Pages (13):    1 3 4 5 6 7 13   
Admin   11-12-2009, 08:23 AM
#41
Зул-ҳижжа ойининг ўн куни фазилатлари ҳақида

Ҳамза ибн Фойиъ ал-Фатҳий

Ислом Нури таржимаси

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз) (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70-71).
Аммо баъд... Сўзларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг энг ёмони (динда) кейин пайдо қилинганларидир. Ҳар бир кейин пайдо қилинган иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахдадир.
Мусулмон биродарлар! Аксарият одамларнинг дунё ишларида ошиқишларини, дунёнинг ранг-баранг матоларига муҳаббат қўйганликларини кўрамиз, уларнинг ўткинчи дунёвий манфаатлари ортидан чопишларини, бироқ абадий манфаатлари ва нафис хазиналаридан ғафлатда эканларини кўриб, юрагимиз ачишади.
Муборак кунлар ва фазилатли соатлар яқинлашмоқда. Бу кунларда амалларнинг савоблари бир неча баробар ортиқ бўлади, уларда даражалар кўтарилади. Бу кунлар Зул-ҳижжа ойининг дастлабки ўн кунлиги бўлиб, Аллоҳ таоло уларнинг шаънини улуғлаш ва аҳамиятини кўрсатиб бериш учун алоҳида тилган олган:
«Тонгга қасам, (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам» (Вал-фажр: 1, 2). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳга суюкли эмас», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?» сўрашди саҳобалар. «Ҳа, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан (жиҳодга) чиқиб, ҳеч нарсасиз қайтган киши (яъни моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу фазилатли айёмлар бизларни амалда жидду-жаҳд қилишга ва ижтиҳод кўрастишга чорлайди. Шундай экан, эй мусулмонлар, улардан фойдаланиб қолишга ва уларни солиҳ амаллар билан обод қилишга уринайлик. Мана шундай фазилатли кунлар кириб келса-ю, одамлар бундан бехабар, на яхшиликларга ошиқмай, на ёмонликлардан тийилмай, дунё билан овора бўлиб, у кунларни ғафлатда ўтказсалар, жуда ачинарли бўлади.
Инсон молини кўпайтирса-ю, амалини кўпайтирмаса, ғафлатини зиёда қилса-ю, даражасини зиёда қилмаса, фонийда ошиқса-ю, боқийга ошиқмаса!!
Одамлар ташвиши – ҳаёт ўтса бас,
Ахир эзгуликсиз ўтган умр абас!
Солиҳ амалга тенг зоди роҳила,
Тополмас ҳар қанча қидириб ҳеч кас!
Ўтиб бораётган ҳар бир соат умрингиздан бир бўлагини узиб кетмоқда, ушбу вақтларни зое қилиш ўзлигингизни зое қилиш ва ҳасратингизни орттириш демакдир.
Абул Фараж ибн ал-Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Умум халқларга боқиб, вақтларини қандай кетказаётганларидан ажабланаман. Тун узун бўлса, бефойда гап-сўзлар билан ё ишқ-муҳаббат мавзусидаги китоблар ўқиш билан, кундуз узун бўлса, уйқу билан ўтказадилар. Кун бўйи Дижлада ё бозорларда санғийдилар. Мен уларни чексиз уммонда номаълум томонга қараб олиб кетаётган кемада ҳеч нарсадан бехабар сўзлашиб бораётган кишиларга ўхшатаман. Жуда озчилик кишиларгина вужуд маъносини англаганликларини кўрдим. Улар охиратга озуқа ҳозирлаш ва сафарга тайёрланиш билан оворалар. Бироқ, улар ҳам бир-бирларидан тафовутлидирлар. Тафовутлари сабаби илмларининг камлиги ё кўплигидандир. Ғофиллари тўғри келган нарсани елкаларига ортганлар ва кўпинча хайрияти бўлмаган нарса билан қувониб юрадилар. Қанча-қанча инсонлар йўлда қароқчига учраб, бор-будидан айрилиб қолади. Шундоқ экан, умр мавсумини беҳуда ўтказиб юборишдан сақланингиз, фурсат ўтиб кетмасидан амалга ошиқингиз, илм ўқингиз, ҳикмат ўрганингиз, замон билан беллашингиз, нафслар билан олишингиз, озуқани кўпайтирингиз!»
Мўмин биродарлар! Зул-ҳижжа ойининг ўн куни амалга берилиш ва ошиқиш кунлардир, зафар, саодат ва нажотга эришиш кунларидир. Бас, шундай экан, уларни қўлдан бой берманг, уларни Аллоҳ таолонинг тоат-ибодати билан бойитиб олинг.
Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бахтли киши – ойлар, кунлар ва соатлар мавсумини ғанимат билган ҳамда уларда бўлган вазифа ва тоатлар орқали Хожасига қурбат ҳосил қилган кишидир. Шояд, у ўшаларда бўлган ажру-савоблардан насибадор бўлиб, саодатга эришса ва охиратда дўзах азобидан омонликда бўлса».
Бакр ибн Абдуллоҳ ал-Музаний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Аллоҳ таоло дунё аҳлига чиқарган ҳар бир кун борки, эй одамзот, мени ғанимат бил, эҳтимол мен сен учун охирги кундирман, деб нидо қилади. Ва ҳар бир тун борки, эй одамзот, мени ғанимат бил, эҳтимол мен сен учун охирги тундирман, деб нидо қилади».
Муҳтарам биродарлар! Ушбу муборак ўн кунликни тоатлар ва солиҳ амаллар билан обод қилиш мустаҳабдир. Жумладан, Зул-ҳижжанинг тўққизида (Арафа кунида) рўза тутиш суннатдир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам солиҳ амаллар қилишга ундаганлар, рўза эса энг афзал амаллардан саналади. Саҳиҳ ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рўзани лозим тут, зеро унга тенг (амал) йўқ», деганлар. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: «(Ушбу кунлар) рўзасини тутиш кучли мустаҳабдир», деганлар. Аммо, авом халқда, айниқса аёллар ичида машҳур бўлган уч кунлик рўза, яъни еттинчи, саккизинчи, тўққизинчи кунларни рўзага хослаш асли-асоси йўқ ишдир. Аммо, Арафа кунининг рўзаси таъкидлангандир. Чунки, бу куннинг ўзига хос фазли бор. «Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда айтилганидек, у: «ўтган йилги ҳамда йилнинг қолган қисмидаги гуноҳларга каффорат бўлади».
Такбир айтиш ҳам ушбу ўн кунликдаги суннат амалларга киради. Бу кунларда такбир (аллоҳу акбар), ҳамд (алҳамду лиллаҳ) ва таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) айтиш суннатдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича: «Ҳеч бир кунларда қилинган амал ушбу кунлардаги амалдан улуғроқ ва суюмлироқ бўлмайди. Шундай экан, у кунларда таҳлил, такбир ва таҳмидни кўпайтиринглар».
Такбирни масжидларда, йўлларда, бозорларда ва Аллоҳни зикр қилиш мумкин бўлган ҳамма жойларда айтиш мустаҳабдир. Такбир қуйидагича айтилади: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар, аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд». Такбирнинг бундан бошқа кўринишлари ҳам бор.
«Ал-муғний»да айтилади: «Қозий айтади: Азҳода (қурбон ҳайитида) такбир муқайяд (чекланган) ва мутлаққа (чекланмаганга) бўлинади. Муқайяди намозлардан кейинги такбир, мутлақи эса ҳамма ҳолатда, бозорларда ва ҳамма вақтда айтиладиган такбирдир».
Ҳозирги даврда такбир айтиш деярли унутилган суннатлардан бўлиб қолди. Ушбу ўн кунликда уни камдан-кам одам айтаётганига гувоҳ бўласиз. Аслида, суннатни тирилтириш ва ғофилларга эслатиш учун уни овоз чиқариб айтиш керак. Имом Бухорий ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Умар билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум зул-ҳижжанинг ўн кунида бозорга чиқиб такбир айтардилар. Уларнинг такбирини эшитиб, одамлар ҳам такбир айтишарди.
Ҳаж ва умра амалларини адо этиш ҳам ушбу ўн кунликдаги амаллар сирасига киради. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умра кейинги умрагача ўртадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир», деганлар.
Ушбу ўн кунликда ҳар қандай солиҳ амалларни – намоз, зикр, Қуръон ўқиш, дуо, садақа, силаи раҳм, амру маъруф ва наҳий мункар қилиш каби ишларни кўп қилиш мустаҳабдир.
Ундан ташқари, қурбонлик бўғизлаш ҳам ушбу ўн кунликдаги солиҳ амаллар жумласига киради. Имкони бор мусулмон уни тарк қилиши яхши эмас.
Муҳтарам биродарлар! Аллоҳга холис тавба қилиш, гуноҳлардан астойдил тийилиш ҳам ушбу ўн кунликда ва бошқа пайтларда ҳам шошилиш лозим бўлган яхши амаллар қаторига киради. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар» (Таҳрим: 8).
«Ким тавба қилмаса, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидирлар» (Ҳужурот: 11).
Бу кунларда қилинган тавба зафар ва муваффақиятга йўлдир. Чунки, бу кунлар яхшиликлар мавсумидир, нафслар унда рўза, такбир, ҳаж, қурбонлик каби улуғ амалларга бевосита киришган бўлади. Бас, ҳаромлардан тийилиш, бировларга қилинган ноҳақ зулмлардан қутулиб олиш, ҳақларни ўз эгаларига қайтариш, фаҳшу мункардан ва шармандали ҳолатлардан узоқ бўлиш билан чин тавба қилиб қолишга шошилингиз! Аллоҳ таоло айтади:
«Энди ким тавба қилиб, иймон келтириб, яхши амал қилиб ўтган бўлса, шоядки ана ўша (киши) нажот топувчилардан бўлур» (Қасас: 67).
Аллоҳга тавба қилиш банда учун иззат, шараф ва кароматдир, банда шу билан саодатга эришади, шу билан шодланади, шу билан фойда топади. У саодат эшикларидан катта бир эшикдир. У билан ҳасанотларга эришилади, у билан ёмонликлар тўкилади, у билан ризқ ёғилади, омад ва муваффақият давомли бўлиб, шақоват ва ғамгинлик кетади.
Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло кундуздаги гуноҳкор тавба қилиши учун тунда қўлини ёзади ва кечасидаги гуноҳкор тавба қилиши учун кундузи қўлини ёзади, то қуёш мағрибдан (ботадиган томонидан) чиқмагунича (шу ҳол давом этаверади)», дедилар.
Шундай экан, эй биродар, тавба, истиғфор ва кўп яхшиликлар қилиш билан Раббингизнинг тоатига шошилинг. Зеро, ғанимат пайтларда турибсиз, пайсалга солиш ва кечиктиришдан сақланинг. «Саҳиҳ Муслим»да келганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилингиз ва истиғфор айтингиз! Мен бир кунда юз марта тавба-истиғфор айтаман», деганлар.
«Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳу ривояти билан келган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ бандасининг тавбасидан сизларнинг биронтангиз бепоён – кимсасиз чўлда туясини йўқотиб, кейин топиб олгандан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўлади», деганлар.
Эй мусулмонлар, Аллоҳ бандаларининг тавба қилишларидан ва Унга қайтишларидан хурсанд бўлади. Вақт борида тавба қилиб қолинг, ғафлат ва сустликдан ҳазир бўлинг!
Эй ақл кўзи очиқ бўлиб, инсон умрини, одамларнинг ҳаётларини кузатган, ўлимларига гувоҳ бўлиб, жанозаларида иштирок этган, хурсандчилик-у ғам-аламларига шерик бўлган инсон! Тавбани қачонга олиб қўйдинг?! Токай тоатдан ғофилсан?! Қачонгача маъсиятларга чопасан, тоатдан бўйин товлайсан, тавбага бўйин эгмайсан?! Панд-насиҳатлар эшитгансан, Қуръон ўқигансан, ўлимни кўргансан. Токай даъватга ижобат қилишга қайсарлик қиласан?!
«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур» (Таҳрим: 8).
Эй мусулмонлар! Ортимизда жуда оғир кун турибди. Ўша кунга яхшилаб ҳозирланиб олайлик. У кунда фақат икки гуруҳ – саодат аҳли ва шақоват аҳли гуруҳлари бўлади. Кимлардир саодатга эришади, яна кимлардир шақоватга юз тутади.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳашр: 18).

06/11/2009

Admin   11-22-2009, 07:31 AM
#42
Амал мавсумлари

Барча оламлар роббиси бўлган Аллоҳга хамдлар ва пайғамбарларнинг сўнггиси бўлмиш пайғамбаримизга, унинг оиласи, асҳоблари ва унга қиёмат кунига қадар суйиб эргашганларга Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.
Ассалому алайкум, азиз мусулмон биродарлар. Еру кўкни ва кечаю кундузни яртган Зот баъзи кунларни бошқаларидан афзал ва уларда қилинган амаллар ажрини зиёда қилиб қўйди. Аллоҳ таъоло бу кунларни ўзининг мўмин бандалари учун амал мавсумлари қилиб қўйди. Улар бу мавсумларни интиқлик ила кутишади. Кечагина рамазон ойи билан видолашган эдик, мана энди зул-ҳижжа ойи ҳам эшик қоқмоқда. Ўзингизга маълум зул-ҳижжа ойи улуғ ва Аллоҳ харом килган ойлардан. Бу ойда мусулмонлар ҳаж амалини адо этишади. Албатта ҳар йили ҳаж амалини қилиш ҳар бир мусулмонга насиб этмайди. Аллоҳ ҳажга борганларни мабрур ҳаж қилишларига, қолганларни эса шу ойнинг аввалги ўн кунида солиҳ амаллар қилишларига муваффақ қилсин.
Шу фурсатдан фойдаланиб бу кунларда қилинадиган амалларни сиз азизларга эслатиб ўтмоқчимиз:

1 - Рўза. Қодир бўлсангиз бу кунларнинг барчасида рўза тутинг, ёки қодир бўлганингизча тутинг. Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунларда қилинган солиҳ амал ҳақида шундай дедилар: «Бирор кун йўқки унда қилинган амаллар Аллоҳ таъолога ушбу кунлардаги қилинган амаллардан кўра севимлироқ бўлса (яъни зул-ҳижжанинг аввалги ўн куни)». Саҳобалар сўрадилар: «Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?» «Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам, магар бир киши жонию моли билан чиқса сўнгра ундан бирор нарса билан қайтмаса (яъни шаҳид бўлиб кетса)» (Ибн Можа ва имом Аҳмад ривоятлари). Аллоҳ таъоло ҳадис қудсийда дейди: «Рўза мен учундир, унинг ажрини менинг ўзим бераман» (Имом Муслим, Насоий ва Аҳмад ривояти).

2 - Хусусан арафа кунида рўза тутиш. Бошқа кунларда иложи қилолмаган бўлсангиз ҳам бу куннинг рўзасини ўтказиб юборманг. Чунки, Аллоҳ таъоло бу куннинг рўзасини бир йиллик гуноҳ (сағира)ларга каффорот қилади. Ҳабибул мустафо арафа кунининг рўзаси ҳақида сўралганларида шундай деб марҳамат қилдилар: «Ўтган йил ва (ундан) қолган (шу ойнинг кунлар)ига каффорот бўлади» (Муслим ривояти).

3 - Такбир. Бу кунларда такбир айтиш шаръий амалдир. Аллоҳ таъоло деди:
«... сизларни ҳидоятлаб қўйгани сабабли Аллоҳга такбир айтишинглар учун. Муҳсинларга хушхабар беринг» (Ҳаж: 37). Бухорий ибн Умар ва Абу Ҳурайрадан ривоят қилганларидек: Иккилари Зул-ҳижжанинг аввалги ўн кунлигида бозорга чиқиб такбир айтардилар одамлар ҳам уларнинг такбирлари билан такбир айтардилар. Такбирни бироз овозни чиқариб айтишлик дуруст. Аммо жамоат билан жўр бўлиб айтишлик яхши эмас.
Бу кунлардаги такбир мутлақ (чексиз) ва муқайяд (чекли)дир. Мутлақ такбир биринчи кундан бошланади, мусулмон киши хоҳлаган вақтида уйда, бозорда ёки масжидда бўлсин такбир айтаверади. Муқайяд такбир арафа кунининг фажр намозидан кейин бошланиб ҳайитдан кейинги тўртинчи куннинг аср намозигача давом этади. Уни фарз намозлардан сўнгра айтилади. Такбир мана бундай айтилади: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла ила-а-ҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд».

4 - Аллоҳ йўлида фақир ва мискинларга хайру эҳсонлар қилиш.

5 - Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш. Тасбеҳ (субҳаналлоҳ), таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ) ва такбир (Аллоҳу акбар) айтиш. Зикрларнинг афзали бўлмиш Қуръонни тиловат қилиш.

6 - Қурбонликка қурби етган кишининг қурбонлик қилиши.
Танбеҳ: Қурбонлик қилмоқчи бўлган одам Зул-ҳижжанинг биринчи куни кириши билан соч-соқолига тегмайди ва тирноқларини олмайди (Имом Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар).

7- Дуо. Мухтарам биродарим, сиз ҳамиша дуода бўлинг. Чунки дуо ибодатнинг аслидир. Ўзингизни, ота-онангизни, аҳлингизни, фарзандларингизни ер юзидаги барча мусулмонларни, хусусан уларнинг мазлумларини дуойингизда зикр қилинг ва Аллоҳдан нусрат беришини сўранг. Шоядки дуойингиз ижобат соатига тўғри келиб қолса.
Охирги дуойимиз, барча оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва салламга салот ва саломлар йўлласин.
Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Admin   11-22-2009, 07:40 AM
#43
Зул-ҳижжа ўн кунининг фазилати

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, набий ва русулларнинг энг шарафлисига, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин...
Сўнг ...
Солиҳ бандалари учун солиҳ амаллларни кўп қилишадиган мавсумларни яратиб, умрларини узайтириб қўйиши, Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳаматидандир. У мавсумлар яхшиликлар учун келади ва кетади... Бу мавсумларнинг энг муаззами ва буюги – зул-ҳижжа ойининг ўн кунларидир.
Бу ўн куннинг фазилати ҳақида Қуръон ва суннатда далиллар келган. Улардан:
Биринчи: Аллоҳ таоло:
«Тонгга ва ўн кечага қасам» – деди (Фажр: 1, 2).
Ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ): «Бу кечалардан мақсад, зул-ҳижжанинг ўн кечасидир» – деди.
Иккинчи: Аллоҳ таоло:
«Маълум кунларда Аллоҳнинг номини зикр қилишлари учун ...» (Ҳаж: 28) – деди. Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу): «(«Маълум кунлар»)– зул-ҳижжанинг ўн кунларидир» – деди.
Учинчи: Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга шу кунлар – зул-ҳижжанинг ўн кунлари – дан кўра суюкли бўлган солиҳ амал кунлари йўқдир» – дедилар. Саҳобалар: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам-ми?» – деб савол беришганида: «Ҳа, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам. Бироқ, жони ва молини хатарга қўйиб чиққан ва улардан биронтасини олиб қайтмаган одам бундан мустасно» – деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 969; Термизий «Сунан», ҳадис № 757. Лафз Термизийники).
Тўртинчи: Абдуллоҳ ибн Умар (разияллоҳу анҳумо) айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга шу кунлар – зул-ҳижжанинг ўн кунлари – дан кўра муаззам ва суюкли бўлган солиҳ амал кунлари йўқдир. Бас, сизлар у кунлари таҳлил, такбир ва ҳамд санони кўп айтинглар!» (Табароний «ал-Мўъжамул-Кабир»).
Бешинчи: Юқорида айтиб ўтилган Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо)нинг ҳадисини ривоят қилган Саид ибн Жубайр (раҳимаҳуллоҳ) «зул-ҳижжанинг ўн куни кирса (ибодат қилишга) жонини Жабборга бериб тиришар эди» (Доримий соғлом санад билан ривоят қилди).
Олтинчи: Ибн Ҳажар Асқалоний (раҳимаҳуллоҳ) «Фатҳул-Борий»да шундай деган: «Зул-ҳижжа ўн кунининг имтиёзли бўлишидаги сабаб, у кунлари она ибодатлар – намоз, рўза, садақа ва ҳажнинг жамланиб келишидир. Зотан, бу ибодатлар бошқа кунларда бундай жамланиб келмайди».
Тадқиқотчи уламолар, зул-ҳижжа ўн кунининг энг яхши кунлар, рамазоннинг охирги даҳасининг кечаларининг эса энг яхши кечалар эканини айтганлар.
Зул-ҳижжанинг ўн кунида мустаҳаб бўлган амаллар:
1. Намоз.
Фарз намозлар учун такбир айтиш, нафл намозларни кўп ўқиш – мустаҳабдир. Чунки намоз – энг афзал ибодатдир.
Савбон (разияллоҳу анҳу)дан нақл қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Аллоҳга кўп сажда қилинг! Агар бир сажда қилсангиз, Аллоҳ бу сажда билан бир мақомингизни кўтариб, бир хатоингизни йўқ қилади» (Имом Муслим ривояти). Бу (ҳукм) ҳар бир вақт учун умумийдир.
2. Солиҳ амаллар ичига киргани учун, рўза.
Ҳунайда ибн Холид (раҳимаҳуллоҳ) хотини, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рафиқасининг шундай деганини ривоят қилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зул-ҳижжа ойининг тўққиз кунида, ошуро кунида ва ҳар ойнинг уч кунида рўза тутар эдилар» (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ривояти).
Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) зул-ҳижжанинг ўн кунидаги рўза ҳақида: «Жуда ҳам қаттиқ мустаҳабдир» – деди.
3. Такбир, таҳлил ва ҳамду санолар айтиш.
Абдуллоҳ ибн Умар (разияллоҳу анҳумо) юқорида келтирилган ҳадисда айтди: «Бас, сизлар у кунлари таҳлил, такбир ва ҳамд санони кўп айтинглар!» (Табароний «ал-Мўъжамул-Кабир»).
Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) «Саҳиҳ»ида Абуллоҳ ибн Умар ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумолар зул-ҳижжанинг ўн кунида бозорга чиқиб такбир айтганлари ва одамлар ҳам уларнинг такбирларига жўр бўлганларини (Ибн Асир «Жомиъул-усул мин аҳаадисир-расуул», ҳадис № 1754) ҳамда Умар разияллоҳу анҳу Минодаги гумбазида такбир айтар, уни масжиддагилар ҳам, бозордагилар ҳам эшитиб такбир айтишар ва бундан Мино ларзага келганини ривоят қилди.
Абдуллоҳ ибн Умар (разияллоҳу анҳу) у кунлари Минода, намозлар ортидан, тўшагида, чодирида, мажлисида ва юришида такбир айтар эди. Умар, Абдуллоҳ ибн Умар ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумларнинг қилганларига кўра, такбирни товуш чиқариб айтиш мустаҳабдир.
Биз мусулмонлар шу кунларда тарк этилган, ҳатто салаф солиҳнинг акси ўлароқ, солиҳ ва фазилатли кишилар тарафидан ҳам унутилаёзган ушбу суннатни жонлантиришимиз зарур.
4. Арафа кунидаги рўза.
Ҳаж қилмаётган одамнинг Арафа кун рўза тутиши таъкидланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа кунидаги рўза ҳақида: «Мен Аллоҳнинг (бу рўзани) Арафадан олдинги ва кейинги йилларга каффорот қилишини умид қиламан» – деганлар (Имом Муслим ривояти).
5. Қурбон ҳайитининг фазилати.
Бу улуғ айёмнинг фазилатларидан кўп одамлар ғафлатда қоладилар. Ҳолбуки, уламолар у айёмнинг йилнинг энг фазилатли куни, ҳатто Арафа кунидан ҳам фазилатлироқ кун, деб айтганлар. Ибн Қоййим (раҳимаҳуллоҳ): «Аллоҳнинг наздида кунларнинг энг улуғи Қурбон ҳайити айёми, кейин истиқрор кунидир» – деди. Истиқрор куни – Минода зул-ҳижжа ойининг ўн биринчи куни қолишдир.
Баъзилар: «Арафа куни – Қурбон ҳайити айёмидан фазилатлироқдир. Чунки, у куннинг рўзаси икки (йилнинг гуноҳлари)га каффоротдир. У кундек Аллоҳ жаҳаннамдан азобланган бандаларни озод қилган бошқа кун йўқдир. У куни Аллоҳ бандаларига яқинлашади ва фаришталарга Арафот майдонида турганлар билан мақтанади» – деди.
Бу икки қавлдан биринчиси тўғридир. Чунки ҳадис ҳеч бир монеъликсиз шунга далолат қилмоқда. Қурбон ҳайити айёми афзалроқми ёки Арафа куними, қандай бўлмасин, мусулмон ҳаж қилаётган бўлсин ёки бўлмасин, бу куннинг фазилатларидан баҳраманд бўлишга, фурсатни ғанимат билиб, уларни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилсин.

Яхшилик мавсумини нима билан кутиб оламиз?

Мусулмон яхшиликнинг барча мавсумини самимий тавба, гуноҳ ва маъсиятлардан воз кечиш билан кутиб олади. Чунки гуноҳларгина Роббисининг мараҳаматларини тўсиб туради, қалбини Мавлосидан пардалайди. Шунингдек, у, яхшилик мавсумларини Аллоҳни рози қиладиган нарсаларни ғанимат билиб, жиддий азм билан кутиб олади. Садоқатли бўлган одамга Аллоҳ ҳам садоқат кўрсатади:
«Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қиламиз» (Анкабут: 69);
«Ва Роббингиз томонидан бўлғувси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз!» (Оли Имрон: 133).
Мусулмон дўстим, бу бебаҳо фурсатни, бой беришдан илгари, ғанимат билинг! Кеч қолманг! Чунки дунё, жуда ҳам оз кунлардан иборатдир. Биз (бугун) амал диёрида бўлсак, эртага мукофот ва ҳисоб бериш куни, жаннат ва жаҳаннамдир. Сиз, Аллоҳ таоло қуйидаги оятларида назарда тутган одамлар қаторида бўлинг:
«Дарҳақиқат улар (яъни мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қурқув билан дуо-илтижо қилар эдилар» (Анбиё: 90).

Admin   11-22-2009, 07:48 AM
#44
Мусулмон дўстим, айрим одамлар қўяётган хатоларга йўл қўйманг. Улар:
1. Жамоат билан такбир айтиш.
Яъни, бир одам такбирни айтиши билан, бошқалар унинг орқасидан жўр бўлиб такбир айтишлари.
2. Ҳайит куни ҳаром нарсалар билан кўнгил очиш.
Масалан, қўшиқ тинглаш, фильмлар кўриш, маҳрам бўлмаган эркагу аёлларнинг аралашиши ва бошқа ҳаром ишлар.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқиқлаганлари учун, қурбонлик сўйишингиздан илгари соч ёки тирноқларни олишингиз.
4. Исроф.

Фойдасиз ва манфаати бўлмаган нарсаларни қилиш. Аллоҳ таоло айтди:
«Исроф қилманглар! Аллоҳ исроф қилганларни суймас!» (Анъом: 141).

Admin   11-23-2009, 07:35 AM
#45
Зул-ҳижжанинг ўн куни фазилати ва уларда қилинажак амаллар ҳақида

Тайёрловчи: Ислом савол ва жавоб веб саҳифаси

Таржимон: Ислом Нури


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Давру давронни яратган ва баъзисини баъзисидан афзал қилган, айрим ойлар ва туну кунларни бошқаларидан айрича имтиёз ва фазилатлар билан хослаган, уларда ажру савобларни бисёр ва фазилатларни кўп қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. У Зот бандалари солиҳ амални кўпайтиришлари ва тоатга рағбат ҳосил қилишларида уларга ёрдам бўлсин деб ва мусулмон киши мўл-кўл савобга эришиб қолиш йўлида нашот билан ҳаракат қилиши, ўлим келмасидан туриб унга тайёрланиши, охират кунига озуқа жамғариб олиши учун бу кунларни Ўзи томонидан уларга раҳмат қилиб берди.
«Тоат мавсумларининг фойдаси шуки, улар пайтида инсон ибодатларидаги кемтикларни тўлдириб олади ва қўлдан бой берган ажру савоблари ўрнини қоплаб олади. Ушбу фазилатли мавсумлардан ҳар бир мавсумда бандалар у билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қиладиган вазифалар ва Аллоҳ таолонинг ўзи истаган бандаларига ато этадиган фазлу марҳаматлари бордир. Ушбу ойлар, кунлар ва соатлар мавсумини ғанимат билиб, уларда тоат-ибодатлар воситасида Аллоҳга қурбат-яқинлик ҳосил қилишга улгуриб қолган киши ҳақиқий бахтли инсондир, шу билан у Аллоҳнинг мазкур фазлу марҳаматларидан насибадор бўлиш бахтига мушарраф бўлиб қолса ва шу туфайли охиратда дўзах азобларидан омонликда бўлса ажаб эмас» (Ибн Ражаб, «Ал-латоиф»: 40-б).
Мусулмон киши умрининг ўлчовли эканини ва ҳаётининг қадр-қийматини билиши ва Парвардигорига кўпдан-кўп ибодат қилиб қолиши, умрбод яхшиликлар қилиб қолишга интилиши даркор.
Аллоҳ таоло айтади:
«То сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр: 99).
Мазкур тоат мавсумларидан бири – зул-ҳижжа ойининг дастлабки ўн кунлиги бўлиб, Аллоҳ таоло бу кунларни йилнинг бошқа кунларидан афзал қилди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳга суюкли эмас», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?», сўрашди саҳобалар. «Ҳа, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан (жиҳодга) чиқиб, булардан бирортаси билан қайтмаган киши (яъни моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно», дедилар (Имом Бухорий ривояти: 2/457).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч бир амал Аллоҳ азза ва жалла наздида азҳонинг ўн кунида қилинган яхшиликдан кўра покроқ ва ажри улуғроқ эмасдир», дедилар. «Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?», деб сўралди. «Ҳа, Аллоҳ азза ва жалла йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан (жиҳодга) чиқиб, булардан бирортаси билан қайтмаган киши (яъни моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно», дедилар (Доримий (1/357) ривоят қилган, «Ирвоъ»да (3/398) айтилишича, исноди ҳасан).
Бу ва бошқа далиллар далолатига кўра, ушбу ўн кунлик йилнинг бошқа кунларидан мутлақо афзал, ҳатто рамазоннинг охирги ўн кунлигидан ҳам фазилатлироқ саналади. Фақат, рамазоннинг охирги ўн кунининг кечалари уларда минг ойдан кўра яхшироқ бўлган кеча – лайлатул-қадр борлиги туфайли афзалроқдир (Тафсир Ибн Касир: 5/412).
Мусулмон биродар! Билингки, ушбу ўн кунлик бир неча ишлар сабабли фазилатли бўлган:
1) Аллоҳ таоло ушбу кунларга қасамёд қилган. Бир нарса билан қасамёд қилиш ўша нарсанинг аҳамиятли ва манфаати улуғ эканига далолат қилади. Аллоҳ таоло:
«Тонгга қасам. (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам» (Фажр: 1, 2), деди. Ибн Аббос, Ибн Зубайр, Мужоҳид ва бошқа салаф ва халаф муфассирлар бу кечалар зул-ҳижжанинг ўн куни эканини таъкидлаганлар, Ибн Касир: «Шу гап тўғридир», деган (Тафсир Ибн Касир: 8/413).
2) Юқоридаги саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу кунларни дунёдаги энг афзал кунлар эканига гувоҳлик берганлар.
3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунларда юртларида бўлганларни замон шарафи ва – Аллоҳнинг Уйини ҳаж қилаётган кишиларни – макон шарафи борлиги учун уларда солиҳ амаллар қилишга ундаганлар.
4) У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунларда кўп тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтишга буюрганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ наздида зул-ҳижжанинг ўн кунидан улуғроқ кун йўқдир. Ҳеч қайси амал ушбу ўн кунда қилинган амалчалик Аллоҳ таъолога суюкли эмас. Бас, ўша кунларда таҳлил, такбир ва ҳамдни кўп айтинглар!», дедилар (Аҳмад: (7/224) ривояти, Аҳмад Шокир иснодини саҳиҳ санаган).
5) Бу кунлар ичида Арафа куни бордир. Арафа – Аллоҳ таоло динни комил қилган ва (фаришталар) ҳозир бўладиган кундир. У куннинг рўзаси ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади. Йилнинг мутлақо энг улуғ куни бўлган, ҳеч қайси кунда тоат-ибодатлар у кундагича жамланмайдиган ҳажжи акбар – қурбон байрами куни ҳам мана шу ўн кунликдадир.
6) Қурбонлик бўғизлаш ва ҳаж кунлари ҳам мазкур кунлар ичидадир.
Ушбу ўн кунликка етмоқ Аллоҳ таоло тарафидан бандага ато этилган энг катта неъматлардан биридир. Ибодатга белни маҳкам боғловчи солиҳ бандалар бу кунларнинг қадрига етиб, улардан фойдаланиб қоладилар. Мусулмон киши ушбу улкан неъматни ҳис қилиши, бу фурсатни ғанимат билиши лозим. Бу эса бу кунларнинг ҳар бир дақиқасидан тоат-ибодатлар билан унумли фойдаланиб қолиш билан бўлади. Аллоҳнинг бандаларига фазлу марҳамати кенгки, мусулмон киши бир хил амалда давом этиш билан зерикиб, малолланиб қолмаслиги ва давомий равишда Хожасининг ибодатида бўлиши учун У яхшилик йўлларини хилма-хил, тоат-ибодатларни турли кўринишда қилиб қўйган.
Қуйида зул-ҳижжанинг дастлабки ўн кунлигида мусулмон киши ғайрат кўрсатиши лозим бўлган улуғ амаллардан баъзиларини келтирамиз:
1) Рўза.
Зул-ҳижжанинг тўққизинчи куни (арафа куни) рўза тутиш суннатдир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ўн кунликда солиҳ амалларга ундаганлар, рўза энг афзал амаллардан саналади. Аллоҳ таоло бу амални Ўзи учун хослаган. Ҳадиси қудсийда келганидек: «Аллоҳ таоло: «Одамзотнинг ҳар бир амали ўзи учун, фақат рўза бундан мустасно. У мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман», деди» (Бухорий (1805) ривоят қилган).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари зул-ҳижжанинг тўққизинчи куни рўза тутардилар. Ҳунайда ибн Холид аёлидан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан биридан ривоят қилишича: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам зул-ҳижжанинг тўққизида, Ашуро кунида ва ҳар ойдан уч кун – ойнинг биринчи душанбаси ва икки пайшанбаси рўза тутардилар» (Насоий (4/205) ва Абу Довуд ривоят қилганлар, Албоний «Саҳиҳ сунан Аби Довуд»да (2/462) саҳиҳ деб келтирган).
2) Такбир.
Ушбу ўн кунликда такбир, таҳлил, ҳамд ва тасбеҳни кўп айтиш суннатдир. Аллоҳга бандаликни изҳор қилиб ва Унинг буюклигини эълон қилиб, ушбу зикрларни масжидларда, уйларда, йўлларда ва Аллоҳни зикр қилиш жоиз бўлган ҳар қандай ўринларда овоз чиқариб айтиб юрилади.
Эркаклар баланд овозда, аёллар эса махфий тарзда айтадилар.
Аллоҳ таоло айтади:
«Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)» (Ҳаж: 28). Жумҳур уламо маълум кунлардан мурод – зул-ҳижжанинг ўн куни эканини таъкидлаганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Маълум кунлар – ўн кунликдир», деганлар.
Такбир қуйидагича айтилади: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар, ва лиллаҳил ҳамд». Такбирнинг бундан бошқа кўринишлари ҳам бор.
Ҳозирги даврда такбир айтиш деярли унутилган суннатлардан бўлиб қолди. Ушбу ўн кунликда уни камдан-кам одам айтаётганига гувоҳ бўласиз. Аслида, суннатни тирилтириш ва ғофилларга эслатиш учун уни овоз чиқариб айтиш керак. Имом Бухорий ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Умар билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумо зул-ҳижжанинг ўн кунида бозорга чиқиб такбир айтардилар. Уларнинг такбирини эшитиб, одамлар ҳам такбир айтишарди. Мурод – одамлар такбир айтиш эсларига келиб, ҳар ким ўзича такбир айтишидир, ҳамма биргаликда жўр бўлиб айтиш эмас. Бундай қилиш машруъ эмас.
Унутилаёзган суннатларни иҳё қилишда улуғ ажру савоблар бордир. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари далил бўлади: «Ким мендан сўнг менинг суннатимдан йўқ бўлиб кетган бир суннатни тирилтирса, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг савобича савоб бўлади, лекин бу уларнинг савобидан бирон нарсани камайтирмайди» (Имом Термизий (7/443) ривоят қилган, шу мазмундаги бошқа ҳадислар ҳам борлигидан ҳасан ҳадисдир).
3) Ҳаж ва умрани адо этиш.
Бу кунларда қилинадиган энг улуғ ибодатлардан бири – ҳаж ва умра ибодатидир. Аллоҳ таоло кимни ҳаж ва Ўз уйининг зиёратига муваффақ қилган бўлса ва у ҳаж маросимларини бекаму-кўст адо этса, иншааллоҳ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидан насибадор бўлади: «Мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир» (Муттафақун алайҳ).
4) Умуман, солиҳ амалларни кўпайтириш.
Чунки, солиҳ амал Аллоҳ таолога маҳбубдир, бу эса уларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида ажру савоби бисёр бўлишини лозим тутади. Ҳаж қилиш имкони бўлмаган одам ушбу фазилатли айёмларни намоз, Қуръон тиловати, зикр, дуо, садақа, ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳм, амри маъруф, наҳий мункар каби тоатлар ва яхшилик йўллари билан обод қилиш керак бўлади.
5) Қурбонлик сўйиш.
Ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан яна бири – Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш мақсадида қурбонлик сўйиш бўлиб, қурбонлик қилинадиган жонлиқни имкон қадар семизроқ ва яхшироғини танлаб олиш, Аллоҳ йўлида пул-мол сарф қилишга қисинмаслик керак.
6) Холис тавба қилиш.
Ушбу кунларда Аллоҳ таолога холис тавба қилиш ва барча гуноҳлардан тийилиш бошқа пайтларга қараганда яна ҳам зарурроқдир. Тавба – Аллоҳ таолога қайтиш ва Аллоҳ таоло ёмон кўрадиган ишларни зоҳиран ва ботинан тарк қилиш, ўтганларига пушаймон қилиш, энди қайтиб қилмасликка ва Аллоҳ суядиган ишларни қилиш билан ҳақда барқарор туришга азму қарор қилиш демакдир.
Бирон маъсиятга қўл уриб қўйган мусулмон киши дарҳол, пайсалга солмасдан ундан тавба қилишга шошилиши вожиб. Чунки:
Аввало, ўлими қачон келишини билмайди.
Қолаверса, ёмонликлар бошқа ёмонликлар сари етаклайди.
Фазилатли вақтларда тавба қилишнинг ўзига хос аҳамияти бор. Чунки, нафсларнинг тоатларга эгилиши осонроқ, яхшиликларга рағбати кучлироқ бўлади. Шу билан гуноҳларни эътироф этиш ва ўтганларига пушаймонлик ҳосил бўлади. Аслида, тавба ҳамма вақт ҳам вожиб иш. Мусулмон кишининг холис тавбаси фазилатли вақтлардаги фазилатли амаллар билан бирлашса, бу фалоҳ-нажот белгисидир, иншааллоҳ. Аллоҳ таоло айтади:
«Энди ким тавба қилиб, иймон келтириб, яхши амал қилиб ўтган бўлса, шоядки ана ўша (киши) нажот топувчилардан бўлур» (Қасас: 67).
Шундай экан, мусулмон киши яхшилик мавсумларидан унумли фойдаланиб қолишга шошилиши, зориқиб турган кунида жонига оро кирувчи савобли амаллар дастурхонини ўзидан олдин юбориб қўйиши даркор, зеро, бу кунлар тез ўтиб кетади. Савоб оз, сафар яқин, йўл хавф-хатарларга тўла, ғурур ғолиб, хатар улкан, Аллоҳ таоло кутиб турибди, қайтишлик Унинг ҳузуригадир.
«Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 7, 8).
Бу улуғ кунларда фурсатни ғанимат билиб қолиш зарур! Уларнинг ўрнини боса олувчи ва уларга тенг келувчи кунлар йўқдир. Шундай экан, амалга шошилинг! Ажал ҳужумига дучор бўлмасдан туриб шошилинг! Сустлик қилган киши ўз қилмишига пушаймон бўлишидан аввал, орқага қайтарилишини ялиниб-ёлвориб сўраганида сўрови ижобат қилинмайдиган кун келишидан олдин шошилинг! Ўлим — орзу қилувчи билан унинг орзуси ўртасига тўғаноқ бўлмасидан туриб, инсон ўзининг қилмишлари туфайли ҳалокат чоҳида маҳбусга айланмасидан туриб шошилинг!
Эй дили тош қотган, кўнгил чироғи ўчиб, қалби тун зулматларидан-да қоронғулашиб кетган инсон! Кўнглинг ёришиб, дилинг юмшайдиган фурсатлардан фойдаланиб қол, ушбу ўн кунликда Хожангнинг фазлу марҳамат насимига бағрингни тут! Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи истаган бандаларига ато этувчи буюк марҳаматларидан баҳраманд бўлолган инсон қиёмат куни энг бахтли инсон бўлади.

Admin   12-05-2009, 07:55 AM
#46
Аллоҳнинг қуйидаги мўъжизаларини биласизми?

60 000 км
Инсон танасида мавжуд бўлишига қарамай, микроскоп воситаси билангина кўринадиган майда томирларнинг узунлиги (тахминан) 60 000 км дир.
500 миллиард
Ҳар йили ўсимликлар атмосферага чиқараётган кислороднинг оғирлиги – (тахминан) 500 миллиард тоннадир.
260-400 миллиард
Инсон танаси бир кунда (тахминан) 260-400 миллиардча қон ҳужайралари ишлаб чиқаради.
227 миллион
Юрагимиз ҳаётимиз давомида 227 миллион литр қон ҳайдайди.
109 та
Табиатда мавжуд бўлган 109 турдаги атомларнинг фарқли шакл ва миқдорда бир орага келиши натижасида Ер юзида ҳайратомуз, турфа моддалар вужудга келган.
50 миллион
Бурунда “nasal epitelyum” деб аталган зар воситасида турли ҳидларни сезасиз. Бу зарда 50 миллионга яқин асаб (нерв) ҳужайралари бордир.
25 км
Кечалари тўдалашиб озуқа излаб йўлга чиқадиган “Guacharo” номли қушлар, полопонларини тўйдириш учун 25 км узоқларга учиб, бориб келадилар.
6 та
Кўз атрофида олтита мускул бўлиб, улар кўзнинг ўнгга ва чапга, юқорига ва пастга ва бошқа ҳаракатлар қилишига ёрдамчи бўладилар.
96 500 км
Қондаги ҳужайралар танадаги қон миқдорининг ярмини ташкил қилишларига қарамай, ён-ёнига тизилсалар 96 500 км лик чизиқчани ҳосил қиладилар. Бу – Ер юзининг сиртини икки марта айланиб чиқиш, демакдир.
21 кг
Уча олдаиган энг оғир қуш “Otis tarda” бўлиб, оғирлиги 21 кг дир.
3 500 дан ортиқ фермент
Инсон ҳужайрасида 3 500 дан ортиқ ферментлар бўлиб, буларнинг бир нечасининг кам бўлиши ҳужайра ичидаги фаолиятнинг бузилишига олиб келади. Бунинг оқибатида ҳужайралар парчаланади, яъни, ўлади.
100 дона
Урғочи анаконда бир мартада 100 та тухум қўяди ва ўзини шу тухмлар устида кулча ҳолига келтиради. Бу ҳаракатдан мақсад, тухумлар устига соя бериб уларни салқинлатиш, ҳарорат тушганида эса вужудини титратиб уларни иситишдир.
11 275 м
“Rüppell” номли калхат тури 11 257 м баландликда уча олади.
100 000 км
Инсон танасидаги томирларнинг жами 10 000 км дан кўпдир. Бир инсондаги томирларнинг учларини бирлаштирилса Ер юзини икки ярим марта айланиб чиқа оладиган даражада узун бўлади.
23 040 марта
Биз бир кунда (тахминан) 23 040 марта нафас оламиз.

200 та
Етук инсон бошининг бир квадрат сантиметрида 200 та соч илдизи бордир.
230 кг
Жирафалар бир ҳафтада ўртача 230 кг ўт ейдилар.
900 мужаллад
Агар ДНК даги маълумотларни бирон қоғозга туширмоқчи бўлсангиз, ҳар бири (тахминан) 500 саҳифадан иборат 900 мужаллад китобдан иборат каттагина кутубхона пайдо бўларди.
100 км
Ниначи ҳеч бир ерга қўнмай (тахминан) 100 км узоқликка уча олади. Урчиш даврида эса, ботқоқлик устидан (тахминан) 15-35 км тезлик билан уча олади.
20 миллион
Ўртача катталикдаги айсберг (муз тоғ)нинг оғирлиги (тахминан) 20 миллион тоннадир.

Admin   12-05-2009, 08:05 AM
#47
Борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида фикрлаш

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Оламлар Роббиси Аллоҳга беадад ҳамдлар бўлсин. Пайғамбар ва элчиларнинг афзали Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оилалари ва асҳобларига салоту саломлар бўлсин.
Албатта, инсон борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида фикр юритар экан, дарҳол унинг кўз ўнгида коинотдаги буюк мавжудотлар намоён бўлади. Дарҳақиқат, фазодаги улкан сайёралардан тортиб ердаги микроскоп орқали кўринадиган зарралар ҳам ўта махорат ва нозик дид билан яратилганига гувоҳ бўламиз. Осмондаги сайёраларнинг доимий ҳаракати, ердаги фасллар алмашинувидаги мутаносиблик ва ҳоказолар тўғрисида фикр юритадиган бўлсак, борлиқдаги мавжудотлар ва ҳодисалар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганига амин бўламиз. Коинотдаги қуёш, ой ва бошқа сайёраларга назар солайлик, уларнинг барчаси аввалдан тузиб қўйилган дастурга мувофиқ ҳаракат қилади. Булардан кўра анчайин кичик бўлган Ер ва ундаги мавжудот ва ҳодисаларчи. Агар уларни ўрганишга умримизнинг кўп қисмини сарфласак ҳам, озгина маълумотга эга бўламиз, холос. Ҳали инсон ақли англаб етмаган сир-синоатлар қанча.
Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади:
Бу борлиқ ва ундаги мавжудотлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолдими, ёки унинг яратувчиси борми. Бор бўлса, У ким!
Осмонлар ва Ердаги ажойиб мутаносиблик бутун дунё тортишиш қонуни ила шундай бўлиб турганини илм-фан айтади. Лекин ўша қонунни ким ижод қилди.
Осмонлар ва Ердаги ҳамма нарсалар азалий эмас, балки пайдо бўлганлигини ақл идрок қилади. Демак, уларни пайдо қилувчи зот бор. У Аллоҳ таъолодир.
Кечаю кундузнинг алмашиб туриши Ернинг қуёш ва ўз ўқи атрофида айланиб туришидандир. Лекин уни яратган ва қуёш ҳамда ўз ўқи атрофида айланадиган қилиб қўйган Аллоҳ таъоло эмасми?!
«Осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир» (Оли Имрон: 190).
Қуйида Аллоҳнинг яратгувчи ва неъмат бергувчи зот эканига далолат этадиган нарсаларни санаб ўтамиз:
«У осмондан сизлар учун ичимлик бўлган сувни ёғдирган зотдир. Сизлар (ҳайвонларингизни) боқадиган дов-дарахтлар (ўт-ўланлар) ҳам ўша сувдан (ичар)» (Наҳл: 10).
Аллоҳ борлиқда жорий қилиб қўйган маълум табиий қонун-қоидалар асосида осмондан қор-ёмғир ёғади. Осмондан тушадиган сувни шунинг учун, Аллоҳ туширди, деб асл эгасига нисбат берилади. Бу ҳам Аллоҳнинг бизга берган неъматидир. Зеро сувсиз ҳаёт йўқ.
«Сизлар (ҳайвонларингизни) боқадиган дов-дарахтлар (ўт-ўланлар) ҳам ўша сувдан (ичар)» (Наҳл: 10).
Яъни, инсон ичадиган сувлар асосан, осмондан ёққан қор-ёмғир сувидан иборатдир. Қор-ёмғирлар тоғлар, ер ости денгизлари, булоқ ва қудуқлар орқали инсонларга етади. Уларни осмондан тушириб, тоғларда ва ер ости сув омборларида сақлаб, инсон ичиши учун чучук ва яроқли қилиб берган зот - Аллоҳ таъолодир. Бошқа ҳеч ким бунга қодир эмас. Демак, инсон шундай улуғ неъматни берувчи Зотга иймон келтириши, ҳамду сано айтиши ва Унга ибодат қилиб яшаши лозим.
Ҳайвон ўз номи билан ҳаёти-жони бор маҳлуқ. Уларнинг тириклиги учун сув керак, озуқа керак. Инсон уй ҳайвонларига сувни, озуқани қаердан олиб беради. У Аллоҳ осмондан туширган сув билан ҳайвонларни суғоради. Аллоҳ туширган сув сабаби ила унган ўт-ўланлар, ўсимликлар ва дарахтлар бўй чўзади.
«У зот сизлар учун ўша (сув) ёрдамида (турли) экинларни, зайтун, ҳурмо, узум ва барча меваларни ундириб-ўстирур. Албатта, бу нарсада (яъни бир хил сув ёрдамида рангу рўйи, таъму лаззати бошқа-бошқа бўлган мева-чеваларнинг униб-ўсишида) тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир» (Наҳл: 11).
Аллоҳ таъоло ўша сув билан одамларга зироат экинларини, олма, анор, узум ва турли меваларни ўстириб беради.
Албатта, уларни бошқа бирон куч ёки шахс яратиб бера олмайди. Бунга фақат ёлғиз Аллоҳ таъологина қодир. Шунинг учун инсон бу неъматларни берган Аллоҳга иймон келтириб, ҳамду сано айтиб, шукр қилиб, Унга ибодат этиб яшамоғи лозим. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг инсонга берган турли неъматлари ҳақидаги хабарлар сўнгида:
«Албатта, бу нарсада тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат бордир» (Наҳл: 11), дейилмоқда. Ҳа, бу неъматларнинг қадрига етиш учун тафаккур қилмоқ керак. Тафаккур қилмаганлар фикрсиз ҳайвонларга ўхшаб бу дунёга еб-ичиш учун келгандек юраверадилар. Тафаккур эгалари эса, неъматлар манбаини, инсон бекорга инсон бўлмаганини, унинг ер юзида еб-ичиш, айшу ишратдан ўзга ҳам иши борлигини англаб етади. Бу неъматларни бергувчи зотга - Аллоҳга иймон келтириб, шукр этади, ҳамду сано айтади, ибодат қилади.
«У зот сизлар (бекаму кўст ҳаёт кечиришингиз учун) кеча ва кундузни, қуёш ва ойни (бир тартибга солиб) бўйсундириб қўйди. (Барча) юлдуз - сайёралар ҳам Унинг амрига бўйсундирилгандир. Албатта, бу нарсада ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир» (Наҳл: 12).
Масалан, кеча билан кундузнинг қанчалик улуғ неъматлар эканини англаб етиш учун у иккисидан бири йўқ бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи кифоя. Кечасиз ёки кундузсиз қандай ҳаёт бўлиши мумкин. Тун бир оз узун кечадиган жойларда фақат ёритишнинг ўзи учун қанчадан-қанча маблағ кетади. Аллоҳ таъоло эса, бутун дунёни ёритувчи ва иситувчи манбани инсонларга доимий, бепул ва беминнат хизматкор қилиб қўйди. Зотан, кеча билан кундуз фақат ёруғлик ва қоронғулик, инсоннинг ухлаши ёки ҳаракатда бўлиши учун хизмат қилмайди. Балки улар бутун борлиққа таъсир ўтказади. Улар бўлмаса дунё ўзгариб кетиши мумкин.
«(Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кечани Қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга бирон ёруғлик келтира олур! Ахир англамайсизларми!». Айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кундузни Қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга ором оладиган кечани келтира олур! Ахир кўрмайсизларми! (Аллоҳ) сизлар учун кеча ва кундузни унда (кечада) ором олишларингиз, (кундузи эса) Унинг фазл-ризқидан исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун пайдо қилиб қўйгани Унинг раҳмат - Марҳаматидандир» (Қасас: 71-73).
Аллоҳ таъоло кеча ва кундузни инсонга хизматкор қилиб қўйибди. Улар тинимсиз алмашиб ўз вазифаларини адо этиб турибди. Бу улуғ неъмат. Бошқа бирон куч ёки шахс буни қилиб бера олмайди. Бунга фақат Аллоҳ таъологина қодир.
Шунингдек, Аллоҳ таъоло инсонга қуёш, ой ҳамда юлдузларни хизматкор қилиб қўйди.
Юлдузларни инсонга беминнат хизматкор этиб қўйган ким? Инсоннинг ўзи ёки бошқа бирор куч ёҳуд шахс бу ишни қила оладими? Йўқ! Фақат Аллоҳгина қудратли зотдир.
«Албатта, бу нарсада ақл юргизадиган қавм учун оят-ибрат бордир» (Наҳл: 12).
Ҳа, бу белгиларни фақат ақл юритувчиларгина англаб етадилар. Улар ўша оят-белгилар туфайли яккаю ягона, Мунъиму Қодир Аллоҳни танийдилар. Унга иймон келтириб, ибодат қиладилар, шукр қиладилар ва ҳамду сано айтадилар.
Ақл юритмайдиганлар эса, дунёдан ношукр, кофир ва осий ҳолларида ўтиб кетадилар.
«Яна У зот сизлар учун ерда яратиб қўйган ранго-ранг нарсаларни (яъни, ҳайвонот ва наботот оламини, ер ости ва ер усти бойликларини ҳам сизларга бўйсундирди). Албатта, бу нарсада ибрат-эслатма оладиган қавм учун оят-ибрат бордир» (Наҳл: 13).
Аллоҳ таъоло ер ости бойликларини ҳам инсонга улуғ неъмат қилиб берди. Ранглари хилма-хил бўлган бу неъматларнинг ҳаммаси инсон учун беминнат хизмат қилади. Ўша неъматларни ер остидан топиб олган инсонларгина бир-бирларига миннат қиладилар, холос. Бу неъматларнинг қадрини билиш учун уларнинг барчаси ёки маълум қисми йўқ бўлишини тасаввур қилиб кўринг. Хўш, инсонга бу неъматларни беминнат берган ким? Албатта, Аллоҳ таъолонинг Ўзи, ундан бошқа ҳеч ким бунга қодир эмас.
«Албатта, бу нарсада ибрат-эслатма оладиган қавм учун оят-ибрат бордир» (Наҳл: 13).
«У сизлар янги гўшт (яъни балиқ гўшти) ейишларингиз ва тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишларингиз учун (сизларга) денгизни ҳам бўйсундириб қўйган зотдир. Сиз унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. У зотнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиз учун (сизларга денгизларни бўйсундириб қўйди). Шояд, (берган неъматларига) шукр қилсангизлар» (Наҳл: 14).
Аллоҳ таъолонинг сувдаги неъматлари ҳам жуда кўпдир. Ушбу оятда улардан баъзилари зикр қилиниб:
«сизлар янги гўшт ейишларингиз учун», дейилмоқда.
Сув ҳайвонларининг, хусусан, балиқ гўштининг нақадар ажойиб неъмат эканини ҳамма яхши билади. Оятда «янги гўшт», яъни, эскириб қолмаган, тоза гўшт, деб аталмоқда.
«Тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишларингиз учун».
Денгиздан гавҳар, маржон, садаф ва шунга ўхшаш зеб-зийнат учун ишлатиладиган қимматбаҳо тошлар олинади.
«Унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз».
Бу ҳам Аллоҳнинг улуғ неъмати. Қуруқликда улов, нақлиёт (ташувчи) маъносида ҳайвонлар зикр қилинган бўлса, сувда кемалар эсга олинмоқда. Кема маркаб - юк ташиш воситаси сифатида катта хизматларни бажаради. Шу билан бирга, уларнинг сувни ёриб кетиб бориши ўзига яраша чирой ва гўзаллик касб этади. Улар инсонга алоҳида завқ-шавқ ва сурур бағишлайди. Бу эса, моддиятдан фарқли ўлароқ, маънавий неъмат ҳамдир.
«У зотнинг фазлу марҳаматидан (ризқу-рўз) исташларингиз учун (сизларга денгизларни бўйсундириб қўйди)».
Яъни, сиз денгиздан Аллоҳнинг фазлини талаб қилиб, ўзга манфаатлар ҳам ахтарасиз, деган мақсадда уни сизга хизматкор қилиб қўйди.
«Шояд, (берган неъматларига) шукр қилсангизлар».
Шунча неъматлардан фойдаланиб, шояд уларни берган зотга шукр этсангиз. Унга иймон келтириб, ибодат қилсангиз.
«У зот Ер сизларни тебратмаслиги учун унда тоғларни барпо қилди, (ўзларингиз учун ичимлик бўлиши ҳамда экин-тикинларингизни суғоришингиз учун) дарёларни (оқизиб қўйди) ва (кўзлаган манзилларингизга боришда адашмасликларингиз учун) йўлларни пайдо қилди. Шоядки, тўғри йўл топсангизлар» (Наҳл: 15).
Бу оятда ер юзидаги тоғларнинг вазифаси баён қилинмоқда.
«У зот Ер сизларни тебратмаслиги учун унда тоғларни барпо қилди».
Демак, баланд тоғлар ернинг мувозанатини сақлаб турар экан. Агар ўша тоғларни Аллоҳ таъоло ер юзида «барпо» қилмаса, у тебраниб турадиган бўлади ва одамлар унда яшай олмас эканлар. Тоғларнинг улкан фойдалари орасидан фақатгина ер мувозанатини ушлаб туришининг фойдаси фикр этилсаёқ, уларнинг нақадар улкан неъмат эканлиги билинади. Бу неъматни Аллоҳдан ўзга ким ҳам бера олади. Шунингдек, ер юзидаги анҳорлар ва йўллар ҳам Аллоҳ таъолонинг инсонга берган улуғ неъматларидандир. Бу неъматларга шукр қилиш керак. Уларни берган зотга ҳамду сано айтиш лозим.
«Шоядки, тўғри йўл топсангизлар».
Ушбу жумлани моддий ва мажозий жиҳатлардан тушуниш мумкин. «Мазкур йўллар ила кўзлаган манзилларингизга тўғри йўл топиб боришингиз учун» тарзида тушуниш моддий маъноси бўлса, «ўша нарсаларни ўйлаб, тафаккур қилиб иймонга ҳидоят топишингиз учун» тарзида тушуниш эса мажозий маъноси бўлади.
«Ва (у йўлларга) белгилар (қилиб қўйди. Кечаларда эса кишилар) юлдузлар билан йўл топурлар» (Наҳл: 16).
Яъни, инсонлар кундуз кунлари тоғу тош, анҳор каби нарсаларни белги этиб, ўзларига керакли йўлдан юрадилар. Кечалари юлдузларга қараб йўл топадилар.
Аллоҳ таъолонинг яратувчи, неъмат берувчи зот эканига далолат қилувчи ояти каримадан кейин У зотнинг қуйидаги сифатлари-таърифи келади:
«(Эй мушриклар), ахир (барча мавжудотни) яратгувчи зот - Аллоҳ билан (ҳеч нарса) ярата олмайдиган (бутларингиз) баробарми! Ўйлаб кўрмайсизларми!» (Наҳл: 17).
Яъни, Аллоҳ билан сохта илоҳлар тенг бўладими. Аллоҳ ҳамма нарсани, шу жумладан, мушриклар ва улар ибодат қилаётган нарсаларни ҳам яратган зотдир. Шундоқ зот билан ҳеч нарсани яратмайдиган, балки ўзи яратилган нарсалар баробар бўлиши мумкинми?!
«Ўйлаб кўрмайсизларми!»
«Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Наҳл: 18).
Ҳа, Аллоҳнинг бандаларига берган неъматлари сон саноқсиздир. Уларнинг баъзилари юқоридаги оятларда эслатиб ўтилди. Аслида, агар инсонлар ўзларига берилган неъматларни ҳисоблашга уринсалар, санаб саноғига ета олмайдилар. Шундай сон-саноқсиз неъматнинг шукрини ҳеч ким адо эта олмайди. Агар Аллоҳ неъматлари учун тўла-тўкис шукрини талаб этса, бандаларга жуда қийин бўларди. Лекин:
«Албатта, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир».
Шунинг учун ҳам бундай талабни бандаларига юклагани йўқ. Балки, умумий шукр айтиш, иймон келтириб, ибодат қилиб яшашни амр этди. Зотан, иймонларида ҳам, ибодатларида ҳам фақат бандаларнинг ўзларигагина фойда келади. Мазкур неъматларга шукр этмаган, уларни берган Аллоҳга иймон келтирмаган, ибодат қилмаган айрим кимсалар ўзларига ўзлари ёмонлик орттирадилар, холос.
Одамнинг табиати қизиқ. Билмай туриб, ўзини яратган Холиқ ҳақида, унинг мавжудлиги, битта ёки бир нечта экани, қудрати ва бошқа сифатлари ҳақида тортишаверади. Аммо ўзининг қандай пайдо бўлганини ўйлаб кўрмайди.
Қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот ҳақида гап кетса, ўйламай-нетмай дарҳол шубҳа билдиришга тушади. Ҳақиқатни атрофлича тафаккур этмасдан туриб, инкор этади. Аллоҳга иймон келтирмагани, охиратдан умиди йўқлиги учун ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қилади. Агар қайта тирилиш ҳақ бўлса, ўзининг ҳолига вой бўлишини билгани учун ҳам тан олмайди. Аммо холисона ўйлаб кўрса, бундай қилмаган бўларди. Ўзининг аслига бир қараб кўрса, қайта тирилиш ҳеч гап эмаслигини тушуниб етарди.
«(Қасамки), Биз инсонни (яъни Одам алайҳис-саломни) лойнинг мағзи-сулоласидан яратдик» (Мўъминун: 12).
Ушбу оятда инсон яралишининг аввалги босқичи ҳақида сўз кетмоқда. «Сулола» сўзи бир нарсадан аста-секин мулойимлик билан суғуриб олинган нарсани англатади. Демак, инсон Аллоҳ таъоло томонидан лойдан суғуриб олингандир. Инсоннинг бошланиш нуқтаси лойга бориб тақалади.
«Сўнгра уни (яъни барча инсонларни) аввало мустаҳкам қароргоҳ (бачадон) даги нутфа-маний қилдик» (Мўъминун: 13).
Яъни, инсон жинсининг бошланишини лой сулоласидан қилганимиздан кейин, бу жинснинг аъзолари ота пушти камаридан нутфа ҳолида чиқиб, она раҳими-бачадонидек мустаҳкам қароргоҳга ўрнашадиган қилдик.
«Сўнгра бу нутфадан лахта қонни яратиб, лахта қондан парча гўштни яратиб, парча гўштдан суякларни яратиб, бу суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киргизиб, аввал бошдаги бир томчи сув-нутфадан бутунлай) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас, энг гўзал яратгувчи (яъни йўқдан бор қилгувчи бўлмиш) Аллоҳ баракотли - буюкдир» (Муъминун: 14).
«Сўнгра бу нутфадан лахта қонни яратдик».
Яъни, мустаҳкам қароргоҳ бўлмиш бачадонда, унга эркакнинг пушти қамаридан тушган нутфадан лахта қонни яратдик. Яъни, эркакдан тушган уруғлик аёлдаги тухум билан урчигандан сўнг лахта (ивиган) қонга айланадиган қилдик.
Инсон йўқ эди. У отасининг маний-спермасидан дунёга келди. Бу манийда минглаб (жонли) уруғлар бўлади. Улардан фақат биттасигина онанинг тухумига урчийди. Бошқалари йўқ бўлиб кетади. Оддий кўзга кўринмас ушбу маний билан баркамол инсон орасида қанча фарқ бор.
«лахта қондан чайналган (парча) гўштни яратдик».
Нутфадан алақага айланган зулукка ўхшаш лахта қонни чайналган гўштга ўхшаш нарсага айлантирдик.
«чайналган парча гўштдан суякни яратдик».
Инсоннинг суяклари шу тариқа пайдо бўлди. Аллоҳ таъолонинг қудратини қарангки, гўштдан суяк ҳосил қилади.
«сўнгра бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик».
Инсонни гўшту суякдан иборат ўзга жонзотлар каби қилиб қўймадик. Уни тамоман бошқача, ўзига хос бир жонзот этиб пайдо қилдик. Униннг жисми, руҳи, хис-туйғулари, қувватлари ва бошқа хусусиятлари умуман ўхшаши йўқдир.
«Бас, энг гўзал яратгувчи (яъни йўқдан бор қилгувчи бўлмиш) Аллоҳ баракотли буюкдир» (Муъминун: 14).
Аллоҳдан ўзга яратувчи йўқдир. Инсоннинг яратилиш жараёнини олиб кўрайлик. Бу жараёнларнинг қай бирида Аллоҳдан бошқа зотнинг иштироки бор. Ҳатто бола пайдо бўлишининг бевосита сабабчилари — ота билан она ҳам ўзида бўлаётган жараённи кутиб туришдан бошқа ҳеч нарсага қодир эмаслар. Биз у қилиб юбордик, бу қилиб юбордик, деб мақтанадиган мутахассислар эса, бўлаётган мазкур жараённи ташқаридан туриб кузатадилар, холос. Ҳолбуки, бу босқичларни ёлғиз Аллоҳ таъологина бошқариб туради.
Ушбу далиллар инсонни ҳақиқий иймонга чорламоғи, борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида янада кенгроқ фикр юритишга ундамоғи ва борлиқдаги неъматларнинг барчасини инсоннинг бахт-саодатли ҳаёт кечириши учун яратиб берган Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду санолар айтиб яшамоғи лозим!
Охирги сўзимиз барча оламлар Парвардигори — Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

Admin   12-05-2009, 08:13 AM
#48
Ижобат

Ибнул Қоййимнинг “Фавоид”ларидан

Абдул Вадуд Аҳмад


Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар, сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида, Аллоҳ ва Росулига жавоб беринг” (Анфол, 24).
Ушбу оят бир неча нарсаларни баён қилади:
Биринчиси: Албатта фойдали ҳаёт, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига эргашишлик билангина ҳосил бўлади. Кимдаки ушбу ижобат ҳосил бўлмас экан, унда тириклик йўқдир. Гарчи тириклик-ҳаёт бўлган тақдирда ҳам, у ҳаёт – ўзи ва ҳақир хайвонлар ўртасида муштарак ҳаётдир. Ҳақиқий покиза ҳаёт, фақат Аллоҳ ва Расулига ҳам зоҳирий, ҳам ботиний тарзда ижобат этиб, кечирилган ҳаётдир. У эргашувчи кишилар - тириклардир, гарчи, вафот топишган бўлсада. Улардан ўзгалар эса, гарчи жисмларида тириклик аломатлари бўлсада, улар - ўликлар жумласидандирлар.
Шунинг учун ҳам, инсонлар ичида ҳаётлари комилроқлари, Пайғамбар даъватига ижобати, лаббайи тўкисроқ бўлганларидир. Чунки, Пайғамбар чақирган нарсаларда у учун ҳақиқий ҳаёт бордир. Ундан бир бўлакни йўқотиб, зое қилган онда, у ҳаётдан ҳам бир бўлакни йўқотган бўлади. Кишидаги тирикликнинг миқдори, ундаги ижобатни миқдорига қараб, кам ёки кўп бўлур.
Энди, оятда зикр этилмиш “ҳаёт берадиган нарсага” сўзини муфассирлар турлича шарҳлашади:
- Мужоҳид: “Ҳаққа чақирганларида” деб тафсир қиладилар, яъни “Эй иймон келтирган зотлар, қачонки Аллоҳ ва Росули сизларни ҳаққа чақирганларида “лаббай” деб ижобат қилинглар”.
- Қатода эса: “Бу “ҳаёт берадиган нарсага” дан мурод, Қуръондир”, дейдилар. Унда ҳаёт бор, нажот бор ва дунё ва охиратдаги паноҳ бор.
- Суддий: “У нарса Исломдир”, дейдилар. Аллоҳ сизларга куфрда ўликлар каби турганингизда қалбларингизга Ислом ила ҳаёт ато этди.
Яна бирлари, “ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида” дан мурод “Жиҳодга чақирганларида” деб шарҳлади. Чунки, Аллоҳ йўлида кечган жангдаги ўлим - абадий ҳаёт демакдир. Яъни, “ҳаёт берадиган нарсага” дан мурод, “Аллоҳ йўлидаги шаҳидликка чақирганларида, “лаббай” деб ижобат этинглар”. Аллоҳ таоло марҳамат килади:
“Аллоҳ йўлида ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб атаманг! Йўқ улар тириклардир!” (Оли-Имрон, 169). Ёки Абу Бакр розияллоху анҳу айтганларидек: “Ўлимга ташна бўл, сенга ҳаёт берилур”. Холид ибни Валид розияллоҳу анҳу душман тарафга жўнатган мактубларида битганларидек, “... олдингизда шундай қавм турибдики, сизлар ҳаётни яхши кўрганингиз каби, улар ўлимни яхши кўрадилар”.
- “Жалолайн” соҳиби эса, ушбу оятни: “Аллоҳ ва Росули сизларни динингиз ишларида итоатга чақирганда ижобат этинглар. Чунки бу нарса абадий ҳаёт гаровидир” деб шарҳ қиладилар.
Баъзи муфассирлар ушбу, “ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида” жумласини, “Жаннатга чақирганларида”, деб шарҳлашган. Чунки у - тириклик диёридир. У - абадий, покиза ва доимий ҳаёт масканидир.
Аслида ушбу оят, юқорида зикр этилган барча нарсаларни ўз ичига олади. Албатта, Иймон, Ислом, Қуръон, жиҳод, буларнинг бари қалбларда покиза ҳаётни юзага келтиради. Мукаммал ҳаёт, аниққи, жаннатдадир.
Пайғамбар эса иймонга ва жаннатга чақирувчи жарчи ва у дунё ва охиратдаги ҳақиқий тирикликка, ҳаётга даъват қилувчи зотдирлар ...

Admin   02-04-2010, 08:50 PM
#49
... ва қиш ҳам келди!

Хатиб: Шайх доктор Холид ибн Абдуллоҳ Муслиҳ

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.
«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71)).
Сўнг ...
Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.
Quote:Бу хутбани «Ҳожат хутбаси» деб аталади. Бу хутбани ҳар бир ишни бошлашда ўқиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам саҳобаларга бу хутбани диний ишларида, у ишлар никоҳ, жума, маъруза ва бошқа бўлсин, сўзбоши қилиб ўқишлари мумкин эканини ўргатар эдилар. Бунинг аслини кўриш учун қуйидагиларга қаранг: «Сунан Ибн Можжа»: «Китабун Никаҳ: Баб Хутбатун Никаҳ», «Сунан ат-Термизий», «Сунан Аби Довуд», «Сунан Ан-Насоий», Абу Яълонинг «Сунан»и, Байҳақийнинг «Сунан»и, Табаронийнинг «ал-Муъжам ал-Кабир» ва Имом Аҳмаднинг «ал-Муснад» китоблари. Бу хутбанинг бир қисми Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида «Китабул-жумуаъ: бабу хутбатиҳи соллаллоҳу алайҳи ва салам»да ривоят қилинган. Муфассал ўрганиш учун Шайх, Аллома, Муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албонийнинг «Хутбатул Ҳожа» китобига мурожаат қилинсин.
Ҳой одамлар, Аллоҳдан тақво қилингиз! Аллоҳ фарз қилган ҳақ ва масъулиятларни адо этиб, таъқиқлаган гуноҳ ва маъсиятлардан тийилингиз! Чунки, Аллоҳ таоло тақволи бандалари учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва ҳаёлга келмаган неъматларни тайёрлаб қўйган.
Ҳой мўъминлар, шуни унутмангларки, Ўзигина илоҳ ва Ўзигина Робб бўлган Роббингизнинг катта ҳикматлари, таъсирчан қудрати бўлиб, кеча ва кундузни айлантиради, кечани кундуз, кундузни эса кечанинг ичига киритади:
«Кеча ва кундуз (соатлари)ни Аллоҳ белгилар. У зот (фасллар ўзгариши билан кечалар ҳам узун-қисқа бўлиб туриши сабабли сизлар у кечаларда бедор бўлишларингиз лозим бўлган соатларнинг) саноғига ета олмасликларингизни билиб, сизларга қайта енгиллик берди» (Муззаммил: 20).
Йилни, манфаатларини тўкис қилиш, ҳаётлари фаровон бўлиши ва ишлари маромида давом этиши учун, ёз, қиш, баҳор ва куз каби фаслларга бўлиши, Аллоҳнинг етук ҳикматлари, бандаларига бўлган буюк лутфлари ва раҳматларидан биридир.
Ҳой Аллоҳнинг бандалари, мана, қиш фасли ҳам кириб келди. Бу фасл ҳақида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу уммоллари (ҳокимлари)га ушбу сатрлар ёзилган номаларни юборган эди: «Қиш фасли яқинлашди. Унга жундан тўқилган пайпоқ ва махсиларни ҳозирланглар. Ўтин ва бошқа ёнилғиларни ғамланглар!».
Аллоҳ, сизларга иссиқ ва совуқдан ҳимоя қиладиган кийимларни яратиб қўйганини миннат қилди. Аллоҳ сизлар учун ҳайвонларнинг юнглари ва жунларидан, сизларни иситадиган ва ҳимоя қиладиган нарсаларни яратди. Аллоҳ таоло айтди:
«У зот яна сизлар учун иссиқ кийим ва (турли) манфаатлар бўлсин, деб чорва молларини ҳам яратдики, сизларнинг таом-озуқаларингиз улардан бўлади» (Наҳл: 5).
Шундай экан, Аллоҳга шукр қилинглар. Чунки шукр неъматлар мўллигининг омилидир. Аллоҳ таоло айтди:
«Яна Роббингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангизлар, албатта азобим ҳам жуда қаттиқдир»» (Иброҳим: 7).
Ҳой Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳнинг йил фаслларини турли-туман яратишидаги неъматларидан бири – сизларга жаҳаннамни эслатиш ҳикматидир. Чунки ҳарорат ва совуқнинг қаттиқлиги, одамларга жаҳаннамдаги иссиқ ва совуқни эслатади. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан марфуъан ушбу ҳадис нақл қилинган: «Жаҳаннам Роббисига шикоят қилиб: Роббим, баъзи тарафим баъзиларини еб тугатди! – деди. Аллоҳ таоло унга икки марта: ёзда ва қишда (бир мартадан) нафас олишга рухсат берди. У (нафас олишлар) – сизлар тотаётган иссиқлик ва қаҳратон совуқлардир» (Имом Бухорий, 3087; Имом Муслим, 617).
Аллоҳ таоло жаҳаннам аҳли ҳақида шундай деган:
«Улар у жойда (жаҳаннам ўтидан ором берадиган) бирон салқинни ва бирон ичимликни топмаслар! Фақат қайноқ сув ва йирингнигина (ичарлар)! (Мана шу уларнинг қилмишларига) яраша жазодир!» (Набаъ: 24 – 26). Жаҳаннамдан Аллоҳга сиғинамиз!
Жаҳаннам ўз аҳлини иссиқ ва совуқ билан жазолайди. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: ««Ғассоқ» – ўзига келган кимсани тилка пора қиладиган қаҳратон совуқдир» – деди.
Ҳасан раҳимаҳуллоҳ эса: «Ҳалок қилган ҳар бир совуқлик – жаҳаннамнинг бир парчасидир» – деди.
Ҳой, ёзнинг ҳарорати ёндирган инсон!
Ҳой, қишнинг қаҳратони қийнаган инсон!
Жаҳаннам азобидан қўрқингиз! Жаҳаннамнинг азоби (ёпишса) айрилмасдир! Бу дунёда кўраётганинигиз қаттиқ ҳарорат ва совуқлик жаҳаннам ҳарорати ва қаҳратонининг жуда ҳам оз бўлаги, холос. Гуноҳ ва маъсиятлар денгизида сузиб, ўз жонига жабр қилган сиздек инсон, жаҳаннамни етмиш мингта тизгини билан тортиб келинадиган ва:
«(Жаҳаннамга) кирингиз! Энди (унинг азобига) хоҳ сабр қилинглар, хоҳ сабр қилманглар, сизларга баробардир! (Яъни у азоб сизлардан енгиллатилмас). — Сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган қилмишларингизнинг жазосини тортарсизлар!» (Тур: 16) – дейиладиган Кунда нима қиласиз?!
Ҳой, мўъминлар!
Биз қиш фаслига кирар эканмиз, бошқа мусулмон биродарларимиз ҳам бу фаслга оёқ босдилар. Улар биз билан бирга яшасаларда, бизга мўл ризқлар берилган, уларнинг эса эҳтиёжлари кўп. Улар қиш бўсағасида ёрдам ва ионага муҳтождирлар. Бойлигингиздан бирон нарсалар чиқариб, муҳтож биродарларингизга беринглар. Ёрдамни яқин қариндошларингиз, бир туғишганларингиздан сўнгра қўшниларингиз, ҳамшаҳарларингиз, кейин эса яқинларингизга яқинлигига қараб берингиз. Биров бераётган нарсасининг озлигига қарамасин! Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаҳаннамдан яримта ҳурмони бериб бўлсада жонингизни сақлангиз!» – дедилар (Имом Бухорий, 1347; Имом Муслим, 1016. Адий ибн Ҳотим разияллоҳу анҳу ривояти).
Ҳой мўъминлар, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Абу Саид разияллоҳу анҳудан заиф санад билан ушбу ҳадисни нақл қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиш – мўъминнинг баҳоридир. У қишнинг кечаларини (ибодатлар билан) қоим қилади, кундузларини эса рўза тутиб ўтказади» – дедилар» (Имом Аҳмад, 11734).
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтди: «Дарҳақиқат, қиш – мўъминнинг баҳоридир. Мўъмин қишда тоатлар бўстонида, ибодатлар майдонида яйраб, қалбини ўзига муяссар қилинган ишлар билан севинтиради».
Ҳой Аллоҳнинг бандалари, банда қиш мавсумида рўзаларни ҳеч қийналмай тута олади. Чунки, қиш кунлари қисқа ва совуқ бўлади. Банда бу кунларда рўзанинг машаққатларини ҳис этмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиш (кунларидаги) рўза – қулай (салқин) ўлжадир» – дедилар (Термизий, 797. Омир ибн Масъуд раҳимаҳуллоҳ ривояти. Термизий раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни мурсал деган. Чунки, Омир раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаган).
Ҳой Аллоҳнинг бандалари, бу фурсатни ғанимат билинглар! Чунки, рўзанинг сон-саноқсиз фазилатлари бор. У ҳақида Аллоҳ таолонинг қудсий ҳадисда: «Рўза Мен учундир ва уни Мен ўзим тақдирлайман!» – деб айтиши кифоядир (Имом Бухорий, 7054; Имом Муслим, 1151. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривояти).
Ҳой Аллоҳнинг бандалари, бу фаслда Аллоҳнинг савоб дарвозаларидан бири – кечаларнинг узун бўлишидир–ки, банданинг таҳажжуд ўқишига имкониятлар бордир. Кечанинг узунлигидан нафс ўз оромини олиши, сўнгра эса намозга, Аллоҳ таоло қуйидаги оятларида ёдга олган намозга туриши мумкин:
«Яна кечанинг бир қисмида ҳам У зотга сажда қилинг ва тунда узоқ (бедор бўлиб) У зотга тасбеҳ айтинг!» (Инсон: 26);
«Яна кечанинг (бир қисмида) ва саждалар (яъни намозлар) ортидан У зотни покланг!» (Қоф: 40).
Таҳажжуд намозини ўқиш – тақводорларнинг белгиси, Аллоҳнинг нажот топган дўстларининг хислатидир:
«Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлар (яъни тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қиладилар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар. Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда: 16, 17).
Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди: «Ҳеч бир жон ўзи учун Аллоҳ таоло тавсифлаган мазкур зотлар учун Қиёмат кунида жаннатида, дунёдалик пайтларида қилган амалларининг мукофоти ўлароқ беркитган – кўнгиллар қувонадиган неъматларни билмайди».
Ҳой Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан қўрқинглар! Қиш кечалари узундир, уни уйқуларингиз билан қисқа қилманглар! Гуноҳ ва шаҳватларингизга берилиб, бу кечаларни бедор ўтказманглар! Кечангизни ғофил ва маст-аластларнинг эмас, тақводор ва зокирлар кечасига айлантиринглар!
Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтди: «Ҳалим суратидаги пасткаш ва оқил суратидаги аҳмоққа ҳайронман! У, арзон фоний насибани бебаҳо мангу насибадан афзал кўрмоқда. Кенглиги Осмонлар ва Ерча келадиган жаннатни, расво ва шаҳватпараст дўстлар ўртасидаги тор зиндонга алишмоқда!».
Ҳой жарчи, шошил ахир, шошиб кетмоқда карвон,
Биз ўтирибмиз жойимизда, не қилмоқдасан шу он
Йиғлаган йиғласин, нафси учун зор йиғласин:
Наҳот вақтим бесамар, ўтар-кетар ҳар замон!
Аллоҳим, бизга Сени ёд қилишимиз, Сенга шукроналар келтиришимиз ва Сенга чиройли ибодатлар қилишимизда ўзинг мадакор бўл!
Admin   02-04-2010, 08:54 PM
#50
Барча Оламлар Робби ва ҳакимлар Ҳакими бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин...
Сўнг ...
Ҳой Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан қўрқинглар ва Роббингизнинг мағфирати ҳамда кенглиги Еру Осмонча бўлган, ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари шошилинглар!
Ҳой, мўъминлар!
Қиш кунларидаги савоблар дарвозасидан бири – таҳоратни тўкис қилишдир. Бу ҳам энг афзал амаллардандир. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида ушбу ривоят нақл қилинган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларга Аллоҳ у билан хатоларни кечирадиган ва мақомларни кўтарадиган нарсани кўрсатайми?» – дедилар. Саҳобалар: «Ҳа, ё Расулуллоҳ», – дегач: «(У) қийинчилик пайтларида таҳоратни тўкис қилиш ва намоздан кейинги намозни кутишдир. Мана шу Аллоҳ йўлидаги чегарачилик(ка тенг)дир! Мана шу Аллоҳ йўлидаги чегарачилик(ка тенг)дир!» – дедилар» (Имом Муслим, 251; Имом Аҳмад, 7982. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривояти).
Ҳой мўъминлар, шундай экан, таҳоратларни тўкис қилингиз! Бунинг Аллоҳ даргоҳидаги савоблари каттадир. Таҳоратнинг тўкислиги (ювилиши керак) бўлган аъзоларга сувни (ёппасига) етказиш билан амалга ошади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга амр қилиб, Луқайт ибн Сабура разияллоҳу анҳуга: «Таҳоратни тўкис, бармоқлар орасига ҳилол қил (бармоқлар орасига бошқа қўл бармоқларини юрит), модомики рўзадор эмас экансан бурнингга чуқурроқ сув ол!» – дедилар (Насоий, 3047; Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ», 1054).
Ҳой мўъминлар, Ҳалим Роббингиз динда сизлар учун машаққат қилмади, балки, барча енгилликларни раво кўрди ва айтди:
«Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185).
Аллоҳ берган енгилликлардан бири, оёқларни ювиш ўрнига, оёқларни (ошиқлари билан) ўраб турган махси, пайпоқ ёки шуларга ўхшаш нарсаларга масҳ тортишдир. Бунинг шартларидан бири эса, уларни таҳоратли оёққа кийилган бўлишидир. Муқим – ўз турар-жойида яшаётган одам бир кеча ва бир кундуз, сафардаги одам эса уч кеча ва уч кундуз масҳ тортиши мумкин. Масҳ тортиш, илк кийилганидан сўнгра бузилган таҳорат асносида масҳ тортилган вақтдан ҳисоб қилинади. Масалан, банда бугун (жума куни) пайпоғини бамдод намози пайтида таҳоратли ўлароқ кийган бўлса ва унга жума намози учун қилинган таҳорати пайтида масҳ тортган бўлса, масҳ муддати жума намозининг вақтидан бошланиб, эртага (шанба кунининг) пешин вақтигача давом этади. Бу муддат тугагач таҳорат қилмоқчи бўлса пайпоқни ечиб, оёқларини ювади.
Аллоҳим, ё Роббал-Оламийн, биз Сендан фойдали билим, солиҳ амал ва ижобатли дуони тилаймиз!

Pages (13):    1 3 4 5 6 7 13   
  
Users browsing this thread: 6 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.