Pages (3): 1 2 3   
Admin   10-11-2009, 11:28 AM
#1
Авлиёлар чақириқларни эшитишадими?

Савол: Солиҳ авлиёлар ўзларига дуо қилган одамларнинг чақириқларини эшитишадими? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳга қасамки, маййитларингиз бошмоқларингизнинг товушини эшитадилар!» – деб айтган ҳадисларининг маъноси нима? Бизга буларни тушунтириб берсангизлар?
Жавоб: Аслида, мурдалар солиҳ бўлсинлар ёки бўлмасинлар, инсонларнинг гапларини эшитмайдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, дунё-ю, охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас» (Фотир: 14);
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз қабрлардаги кимсаларга (яъни ўлик дилларига) эшиттира олгувчи эмасдирсиз» (Фотир: 22).
Лекин, Аллоҳ таоло гоҳида Ўзининг пайғамбарларидан бирининг сўзларини, Ўзи билган ҳикмат билан, ўликларга эшиттира олади. Зеро Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини Бадр жангида ҳалок бўлган кофирларга уларни хорлаш ва қийнаш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эса ҳурматлаш учун, эшиттирди. Ҳатто буни ишонмаган айрим саҳобаларига: «Мен уларга айтаётган нарсаларимни улардан кўра яхшироқ эшитмайсизлар. Шундай бўлсада, уларнинг жавоб қайтаришга кучлари йўқ» – дедилар (Имом Бухорий 2/101; Имом Аҳмад 1/27, 3/ 104, 182, 263, 287; Насоий 4/110).
Батафсилроқ маълумотлар олиш учун шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳнинг «ан-Нубувваат», «ат-Тавассул вал-Василаҳ» ва «ал-Фурқон» китобларига мурожаат этишингиз мумкин. У китобларда бу мавзулар етарлича кенг ёритилган.
Ўликнинг қабрга қўйилган пайтда дафн маросимида иштирок этган одамларнинг пойафзалларининг товушини эшитиши, нассларда келган хос эшиттиришдир. Юқорида айтиб ўтилганидек, ўликларнинг эшитмасликларига далолат қилган умумий далиллардан истисно ўлароқ буни зиёда қилиш жоиз эмас.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Авлиёлар чақириқларни эшитишадими?
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 9027 – 5.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Admin   10-11-2009, 07:56 PM
#2
Ўлик кимсалар тирикларга ёрдам бера олмайдилар

Савол: Али розияллоҳу анҳу (ёки бошқа бир кимса) бирон кишига (ўлимидан кейин) қийинчилик пайтларида ёрдам бера оладими?
Жавоб: Али қотилини ўзи билмаган ҳолида вафот этганлар ва ўзларини ўзлари ўша қотилдан сақлай олмаганлар. Шундай экан, ўзини ўзи ҳаётлик пайтида ўзининг қотилидан сақлай олмаган киши қандай қилиб бошқалар тушкунликка тушганда ёрдам бера олади? Агар кимда ким Али, розияллоҳу анҳуни ёки ҳар қандай ўлик бир кимсани яхшилик келтиришга қодир ва ёмонликлардан сақлашликка қодир деб эътиқод қилса, Мушрик бўлади. Чунки ғайбий ёрдам беришлик ва ёмонликлардан асрашлик фақат Аллоҳгагина хосдир (ва бу сифатга ҳеч ким, ким бўлишлигидан қатъий назар эга бўла олмайди). Шундай экан, агар бирон кимса бирор бир ўлик кимсани яхшилик келтиришликка қодир ва ёмонликларни қайтаришликка қодир деб эътиқод қилса ва ўша ўликнинг мададини сўраса, Аллоҳни қўйиб ўша ўликни худо қилиб олган бўлади (яъни Мушрик бўлади). Аллоҳ Таоло Ўзининг Каломида:
“Агар Аллоҳ сизларга бирон бир мусибатни ёғдирса, ҳеч ким уни (мусибатни) кетказа олмас. Ва агар у сизларга бирон бир яхшиликни хоҳласа, ҳеч ким Унинг Фазли Марҳаматини қайтара олмас. У (Аллоҳ яхшилик ва ёмонликни) хоҳлаган бандасига бергувчидир. Ва У (Аллоҳ) Кечиримли ва Раҳийм бўлган Зотдур” (Юнус: 107).

Admin   10-11-2009, 08:03 PM
#3
«Ўлим битта бўлса ҳам, сабаблари кўп» дейиш мумкинми?

Савол: «Ўлим битта бўлса ҳам, сабаблари кўп» дейиш мумкинми?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Ҳа, бундай деб айтиш жоиз ва иншааллоҳ бунинг зарари йўқ.
Тавфиқ Аллоҳдандир.
Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

«Ўлим битта бўлса ҳам, сабаблари кўп» дейиш жоизми?
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 7887 – 3


Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Admin   10-11-2009, 08:11 PM
#4
Фалончи доктор бўлмаса бемор ўлармиди?

Савол: Айрим одамларнинг: «Фалончи доктор бўлмаса бемор ўлар эди», «Учувчининг маҳорати бўлмаса учоқ ерга қулар эди» ва «Ўқитувчи бўлмаса ўқувчи имтиҳондан йиқилар эди» каби жумлаларни истеъмол қилишлари ҳақида шариатнинг ҳукми нима?
Жавоб: Бу жумлани мутлақ маънода истеъмол қилиш жоиз эмас. Чунки уларнинг ишларидан олдин Аллоҳнинг тақдири ва хоҳиши бордир. Аслида доктор ва ўқитувчининг ишларидан илгари Аллоҳнинг тақдири, яратиши ва хоҳиши борлигини ифодалаш учун «Аввало Аллоҳ, сўнгра фалончи бўлмаса эди» дейиш керак. Ибн Жарир раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг:
«Аллоҳнинг неъматини танийдилар, кейин эса уни инкор этадилар» (Наҳл: 83), ояти ҳақида Авн ибн Абдуллоҳ ибн Утба раҳимаҳуллоҳнинг ушбу гапини келтирди: Одамлар: «Фалончи бўлмаса эди бошимга фалон ва пистон мусибатлар келар эди», «Фалончи бўлмаса эди бошимга фалон ва пистон мусибатлар келмас эди» дейдилар. Бу жумла неъматларни, агар бўлмаса неъматлар ҳам бўлмайдиган, эгасига боғламасликни ва ўзига на фойда ва на зарар бериш қудратига эга бўлмаган махлуққа нисбатлашни ифодалайди. Гарчи улар сабаб бўлсаларда, сабаб ҳам яратишда мустақил эмасдир. Чунки Аллоҳ таологина унга сабабликни берган ва сабаб қилгандир. Агар Аллоҳ хоҳласа ундан бу сабабни олиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Айрим салаф уламолари баъзи одамларнинг: «Шамол яхши эсмаса ва эшкакчи маҳоратли бўлмаса эди» деган жумласини, сабабни махлуққа нисбатлаш ва сабабларни сабаб қилгувчи Зотни унутиш эканини айтганлар.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг:
«Аллоҳга тенгдош қилманглар!» (Бақара: 22), оятининг тафсирида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг: «Тенгдошлардан мақсад – ширкдир» деганини келтирган. Ширк қаторида эса «Анави ит бўлмаса эди уйимизга ўғри кирар эди», «Ўрдак бўлмаса эди ўғри келар эди» ва «Аллоҳ ва фалончи бўлмаса эди» жумлаларини зикр қилиб: «Бу ишларда фалончини тилга олма. Буларнинг барчаси ширкдир», – деди (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Шуларга биноан, гарчи барча нарсани Аллоҳнинг ўзигагина нисбатлаш яхшироқ бўлсада, «Доктор бўлмаса эди бемор ўлар эди» деган одамга: «Аввало Аллоҳ, кейин эса фалончи доктор бўлмаса эди», шунингдек «Аввало Аллоҳ, кейин эса учувчининг маҳорати бўлмаса эди», «Аввало Аллоҳ, кейин эса фалончи ўқитувчи бўлмаса эди» деб айтишни насиҳат қиламиз.

Admin   10-12-2009, 08:29 PM
#5
Қуддусдаги тош муааллақми?

Савол: Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Меърож кечасида самога кўтарилган пайтларида оёқ босиб турган қоя тошнинг Аллоҳнинг қудрати билан муаллақ эканини айтдилар. Аллоҳ устингиздан мукофотлар ёғдирсин, шу гап тўғрими?
Жавоб: Коинотдаги барча нарса у хоҳ самоларда ва самолар ўртасида, хоҳ ерда ва ерлар ўртасида бўлсин, жумладан, сўралаётган қоя тош бўлсин, ўз ўрнига Аллоҳнинг изни билан ўрнашгандир. Аллоҳ таоло айтди:
«Албатта Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки агар улар қуласалар, У зотдан сўнг (яъни Аллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас. Дарҳақиқат У ҳалим ва мағфиратли бўлган зотдир» (Фотир: 41);
«Унинг оятларидан (яна бири) – осмон ва ернинг У зотнинг амри билан (фазода муаллақ) туришидир» (Рум: 25).
Байтулмақдисдаги қоя тош ҳавода ҳар тарафдан муаллақ эмас. У бир тарафидан ўзи бир парчаси бўлган тоққа ёпишган. У тош ва у ёпишган тоғ ҳаммага маълум бўлган оддий коинавий сабаблар билан турадилар. Юқорида айтиб ўтганимиздек, барча мавжудот фазода Аллоҳнинг қудрати билангина туради. Ҳолбуки Аллоҳ таоло, юборган шариатига амал қилмаган Мусо алайҳиссаломнинг қавми устига Ўз қудрати билан Тур тоғини кўтарган эди ва у тоғ Аллоҳнинг қудрати билан кўтарилган эди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
«Эсланг (эй бани Исроил), Биз аҳду паймонингизни олгандик ва устингизда Тур тоғини кўтариб туриб, «Келтирган нарсамизни (Тавротни) маҳкам ушланг ва ундаги бор нарсани ёдингизда тутинг — шояд тақво эгаларидан бўлсангиз», дегандик» (Бақара: 63);
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), (Тур) тоғини кўчириб олиб, уларнинг устларида гўё бир соябондек кўтариб туриб, улар уни устларига қулаб тушади, деб гумон қилган ҳолларида: «Биз сизларга ато этган нарсани (Тавротни) маҳкам ушлангиз ва тақводор бўлишингиз учун ундаги оятларни ёдда тутингиз!» деган пайтимизни эсланг» (Аъроф: 171).
Бу оятларни келтиришдан мақсад, воқеъликни баён қилишдир. Байтулмақдисдаги қоя тош ҳавода муаллақ бўлиб, ҳар тарафидан тоғдан ажралиб турмайди, балки бир тарафи билан тоққа маҳкам ёпишиб туради.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Қуддусдаги тош муааллақми?
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 782-4.


Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Манийъ ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Admin   10-15-2009, 10:15 PM
#6
«Зиндиқ»нинг таърифи

Савол: Зиндиқлар бир тоифами ёки исм ва сифатлар бобида (аҳли суннат)га мухолиф бўлган кимсаларми? Аллоҳ сизга яхши мукофотлар берсин (тушунтириб берсангиз)?
Жавоб: «Зиндиқлар» кейинги даврда яшаган илм аҳллари қўйган ном бўлиб, унинг маъноси: «мунофиқ»дир. Мунофиқ, шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтганидек, куфрни пинҳон тутиб, иймонни кўрсатган одамдир. Уларни аввалги асрларда мунофиқ деб аталган бўлса, кейинги асрларда зиндиқ деб аталадиган бўлди.
Зиндиқ – куфрни пинҳон тутиб, иймонни кўрсатадиган мунофиқдир. Бироқ, зиндиқ сўзи Аллоҳнинг борлигини инкор этадиган даҳрийлар учун ҳам истеъмол қилинади. Яъни у, худосиз даҳрийдир. Бундан мақсад, мункир ва кофирдир. У – куфрни пинҳон, иймонни ошкор қилган одамдир. «Зиндиқ» сўзи, Аллоҳнинг борлигини инкор этган мункир учун ҳам истеъмол қилинади.

Admin   10-17-2009, 10:05 AM
#7
Ер етти қаватми?

Савол: Қуръон Каримда ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида Ернинг еттита экани ҳақида маълумот борми? Сўрашимнинг сабаби, бу ҳақида ўртамизда ихтилоф бўлиб қолди. Агар маълумот бўлса Қуръон Каримнинг қайси сурасида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайси ҳадисларида? Аллоҳ сизларни яхши мукофотлар билан тақдирласин!
Жавоб: Қуръон Каримда Аллоҳ таолонинг осмонни етти қават яратганидек Ерни ҳам етти қават яратгани ҳақида маълумот бор. Аллоҳ таоло айтди:
«Аллоҳ етти осмонни ва Ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни етти қават Ерни) яратган зотдир. (Аллоҳнинг) амри фармони уларнинг (яъни етти қават осмон ва етти қават Ернинг) ўртасига нозил бўлиб-тарқалиб турур. Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканлигини ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)» (Талоқ: 12).
Саҳиҳ ҳадисда ҳам Ернинг етти қават экани ривоят қилинган. Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар Саид ибн Зайд разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини нақл этдилар: «Ким бир қарич ерни зўравонлик билан ажратиб олса, Аллоҳ Қиёмат кунида ун(инг бўйни)га етти қават ерни осиб қўяди» (Имом Муслим 3020).
Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ида Оиша разияллоҳу анҳодан бу ҳақда марфуъ ҳадис ҳам нақл қилинган.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Ер етти қаватми?
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 8805.


Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Admin   10-17-2009, 10:21 AM
#8
Бир одам бошқа махлуққа ризқ бериб, ундан зарарни кетказа оладими?

Савол: Бир одам бошқа махлуққа ризқ бериб, ундан зарарни кетказа оладими?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Аллоҳгина – Раззоқ ва кучли қувват соҳибидир. У музтар одамнинг дуоларини қабул қилади, ёмонликларни кетказади, зарарни даф қилади. Аллоҳ таоло тирик инсонни, Ўз изни билан бошқа бир инсон учун ризқ топиши ва ундан зарарни кетказишига сабаб қилиши мумкин. Аммо у инсон, ўзича на ўзи ва на бошқасига зарар ва фойда беришга қодир эмасдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Admin   10-26-2009, 08:33 AM
#9
Ер сув устида жойлашганми?

Савол: Биз фарзандларимизнинг Аллоҳ таоло яратган махлуқотлар ҳақида тафаккур қилишларини хоҳлаймиз. (Айтингчи), сув устида турган Ерни, сувдан нима кўтариб туради? Болаларнинг айтишича, Ер етти қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватни маскан тутган махлуқлар бор. Уларнинг бизган айтган гаплари ичида шундай савол ҳам бор: Оловдан ҳам ҳарорати кучли бўлган сижжил Ер қаватларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло у ерга гуноҳкор ва кофирларнинг руҳларини қўр эмиш. Ҳорут ва Морут ҳам Ер юхида азобланаётган фаришталар эмиш. Аллоҳ устингиздан мукофотлар ёғдирсин, уларни нима билан азобланишини айтиб берсангиз?
Жавоб: Аввало, сув устида турадиган Ер йўқки, сиз у ҳақида савол берсангиз. Балки, Сувнинг устида ҳаво ва само бордир. Коинотдаги махлуқотларнинг бари бир-бирини маҳкам тутиб туради ва Аллоҳнинг қудрати билан Коинотдаги ўз ўрнини олгандир. Аллоҳ таоло айтди:
«Албатта Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки агар улар қуласалар, У зотдан сўнг (яъни Аллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас. Дарҳақиқат У ҳалим ва мағфиратли бўлган зотдир» (Фотир: 41).
Бу шаклда бир-бирини ўзаро тутиб туришлари Аллоҳ таоло коинотга қўйган сирлардан бири бўлиб, унинг Коинот ҳақидаги билимлар билан шуғулланган олимлар ва бошқалар биладиган ва Аллоҳ таоло яратиб қўйган сабаблари бор. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Алий разияллоҳу анҳунинг: «Одамларга билган нарсаларини гапиринглар. Наҳотки, Аллоҳ ва Расулининг ёлғончига чиқарилишини хоҳласанглар?!» – дегани риовят қилинган (Имом Бухорий 1/41. Муҳаммад Ўздемир нашри).
Иккинчидан: Аллоҳ таоло Ернинг етти қават эканидан хабар берди:
«Аллоҳ етти осмонни ва Ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни етти қават Ерни) яратган зотдир» (Талоқ: 12).
Ершунос олимлар ҳам ўз ижтиҳодлари билан Ернинг бир-бири устига жойлашган қаватлари борлиги ва бу қаватлар ўртасида ҳаво мавжудлиги ҳамда ҳар бир қаватда Аллоҳнинг махлуқотлари яшашига Аллоҳ таолонинг ушбу оятини далил қилдилар:
«(Аллоҳнинг) амри фармони уларнинг (яъни етти қават осмон ва етти қават Ернинг) ўртасига нозил бўлиб-тарқалиб турур. Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканлигини ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)» (Талоқ: 12).
Айрим ершунос олимлар эса ернинг бир-бирига ёпишган етти қават эканини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳақдисларини далил қилиб айтдилар: «Ким бир қарич ерни зўравонлик билан ажратиб олган бўлса, Аллоҳ ун(инг бўйни)га Қиёмат кунида етти қават ерни осиб қўяди» (Муттафақун алайҳ).
Учинчидан: «Сижжийн», биз Аллоҳ таоло Қуръонида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса суннатларида баён қилганидан ортиқча киришишимиз керак бўлмаган ғайб ишларидандир. Ҳолбуки Аллоҳ таоло:
«Йўқ, (бировларнинг ҳақларидан уриб қолишдан ҳазар қилинглар)! Чунки (бундай) фисқ-фужур қилгувчи кимсаларнинг номаи аъмоллари албатта Сижжийнда бўлар! (Эй Муаҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз Сижжийн нима эканини қаердан ҳам биласиз? (У) битилган китобдир» (Мутоффифун: 7,¬ 9).
Биз унинг борлигига ишонишимиз, шу айтлганларга ўзимизча бирон нарсани қўшиб олмаслигимиз керак. Акс ҳолда, Аллоҳ қуйидаги ояти билан таъқиқлаган ишни қилган бўламиз:
«(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма!» (Исроъ: 36).
Тўртинчидан: Ҳорут ва Морут фаришталардан бўлиб, Аллоҳ таоло улар билан бандаларини синамоқчи бўлди. Улар Аллоҳ таоло амр қилган ишларнигина қилдилар. Ва бу қилишлари билан юклатилган масъулиятни адо этишда Аллоҳ таолога итоатли ҳолда қолдилар. Аллоҳ таоло эса ўз бандаларини хоҳлаганидек синаб, имтиҳон қилиш ҳаққига эгаки, Унинг ҳукми ва шариатида рақиб йўқдир. Аллоҳ таоло айтди:
«Ва Сулаймон давридаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашадилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Ва Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашадилар. — Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар» (Бақара: 102).
Аммо Ҳорут ва Морутларнинг аввалда фаришта бўлиб, кейин инсонга айлантирилганлари ва Аллоҳга осий бўлганлари учун осмонга кўтарила олмаганлари, ҳозирги кунда бу дунёда азобланаётганлари ёки сочларидан осиб қўйилгани ҳақидаги гаплар каззоб ҳикоянависларнинг ифтироси, холос. Мусулмоннинг у гапларни қабул қилмаслиги, шунга ўхшаш ишончсиз ҳикоялар ёритилган китобларни, масалан, «Бадоиъуз зуҳур фий вақоъиид дуҳур» китобини ўқишдан йироқ бўлишлари лозим. Чунки бу ва бунга ўхшаш китоб муаллифлари шундай ифтироларни тўқимоқдалар. Валлоҳу аълам.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Ер сув устида жойлашганми?
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 782¬3.


Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Манийъ ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Admin   10-26-2009, 08:47 AM
#10
Катта гуноҳ қилган одамнинг ҳукми?

Савол: Аҳли суннат ва жамоат назарида катта гуноҳни қилган одамнинг ҳукми нима?
Жавоб: Ундай одам катта гуноҳни қилишга журъат этгани, уни мудом қилгани ва унинг хатарига лоқайд қарашани учун аҳли суннат назарида фосиқ ва иймони нуқсонли одам ҳисобланади. Шунинг учун ҳам унинг бошига қаттиқ азоб келиши, ҳатто кофир ва муртад бўлиб қолишидан хавф қиламиз. Чунки гуноҳлар – куфр даракчисидир. У бир пайдо бўлдими кўпайиб, қалбни ўз асоратига олади. Иймон заифлашиб, зино, маст қилувчи ичимликлар, қўшиқ, кибр, мусулмонлар ҳаққига ўғирлик, қотиллик, талон-тарожлик, туҳмат ва бошқа нарсалар билан тажовуз қилиш каби ҳаром нарсаларга интилиш кучаяди.
Гуноҳларни мудом қилиш қалб ва узвларнинг тоат-ибодат сари интилишига тўсқинлик қилади ва унга намоз ўқиш, садақа бериш ва бошқа ибодатларни қилиш оғир келади. Буларнинг диндан чиқишдан огоҳлантириш эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Шояд бу, ҳадисларда айрим катта гуноҳларга «куфр» сўзини ёки «иймонни йўқ қилиш» каби сўзларни истеъмол қилишдаги сир бўлса, ажаб эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Мусулмонни ҳақорат қилиш фосиқлик, уни ўлдириш эса куфрдир» (Имом Бухорий 46, 5584, 6549; Имом Муслим 97; Термизий 1906, 2559; Насоий 4036, 4038);
«Зоний мўъмин бўла туриб зино қилмайди» (Имом Бухорий 2295, 5150, 6274, 6284, 6312; Имом Муслим 86, 87; Термизий 2549; Насоий 4787, 4788, 4789).
Биз шундай деймиз: «У – иймони камайган ёки Аллоҳ, охират куни, илоҳий китоблар ва пағамбарларни тасдиқлаши билан мўъмин, бироқ гуноҳларни қилгани ва лоқайд қарагани учун фосиқдир».
Хаворижлар бу борада қаттиққўллик қилдилар ва гуноҳ қилган одамни кофир деб ҳисобладилар.
Мўътазилалар эса гуноҳ қилган одамни иймондан чиқарган бўлсаларда, куфрга қўшмадилар. Лекин гуноҳ қилган одам уларнинг фикрича жаҳаннамда мангу қолади.
Муржиалар эса гуноҳ қилган одамнинг иймони тўкис эканини айтиб: «Куфр билан амал фойда бермаганидек, иймон бўлса гуноҳ ҳам зарар қилмайди» – дедилар.
Аҳли суннат эса мўътадил йўлни тутиб, гуноҳ қилган одамни «У – фосиқ бўлиб, иши охиратда Аллоҳга ҳаволадир. Гарчи Аллоҳ жаҳаннамга киритса ҳам, шафоатчиларнинг ҳомийлиги ва раҳмлилар раҳмлиси бўлган Аллоҳнинг раҳмати билан уни қайта жаҳаннамдан чиқаради» – дедилар.

Pages (3): 1 2 3   
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.