Admin   10-04-2009, 08:29 AM
#1
Иймоннинг олти рукни борасида саҳиҳ эътиқод

19-савол: Иймоннинг олти рукни нима?
1) Аллоҳга иймон келтириш;
2) Фаришталарига;
3) Китобларига;
4) Элчиларига;
5) Охират кунига;
6) Тақдирга иймон келтириш;

Аллоҳга иймон келтириш

20-савол: Аллоҳ таолога иймон келтиришлик нималарни ўз ичига олади?
Рубубият, улуҳият ҳамда исм ва сифатлардаги тавҳидга иқрор бўлишни ўз ичига олади.

Тавҳиднинг уч тури

Рубубият тавҳиди борасида саҳиҳ эътиқод

1-савол: Рубубият тавҳиди борасида эътиқодимиз нима?
Аҳли сунна вал жамоа Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи яратиш, мулк ва бошқарувда ягонадир дея эътиқод қилади.
2-савол: Бунинг далили нима?
Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Роббингиз – Аллоҳ шундай зотдирки, осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига кўтарилди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Роббиси — Аллоҳ буюкдир» (Аъроф: 54).
Аллоҳ азза ва жалла деди: «Осмонлар ва ер Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур, У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни хадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур» (Шўро: 49).
3-савол: Мушриклар рубубият тавҳидида келиша олишмаганми?
Одамлардан бирор киши, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин бу тавҳид борасида келиша олмай қолган эмас.
Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида шундай деб айтганидек: «Қасамки, агар улардан «Осмонлар ва ерни ким яратган?» деб сўрасангиз албатта «Аллоҳ» дерлар. Сиз «Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин», денг. Йўқ, уларнинг кўплари (ана ўша Аллоҳгагина ибодат қилиш зарур эканини) билмаслар» (Луқмон: 25).
4-савол: Агар мушриклар рубубият тавҳидига иймон келтирган эканлар, унда нима учун Аллоҳдан ўзга олиҳаларга топиндилар?
Мушриклар олиҳалари Аллоҳга восита қилинади ҳамда улар Аллоҳнинг ҳузурида шафоатчи қилиб олинади дея эътиқод қилардилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир (яъни ёлғиз Аллоҳгина чин ихлос билан ибодат қилинишга лойиқ зотдир). У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас» (Зумар: 3).
Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деди: «(Шунча) олиҳаларни битта илоҳ қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!» (Сод: 5).
5-савол: Ушбу тавҳид қалбларда қарор топган экан, унда нима учун Аллоҳ уни Қуръони Каримда қайдлаб ўтди?
Аллоҳ таоло ушбу тавҳидни исбот қилиш, таъкидлаш ва уни улуҳиятдаги тавҳидни вожиб эканига далил қилиш учун қайдлаб ўтди. Зеро рубубият тавҳиди фақат Аллоҳга ибодат қилинишини талаб этади. Аллоҳ таоло деди: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз» (Бақара: 21).
6-савол: Рубубиятда ширкнинг ботил эканига ақлий далил нима?
Аллоҳ таоло рубубиятда ширкнинг ботил экани ва агар иш шундай бўлганда осмонлар ва ер барбод бўлишини баён қилди. Бу, ақлий топқирлик билан ҳам идрок қилингандир.
Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳнинг боласи йўқдир ва У зот билан бирга бирон ҳақ илоҳ бўлган эмасдир. Акс ҳолда албатта ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-бирларидан устун бўлиб олур эдилар, (яъни ҳар бир «илоҳ» ўз ҳукмини ўтказмоқни истаб, натижада еру осмон бузилиб кетган бўлур эди). Аллоҳ улар айтаётган шериклардан покдир» (Мўминун: 91).

Исм ва сифатлардаги тавҳид борасида саҳиҳ эътиқод

7-савол: Аҳли сунна вал жамоанинг исм в сифатлардаги эътиқоди нима?
Аҳли сунна вал жамоа Аллоҳга, У Ўзига исбот қилган ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унга исбот қилган гўзал исмлар ва олий сифатларни исбот қиладилар. Қуръон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган ҳадисни ҳатлаб ўтмайдилар.
Бунинг лафзларини исбот қиладилар. Ҳамда Қуръон нозил бўлган (тил) бўлмиш араб тилидаги унинг маъносини биладилар. Кайфиятни эса Аллоҳ таолога ҳавола қиладилар. Чунки Аллоҳ таоло бу билан хосланиб, инсониятдан бирор кишини ундан хабардор қилмади.
8-савол: Ким уни лозим тутса исм ва сифатлар бобида оғишишдан саломат бўладиган шаръий, собит асослар нима?
1 - Аллоҳ Ўзига исбот қилган ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унга исбот қилганларини зиёда ёки нуқсонликсиз исбот қилишлик.
2 - Аллоҳ таолони Ўз сифатларида махлуқотларга ўхшаш эканидан пок тутиш.
Аллоҳ таоло деди: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» (Шўро: 11).
3 - Унинг сифатлари кайфиятини идрок қилишга уринмаслик.
Аллоҳ таоло деди: «Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).
9-савол: Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири «Аршга кўтарилишлик»дир. Унга қандай иймон келтирамиз?
Аллоҳнинг аршга кўтарилиши ҳақиқий кўтарилиш эканини исбот қилишлик. Унинг маъносини биламиз, кайфиятини эса билмаймиз.
Маъноси: Олий бўлиш ва кўтарилишлик.
Араб тилида шундай ворид бўлган ҳамда аҳли сунна вал жамоа ушбу маънога иттифоқ қилган.
Кайфиятига келсак: Бу кўтарилишликни шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳгина билади.
10-савол: Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири «Эшитишлик»дир. Унга қандай иймон келтирамиз?
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган зотдир» (Нисо: 58).
Шу ва шунга ўхшаш оятлардан: Аллоҳга эшитишлик сифатини исбот қилишлик истифода қилинади.
Эшитишлик араб тилида: овозларни идрок қилишдир.
Демак, Аллоҳ таолога овозларни идрок қиладиган ҳамда Аллоҳнинг махлуқотларидан бирор нарсага ўхшаш бўлмаган эшитишликни исбот қиламиз. Бунинг кайфиятини эса Аллоҳ таолога ҳавола қиламиз. «Қандай эшитади?», демаймиз. Бу борада гап-сўзга киришмаймиз. Зеро, Аллоҳ табарока ва таоло бизни бундан хабардор қилмади. Балки У жалла ва аъла унинг илмини яширди.

Улуҳият тавҳиди борасида саҳиҳ эътиқод

11-савол: Аҳли суннанинг улуҳият тавҳиди борасида ақидаси нима?
Аҳли сунна вал жамоанинг улуҳият тавҳиди борасида ақидаси: Аллоҳ таолони убудият билан яккалашликларидир. Аллоҳ билан бирга бошқа бир илоҳга ибодат қилмайдилар. Балки Аллоҳ таоло вожиб ёки мустаҳаб тарзида буюрган жамийки тоатларни шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳга сарф қиладилар. Фақат Аллоҳга сажда қиладилар, эски уйни фақат Аллоҳ учун тавоф қиладилар, Аллоҳ учунгина жонлиқ сўядилар, Аллоҳ учунгина назр қиладилар, Аллоҳнинг номи билангина қасам ичадилар, Аллоҳгагина таваккул қиладилар, Аллоҳгагина дуо қиладилар. Ана шу улуҳият тавҳидидир.
Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36).
Аллоҳ таоло деди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).
«Ибодат қилишлари учунгина»: (ибодатда) яккалашликлари учунгина маъносидадир.
12-савол: Улуҳият тавҳидининг зидди нима?
Унинг зидди Аллоҳга ширк келтиришликдир, Аллоҳ бизни ундан сақласин. У, Аллоҳга маъсият қилинадиган гуноҳларнинг энг улкани.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо: 48).
Аллоҳ таоло ширк, амални ҳабата-(беҳуда) қилувчи ва ислом миллатидан чиқарувчи дея баён қилди. Аллоҳ таоло деди: «Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88).
13-савол: Мушрик ким?
Кимда-ким ибодат турларидан бирор турни Аллоҳдан ўзгасига сарф қилса, бас, у мушрик, кофирдир.
14-савол: Аллоҳ таологагина сарф қилинадиган ибодатга мисоллардан бири «Дуо»дир. Бунга далил нима?
Дуо, Аллоҳ таоло буюрган ибодатдир. Кимки ёлғиз Аллоҳга дуо қилса, бас, у муваҳҳиддир. Кимда-ким Аллоҳдан бошқасига дуо қилса, дарҳақиқат, ширк келтирибди.
Аллоҳ таоло деди: «Ва Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз у ҳолда албатта золимлардандирсиз!» (Юнус: 106).
«Сунан»да Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан шундай собит бўлган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуо – ибодатдир» - дедилар (Абу Довуд «Сунна» (1479), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ Сунан Аби Дауд» (1479)да саҳиҳ деди).
15-савол: Пайғамбарлар билан қавмлари ўртасида рубубият тавҳидида келишмовчилик юз бермаганини билдик. Пайғамбарлар билан қавмлари ўртасида улуҳият тавҳидида келишмовчилик юз берганми?
Ҳа. Пайғамбарлар билан қавмлари ўртасида келишмовчилик юз берган, уни баён қилиш ва унга даъват қилиш учун пайғамбарлар жўнатилган ҳамда уни қайдлаб ўтиш, ёритиб бериш ва унга ҳужжат келтиришлик учун китоблар нозил қилинган (тавҳид тури), у улуҳият тавҳидидир.
Аллоҳ таоло айтганидек: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғут (шайтон)дан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).
16-савол: Пайғамбарлар ўз даъватларини тавҳиднинг қайси тури билан бошладилар? Рубубият тавҳидими ёки улуҳият тавҳидими?
Пайғамбарлар ўз қавмларини Аллоҳнинг йўлига даъват қилишни улуҳият тавҳидидан бошладилар. Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига шундай дерди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон ҳақ Илоҳ йўқдир» (Аъроф: 59, 65, 73, 85).
17-савол: Мушриклар ширк қилишларида бирор ҳужжатга эгамилар?
Мушриклар ўз ширкларида бирор таянчга эга эмаслар. На соғлом ақл ва на пайғамбарлардан бирор нақл бор.
Аллоҳ азза ва жалла мушрикларнинг ширкини ботилга чиқарадиган ақлий далилга огоҳлантириш бериб айтдики: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган (бутларингиз) ҳақида хабар берингиз – менга кўрсатинглар-чи, улар ердан нимани яратганлар?! Агар ростгўй бўлсангизлар, менга ушбу (Қуръон)дан илгари (нозил бўлган ва сизларнинг бутларга сиғинишингизни тасдиқлайдиган) бирон китобни ёки бирон илмий асарни (яъни аввалги уламолардан қолган биронта аниқ ҳужжатни) келтиринглар!»» (Аҳқоф: 4).
Бу, Аллоҳдан бошқа ҳар қандай нарсага қилинган ибодат ботил эканига ақлий, узил-кесил далилдир. Зеро улар бирор нарса яратмаган. Ҳамда уларни бирор нарса яратишда кўмаги бўлмаган. Балки Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи бунда яккаю ягонадир. Унда нима учун уларга ибодат қилинади?!
18-савол: Ушбу тавҳиднинг ўрни қандай?
Юқорида ўтганлардан маълум бўлмоқдаки, ушбу тавҳид вожиботларнинг аввали, вазифаларнинг энг муҳимидир. Аллоҳ таоло бирор кишидан ундан ўзга динни қабул қилмайди.

Фаришталар борасида саҳиҳ эътиқод

21-савол: Фаришталарга қандай иймон келтирилади?
Уларнинг мавжуд экани ҳамда бизга зикр қилинган исм ва амалларини тасдиқлашлик билан бўлади.
Аллоҳ таоло деди: «Пайғамбар ўзига Роббисидан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): ...» (Бақара: 285).
«Саҳиҳ Муслим»да Жаброилнинг Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон ҳақида савол бергани ворид бўлган. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иймон - Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, элчиларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг. Ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтирмоғингдир» - дедилар (Муслим (8)).
22-савол: Қуръони Каримда зикр қилинган фаришталарнинг баъзи сифатларини ёдга олинг?
Аллоҳ таоло уларни Ўзининг Китобида ушбу қавли билан васф қилди: «Осмонлар ва ердаги бор жонзот Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар» (Анбиё: 19-20).
Аллоҳ таоло яна шундай деди: «Улар (яъни мушриклар): «Раҳмоннинг (фаришталардан) боласи бор», дедилар. У зот (мушрикларнинг бадгумонларидан) мутлақо покдир. Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир. (Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 26-27).
23-савол: Фаришталар улуҳият хусусиятларидан бирор нарсага эгами?
Йўқ. Улар Аллоҳнинг бандалари. Аллоҳнинг улкан махлуқотларидан бири. Ибодатдан бирор нарсага лойиқ эмаслар.
Аллоҳ таоло деди: «(Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга «Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?» дейилган кунда. (Фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари (жинларга) иймон келтиргувчидирлар», дерлар» (Сабаъ: 40-41).
24-савол: Уларнинг хилқатлари сифати қандай?
«Саҳиҳ Муслим»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Фаришталар нурдан яратилди. Жинлар аланга-оловдан яратилди. Одам эса дарҳақиқат, сизларга васф қилинган нарсадан яратилди» (Муслим (2996), Аҳмад (6/153)).
Уларнинг хилқатга оид сифатларидан бири шуки, уларнинг қанотлари бор. Улардан иккита, учта ва тўртта қанотлилари бор ва ҳаказо.
Аллоҳ таоло деди: «Ҳамду-сано осмонлар ва ерни илк яратгувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилгувчи Аллоҳ учундир. У зот (яратган) маҳлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур. Албатта Аллоҳ барча нарсага қодирдир» (Фотир: 1).
«Саҳиҳ ал-Бухорий»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброилни олти юзта қаноти бор эканини кўрдилар» (Бухорий (3232), Муслим (174)).
25-савол: Фаришталар (турли) шаклу-шамоилга кириш қудратига эгами?
Ҳа. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларга гўзал жасад шаклига кириш қудратини берди. Жаброил алайҳиссалом Марямга расо инсон бўлиб гавдалангани каби. Иброҳим алайҳиссаломга, у кишининг ҳузурига муҳтарам меҳмонлар сифатида ташриф буюришган вақт гавдаланганликлари сингари. Ҳамда Лут алайҳиссаломга, у кишининг қавмларига азоб тушириш учун келган вақт гавдаланганликлари каби ва шунга ўхшаш.
26-савол: Аллоҳ азза ва жалла мушрикларнинг ушбу: «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», деган сўзларига раддия берди. Шуни баён қилиб беринг?
Аллоҳ таоло деди: «Энди (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Макка кофирларидан) сўранг-чи, қизлар (яъни, уларнинг гумонича, фаришталар Аллоҳнинг қизлари эмиш) Роббингизники-ю, ўғиллар уларникимикан?! Ёки Биз фаришталарни улар гувоҳ бўлган ҳолларида қиз қилиб яратдикмикан?! Огоҳ бўлингизким, улар ёлғончиликлари туфайли «Аллоҳнинг боласи (яъни қизлари) бор» дерлар. Улар шак-шубҳасиз ёлғончидирлар. (Аллоҳ) ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эмишми?! (Эй Макка аҳли), сизларга нима бўлди?! Қандай (ноҳақ-нораво) ҳукм чиқармоқдасизлар-а?! Ахир эс-ҳушингизни йиғмайсизларми?! Ёки сизлар учун (Аллоҳ бола кўргани ҳақида) бирон очиқ-равшан ҳужжат борми?! Бас агар ростгўй бўлсангизлар (мана шу даъволарингизни қувватловчи) китобингизни келтиринглар-чи?!» (Соффат: 149-157).
27-савол: Жаброил алайҳиссалом ҳақида нималарни биласиз?
Жаброил алайҳиссалом ваҳийга вакил қилингандир.
Аллоҳ таоло деди: «Ким Аллоҳга ва унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир» (Бақара: 98).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абтоҳ (деган жой)да уни олти юзта қанотда кўрдилар. Дарҳақиқат, хилқатининг улканлигидан уфқни тўсиб қўйганди.
Quote:«Саҳиҳ Муслим»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят, дарҳақиқат, у киши (Оиша розияллоҳу анҳо) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолонинг ушбу қавли ҳақида сўради: «Дарҳақиқат, у (Жаброилни) очиқ уфқда кўрди» (Таквир: 23). У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта у Жаброилдир. Асл яратилган суратида ушбу икки мартадан бошқа кўрмадим. Уни осмондан тушган, хилқатининг улканлиги осмон билан ергача бўлган нарсани тўсган ҳолда кўрдим» - дедилар.
Сўнг яна Меърож кечаси кўрдилар. У киши уни (Жаброилни) фақат ушбу икки маротаба кўрдилар. Қолган вақтларда эса эркак киши суратида. Асосан Диҳя ал-Калбий (розияллоҳу анҳу) суратларида (кўрардилар).
28-савол: Микоил алайҳиссалом ҳақида нималарни биласиз?
Микоил ёмғир ва уни Аллоҳ амр қилган жойга тўкиш-(ёғдириш)га вакил қилинган.
Имом Аҳмад Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброилга: «Менга нима бўлдики Микоилни ҳеч кулган ҳолда кўрмадим?» - дедилар. Шунда у (Жаброил): «Микоил дўзах яратилгандан бери кулмади» - деди (Аҳмад «Муснад» (13376)).
29-савол: Исрофил алайҳиссалом ҳақида нималарни биласиз?
Исрофил Раббиси азза ва жалланинг амри билан сурни уч бора чалишга вакил қилингандир. Қўрқув-(даҳшат)га тушиш учун (сур) чалиниши, беҳуш бўлиш учун (сур) чалиниши ҳамда оламлар Рабби учун туришликка (сур) чалиниши. Уламолар ичида икки марта сур чалинади деганлар ҳам бор. Улар Аллоҳ таолонинг ушбу қавлини далил қилдилар: «Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар: 68).
Ушбу уч фариштани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намоздаги дуоларида ёдга олардилар: «Эй Аллоҳ! Жаброил, Микоил ва Исрофилнинг Раббиси, осмонлар ва ерни илк яратувчи, ғайб ва шаҳодатни билувчи! Сен бандаларинг ўртасида улар ихтилоф қилаётган нарсаларида ҳукм чиқарасан. Мени ихтилоф қилинаётган нарсада Ўзингни изнинг ила ҳаққа ҳидоят қил! Албатта, Сен Ўзинг хоҳлаган кишини тўғри йўлга бошлайсан». Муслим ривояти (Муслим (770), Аҳмад ҳам шунга ўхшашини ривоят қилди (6/156) ва Насоий (3/173)).
30-савол: Ўлим фариштаси ким? Унинг бундан бошқа исми борми?
Ўлим фариштаси жонларни олишга вакил қилингандир.
Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Роббингизга қайтарилурсизлар»» (Сажда: 11).
Унинг «Азроил» деб аталиши ворид бўлмаган. Балки у ҳақда оятдагидек «Ўлим фариштаси» дея ворид бўлган.
31-савол: Ҳифзу ҳимоя қилиб борувчи фаришталар кимлар?
Улар одам болаларини барча ҳолатларда, муқимлик, сафар, уйқу ва уйғоқликда ҳимоя қилишга вакил қилинган фаришталардир.
Аллоҳ таоло деди: «Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида хам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар. Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас. Қачон Аллоҳ бирон қавмга ёмонлик — бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас. Ва улар учун Ундан ўзга ҳоким йўқдир» (Раъд: 11).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Аллоҳ таолонинг ушбу: «Таъқиб қилгувчи (фаришталар)», қавли ҳақида шундай дедилар: «Уни олди ва ортидан сақлаб борадиган фаришталардир. Аллоҳнинг қадари келганда уни холий қўядилар».
32-савол: Улуғ котиб-(ёзиб борувчи)лар кимлар?
Улуғ котиблар - бандаларнинг яхши ва ёмон амалларини ёзиб борадиганлардир. Аллоҳ таоло деди: «Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ (фаришта)лар бордир. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар» (Инфитор: 10-12).
33-савол: Фаришталарнинг адади кўп. Бунга далил нима?
Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Осмондаги Байтул Маъмурга ҳар куни етмиш минг фаришта киради (бир ривоятда намоз ўқийди). Сўнг охирги ҳолатларигача унга қайтмайдилар» - дея хабар бердилар (Бухорий (3207), Муслим (164), Муслимнинг лафзи).
34-савол: Фаришталарнинг борлигини инкор қилган кимсанинг ҳукми нима?
Кимда-ким фаришталарнинг мавжуд эканини инкор қилса, дарҳақиқат, мусулмонларнинг ижмоси билан куфр келтирибди.
Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, Аллоҳга, унинг пайғамбарига ва шу пайғамбарига нозил қилган Китобига ҳамда илгари нозил бўлган Китобларига иймонингиз комил бўлсин. Кимки Аллоҳга, фаришталарга, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига ишонмаса, демак, у жуда қаттиқ адашибди» (Нисо: 136).

Нозил қилинган Китоблар борасида саҳиҳ эътиқод

35-савол: Нозил қилинган Китобларга қандай иймон келтирамиз?
1) Аллоҳ таоло дарҳақиқат, ҳар бир элчи билан бир китоб нозил қилди дея иймон келтирамиз. Аллоҳ таоло айтганидек: «Қасамки, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик» (Ҳадид: 25).
2) Аллоҳ таолонинг ушбу қавлига бўйинсунган ҳолда улар Аллоҳнинг ҳузуридан деб биламиз: «Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим»» (Шўро: 15).
3) Ушбу китоблар Аллоҳ азза ва жалланинг Каломидан, бошқасининг каломидан эмас. Аллоҳ таоло уни Ўзи хоҳлаган тарзда истаганидек ҳақиқатда сўзлади дея иймон келтирамиз.
4) Китобларга иймон келтириш, унинг зимнидаги барча шариатларга иймон келтиришни ўз ичига олади. (Китоб) нозил қилинган халқларга ушбу (Китоб)га бўйинсуниш ва ундаги нарса билан ҳукм қилиш вожиб бўлади дея иймон келтирамиз.
5) Ушбу китоблар бир-бирини тасдиқлайди, ёлғонга чиқармайди.
6) Аввалги китоблар бир-бирини насх-(бекор) қилиши ҳақдир. Қуръон ўзидан олдинги самовий китобларни насх қилгани каби.
Аллоҳ таоло деди: «Ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган...» (Моида: 48).
Аллоҳ таоло деди: «Ҳолбуки, у (Қуръон) барча оламлар учун фақат бир (буюк) эслатмадир!» (Қалам: 52).
7) Аллоҳнинг Китобларига иймон келтиришлик умумий айтган ўринларда умумий суратда, тафсилот киритган ўринларда тафсилий суратда бўлиши вожиб бўлади.
36-савол: Ваҳий турлари нима?
1) Ундан Аллоҳ тарафидан бевосита ҳижоб-(тўсиқ) ортидан эшитилгани бор. Аллоҳ Мусо (алайҳиссалом) билан бевосита, ҳақиқатда сўзлашгани каби.
Аллоҳ таоло деди: «Қачонки Мусо (ваъдалашган) вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Роббиси унга (бевосита) сўзлагач...» (Аъроф: 143).
2) Ундан: Аллоҳ таоло фаришталардан бўлган элчисига эшиттириб, уни Ўзи тарафидан инсонлардан бўлган элчисига етказишликка буюради.
Аллоҳ таоло деди: «Бирон одам учун Аллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали, ё бирон парда-тўсиқ ортидан ёки бирон элчи-фаришта юбориб, ўша (фаришта Аллоҳнинг) изни-ихтиёри билан ўзи хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши орқали (сўзлар). Албатта У Олий ва Ҳакимдир» (Шўро: 51).
37-савол: Қуръонда зикр қилинган Аллоҳнинг Китобларини номлари нима?
Аллоҳ Мусога нозил қилинган Тавротни, Ийсога нозил қилинган Инжилни, Довудга нозил қилинган Забурни, Муҳаммадга нозил қилинган Қуръонни номма-ном айтди ҳамда Иброҳим ва Мусо саҳифаларини зикр қилди, барчаларига саловат ва саломлар бўлсин. Демак, ушбу Китобларга тафсилий суратда иймон келтирамиз. У Зот кўплаб Китобларни умумий суратда зикр қилиб, улардан бирортасини номини айтмаганидек. Уларга ҳам умумий суратда иймон келтирамиз. Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим»» (Шўро: 15).
38-савол: Аллоҳ таоло нозил қилган Китобларнинг охиргиси нима?
Аллоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган Қуръони Каримдир. У самовий Китобларнинг охиргиси. Ундан кейин Китоб йўқ.
39-савол: Қуръони Каримнинг сифатлари нима?
1) У ўтган Китобларнинг барчасини бекор қилувчи, инс ва жин учун умумийдир.
2) Одамлар дин ва дунёларида муҳтож бўладиган барча нарсани ўз ичига олган.
Аллоҳ таоло деди: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
3) Ожиз қолдирувчи. Бирор киши унга ўхшашини олиб келишга қодир бўлмайди.
Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар»» (Исро: 88).
4) Зиёда ва нуқсонлик (етиши)дан сақлангандир.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз» (Ҳижр: 9).
Admin   11-03-2009, 07:05 AM
#2
Оламларнинг Рабби Аллоҳнинг пайғамбарлари борасида саҳиҳ эътиқод

40-савол: Пайғамбарларга иймон келтиришлик қандай бўлади?
1) Аллоҳ таоло дарҳақиқат, ҳар бир умматга, уларни шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ва Ундан ўзга ибодат қилинадиган нарсаларга куфр келтиришга даъват қиладиган бир пайғамбар жўнатди.
2) Уларнинг бари ростгўй, тасдиқланган, хушфеъл, тўғри, олийжаноб, итоаткор, тақводор, омонатдор, ҳидоятга етакловчи, тўғри йўлга йўлланган. Улар Аллоҳнинг барча рисолатларини етказишди.
3) Аллоҳ Иброҳим ва Муҳаммад алайҳимассаломни халил-(дўст) тутди. Мусо (алайҳиссалом) билан ҳақиқатда сўзлашди. Идрис (алайҳиссалом)ни олий ўринга кўтарди. Ийсо Аллоҳнинг бандаси, Расули, Марямга ташлаган сўзи ва Ундан бўлган руҳдир.
4) Аллоҳ уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилди. Айримларининг даражасини айримлариникидан юқори қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни одам боласининг саййидидир, фахрланиш йўқ.
5) Уларнинг аввалгию охиргиларининг даъватлари диннинг аслида иттифоқ қилган. У ҳам бўлса Аллоҳ таолони улуҳияти, рубубияти ҳамда исм ва сифатларида яккалашликдир.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19).
41-савол: Расул ва Анбиёларнинг адади қанча?
Расулларнинг адади: уч юз ўн бешта.
Набийларнинг адади: бир юз йигирма тўрт мингтадир.
Бу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Абу Умома ва Абу Зар розияллоҳу анҳумоларнинг ҳадисларида собит бўлган.
42-савол: Расул ва Набий ўртасидаги фарқ нима?
Расул ва Набий ўртасидаги фарқ: Набийга Аллоҳ хабар эндиради. Ва у, Аллоҳ унга билдирган хабарларини билдиради. Шу билан бирга Аллоҳнинг амрига хилоф чиққанларга Аллоҳ томонидан бўлган рисолатни етказиш учун жўнатилса, бас, у Расулдир.
Аммо ўзидан олдинги шариатга амал қиладиган ва бирор кишига Аллоҳ томонидан рисолатни етказишликка юборилмаган бўлса, бас, у Набийдир, Расул эмас.
43-савол: Қуръони Каримда зикр қилинган Расул ва Набийларнинг исмлари нима?
Аллоҳ таоло улардан бир жумласини бизга зикр қилди. Одам, Нуҳ, Идрис, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Лут, Шуъайб, Юнус, Мусо, Ҳорун, Илёс, Закариё, Яҳё, Ал-Ясаъ, Зул Кифл, Довуд, Сулаймон, Айюб, ҳамда Асбот-(Юсуф алайҳиссаломнинг акалари)дан бир қанчаси, Ийсо ва Муҳаммад каби, барчаларига Аллоҳнинг саловат ва саломлари бўлсин.
Аллоҳ таоло деди: «Айрим пайғамбарлар ҳақида сизга илгари ҳикоя қилдик, айрим пайғамбарларни эса сизга ҳикоя қилганимиз йўқ. Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» (Нисо: 164).
Демак, уларнинг барчаларига, Аллоҳ тафсилот билан айтганлари борасида муфассал суратда, Аллоҳ субҳанаҳу умумий айтганлари борасида умумий суратда иймон келтирамиз.
44-савол: Элчилар улуҳият хусусиятларидан бирор нарсага эгами?
Расул ва Набийларнинг бари инсон, махлуқдирлар, улар рубубият хусусиятларидан бирор нарсага эга эмас дея иймон келтирамиз.
Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Роббисига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Роббисига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)»» (Каҳф: 110).
Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Мен ўзим учун ҳам на фойда ва на зиён етказишга эга бўла оламан. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ва (жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар бергувчиман, холос»» (Аъроф: 188).
Улар Аллоҳнинг бандалари жумласидан бўлиб, Аллоҳ уларни рисолат билан мукаррам айлади ҳамда уларни энг олий ўрин ва уларга олқиш айтиш оқимида убудият ила васф қилди.
45-савол: Пайғамбарларнинг сўнггиси ким?
Аллоҳ таоло рисолатларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатлари билан якунлади. У Зот у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни инс ва жинсга пайғамбар қилиб юборди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман» (Аъроф: 158).
Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик» (Анбиё: 107).
Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар» (Сабаъ: 28).
46-савол: Расуллар пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувватлари билан хушхабар берганми?
Ҳа. Дарҳақиқат, Расуллар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатлари хушхабарини берган.
Аллоҳ таоло деди: «Эсланг, Ийсо бинни Марям: «Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда (юборилдим)», деган эди. Бас қачонки (Ийсо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: «Бу очиқ сеҳр», дедилар» (Соф: 6).
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Муҳаммаднинг жони Унинг Қўлида бўлган Зотга қасамки, ушбу умматдан бирор киши, яҳудий ёки насроний мен ҳақимда эшитса сўнг мен билан жўнатилган нарса-(дин)га иймон келтирмай вафот этса, албатта, дўзах эгаларидан бўлади» (Муслим (153)).
47-савол: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатларини ёлғонга чиқарган кимсанинг ҳукми нима?
Кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатларини ёлғонга чиқарса, дарҳақиқат, элчиларнинг барига куфр келтирибди. Ҳатто унга иймон келтирган ва унга эргашувчи эканини даъво қилаётган Расулига ҳам (куфр келтирибди).
Аллоҳ таоло деди: «Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди» (Шуъаро: 105). У Зот уларни, элчиларнинг барини ёлғончи қилганлар деди. Ҳолбуки Нуҳдан олдин Расул ўтмаган.
48-савол: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин нубувват даъвосини қилган кимсанинг ҳукми нима?
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбар йўқ эканига иймон келтирамиз. Кимда-ким у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кейин пайғамбарлик даъвосини қилса куфр келтирибди. Аллоҳ таоло шундай деди: «Балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40).
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Пайғамбарлардан олти (хислат) билан афзал қилиндим: Менга пурмаъно сўзлашлик ато этилди. (Душманларим қалбига тушадиган) қўрқинч ила нусратландим. Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Ер мен учун масжид ва пок қилинди. Махлуқотларнинг барига пайғамбар қилиб жўнатилдим. Мен билан пайғамбарларга якун ясалди» (Муслим (523)).
49-савол: Набий ва Расуллардан бирортасининг рисолатини ёлғонга чиқарган кимсанинг ҳукми нима?
Кимда-ким Набий ва Расуллардан бирортасининг рисолатини ёлғонга чиқарса, дарҳақиқат, куфр келтирибди.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган, ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз. Аллоҳ ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳамда улардан биронтасини ажратиб қўймаган зотларга эса яқинда (Аллоҳ) муносиб мукофотларини ато этажак. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 150-152).

Охират куни борасида саҳиҳ эътиқод

50-савол: Охират куни нима?
У қиёмат ҳамда (у куни улкан) ишлар ва даҳшатли (ҳолатлар) юз берадиган кундир. Аҳли сунна бунга аниқ ишонади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ва охират кунига аниқ ишонадилар» (Бақара: 4).
Аллоҳ таоло деди: «Ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқдир. У сизларни ҳеч шак-шубҳасиз бўлган қиёмат кунида тўплайди. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!» (Нисо: 87).
Аллоҳ таоло деди: «Соат — қиёмат ҳам, шак-шубҳасиз, келгувчидир. Бас (шундай экан, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сиз жоҳил — кимсаларнинг етказаётган озор-азиятларига сабр-тоқат қилинг ва улардан) чиройли юз ўгириш билан юз ўгиринг!» (Ҳижр: 85).
51-савол: Қайта тирилиш нима, унинг далили нима?
Қайта тирилиш - ўликларга ҳаёт беришликдир.
Аллоҳ таоло деди: «Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар: 68).
52-савол: Амал саҳифаларига қандай иймон келтирилади?
Амал саҳифалари ўнг томондан ёки орт томондан чап қўлга берилади дея иймон келтирилади.
Аллоҳ таоло деди: «Бас, энди ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у: «Мана менинг китобимни ўқинглар...», дер» (Ал-Ҳааққа: 19).
Аллоҳ таоло деди: «Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, бас, у дер: «Эҳ қанийди, менга китобим берилмаса эди!»» (Ал-Ҳааққа: 25).
53-савол: Тарозига қандай иймон келтирамиз?
Тарозига, улар қиёмат куни тортилди ва бирор жонга бирор нарсада зулм қилинмайди дея иймон келтирилади.
Аллоҳ таоло деди: «Энди кимнинг (яхшилик) мезонлари (ёмонлик-гуноҳларидан) оғир келса бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар» (Мўминун: 102).
54-савол: Шафоат турлари нима?
1) Катта шафоат: У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хосдир. Бу ўрталарида ҳукм қилиниши учун мавқиф аҳли борасида шафоат қиладиган вақтларида бўлади.
2) Жаннат аҳли учун унинг дарвозаси очилишини сўрашдаги шафоат: У Пайғамбар солаллоҳу алайҳи ва салламга хос.
3) Азобга ҳақли бўлганлардан азобни енгиллатилишдаги шафоат: У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос. (Бу), амакилари Абу Толибдан жаҳаннам оловидаги азоби енгиллатилиши учун шафоат қилган вақтларида (бўлади). Бу, у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳимоя қилгани ва у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун ғазаб қилганига мукофот ўлароқ бўлади.
4) Жаннат аҳлидан бўлган қавмлар даражалари кўтарилишидаги шафоат: Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос экани айтилган.
5) Гуноҳи кабирага қўл урганлар ҳаққида шафоат: Улар гуноҳлари сабаб дўзахга кирган муваҳҳидлардан иборат осийлар бўлиб, ундан чиқишлари учун (шафоат қилинади). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишидан бошқа пайғамбар, фаришта, солиҳ ва шаҳидлар ана шу учун шафоат қиладилар.
Қуръон ва рўза қиёмат куни ўз соҳибларини шафоат қилади. Шунингдек, мўминларнинг болалари ўз оталари учун шафоатчи бўладилар.
55-савол: Ҳовуз нима? Унинг сифати қандай?
Ҳовузнинг (Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳовузларининг) суви сутданда оқ, асалдан ширин, миск ҳидиданда хушбўйроқ. Ким ундан бир қултум ичса, ундан кейин асло чанқамайди (Бухорий (6579) ва Муслим (2292)). Унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашганлар келади ва ундан бидъатчилар тўсилади, ҳамда уларга йўқолинглар, даф бўлинглар, дейилади.
56-савол: Сирот (кўприги) нима? Одамлар ундан қандай ўтадилар?
Одамлар амаллари қадрига қараб жаҳаннам узра тортилган йўл-(кўприк)дан ўтишларига иймон келтириш.
Уларнинг аввалгилари чақмоқ (тезлиги) каби сўнг шамол эсиши каби сўнг қуш учиши каби (ўтиб борадилар). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сиротда туриб: «Эй Раб! Саломат қил, саломат қил!» - дейдилар (Бухорий (11/387, 403), Муслим (182, 300)). Ҳатто бандаларнинг амаллари ўз эгаларини тўхтатиб қўяди. Бир киши келиб, фақат эмаклаб юришга қодир бўлади. Сиротнинг икки чеккасида буюрилган кишини олишга амр қилинган осиғлиқ чангак-(илгак)лар бўлади: тирналган-(тимдаланиб ўтган) нажот топади, илиниб қолган эса дўзахда.
Китоб ва суннатда ана шу кун хабарлари ва қўрқинчлари ҳақида ворид бўлганларига иймон келтирамиз. Аллоҳ ундан (ўтишимизда) бизга кўмак берсин!

Қазо ва қадар борасида саҳиҳ эътиқод

57-савол: Қазои қадарга иймон келтириш қандай бўлади?
Аллоҳ махлуқотларнинг тақдирини белгилаб қўйган, Аллоҳ хоҳлагани бўлади ва У хоҳламаги бўлмаслигини жазм-(қатъийлик) ва тасдиқлашлик билан бўлади.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик» (Қамар: 49).
58-савол: Тақдир даражалари қанча?
Тақдир даражалари тўртта:
Биринчи: Илм.
Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани Билувчи. Бўлган, бўлаётган ва бўладиган нарсаларни ва у қандай бўлишини кенг қамровли, иҳота қилувчи илми билан билади. Унинг илми билмагандан кейин янгиланадиган-(билиб қоладиган) эмас ва билганидан кейин унутишлик етмайди, дея иймон келтирамиз.
Иккинчи: Китобат қилиш-(ёзиш): Аллоҳ Лавҳул Маҳфузда қиёмат кунигача бўладиган нарсани ёзганлигига иймон келтирамиз.
Аллоҳ таоло деди: «(Фиръавн) деди: «У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир? (Яъни Роббинг уларни ҳам азоблаганми?)» (Мусо) айтди: «Улар ҳақидаги билим Роббим ҳузуридаги Китобда — Лавҳул-Маҳфуздадир. Роббим адашмас ва унутмас»» (Тоҳа: 51-52).
Учинчи: Хоҳиш-(ирода): Аллоҳ таоло дарҳақиқат, осмонлар ва ердаги барча нарсани ирода қилган. Ҳар бир нарса фақат Унинг хоҳиши билан бўлади. У хоҳлагани бўлади ва У хоҳламагани бўлмайди.
Аллоҳ таоло деди: «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ясин: 82).
Тўртинчи: Яратишлик даражаси: Аллоҳ таоло ҳар бир амал қилувчи ва унинг амалини, ҳар бир ҳаракат қилувчи ва унинг ҳаракатини, ҳамда ҳар бир сокин турувчи ва унинг сукунатини яратгандир.
Аллоҳ таоло деди: «Ҳолбуки сизларни ҳам, қилаётган амалларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» (Соффат: 96).
59-савол: Бандаларнинг феъллари борасидаги саҳиҳ ақида нима?
Бандалар ўз амалларида қудратга эга ҳамда уларни хоҳиш, иродаси бор. Аллоҳ таоло уларни, хоҳиш, қудрат ҳамда сўз ва амалларини Яратувчисидир. Улардан содир бўлган сўз ва амаллар ҳақиқатда уларнинг ўзларига изофа қилинади. Шунга кўра ажрланадилар ёки жазоланадилар.
Улар фақат Аллоҳ таоло қодир қилган нарсагагина қодирдирлар. Ва фақат Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсанигина хоҳлайдилар.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта бу (сура) бир панд-насиҳатдир. Бас, ким хоҳласа (бу панд-насиҳатни қабул қилиб), Роббиси томонга йўл тутур. (Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина (У зот томонга йўл тутишни) хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас). Албатта Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Инсон: 29-30).
60-савол: (Аввал) ўтган тақдир амалдан тўсиб, (шунга) таяниб қолишни олиб келадими?
(Аввал) ўтган тақдир амалдан тўсмайди. Худди (ана шу қадарга) таяниб қолишни олиб келмаганидек.
Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини тақдир (аввал) ўтгани, унинг жорий бўлаётгани ҳамда қаламлар шунга биноан қуриганидан хабардор қилганларида, у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизга ёзилган нарсага таяниб, амал қилишни тарк этмаймизни?» - дейилди.
У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Йўқ. Амал қилинглар. Ҳар бир (киши нима учун яратилинган бўлса шунга) муяссар қилингандир» - дедилар. Сўнг (ушбу оятларни) ўқидилар: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Лайл: 5-10) (Бухорий (4947), Муслим (2647)).
Тақдирнинг, унга (тақдирга) етказадиган ўз сабаблари бор. Худди никоҳ фарзандга сабаб, экинчилик ҳосил бўлишига сабаб бўлганидек. Шунингдек, солиҳ амал жаннатга киришга сабаб, ёмон амал эса дўзахга киришга сабабдир.

Admin   06-07-2014, 01:05 PM
#3
ИЙМОН АСОСЛАРИ

Савол-2: Жаброил алайҳиссалом: Эй Муҳаммад, менга иймон ҳақида ҳабар беринг, деб сўради.
Жавоб-2: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки, Иймон олти нарсадан иборатдир:
1. Аллоҳ таолога иймон келтиришинг – У зот барча насаларнинг Яратувчиси ва ибодат Унинг Ўзигагина лойиқдир, ҳамда Унинг бир қанча исм-сифатлари бўлиб, бандаларининг сифатларига асло ўхшамас, деб чин қалбдан ишонмоғинг.
2. Аллоҳ таолониг фаришталарига чин қалбдан ишонмоғинг – улар нурдан яратилган бўлиб, ҳамиша Аллоҳ таолонинг амрини бажариш билан машғулдирлар.
3. Аллоҳ таолониг тушган китобларига чин қалбдан ишонмоғинг – бу китоблар: Таврот, Инжил, Забур ва Қуръони каримдир. Қуръони карим бошқа китобларга амал қилишни бекор қилган.
4. Аллоҳ таолониг пайғамбарларига чин қалбдан ишонмоғинг – бу пайғамбарларнинг аввали Нуҳ алайҳиссалом бўлиб, охири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир.
5. Қиёмат кунига чин қалбдан ишонмоғинг – бу кун инсонларнинг ҳисоб-китоб қилинадиган кундир.
6. Барча яхшилигу ёмонлик ишларини Аллоҳ таолонинг тарафидан деб чин қалбдан ишонмоғинг – бу дегани ҳар ишнинг бир сабаби бор, деб қўлдан келганча ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг қадарига рози бўлишдир (Имом Муслим ривояти).

Admin   06-07-2014, 04:25 PM
#4
Иймон нима?

7-савол: Иймон нима?
Жавоб: Аллоҳ таъолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва қадарнинг яхши ёмонлигига ишонмоғингдир. Далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз». Ва «Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз», дедилар» (Бақара: 285).

Admin   02-17-2015, 12:47 AM
#5
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.