Admin   07-15-2010, 10:27 PM
#1
Жунуб одамнинг оқмас-тўхтаб турган сувда ғусл қилишининг шариатдаги ҳукми нима?

Савол: Жунуб одамнинг оқмас-тўхтаб турган сувда ғусл қилишининг шариатдаги ҳукми нима? Шуни айтмоқчиманки, чўлларда ёзда ёки кузда сувлар келиб тўпланадиган ва масжидларда ҳам мавжуд бўлган чуқурлар бўлиб, улардаги сувларни ёмғир сувларигина ўзгартиради. «Жунублик ҳолида бировингиз тўхтаб турган сувда ғусл қилмасин!» деб айтилган ҳадисдаги наҳий-таъқиқнинг ва бу наҳийни қилган одамнинг ҳукми нима? Бундан ташқари, қишлоқ аҳолиси шу сувлар олдига келиб, лунгиларини бир-бирларининг авратларини кўрадиган даражада тиззаларидан юқорига кўтарадилар.

Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Сўнг...
Аввало, оқмас-тўхтаб турган сувда ғусл қилишга журъат этиш, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Имом Муслим ривоят қилган ҳадисга кўра, жоиз эмасдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бировингиз жунуб экан, тўхтаб турган сувда ғусл қилмасин!» – дедилар. – Ҳой Абу Ҳурайра, у қандай қилади?, деб сўралганида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: Ундан ҳовучлаб сув олади-да!, деб жавоб берди. (Имом Муслим, 1-ж., 163-бет, ал-Мактабул Исламий нашриёти); Насоий ривояти, 143-бет (Ҳалабий нашриёти); Ибн Можжа, ҳадис № 605).
Иккинчидан: Агар сувнинг миқдори қуллатайн – 160,5 литр ёки ундан кўп бўлиб, ундан жунубликдан ғусл қилинганида рангги ёки таъми ёки ҳиди ўзгармаса, ундан таҳорат ва ғусд қилиш жоиз бўлиб, ифлослик ва маънавий кирлик (жунублик)ни кетказиш учун салоҳиятли бўлади. Агар нажосат туфайли ўзгарса, бундай сувни ифлослик ва жунубликдан тозаланиш учун истеъмол қилиш умуман мумкин эмасдир. Бироқ, нажосатдан эмас, балки жунубликдан кетма-кет ғусл қилиш оқибатида ўзгарса, бундай сувнинг поклигида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Ихтилофдан чиқиш ва эҳтиёт нуқтаи назаридан бундай сувни истеъмол қилмаслик, афзалдир. Агар қуллатайн – 160,5 литрдан оз бўлиб, унга жунуб одам тушса ва жунубнинг баданидаги нажосат сабабли ўзгарса, бундай сувни ифлослик ва жунубликни кетказиш учун истеъмол қилиш дуруст эмасдир. Бу сув гарчи нажосатдан ўзгармаган бўлса ҳам, уни ифлослик ва жунубликдан тозаланишда истеъмол қилишнинг дурустлигида (уламолар ўртасида) ихтилоф бордир. Бошқа сув бўлса, бундай сувларни таҳоратда истеъмол қилишдан сақланиш эҳтиёт нуқтаи назаридан афзалдир.
Учинчидан: Одамларнинг чўл ва масжиддаги сув тўпланадиган жойларга тушиб жунубликдан ғусл қилиш одатлари жоиз бўлмай, уларга насиҳат қилиш зарур. Насиҳатни олсалар, алҳамдулиллаҳ, олмасалар раҳбарлар уларни бу ишдан қайтариш учун жазо чораларини кўришлари керак.
Тўртинчидан: Инсоннинг ўз авратини танҳо қолганида тўсиши Ислом одобларидан ҳисобланиб, ҳаё омилларидан биридир. Авратни хотини ва чўрисидан бошқа одам олдида тўсиш – фарз, очиш эса ҳаромдир. Авратга хотини ва чўрисидан бошқасининг заруратсиз қараши – ҳаромдир. Имом Муслим ва бошқалар Абу Саид разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Эркак киши (бошқа) эркакнинг авратига, хотин киши (бошқа) хотиннинг авратига боқмасин. Бир эркак (бошқа) эркакнинг, бир хотин (бошқа) хотиннинг олдига битта кийимда чиқмасин» - дедилар. (Қаранг: Имом Аҳмад ривояти, 3-ж., 63-бет; Имом Муслим ривояти, 1-ж., 183-бет (ал-Мактабул Исламий нашриёти); Термизий ривояти, 10-ж., 137-бет; Туҳфатул Ахузий (Мактабатул маъариф нашриёти)). Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Admin   11-22-2010, 07:38 AM
#2
Хотини билан қовушган одам ғусл қилишдан илгари сийиши керакми?

Савол: Дўстларимдан бири менга: «Мусулмон одам хотини билан жинсий алоқа қилса ғусл қилишдан илгари сийиб олиши керак, бўлмаса, жунублик ҳолатида қолади. Чунки, олат ичидаги маний қолдиқларини сийдикгина ҳайдаб чиқаради. Бизга буни бир мусулмон дўстимиз айтди» – деди. Сизнинг бу ҳақдаги фикрингиз қандай?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Сиймаса ҳам, ғусли ғусл бўлаверади. Ғусл қилганидан сўнг манийнинг ўзи ёки сийдик аралаш шаҳватсиз (лаззатсиз) чиқса, иккинчи марта ғусл қилиш фарз бўлмайди. Балки, истинжо ва машруъ таҳорат кифоя қилади.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Admin   02-21-2011, 12:40 PM
#3
Жунублик ғусли ҳайз ва нифос ғусли ўрнига ўтадими?

Савол: Жунублик ғусли жума учун ҳамда ҳайз ва нифос қонлари тўхтаганидан кейинги ғусл ўрнига ўтадими?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Бировга бир ёки бир неча омиллар сабабли ғусл қилиш фарз бўлган бўлса, унинг ғусл сабабларини кетказиш, намоз ва бошқа тавоф сингари ибодатлар учун ювинишни ният қилса кифоядир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амаллар ниятларга кўрадир. Ҳар бир киши учун ният қилган нарсаси бўлади» – деганлар (Имом Бухорий 1, Абу Довуд 1882).
Зеро, жума кунининг ғуслидан бўлган мақсад, ўша кунда рўй берган жунубликдан қилинган ғусл билан рўёбга чиқаверади.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Admin   07-09-2011, 08:53 PM
#4
Жунуб одам таҳорат қилишдан илгари ухласа бўладими?

Савол: Жунуб одам таҳорат қилишдан илгари ухласа бўладими?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Жунуб одамга таҳоратдан илгари ухласа гуноҳ бўлмайди. Бироқ, ухлашдан илгари таҳорат қилиб олиши афзалдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жунублик пайтларида ухлашдан илгари таҳорат қилар ва шундай қилишга буюрар эдилар.
Тавфиқ Аллоҳдандир.
Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Admin   07-09-2011, 09:26 PM
#5
Жинсий алоқадан сўнгра буюмларни ушлаш

Савол: Эр ва хотин, ўрталарида жинсий алоқа бўлганидан сўнг, ғусл қилишдан илгари, буюмларни ушлашлари мумкинми? Агар ушлашса ушланган нарсалар нажосат бўладими ёки йўқми?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Ҳа, жунуб одамнинг, хоҳ эркак, хоҳ хотин киши бўлсин, ғусл қилишдан илгари кийимлар, идиш-товоқлар ва шуларга ўхшаш буюмларни ушлашлари жоиздир. Чунки, жунуб одам нажас эмас ва у теккан нарсалар ҳам нажосат бўлмайди.
Шунингдек, ҳайз ва нифос қони келаётган аёллар ҳам бу қонлар сабабли нажас эмаслар. Уларнинг бадан ва терлари ҳамда улар теккан нарсалар ҳам нажас эмас (пок)дир. Фақатгина улардан келаётган қон, нажасдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.