Бир киши савол беради: Нега мусулмонлар бу байрамни нишонламайди?
Бу саволга бир неча жиҳатдан жавоб берамиз:
1. Ислом динида байрамлар Аллоҳ ва Расули тарафидан жорий қилинган бўлиб, ҳар қандай қўшимча ёки камайтиришдан ҳолидир. Байрамлар диний ибодатларнинг муҳим бўлаги саналиб, бу масалада ижтиҳод ва раъйларга ўрин берилмайди.
Аллоҳ таоло деди:
«Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик» (Моида: 48).
«Биз барча миллатга диний маросимлларни буюрганмиз - улар ўшанга амал қилгувчидирлар» (Ҳаж: 67).
Шайхул-ислом (Ибн Таймийя раҳматуллоҳи алайҳ) мазкур оят ҳақида дедилар: «Байрамлар – қибла, намоз ва рўза каби шариат арконлари, тўғри йўл ва диний маросимларнинг бир қисмидир. Кофирларнинг байрамларига шерик бўлиш билан бошқа маросимларига иштирок этиш орасида фарқ йўқ. Байрамга тўлиқ рози бўлиш, куфрга тўлиқ рози бўлиш, баъзи масалаларда рози бўлиш эса, куфрнинг баъзи кўринишларига рози бўлишдир. Динларни бир-биридан фарқлаб, ажратиб турувчи энг улкан шиорлар – байрамлар бўлиб, кимки уларни нишонласа, бас, у куфрнинг улкан шиорларини тасдиқлабди. Кофирлар билан бирга уларнинг байрамларида иштирок этиш баъзи ҳолатда ҳатто куфрга ҳам олиб бориши мумкин. Бу масалага юзаки ва бепарво бўлиш камида гуноҳдир, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бордир» деганлар (Бухорий)» (ал-Иқтидо 1/471-172).
Модомики, Валентин куни Исломга эмас, балки Исломдан мутлақо бехабар қадимги Рим бутпарастлари ва улардан нусха олган насороларга хос ботил бир анъана экан, мусулмонлар унда на иштирок этишлари, на у билан табриклашлари ва на унга қандай турда бўлмасин, ҳисса қўшишлари мумкин эмас экан.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бордир» дейишлари эса, ҳар бир уммат ўз байрами билан ажралиб туриши керак деган мазмундадир. Агар яҳудлар ёки насоролар ўзларига хос байрамини нишонлайдиган бўлса, бунда ҳеч бир мусулмон шерик бўлмаслиги лозим, худди уларнинг динларида ва бутларга сиғинишларида шерик бўлмагани каби.
2. Валентин кунини нишонлаш аввало римлик бутпарастларга, кейинроқ насоролардан бўлмиш аҳли китоб кофирларига эргашиш ва тақлид қилишдир. Агар аҳли китобнинг динидаги одатларига тақлид қилиш биз мусулмонларга манъ этилган бўлса, у ҳолда динларида мутлақо йўқ бўлиб, ўзлари пайдо қилиб олган байрамларига нима дейиш мумкин?
Кофирларнинг (улар хоҳ аҳли китоб, хоҳ бутпараст бўлсин) ибодатлари, феъллари ва урф-одатларига тақлид қилиш Қуръон, ҳадис ва уламолар ижмосига кўра ҳаромдир.
Бунга Қуръондан далил:
«Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз!» (Оли Имрон: 105).
Бунга ҳадисдан далил: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас у ўшалардандир» (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Шайхул-ислом дедилар: «Бу ҳадис – уларга тақлид қилишни камида ҳаром қилади. Аммо бошқа бир оятда уларни дўст тутган киши – улар каби кофир бўлиши айтилади:
«Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» (Моида: 51)» (ал-Иқтидо: 1/454).
Бунга ижмоъдан далил: Шайхул-ислом айтадиларки, кофирларга тақлид қилишнинг ҳаромлигига саҳобалар даврида иттифоқ қилинган (ал-Иқтидо: 1/454). Ибн Қоййим раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишларича, бу масалада уламолар иттифоқ қилганлар (Аҳкому аҳлиз-Зимма: 2/722-725).
Аллоҳ таоло кофирларга тақлид қилишни таъқиқлаган ва бунинг манфур ва жирканч амаллигини маълум қилиб, унинг хатарли оқибатларидан огоҳлантирган. Буни кўп оятларда, кўп ҳолатларда ва турли йўллар билан таъкидлаган: баъзан уларга эргашиш ёки бўйсинишдан қайтаради, баъзан уларнинг ўзи ва сўзлари, феъллари ва муомалалари ортида беркинган макр-хийласига алданишдан огоҳлантиради.
Қуръондаги энг кўп огоҳлантириш – яҳуд ва мунофиқлар ҳақида, сўнгра омматан аҳли китоб ва мушриклар ҳақидадир. Аллоҳ таоло кофирларга ўхшаш ёки уларга эргашиш муртадликка олиб боришини айтган ва уларга эргашишни ҳамда уларнинг ҳавою-хоҳишлари ва разил хулқларига бўйсунишни ҳаром қилган.
Кофирларга тақлид қилишнинг ҳаромлиги Ислом шариатининг асосий қоидаларидан биридир. Аллоҳ таоло ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динлар устида зоҳир бўлиши учун юборган, ҳамда бу динни мукаммал қилиб, ҳар қандай қўшимча ва тўлдиришлардан беҳожат этган. Бунга Аллоҳнинг ўзи гувоҳлик берган:
«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
Аллоҳ таоло Ислом қонунларини инсониятнинг барча манфаатларини қамрагувчи, барча замонлар, барча маконлар ва барча инсонларнинг муаммоларини ҳал этувчи қонун қилган. Ислом аҳли учун ҳар қандай кофиру-бутпарастларнинг йўлларини қабул қилиш ёки уларга тақлид этишга эҳтиёж қолдирмаган.
Бу тақлид оқибатида мусулмоннинг шахсиятида нуқсон, жумладан, ноқислик, ўз динидан норозилик ҳисси, заифлик ва мағлубият кайфиятлари вужудга келади, бу эса, ўз навбатида Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларидан чекиниш ва узоқлашувга олиб келади.
Тажрибада кўрилганки, кофирларга ҳавас ва уларга тақлид қилиш оқибатида кофирларга нисбатан муҳаббат, уларга ишониш ва уларни яқин дўст ва ёрдамчи қилиш пайдо бўлади. Бунинг муқобаласида Исломга, унинг шиорлари, мероси, буюклиги ва қадриятларига нисбатан юзаки муносабат, ишончсизлик ва адоват пайдо бўлади. Чунки бир жасадда икки қалб жам бўлмайди:
«Аллоҳ бирон кишининг ичида икки юрак қилган эмасдир» (Аҳзоб: 4).
3. Валентин кунидан кўзланган мақсад (тарафдорларининг таъкидлашича) – барча инсонлар орасида севги, муҳаббат ва эзгуликларни тарғиб этиш. Эътибор беринг, барча инсонлар, мусулмонми-кофирми, мушрикми-бутпарастми, фосиқми-мунофиқми бундан қатъий назар, бирдай яхши кўравериш. Ваҳоланки, мусулмон учун кофирни яхши кўриш – ҳаром.
Аллоҳ таоло деди:
«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан - гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да, дўстлашаётганларини топмассиз» (Мужодала: 22).
Ўз яқинлари Аллоҳ ва Расули чизган чизиқдан чиқса, дўстлашиш мумкин эмас экан, махлуқларнинг энг ёмони – аҳли китоб ва мушриклардан бўлмиш кофирлар ҳақида нима дейиш мумкин?!
«Албатта аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган кофир кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар! Ана ўшалар энг ёмон махлуқдирлар» (Баййина: 6).
Шайхул-ислом дедилар: «Аллоҳ таоло кофирни ўзига яқин дўст тутгувчи мўмин йўқлигини айтмоқда. Кофирни яқин дўст тутгувчи – мўмин эмас. Зоҳирий тақлид – фақат муҳаббат аломати деб қаралади, шунинг учун ҳам ҳаромдир» (ал-Иқтидо: 1/490).
4. Насоролар тарғиб қилаётган бу романтик севги – аслида эркак ва аёл ўртасидаги покиза ва юксак туйғулар эмас, балки шаҳвоний бузуқликлар, оммавий фоҳишабозликлар билан тўла ва оила-никоҳ чегараларидан мутлақо олис муносабатлари бўлиб, унинг оқибати – зино ва бузуқликларнинг оммавий тус олишидир. Черков уни бир пайтлар ман этгани ҳам бежиз эмас, аммо шайтон бир гуноҳнинг уруғини пайдо этгач, у тобора урчиб, кўпайиб бораверди.
Кўп ёшлар Валентин кунини (бу кунда уларнинг ишқий хоҳиш ва истаклари рўёбга чиққани учун) нишонлайдилару, аммо аслида ашаддий душмани бўлмиш кофирларга эргашиш ва тақлид кўчасига кириб қолганини фаҳмламайдилар ҳам. Фожеани кўринг, мусулмонлар насороларнинг ибодат ва феъллари у ёқда турсин, ҳатто гуноҳларида ҳам эргашмоқдалар, ваҳоланки, бу – кофирларнинг «ибодати» бўлиб, баъзилари зино каби гуноҳи кабиралар бўлса, баъзилари уни ҳалол санаш каби очиқдан-очиқ куфрдир.
Бир киши савол беради: Сиз бизни севги-муҳаббатдан маҳрум этмоқчисиз. Бу куни бизлар ўз ҳис-туйғуларимизни изҳор этамиз, ахир бунинг нимаси ёмон?
Биз бу саволга бир неча жиҳатдан жавоб берамиз.
Биринчидан: Бу кунга берилган номлар билан унинг ортида яширинган мақсадларни чалкаштириш – хато. Бу кунда маълум бўлган севги – фоҳишаю-жазманлар, ошиқ-маъшуқларнинг никоҳсиз суюқлигидир. Улар учун бу кун шаҳвоний ҳирслар куни бўлиб, унда ҳеч бир чегараю-чеклов йўқ. Улар ҳатто эрнинг ўз никоҳидаги аёлига ёки аёлнинг ўз никоҳидаги эрига нисбатан табиий туйғулари билан ҳар бир динда жирканч ва оғир гуноҳ саналган зино ва фоҳишаликнинг орасини фарқламайдилар. Бу байрам (аёллар аёлларга, эркаклар эркакларга, эр-хотин биргалашиб бошқа эр-хотинга, ҳатто инсонлар ҳайвонларга) муҳаббат ва шаҳвоний рағбат изҳор этиш воситасидир. Аллоҳ бизларни бундай тубанликдан асрасин!
Иккинчидан: Агар аҳли китоб кофирлари «ўз ҳис-туйғуларимизни изҳор этамиз» дея, дуч келган бир кунни хаёлан байрам атаб, тантаналар уюштираётган бўлсалар, ихтиёр ўзларида, бизга уларнинг қизиғи йўқ, аммо мусулмонлар уни байрам қилишлари учун бу ҳали ҳеч қанақа асос эмас. Аммо бу анъана – аҳли китобдан ҳам пастроқ манзилотдаги нопок мушрикларнинг байрами бўлса, унга нима дейсиз:
«Эй мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок (нажас) кимсалардир» (Тавба: 28).
Учинчидан: Ўз эргашувчилари ўртасида муҳаббат ва энг олий ҳис-туйғуларни юксалтирувчи биргина йўл – Ислом динидир. Бу туйғулар бир кун билан тугаб, тўхтаб қолмайди, балки доим, барча вазиятда мукаммал суратда қоим бўлади.
Дарҳақиқат, Ислом дини бизни ўз ҳис-туйғуларимизни изҳор этишга буюради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар киши бир кишини яхши кўрса, яхши кўришини унга айтиб қўйсин» (Абу Довуд ва Термизий ривояти, саҳиҳ ҳадис).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна дедилар: «Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча, ҳаргиз жаннатга кирмайсиз; то бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча, ҳаргиз мўмин бўлмайсиз. Сизларни агар уни қилсангиз, бир-бирингизни яхши кўрадиган бир амалга йўллайинми? Орангизда саломни кенг ёйингиз» (Муслим: 54).
Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, бу муҳаббат билан кофирлар айтаётган муҳаббат орасида жаннат билан дўзахдай фарқ бор, шундай эмасми?!
Тўртинчидан: Ислом таълимотида «муҳаббат, яхши кўриш» тушунчалари кенг маъноли бўлиб, икки жинс орасидаги мойиллик билан чекланмайди. Яхши кўришнинг кўп турлари мавжуд, масалан, Аллоҳни яхши кўриш, Пайғамбарни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у кишининг саҳобаларини, иймонли ва солиҳ кишиларни яхши кўриш, мусулмонларнинг диндаги ўзаро муҳаббат ва кўмаклашуви, Аллоҳ йўлида жон таслим этиш ва жаннатга дохил бўлишни яхши кўриш – муҳаббатнинг энг олий намуналари саналади.
Яхши кўришнинг олий турларидан бехабар қавмлар уни фақат шаҳвоний тубан ҳирслар билан чеклаши –жоҳилликдан ўзга нарса эмас.
Бешинчидан: Валентин кунини нишонлайдиган одамлар одатда «озод севги» (яъни ҳалол-ҳаром ўлчовларидан йироқ жинсий муносабатлар) тарафдорлари бўлиб, «бундай муносабатлар ёшларни оилавий турмушга тайёрлаб, ҳаётда бахтини топиш учун ўзига хос замин яратади», дейдилар.
Текширувлар ва воқеликдаги ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, бу гаплар қанчалик «эркпарвар ва замонавий» туюлмасин, аслида хатодан иборатдир.
Келинг аввал мусулмонлар яшайдиган энг йирик диёрларнинг бирига юзланайлик. Қоҳира (Миср) университети ўтказган сўров ва текширув натижаларига кўра, «севишиб» турмуш қурганларнинг 88% ажралиш билан якун топаётир, яъни «бахтини топганлар» бор-йўғи – 12% дан ошмайди. Аммо «анъанавий» (баъзилар уни «эскича» деб атайдилар) оилаларда бахтли ҳолатлар 70% ни ташкил этади. Бошқача қилиб айтганда, уларда оилавий бахти уч марта кўпроқ топилар экан.
Келинг, энди Валентин кунини нишонлаётган Ғарб оилаларидаги аҳволни ҳам кўрайлик. Бу байрам ёшларни оилавий турмушга қанчалик тайёрлайди-ю, улар ҳаётда бахтини қандай топаётгани билан танишайлик. Эҳтимол, бу байрамни нишонлаш ҳақиқатан ҳам оилавий ҳаётни яхшилаётгандир!?
Биз бир тарафлама ёндошувдан йироқ бўлганимиз боис, энди насоролар ўтказган текширув натижаларини келтирамиз:
1. Америкада олиб борилган тадқиқотларга кўра, эркакларнинг 79% оиладаги аёл зотини (аёли, опа-синглиллари, қизлари ёки онасини) муттасил уради. Бунда айниқса аёли кўпроқ даражада жабрланади, опа-сингиллари, она ва никоҳсиз аёл (ўйнаши) эса камроқ даражада.
2. Руҳий саломатлик Америка Миллий марказининг тадқиқотлари бўйича, ёрдам сўраб мурожаат этганларнинг 17% - эри ё жазмани тарафидан калтакланган аёллар; қайта мурожаат этганларнинг 83% - оиладаги калтакланиш қурбонлари бўлган.
3. Марказий Америка текшириш агентлигининг ҳисоботига кўра, ҳар 18 сонияда (!) Американинг қайсидир бир оиласи ё кўчасида бир аёл калтакланади.
4. Америкадаги «Тайм» журналининг аниқлашича, тақрибан 6 миллион калтакланган аёлнинг 4000 нафари калтаклар оқибатида ҳаётдан кўз юмади.
5. Германиядаги тадқиқотлар бўйича, ҳар йили никоҳдаги ё никоҳсиз эри (жазмани) тарафидан жисмоний ё психологик қийноқларга дучор қилинган аёллар сони 100000 дан кам эмас. Воқеликдаги рақам эса бир миллиондан ошади.
6. Франциядаги калтакланган аёллар сони 2000000 дан ошади.
7. Британияда 7000 аёл иштирок этган сўровлар натижасида уларнинг 28% эри ё жазмани тарафидан зўравонликларга дучор бўлганлигини тан олганлар.
Бу – насороларнинг ўзлари берган маълумотлар. Шундай экан, бу байрамнинг эркак-аёл муносабатларини яхшилашига яна ким ишонади?
Ҳақиқат шуки, «Валентин куни» Ер юзида фасод, зино ва шаҳвоний бузуқликларни кўпайтириш учун Ислом душманларининг бир уриниши холос. Ўз жуфти ҳалолини севган киши ҳис-туйғуларини изҳор этиш учун йилда бир кунни кутмайди, балки пайт танлашда мутлақо эркиндир.