Муаллифлик ҳаққи ҳақида
Биcмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, Аллоҳнинг изни билан икки дунё саодати сари чорлаган пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар бўлсин ...
Сўнг ...
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
Ҳурматли www. ... .com таҳририяти!
Сизнинг вебсаҳифангизда жой олган ва таржимонларимиз тарафидан ўзбекчага ўгирилган талайгина мақола ва фатволар манбаи ва таржимонлари кўрсатилмай ёйинланган.
Аввало, тавҳиддек муқаддис эътиқод соҳиби бўлган инсонларнинг бундай ишни (бизнингча) қасддан қилиши, ҳатто у ерда асарларидан фойдаланганимиз муаллифлар ҳақида тўла маълумотга эга бўлмай туриб, ноаниқ маълумотларни жоҳилона билдириши бизни ранжитди. Сиз Саудия Арабистонидан деган олим Шайх Абдуллоҳ Асарий асли Ироқлик, бўлиб, Саудия Арабистони фуқароси эмас.
Биз
www.hikmatnuri.com вебсаҳифаси таҳририяти ўлароқ, сиз www. ... .com таҳририятининг ўз саҳифангизда
www.hikmatnuri.com саҳифасидан фойдаланганингиз барча мақола, фатво, китоб ва китобчаларни мутаржимнинг исми ёзилиши шарти билан, манбаъсини кўрсатишингизни ва: «Манбаъ:
www.hikmatnuri.com» деб ёйинлашингизни талаб қиламиз.
Ҳолбуки, мусулмонларга душманлик руҳи билан суғорилган www. ... .ru веб саҳифасининг исломий вебсаҳифалардан олган мақолаларга, дунёвий жоҳилий мафкурага эга бўлишига қарамай, муаллифлик ҳаққини ҳурмат қилиб фалон саҳифадан олинган деб кўрсатиши ва ... номи билан аталган саҳифанинг дунёвий ва ухровий ҳақларни жойига келтиришга ҳаракат қилаяпмиз деган даъводаги таҳририятининг саҳифамиз ва таржимонларимиз ҳаққини поймол қилиб, уларни йўқдек кўрсатиб, улар тарафидан қилинган оғир меҳнат меваларини ўзиники қилиб, мақолалар остига бизга тақлид қилиб www. ... .com деб кўрсатиши ачинарли ҳолдир.
Бировнинг жисмоний кучи билан топган мулкини билдирмай меники деб олиш қанчалар оғир жиноят бўлса, бировларнинг жисмоний меҳнатдан кўра машаққатлироқ бўлган ақлий меҳнатларининг мевасини ўзиники қилиб олиш оғирроқ жиноятдир.
Интернет майдони кенгайиб борар экан, муаллифлик ҳақларини ҳимоя қилиш долзарб мавзудир. Шунинг учун ҳам қайси вебсаҳифадан мақола олманг, албатта, унинг манбаъсини кўрсатишингиз керак.
Биз бировлар ҳаққига хиёнат қилишдан қўрққанимиз учун ҳам, шу кунгача ҳам, келгусида ҳам бошқа бирон бир ўзбекча вебсаҳифа материалларидан фойдаланмаслик қарори олганмиз. Шунинг учун ҳам, саҳифамизда ёритилаётган нарсаларнинг барчаси биринчи қўлдандир.
Балки сизларга ҳам маълумдир, вебсаҳифамизда ёритилган мавзулар турли вебсаҳифаларда ҳам ёйинланмоқда. Бироқ уларнинг талайгниа қисми аввало бизга мактуб йўллаб, таржимонларимизнинг мақолалари ва китобларидан фойдаланиш ҳақида рухсат сўраяптилар. Биз фойдаланиш тартиби ҳақида маълумот бериб, ўша маълумотларимизга тўла риоя қилиш аҳдларини берганларидан сўнггина, материалларимиздан фойдаланишларига рухсат бермоқдамиз.
Сиз каби муқаддас тавҳид даъвосини қилаётган инсонларнинг амалларида ҳам муваҳҳид бўлишларига ишонамиз. Инсон хато ва камчиликлардан холи эмас. Биз, меҳнатларимиздан фойдаланишга биз талаб қилган тартибда бўлсагина рухсат берамиз. Агар талабларимиз инобатга олинмаса, вебсаҳифамизда керакли жавобни яна ҳам очиқроқ қилиб, ўқувчилар оммаси олдида беришга доим тайёрмиз.
Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳдан қўрқинглар!
Аллоҳим, Пайғамбаримиз, Унинг оиласи, саҳобалари ва қиёматгача яшаб ўтадиган издошларига салавоту саломлар йўлла.
www. ... .com таҳририятининг жавоб мактуби:
Бисмиллаҳ!
Ҳурматли Ҳикмат Нури веб саҳифаси таҳририятига,
www.tavhid.com cаҳифасидан мактуб.
Ваaлейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Баъзи сабабларга кўра сизни хатингизни кечроқ ўқиб қолиб жавобимиз кечиккани учун узр.
Бу хат бизни озгина ранжитди. Бундай ҳолат биз учун кутилмаган бўлди очиғи ...
Аввало, Сизни ва қилаётган ишларингизни биз жуда ҳурмат қиламиз ва Аллоҳ учун яхши кўрамишимизни билдирмоқчимиз.
Сизни ранжитган кўринамиз. Аллоҳга қасамки, биз бундай ҳолатни кутмаган ва хоҳламаган эдик.
Сизлар бизга нисбатан ёмон гумонда экансиз, мактубингиздан бу очиқ сезилди. Ҳатто баъзи жойларда хулоса қилишга ҳам шошиб қўйибсиз. Биз шу давргача бирортанинг меҳнатини ўзлаштирганимиз йўқ. Буни ният ҳам қилмаган эдик. Биз фақатгина интернетдаги тарқоқ ҳолатдаги маълумотларни мусулмон ўқувчига сараланган тартибли ҳолатда жамлашни ният қилганмиз холос. Аллоҳнинг дини равнақига қўлдан келганча оз бўлсада хиссамизни қўшсак деган эдик.
Сиз ҳам буни билмай фикрингизни оғир суратда билдирибсиз. Мусулмонлар бир бирларига нисбатан яхши гумонда бўлсак иншааллоҳ кўп муаммолар ўз ўзидан йўқ бўлишига сабаб бўлар эди.
Биз тан оламиз, сиздан олган мақолаларни таржимонни исмини келтирдик, таржимони берилмаганига Ҳикмат Нуридан деб манбаасини кўрсатдик (энг аввалги 1-2 та мақола бундан мустасно бўлиши мумкин). Фатволарингизда эса унисини ҳам бунисини ҳам кўрсатмадик. Буни биз тан оламиз ва буни очиқ барчага эълон қилишдан ҳаё қилмаймиз. Чунки биз ҳали ҳеч кимни меҳнатини ўзлаштиришни мақсад қилмадик. Аллоҳ таоло бунга очиқ гувоҳдир.
Бу ишни бошлашдан аввал биз манбасини келтириш масаласини ҳужжатини излаб, суруштириб топмадик. Бу ҳақда сизда маълумотлар бўлса биз билан баҳам кўрсангиз, бизга илм бўлар эди. Бунга амал қилар эдик иншааллоҳ.
Бизнинг гумонимизча "Асосийси уларни меҳнати ёйилаябтику, уларга тинимсиз ажр келади. Бундан улар шод бўлишади иншааллоҳ" деган гумонда эдик. Чунки биз ўз ҳаёт тажрибамизда кўпгина саҳифалар ўз китобларини қандай бўлсада ёйилишининг истагида эканликларини гувоҳи бўлиб келаётган эдик. Албатта сиз айтгандек бу сизнинг ҳаққингиз, биз буни инкор эта олмаймиз асло.
Мактубингизни ўқибоқ барча мақола ва фатволарингизни сиз айтган шартларга мувофиқлаштирдик Аллоҳ қодир қилганича. Яна текшириб кўрарсиз ўзингиз. Кўнглингиз тўлмаган жойларини кўрсатсангиз иншааллоҳ яна тўғрилаб қўямиз.
Биз сиздан узр сўраймиз барча тушунмовчиликлар учун.
Аллоҳ таоло динига нусрат берсин ва барча мусулмонларни қалбларидаги бир бирларига бўлган ғиллу-ғашликларни кетказсин!
Аллоҳим, Пайғамбаримиз, Унинг оиласи, саҳобалари ва қиёматгача яшаб ўтадиган издошларига салавоту саломлар йўлла.
Ҳурмат ила www. ... .com таҳририяти
www.hikmatnuri.com веб саҳифаси таҳририятининг мактуби:
Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, Аллоҳнинг изни билан икки дунё саодати сари чорлаган пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар бўлсин ...
Сўнг ...
Ҳурматли www. ... .com вебсаҳифаси таҳририяти!
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
Бизга юборган макубингиз учун катта раҳмат. Мактубимизга ижобий ёндошганингиз учун сизлардан миннатдормиз. Аллоҳ рози бўлсин.
Биз сизларнинг қилаётган ишларингизнинг зоҳирий тарафларинигина кўрмоқдамиз. Қолаверса, сизлар учун битилган ва юборилган мактуб
www.hikmatnuri.com таҳририятининггина хулосаси ва огоҳлантириши эмас. Биз у мактубни турли андишалар билан тўхтатиб турдик. Лекин салаф тушунчаси асосида Исломнинг соғлом эътиқодини ёйишга ҳаракат қилиш асосига қурилган бир неча сайт таҳририятига ҳам у мазмундаги мактубни юбордик ва улар ҳам ўзларининг саҳифаларидан олинган мақола ва китобларга ўзгартишлар киритиш билан кимларнингдир сайтларида ёйинланаётгани ва бунга чек қўйиш мақсадида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш кераклигини ифодалаган жавоб мактублари юбордилар. (Шуни таъкидламоқчимизки, бизнинг уларга юборган мактубимизда ҳеч бир веб саҳифанинг номи кўрсатилмаган).
Бизлар ҳам, худди сизлар мактубингизда таъкидлаганингиздек, ўз меҳнатларимизнинг дунёга ёйилиши ва ундан инсонлар баҳраманд бўлиб, Роббимиз ҳузурида ажру савоблар соҳиби бўлишни орзу қиламиз. Эътибор берган бўлсангизлар, сизларга ёзган мактубимизда бир нарсани таъкидлаганмиз: манбаъ ва таржимонни кўрсатилсин. Шу талабга жавоб берилса, ҳар бир одам материалларимизни ўз вебсаҳифасида ёйинласин. Вебсаҳифа кимники бўлиши бизни қизиқтирмайди. Бизни қизиқтирган нарса Роббимизнинг розилиги, холос! Зеро мутаржимларимизнинг турли даврларда қилган таржималари ҳозирги кунда турли саҳифалар ва форумларда ёритиб борилмоқда.
Ҳурматли таҳририят!
Биз мўъминлар ўлароқ, мўминларга нисбатан кин ёки нафрат билан қалбимизни кирлатмасликка ҳаракат қиламиз. Шу боис жамиятимизда мавжуд бўлган жараёнларни унутмай, ўша жамиятдаги ислоҳот йўлларини барча мусулмонлар билан бирга излашга ва улар билан ҳамкор бўлишга доим тайёрмиз. Шунинг учун ҳам, биз сизлардан ранжимадик, билъакс, ягона мақсад сари одимларимизни усуллар асосида босишимиз келгусида катта самаралар беришини сизларга етказишда балки оғирроқ сўзларни истеъмол қилдик. Мактубимиз сабабли сизларни ранжитган бўлсак, сизлардан узр сўраймиз.
Қолаверса, юқорида айтганимиздек,
www.hikmatnuri.com вебсаҳифаси таҳририяти талаблари асосида, унда ёритилган мавзуларни ўз саҳифангизда ёритиб боришингиз мумкин.
Мактубимиз хотимасида
www.hikmatnuri.com вебсаҳифаси таҳририяти ўлароқ Аллоҳ таолодан барчамизнинг, жумладан сизларнинг қилаётган ишларингизда салаф солиҳ тушунчаси билан соғлом эътиқодни ва бу эътиқодга асосланган ҳаёт масъалаларини ёритиб боришингизда мададкор бўлишини сўраб қоламиз.
Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратига муҳтож бўлган бизларни солиҳ дуоларингизда ёд қилиб туришингиз тилаги ила