Admin   05-28-2012, 08:51 PM
#1
Сиёсий ишлар билан ким шуғулланади? Ва қачон?

Ҳозирги вақтда сиёсий амалиётлар олиб бориш кераксиз нарса билан шуғулланишдир! Шу билан бирга биз буни (умуман) инкор ҳам қилмаймиз. Бироқ биз бир вақтнинг ўзида (ҳамма тешикка кириб чиқмасдан) шариат кўрсатган кетма-кетликка риоя қилиш лозим деб иймон келтирганмиз. Биз ишни авваламбор ақидада кейин эса ибодатда сўнгра ахлоқ-одобда ўнглаш ва тарбия қилиш жиҳатидан бошлаймиз. Албатта бир кун келиб ўзининг шаръий тушунчасига эга бўлган сиёсий босқичга ҳам кирамиз. Чунки сиёсатнинг маъноси: уммат ишини идора қилиб бориш (бошқариш). Хоп энди уммат ишини ким бошқаради? Қандайдир бир партияга асос солган ёки қандайдир бир ҳаракатга бошчилик қиладиган ё бўлмаса бирор жамоатни кетидан эргаштириб юрадиган фалончию-пистончилар эмас!! Балки бу мусулмонлар томонидан байъат берилган валийюл амрга хос бўлган ишдир. Ана ўша одамга воқеликдаги сиёсатни билиши ва уни бошқариши вожиб бўлади. Энди мусулмонлар – бизнинг бугунги ҳолатимизга ўхшаб – (ақида ва манҳажда) бирлашмаган бўлсалар, ҳар бир валийюл амр ўзининг бошқаруви миқёсидан келиб чиқиб иш бошқараверади. Бироқ ўзимизни бундай ишлар билан машғул қилишимиз, келинг майли сиёсатга боғлиқ маълумотларни тўлақонли билдик ҳам дейлик, бироқ бу билишимиз бизга ҳеч қандай наф бермайди. Чунки биз умматни бошқариш имкониятига эга эмасмиз. Ва биз умматни идора қилишда қарор қабул қилишга молик эмасмиз. Демак, бу ишни ўзи (сиёсий маълумотларни қўлга киритишга муккасидан кетиш) фойдаси йўқ бўлган беҳуда ишдир. Мисол тариқасида кўплаб ислом диёрларида мусулмонларга қарши бошланган урушларни олайлик. Ўша урушларни ёдга олиб мусулмонларнинг эҳтиросини қўзғашимиздан фойда бормикин?! Ҳолатимиз эса – байъат берилган масъул ҳукмдор бошқаруви остидаги вожиб бўлган жиҳодга эга бўлмасак. Демак, бу ишдан (мусулмонларни қийналаётганини ёдга олиб одамларни эҳтиросини қўзғашдан) бирор фойда йўқ. Биз бу вожиб эмас демоқчи эмасмиз! Бироқ биз айтадиган гапимиз: бўлди, ғишт қолипдан кўчиб бўлди. Шу сабабдан бизга вожиб бўладиган иш, ўзимизга ва даъватимиз етиб борганда лаббай деб ижобат қилганларга саҳиҳ исломни тушунтириш ва саҳиҳ тарбияда тарбияламоғимиздир. Аммо уларнинг ҳиссиётлари ва ички кечилмаларини қўзғашга келсак, ақида, ибодат, ахлоқ-одобни тўғирлаш каби мусулмонларнинг ҳар бир мукаллафига адо этиши вожиб бўладиган иш бўлмиш даъватни тушуниб етишга имконият ҳосил қилишдан буриб юборадиган ишлардандир. (Бу биз юқорида айтиб ўтганларимиз) Нуқсонга йўл қўювчига узр йўқ бўлган фарзи айн ишлардандир. Бошқа ишларга келадиган бўлсак, уларнинг баъзилари фарзи кифоя бўлган ишлар жумласидандир. Мисол учун бугунги кунда «фиқҳул вақеъ» (воқеликка тўғри баҳо бериб, тушуна билиш) деб номланаётган масала ҳамда амалий суратда фойда беришлари мумкин бўлган маслаҳат кенгаши аъзолари зиммасида бўлган сиёсий ишларга киришиш масаласи. Аммо бундай масалаларни маслаҳат кенгашининг яқинига ҳам бормаган баъзи шахслар билиб олишлари ва кўпчилик инсонларни муҳим иш туриб бошқа нарса билан машғул қилишлари, бу уларни саҳиҳ маърифатдан буришдир! Бу ҳолат бугунги кунда кўплаб исломий партиялар ва жамоатларнинг манҳажларида (кўзимиз билан кўриб турган эмас, балки) қўлимиз билан ушлаб-билган бир ҳолатдир. Бу ҳолатни биз ўша даъватчиларнинг баъзилари, ўзларининг атрофида саҳиҳ ақида ва ибодат, ҳамда соғлом ахлоқ-одобни тушунай ва ўрганай деб жамланган ва тўпланган мусулмон ёш-йигитларга таълим беришдан бўйин товлаётганидан билиб оламиз. Ушбу даъватчиларнинг баъзилари сиёсатга бош суқиш ва Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан иш юритмайдиган парламентларга кириб қолиш учун уринишлар олиб бориш билан шуғулланадилар! Бундай ҳаракатлар уларни энг муҳим ишдан буриб юборди ва ҳозирги ҳолатда муҳим бўлмаган иш билан шуғулланиб юришларига олиб келди.

Admin   05-28-2012, 09:01 PM
#2
Cиёсатга киришиш

Савол: Бугунги кунда Ислом йўналишига кўра сиёсат қай даражада бош қотириши керак?
Жавоб: Сиёсатдан мурод – умматни бошқариш. Воқелик шундан иборатки, сиёсат умматдаги бир одамнинг ишларидан эмас, балки мусулмон давлатининг вазифаларидандир, агар, биз юқорида айтганимиздек, сиёсатнинг мақсади тўғрилаш учун умматни бошқариш ва уларнинг ташвишлари (уларга тегишли бўлган ишлар)ни юритиш бўлса. Сиёсатдан мақсад шу бўлса, бу фарзи кифоя бўлади. Лекин бу давлат ёки ҳукумат бошқарувида бўлмаган одамлар учун эмас, бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган одамлар учун ҳам эмас.
Мусулмонларнинг ишларидан огоҳ бўлиш ва заифликлари ҳақида (хабар топиб) бундай натижадан эҳтиёт бўлиш учун хабарларни олишга келсак, биз айтамизки, бу тасфия (поклаш, тозалаш) ва тарбия ишларидандир, яъни Исломни унинг ичига кириб кетган нарсалардан тозалаш ҳамда мусулмонларни ўқитиш ва соф Исломда тарбиялашга эътиборни қаратишдир. Шундай қилиб, мусулмонларга тегишли бўлган бу умумий ҳолатларни билиш бир араб шоири саҳиҳ ҳадисдаги маънони ифодалагандек:
Ёмонликни ўрганмадим ёмонлик учун,
Балки ўргандим ундан четда бўлиш учун.
Яхшиликни қориштириб юборса ёмонликка,
Киши, шубҳасиз, қулаб кетур унга.
Бу (маъно) ҳадисдан, яъни “Саҳиҳул-Бухорий” ва “Саҳиҳул-Муслим”ларда Ҳузайфа ибн ал-Ямоний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдан олинган. У киши, розияллоҳу анҳу, айтдилар: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшилик ҳақида сўрашарди, мен эса ёмонлик менга етиб қолишидан қўрқиб у (ёмонлик) ҳақида сўрардим”. Шунинг учун мусулмонларнинг хорликлари ва заифликлари ҳақида уларни огоҳ қилиб уларни бундан буриб илм, куч ва қудрат воситаларини ишлатишга (йўналтириш), бу кўпгина фарзлар ичидаги фарздир.
Янгиликлар, жанглар ва ғарб сиёсати ҳақидаги хабарларни олишга келсак, у: “Бир нарсани билиш, ундан бехабар бўлишдан кўра яхшироқ” деган нуқтаи назарга киради. Бу биз тарк қилаётган нарса эмас. Бироқ, шу билан бир вақтда биз бунга қаттиқ киришиб кетиб унга муккасидан кетмаслигимиз лозим. Бунга сабаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманнинг янгиликларини батафсил билиш миқёсини саҳобаларга ақидавий масалаларни ўргатиб уларни Аллоҳнинг буйруқлари узра тарбия қилишларининг миқёси каби қилмадилар. Бу (айтилган сўзлар) сиёсатнинг юқорида келтирилган икки жиҳати асосида унга нисбатан бизнинг эътиқодимиз бўлади.

Admin   08-08-2015, 01:21 PM
#3

Муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳ дедилар: «Насиҳатим шуки, даъватда бардавом бўлинглар. ва сиёсатдан йироқ бўлинглар. Бу сизлар учун яхшироқ ва боқийроқдир» («Силсила Ҳуда ва Нур» (1/94)).
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.