерга келганидан сўнг ҳожи тез-тез талбия айтишда давом этади ҳамда ўзини Аллоҳга дуолар қилишга бағишлайди. У Арафот ҳудудининг ичидалигига ишончи комил бўлиши керак. Ҳожи Арафот водийсида бўлганда, пешин билан аср намозларини қаср ва жамъ қилиб пешин намози вақтида ўқийди. Ҳар бир мусулмон ҳожи бу ноёб ва қимматли лаҳзаларни ниҳоятда ғанимат билиши ва бу соатларни Аллоҳга кўп дуо-илтижолар, ибодату тиловатлар билан ўтказмоғи даркор. Кечқурун қуёш ботгач, ҳожи Арафот майдони ва Мино оралиғида жойлашган Муздалифа томон йўл олади. Ҳожи шом намозига хуфтон намозини қаср қилган ҳолда қўшиб, Муздалифада жамъ қилиб ўқийди. Шундан сўнг у тунни Муздалифада дам олиш ва намозлар ўқиш билан ўтказади.
Бешинчи: Зулҳижжа ойининг 10-куни. Бу кун бутун дунё мусулмонлари ўртасида Ийдул-Азҳо (Қурбонлик байрами) деб ном олган. Уни яна «Явмун-Наҳр», яъни «Қурбонлик куни» деб ҳам аташади. Бомдод намозидан сўнг - ҳали қуёш чиқмасидан туриб, ҳожи Муздалифани тарк этади ва Мино томон йўл олади.
Минога етиб келиши билан у Жамротул-Ақоба номли тош устун олдига боради. Бу Минода жойлашган учта устуннинг энг каттасидир. Ҳожи етти дона майда тошчаларни олиб, ўша устунга қарата отади. Ҳар бир тошчани отаётганда «Аллоҳу Акбар!» дейди. Агар у ҳажни «Ат-Таматтуъ» ёки «Ал-Қирон» нияти билан адо этаётган бўлса, қурбонлик учун мўлжалланган ҳайвонни қурбон қилиши лозим бўлади. Фақат ҳажнинг ўзини, яъни «Ал-Ифрод»ни ният қилган одам эса бундай қилиши шарт эмас. Мана шу ўринда барча ҳожилар эҳром ҳолатидан чиқадилар ва сочларини калталатадилар ёки таги билан қириб ташлайдилар.
Шундан сўнг ҳожи Маккага қайтади ва Каъбани етти марта айланиб, тавоф қилади. Бу тавофнинг номи «Тавофул-Ифода»дир. Шундан сўнг у Сафо билан Марва орасини етти марта айланиб чиқиши керак. Ушбу маросимларни бажариб бўлганидан сўнг ҳожи Минога қайтиб, ўша ерда кечанинг қолган қисмини ўтказиши лозим.
Олтинчи: Зулҳижжанинг 11, 12, 13-кунлари. Бу кунлар араб тилида «Айямут-Ташриқ», яъни «гўшт қотириш кунлари» деб аталади.
Ҳожи шу 3 кун давомида Минода бўлади. Ҳар куни пешин намозидан сўнг у учта тош устуннинг ҳар бирига еттитадан кичик тошчалар отади. Аввал «Ас-Суғро» деб номланувчи кичик тош устунга, сўнг «Ал-Вусто» деб аталувчи ўрта тош устунга ва ниҳоят Жамротул-Ақоба деб номланувчи энг катта тош устунга тошчалар отади. Ҳар гал тошни отаётганда, баланд овоз билан «Аллоҳу Акбар!» дейди. Тошчалар Минонинг исталган еридан терилиши мумкин. Кичик ва ўрта устунларга тошчаларни отиб бўлгандан сўнг ҳожи Аллоҳга дуо қилади.
Ҳожи тошчаларни отиб бўлганидан сўнг Зулҳижжанинг ўн иккинчи куни Минони тарк этиши мумкин. Бунга рухсат бор. Лекин шундай бўлса-да, ўн учинчи куни ҳам Минода қолиб, жамаротларга (тош устунларга) яна бир бора тошчаларни отишлик у учун яхшироқ ва фойдалироқдир.
Эслатма: Зулҳижжанинг ўн иккинчи куни Минони тарк этишни истаган ҳожилар буни қуёш ботишидан илгари қилишлари шарт.
Ҳажнинг якуни: Ҳожи Маккани тарк этишидан олдин Каъба атрофида «Тавофул-вадоъ» деб аталмиш видолашув тавофини адо этади.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.