Pages (2):    1 2
Abu Amina   02-18-2012, 10:07 PM
#11
Имом ал-Аъзам (буюк имом) – бу фақат Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар


Буюк олим аз-Зубайдий “Шарҳ ал-Иҳя” китобига берган шарҳида ёзади: “Билгинки, тақлидни фақат шариат олиб келганга қилиш шарт, бу эса пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар
”.

Ибн Аббос رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا айтганлар: “Ҳар кимнинг сўзи қабул этилиши ёки рад этилиши мумкин, магарам пайғамбарнинг сўзлари бундан мустасно!”

Тақлид (мазҳабларга кўр-кўрона эргашиш) мусулмонлар оламини зарарлантирган катта кулфат ва касалликдир. Бизнинг давримизда ўзларининг аждодлари ва Шайxларининг фикридан Аллоҳ ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини юқори қўядиганлар нақадар камдир! Бизнинг давримизда ҳам сидқидилдан тавҳидга амал қилиб, инсонларни унга даъват қилаётганлар, ўзларининг бор кучларини ишга солиб муқаллидлар, адашганлар ва қаллоблар билан Аллоҳ йўлида муқаддас жиҳодни олиб бораётганлар мавжудлигига Аллоҳга ҳамдлар айтамиз. Тавҳидни тарқатиш учун жипслашган мусулмонларнинг кундан кунга кўпайиши инсонни қувонтиради. Улар Ҳижозда, Мисрда, Суданда, Ироқда жойлашган Синжарда ва бошқа жойларда мавжуддирлар. Аллоҳдан уларни ишларини мувоффақиятли қилишини ва уларга ёрдам беришини сўрайман. Амин!
Шайx Сиддиқ Ҳасан Ҳон ўзининг “Фатҳ ал-байан фи мақъасид ал-Қуръан” шарҳида “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини Парвардигор деб билдилар” ояти ҳусусида айтди: “Бу оятда ҳар бир тирик қалбга ва эшитиш қобилиятига эга бўлганга Аллоҳнинг динида тақлиддан эҳтиёт бўлишга, аждодлар сўзини Аллоҳнинг Китоби ва соф Суннатдан устун қўйишдан эҳтиёт бўлишга аниқ ишора мавжуд! Бу умматнинг бирон-бир олими мазҳабига, Қуръон ва Суннатга зид бўлса ҳам, кўр-кўрона эргашишга буюрилаётган бўлса, дарҳақиқат, бу айнан яхуд ва насоролар ўз донишманд ва роҳибларини ўзларига Аллоҳдан ўзга илоҳ қилиб олганликлари билан баробардир! Ахир улар аниқ ибодат қилишмаган, фақатгина бирон-бир нарсани ҳалол ёки ҳаром дейишганда уларга итоат этишган. Худди шундай хатони бизнинг умматимизнинг муқаллидлари содир этмоқдалар. Бу икки жамоа ўртасидаги ўхшашлик бир тухумнинг иккинчи тухумга, бир хурмонинг иккинчи хурмога ва бир сувнинг бошқа сувга ўхшашлигидан ҳам кучлироқ.
Эй Аллоҳнинг бандалари, Росулуллоҳнинг эргашувчилари! Қандай қилиб Қуръон ва Суннатни четга ташлаб юбориб ўзингизга ўхшаган ва сизлардан устун бўлмаган инсонларни ёзганларига интилишга йўл қўйдингиз? Қуръон ва Суннат бор кучи билан сизларга даъват қилмоқда, лекин сизларнинг қулоқларингиз бу даъватни эшитмаяпти, қалбингиз эса – англамаяпти! Сизлар куйдаги “ Мен Ғизлнинг оддий фуқаросиман - агар аҳоли ислоҳ бўлса, мен ҳам ислоҳ бўламан, адашса – мен ҳам адашаман” деб айтганга ўхшаб қоласизлар.
Шунинг учун мен сизларни оддий инсонлар ёзган китобларни ташлаб ўзларингизнинг Роббингиз Китобига ва Унинг пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатига қайтишларингизга чақираман”{57}
Қуръоннинг кўпгина оятларида Аллоҳ – дин Қонунчиқарувчиси, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уни инсонларга етказувчи эканлигига аниқ қатъий ишоралар мавжуд:

“Сизнинг зиммангизда фақат етказиш бор холос” (Шўро 42:48).

“Пайғамбарнинг зиммасида фақат етказиш бор, холос” (Моида 5:99).

“Сизнинг зиммангизда етказиш” (Рад 13:40)

Исломнинг фақат Қуръон ва Суннатдаги далиллар ёрдамида ўрнатилган устунларини 3 гуруҳга бўлиш мумкин:

1) Тавҳид;

2) Диний ибодатлар умумий кўринишда ва ҳар бир холатлари бўйича: уларни вақти, жойи, бажариш тартиби ва зарурий сони;

3) Диний тақиқлар.

Шариатнинг қолган барча меъёрлари, кўриб чиқилаётган масалага Қуръон ва Суннатда бевосита ишора бўлмаса, ижтиход ёрдамида ўрнатилади. Шу билан бирга ижтиход қилаётган инсон имкон қадар барча зиён ва ёмонликларни камайтиришга интилиши керак (“жалб ал-масалих ва даф ал-мафасид” усули).
Дарҳақиқат Қуръонда, Суннатда ва салафларнинг сўзларида бунга кўпдан кўп ишоралар мавжуд!


Quote:57 Жуда ҳам тез-тез мазҳабчилар фикҳ ёки ақидани ўрганишда ёки таълим беришда фақат ўзларининг мазҳабларини асарларига мурожаат қилишади. Биринчи бўлиб ҳадислар тўпламига мурожаат этиб, ундан сўнг турли олимларнинг берган шарҳларини кўриш ўрнига улар ўзларининг мазҳабларининг асарларига мурожаат қилишади, ундан сўнг мазҳабларининг фикрини тасдиқлайдиган ҳадисларни қидиришади. Қанчалик бу ҳақиқатдан узоқдир! Ҳақиқий Суннат тарафдорларига келсак улар: “Бидъат тарафдорлари олдин ўзларига фикр тузиб олиб ундан сўнг маъқул келадиган далиллар қидираётган бир пайтда, Ахли-Сунна вал жамоа тарафдорлари олдин далилларни ўрганиб ва ундан сўнг унга асосан фикр юритишади.”


Аллоҳ субҳанаҳу ва таъала тўғри йўлдан юришга буюради


Аллоҳ таъала бизларга бу дунёда тўғри йўлдан юришга буюрди. Бу йўл инсонларга ваҳий билан юборилган Аллоҳнинг пайғамбарлари ва Китоблари билан тушунтириб берилган. Тўғри йўл Унинг Жаннатига ва абадий мукофотлар маконига олиб бориши ҳақида Аллоҳ таъала хабар берди. Бу дунёда Аллоҳнинг йўлида инсон қанчалик қаттиқ турганига яраша унинг Қиёматда Жаҳаннамнинг устидан ўтказилган Сирот кўприги устида қадами мустаҳкам бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таъала айтди: “Албатта, мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди” (Анъом 6:153).
Аллоҳнинг тўғри йўлини қидираётган шахс кўпчилик инсонлар ундан юз ўгиришлари билан тўқнашиши аниқдир. Кимки бу йўлда бўлса, ўзининг ғариблиги билан тўқнашади. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таъала бу йўлда кимлар ҳамроҳ эканликларига ишора қилди: “Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар – пайғамбарлар ҳақ-рост иймон эгалари, шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир.” Тўғри йўлни қидирувчи бу ҳақда билгандан кейин, ноумидлик ва ўзининг замондошлари ҳамда қабиладошлари орасидаги ғариблик туйғусидан озод бўлади. Билсинки, бу йўлда унинг ҳамроҳи Аллоҳ инъомларига сазовор бўлганлар бўлади. У тўғри йўлдан озиб Аллоҳга итоатсизлик қилаётганларга эътибор бермасин. Улар кўпчилик бўлсалар ҳам, Аллоҳ таъала наздида ўзларининг даражаларидан ҳам пастдирлар. Баъзи салафи солиҳлар айтганларини эсланглар: “Тўғри йўлдан юргин ва сенга нажот топганларнинг камлиги зиён қилмайди. Залолат йўлларидан эҳтиёт бўл, бу ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги билан алданмагин” қаранг. “ал-Азкар” 238.
Ҳар сафар ёлғизлик сабабли ноумидсизлик холатига тушиб қолсанг, ўтмишдошларга назар сол, уларга қўшилиш ғамида бўл ва улардан бошқа ҳеч кимга назар солма, чунки Аллоҳнинг олдида бошқалар сенга ҳеч қандай фойда келтиришмайди. Агар улар тўғри йўлдан кетаётганингда сени чақиришса, уларга назар солма ва ўгирилиб қарама, чунки қарашинг билан улар сени ушлаб олишади ва ўзлари билан эргаштириб кетишади! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга витр намозида қунут дуосини бежиз ўргатмадилар: “Аллоҳим, ҳидоят қилган бандаларинг қаторида мени ҳам ҳидоят қил” Абу Довуд 1425, Термизий 464. ҳадис саҳиҳ.
Сўнг инсонга “ғазабга дучор бўлганлар” ва “ҳақ йўлдан тойганлар” йўлидан сақланиши лозим.
“ғазабга дучор бўлганлар” – булар ўзларининг динларини бузиб ҳақни била туриб унга мувофиқ амал қилмаганлар.

“ҳақ йўлдан тойганлар” – булар умуман тўғри дин ҳақида маълумотлари бўлмаганлар.

Ҳақиқат эса – бу Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари тутган йўл! Шундай қилиб, ҳар бир билим, амал, тушунча, ҳукм ёки даража агар ўзининг асосини Пайғамбардан олган бўлса – у тўғри йўлдир. Агар аксинча бўлса, у ҳолда “ғазабга дучор бўлганлар” ва “ҳақ йўлдан тойганлар” йўлидир, уларга Жаҳаннам тайёрлаб қўйилган. Қаранг. “Мадариж ас-саликин” 1/21.

Шубҳасиз, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари дин масалаларида кўпроқ билимга эга бўлишган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келганни ҳақиқий маъносини тушунишган. Пайғамбарсоллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳақиқатни билишмаган, уни фақат шиалар ва бошқалардан иборат бидъат тарафдорлари тушуна олганлар деб ўйлаш сафсатадир.
Тўғри йўлга эргашувчилар билан бидъатлар ва маъно ўзгартирувчилар орасидаги фарқни англаш учун уларнинг амаллари берган ҳосилига назар солайлик. Шундай қилиб саҳобалар кўпгина кофирлар мамлакатларини Ислом мамлакатларига айлантиришди, {58} Қуръон, илм ва тўғри йўл ёрдамида кўпгина залолатда юрганларнинг қалбларини тўғри қилишди. Улар амаллари тўғри йўлдаги инсонлар эканликларига далолат қилади. Шиаларнинг, бидъатлар тарафдорлари ва турли мазҳабларга эргашувчиларнинг амаллари эса ҳамма даврда ва ҳар қаерда ўз-ўзидан тўғри йўлга зид бўлиб келган.
Рамазон ойининг кунларидан бирида Тоифдаги Ибн Аббос масжидида Қуръон ўқиш билан машғул бўлдим. Фиръавннинг ҳикояси келган жойда бир оз тўхтаб мен Аллоҳ таъаланинг сўзларига диққат қилдим. Ҳақиқатан ҳам ахир Фиръавн, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, инсонларни турли гуруҳлар, ҳизблар, йўналишлар ва хоказоларга бўлишни биринчи бўлиб ўйлаб топган. Демак, мазҳабларга, гуруҳларга, ҳизбларга, тариқатларга бўлиниш бадъатини асосчиси деб Фиръавнни хисоблаш керак. Унинг сиёсати хозирги кўпгина Овропа давлатларида тарқалган сиёсат каби эди! Бунга Аллоҳ таъаланинг қуйидаги оятлари далил бўлади: “Дарҳақиқат Фиръавн (Миср) ерида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани хорлаб” (Қасос 28:4).
Шунингдек Аллоҳ таъала айтди: “Мушриклардан бўлманглар! Улар динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар” (Рум 30:31-32).

Билгинки, тўғри йўлдан кетаётганларнинг хусусиятлари ичида албатта барча пайғамбарларга уларни ажратмаган ҳолда иймон келтириш, пайғамбарларни ва улар олиб келганини тан олиш, ҳақга қаерда бўлишидан қатъий назар эргашишдир.
Демак, шундай бўлар экан, у ҳолда пайғамбарларнинг меросхўрларига – саҳобаларга, сўнг тобеъинларга, тўрт имом каби мужтаҳид-олимларга ва уларга ўхшаганларга ва муҳаддис-имомларга, رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا ,хурмат изҳор қилиш лозим.
Шунингдек биз пайғамбарларни ажратмаганимиздек уларнинг меросхўрларини ичида ҳам ажратмаслигимиз керак. Баъзи имомлар сўзларидан фойдаланиб, қолганларига эътиборсиз бўлмаслик, кимнидир яхши кўриб қолганларини ёмон кўришлик тўғри бўлмайди. Кўпгина мазҳабларнинг тақлидчилари бундай йўл тутишган, бироқ бу йўл солиҳлар йўли эмас ва тақводор инсонларнинг сифати эмас. Шу сабабли турли мазҳаблар тарафдорлари ўртасида адоват юзага келди, хатто шу даражага етиб бордики бирлари бошқаларига иқтидо қилиб намоз ўқишни бекор қилишди. Жохиллик сабабли юзага келган мутаассиблик уларнинг қалбларини ва кўзларини батамом кўр қилиб қўйди.
Адашганлар барча нарсанинг асоси мазҳаб, Қуръон эса иккинчи даражали нарса бўлиб, уни мазҳаб (асоси) билан доимий солиштирилиб ўрганилади деб ҳисоблашларига назар солинг. Уларнинг фикрича, ўртада қарама-қаршилик мавжуд бўлса, “иккинчи даражали нарса” – Қуръонни асос бўлмиш мазҳабга “мослаб” изоҳлаш керак. Бундай амални йўлдан озган, илоҳий мададдан маҳрум бўлган инсонлар қилади.
Ҳақиқат эса, асос – бу Қуръон эканлигидан иборат! Барча мазҳаблар ва диний фикрларни Қуръон билан солиштириб унга “мослаш” керак: мувофиқ келадигани қабул қилинади, зид келгани эса шавқатсиз рад этилади!


Quote: 58 Ислом ва мусулмонлар учун ҳеч қандай фойда келтирмаган бидъатлар тарафдорлари ва залолатдаги оқимлардан уларнинг фарқи шунда, бу ҳақда имом Ибн Ҳазм айтганларидек: “Аллоҳ сизларга раҳм қилсин, билиб қўйингларки Аллоҳ ҳеч қачон залолатдаги оқимлар қўли билан яхшилик қилмаган! Улар кофирлар мамлакатларидан хатто бир қишлоқни ҳам забт этишмаган ва Ислом учун улар байроқни кўтаришмаган!” қаранг “ал-Фисал” 5/98.


Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?(Бакара-44).
Abu Amina   02-21-2012, 09:58 PM
#12
“ғазабга дучор бўлганлар” ҳақни фақат таълимотлари тарафдорларидан олишади

Билгинки, “ғазабга дучор бўлганлар”нинг хусусиятларидан бири, улар ҳақиқатни фақат ўз гуруҳларидан қабул қилишади. Бу билан бир қаторда у ўзларининг таълимотларининг буйруқларига риоя қилмайдилар, кўп шўринг қургур-фукиҳ, сўфиялар ва бошқа гуруҳларда бўлгани каби. Улар фақат ўзларининг гуруҳи тан олган фикр ва мулоҳазаларни қабул қилишади, ваҳоланки Ислом ҳамма нарсада ҳақга эргашишга буюради: турли ҳадисларда ҳам, бирор инсон билан чегараланмаган (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа) фикрларда ҳам. Мусулмоннинг мақсади - ҳақиқат, қаердан келмасин уни қабул қилади.
Мазҳабга эргашувчи бир инсонни улуғлаб унга тақлид қилади, ва унинг бу сўзларни маҳаллий урфлар ва аждодларига эргашиб айтганлигини ўйлаб кўрмайди. Ахир бу ҳақиқий залолатку, чунки сўзларнинг мазмунига аҳамият бериш керак унинг сўзлаганга эмас! Али ибн Абу Толиб رضي الله عنه айтганлар: “Ҳақиқат инсонларга қараб эмас, инсонлар ҳақиқатга қараб маълум бўлади. Ҳақиқатни билгин ва сен унинг тарафдорларини кўрасан”{59}
Шунинг учун барча яхшиликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг , саҳобаларнинг رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا ва солиҳ аждодлармизнинг رحمه الله أجمعين буйруқ ва амалларига эргашишликда жамланган. Ва аксинча, барча ёмонлик ва залолат кейинги авлодларнинг динда ўйлаб топган нарсаларда жамланган. Мазҳаблар – диндаги бидъат, бунга шак-шубҳа йўқ. Мазҳабларни амир ва султонлар: сиёсий сабаблардан, нафсларига эргашиб обрў ва кучларини сақлаб қолиш учун, ёки Шайxларига эргашиб ҳосил қилгандирлар. Тарихдан хабардор ҳар кимга маълумдир.
Шайх Валиу-лЛоҳ Дехлавий ўзларининг “ат-Тафхимат ал-илаҳия” 1/151 китобларида ёзадилар: “Ҳар қайси мамлакатда, айниқса бизнинг давримизда, бирор мазҳабга эргашаётган оддий инсонларни кўрасиз. Улар, биттагина масалада бўлса ҳам “ўз” мазҳабидан чиқишни, диндан қайтиш билан баробар деб ҳисоблашади, гўёки мазҳаб – бу Пайғамбарнинг ўзгинаси! Шунга асосан инсонни итоат этишга мажбурлашади. Биринчи мусулмонлар эса ҳижрий IV асргача бирор мазҳабга амал қилишмаган”.


Quote:59 Бироқ ўзи ҳақни билгандан бошқа ҳар ким ҳам инсонларнинг ҳақгўйлик сифатини аниқлашга ҳақдор бўлавермайди! Баъзи инсонлар Алининг бу сўзларини нотўғри талқин қилиб, олимлар керак эмас, уларнинг ўзлари Қуръон ва Суннатни тушунишга қодирлар деб тушунишади. Бу тақлидга қарама-қарши бўлган энг ёмон кўриниш. Имом Шотибий айтганлар: “Дарҳақиқат ҳақ инсонлар билан эмас, инсонлар ҳақ билан таниладилар, бироқ шунингдек бу ҳақ бизга инсонлардан маълум бўлади” қаранг. “ал-Итисам” 2/880

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир имомнинг мазҳабига эргашишга буюрмаганлар


Ҳақиқатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларни имомларнинг бирор мазҳабига эргашишга буюрмаганлар, бироқ ўзларининг Суннатларига эргашишга буюрганлар. Агар олимлардан бири ўз фикрини айтган бўлса, Суннат эса бошқача амалга буюрган бўлса, кўрилаётган масалада мазҳаблар ўртасида ихтилоф пайдо бўлди деб айтиш нотўғри бўлади! Суннатга зид келган бу фикрни рад этиб, ҳаттоки “иккинчи даражали фикр” сифатида ҳам мавжуд бўлишига йўл қўйилмайди. Бундай вазиятда бирон-бир имомнинг далилсиз, ҳаттоки саҳиҳ ҳадисга зид бўлган фикрига асосланиб, ҳадисни рад этиб олимнинг фикрига эргашиш руҳсат этилган деб айтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу хатти-харакат инсонни муртадликга олиб боради, Аллоҳ бизларни бундан асрасин.
Мусулмон ҳадис маъноси устида фикрлаб, диққат билан уни ўрганиши, сўнг “озиқ тишлари билан уни ушлаб олиши” лозим, уни бутун қалби, қўллари билан маҳкам ушлаши керак, ҳадис бузаётганларга эса эътибор бермаслиги ва қулоқ солмаслиги керак. Тўғри йўл шудир! Уни яккаю-ягона таълимот қилиб олгин ва ундан четга чиқмагин. Бу йўлдан оғишнинг мисоли эса жуда ҳам кўп масалан, таҳоратда оёғининг тавонига масҳ тортишни тақиқлаш, вақтинчалик никоҳни руҳсат этиш, кам миқдорда алкогол мавжуд ичимликларни ичишга, хонаки эшакларнинг гўштини истимол қилишга руҳсат бериш, намозда – пешин “зуҳр” намозининг вақти бирон нарсанинг сояси ўзига икки баровар келганда тугайди дейиш ва шунга ўхшашлар.
Эй мусулмон! Агар сен ўзингни динингни тўғри тушунишни истасанг, тақводор бўлишга кучли интилсанг менинг маслаҳатимни қабул эт. Қуръон ва Суннатни, салафлардан бўлмиш биринчи авлодларнинг катта олимларининг фикрларини ўрган. Ҳадис тўпламларини ўқи ва барча саҳиҳ ривоятларни қабул қил ва амал қил. Агар сенга бир-бирига қарама-қарши ҳадислар дуч келса, унда куйдаги йўлни тут: бошқаларига нисбатан кучлироқ ва ҳавфсизлироқ(яъни, ҳаром ва шубҳалардан узоқ бўлиши керак) ривоятни қабул қилиш керак.
Бу йўл оғир эмас. Сенинг дининг учун барча керакли бўлган нарсалар ҳадис тўпламларида мавжуд – Моликнинг “Муватто”лари, Бухорий ва Муслимнинг “Саҳиҳ” тўпламлари, Абу Довуд, Термизий, Насоийларнинг “Сунан”лари. Бу китобларни топиш осон, улар ҳаммага маълум ва кенг тарқалгандир. Шунинг учун уларни ўрганишга харакат қил! Агар бу китоблар сени тилингга таржима қилинмаган бўлса, у ҳолда тилни ўрганган ва уларни тушунадиган биродарларга мурожаат қил, сенга тушунтириб беришсин. Мени маслаҳатим шу, Аллоҳ эса билгувчироқдир. {60}


Quote:60 Шайх ал-Маъсумий бу сўзлари билан мусулмонлар ҳеч нарсани суриштирмасдан ва ҳеч нарсага қарамасдан фақат ўзларига ўхшаганларнинг сўзлари ҳамда амалларига кўр-кўрона эргашмасликлари учун ўзларининг динларини тиришқоқлик билан ўрганишга тарғиб қилмоқдалар. Бироқ ўзига қулай бўлган тиллардаги ҳадис ва ишончли китобларни ўқиб қўйиш кифоя қилмайди. Сен ўқиганингни тўғри тушунганлигинг ёки тушунмаганлигинг ҳақида илмга эга бўлганлардан ёки илм талабида сендан устунроқ бўлгандан сўрашинг зарур, чунки ҳар қайси ўқилаётган ва эшитилаётганлар тўғри тушуналавермайди.

“ат-Тафхимат” 1/309 (Шайx Деҳлавий) китобида айтилади: “ Тақлид қилишни Афзал кўрсалар ҳам ҳамда ўзларининг имомларини фикрларидан хатто агар у саҳиҳ ҳадис билан рад этилган бўлса ҳам қайтмасликларига қарамасдан, ўзларини фақих деб атаётганлар – залолатда бўлган бефаросат ва ақлсиз инсонлардир. Ахир ҳақиқат аниқ ва равшандир!
Аллоҳни гувоҳ қиламанки, Парвардигор қудратли ва адолатлидир, У зот аввал инсонларни Қиёматга қадар шариат асосида яшашга буюриб, сўнг уларни ҳақни ботилдан ажратаолмайдиган даражада кўр ва саводсиз қилишдан покдир. Аксинча, Парвардигор ҳақни барчага кўрсатди, тушунтирди ва фақат итоатсизлар ҳалокатга сазовордирлар. Шунинг учун У зот инсонларнинг сўзлари билан адаштирилмайдиган ойдин Китобни нозил қилди ва Қуръонни ҳар хил ўзгартиришлардан сақлади.
Бундан ташқари, Парвардигор Ўзининг Пайғамбари тилига шариат ҳукумларини ва ҳикматли сўзларни жойлади. Ҳадисларнинг аксар қисми кўп ишончли ва саҳиҳ йўллар орқали ривоят қилинди. Олимларнинг кўпчилиги бундай ҳадисларни билишади ва мулоҳазаларида уларга таянадилар, шунинг учун кимнингдир фикри уларга зид келса, бундай фикр қабул қилинмайди.
Кенг тарқалган ҳадислардан ташқари, камёб ҳадислар ҳам мавжуд бўлади, одатда улар фақат катта олимларга ва муҳаддисларга маълум, оддий инсонларга эса номаълумдир. Агар бундай ҳадисни ишончга сазовор ровийлар ривоят қилишган бўлсалар, саҳиҳ ҳисобланади (ёки яхши “ҳасан”). Бундай ҳадисдан албатта фойдаланиш лозим, шунинг учун уни ўрганишга интилгин ҳамда уларга амал қилгин!”


Шу китобдан яна қуйидагиларни келтирамиз:
“Мен Аллоҳни гувоҳ қиламанки, Ундан бошқа ҳукумрон йўқ ва Аллоҳнинг қудратидан бошқа қудрат йўқ. Фақат Парвардигоргина фарз, вожиб, мандуб, мустаҳаб ва мубоҳни ҳамда макруҳ ва ҳаромни белгилайди. Аллоҳ бу меъёрлани пайғамбарлик учун танлаган инсоннинг тилида нозил қилди. Агар бирор инсон ўз-ўзидан далилсиз“ бу амал фарз, буниси эса ҳаром ёки гуноҳ” деб айтадиган бўлса, у Аллоҳга тухмат қилибди. “Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун тилларингизга келган ёлғонни гапириб: “Бу ҳалол, бу ҳаром”, деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар” (Наҳл 16:116)

“Мен Аллоҳни гувоҳ қилиб айтаманки, кимки тўғри айтишлиги билан ҳато ҳам қиладиган бир инсонга эргашишни {61} Аллоҳ буюрган деса, фақат шу инсон айтгани фарз деб бўлади деб хисобласа у кофир бўлади. Ахир шариат у инсон яратилишидан аввал ўрнатилган. Шариатни аввалги олимлар тушунишган, амал қилишган, ровийлар ҳадисларни ривоят қилишган, фуқахолар эса уларга мувофиқ ҳукм чиқаришган. Лекин шунга қарамасдан, инсонлар олимларга тақлид қилишни зарур деб топишди, чунки улар гўёки дин ҳақида ҳеч ким билмаганини билишган ва илм билан ҳаммадан кўп машғул бўлишган эмиш. Демак, мавжуд ҳадис саҳиҳ деб тан олинса ва мусулмонлар унга мувофиқ амал қилишса, “имоми” буюрганлиги учун инсон унга амал қилишдан бош тортиши – катта залолатдир!”
Сўнг “ат-Тафхимат” муаллифи давом этади:
“Мен илм билан машғул бўлган ва ўзини толиби илм деб атаётганларга мурожаат қилмоқчиман. Сизлар олим бўлишни истайсизлар ва шунинг учун қадимий юнон фалсафасини, морфология ва грамматикани, “сарф ва наҳу”ни ўрганишга ўзингизни бағишладингиз, мана шу ҳақиқий билим деб ўйлайсизлар! Йўқ! Ҳақиқий билим – бу Аллоҳнинг Китобини {62} ҳамда Суннатни {63} билишдир. Сўнг ана шу билим асосида ҳаёт кечириш керак, ва бу энг тўғри йўл ва энг яхши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намунаси деб Суннатга муҳаббат билан эргашиш керак. Суннатга, гўёки бизнинг “хоҳишимизга қарши мужбур қилинган, зўрлаб буюрилган” деган муносабатда бўлиш керак эмас!
Диндан фақат тахорат ва, намоз рукнлари, закотнинг ҳукмлари, меросда меросхўрлар улушлари каби нарсаларни билиш етарли, чунки буларнинг барчаси ҳаётимизга таъаллуқли бўлган илмлар деб ўйлайсизлар. Бу билан, сизлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Суннатини) ва саҳобаларининг ҳаётини ортиқча деб ўрганмайсизлар. Ахир айнан уларнинг амаллари ва сўзларини билиш инсонга Қиёматдаги ҳисоб ҳақида ўйланишга ва амалларини шу Кунгача ислоҳ қилишга ёрдам беради!
Мана сиз турли фақихлар фикрларини, кўпдан-кўп таъбир ва назарияларини, “истихсан” ва туркумлашларини ўрганишга киришдингиз. Фақат Аллоҳ белгилаб бергани қонунимиз бўлишини наҳотки билмайсиз!? Ўзингизга назар солинг: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадис келганда, сизлар фалон имомнинг мазҳабига мувофиқ амал қилишимиз керак деб ўзингизни “оқлаб”, ҳадисга амал қилмаслик қанчалик кўп содир бўлади! Сўнг қуйидаги каби баҳоналарни ўйлаб топасиз: “ҳадисни фақат тўлиқ маълумотга эга бўлган мужтаҳид-олимлар тушунадилар, бизнинг вазифамиз эса индамай уларга тақлид қилиш”, “ имомимиз биздан кўра ҳадисни яхшироқ билган, у ҳадисни қолдирган бўлса, демак унда нуқсон кўринган”, ёки “бу ҳадисни мансуҳ деб хисоблаган, ёки бошқа саҳиҳроқ ҳадис мавжудлиги сабабли уни рад этган”.
Билингларки, бу каби фикрларнинг динга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Агар сен Пайғамбаринга соллаллоҳу алайҳи ва саллам иймон келтирган бўлсанг, унга бирон-бир кимсанинг сўзи зид ёки мувофиқ келишидан қатъий назар унга эргашгин. Мусулмоннинг бурчи Қуръон ва Суннатга мувофиқ амал қилишдир. Агар сен уларни тушунишга қодир бўлсанг, улардан бевосита олавер! {64} Қачонки қийинчиликлар юзага келса турли олимларнинг фикрига мурожаат қилгин, ҳақиқий, аниқ ва Суннатга яқинроқ бўлганига эргашгин.
Қўшимча билимларни эса асосий билим - Қуръон ва Суннатни ўрганишга ёрдам берадиган даражада ўрганинглар. Бироқ ҳеч қачон уларни манбаадан нишонга айлантириб олманглар ва уларга мустақил, алоҳида билимлардек муносабатда бўлманглар!”
“ат-Тафхимат”да 2/161 муаллиф яна ёзади:
“Кимдир имомларнинг бирига тақлид қилган бўлса ва унга бирор масала бўйича имомнинг сўзларига зид бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари етиб келса, у ҳолда имомнинг фикрини олиб, ҳадисни ташласа бу инсонга узурлик йўқ. Ҳақиқий мусулмон бундай қилмайди ва агар у бундай қилса уни мунофиқликда гумон қилса бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизлар ўзингиздан аввал ўтганларнинг йўлларига қаричма-қарич, қадам-бақадам эргашасизлар, ҳаттоки улар калтакесакнинг уясига кирсалар ҳам, сизлар ҳам кетларидан кирасизлар!” Саҳобалар сўрашди: “ Эй Росулуллоҳ, яхудий ва насороларними” дедилар. У зот: “Ким бўлмаса?” дедилар.” Бухорий 6/495 ва Муслим 3/219.
Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақни айтди. Қанчалик тез-тез Аллоҳдан бошқа илоҳ қилиб салафи солиҳларни улуғлаганларини, яхудий ва насоролар каби қабрларини ибодат қилиш жойларига айлантирган заиф мусулмонларни кўрамиз.
Шунингдек, Аллоҳнинг Китобида айтилганларнинг маъносини ўзгартирувчиларни ҳам кўрамиз. Оятларнинг маъноларини ўзгартириш ҳоллари барча умматларда кенг тарқалди. Масалан, сўфиялар таълимотида тавҳид масалаларида ва кўпгина бошқа масалаларда Қуръон ва Суннатга умуман зид келадиган ҳукмлар мавжуд. Фақихлар эса, “ушрнинг ўндан бир қисми”, “қудуқлар масаласи” ва шунга ўхшаш қанчадан-қанча манбаси номаълум нарсаларни динга киргазишди. Оддий инсонлар эса бутларга ибодат қила бошлади, авлиёларнинг қабрларини масжид ва зиёратгоҳларга айлантиришди. Аллоҳнинг ўзи бизни залолатдан асрасин.”
Буюк олим Ибн Қоййим رحمه الله “Иълм ал-Муваққъийн” 4/261 китобида ёзади: “Оддий инсонга бирон-бир мазҳабга эргашиш шарт бўладими ёки йўқми? Бу мавзуга оид иккита фикр мавжуд, улардан бири – шарт эмаслик. Бу фикр мутлақо тўғри ва яккаю ягона ҳақ фикр. Гап шундаки, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари шарт қилмаса бирор нарса шарт хисобланмайди. Ахир Аллоҳ ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам инсонларга умматнинг бирор инсонининг мазҳабига эрагшишни ва динни фақат ундангина қабул қилишни шарт қилишмаган.
Оддий инсонга мазҳабга эргашишга рухсат берилмайди, ҳатто агар даъво қилса ҳам. “Мазҳабга эргашиш” тушунчаси эса у учун ёт, чунки бу фақат зарур билмига эга, мулоҳазаларини асослаб бера оладиган, далилларни солиштира оладиган ва мазҳаблар орасидаги фарқни билган ёки бир мазҳабнинг китобларини ўқиган ва унинг имомини фатво ва фикрларини ўрганган инсонларга мумкин.
Бироқ агар кимдир буларнинг биронтасини ҳам тушунмасдан, шофеъийман, ҳанбалийман ёки бошқа бирон-бир мазҳабга эрагшувчиман деб айтаётган бўлса, бу фақат ўзининг қуруқ гапдан иборат даъвосига асосан бундай хисобланмайди. Бу “мен фақихман” ёки “олимман” ёки “ёзувчиман” деган билан баробардир. Ахир бундай бўлиши учун шунчаки бу сўзларни айтиш кифоя бўлмайдику.
Кимдир шофеъиман, моликийман, ҳанафийман ва хоказо деб айтса, у ёки бу имомнинг эргашувчиси ва унинг йўлидан кетаётганлигини такидлаётган бўлса, қачонки илм, фан, асос ва далилларда шу имом йўлида эргашган бўлса, у бундай дейишга ҳақли бўлади. Агар имомни билмаса, унинг хаёт йўлидан, асослари ва илмдаги усулларидан узоқ бўлса, у ҳолда қандай қилиб қуруқ сўзларга асосланиб ўзини унинг таълимотига қўшиб қўйиш мумкин? Шунинг учун, Исломда саводсиз, оддий иснонни оладиган бўлсанг, “мазҳабга эргашиш” тушунчаси унга нисбатан умуман қўлланиб бўлмайди ва ақлга тўғри ҳам келмайди. Хатто агар бу жоиз деб ҳисобласак ҳам, барибир, бошқа имомларнинг сўзини ташлаб, бир инсоннинг барча фикрларини қабул қилиб эргашишга ҳеч кимни мажбур қилиб бўлмайди.
Буларнинг барчаси – бизнинг умматимизда пайдо бўлган, бироқ имомларнинг биронтасига маълум бўлмаган жирканч бидъатдир. Улар даража ва обрўларида биздан юқори бўлишган, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни биздан яхшироқ билишган, шунга қарамасдан, ҳеч кимни тақлид қилишга даъват қилишмаган ҳамда мусулмонларни мазҳабларга эргашишга мажбурлашмаган. Бир мазҳабга эргашиш буюрилган деб хисоблаётганнинг даъвоси ёмонлик. Ундан ҳам ёмони – тўрт мазҳабдан фақат биттасини танлаб ҳамма нарсаларда унга эргашишликдир.
Вазиятимизга назар ташланг! Саҳобалар тобеъинлар, уларга эргашувчилар ва Исломнинг бошқа имомларининг таълимоти йўқ бўлиб кетди. Фақат тўрт мазҳаб қолди! Ахир имомлардан биронтаси бу ҳақида айтган ёки бунга даъват қилганми? Тушунинглар, ахир саҳобалр, тобеъинлар ва уларнинг эргашувчиларига буюрилган қонун ва мажбуриятлар кейинги асрлар инсонларига то Қиёматга қадар тегишлидир: Аллоҳ биринчи авлодга буюрган нарсалар кейингиларининг ҳам барчасига шарт бўлиб қолади. Дин қонуни ўзгармайди, фарз фарзлигича қолади, фақатгина тафсилотлар ўзгаради: имкониятнинг мавжудлиги, вақт, жой, аниқ вазият ва хоказолар каби воқеаликга қараб холати ёки сони ўзгаради. Бироқ бу холатларнинг барчаси Аллоҳ ва Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам буйруқларига мувофиқ келиши керак.
Кейинги далил. Фараз қилинг, бир мазҳабга эргашиш шартлиги ҳақиқат. Унда биз куйидаги ҳулосаларга дуч келамиз. Биринчидан, “бегона” мазҳаб олимларидан Исломни ўрганиш, уларнинг фатволари ва дин ҳукмлари шарҳларини олиш ҳаммага тақиқланарди. Иккинчидан, мазҳабингдан бўлмаган йирик олимларга мурожаат этиш тақиқланарди, ҳатто агар сенинг мазҳабингда бундай юқори даражадаги олим бўлмаса ҳам. Учинчидан, мазҳабинг фикрига зид келган барча ҳадислар ва саҳобаларнинг фикрларидан воз кечиш шарт бўларди, яъни мазҳаб бошлиқлари сўзларини Пайғамбарнинг ва саҳобаларнинг сўзларидан устун қўйишга тўғри келарди. Шунингдек бошқа асоссизлиги аниқ бўлган оқибатлар. Бу асоссиз оқибатларни келтириб чиқарганлигидан маълум бўладики, мазҳабга эргашиш шарт деган фикрнинг хато эканлиги.
Бунга асосланиб ишонч билан айтамизки, оддий иснон динини ўрганишга, фатво олиш учун тўрт мазҳабнинг вакилларига ёки бошқа имомларнинг эргашувичларига мурожаат қилишга тўлиқ ҳуқуқга эга. На сўровчига, на жавоб берувчига муфтийга тўрт мазҳабнинг бирига амал қилишида эҳтиёж йўқ. Худди шундай, мужтаҳид-олим фақат ўзининг яшаш жойида тарқалган ҳадисларга риоя қилиши шарт эмас, лекин саҳиҳ деб тан олинган ҳар қайси ҳадисга мувофиқ амал қилиши лозим, бу ҳадис Ҳижоздан, ёки Ироқдан, ёки Суриядан, ёки Мисрдан, ёки Ямандан бўлсин.{65}


Quote:61 Умумий куфрда айблаш билан куфр сўзини айтган, амалини қилган ёки кофирларнинг эътиқодларига эга бўлган аниқ бир шаҳснинг кофирликда айблаш ўртасида катта фарқ мавжуд. Шайхул-Ислом Ибн Таймия айтганлар: “ Дарҳақиқат ўзида қаттик қўрқитувга эга бўлган Қуръон ва Суннат матнлари ва шунингдек имомларнинг куфрда (такфир), фосиқликда (тафсиқ) ва шунга ўхшашлардаги айблов сўзлари маълум шартларга (даъватни етказиш ва хоказолар) риоя қилмасдан туриб, аниқ бир шаҳсга нисбатан дархол қўлланилавермайди. Бу дин асослари бўйича масалада бўладими ёки тармоқлари бўйича бўладими фарқи йўқдир!” қаранг. “Мажмуул-фатава” 10/372.

62 Яъни, ҳар бир оятни тушуниш, унинг ваҳий бўлишининг сабаби, унга берилган шарҳи.

63 Яъни, Пайғамбар қандай амал қилганлар, қандай намоз ўқиганлар, қандай таҳорат олганлар, қандай рўза тутганлар, ҳаж ва жиҳод қилганлар, унинг одати қанақа бўлган, қандай сўзлашганлар, сукут сақлаганлар ва хоказоларни билиш.

64 Табиийки, жиҳод масалаларини ҳукми, мусулмон ҳокимга қарши чиқиш, жиноят содир этгани учун жазо қўллаш, ўзини мусумлон деб ҳисоблаётган аниқ бир инсонларни куфрда айблаш ва шунга ўхшаш кабилар мусулмон жамиятига таъаллуқли бўлган диннинг умумий масалаларига боғлиқ эмас. Бир сўз билан айтганда мусулмон фақат шариат билан ваколат берилган инсонлар ечишга ҳақли бўлган масалаларда ташаббус кўрсатишлари керак эмас.
Аллоҳ таъаланинг динига келсак, у ўзининг негизида аниқ ва тушунарлидир (мухкам), бироқ инсонлар бир-бирларидан уни билишликлари ва тушунишликлари билан фарқланадилар. Инсонлар орасида шундайлар борки улар учун бутун дин тушунарлидир, шундайлар ҳам борки уларга диннинг бир қисми тушунарли бир қисми эса тушунарсиз, ва яна шундайлар борки уларга уни барчаси тушунарсиздир (муташабих). Аллоҳ таъала инсонларда илми бўлмаган масалани ва улар учун тушунарсиз бўлгани бўйича илмга эга бўлганлардан сўрашга буюрди. Аллоҳ таъала айтади: “ агар билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан сўранглар!” (Наҳл 16:43). Шайх Солиҳ Али Шайх айтади: “Барчага маълумки Қуръон ва Суннатда тушунарли (мухкам) бўлганидек, тушунарсиз (муташабих) ҳам мавжуд. Шунигдек булар саҳобалар ва олимларнинг сўзлари ва амалларида мавжуд. Мустаҳкам билимга эга бўлганлар тушунарлини (мухкам) тушунарсиздан (муташабих) ажратиш илмини эгаллашганликлари ва тушунарсизни тушунарлига қайтаришлик билан фарқланишди. Агар аҳли илмларнинг бу сифати бўлмаганда ҳар ким билимни эгаллаган бўларди. Лекин Аллоҳ инсонларни мухкам ва муташабихни мавжудлиги билан синайди ва бу билан олимларнинг ҳамда ҳақиқий илм эгаларнинг холати аниқ бўлди. қаранг “ал-Маръа ад-даъия”. Бунга ўхшаш сўзларни Шайхул-Ислом Ибн Таймия ҳам “Мажмуул-фатава”да 13/272-280 айтганлар.

65 Шайх Ибн Қоййим رحمه الله мазҳаблар масаласи бўйича тўғри тушунчани очиб берадига буюк сўзларни айтди.


Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?(Бакара-44).
Abu Amina   02-23-2012, 03:02 PM
#13
Мазҳаблар тарқалганлигининг баъзи сабаблари

Бутун дунё бўйича мазҳабларнинг тарқалишининг баъзи сабабларини келтирмоқчиман. Йиғилган маълумотлар хоҳловчилар учун керакли хулосалар чиқаришларига ёрдам берсин. Бир неча тарихий далилларни келтираман.

Мағрибдан Аҳмад ал-Мукрий (1041 ҳ.й вафот этган) ўзининг “Нафҳ ат-тийб” 3/158 китобида Мағриб {66} аҳолиси имом Моликнинг мазҳабини қабул қилишганликларини айтиб беради: “Қадимдан Мағриб ва Андалусия аҳолилари, Сурия забт этилгандан бери Сурия аҳолиси ҳам, имом Авзоий мазҳабида бўлишган. Умавийларнинг Андалусиядаги учинчи волийси ал-Хакам ибн Ҳишом ад-Доҳилийнинг ҳукумронлиги даврида фатво бериш имом Молик ибн Анаснинг мазҳабига ва Мадина аҳлига ўтди. Бунга волийнинг сиёсий мулоҳазалардан келиб чиққан шахсий қарори сабабли бўлган. Бу қарорининг сабаблари хусусида тарихчилар фикран бўлинишди. Кўпчиликнинг фикрича, бунинг сабаби ҳожилар ҳаждан сўнг зиёрат қиладиган шаҳар, Мадинада имом Молик яшаганликлари деб хисоблашди. Демак, имом Молик билан учрашиш ва унга керакли саволларни бериш осон бўлган ва андалусия олимлари шундай қилишган ҳам. Улар Андалусияга қайтгач, имом Моликнинг фазилатлари, улуғлиги, кенг билими ҳақида завқ билан айтиб беришарди. Аввал уни мақташди, сўнг уни мазҳабини қабул қилишди.
Бошқа фикр бўйича имом Молик رحمه الله баъзи андалусияликлардан уларнинг волийи ва унинг сифатлари ҳақида сўраганлар. Улар Моликга подшоҳнинг таърифини айтиб беришганда, унга ёқди, чунки у даврда аббосийлар волийларини сифатлари ва ҳулқлари қониқарсиз эди {67} . Имом Молик ҳикоячига: “Биз муқаддас жойимизни (Мадинани) сизларнинг подшоҳларингиз билан безатишини Парвардигордан сўраймиз”- деб айтди. Бу сўзлар Андалусиянинг ҳокимига етди. Бундай сўзларни эшитиб ҳамда Моликнинг обрўсини эътиборга олиб, подшоҳ ҳаммага имом Авзоийнинг мазҳабидан воз кечиб унинг мазҳабига ўтишни амр қилди.
Шундай қилиб моликий мазҳаб ислом дунёсининг ғарбида тарқалди. Бироқ яна бир муъаммо мавжуд эди. Одатда, йирик олимнинг бир неча шогирдлари қолади ( уларнинг фикр ва фатволари ҳам ўша олимнинг мазҳабига қўшиб қўйишади). Баъзан уларнинг орасида ихтилофлар юзага келади ва қарама-қарши фатволар чиқаришади. Худди шундай вазият имом Молик билан ҳам содир бўлди, унинг ўқувчилари битта масала бўйича турли фикрлар билдиришган. Шунда Мағриб подшоҳлари имом Молик меросидан фақат Ибн ал-Қосим танлаб тасдиқлагани асосида ҳукм ва ишларни юритишни келишиб олишди! Шундай қилиб мазҳаблар подшоҳлар ва уларнинг сиёсатлари қўлида ўйинчоқга айланди.”
Мен эса (ал-Маъсумий) айтаман: агар сен турли мазҳаблар ва тариқатларни пайдо бўлиш сабабини батафсилроқ кўриб чиқмоқчи бўлсанг, сенга Ибн Холдуннинг “Муқаддима ат-Тарих” китобини ўқиб чиқишни тавсия этаман. У зот бу мавзуни жуда ҳам яхши тушунтириб берган, Аллоҳ уни яхшилик билан мукофотласин. Шундай қилиб Ибн Холдун мазҳабларни пайдо бўлиши ва уларнинг тарқалиши баъзи маккор олғирларнинг сиёсий ҳаракатларига ва ажнабийларнинг ҳукумат тепасига маҳсус режа-мақсадлари билан келишига боғлиқлигини Ибн Холдун батафсил тасвирлаган. Бунга аҳамият бер!
Буюк олим Ибн Қоййим “Иғоса ал-лаҳфан мин масаид аш-шайтон” 1/125 китобида ёзади: “Шайтоннинг фитналари ичида куйидагилар мавжуд: у инсонларга бир хил қиёфа, бир хил кийим, бир хил қад-қомат ва қадам ташлаб юриш, фақат битта Шайxга эргашиш, битта тариқатда бўлиш ва бир мазҳабга амал қилишга буюради. Шайтон кўп ўқтиравергач, одамлар бу ишларни фарз каби қабул қилишган. Инсонлар бу қоидалардан бир қадам ҳам четга чиқишмай, ва ўзларидан бўлмаганларни адашганлар дейдилар.”
Бирон-бир мазҳабга тақлид қилувчи кўпгина муқаллидлар айнан шундай йўл тутишади, шунингдек сўфиялик тариқатлар ҳам, масалан “нақшбандия”, “қадария”, “сахрувардия”, “шозилия” , “тижания” кабилар ва кўпгина бошқалар.
Шунинг учун тариқат ва мазҳаб асосида бўлмиш мутаассиблик ва тақлиддан эҳтиёт бўл! Бу инсонлар шариатга эмас, балки ўзларининг урф-одатларига эргашишни Афзал кўришади. Шундай қилиб улар фақих олимлар ва ҳақиқат томонида эмас, бидъатчи ва урфчилар томонида бўлиб қолдилар. Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳининг ва салламдан йўллари ва ҳаётларини ўрганаётган бўлса, бу бидъатчиларнинг йўли қанчалик ҳақиқатдан узоқ ва зид эканлигини тушунади. Солиҳларнинг йўли эса Аллоҳ буюрганига амал қилишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам солиҳларнинг йўли билан бу инсонлар йўли орасида катта жарлик мавжуд!
Мен (ал-Маъсумий) айтаман: агар сен Исломни ҳамда мусулмонларнинг бирдамлигини бузаётган бу мазҳаб ва йўлларнинг келиб чиқишини батафсил кўриб чиқишни хоҳласанг, сенга Ибн Қоййимнинг “Иғоса ал-лаҳфан мин масаид аш-шайтон” китобини ўқишни маслаҳат бераман, айниқса 2 жузнинг 266 бетини. Унда муаллиф Ибн Сино, Носир ат-Тусий кабиларнинг хийла-найрангларини, убайдия ва бошқаларнинг иғволарини тушунтирган. Шундай қилиб, Ислом душманлари мусулмонларни мазҳаб ва тариқатларга ажратишлик билан динимизни ўзгартиришга интилдилар. Бу ҳақда ўйлаб кўр!
Имом Шаҳобиддин Абдурроҳман Абу Шома (665 ҳ.й) ўзининг “ал-Муаммал ли-рродд ила ал-амр ал-аввал” 1/10 айтди: “Инсонлар ўзларини аста-секин чегаралаб бордилар: Қуръон илмларини чуқур ўрганиш ўрнига бир неча сураларни ёдлаб, Қуръоннинг баъзи қироат усуллари билан кифояланиб, тафсир илми ва ундан олинадиган ҳукм-қонунларга аҳамият бермай қўйишди. Ҳадисшуносликда баъзи бир китобларга қулоқ солиш билан кифояланишди, қўпчилиги ўзларидан ҳам жохилроқ бўлган Шайxлардан қабул қилишни бошлашди. Бировларни сўз аҳлати ва ақл-фикрлари чиқиндисини йиғиш билан кифояланганлар ҳам мавжуд. Бошқалар эса бирор мазҳабни ғамини еб, ундаги ҳар бир фикрни сақлаб тарқатишга ўзини бағишлади. Илмга эга инсонлардан “мазҳаб” сўзи ҳақида сўрашганда улар жавоб бердилар: “Бу - динни бузиб кўрсатишдир! Аллоҳ таъала эса айтди: “Мушриклардан бўлманглар! Улар динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар”. Юқорида тасвирланган инсонлар ўзларини энг билимдон ва ўқимишли олим деб хисоблайдилар, аслида эса Аллоҳнинг ва ҳақиқий олимларнинг наздида улар жохилларнинг жохилидирлар.
Шу китобда 1/15 имом Абу Шома ёзади: “Фақат тўрта мазҳаб машхур бўлиб қолди, қолганлари эса ташлаб қўйилди ва унутилди. Эҳтимол, тўрт имомнинг эргашувчилари оз қисмидан ташқари, илмда заиф бўлишгандир. Шундан, улар тақлид қилишни бошладилар, илгари бу тақиқланган бўлса ҳам. Бундан ёмонроғи, имомларининг сўзлари улар учун Қуръон ва Суннат даражасида бўлиб қолди. Бу ҳақда Аллоҳ таъала айтган: “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини Парвардигор деб билдилар” (Тавба 9:31)”
Мен, бу сўзларни тўплаган, қуйидаги китобнинг муаллифи, Абдулкарим ва Абдурроҳманнинг отаси Муҳаммад-Султон ал-Маъсумий айтаман: Узоқ Шарқдаги Япониядан менга келган мазҳаблар ҳақидаги саволга тегишли мен тўплаган нарсаларнинг сўнгиси шудир. Мен бу мавзу бўйича хосил бўлган ҳажм билан чекланаман, - ахир “томчи денгизга ишора бўлади”.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таъаладан Унинг бутун дунёдаги бандалари бу ишдан манфаатдор бўлишликларини сўрайман, бу асарни ҳолис Ўзининг муборак Жамоли учун деб қабул қилишини ва Жаннатнинг лаззатларига эришиш сабаби қилишини сўрайман.
Китоб Аллоҳ ҳимоя қилаётган мамлакат, Маккада, Масжидул-Ҳаромга яқин бўлган Бухорий кўчасидаги менинг уйимда 1358 йилнинг мухаррам ойининг 15 санасида ёзилди. (1939 йилнинг 6 мартига тўғри келади)


Quote:66 Мағриб – ғарбдаги мамлакатлар. Тарихан Мағрибга Африканинг барча шимолий-ғарбий ҳудудлари киради (замонавий Марокаш ва қўшни давлатлар) ҳамда Ислом тарқалган ва Халифат мавжуд бўлган Овропанинг жанубий-ғарбий ерлари (Андалусия – замонавий Испания).

67 Бу ерда аниқлик киритиш керак, Андалусиянинг волийси умавийлар халифалари сулоласининг вакили бўлган. Бу солиҳ халифалар даври тугагандан сўнг (140 ҳижрий йилда) Ислом дунёсида биринчи сулола бўлган. Иброқ, II асрнинг ўзидаёқ Ислом давлатидаги хокимлик шу жумладан Мадинада ҳам аббосийлар сулоласининг қўлига ўтди ва катта фитналар ҳамда икки сулола ўртасидаги олишувлар давом этди. Фақатгина ғарбий вилоятлар – яъни Мағриб ва Андалусия умавийлар бошқаруви остида эди. Имом Молик аббосийлар ҳукумронлик қилаётган Мадинада яшаган ва бу ҳикоядан кўриб турганимиздек бошқа сулола ҳукумдори ҳақида мақтов сўзларини айтган.

سبحان ربك رب العزة عما يصفون.
و سلام على المرسلين.
و الحمد لله رب العلمين.


“Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз уларнинг сифатларидан покдир. Барча пайғамбарларга
Аллоҳ томонидан салом бўлгай! Ҳамду сано
барча оламларнинг Парвардигори – Аллоҳ учундир!

و " سبحانك اللهم وبحمدك ، أشهد أن لا إله إلا أنت ، أستغفرك وأتوب إليك " .



Парвардигоро! Сен барча айбу нуқсонлардан поксан. Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз. Гувоҳлик берамизки, Сендан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқ. Сендан истиғфор сўраймиз ва Сенга тавбалар қиламиз.
Бу камтарона ишимизни мусулмон ўқувчилар оммасига тақдим этган ҳолда, таржимада бирон-бир камчиликларга йўл қўйган бўлсак, бу учун Буюк ва Қудратли Аллоҳга истиғфор айтиб, гуноҳларимизни мағфират қилишини сўраймиз. Хатоларимизни топиб, тўғирлаган биродарларга олдиндан миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таъала бу амалимизни яккаю-ягона ўзи учун қабул этишини ҳамда мусулмонларга фойдали бўлишини умид қилиб қоламиз. Бутун оламлар Роббиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таъалага ҳамдлар бўлсин, Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавот ва саломлар бўлсин ҳамда унинг аҳлига, саҳобаларига ва уларга сидқидиллик билан то Қиёматга қадар эргашганларга!
Амин.


_______________________________________________________________




Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?(Бакара-44).
sunna-salaf   02-25-2012, 11:01 AM
#14
assalamu alaykum qanday yuklasa bo'ladi yoki tavxidni asosiy sahifasiga nashr etiladimi ?
Ali   09-22-2012, 05:31 PM
#15
Assalomu alayku wa rihmatulloh hurmatli Admin bu kitobda (2.chi postda)biroz hatolik bor ekan: “Ислом – бу Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг росули эканлигига гувоҳлик бермоғинг, намозни тўла барпо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон ойида рўза тутмоғинг ва агар йўлга қодир бўлсанг ҳаж қилмоғинг”

«Ҳидоят равшан бўлганидан сўнг, кимки Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлда юрса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!» (Нисо: 115)

"Бу уматнинг охири фақат унинг боши ислоҳ бўлган нарса билангина ислоҳ бўлади" Имом Молик
Admin   09-22-2012, 06:32 PM
#16
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Жазакаллоҳу хойр, тўғрилаб қўйилди.
Pages (2):    1 2
  
Users browsing this thread: 5 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.