Pages (2): 1 2   
Муваҳҳид   03-17-2010, 10:12 PM
#1
СЕҲР
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўнг…
Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.

Сеҳрнинг таърифи:

Араб тилида сеҳр сўзи, имом Азҳарий айтганидек, нарсанинг асл моҳиятини ўзгартириш маъносини англатади.
Сеҳр – бу афсунларни ўқиш, тугунларни тугиш ва шу каби одамларнинг қалби ва танасига таъсир ўтказувчи нарсалардир. Улар касаллик ва ўлимни чақиради, эр-хотинни ажратади ва ҳ.к.
Сеҳргар (саҳир) – бу жинлардан бўлган шайтонларга, уларга ёқадиган куфр ва жирканч амалларни қилиш орқали мурожаат қилувчидир. Бундан мурод сеҳргарга сеҳрда уларнинг ёрдам беришидир. Шунингдек у ғайб ҳақида билимга эга эканлигини таъкидлайди, сеҳр орқали одамларни ўлимга олиб боради, севишганларни ажратади, одамларда ёқтириш ёки ёқтирмаслик хиссини уйғотади ва одамларнинг ақл йўналишини ўзгартиради («Қовлул-муфид» 98).
Ҳофиз Заҳабий ўзининг машҳур «Гуноҳи кабиралар» номли китобида шундай ёзади: «Кўплаб гумроҳ кимсаларнинг сеҳрга аралашиб юрганига гувоҳ бўласиз. Улар сеҳрни фақатгина ҳаром деб ўйлайдилар ва унинг куфр эканини ҳис қилмайдилар» («ал-Кабаир» 45).

Сеҳргарнинг тавбаси қабул бўладими?


Ҳа, қабул бўлади. Чунки Аллоҳ таоло токи инсонга ўлим келмаган экан тавба қилувчини кечиради. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни Аллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлмай туриб), Парвардигорларингизга қайтинглар – Унга бўйинсунинглар!» (Зумар: 53-54).
Ҳофиз Ибн Касир айтадилар: «Ушбу раҳмат ояти барча кофир ва шу каби гуноҳкор инсонларнинг тавба қилишига чақириқдир. Бу оят инсон қилган гуноҳларини қайта қилишдан воз кечса ва тавба қилса, ўша гуноҳлар қанча бўлишидан қатъий назар, ҳатто денгиз кўпигичалик кўп бўлса ҳам, Аллоҳ барчасини кечиришини хабар бермоқда» («Тафсир Ибн Касир» 4/435).
Аммо баъзи мусулмонлар, олимларнинг «Сеҳргар учун тавба йўқ!» сўзини тўғри тушунишмайди. Бу гапнинг маъноси шуки, агар инсон шариатга мувофиқ тарзда сеҳргар бўлганлиги ҳукм қилинса, уни қатл қилинади, гарчи у тавба қилса ҳам. Унинг тавбаси эса ўзи ва Аллоҳ ўртасида бўлади. Бу худди тўрт киши зино билан шуғулланаётган кишига гувоҳ бўлиб қолса, гарчи у тавба қилсада, уни қатл қилинишига ўхшайди. Шунинг учун юқоридаги сўзлардан мурод шариат томонидан белгиланган, тавба ва надомат орқали бекор бўлмайдиган жазо ҳақида борган. Агар кимда-ким қачондир сеҳр билан шуғулланган бўлса ва тавба қилмоқчи бўлса, Аллоҳ тавбани қабул қилади ва у бу қилмишини бировга айтмаслиги (ошкор қилмаслиги) лозим бўлади.

Сеҳрнинг баъзи турлари:

Аллоҳ таоло айтади:
«Ва Сулаймон давридаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашадилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Ва Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашадилар. — Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. — Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар. (Лекин) улар Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Ва ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. Жонларини нақадар ёмон нарсага (яъни охиратдаги маҳрумликка) сотганларини билсалар эди» (Бақара: 102).
Аллоҳ таоло сеҳр илмини ўрганган ўзига ҳам зарар етказувчи нарсани ўрганганини хабарини бермоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки юлдузлар илмидан биронта илмни эгалласа, сеҳрнинг бир бўлагини эгаллаган бўлади. У зиёда бўлган сайин бу ҳам зиёда бўлаверади» (Аҳмад 1/277, Абу Довуд 3905, Ибн Можа 3726, Ибн Ҳузайма 9090. Ҳадисни саҳиҳлигини имом Нававий, ҳофиз Заҳабий, имом Ибн Муфлиҳ, ҳофиз Ироқий, имом Мунавий ва шайх Албоний тасдиқлаган).
Қатода деди: «Юлдузлар уч сабабдан яратилган: осмонни безаш учун, шайтонларни уриб тушириш учун ва мусофирлар йўлларини топишида ёрдам бериш учун яратилган. Кимда-ким улардан бошқа мақсадда фойдаланса, адашибди» (Бухорий 5/211).
Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), айтинг: «Мен тонг Парвардигоридан (менга) … тугунларга дам солгувчи (жодугар)ларнинг … ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман» (Фалақ: 1-4).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки тугун боғласа, сўнг унга туфласа, сеҳр қилибди. Сеҳр қилган эса ширк қилибди» (Насоий 7/712, Термизий 2073. Ҳадис санадида заиф ровий бор, бироқ шайх Абдулқодир Арнаут бу ҳадисни бошқа ривоятлар қувватлайди деган).
Муваҳҳид   03-17-2010, 10:38 PM
#2
Сеҳргар ва фолбинларнинг кенг тарқалган аломатлари:

- Улар беморнинг исмини, онаси ёки отасининг исмини сўрашади;

Шайх Ибн Боздан беморнинг исмини ёки онасининг исмини сўровчи ва эртасига келишни айтувчи табибларнинг олдига борувчилар ҳақида сўрашди. Улар ҳузурига қайтгач, сен билан ундай-ундай бўлган дейдилар. Баъзиларнинг айтишича, улар даволаётганда Аллоҳнинг каломидан фойдаланишар экан. Шайх Ибн Боз жавоб бердилар: «Даволашда бу каби амалларни қилаётгани, ўша инсон жинларни ёрдамга чақириши ва ғайбни даъво қилишини кўрсатмоқда. Бу каби табибларда даволаниш мумкин эмас, уларнинг ҳузурига бориш ва бирор нарса сўраш мумкин бўлмаганидек» («Фатава Ибн Баз» 1/22).

- Улар беморнинг бирор нарсасини олиб келишни буюрадилар. Масалан, кийимининг бир бўлагини, сочини ёки фотосуратини;

Ибн Боз раислигидаги «Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси» (ал-Лажнату-ддаима) уламоларига савол берилди: «Айрим одамларнинг касалликка ташҳис қўйиб, дори белгилаши учун «билишни» даъво қилган одамларга кийим ёки кўйлакларни юборишининг ҳукми нима?»
Жавоб: «Ғайб илмини билишни иддао қилаётган одамлар олдига бориш ҳаромдир. Уларга кийимлар, кўйлаклар ва бошқа нарсаларни юбориш ва улар айтаётган гапларни тасдиқлаш ҳаромдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бунга далолат қилган саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган» («Фатава ал-лажнату-ддаима» № 9807).

- Улар тушунарсиз афсун ва дуоларни ёзишади ёки ўқишади;

- Улар қурбонлик учун маълум ҳайвонни келтиришни сўрашади. Одатда қора рангли бўлади, чунки қора ранг жинларга ёқади;

- Улар қандайдир ҳарфлар чизилган қоғозни беришлари мумкин. Уни сувда аралаштириб, сўнг ўша сувни ичиш учун;

- Улар баъзи нарсаларни бериб уни кўмиб қўйишни буюришади, одатда бу сеҳр қилинган нарса бўлади;

- Улар қуёш нури тушмайдиган қоронғу хоналарда қолишни хуш кўришади. Чунки жинлар қоронғуликни яхши кўришади;

- Улар қоғоз берадилар, уни ёқиб тутинини ўзларига тўзитишни буюрадилар;

- Улар одамнинг исмини ёки унинг онаси исмини, унинг яшаш жойини ва уни қийнаётган касалини айтишлари мумкин. Чунки буларнинг хабарини сеҳрда ёрдам берувчи жинлар етказадилар.

Намоз ўқийдиган, Қуръон тиловат қиладиган ёки ҳаж қиладиган сеҳргар ва фолбинларга келсак, одатда бу амаллар жоҳил кишиларнинг назарида илмли кўриниш ва бу қобилият Аллоҳнинг марҳамати эканини айтиш учун қилинади.
Сеҳргар, фолбин, жодугар ва шу кабиларнинг аломатлари анча кўп, биз улардан энг кўп тарқалганини санаб ўтишга ҳаракат қилдик («Саримул-баттор» 43-45).
Муваҳҳид   03-17-2010, 11:27 PM
#3
Сеҳр, иссиқ-совуқ ва кўз тегишни даволаш ва ундан ҳимояланиш йўллари:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сеҳрдан халос бўлиш учун бошқа сеҳрдан фойдаланиш борасида сўрашганда, у зот: «Бу шайтоннинг амалидандир!» дедилар» (Аҳмад 3/294, Абу Довуд 3868. Ҳадис саҳиҳлигини имом Ибн Муфлиҳ, шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ва Абдулқодир Арнаут тасдиқлаган).
Ибнул Қоййим айтади: «Сеҳрланган кишидан сеҳрни даф қилишнинг икки йўли бор. Биринчиси: шу каби сеҳр билан, бу шайтоннинг амалидандир. Чунки бу амал билан сеҳрдан халос бўлувчи ҳам, сеҳрланган ҳам шайтон яхши кўрган амал орқали унга қурбат ҳосил қилган бўладилар. Иккинчиси: сеҳрни руқя, Аллоҳга дуо қилиш ва ҳ.к. йўллар билан даф қилиш. Бу рухсат берилган (услубдир)» («Зодул-маъод» 4/124).

Аллоҳ таолога дуо қилиш

Аллоҳ таоло айтади:
«Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган зотми?!» (Намл: 62).

Рухсат берилган руқялар

Ҳофиз Ибн Ҳажар ёзадилар: «Уламолар руқя уч шартга риоя қилингандагина жоиз бўлишига иттифоқ қилдилар: Аллоҳнинг каломи (Қуръон) бўлиши, унинг исми ёки сифатлари, араб тилида ёки маъноси тушунарли тилда бўлган (бошқа) тилда бўлиши ва бу руқялар ўз-ўзидан фойда келтирмаслиги, балки Аллоҳнинг иродаси билангина фойда келтиради деб эътиқод қилиш» («Фатҳул-Борий» 10/206).
Руқянинг афзали Қуръон – Қудратли Аллоҳнинг китобдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз» (Исро: 82).
Абу Саид ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир куни, ҳарбий сафарда эдик ва бир водийда тўхтадик. Шунда чўри қизча келиб: «Қабила бошлиғини илон чақиб олди, одамларимиз эса бу ерда эмас. Сизлардан бирортангиз руқя ўқишни биласизми?» деди. У билан орамизда руқя ўқиши билан танилмаган бир киши кетди. Ўша киши руқя ўқиганидан кейин у (қабила бошлиғи) шифо топди. Сўнг қабила бошлиғи унга ўттизта қўй беришни буюриб, бизни сут билан суғорди. Ўша киши қайтганида, биз ундан сўрадик: «Сен рухсат этилган руқяни ўқидингми ёки жоҳилият давридагиними?» У: «Мен руқяда фақатгина «Уммул Китоб» (Фотиҳа сураси)ни ўқидим» деди. Биз: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, сўрамагунча ҳеч нарса қилманглар» дедик. Мадинага келгач бўлган воқеани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердик, у зот дедилар: «У (Фотиҳа сураси) руқя эканлигини унга ким ўргатди?!» (Бухорий 5404, Муслим 2201).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кирганда, бир аёл (Оиша онамизни) руқя ўқиб даволаётган эди, шунда у зот дедилар: «Уни Аллоҳнинг Китоби билан давола» («ас-Силсила ас-Саҳиҳа» 1931).
Ибнул Қоййим айтадилар: «Қуръон – қалб ва тананинг барча касалликларига, шунингдек дунёвий ва ухровий ҳаёт касалликларига мукаммал дармондир. Аммо у орқали шифога эришиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Агар бемор у (Қуръон) орқали моҳирона даволанса, уни сидқ, иймон, тўлиқ розилик, ишонч ва унинг барча талабларини бажарган ҳолда касалликка қарши қўлласа, у ҳолда ҳеч қачон касаллик унга бас кела олмайди. Ахир қандай қилиб қандайдир касаллик еру-осмоннинг Роббиси бўлган Аллоҳнинг Каломига бас кела олсин. Агар у (Қуръон) тоғларга юкланганида, уларни парчалаган бўлар эди. Агар у (Қуръон) ерларга юкланганида, уни бўлиб юборган бўлар эди! Қуръонда тана ва қалбнинг барча касалликларининг шифоси, сабаби ва улардан ҳимояланишга кўрсатмалар мавжуд. Бу кўрсатмалар Аллоҳ Ўзининг Китобини фаҳмлашни насиб қилганлар учундир… Аллоҳ таоло айтади: «Ахир уларга тиловат қилинаётган шу Китобни Биз сизга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?!» (Анкабут: 51). Кимни Қуръон даволамаса, уни Аллоҳ даволамайди. Кимга у кифоя қилмаса, унга Аллоҳ Ўзининг кифоясини бермайди!» («Зодул-маъод» ва «ат-Тибб ан-Набавий» 253).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам маълум бир сурани ёки баъзи оятларни ажратмадилар, балки Аллоҳнинг Китобини тўлиқлигича эслаб ўтдилар. Бундан бизга шу нарса маълум бўладики, Қуръони Карим бутунлигича шифодир. Кўп асрли тажрибалардан маълумки, Қуръон оятларини ўқиш нафақат сеҳр, ақлдан озиш ва кўз тегишни даволайди, балки турли тана касалликларига ҳам шифодир.

Сеҳр қилинган жисм, тугун ва ҳ.к.ларни йўқ қилиш

Шайх Ибнул Қоййим дедилар: «Сеҳрдан шифо топишнинг энг афзал йўли, сеҳр қилинган жисмни топиб йўқ қилишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ хабарларда айтилганки, у киши Роббиларидан бу ҳақда сўраганлар ва У (Аллоҳ) у кишига сеҳр қилинган тугунни қаердалиги хабарини берган. У нарса қудуқда эди. Қудуқдан у нарса олинганидан сўнг, у зотдан сеҳр кетади. Худди шундай еб юборилган тугунни ошқозондан чиқариб олинади» («Зодул-маъод» 3/104).
Сеҳр қилинган жисмни топиш осон эмас. У турли кўринишда бўлиши мумкин. Боғланган иплар тугуни, қандайдир гайкали ёки бошқа бирор нарсали темир сим, осма қулфлар билан боғланган турли хил нарсалар ва шунга ўхшаган кўринишларда бўлиши мумкин. Тугунга ёки сеҳр жойлашган жойга йўллашини Аллоҳ таолодан сўраш керак. Шундай ҳолат бўлганки, ҳатто баъзи биродарлар ўз ёстиқларида сеҳр жисмини топганлар. Дарвоқе, Ибнул Қоййим айтганидек, сеҳрнинг кенг тарқалган турларидан бири бу сеҳр қилинган нарсани ейишлик бўлади. Одатда у ошқозонга овқат билан бирга тушади. Баъзи аёлларнинг тан олишича, бирор эркакни ўзига қаратиб олиш учун фоҳишалар овқатга ўз ҳайз қонларини қўшар экан.
Ким Аллоҳга керагидек таваккул қилса ва фақат Ундангина ёрдам сўраса, Аллоҳ уни сеҳрдан, кўз тегишидан, шайтон ва кофирларнинг турли найрангларидан асрайди.

Қон чиқариш (ҳижома)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Даволанишларинг учун энг афзал нарса ҳижомадир» (Бухорий 5696, Муслим 1577).
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки (қамарий ойнинг) ўн еттинчи ёки ўн тўққизинчи ёхуд йигирма биринчи кунларида қон олдирса, бу у учун барча касалликларга шифо бўлади» (Абу Довуд 3861, Ҳоким 4/210. Ҳадис саҳиҳлигини имом Ҳоким, Заҳабий, Ироқий ва Албоний тасдиқлаган).
Шайх Ибнул Қоййим дедилар: «Сеҳр қилинган жойдан қон олдириш энг самарали шифодир, агар қон олдириш тўғри қилинса» («Зодул-маъод» 4/125-126).

Қора седана

Абу Ҳурайра ва Оиша розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қора седана билан даволанинглар, унда ўлимдан бошқа барча дардга даво бордир» (Бухорий 5687, Муслим 2215).

Зам-зам суви

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Зам-зам суви – нима учун ичилса ўша учундир» (Аҳмад 3/357, Ибн Можа 3062. Ҳадис саҳиҳлигини имом Суфён ибн Уяйна, ҳофиз Мунзирий, шайх Ибнул Қоййим, имом Суютий ва Албоний тасдиқлаган).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ер юзидаги энг афзал сув – зам-зам сувидир! Дарҳақиқат у таом ва шифодир» (Табароний, саҳиҳ ҳадис. «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 1056).

Асал

Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), Парвардигорингиз асаларига ваҳий — амр қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган инларга уя солгин. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигоринг (сен учун) осон-қулай қилиб қўйган йўллардан юргин!» Унинг қорнидан одамлар учун шифо бўлган алвон рангли ичимлик – асал чиқур. Албатта, бу ишда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир» (Наҳл: 68-69).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Икки шифобахш нарса билан шифоланинглар: булар Қуръон ва асалдир!» (Ибн Можа 2452, Ҳоким 4/200. Ҳадис саҳиҳлигини ҳофиз Бусайрий тасдиқлаган).

«Оят ал-Курсий» тиловати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки «Оят ал-Курсий»ни ҳар бир фарз намоз сўнггидан ўқиса, у кейинги намозгача Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади» (Ушбу ҳадисни Табароний «ал-Кабир»да ривоят қилган. Ҳофиз Мунзирий, Ҳайсамий, шайх Абдулқодир Арнаут ва Шуъайб Арнаут ҳадис иснодини ҳасан дейишди. «Мажмаъу-ззаваид» 2/148 ва «Таҳриж Зад ал-маъод» 1/164).
Ривоят қилинишича кунларнинг бирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу тўпланган закотни қўриқлар эканлар, бир ўғрини тутиб олдилар. Шунда ўғри деди: «Мени қўйиб юбор, сенга унинг сабабидан Аллоҳ фойда берадиган калималарни ўргатаман!» Абу Ҳурайра: «У нима калима?» деб сўради. У: «Ўринга ётганингда «Оят ал-Курсий»ни бошидан охиригача ўқи, шунда сенинг устингга Аллоҳ томонидан бир ҳимоячи қўйилади, то тонг оттиргунингча сенга биронта шайтон яқинлаша олмайди», деди. Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган воқеани айтиб берганидан сўнг у киши дедилар: «Билгин, у ўзи ёлғончи бўлса ҳам сенга рост гапирибди». Шундан сўнг Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Абу Ҳурайра гаплашган кимса инсон қиёфасидаги шайтон эканлигини хабарини бердилар (Бухорий 2311).
Шунингдек Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда хабар берилишича, кунларнинг бирида у кишининг ҳурмо заҳираси камайиб қолибди. Тунларнинг бирида у ҳурмоларини қўриқлашга аҳд қилди. Шунда у вояга етган йигитни кўрди. У билан саломлашди ва сўради: «Сен кимсан, жинми ёки инсонми?» У жавоб берди: «Мен жинман». Убай деди: «Менга қўлингни узат». У қўлини узатганида кафти итнинг юнгли кафтига ўхшар эди. Убай сўради: «Жинлар шу тариқа яралганми?!» У деди: «Жинлар улар орасида менданда кучлироқ (жин) йўқ эканлигини биладилар». Убай сўради: «Сени (бу ерга) нима олиб келди?» У деди: «Бизга маълум бўлишича сен садақа қилишни яхши кўрар экансан. Шу сабабдан биз сендан бирор озуқа олиш учун келдик». Убай сўради: «Бизни сизлардан нима ҳимоя қилади?» Жин жавоб берди: «Бақара сурасидаги «Оят ал-Курсий». Кимки ушбу оятни эрталаб ўқиса кечгача биздан омонда бўлади. Кимки уни кечқурун ўқиса, биздан эрталабгача омонда бўлади». Тонг отгач Убай Пайғамбар алайҳиссолату вассалом ҳузурларига келиб барчасини айтиб берди. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ярамас бўлсада, ҳақни айтибди» (Насоий «ас-Сунан ал-кубро» 6/239, Табароний «ал-Кабир» 541, Ибн Ҳиббон 784. Ҳофиз Ҳайсамий ҳадиснинг барча ровийларини ишончли деди. Ҳофиз Мунзирий ҳадис иснодини ҳасан деди. Шайх Албоний эса ҳадисни саҳиҳ деди. «Мажмаъу-ззаваид» 17012, «Саҳиҳ ат-тарғиб» 662).
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дедилар: «Мен Исломни қабул қилган ва ақли бор кимсалар орасида «Оят ал-Курсий»ни ўқимай ухлаганларни учратмадим» (Ибн Аби Довуд. Ҳофиз Ибн Ҳажар ҳадис иснодини ҳасан дедилар. «ал-Футуҳат ар-роббания» 3/171).
Оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳ Муҳаммад пайғамбаримизга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга ихлос билан эргашганларга салавоту саломлар йўлласин.
Меҳмон   06-03-2010, 01:28 PM
#4
Assalomu alaykum!
Jazakallloh...
Juda yaxshi maqola ekan, qisqa va lo`nda. O`qigan inson albatta o`ziga oz bo`lsa ham bir foydali ilm olishi mumkin.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Admin   09-08-2010, 03:33 AM
#5
Сеҳр

Сеҳрнинг бошқа турлари ва иссиқ-совуқ қилиш ҳам сеҳр жумласидандир.
Сеҳрнинг бошқа тури: Бирор шахсни яхши ишни қилишидан тўсиш ёки аёлига мойиллигини буриб қўйишда (сўндиришда) сабаб бўлади деб қасд қилинадиган сеҳрга оид бир амалдир.
Иссиқ совуқ: Эр кишини аёлига ёки бошқасига суюкли қилиб кўрсатишда сабаб бўлади деб қўл уриладиган сеҳрга оид бир ишдир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Яна улар Бобилдаги Ҳорут ва Морут (номли) фаришталарга туширилган нарсаларга (эргашадилар). Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни, одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар» (Бақара: 102).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Руқя (қилиш), кўзмунчоқ ва иссиқ-совуқ ширкдир» (Абу Довуд (3883), Ибн Можжа (3530), Аҳмад (3604), Табароний «Муъжам ал-Авсат» (2/119), Ибн Ҳиббон ўзларининг саҳиҳларида (6090), Байҳақий «Сунан ал-Кубро» (9/350), Ҳоким (4/463) (8290)-рақам остида, Албоний «Силсила ас-Соҳиҳа»да саҳиҳ санадилар (331)).
Ушбу ҳадисда эслаб ўтилган руқия, у қайтарилган руқия бўлиб, у жиндан паноҳ сўраладиган ёки маъноси тушунарсиз бўлган ҳар қандай нарсадир.
«Кўзминчоқ», эса араблар даъво қилишига кўра кўз тегишидан асрайди деб болаларига осиб қўядиган мунчоқ доналаридир.
«Иссиқ-совуқ», эса сеҳрнинг бир тури бўлиб, аёл кишини эрига суюкли қилиб, унга нисбатан ишқини қўзғайди.
Сеҳр ҳақиқатда мавжуд бўлиб, у Аллоҳ таолонинг кавний қадарига биноан ўз таъсирини ўтказади. Аллоҳ таоло шундай деди:
«Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсаларни ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудийлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар» (Бақара: 102).
Сеҳрнинг таъсири собит бўлиб, уни фақат кибр қилувчи ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган динга кофир бўлган кимсагина инкор қилади.
Сеҳргарга тўхталадиган бўлсак: Бақара сурасидаги оятда келганидек агар сеҳрини шайтонлардан оладиган бўлса, у кофирдир. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига биноан: «Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни, одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсаларни ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудийлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Улар ўзларига ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг Китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. Жонларини нақадар ёмон нарсага (яъни, охиратдаги маҳрумликка) сотганларини билсалар эди» (Бақара: 102).
Сеҳрни таълим олишлик Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтиришдир. У муртадлик турларидан биридир. Сеҳргар асли мусулмон бўлиб, сўнгра сеҳрга киришадиган бўлса Ислом динидан қайтган муртад бўлади. Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: ««Биз фақатгина фитнамиз (яъни, одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар» (Бақара: 102).
Сеҳрда шайтонлар хизматидан фойдаланиш, уларга боғланиб қолиш, уларга улар (шайтонлар) яхши кўрадиган нарсалар билан қурбат ҳосил қилиш, ғайб илмини даъво қилиш ва бу борада Аллоҳ таолога шерик эканлигини даъво қилиш бордир. Бу эса куфр ва залолатдир.
Дарҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сеҳрни ширкка боғлаб туриб (яъни, иккисини бир сафда зикр қилиб), шундай дедилар: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлардан) четланинглар». «Эй Росулуллоҳ, улар қайсилар?», дейишди. Шунда: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, рибо ейиш, етим молини ейиш, (душман билан) рўбарўма-рўбаро турган кунда орқага бурилиб кетиш ва (зинодан) ғофил бўлган мўмина, иффатли аёлларга туҳмат қилиш», дедилар» (Бухорий (2615), Муслим (89) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди).

Admin   04-12-2012, 07:44 PM
#6
Фолбин ва сеҳргарлар буйруғи билан Аллоҳдан ўзгага жонлиқ сўйиш

Бирор кишига қурбат ҳосил қилиш ва таъзим бажо қилиш учун жонлиқ сўйиш. Бу фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва тоало учунгина жоиз бўлади. Чунки бу мол сарф қилиш билан амалга ошадиган ибодатдир. Жин, шайтон, подшоҳ ва бошлиқларга таъзим бажо қилиб жонлиқ сўйиш жоиз эмас. Чунки бу ибодат бўлиб, у фақатгина Аллоҳ азза ва жаллага қилинади.
Жинларга, уларнинг ёмонликларидан омон қолиш ёки касалликдан шифо топиш учун жонлиқ сўядиган ва малҳам бағш этамиз, деб даъво қилиб, одамларга: касалингиздан шифо топиш учун фалон жонлиқни сўйинг ва сўйиш мобайнида Аллоҳни номини тилга олманг, дейдиган фолбин ва сеҳргарлар катта ширкка қўл уриб, (ислом) миллатидан чиққан мушриклардир. Аллоҳ таоло ушбу ишни Ундан ўзгаси учун қилган кимсани огоҳлантириб айтган қовлининг маъноси ҳам шу эди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Албатта намозим, ибодатларим, (яъни, қиладиган қурбонликларим), ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ учундир»» (Анъом: 162). Ва яна мана бу қовли: «Бас, сиз Роббингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб-қурбонлик қилинг!» (Кавсар: 2).

Admin   04-12-2012, 08:44 PM
#7
Сеҳрнинг ҳукми

Савол-28: Сеҳрнинг ҳукми нима?
Жавоб-28: Сеҳр – куфрдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара: 102).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Еттити ҳалокатга йўлиқтирадиган нарсалардан ўзларингни тийинглар! Улар: Аллоҳ таолога ширк келтирмоқ, сеҳр ... лардир» (Имом Муслим ривоятлари).

abu Huzayfa   12-16-2012, 01:54 PM
#8
Шайх Муқбил ибн Ҳади ал-Вадиъий раҳимаҳуллоҳ
Сеҳрнинг ҳукми



Сеҳр? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи нарсадан сақланинглар» дедилар ва улар орасида сеҳрни зикр қилиб ўтдилар.
Сеҳргар кофирдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтадики: «Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар. (Лекин) улар Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар» (Бақара: 102).

Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ деди: “Кишилар динларида қанча бидъат пайдо қилсалар, шунча суннат улардан тортиб олинади”.
abu Huzayfa   12-16-2012, 04:44 PM
#9
Шайх Солиҳ ибн Саъд ас-Суҳаймий ҳафизаҳуллоҳ
Сеҳр ҳақида



Савол: Инсон қора сеҳр билан сеҳрланганини қандай билса бўлади ва ундан қайси шаръий услуб билан даволаниши мумкин?
Жавоб: Ушбу қора, қизил, оқ ёки яшил сеҳр ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Бировга зарар етказиш учун қилинган ҳар қандай сеҳр - ҳаромдир. Шунингдек уни таълим олишлик ҳам ҳаром. Омма аҳли илмларнинг қовлларидан зоҳир бўлган нарса шуки, у (сеҳр)ни таълим олишлик куфрдир. Чунки у (сеҳр)ни Китобу Суннатга, ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсага кофир бўлмагунича ўрганиб бўлмайди. Нима учун сеҳргар ва сеҳрни таълим олувчи кофир бўлади? Аввало, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қавли билан: «Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара: 102). Ва Аллоҳ таоло айтадики: «Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни, одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар» (Бақара: 102). Яна Аллоҳ таоло айтадики: «Ахир (Аллоҳнинг Китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку» (Бақара: 102).
Иккинчидан, Аллоҳни қўйиб шайтонга ибодат қилмагунича сеҳр рўёбга чиқмайди. У тўғридан-тўғри унга (яъни шайтонга) ибодат қилмайди, балки Аллоҳ азза ва жалланинг зикрини ҳақорат қилиш, ёки Мусҳафни ёкида ҳар қандай Аллоҳнинг зикри бор нарсани бадном қилиш, ёки Аллоҳдан ўзгага сажда қилиш ёки шунга ўхшаш ишларни қилиш билан (шайтонга ибодат қилади). Сўнг шайтонлар унга ижозат беришади ёки унга таъсирини ўтказмоқчи бўлган одамига сеҳри билан қандайдир таъсир ўтказиш қобилиятини беришади.
Сеҳрни таълим олиш ёки тадбиқ қилишлик ҳаромдир, ҳатто тўғри мақсад билан бўлса ҳам. Чунки мақсад воситани оқламайди. Касаллик бошқа касаллик билан даволанмайди. Модомики унга ушбу куфрий ва ширкий остонадан кириб борилар экан у билан бирор бир оқлов номи остида муомала қилишлик жоиз бўлмайди, гарчи сеҳрни таълим олган уни сеҳрлангандан даф қилсада.

Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ деди: “Кишилар динларида қанча бидъат пайдо қилсалар, шунча суннат улардан тортиб олинади”.
abu Huzayfa   12-17-2012, 02:56 PM
#10
Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний раҳимаҳуллоҳ
Масҳарабознинг найранглари сеҳрми?



Савол: Масҳарабознинг сеҳр қилишининг ҳукми нима? Масалан у чўнтагингиздан пул чиқаради. Шундан сўнг у қулоғингиз орқасидан пулни тортиб олади ва ҳоказо. Мана шу сеҳрданми?
Жавоб: Йўқ, бу сеҳрдан эмас. Лекин бу шариат ҳаром қилган ёлғондир.

Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ деди: “Кишилар динларида қанча бидъат пайдо қилсалар, шунча суннат улардан тортиб олинади”.
Pages (2): 1 2   
  
Users browsing this thread: 3 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.