Pages (2): 1 2   
Admin   10-17-2009, 09:55 AM
#1
Ийсо алайҳиссаломнинг Қуръондаги тавсифи

Савол: Бизга, яқинда Ирландиянинг Дублин шаҳрида Муҳаммад Асад қаламига мансуб «Қуръон Карим таржимаси» асарининг нашр қилиниши, бу китобни нашр қилиш учун уламолардан ҳайъат тузилгани, ушбу ҳайъат ичида ҳиндистонлик олимлар ҳам борлигининг хабари етиб келди.
Quote:Муҳаммад Асад — асл исми шарифи Леопольд Вайс (1900 — 1991), Львовдаги яҳудий оилалардан бирида таваллуд топган. Бир неча марта Берлинга борган ва илмий фаолиятини шарқшуносликдан бошлаган. Шарқдаги динлар, хусусан, Ислом дини соҳасида олиб борган илмий тадқиқотлари ҳамда мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётларига шоҳид бўлиб, ижобий самаралар олиши натижасида мусулмон бўлган ва бир неча илмий асарлар ташлаб кетган. Ҳаётининг охирги дамларида Испанияда яшаган (Мутаржим иловаси).
Муҳаммад Асад, ўзининг ушбу таржимасида Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо алайҳиссаломнинг вафот этгани ва мусулмонларнинг Ийсо алайҳиссаломнинг қайта Ер юзига нозил бўлиши ҳақидаги эътиқодлари хато эканини иддао қилган. Шу муносабат билан сизларга бир савол билан мурожаат қилмоқчиман: Қуръон ва суннат шарифага мувофиқ Ийсо алайҳиссаломнинг тавсифлари қандай? (Шуни айтиб берсангиз?).
Жавоб: Аллоҳ таоло пайғамбари Ийсо соллаллоҳу алайҳи ва салламни онадан, отасиз яратди. Буни Аллоҳ таоло шундай тасвирлаган:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ушбу Китобда (яъни Қуръонда) Марямни зикр қилинг: У ўз аҳли-оиласидан четга – кун чиқар томонга бориб, улардан беркиниб олган пайтида, Биз унга ўз руҳимиз - (яъни Жаброил)ни юбордик. Бас у (Марямга) бус-бутун (рўй-рост) одам бўлиб кўринди. (Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни Аллоҳга) сиғиниб, сендан паноҳ беришни илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин),» деди. (Жаброил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос». (Марям) деди: «Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!» (Жаброил) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир». Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди. Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач), деди: «Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди».
Quote:Изоҳ: Биби Марям ўша фурсат очиққан, чанқаган ва ниҳоятда қийналган эдилар. Сув йўқ, емиш йўқ, руҳлари тушкун эди.
Шунда
(хурмо дарахтининг) ортидан (Жаброил) нидо қилди: «Ғамгин бўлма, Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди. (Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар. Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзоддан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса) у ҳолда: «Мен Раҳмон йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман», дегин. Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда қавмига келганида улар: «Эй Марям, сен ҳеч ким қилмаган ишни қилдинг-ку!» (Марям: 16 – 27).
Оятлар Ийсо алайҳиссалом, Аллоҳнинг изни билан, онаси Марямдан дунёга келгани ҳамда Аллоҳнинг сўзи – калимаси экани, одамларга мўъжиза бўлиши учун отадан дунёга келмаганига, шунинг учун яҳудийлар Марям алайҳассаломни Ийсо алайҳиссаломни зинодан кўргани билан туҳмат қилганларини, бунга жавобан Аллоҳ таоло бешикда ётган (кичик) Ийсо алайҳиссаломни тилга киритиб онасининг бу ишдан пок эканини баён қилдирганига далолат қилган:
«Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда қавмига келганида улар: «Эй Марям, сен ҳеч ким қилмаган ишни қилдинг-ку! Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!» дедилар. Шунда (Марям оғиз очмасдан боласига) ишора қилди (яъни унинг ўзидан сўранглар, деди). Улар айтдилар: «Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!». (Шу пайт чақалоқ, яъни Ийсо тилга кириб) деди: «Мен Аллоҳнинг бандасидирман. У зот менга Китоб — Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди. Яна мени қаерда бўлсам, хайру-баракотли қилди ва модомики ҳаёт эканман, намозни (адо этишни) ва закотни (ато этишни) амр қилди. Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади. Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлур». Улар (яъни яҳудий ва насронийлар) шак-шубҳа қилаётган Ийсо бинни Марям (яъни унинг ҳақидаги Аллоҳнинг) Ҳақ сўзи мана шудир. Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас — У зот (бундай нуқсондан) покдир. У бирон ишни қилмоқни истаса фақат унга «Бўл», дер. Бас (ўша иш) бўлур» (Марям: 27 – 35).
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни бу мўъжиза билан унинг зоний отаси бўлишидан оқлади ва Ўзини эса фарзанди бўлишидан поклади. Демак, Ийсо алайҳиссалом – Аллоҳнинг боласи эмас.
Марям алайҳассалом ҳам ўзига бирон эркакнинг қўли тегмаганини айтди ва Аллоҳ унинг бу сўзида ростгўй эканини тасдиқлади.
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни Қуръоннинг бир неча жойида онасига нисбатлаб зикр қилди. Агар унинг отаси бўлса эди, Аллоҳнинг суннатида бўлгани каби, Ийсо алайҳиссаломни отасига нисбатлаб тилга олган бўлар эди. Бу ҳам юқорида зикр қилиб ўтилган оятлар каби, Ийсо алайҳиссаломнинг бир онадангина яратилганлиги ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари ва расули эканига далолат қилади.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Ийсо алайҳиссаломнинг Қуръондаги тавсифи
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 2190-1.


Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Admin   10-17-2009, 09:57 AM
#2
«Ийсо алайҳиссалом ўлган» – деб айтган одамнинг ҳукми нима?

Савол: «Ийсо алайҳиссалом ўлган» – деган одамнинг ҳукми нима?
Жавоб: Қуръон ва саҳиҳ суннатда Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг ўлдирилмагани ва унинг ўлмагани, балки уни Аллоҳ таоло ўз даргоҳига тирик ҳолатда кўтаргани, замона охирида унинг шу Уммат ичига адолатли ҳакам ўлароқ нозил бўлиши ворид бўлган. Шунинг учун ҳам «Ийсо ибн Марям алайҳисалом вафот этган ва у замона охирида нозил бўлмайди» – деб айтган Қуръон ва саҳиҳ суннатга хилоф гапни айтган ва катта хатога йўл қўйган бўлади. Унга бу хабарларни етказилиб, ҳужжат барпо қилинганидан кейин ҳам ўз фикрида мудом қолса, Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончига чиқаргани учун, унга кофирлик ҳукми берилади.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

«Ийсо алайҳиссалом ўлган» - деб айтган одамнинг ҳукми нима?
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 2190-2.


Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Admin   12-06-2009, 04:58 AM
#3
Ийсо алайҳиссалом қаерларда даъват қилган?

Савол: Ийсо алайҳиссаломнинг ўз даъватини Ҳиндистон, Афғонистон, Хитой ва Эронда ёйганига далолат қилган ҳужжатлар борми?

Жавоб: Аслида, бундай мавзуларда ақлга эмас, Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ суннатларига суянилади. Чунки масъала тарихий эмас, балки хабаргина, холос. Бундан ташқари, у, ровийларининг узлуксиз занжири бўлмагани учун ишонарли эмас. Шунинг учун ҳам бу ҳақда ёлғон-яшиқ гаплар кўпайди. Қуръон Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадисларида Ийсо алайҳиссаломнинг юқорида тилга олинган мамалакатларда даъват қилганини кўрсатадиган бирон далил борлигини биз кўрмадик.
Қуръон ва суннатда Ийсо алайҳиссаломнинг Исроил ўғилларига пайғамбар қилиб юборилгани ва У, уларга Аллоҳнинг пайғомини етказгани ҳақидаги хабарлар ворид бўлган. Яна шу нарса ҳам маълумки, масиҳий дини Ийсо алайҳиссаломни Аллоҳ Ўз даргоҳига кўтаргач, яҳудийлар томонидан хатарга юз тутди. Бу диннинг ёйилишида Византия империясининг ҳиссаси каттадир. Бу – тарихий масъала бўлиб, унинг фанлар учун ўта катта фойда келтириши кутилмайди.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Ийсо алайҳиссалом қаерларда даъват қилган?
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 2190-3.


Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Admin   12-06-2009, 05:11 AM
#4
Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг ўғлими?

Савол: Черков Қуръон оятлари ичида Ийсо алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг ўғли эканига ҳужжатлар келтириб, унга далил ўлароқ шундай деди: «Аллоҳ ўзи ёлғиз бўлганида бирлик шахсда:
«Менгина илоҳман ва Мендан ўзга илоҳ йўқ!» (Тоҳа: 14) – деди. Ийсо алайҳисааломни яратганидан кейин эса айрим оятларнинг услуби кўплик шахсга айланди. Бунга мисол ўлароқ ушбу оятлар бор:
«Дарҳақиқат, Зикрни Биз нозил қилганмиз» (Ҳижр: 9);
«Дарҳақиқат, Биз тирилтириб, Биз ўлдирамиз» (Қоф: 43).
Демак, Аллоҳингиз шу кўплик сифатидадир, яъни: «Аллоҳ, Ийсо алайҳиссалом ва Руҳул Қудсдир».
Биз шу кунларда муҳтарам шайх Абдурраҳмон ибн Увайн ва шайх Алий ибн Фаҳд ибн Ғайс билан кўришган эдик. Улар бу мавзуни сиз жанобларига етказиш ва бу ҳақда маълумот олишни тавсия этдилар.

Жавоб: Қуръоний услуб ва Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳақида хабар беришида буюкликни ифодалаб гоҳида бирлик, гоҳида кўплик шахсларни истеъмол қилиши, Ийсо алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг ўғли ёки илоҳ эканига далолат қилмайди. Бу, бир неча жиҳатдандир:
Биринчи жиҳат: Қуръондаги бирлик ва кўплик шахслар билан ифодалаш Аллоҳ таоло пайғамбари Ийсо алайҳиссалом ва унинг онаси Марям алайҳассаломни яратишдан минг йилча илгари ҳам, уларни яратганида ҳам, уларни яратганидан кейин ҳам келган. Услубнинг хилма-хиллигида Ийсо ва онаси алайҳимассаломларнинг борлигининг таъсири йўқдир. Чунки бу, қуйидаги нарсалардан маълум бўладиган иш сабаблидир. Аллоҳ таоло айтди:
«Маълумки, Биз инсонни — (Одамнинг асли) қора ботқоқдан бўлиб (одам) сурати берилгач, қуритилган лойдан яратганмиз. Жинни (яъни, Иблисни) эса (Одамдан) илгари оташ-оловдан яратган эдик» (Ҳижр: 26. 27);
«Эсланг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), фаришталарга Одамга таъзим қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйинсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари) Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларини дўст турурмисиз?! Улар сизларга душман-ку!» (Каҳф: 50).
Қуръоний услуб Ийсо алайҳиссалом яратилишидан илгари ҳам бор эди. Аллоҳ таоло айтди:
«Албатта, Биз Тавротни ҳидоят ва нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. Аллоҳга бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Аллоҳнинг китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар. Улар бу китоб устида гувоҳдирлар. Бас, (эй яҳудий уламолар), одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни қиймати оз нарсаларга алмаштирмангиз! Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир. Унда (яъни Тавротда) яҳудийларга жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш ва (яна бошқа барча) жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб ёзиб қўйдик. Энди ким уни (яъни қасосни) кечиб юборса, ўзи учун каффорат (яъни гуноҳларни ўчириб юборувчи) бўлур. Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир. Уларнинг изларидан ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи бўлган Ийсо бинни Марямни эргаштирдик ва унга ҳидоят ва нурни ўз ичига олган, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва тақводорлар учун ҳидоят, панд-насиҳат бўлган Инжилни бердик ҳамда «Инжил аҳли унда Аллоҳ нозил қилган нарсалар билан ҳукм қилсинлар», дедик. Кимда-ким Аллоҳ нозил этган дин билан ҳукм этмас экан, улар фосиқлардир. Сизга эса (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик» (Моида: 44 – 48);
«Дарҳақиқат Биз Нуҳни(: «Қавмингни уларга аламли азоб келиб қолишидан илгари огоҳлантиргин», деб) ўз қавмига пайғамбар қилиб юбордик» (Нуҳ: 1).
Аллоҳ таоло халили Иброҳим алайҳиссалом ҳақида шундай деди:
«Бас, қачонки (Иброҳим) улардан ва Улар Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларидан четлангач, Биз унга (фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини пайғамбар қилдик. Шунингдек, уларга Ўз фазлу-марҳаматимиздан инъом этдик ва улар учун рост, юксак - мақтовларни (барқарор) қилдик» (Марям: 49, 50).
Аллоҳ таоло Калимуллоҳ – Мусо алайҳиссалом ҳақида шундай деди:
«Биз унга Тур (тоғининг) томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик. Биз унга Ўз фазлу-марҳаматимиз билан пайғамбар бўлмиш оғаси Ҳорунни ҳадя этдик» (Марям: 52, 53).
Аллоҳ таоло айтди:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик» (Нисо: 163);
«Яна ўз номусини сақлаган аёлни (яъни Марямни эсланг). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Исога ҳомиладор бўлди) ва уни ҳамда ўғлини барча оламлар учун оят-ибрат қилдик» (Анбиё: 91);
«Аллоҳ айтган эди: «Эй Ийсо бинни Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни эсланг!» (Моида: 110).
Буларга ўхшаш кўплаб оятлар борки, Ийсо алайҳиссаломнинг яралиши, унга бўлган хитоб услуби ва унинг яралишидан олдинги хитоб услубларида бирлик ва кўплик шахсларда ворид бўлган. Бундан, услубнинг яралганидан сўнгра Ийсо алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг ўғли ва илоҳ эканига далил бўлиши учун ўзгармагани, балки иккинчи жиҳатдан маълум бўладиган иш учун ўзгаргани очиқ кўринмоқда.
Иккинчи жиҳат: Ифодадаги араб тили ва унинг услубларини яхши билган одам бирликнинг биринчи шахси бўлмиш (أنَا) «мен» (айри) ва (تُ) «мен» (ёпишган) олмоши гапираётган шахснинг ўзи ҳақидаги ифодани англатади. Аммо кўплик учинчи шахс (نَحْنُ) «биз» (айри) ва (نَا) «биз» ёпишган олмошини икки ёки ундан кўра кўпроқ шахс ёхуд ўз азамати ва буюклигини кўрсатиш учун буюк бўлган зот истеъмол қилади. Ифоданинг оқими, ҳолатнинг тақозоси ва гапга тааллуқли қариналар ўқувчи ва тингловчини мақсад сари йўллайди ва мақсадни белгилаб беради. Бунга хилоф қилган одам ё хабарлар етиб келмаган гумроҳ ёки ўз хоҳишига эргашиб, шубҳалантириш ва сўзларга бериладиган маъноларни ўзгартиришни қасд қилган ўжардир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло, жиноятчилар суймасалар ҳам, Ўз сўзлари билан ҳақиқатни рўёбга чиқаради. Буни учинчи жиҳат очиб беради.
Учинчи жиҳат: Қуръон Карим – оятлари мустаҳкам, олди ва ортидан ҳеч қандай ботил кела олмайдиган, Ҳакийм ва Хабардор Зот тарафидан оятлари баён қилинган ва Ҳакийм ва Ҳамийд Зот тарафидан нозил қилинган, оятлари бир-бирини изоҳлайдиган ва тасдиқлайдиган китобдир. Аллоҳ таоло Қуръон Карим ҳақида шундай дейди:
«(Мушриклар): «Раҳмоннинг боласи бор», дедилар. (Эй мушриклар), сизлар шундай оғир гап айтдингизки, Унинг (оғирлигидан) — Раҳмоннинг боласи бор, деган (гапнинг оғирлигидан) осмонлар ёрилиб, ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишга яқин бўлур. Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмасдир (яъни У зот болага муҳтож эмас). Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келур» (Марям: 88 – 93);
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У — Аллоҳ Бирдир. (Яъни Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У яккаю ёлғиздир). Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У азалий ва абадий зотдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир»» (Ихлос: 1 – 4);
«Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдаи яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди» (Оли Имрон: 59).
Қуръонга иймон келтирган одам Қуръон оятларини бирлаштириши, унинг оятларини далил қилмоқчи бўлган одам инсофли бўлиши, оятларнинг айримларини ҳужжат қилиб, бошқаларидан юз ўгирмаслиги, зулм, тажовуз мақсадида, худди ўтмишдошлари яҳудийлар Тавротга қилганлари каби, ботилни ривожлантириш учун оятларни бир-бирига қарши қўйиб, ҳақиқатни яширишга ҳаракат қилмаслиги керак. Аллоҳ таоло Тавротга нолойиқ муносабатда бўлган яҳудийларга дашном бериб шундай деган эди:
«Ё китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, Қиёмат Кунида эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмасдир» (Бақара: 85).
Шунинг учун ҳам, юқорида келтирилган ва қуйидаги оятларга биноан, Қуръондан далил олмоқчи бўлган одам Ийсо алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг ўғли ва Аллоҳ билан бирга илоҳ эканини инкор этиб, Аллоҳнинг ваҳдониятини исбот этиши керак:
««Аллоҳ — Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй бани Исроил, парвардигорим ва парвардигорин¬гиз бўлмиш Аллоҳга бандалик қилингиз!» — демишдир. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас. «Аллоҳ — Учтанинг (яъни Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир, деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўладилар» (Моида: 72, 73).
Бу ва бунга ўхшаш оятлар талайгинадир. Агар Қуръонга бундай ёндошмас эканлар, Қуръон билан ўйнашмасинлар. Акс ҳолда ўзлари шарманда бўлиб, улар устидан оқил инсонлар куладилар ва уларга: «Бу сенинг уйинг эмас, ноғорангни бошқа ерда чал!» мақоли муносиб бўлади.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг ўғлими?
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 9087-1.


Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Admin   12-06-2009, 05:14 AM
#5
Ийсо алайҳиссалом осилган эмасми?

Савол: Саййидимиз Ийсо алайҳиссалом ҳозир ҳақиқатан ҳам тирик ва учинчи осмондами? У осилмаганми? У иккинчи марта Ер юзига қайтадими? Агар қайтса пайғамбар бўлиб қайтадими ёки оддий инсон бўлибми?

Жавоб: Ийсо алайҳиссалом осилмаган ва қатл ҳам этилмаган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
«Ҳолбуки, улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос» (Нисо: 157).
Балки Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни ўз руҳи ва танаси билан осмонга кўтарди. Аллоҳ таоло айтди:
«Балки уни Аллоҳ ўз ҳузурига кўтаргандир» (Нисо: 158).
Ийсо алайҳиссалом замона охирида адолатли ҳакам бўлиб нозил бўлади, хочларни парчалаб, чўчқаларни қиради ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариати билан ҳукм қилади.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Ийсо алайҳиссалом осилган эмасми?
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 6257-3.


Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Admin   12-06-2009, 05:17 AM
#6
Мен Ийсо алайҳиссаломни Аллоҳ қутқарганига ишонган муслима қизман ...

Савол: Муҳтарам устоз! Мен издошларидан бири унинг каби кийиниб, унинг ўрнига осилиши билан Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни осилишдан қутқариб, Ўз даргоҳига кўтаргани, Қиёмат яқинлашгач у яна Ер юзига Аллоҳнинг лаънатига сазовор бўлган Дажжолни ўлдириш учун қайтишига ишонган эътиқоддаги муслима қизман. Бироқ яқинда Қоҳира Дорулфунуни Ислом Тарихи бўлимининг ўқитувчиси устоз Аҳмад Шилабийнинг «Динларни таққослаш ва шарқшунослик» номли китобида қуйидаги мазмундаги жумлаларни ўқиб қолдим: «Масиҳ алайҳиссалом (самога) кўтарилмаган. У душманларининг кўзларидан ғойиб бўлиб, бир жойда ўзининг табиий ажали билан ўлган ва оддий инсонлар каби дафн этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ийсо алайҳиссаломнинг замона охирида Масиҳуд Дажжолни ўлдириш учун нозил бўлиши ҳақидаги ҳадислари оҳод ҳадислар бўлиб, оҳод ҳадисларни эътиқодий масъалаларда асос қилиб олинмайди. Ийсо алайҳиссалом масъаласи эса эътиқодий масъаладир».
Мени ҳайратга солган нарса, муаллифнинг бу фикр – шайх Муроғий, шайх Шалтут, шаҳид Саййид Қутб ва бошқаларнинг фикри эканини айтиши эди. Тўғрисини айтсам, мен ҳақиқатни била олмай, иккиланиб қолдим. Сиздан сўрамоқчи бўлган нарсам шу: «Оҳод ҳадислар» нима дегани? Эътиқодий масъалаларда, гарчи Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг ҳадис тўпламларида нақл қилинган бўлса ҳам, устоз айтиб ўтганидек, оҳод ҳадисларга амал қилинмайдими? Мусулмон Ийсо алайҳиссалом ҳақида қандай эътиқодда бўлиши керак? Сўзимнинг охирида шуни айтмоқчиман: Даъват йўлида кўрсатаётган фидоийлигингиз ва жўмардлигингиз учун сиздан ўрганишга ҳаракат қилдим ва олдиндан раҳмат.

Жавоб: Аввало, ҳадислар икки қисмга бўлинади: мутавотир ва оҳод ҳадислар. Мутавотир ҳадислар – ёлғон гапиришлари ҳеч кутилмаган ва бутун ривоят силсиласи эшитиш ва шунга ўхшаш ҳис этиш билан тугалланган жамоат тарафидан ривоят қилинган ҳадислардир. Оҳод ҳадислар эса, мутавотир ҳадиснинг бирон шарти кўринмаган ҳадислардир. Мутавотир ҳадисларни эътиқод ва фуруъотларда ҳужжат қилинади. Масалан: Қуръон Карим. Оҳод ҳадисларни эса фруъотларда ижмоъ билан ҳужжат қилинади. Эътиқодий масъалаларда эса уламоларнинг икки қавлларидан бирига кўра ҳужжат қилинади. Энди, оҳод ҳадисларни эътиқод ва усул масъалаларида ҳужжат қилмаган одамнинг иши фикрига хилоф бўлади. Балки бунга заиф нарсаларни ҳужжат қилган бўлади.
Иккинчидан: Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги соғлом эътиқод – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик билан гувоҳ бўлган авлодларнинг энг яхшилари — салаф солиҳ этиқодидир. Яъни, Ийсо алайҳиссалом ўлдирилмаган, осилмаган ва ўлмаган. Балки уни Аллоҳ таоло ўз даргоҳига тирик ҳолатида руҳи ва танаси билан кўтарган. У, замона охирида Ер юзига қайта тушиб хочларни синдиради, чўчқаларни қиради ва одамларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариати билан Ислом динига чақиради. Бутун инсоният, жумладан, яҳудий ва христианларнинг барчаси унга иймон келтиради. Бу далиллар Қуръон Карим ва саҳиҳ суннатда ворид бўлгандир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Мен Ийсони Аллоҳ қутқарганига ишонган муслима қизман
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 6263.


Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзо: Абдуллоҳ ибн Қаъуд
Admin   12-06-2009, 05:20 AM
#7
Ийсо алайҳиссалом нега «Масиҳ» деб аталган?

Савол: Ийсо алайҳиссалом нега «Масиҳ» деб аталган?

Жавоб: Ийсо алайҳиссаломни «Масиҳ» (Силовчи) деб аталишининг сабаби, Ийсо алайҳиссалом бирон ногирон одамни силаса, у Аллоҳнинг изни билан тузалар эди. Айрим салаф уламолари Масиҳ деб аталишининг сабаби, Ийсо алайҳиссаломнинг Ислом динига даъват қилиб кўп жойларда юрганини, яъни, оёқлари Ерга текканини – Ерни силаган эканини, айтдилар. Бу икки маънога кўра (араб тилидаги) «Масиҳ» сўзи «силовчи» маъносидадир. Яна, Ийсо алайҳиссаломнинг Масиҳ деб аталишининг сабаби, унинг оёқ кафтларининг яссилигидир, деб ҳам айтилган. Бундан ташқари, Ийсо алайҳиссалом барака билан силанган ёки гуноҳлардан пок бўлган шунинг учун ҳам баракали бўлган, деб айтилган гаплар ҳам бор. Охирги икки қавлга кўра «Масиҳ» сўзи «силанган» маъносидадир. Тўғрироғи эса биринчи қавл (Ийсо алайҳиссаломнинг силовчи бўлиши)дир, валлоҳу аълам.
Нима бўлганида ҳам, бу масъала эътиқод ёки амалга тааллуқли масъала эмас. Унинг бу бобда оздир, кўпдир фойдаси йўқдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Ийсо алайҳиссалом нега «Масиҳ» деб аталган?
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 1621-6.


Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Admin   12-06-2009, 05:23 AM
#8
Ийсо алайҳиссалом янги пайғамбар бўлиб нозил бўладими?

Савол: Ийсо алайҳиссаломнинг (Ер юзига) қайтиши ҳақида саҳиҳ ҳадислар бор. Улар оҳод (ёлғиз ровий тарафидан ривоят қилинган) ҳадисларми ёки Қуръон Каримда Ийсо алайҳиссаломнинг қайтиши ҳақида очиқ оятлар борми? Агар у қайтса пайғамбар ёки расулдек қайтадими? Бизни қониқтирадиган бирон китобни айтиб ўтсангиз?

Жавоб: Аввало, Ийсо алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг даргоҳига тирик ҳолатида кўтарилганидан кейин Ер юзига қайта тушиши ҳақида, саҳиҳ ҳадислар нақл қилинган. Улар (бир киши тарафидан ривоят қилинган) оҳод ёки (кўплаб ишончли кишилар тарафидан ривоят қилинган) мутавотир ҳадислар бўлсин, уларни ҳужжат қилиш жоиздир.
Иккинчидан: Қуръон Каримда Ийсо алайҳиссаломнинг самога тирик ҳолатида кўтарилганидан кейин набий ва расул бўлиб нозил бўлиши ҳамда бу унинг кўтарилишидан олдинги пайғамбар ва расуллигининг давоми бўлиши, бироқ ўз динига эмас барча пайғамбар ва расуллар чорлаган Ислом асосларига чақириши, фуруъотларда эса охирги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатга даъват этиши ворид бўлган. Унинг самодан нозил бўлиши пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолати билан тугалланган пайғамбарлик силсиласига зид янги пайғамбарлик ва янги рисолат эмасдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Ийсо алайҳиссалом янги пайғамбар бўлиб нозил бўладими?
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 2982.


Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Admin   12-06-2009, 05:28 AM
#9
Ийсо алайҳиссаломнинг Ер юзига қайта тушишининг далили нима?

Савол: Агар Ийсо алайҳиссалом тирик бўлса замона охирида тушиб, одамлар ўртасида ҳукм қилиб, ҳукмида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динига эргашадиган бўлса, бунинг далили нима? «Ийсо алайҳиссалом замона охирида Ерга тушмайди ва одамлар ўртасида ҳукм қилмайди», деб гумон қилаётган одамга қандай жавоб беришимиз керак?

Жавоб: Ҳа, Ийсо ибн Марям алайҳимассалом замона охирида Ер юзига тушади ва одамлар ўртасида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатига эргашиб ҳукм қилади: хочларни парчалайди, чўчқаларни ўлдиради, жизъяни бекор қилади ва одамлардан Исломнигина қабул қилади. Унга ўлимидан илгари бутун аҳли китоб: христиан ва яҳудийлар иймон келтирадилар. Аллоҳ таоло айтди:
«Ҳар бир аҳли Китоб ўлими олдидан унга (яъни Ийсо алайҳиссаломга) албатта иймон келтирур. Қиёмат Кунида эса у буларнинг зарарига гувоҳ бўлур» (Нисо: 159).
Аллоҳ таоло, яҳудий ва христиан аҳли китобларнинг барчаси Ийсо алайҳиссаломга тез кунда ўлимидан илгари иймон келтиришларидан хабар берди. Бу эса, унинг замона охирида одил ҳакам ва Исломга чақирувчи бўлиб келганида рўй беради. Бунга Ийсо алайҳиссаломнинг тушишларини баён қилган ҳадис ҳам далолат қиладики, уни бир оз кейин келтирамиз. Бу маъно – аниқдир. Чунки гап яҳудийларнинг Ийсо алайҳиссаломга қарши тутган жабҳалари, Унга қилган қилмишларини ҳамда Аллоҳ таолонинг уни қутқаришдаги суннати ва душманларининг ҳийлаларини пучга чиқаргани ҳақида кетади. У ердаги жар (қаратқич келишик) ҳолатидаги икки олмошнинг гап кетишини риоя қилиш ва олмошлар боғланган исмни бирлаштириш нуқтаи назаридан Ийсо алайҳиссаломга қайтиши аниқдир. Мутавотирлик даражасига етган кўплаб ҳадисларда ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни самога кўтарган ва У (Ийсо алайҳиссалом) замона охирида Ер юзига адолатли ҳакам бўлиб қайта тушади ва Масиҳуд Дажжолни ўлдиради. Шайхулислом Ибн Таймийя (раҳимаҳуллоҳ) Ийсо алайҳиссаломни кўтарилиши ва замона охирида нозил бўлиши ҳақида турли йўллар билан ривоят қилинган ҳадисларни тилга олиб шундай деди: «Бу ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Усмон ибн Абу Ос, Абу Умомаҳ, Нувос ибн Самъон, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Мужаммеъ ибн Жория, Ҳузайфа ибн Усайд разияллоҳу анҳумлар тарафидан ривоят қилинган. У ҳадисларда Ийсо алайҳиссаломнинг нозил бўлиши ва нозил бўлиш жойи кўрсатиб ўтилган (Имом Бухорий 2109: Имом Муслим 155; Термизий 2233; Абу Довуд 4324; Ибн Можа 4078; Имом Аҳмад 2/538)».
Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадис ўшалардан биридир: «(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, тез кунда ичингизга Ибн Марям адолатли ҳакам бўлиб нозил бўлади ва чўчқаларни ўлдиради, жизъяни бекор қилади ва биров қабул қилмайдиган даражада молу мулк кўпайиб кетади» (– дедилар). Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: «Агар хоҳласангизлар ушбу оятни ўқинглар!», – деди» (Нисо: 159:
«Барча аҳли китоб унга (Ийсо алайҳиссаломга) ўлимидан илгари иймон келтиради»).
Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) ривоят қилган бошқа ҳадисда эса шундай дейилган: «Имомларингиз ўзингиздан бўлган бир пайтда, Ибн Марям ичингизга тушиб келса нима қиласиз?!» (Имом Муслим 155; Имом Аҳмад 2/336).
«Саҳиҳ» ҳадис тўпламида Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадиси келтирилган: «Умматимнинг бир гуруҳи Қиёмат куни ҳақиқат узра қолиб, жанг қилиб турадилар. Сўнгра Ийсо ибн Марям алайҳиссалом нозил бўлади. Уларнинг амири: «Келинг, бизга намоз ўқиб беринг!», – дейди. У: «Йўқ, сизлар Аллоҳнинг бу умматга марҳамати ўлароқ бир-бирингизга амирсизлар», – дейди» (Имом Муслим 156; Имом Аҳмад 3/384).
Демак, ҳадислар Ийсо алайҳиссаломнинг нозил бўлиши, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариати билан ҳукм қилиши, Ийсо алайҳиссалом намозда бу умматнинг имоми эканига далолат қилади. Бундан бошқа ҳадислар ҳам бўлиб, улар унинг бу умматга нозил бўлиш кунлари ҳақида шубҳага ўрин қўймайди. Бу ерда Ийсо алайҳиссаломнинг нозил бўлиши билан, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлиги билан пайғамбарлик ниҳоясига етгани ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ. Чунки, Ийсо алайҳиссалом янги шариатни олиб келмайди.
Аллоҳ аввалда ҳам, охирда ҳам ҳакамдир ва У хоҳлаган нарсасини қилади ва хоҳлаганидек ҳукм қилади. Унинг ҳукмига тўғаноқ йўқдир. У – Азиз ва Ҳаким зотдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Ийсо алайҳиссаломнинг Ер юзига қайта тушишининг далили нима?
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 1621-3, 4.


Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Admin   12-16-2009, 10:13 PM
#10
«Исо худо» деганлар кофирми?

Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ала Расулиллаҳ!
Аммо баъд:
«Исо худо» деганлар – кофирдир!
Аллоҳ таоло деди:
««Аллоҳ – Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсаларнинг кофир бўлганликлари аниқдир» (Моида: 17).
««Аллоҳ — Учтанинг (яъни Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир», деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўладилар» (Моида: 73).
«Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Насронийлар: «(Ийсо) Масиҳ Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Бу уларнинг оғизларидаги (ҳужжат-далилсиз) гапларидир. Уларнинг бу гаплари худди аввалги кофир бўлган кимсаларнинг гапига ўхшайди. Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а!» (Тавба: 30).
«Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Парвардигор деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У зот уларнинг ширкларидан покдир» (Тавба: 31).
Исо алайҳиссаломни Аллоҳ таъолога шерик қилиб худо ёхуд Аллоҳнинг ўғли деб эътиқод қилиш одамни диндан чиқариб, кофир қилади.
Аллоҳ таоло деди:
«Албатта аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган кофир кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар! Ана ўшалар энг ёмон махлуқдирлар» (Баййина: 6).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менинг жоним қўлида бўлган Зотга қасам ичиб айтаман-ки, мен ҳақимда эшитган бирон бир яҳудий ва насоро мен олиб келган нарсага иймон келтирмагунча дўзахдан қутулмас!» (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти эса севикли пайғамбарининг мазкур гапи учун гўёки муҳр кабидир:
«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имрон: 85).
Аллоҳ ягона ва беҳожат зотдир, У Ўзига бировнинг шерик қилинишига асло рози бўлмайди!
Аллоҳ таъоло пайғамбаримиз, унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавот ва саломлар йўлласин!

«Исо худо» деганлар кофирми?
Pages (2): 1 2   
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.