Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Ушбу масалада Аллоҳни Қуръон ва Суннатда келмаган исмлар билан номлашлик билан Унинг исмини таржима қилишлик ўртасини фарқлашлик лозим.
Аллоҳни Қуръон ва Суннатда асоси бўлмаган исмлар билан номлашлик жоиз эмас. Бу борада биродаримиз Абу Зайнаб қисқача маълумот келтириб ўтдилар.
Бироқ Аллоҳнинг исмларини бошқа тилларга зарурат юзасидан таржима қилишлик эса бошқа бир масала бўлиб, бундай қилишликни уломалар маълум шартлар асосида рухсат беришган.
Аллоҳнинг исмларини (ўзга тилларга) таржима қилишлик
Савол: Сизларга (қуйидагича) савол йўлламоқчиман. Дарҳақиқат, уламолар бизда айни шу масалада ихтилоф қилишди.
Биз Аллоҳнинг Китоби ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидан билганимиз шуки, Аллоҳ табарока ва таолонинг сифатлари тавқифий-(ижтоҳодга ўрин йўқ)дир. Шу сабабли Аллоҳ таоло Ўзининг Китоби ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилида исбот қилганини исбот қилиб, нафий қилганини нафий қиламиз ва Аллоҳ таоло сукут қилган нарсада биз ҳам сукут қиламиз.
Бирор кишига Аллоҳни Ўзининг исмидан бошқа исмлар билан номлашлиги жоизми? Мисол учун форс тилидагидек “Худо” ёки Пушту тилидагидек “Худоё” ёки инглиз тилидагидек “God” ва бошқа тиллардагидек. Аллоҳ таолони Китоб ва Суннатда ворид бўлмаган исмлар билан зикр қилган киши Аллоҳ табарока ва таоло айтганидек илҳодга қўл урган бўладими ёки йўқми?:
“Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик)
кимсаларни тарк қилинглар”. Баъзи уламолар ушбу исмларни жоиз дея, “Жаброил”ни далил сифатида ёдга оладилар ва “Ил” иброний тилида Аллоҳнинг исмидир. Иброний тилида исмни ўзгартиришлик жоиз экан, демак, бошқа тилларга ҳам (ўзгартиришлик) жоиз дейдилар. Ушбу таъвил яроқлими ёки йўқми? Аллоҳнинг исмларини араб тилидан ўзга тилларга ўзгартиришлик жоизми ёки йўқми? Бизга фойда улашсангиз, жазакумуллоҳу хойрон.
Жавоб: Таржимон иккала тилдан ҳам яхши хабардор бўлса, Аллоҳнинг исмларини араб тилини билмайдиганларга ўзларининг тилларида таржима қилишлик жоиздир. Худди уларга Қуръон оятлари ва Пайғамбар ҳадисларини динни тушунтириш учун таржима қилингани каби.
Тавфиқ Аллоҳдандир.
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга, оилалари ва саҳобаларига салавот-у саломлар йўлласин.
Аллоҳнинг исм ва сифатларини араб тилидан ўзга тилларга таржима қилишликнинг жоиз эканлиги қуйидаги шартлар билан қайдлаб қўйилган:
1. Таржимон ҳам араб тилидан, ҳам таржима қилаётган тилидан тўла хабардор бўлиши;
2. Нақл қилиш ва таржимада омонатдор бўлиши;
3. Шаръий илмдан хабардор бўлиши ва аҳли сунна вал жамоа ақидасида бўлиши. Акс ҳолда таржима мобайнида залолатга оғган, бузуқ эътиқодларни суқишидан хавотир олинади.
Ушбу буюк, муҳим ишни адо этишни кўнглига туккан мусулмон кишига, таржимага киришишдан олдин аҳли сунна вал жамоанинг Аллоҳнинг исм ва сифатлари маъносига оид асарларини кўпроқ ўқишлиги вожиб бўлади. Тоинки исм ва сифатларни тушунишликда хатога қўл урмай, ўзининг лойиқ бўлгудек маъносига таржима қилсин.
Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар:
“Муайян истилоҳда (сўзлашадиганларга) ўзларининг истилоҳларида хитоб қилишлик макруҳ эмас, агар бунга эҳтиёж сезилса ва маънолар саҳиҳ бўлса. Худди рум, форс ва турклардан иборат ажамларга ўзларининг тиллари ва урфларида хитоб қилингани каби. Ушбу иш ҳожат тушгани учун жоиз ва яхшидир. Имомлар буни ҳожат тушмаганда кариҳ кўрдилар...” (“Даръ таъаруз ал-ақл ваннақл” (1/43)).
Яна роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар:
“Исботда ҳам худди шундай. Унинг гўзал исмлари борки, Унга ўшалар ила дуо қилинади...
Агар киши ҳақ маънони исбот қилиб, ботил маънони нафий қилса ва хитоб қилинаётган кишига тушунтиришлик учун, чунки у хитоб қилинувчининг тилидир, буни таъбир қилиш-(ифодалаш)да бирор иборага муҳтож бўлса, ушбу иш қайтарилмагандир. Чунки бу Унинг исм ва оятларини ўзга тил эгалари Унинг Каломи ва Исмларининг маъносини тушуниши учун бошқа тилга таржима қилиш бобидан бўлади. Ва бу жоиздир. Балки гоҳида мустаҳаб, гоҳида эса вожиб бўлади... Агар уларга баён қилинаётган маънолар - Қуръон ва Суннат маънолари бўлса. Ушбу таржима хитоб қилинаётган кишига тушунтиришлик учун жоиз бўлиб, (бу борада) уламолар ўртасида бирор келишмовчилик йўқдир” (“Баян талбис ал-Жаҳмия” (2/389)).
Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин роҳимаҳуллоҳга қуйидагича савол йўлланди: “Аллоҳнинг гўзал исмларини ажнабий тилга таржима қилишлик жоизми?”
Шайх шундай деб жавоб бердилар:
“Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исмларини тушунтириш илинжида таржима қилишликда бирор зарар йўқ. Балки гоҳида вожиб ҳам бўлади. Зеро, араб тилини билмайдиган киши маънони тушунишга муҳтождир. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтдики: “Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни)
баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб)
юборганмиз” (Иброҳим: 4).
Буни тушунтиришлик учун таржима қилишликда бирор зарар-(монелик) йўқ.
Асосга айлантириб олишлик учун бўлса, яъни, ўзга тилни араб тилининг ўрнига қўйиш-(ишлатиш)лик учун, бу жоиз эмас. Чунки бу араб тилини ўчириш-(унуттириш)дир” (Икки ҳарам дарслари: “Дурус Масжид ан-Набавий” 62-шарит, Б томон).
Таржимон биродарларга таржимага киришишдан олдин қуйидаги китобларни ўқишликни тавсия қиламиз:
1. “Тафсир Асмаиллаҳи ал-Ҳусна” шайх Абдурроҳман ас-Саъдий (роҳимаҳуллоҳ) асари.
2. “Ал-Қоваъид ал-Мусла фий Сифатиллаҳи ва Асмаиҳи ал-Ҳусна” шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин роҳимаҳуллоҳ асари.
3. “Ан-Наҳж ал-Асма фий шарҳ Асмаиллаҳи ал-Ҳусна” шайх Муҳаммад Ҳамуд асари.
Бу борада қасам ичишлик ҳукмларини ҳам айтиб ўтишлик лозимдир. Батаҳқиқ, Аллоҳ таолонинг ҳар бир исм ва сифатлари ила (онт ичишлик билан) қасам (ҳукми) жорий бўлади, гарчи араб тилидан ўзга тилда бўлса-да. Кимда-ким ушбу сўзлар билан Роб азза ва жаллани қасд қилган ҳолда онт ичса, қасамига риоя қилишлик лозим бўлади. Ва агар қасамни бузса, каффорот лозим бўлади.
Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар:
“Қасам фақат Аллоҳ азза ва жалла билан ичилади. Ё У субҳанаҳунинг исмларидан бўлган бир исм билан ёки Аллоҳ таоло ҳақидагина хабар берилиб, Ундан ўзгаси ирода қилинмайдиган калималар билан. Мисол учун: “Муқаллибал қулуб” (Қалбларни ўзгартирувчи), “Ер ва ундаги бор нарсаларнинг эгаси”, “Нафсим Уни Қўлида бўлган Зотга қасамки”, “Оламларнинг Роббиси” ва шунга ўхшашлар. Ва бу барча тилларда бўлиши мумкин. Ёки Аллоҳ таолонинг илми, қудрати, иззати, қуввати, улуғлиги ва ҳужжат ила ворид бўлган барча нарса-(сифат)лар. Ана шулар билан киши онт ичса, қасам ичувчи бўлади. Қасамини бузса каффорот лозим бўлади” (“Муҳалло” (8/30)).
Ибнул Ҳаммам ал-Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар:
“У кишининг: “Гарчи форс тилида “Сукандамий хўрам бихудоё” (" سوكندمي خورم بخداي "), деса ҳам қасам ҳисобидадир”, сўзларига келсак, маъноси, шу тобта Аллоҳ(нинг номи) билан қасам ичаман (деганидир)” (“Фатҳул Қодир” (5/76)).
Қандай бўлганда ҳам, кимда-ким ушбу лафзлар билан оламларнинг Роббисини қасд қилса, батаҳқиқ, унга шаръий ҳукмлар жорий бўлади. Ўзининг тилида якка-ю ягона Роб азза ва жаллани қасд қилиб бирор лафз айтса, албатта, Аллоҳ азза ва жаллани ирода қиляпти дея эътибор қилинади.
Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар:
“Шунингдек, Роб субҳанаҳу араб тилида “Аллоҳ, Арроҳман, Арроҳим” дея, форс тилида “Худоё Бузрук” дея, турк тилида эса “سركوي” дея сифатланади. Ва У субҳанаҳу ягонадир. Унга далолат қилувчи номламалар эса кўпдир” (“Фатава ал-Кубро” (6/568)).
Бироқ мусулмон кишига ибодат, дуо ва бошқа ҳолатларида Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаққида “Аллоҳ” исмини ишлатишлиги лозим бўлади. Қандай бўлса шундайлигича. Ва бу мусулмонларнинг аломати ва уларнинг ажралмас сифатларига айланди. Ҳамда ушбу иши билан “God” лафзи ила мусулмонлар ирода қилгандаги маъно билан ўзгалар ирода қилган маъно чалкашиб кетишидан узоқ бўлади. Чунки бошқалар ушбу лафздан гоҳида Аллоҳни ирода қилсалар, кўп ҳолатларда Аллоҳдан ўзгасини ирода қиладилар.
Юқоридагиларнинг бари араб тилини билмайдиганлар ҳақида эди. Араб тилини биладиганлар эса дин ва (оят, ҳадис) шарҳларини тушунтиришда таржимадан фойдаланишлиги жоиз бўлади. Дуо ва қасам ичишда эса араб тили ва Китобу Суннатда келмаган исм ва сифатлардан узоқлашиши вожиб бўлади.
Валлоҳу Аълам.