Pages (2): 1 2   
mutaallim   01-21-2012, 11:40 AM
#1
Уч асос шарҳи
Шарҳловчи
Фазилатли шайх
Солиҳ ибн Фавзон ибн Абдуллоҳ Ал-Фавзон
Нашрга тайёрловчи
Абдуссалом ибн Абдуллоҳ Сулаймон
"Фурқон" нашриёти
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Шарҳловчи муқаддимаси


Барча мақтовлар оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у кишининг оилалари ва барча саҳобаларига салавот-у саломлар бўлсин. Сўнг..
Қўлимиздаги ушбу рисола –уч асос рисоласи- Аллоҳнинг Китоби ва Элчиси соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан иборат далиллар билан тасдиқланган буюк, мухтасар бир рисоладир.
Ушбу рисолада ислом асосларининг энг улкани бўлмиш ақида борасида сўз боради. Уламолар ана шу каби мухтасар асарлар битишга аҳамият қаратиб, уни мухтасар ва мўжазгина бўлиши учун кўп тиришишган. Сўнг талабаларининг зеҳнида ушбу рисолалар асос ва заҳира бўлиб, ўзлари ҳам ундан фойда олиб, ўзгаларга ҳам фойда улашишсин дея уларга ёдлаттиришган.
(Таълимни) ана шундай мухтасар асарлардан бошлашлик толиби илмлар учун асос (вазифасини ўтайди). Талаба илм олишда боқичма-босқич илдамлаб, илмнинг асл-у асосидан бошлайди ва юқорилаб боради.
Ушбу мухтасар асарлар катта-катта китобларга элтувчи йўлдир. Мухтасар китобларни бирин-кетин, босқичма-босқич тушунмай туриб, катта-катта китобларни тушунишлик имконияти йўқдир. Шунинг учун ҳам (уламолар) Аллоҳ таолонинг ушбу: "Балки уларга: "(Аллоҳнинг) Китобини (одамларга) таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, раббоний (ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар) бўлинглар", (демоғи лозимдир)". (Оли Имрон/79) қовлидаги "Раббонийлар" борасида, улар катта илмий масалалардан олдин кичикларидан бошлайдилар. Ўзлари ва талабаларини кичик масалалардан бошлаб, (секин-аста) катта масалалар(га киришишлик билан) тарбия қиладилар, деб айтишган. Бу табиий бир жараёндир. Чунки ҳар бир нарса аслу асосидан бошланиб, сўнгра катта ва улканлашиб боради.
Илмга, унинг юқори томонидан ёндашадиган кимсага келсак, у бирор нарсага эришолмайди. Асослардан бошлаб, босқичма-босқич юқорилаб борадиган киши эса –Аллоҳнинг изни билан- саҳиҳ йўл ва соғлом йўналиш бўйлаб боради.
Аллоҳ таоло шундай деди: "(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобаларингиз) Сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир. Уйларингизга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилгувчидир. Уйларга эшиклардан кирингиз!...". (Бақара/189). Улар ойлар ҳақида, нима учун ой кичик бўлиб, сўнг аста-секин катталашиб, тўлгач, яна ўзининг олдинги кичик шаклига қайтади?, деб сўрашганди. Шунда Аллоҳ таоло уларга итоб-таъна қилиб, ўзларига фойдали нарсалар ҳақида савол беришга ва илм дея аталмиш уйларга ўзининг эшикларидан киришга йўллаб қўйди.
Ойнинг ҳолатлари, катта ва кичик бўлиши ҳақида савол беришнинг улар учун фойдаси йўқ. Балки ҳожатманд бўлган нарсалари ҳақида савол бериш фойдалидир. Яъни, ойнинг фойдаларини билиб олмоқлик. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: "У (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир", деб ойнинг фойдаларини баён қилди. Ойни Аллоҳ таоло одамлар учун вақт ўлчови қилиб бердики, унинг воситасида ибодат, муомалот ва муддатларни билиб борадилар.
Демак Аллоҳ таоло уларни ойнинг фойдаларига йўллаб қўйди. Уларнинг ой ҳақиқати ҳақидаги саволларига жавоб бермади. Чунки бунда улар учун фойда йўқдир. Ҳамда уларни сўрашлари лозим бўлган масалага йўллади. Демак илмга эшикларидан кириб борилади, юқори томонидан эмас, киши оз даражада эҳтиёж сезадиган фазилатли дея аталмиш масалалар ҳам эмас.
Муаллиф муқаддимаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Муаллиф роҳимаҳуллоҳ ушбу рисолани Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига иқтидо қилган ҳолда бисмиллаҳ-Аллоҳнинг номи билан бошладилар. Мусҳафни очар экансиз кўзингиз тушадиган аввалги ҳамда ҳар бир суранинг бошидаги жумла:"Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим"дир.
Аллоҳ азза ва жалланинг китобига иқтидо ўлароқ рисола, китоб ва асарлар ушбу жумла билан бошлангандир. Шунингдек, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам дунёнинг турли бурчагидаги амир ва подшоҳларни исломга даъват қилиб нома йўлласалар, мактубларининг аввалида "Бисмилларҳир Роҳманир Роҳим", деб битардилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадислари ва сўзларини "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим" билан очардилар. Ушбу амаллари "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим" билан бошлаш суннат эканига далолат қилади. Ҳудди Сулаймон алайҳиссалом Сабаъ маликаси Билқисга "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим" дея бошланган номаларини йўллаганлари каби: "(Қачонки ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубини олиб келиб малика Билқийснинг олдига ташлагач), у деди: "Эй одамлар, ҳақиқатан, менга улуғ бир мактуб ташланди. Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир): "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сизлар менга кибр-ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйинсунган ҳолингизда келингиз!". (Намл/29-31). Ҳар бир муҳим иш ва қадр-қимматга эга асар ва рисола олдидан "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим" дея бошлаш даркор.
Шунга кўра ўз асар ва рисолаларини "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим" билан бошламаганлар, пайғамбар суннати ва Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига иқтидо қилишни тарк этдилар. Ушбу сабабдан бўлса керак, уларнинг ана ўша китоб ва рисолаларидан барака ва фойда кўтарилгандир. Чунки у (асарлар) "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим"дан холи бўлар экан, бас, улар фойдадан маҳрумдир.
Ахир нима учун "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим"ни тарк этдилар? Суннат бўлгани учун ҳам тарк этдилар ва улар суннатдан нафратланадилар ёки суннатдан нафратланадиган кимсага тақлид қиладилар. Демак ушбу суннат амалга огоҳ бўлмоқ лозим бўлади.
"Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим"нинг маъноси-Аллоҳни исми ила ёрдам сўрашдир.
"Бисмиллаҳ" жар ва мажрурдир. Ҳазф қилинган (феълга) мутааллиқ. Тақдири: Раҳмон ва Раҳим (бўлмиш) Аллоҳнинг исми ила ёрдам сўрайман. Ёки: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим, (дея мўл) баракага эришиб, Аллоҳ азза ва жалладан ёрдам сўраган ҳолда бошлайман.
Демак у сўз, китоб ва рисолаларнинг (муқаддимаси учун) улуғ бир кириш сўзидир. Инсон бирор амалга киришар экан Аллоҳдан ёрдам сўраб ва У субҳанаҳу ва таолонинг исми ила барака талаб қилади.

Биринчи рисола
Аср сураси ўз ичига олган тўрт масала
Илм
Шуни билгилки –Аллоҳ сени Ўз Раҳматига олсин-
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): Шуни билгилки, деган сўзлари мавзунинг нақадар аҳамиятли эканига ишора қиладиган бир калимадир. "Шуни билгилки", деган эканлар, демак бунинг маъноси: сизга кўндаланг қилинажак ушбу иш ниҳоятда муҳимдир. Демак ушбу калима бошланадиган мавзунинг нақадар аҳамиятли эканига далолат қилади.
"Шуни билгилки" (калимасининг) маъноси: билмоқ сўзидан ясалган буйруқ феълидир. Яъни, ўқиб-ўрган. Илм – бирор нарсани ўзининг воқеликдаги ҳақиқатига кўра идрок қилмоқ ёки бирор нарсани воқеликка мувофиқ тарзда тасаввур қилмоқдир.
Бирор нарсани ўзининг воқеликдаги ҳақиқатига зид равишда идрок ёки тасаввур қилмоқ жоҳиллик бўлиб, бу, илмнинг айни аксидир.
"Аллоҳ сени ўз раҳматига олсин", деган сўзларига келсак, бу, толиби илмнинг ҳаққига бўлган дуодир. Шайх роҳимаҳуллоҳ толиби илмларга Аллоҳ уларни Ўз Раҳматига олишини ва улар устига Субҳанаҳу ва таоло Ўзининг Раҳматини нозил қилишини сўраб дуо қиляптилар. Бу билан муаллим мутааллимга лутф билан (муомала қилмоғини ўрганамиз). (Муаллим) сўзини эзгулик ва солиҳ бир дуо билан бошлайди, тоинки бу (мутааллимда) ўз таъсирини кўрсатиб, ўқитувчисига талпинсин.
Бироқ муаллим сўзини қўрс ва бемаврид гаплар билан бошласа, бу фақат уни (мутааллимни) нафратлантиради. Муаллим, Аллоҳни йўлига даъват қилувчи, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчига, суҳбатдошини ҳаққига дуо, унга олқиш ва юмшоқ сўзлар билан илтифот кўрсатиши вожиб бўлади. Чунки бу даъватни қабул қилинишида ниҳоятда қўл келади.
Қайсар ва кибр қилувчига эса ўзгача ёндашилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: "(Эй мўминлар), сизлар аҳли китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала-мунозара қилинглар, магар уларнинг орасидаги зулму-зўравонлик қилган кимсалар билангина (кескин муомала қилишингиз мумкиндир). Ва айтинглар: "Бизлар ўзимизга нозил қилинган (Қуръон)га ҳам, сизларга нозил қилинган (Таврот ва Инжил)га ҳам иймон келтирганмиз. Бизларнинг илоҳимиз ҳам, сизларнинг илоҳингиз ҳам Бир (Аллоҳ)дир ва бизлар Унгагина бўйинсунгувчимиз". (Анкабут/46).
Аҳли китобларнинг зулм, қайсарлик ва кибр қилганларига чиройли йўсинда хитоб қилинмайди, балки уларни жиловлаб қўядиган йўсинда мурожаат қилинади. Аллоҳ таоло шундай деди: "Эй пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг! Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат бу!". (Тавба/73). Мунофиқларга қурол-аслаҳа билан эмас, балки уларни жиловлаб, одамларни улардан нафратлантириш учун ҳам ҳужжат, сўз ва раддия бериш билан кураш олиб борилади. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деди: "Ўзлари ҳақида етук сўзларни айтинг!". (Нисо/63). Демак уларга хос муомала қилинади. Чунки улар қайсар ва кибр қилувчидирлар. Ҳақни эмас, балки одамларни залолатга етаклашни истайдилар. Демак уларга, ўзларига лойиқ услубда муомала қилинади.
Ҳақ талабидаги ёки рушду-ҳидоят истагидаги кишига эса юмшоқлик, меҳрибонлик ва илтифот билан мурожаат қилинади. Чунки у ҳақ, илм ва фойда истагидаги кишидир.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): "Аллоҳ сени Ўз Раҳматига олсин", деган сўзлари: сени ҳаққинга раҳмат тилаб дуо қилишдир. Аллоҳ сени Ўз Раҳматига оладиган бўлса, дунё-ю охиратда бахтли бўласан. Ушбу дуо буюк олим ва солиҳ бир инсон томонидан бўлган экан, Аллоҳнинг хоҳиши ила қабул қилиниши умид қилинади.

Бизга тўрт масалани таълим олишлик вожиб бўлади.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): "Вожиб бўлади", деган сўзларига (тўхталсак). Вожиб – ушбу ишни қилувчиси ажрга эришади, тарк қилувчиси эса жазоланади. Мустаҳаб – ушбу ишни қилувчиси ажрга эришади, тарк қилувчиси эса жазоланмайди. Мубоҳ – ушбу ишни қилишда ажр, тарк этишда эса жазо йўқ.
Демак: "Вожиб бўлади", деган сўзлари, ушбу иш мустаҳаб ва мубоҳ ишлардан эмас, балки у фарзи айндир, деган маънони ифодалайди.
Ушбу масалаларни таълим олмай, ташлаб қўяр эканмиз, албатта гуноҳкор бўламиз. Чунки мавзу вожиб иш устида кетяпти. (Муаллиф роҳимаҳуллоҳ): бизга (ушбу тўрт масалани таълим олишлик) мустаҳаб бўлади ёки таҳсинга сазовор бир иш бўларди, демадилар. Балки: вожиб бўлади, дедилар. Вожиб бўлди, дегани: (масала) узил-кесил муқаррардир, деган маънони англатади. Ким ушбу ишни тарк этса гуноҳкор бўлади. Илмга эса таълим олишлик билан эришилади. Таълим олиш эса эътибор, пешонатер ва вақтга ҳамда фаҳм ва уйғоқ бир қалбга эҳтиёждир. Ана шу таълим олишдир.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): "Тўрт масала", деган қовллари, яъни (тўрт иш борасида) изланиш олиб бориш, деган маънодадир. Масала, деб аталишига келсак, чунки у ҳақда сўраб-суриштириш ва аҳамият қаратиш вожиб бўлади.
mutaallim   01-21-2012, 12:20 PM
#2
Биринчиси: илм
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): Илм, деган қовлларидан мурод шаръий илмдир. Чунки таълим олишлик вожиб бўлган илм, у шаръий илмдир. Ушбу масалаларни ҳар бир мусулмон эркак, аёл, ҳур, қул, бой, камбағал, подшоҳ ва фуқароларнинг барига таълим олишлик вожиб бўлади.
Уламолар ушбуни фарзи айн деб атайдилар. Ана шу ҳар бир мусулмонга вожиб бўладиган илмдир. Беш вақт намоз эркаг-у аёлларга фарздир. Масжидда жамоат билан намоз ўқиш эса фақат эркакларга фарз. (Юқорида айтиб ўтилган тўрт масалани) таълим олишлик эса ҳар бир мусулмонга фарздир. Шунинг учун ҳам (муаллиф роҳимаҳуллоҳ): бизга вожиб бўлади, дедилар. Баъзимизга вожиб бўлади, демадилар. Демак ушбу илмни таълим олишлик ҳар бир кишига фарзи айндир. Чунки илм икки қисмга бўлинади:
Биринчиси: таълим олишлик ҳар бир кишига фарзи айн бўлган илм бўлиб, ушбу илмдан жоҳил қолгани сабабли бирор кишидан узр қабул қилинмайди. Сабаби, бу илмни таълим олмай туриб кишининг дини мустақим-тўғри бўлмайди. Мисол учун беш ислом рукнлари(ни билишлик) каби. Улар: икки шаҳодат калимаси, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Рамазон рўзасини тутиш ва Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш. Мусулмон кишига ушбулардан жоҳил қолиши жоиз эмас, балки ўқиб-ўрганиши лозимдир.
Икки шаҳодат калимасини таълим олиш, бу ақидани ўрганиш демакдир. Мусулмон киши амал қилайин дея ақидани ва четланайин дея унга (ақидага) зид келадиган нарсаларни ўқиб-ўрганади. Ана шу икки шаҳодат калимасининг мазмунидир. Шунингдек, намоз рукнлари, шартлари, вожиботлари ва суннат амалларини ўқиб-ўрганади. Ушбу ишларни тафсилот билан ўрганишдан ўзга чора йўқдир. Чунки киши ҳукмларини билмай туриб намоз ўқиши, ахир инсон адо қилаётган амалини билмай туриб, унга қандай амал қилади? Ҳукмларини билмай туриб, намозни қандай адо этади? Демак намознинг ҳукмлари ва уни бузувчи амалларни таълим олишлиги лозим-у лобуддир.
Ҳудди шундай закот, рўза ва ҳаж ҳукмларини ўқиб-ўрганади. Ҳаж қилишни ирода қилган вақтда, унга ҳаж ва умра ҳукмларини ўқиб-ўрганиши вожиб бўлади, тоинки ушбу ибодатларни шариат кўрсатгандек адо этсин.
Илмнинг ушбу қисмини билмай қолгани сабабли бирор кишидан узр қабул қилинмайди. Илмнинг ушбу қисми, барча мусулмонга фарзи айн деб номланади.
Иккинчи қисм эса: юқоридаги илмга зиёда ўлароқ умумуммат эҳтиёж сезадиган шаръий ҳукмлардир. Гоҳида ҳар бир киши ҳам ушбу масалаларга эҳтиёж сезавермайди. Мисол учун: олди-сотди, муомалот, вақф, мерос, васият, никоҳ ва жиноят бобларининг ҳукмларига ўхшаш. Ушбу илмларга уммат эҳтиёжманддир. Бироқ ҳар бир кишига ушбу илмларни ўқиб-ўрганиш вожиб бўлмайди. Балки мақсад ҳосил бўлар даражадаги уламоларнинг ўқиб-ўрганишлари етарлидир. Тоинки мусулмонлар ҳожатманд бўлган қозилик, фатво бериш ва бундан бошқа вазифаларни адо этсинлар. Илмнинг ушбу қисми кифоя қиларли одамлар адо этишлари билан қолганлардан гуноҳ соқит бўладиган фарзи кифоя илм, деб аталади. Бироқ барчалари ушбу илмларни (ўқиб-ўрганишни) тарк этишса, барчалари гуноҳкор бўлишади.
Уммат ичида илмнинг ушбу қисмини таълим оладиган кишилар бўлмоқлиги лозимдир. Чунки улар ушбу илмларга ҳожатманддирлар. Бироқ ҳар бир кишига: сенга ушбу бобларда фақиҳ бўлиб етишишинг вожиб бўлади, деб айтилмайди. Чунки ушбу ишни ҳар ким ҳам эплай олмайди. Балки ушбу илмлар уммат орасидаги куч-қуввати етадиганларга хосдир. Бу, илмнинг аввалги қисми бўлмиш, ҳар бир киши у ҳақида сўраладиган илмга хилоф ўлароқ уммат ичидаги баъзи кишилар ўқиб-ўрганишса вожиб адо этилган бўлади. Чунки ушбу амалларга (исломнинг беш рукнига) фақатгина илм асосида амал қилиш мумкин. Шунинг учун ҳам шайх роҳимаҳуллоҳ: бизга вожиб бўлади, дедилар. Мусулмонларга ёки баъзиларга вожиб бўлади, демадилар. Чунки ушбу масалаларни таълим олишлик ҳар бир кишига фарзи айндир.
Ушбу масалаларга киришишдан аввал бир нарсани билмоғимиз лозимки, умматга хоҳ фарзи айн ёки фарзи кифоя тарзида вожиб бўладиган илмдан мурод, Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шаръий илмдир.
Ишлаб чиқариш, ҳисоб-китоб, муҳандислик ва бундан бошқа касб-ҳунар каби дунёвий илмга келсак, ушбу илмни ўқиб-ўрганиш мубоҳдир. Уммат ушбу илмларга муҳтож бўлгани онда, қудрати етадиҳан кишиларга вожиб ҳам бўлади. Бироқ Аллоҳ таоло олқиш айтиб, мадҳ этган ва пайғамбар солалллоҳу алайҳи ва саллам: “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” (Бухорий (67), Абу Довуд (3641), Ибн Можжа (223) ва Термизий (2682) Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди), деганларида қасд қилинган илмдан мурод думёвий илм эмас, балки шаръий илмдир.
Бирор киши дунёвий илмдан бехабар қолса гуноҳкор бўлмайди. Ким ушбу илмни ўқиб-ўрганса, унга бу мубоҳдир. Умматга нафи тегса ажру-савобга эришади. Инсон ушбу илмдан бехабар ҳолда вафот этадиган бўлса, қиёмат куни жазога тортилмайди. Бироқ шаръий илмдан, хоссатан зарурий илмдан бехабар ҳолда дунёдан ўтса, ҳали қиёмат куни у ҳақда: нима учун ўқиб-ўрганмадинг?, нима учун сўраб-суриштирмадинг?, дея сўралади. Қабрга қўйилганда: Роббим Аллоҳ, диним ислом, пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, дейдиган киши нажот топади. Унга: ушбу нарсага (илмга) қандай эришдинг?, дейилганда, у: Аллоҳнинг Китобини ўқиб-ўргандим, дейди.
Ушбу илмдан юз ўгирган кимса эса қабрида саволга тутилганда: Ҳаҳ, ҳаҳ билмасам. Одамларни бир нарса дейишаётганини эшитиб, ўшани айтиб юраверардим, дейди. Ушбу кимсага қабрида жаҳаннам олови ёқилиб -Аллоҳ сақласин- қабри торайтирилганидан қовурғалари бир-бирига аралашиб кетади. Ва (қабри) жаҳаннам чоҳларидан бир чоҳга айланади. Чунки у ўқиб ўрганмади. Унга: “Билмадинг, ўқимадинг”, дейилади. (Бухорий (1338), Муслим (2870) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қисқартирилган суратда ривоят қилишди, Абу Довуд (4753) Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан тўлалигича ривоят қилди). Чунки у ўқиб-ўрганмаганди. Илм аҳлининг этагини тутмаганди. Балки ҳаётини зое қилди. Бундай кимсанинг оқибати бахтсизликдир. Аллоҳнинг паноҳига қочамиз.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): Илм, деган сўзлари, барчамиздан талаб қилинадиган шаръий илмдир. Яъни, Аллоҳни исм ва сифатлари ила танимоқ, Унинг бизни устимиздаги ҳаққи бўлмиш шериксиз, якка Ўзига ибодат қилишни билмоқдир. Бандага вожиб бўладиган аввалги нарса Роббиси азза ва жаллани ва Унга қандай ибодат қилмоқни билишидир.
У Аллоҳни, пайғамбарини ва ислом динини далиллари билан билмоқдир.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): У Аллоҳни (билмоқ-танимоқ), деган сўзларига тўхталадиган бўлсак, (авваламбор) банда Роббисини қандай танийди? Унинг оятлари ва махлуқотлари воситасида таниб олади. Кеча ва кундуз Унинг оятларидан. Қуёш ва ой эса Унинг махлуқотларидандир. Аллоҳнинг хоҳиши ила бу ҳақда яна баён қилинади.
Демак Аллоҳни борлиқдаги ва Қуръоний оятлари ила танийди. Қуръонни ўқиса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло осмонлар-у ерни яратган эканини, У Зот осмонлар ва ердаги нарсаларни бўйинсундириб қўйганини, У Зотгина ўлдириб, тирилтиришини ва У барча нарсага Қодир эканини ҳамда У Раҳмон ва Раҳим эканини билиб олади. Қуръон бизга Аллоҳ азза ва жаллани танитиб боради. У Зот бизга барча неъматларни инъом қилиб берди ва У бизни яратиб, ризқ берди. Қуръонни ўқийдиган бўлсангиз Роббингиз субҳанаҳу ва таолони исм-у сифатлари ҳамда феъллари ила таниб оласиз.
Борлиққа назар ташлар эканисиз, Роббингиз субҳанаҳу ва таолони, У Зот барча махлуқотларни яратгани, борлиқни бўйинсундириб, уни Ўзининг ҳикмати ва илмига кўра ҳаракатлантириб қўйганини биласиз. Ана шу Аллоҳ азза ва жаллани билмоқдир.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): пайғамбарини (билмоқ-танимоқ), деган қовлларидан мурод: у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Чунки у киши Аллоҳ азза ва жалланинг номидан (рисолатни) етказувчидирлар. У киши рисолатни етказишда биз билан Аллоҳ азза ва жалла ўртасида восита (вазифасини ўтадилар). Демак у киши ким эканлари, насл-у насаблари, (туғилиб ўсган) шаҳарлари ва қандай дин олиб келганлари, у кишига ваҳий қай йўсинда (нозил бўла) бошлагани, Макка ва Мадинада Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилишни қандай адо этганларини билишинг лозим бўлади. Хуллас қисқача бўлса-да Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини билишинг даркор.
Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманофдан то Иброҳим алайҳиссаломга тақаладиган насаб соҳибидирлар. Пайғамбарликдан аввал қандай ҳаёт кечирганлари, у кишига Аллоҳ азза ва жалла томонидан ваҳий қай йўсинда келгани, пайғамбарликдан кейин нима ишлар қилганларини, у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини дарс қилиш билан билиб оласан. Мусулмон кишига Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламни танимай ўтиши нолойиқдир. Ахир ўзингиз (ҳали яхши) танимаган одамга қандай эргашасиз?! Бунга ақл бовар қилмайди.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): ислом динини (билмоқ-танимоқ), деган сўзларидан мурод, Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динларики, Аллоҳ азза ва жалла ушбу дин(га иймон келтиришни) Ўзининг бандаларига амр этди. Ушбу динга эргашишликни сенга амр этди, ҳали бу ҳақда сўраласан. Демак ушбу динни билмоғинг лозим. Ислом, бу барча элчиларнинг динидир. Барча элчиларнинг дини умумий маънода исломдир. Элчилардан бирортасига эргашган киши, у Аллоҳ азза ва жаллага таслим бўлган, Унга бўйинсуниб, (ибодатда У Зотни) яккалган кишидир. Бу умумий маънодаги исломдирки, у барча элчиларнинг дини. Ислом – Аллоҳ таолога, У Зотни (ибодатда) яккалаш ила тўла таслим бўлиш, У Зотга тоат ила бўйинсуниш ҳамда ширк ва унинг аҳлидан тўла халос бўлишдир.
Хос маънодаги ислом эса, у Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ила жўнатган диндир. Чунки Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг фақат у кишининг динлари дин бўлиб қолади. Демак ислом у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишда чекланади. Яҳудий ёки насроний Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар этиб жўнатилганларидан сўнг у кишига эргашмай туриб: мен мусулмонман, дейиши мумкин эмасдир. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлгач, ислом энди фақат у кишига эргашишликдир. Аллоҳ таоло шундай деди: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: “Агар сизлар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. (Шунда) Аллоҳ сизларни севади...”. (Оли Имрон/31). Ушбулар исломнинг умумий ва хос маънолари эди.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Далиллари билан”, деган сўзларидан мурод, тақлид асосида эмас, балки Қуръон ва Суннатдан иборат далиллар билан (билмоқ), деган маънодадир. Ана шу илмдир.
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ “Ал-Кофия Аш-Шофия”да шундай дедилар:
Илм – Аллоҳ, Унинг Росули ва саҳобалар айтганидир, асло кўзбўямачилик эмас.
Илм Росул билан фақиҳнинг раъйини тентакларча ўзаро қарама-қарши қилиб қўйишинг ҳам эмас.

Ана шу илм деб айтилади. Илм – Китоб-у Суннат илмидир. Уламоларнинг сўзлари эса Аллоҳ ва Унинг Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг каломини шарҳлаб, изоҳлаб беради. Гоҳида унда (уламоларнинг сўзларида) ёки баъзисида хато ҳам бўлади. Уламоларнинг сўзлари далил эмас, балки далил Қуръон оятлари ва пайғамбар ҳадисларидир. Уламоларнинг сўзлари эса ўз-ўзидан далил бўлмай, балки ушбу (асосни) шарҳлаб, изоҳлаб, ёритиб беради.
Ушбу биринчи масала бўлиб, у асосдир. Шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу масаладан бошлаганларининг боиси, чунки у аслдир. Демак ўқиб-ўрганиш, таълим бериш ва Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилишда ақида-асосдан бошланади. Ақидадан бошланади. Чунки у асл-у асосдир.
Амал илм биландир

Иккинчиси: унга амал қилмоқ
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Унга амал қилмоқ”, деганларидан мурод, (ана ўша) илмга (амал қилмоқ) деган маънодадир. Чунки инсонга таълим бериб, ўқиб-ўрганишини ўзи кифоя қилмайди. Балки илмига амал қилмоғи лозимдир. Амалсиз илм кишининг зарарига ҳужжатдир. Илм фақат амал билангина манфаатли бўлади. Илм олиб, амал қилмаган ғазабга дучор бўлганлардан бўлади. Чунки у ҳақни билди ва уни била туриб тарк этди.
Шоир айтадики:
Илмига амал қилмаган олим
Бутпарастлардан аввал азоблангай
Ҳадиси шарифда ҳам: “Қиёмат куни жаҳаннам ўтида ёнадиганларнинг аввалгиси, илмига амал қилмаган олимдир”. (Термизий (2382) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилди), дея эслаб ўтилган. Илм амалга чамбарчас боғлиқдир. Амал илмнинг самарасидир. Амалсиз илм бамисоли мевасиз дарахтдир. Ундан бирор фойда йўқ. Илм амал қилинсин учун нозил қилинган.
Ҳудди илмсиз амал ўз эгасига муваффаққиятсизлик ва залолат бўлганидек. Инсон илмсиз амал қилар экан, унинг амали муваффаққиятсизлик ва турган битгани ўз соҳибига машаққатдир. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кимда-ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бирор амални қилса, бас у рад этилгандир”. (Бухорий (7350) ҳадисдан олдин Муслим (18) ва (1718) Оиша розияллоҳу анҳoдан ривоят қилишди).
Ҳар ракатда Фотиҳа сурасининг ушбу оятларини ўқиймиз: “Ўзинг бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. (Бизларни) шундай зотларнинг йўлига (бошлагин)ки, Сен Ўзинг уларга (тўғри йўлни) инъом қилгансан – улар (Сен томондан) ғазабга дучор бўлмаганлар ва залолатга кетмаганлар – адашмаганлар”. (Фотиҳа/6-7). Аллоҳ таоло илмсиз амал қиладиганларни адашганлар деб, билиб туриб, амал қилмайдиганларни эса ғазабга дучор бўлганлар, деб атади. Бунга аҳамият бермоғимиз лозим. Чунки бу жуда муҳимдир.
Илмга даъват қилиш

Учинчиси: унга (ўша илмга) даъват қилмоқ
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Унга (ўша илмга) даъват қилмоқ”, деган сўзларига келсак, яъни, инсон ўқиб-ўрганиб, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилмай ўзи амал қилиб юравериши етарли бўлмайди. Балки бошқаларни даъват қилиб, ўзига ҳам, ўзгага ҳам фойда улашадиган бир шахс бўлмоғи лозим. Чунки бу илм омонатдир. Бу сени мулкинг эмаски сақлаб қўйиб одамларни ундан, муҳтож бўлсалар-да, маҳрум этсанг. Сенга етказиш, баён қилиш ва одамларни яхшиликка чақириш вожиб бўлади. Аллоҳ таоло сенга юклаган ушбу илм, у сенга вақф эмас, балки у сенга ва бошқаларга ҳамдир. Уни шахсий мулкинга айлантириб олиб, одамларни ундан фойдаланишликларидан тўсма. Илмни етказиш ва уни одамларга баён қилиб бериш лозимдир. Аллоҳ таоло шундай деди: “Эсланг, (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан “Албатта у (Китобни) одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!”, деб аҳд-паймон олган эди”. (Оли Имрон/187).
Ушбу, Аллоҳ таоло уламолардан, яхшилик атрофга тарқалиб, инсонлар зулматлардан нурга чиқишлари учун одамларга, Аллоҳ таълим берган илмни баён қилиб берасизлар деб олган аҳд-паймондир. Бу айнан элчилар алайҳимуссалоту вассалам ва уларга эргашганларнинг вазифасидир. Аллоҳ таоло шундай деди: “Айтинг: “Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга-ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро), мен мушриклардан эмасман”. (Юсуф/108). Демак бу Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда у кишининг издошлари босиб ўтган йўлдир. Илм, амал ва Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилиш. Кимда-ким даъват қилишга қодир бўла туриб даъват қилмаса ва илмга эга бўла туриб, уни яширса, ҳадисда келганидек, қиёмат куни оловли юган билан юганланади. (Абу Довуд (3658), Термизий (2649), Ибн Можжа (261) ва (266) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кимда-ким (билган) бирор илмдан сўралса-ю, уни яширса, Аллоҳ уни қиёмат куни оловдан бўлган юган билан юганлайди”. Ибн Можжа (265) Абу Саид ал-Хузрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кимда-ким Аллоҳ таоло одамларнинг (умумий)-дин ишида фойда етказиши (мумкин) бўлган бирор илмни яширса, Аллоҳ уни қиёмат куни оловдан бўлган юган билан юганлайди”.).
mutaallim   01-22-2012, 04:57 PM
#3
Даъват йўлидаги азиятларга сабр қилиш

Тўртинчиси: даъват йўлидаги азиятларга сабр қилмоқ
(Мусанниф роҳимаҳуллоҳнинг): “Даъват йўлидаги азиятларга сабр қилмоқ”, деган қовлларига тўхталадиган бўлсак, маълумки, одамларни даъват қилиб, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган киши пасткаш кимсалар томонидан азиятларга дуч келади. Чунки инсонларнинг кўпчилиги яхшилик бўлишини истамайди, балки шаҳват, ҳаром ишлар, ботил ҳаво-истаклар бўлишини хоҳлайдилар. Энди уларни Аллоҳнинг йўлига даъват қилиб, шаҳватларидан қайтарадиган киши келса, улар томондан ҳам ё сўз ёки амал билан рад (жавоби) бўлиши тайиндир. Аллоҳнинг Юзинигина истаб, Унинг йўлига даъват қилаётган кишига, азиятларга сабр қилиши, даъватда бардавом бўлиши вожиб бўлади. Унинг бу йўлдаги пешвоси элчилар алайҳимуссалоту васалламлар ва уларнинг яхшилари ва якунловчилари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.
Одамлар томонидан қандай қилмишларни тотиб кўрдилар-а? Сўз ва амал билан бўлган қанчадан-қанча азиятларни бошдан кечирдилар. Сеҳргар, каззоб, ақлдан озган, дейишди. Улар айтган барча ҳақоратларини Аллоҳ азза ва жалла Қуръонда эслаб ўтгандир. Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилганларида товонларидан қон оқар даражада тошбўрон қилдилар. Каъба атрофида саждада эканлар, устларига туянинг ичак-човоғини ташлашди. Ўлдирамиз дея қўрқитиб, таҳдид қилишди. Уҳуд ғазоти у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари розияллоҳу анҳумларга қанчалар қийин кечди. Тишларини синдириб, бошларини ёришди ва Аллоҳнинг пайғамбари бўла туриб чоҳга йиқилдилар. Буларнинг бари Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилиш мобайнидаги азиятлар эди. Бироқ у киши сабр қилиб, халқларнинг энг афзали бўла туриб (ушбу оғриқларни) кўтара билдилар. Ушбу даъватдек бир (масъулиятли вазифани) олиб бораётган киши иймони ва даъватига қараб азиятларга тутилиши чорасиздир. Бироқ унга сабр қилиши вожиб бўлади. Модомики ҳақда экан, албатта сабр қилиб (оғриқни) кўтара олиши керак. У Аллоҳнинг йўлидадир. Наинки азият етса, ҳасанот палласида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан ажр бўлади.
Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: “Вақт-замонга қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар).”. (Аср/1-2-3).
Ушбу тўрт масалани муфассал суратда ўрганишимиз вожиб бўлади. Шайх роҳимаҳуллоҳ айтганларига далил борми? Бизга ушбу тўрт масалани ўқиб-ўрганиш вожиб бўлади. У киши роҳимаҳуллоҳ бизга далилсиз бирор гап айтмасликка ваъда бердилар (Айтганларига) далил борми?
(Роҳимаҳуллоҳ) шундай дедилар: бунга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим: “Вақт-замонга қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар).”. “Фақат иймон келтирган”: бу биринчи масаладир, яъни, илм. Чунки иймон фақат илм билан бўлади. У Аллоҳ азза ва жаллани танимоқ, пайғамбарини танимоқ ва ислом динини далиллар билан билмоқдир.
Иккинчи масала: “Ва яхши амаллар қилган”, бу эса амал илм билан бирга эканидир.
Учунчи масала: “Бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган”, бу эса илм ва амалга бўлган даъват-чақириқдир.
Тўртинчи масала: “Бир-бирларига (мана шу ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар).”.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг: "Вақт-замонга қасамки", қовлига тўхталсак.
Аллоҳ таоло махлуқотлардан бири бўлган замон ва вақт билан қасам ичди. Аллоҳ жалла ва ала махлуқотларининг хоҳлагани билан, махлуқ эса фақат Аллоҳ(ни номи) билан қасам ичади. Аллоҳ таоло аҳамиятга молик нарса билангина онт ичади. Ушбу замон (дея аталмиш махлуқот) аҳамиятга молик ва унда кўплаб ибратлар бор. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло вақт-замон, (борлиқни ўз зулмати билан) ўраб келаётган кеча ва чошгоҳ вақтлари билан қасам ичди.
Махлуқ эса фақат Аллоҳнинг номи ила қасам ичади. Бизга Аллоҳ(нинг номидан) бошқаси билан онт ичишимиз жоиз эмас. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Кимда-ким Аллоҳдан ўзгаси(ни номи) ила онт ичса, дарҳақиқат, куфр ёки ширк келтирибди". (Абу Довуд (3251) ва Термизий (1535) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишди). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ(нинг номи) билан қасам ичсин, йўқса жим бўлсин". (Бухорий (6108) ва Муслим (1646), (3) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишди).
Демак, Аллоҳ таоло аҳамиятга молик ва ибратли нарсаларнинг хоҳлагани билан қасам ичади. Ушбу замон-вақтда қандай ибрат бор? Бунда улкан ибратлар борки, тун ва кун ўзаро бир-бирини қувиб, гоҳида тун узайса, гоҳида кун узаяди. Ушбу ўзгармас, тартибли ажойиб бир интизом билан тун ва кун бир-бирини таъқиб қилиб боради.
Бунинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Қудратига далолат қилади. Ушбу вақт-замонда рўй бераётган турли ҳодисот, ҳалокат-у мусибат ва неъмат-у яхшиликларнинг бари ибратланарли нарсалардир. Шунинг учун ҳам тун ва кун солиҳ амал (қилиб қолишлик учун бўлган) бир заминдир. Аллоҳ таоло шундай деди: "У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган Зотдир". (Фурқон/62).
Кеча ва кундуз Аллоҳ азза ва жалланинг тоати йўлида унумли фойдаланаман деганларга улкан бир касб-имкониятдир. Олдингизда кеча ва кундуздан ўзга амал учун ўрин-замин йўқ. Тун-у кун дунё ва охират учун покиза ризқ ва амали солиҳ қилишга бир заминдир. Кеча ва кундузда ибрат ва фойдалар бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло вақт-замон билан қасам ичди.
Қасамга жавоб ўлароқ Аллоҳ таоло шундай деди: "(Барча) инсон зиён-бахтсизликдадир". Бирор киши истисно қилинмай, жамийки одам болалари, подшоҳ, раис, бой, камбағал, озод, қул, эркак ва аёлнинг бари ушбу қимматли вақтни зое қилиб, уни Аллоҳнинг маъсияти ва ўзларига зарарли нарсалар йўлида фойдаланишар экан, уларнинг бари зиён ва ҳалокатдадир.
Ушбу вақт инсонларнинг кўпини наздида арзимас бир нарсага айланди. Вақт ўтиши билан зерикишгач, "вақтни ўлдиришни истаймиз", дея кўнгилхушлик қилиб ёки татилни ўтказиш учун хорижга сафар қилиб ё бўлмаса кулишиб, ҳазил-ҳузул қиладилар. Ушбу кимсалар вақтни зое қилишгани учун ҳам қиёмат куни уларга зиён ва надомат бўлажак. Вақтга риоя қилганларида, у уларнинг саодатлари манбаи эди.
Демак, тўрт сифат билан сифатланганлардан ташқари жамийки одам болалари зиён ва ҳалокатдадир. Ушбу сифатлар: илм, амал, Аллоҳни йўлига даъват қилиш ва азиятларга сабр қилиш.
Кимда-ким ушбу сифатлар билан сифатланса, бахтсизликдан нажот топади.
Аллоҳга иймон келтириш фақат У Зотни танимоқ ила амалга ошади.
"Яхши амаллар қилган", яъни, вожиб ва мустаҳаблардан иборат солиҳ амалларни қилганлар. Дин ва дунёларига фойдали бўлган солиҳ амалларни қилиш билан вақтларидан унумли фойдаланганлар. (Аллоҳнинг) тоатига ёрдам бўлсин дея дунё учун амал қилишда яхшилик ва ажр бор. Энди охират учун амал қилиш ҳақида нима дейсиз? Муҳими вақтни зое қилманг. Балки ундан ўзингизга фойда ва манфаатли нарсалар йўлида фойдаланинг.
"Бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган", яъни, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилган, фойдали илмни таълим бериб, одамлар орасида илм ва яхшиликни тарқатган, натижада Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилувчи бўлган зотлардир.
"Бир-бирларига (мана шу ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган", яъни, етган азиятларга сабр қилган зотлар. Сабр луғатда: танбалаб қўймоқдир. Бу ерда ирода қилинган маъно шуки: Аллоҳга тоат қилиш йўлида нафсни танбалаб-жиловлаб қўйиш.
Сабр уч турлидир:
Биринчи: Аллоҳга тоат қилиш йўлида сабр қилиш.
Иккинчи: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан қайтишда сабр қилиш.
Учинчи: Аллоҳнинг тақдирига сабр қилиш.
Биринчи: Аллоҳга тоат қилиш йўлида сабр қилиш. Чунки нафс дангасалик ва роҳат-фароғатни истайди. Демак инсон нафсини тоат, намоз, рўза ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш учун сабрга ўргатиши лозим. Нафс ушбу ибодатларни ёмон кўрса-да, инсон уни Аллоҳга тоат қилиш йўлида танбалаб-жиловлаб қўяди.
Иккинчи: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан қайтишда сабр қилиш. Нафс ҳаром иш ва шаҳватларни хоҳлаб, мойиллик сезади. Уни ҳаром ишлардан танбалаб-жиловлаб қўйиш лозимдир. Бу эса сабрга эҳтиёж сезади. Нафсни ҳаром шаҳватлардан тўсиш осон иш эмас. Кимда сабр бўлмас экан, нафси унга ғолиб келиб, ҳаром ишларга ҳавас уйғотади.
Учинчи: Аллоҳ таолонинг аламлантирувчи тақдирига сабр қилиш. Инсоннинг жигаргўшаси вафот этиши, мол-дунёнинг ҳароб бўлиши, турли касалликлар етиши каби мусибатлардан иборат Аллоҳнинг қазо-ю қадарига сабр қилиб, жазавага тушмай, аччиқланмай, балки тилни уввос солиб йиғлашдан, нафсни эса бетоқат бўлишдан, қўлни эса юзни тимдалаш ва кийим йиртишдан тийиб қўйиш - мусибатларга сабр қилишдир.
Камчилик-нуқсонларга келсак, уларга сабр қилинмайди, балки Аллоҳ таолога тавба қилиб, улардан узоқлашилади. Бироқ инсон ожизлик қиладиган, балки Аллоҳ азза ва жалла томонидан синов, имтиҳон ёки қилган гуноҳига жазо ўлароқ мусибатлар келганда (сабр қилиши лозимдир). Аллоҳ таоло айтганидек: "(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур". (Шўро/30).
Мусулмон кишига жони, моли, фарзанди, яқини ёки биродарларидан бирига мусибат етганда сабр қилиб, ажрни Аллоҳдан умид қилиши лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтадики: "(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бирор мусибат келганда: "Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз", дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг! Ана ўшаларга Роббилари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир". (Бақара/156-157). Ана шу сабрдир. Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилишдаги азиятларга сабр қилиш ҳам шулар жумласиндандир. Яхшилик йўлида тотаётган азиятларга сабр қилиб, хайрли амалдан воз кечмаслигингиз даркор. Чунки баъзилар яхшилик қилишни хоҳлайди. Бироқ кариҳ кўрган бирор нарсага дуч келгач: бундай ишларга киришишим менга вожиб эмас, дейди-да, муаллим бўлса таълимни, даъватчи бўлса Аллоҳ йўлидаги даъватни, масжидда имом-хатиб бўлса имомли-гу хутбани, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришни тарк этади. Ушбу кимса тотган азиятларига сабр қилолмади.
Хатога йўл қўйган бўлсанг ҳаққа қайтишинг лозимдир. Аксинча ҳақда бўлиб, хатога йўл қўймаган бўлсанг, сенга сабр ва ажрни Аллоҳдан умид қилиш вожиб бўлади. (Тотаётган азиятларинг) Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида (бўлганинг) сабабли эканини ва сен бунинг учун ажр-у савобга эришишингни ҳис қилиб, пайғамбар алайҳиммуссалоту васалламларнинг бошига қандай оғир кунлар тушганини ва Аллоҳ азза ва жалла уларга нусрат бергунга қадар қандай сабр қилиб, курашишганини ёдингда тут.
Шофиий роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: "Аллоҳ таоло халқларига ҳужжат ўлароқ фақат ана шу суранигина нозил қилганида, албатта уларга кифоя қиларди".
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): "Шофиий" деган қовлларига тўхталсак. У киши имом Муҳаммад ибн Идрис Аш-Шофиийдир. Исми Шофи бўлган тўртинчи боболарига нисбат бериладилар. Имом Шофиий Қурайшдан, Бани Мутталибдандир. 204 ҳижрий йили вафот этдилар. У киши тўрт имомнинг биридир. Ушбу сўзни айтганларига сабаб, Аллоҳ таоло аср сурасида бадбахтлик ва саодат сабабларини баён қилиб берди.
Саодат сабаблари: инсон ушбу тўрт сифатга эга бўлмоғидир: илм, амал, даъват ва Аллоҳ йўлидаги азиятларга сабр қилиш. Ушбу сура билан халқларга Аллоҳнинг ҳужжати қоим бўлди. Аллоҳ субҳанаҳу уларга қарата: дарҳақиқат Мен ушбу мўжазгина, мухтасар сурада сизларга саодат сабабларини баён қилиб берганман, деб айтади.
Қуръоннинг бари ва суннат ушбу тўрт масаланинг тафсилотидир. Бироқ ушбу сура саодат сабабларини умумий суратда баён қилди. Натижада халқларга қарши ҳужжат қоим бўлди. Қуръон ва Суннатнинг қолган ҳужжатлари эса ушбу тўрт масалага ойдинлик киритади. Имом Шофиийнинг сўзларидан мурод, Аллоҳ таоло ушбу сурадан ўзгасини нозил қилмаганида, одамларга шунинг ўзи кифоя қиларди, деган маънода эмас. Бироқ ушбу сура ҳужжатни қоим қилди. Чунки Аллоҳ таоло ушбу сурада саодат ва шақоват сабабларини баён қилди. Энди қиёмат куни ушбу мўжазгина сурани ўқиган бирор киши: мен бахт ва бадбахтлик сабабларини билмагандим, деб айтолмайди.
Бухорий роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: илм сўз ва амалдан олдин эканлиги ҳақидаги боб. Далил: "Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!". (Муҳаммад/19). (Аллоҳ таоло) сўз ва амалдан олдин илм билан бошлади.
Бухорий: у киши имом Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим Ал-Бухорийдир. Машриқдаги Бухоро шаҳрига нисбат берилади. Ҳадис аҳлининг имоми, ҳифзда мустаҳкам бўлган (роҳимаҳуллоҳ). Аллоҳнинг Китобидан кейинги китобларнинг энг саҳиҳи бўлмиш "Ас-Саҳиҳ" китобининг соҳиби.
Илм сўз ва амалдан олдин, деган сўзларидан мурод, амал фақат илмга асослангандагина нафи тегади. Жаҳолатга қурилган амал, ўз соҳибига фойда келтирмайди. Балки қиёмат куни муваффаққиятсизлик ва залолат бўлади. Амалдан олдин илмни ўрганишдан ўзга чора йўқдир.
"Далил", деган сўзлари, яъни, бобнинг ана шундай номланишига далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: "Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун… мағфират сўранг!". Демак, Аллоҳ таоло илмдан бошлади. Аллоҳ таолонинг: "Мағфират сўранг!", деган қовли эса, амалга ишорадир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло илмни амалдан олдин қўйди. Чунки амал илм асосида бўлмаса, ўз соҳибига фойда келтирмайди. Демак, инсон авваламбор илмдан бошлайди. Сўнг билганига амал қилади. Ана шу асосдир.
mutaallim   01-24-2012, 02:09 PM
#4
Иккинчи рисола
Мусулмонга ўқиб-ўрганиб, амал қилиши вожиб бўлган уч масала


Шуни билгилки, Аллоҳ сени Ўз Раҳматига олсин, ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга ушбу уч масалани ўқиб-ўрганиб, унга амал қилиши вожиб бўлади.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Шуни билгилки”, деган сўзларига келсак, бу ҳақда юқорида айтиб ўтилдики, ушбу калима ўзидан кейинги жумланинг нақадар аҳамиятли эканини ифодалайди. Унинг маъноси: Ўқиб-уқиб ол ва ишонч ҳосил қил.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Аллоҳ сени Ўз Раҳматига олсин”, деган қовллари сенинг ҳаққинга раҳмат сўраб дуо қилишдир. Юқорида айтиб ўтилганидек, муаллимга мутааллимга нисбатан илтифот билан ёндашмоқлиги, унинг ҳаққига дуои хайр қилиб, (илмга) рағбатлантириши лозим бўлади. Ушбу йўл таълим беришликдаги энг олий воситалардандир. Ўқитувчига мутааллимга нисбатан қаттиқ, қўпол ва қўрс муомала қилмаслиги даркор. Чунки бу илмдан нафратлантиради. Сўнг ушбу (дуо) шайх роҳимаҳуллоҳ томонларидан бўлган самимиятки, у киши насиҳат, манфаат ва тўғри йўлланма беришни хоҳлаяптилар.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Вожиб бўлади”, деган сўзлари, яъни, усул илми билан шуғулланадиган уламолар наздида фарз-вожиб бўлди дегани, ушбу ишни қилишликдан ўзга чора йўқ, деган маънони ифодалайди. Ва унга қуидагича таъриф беришди: вожибни адо этувчи ажрга эришади, тарк этувчи эса жазога тортилади. Луғатдаги аслий маъноси эса: барқарор, силжимас. Бирор нарса вожиб бўлди, яъни барқарор бўлди маъносидадир. Аллоҳ таоло (ҳаж мавсумида сўйиладиган) туя-моллар ҳақида шундай деди: “Энди қачон ён бошлари билан тушганларида”, яъни, жон таслим қилиб, ерга йиқилиб, сўйилгандан кейин силжимас-барқарор бўлганларида “Улардан (ўзларингиз ҳам) еяверинглар, (бировдан бир нарса сўрамайдиган) қаноатли кишига ва (муҳтож) тиланчига ҳам едиринглар”. (Ҳаж/36).
“Вожиб бўлади”, деган қовллари, ушбу иш хоҳлаган киши қилиб, хоҳламаган эса тарк этадиган мустаҳаб бобидан эмас, балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан бўлган мужбуриятдир. Ушбу иш шайх роҳимаҳуллоҳ томонларидан вожиб бўлгани йўқ, балки Аллоҳ азза ва жалла Китоб-у Суннатда бандаларига ушбу масалаларни мажбурият ўлароқ нозил қилгандир.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга … вожиб бўлади”, деган сўзлари, яъни, мусулмонлардан бўлган хоҳ озод, хоҳ қул бўлсин барча эркак ва аёлларга вожибдир. Чунки аёл, далил ушбу ишни фақат эркакларга хос эканига ишора қилмас экан, кўплаб вожиботларда эркак билан муштаракдир. Эркакларга хос масалаларга мисол: намозни масжидда жамоат билан адо этмоқ, жума намози, қабрларни зиёрат қилиш ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш.
Демак, далил бирор ишни эркакларга хос эканига далолат қилса, ушбу иш фақат уларга хос бўлади. Акс ҳолда эса эркак ва аёллар вожибот, ҳаром ишлардан узоқлашиш ва бошқа буйруқларда баб-баробардирлар. Эркаг-у аёлларга таълим олишнинг вожиб эканлиги ана шу жумладандир. Аллоҳ жалла ва ала бизни Ўзигагина ибодат қилишимиз учун яратган экан, таълим олмай туриб Роббимиз азза ва жаллага қай суратда ибодат қилишни била олмаймиз. Демак, дин ишларини ўқиб-ўрганишлик эркаг-у аёлларга баб-баробар вожибдир, хоссатан ақида масалалари.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Ушбу уч масалани..”, деган сўзларидаги ўқиб-ўрганишнинг маъноси: илмни уламолардан олиб, ёдламоқ, фаҳмламоқ ва идрок этмоқдир. Ана шу ўқиб-ўрганишдир. Китобни ўқиб, мутолаа қилишнинг ўзи эмас. Бу ўқиб-ўрганиш дейилмайди. Таълим олиш – илмни ўз эгаларидан олиб, ҳифз қилиш-ёд олиш, фаҳмлаб тамомий суратда идрок қила билишдир. Ана шу саҳиҳ таълимдир. Қуруқ қироат ва мутолаага келсак, ушбу иш талаб қилинган бўлса-да, бироқ таълим олишда кифоя қилмайди. Тўғри бу ишда фойда бор, бироқ етарли даражада эмас, ушбу ишга чекланиб қолиш кифоя қилмайди.
Бугунги кунда рўй бераётганидек китобларни ўзига устоз қилиб олишлик ҳам жоиз эмас. Чунки китобларга шогирд тушишлик ниҳоятда хатарли бўлиб, ушбу ишдан носоғломлик, ўзини олим санамоқ ва жоҳил кишидан келадиган зарардан каттароқ зарарлар ҳосил бўлади. Чунки жоҳил ўзини жоҳил эканини билиб, ўз чегарасида тўхтайди. Бироқ ўзини олим сановчи, ўзини билувчилар сафида кўриб, Аллоҳ ҳаром қилганини ҳалол ва ҳалол қилганини ҳаром қилиб беради. Аллоҳ ҳақида билимсиз сўзлайди. Демак, масала жуда хатарлидир.
Илм тўғридан-тўғри китоблардан олинмайди, балки китоблар бир восита холос. Илмнинг ҳақиқати шуки, у авлоддан авлодга уламолардан олинади. Китоблар илм талаб қилишликдаги восита холос.

Аллоҳ таоло бизни яратиб, ризқ бергани ва шунчаки-беҳудага ташлаб қўймаганига иймон келтириш

Биринчи: Аллоҳ таоло бизни яратди, ризқ берди ва шунчаки-беҳудага ташлаб қўймади.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Биринчи: Аллоҳ таоло бизни яратди”, деган сўзларининг маъноси: У Зот бизни йўқдан бор қилди. Аллоҳ таоло бизни яратишидан олдин йўқ эдик. Аллоҳ азза ва жалла шундай деди: “Аниқки, инсоннинг устига замондан у тилга олгулик бир нарса бўлмаган вақт-муддат ҳам келгандир”. (Инсон/1). Аллоҳ таоло айтадики: “(Аллоҳ) айтди: “Шундай. Роббинг айтурки, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку (яъни, йўқдан бор қилган эдим-ку)!”. (Марям/9). Инсон яратилишидан олдин йўқ бўлганди. Уни вужудга келтириб, яратган Зот – Аллоҳдир. Аллоҳ таоло айтадики: “Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимикинлар-а?!”. (Тур/35).
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “(Бизга) ризқ берди”, деган сўзларига тўхталсак. Биз ризқ, таом, ичимлик, кийим-кечак, уй-жой, маркаб ва ўзимизга фойдали нарсаларга муҳтож бўлганимиз они, Субҳанаҳу ва таоло ҳаёт кечиришимиз ва яратилишимиздан кўзланган (буюк ғоя) – Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилишга куч йиғишимиз учун осмонлар ва ердаги бизга фойдали бўлган барча нарсани бўйинсундириб берди.
“(Бизни) шунчаки-беҳудага ташлаб қўймади”, деган қовлларига қайтадиган бўлсак, шунчаки-беҳуда, яъни, аҳамият берилмай, қаровсиз, ўз-ўзига ташлаб қўйилган, деган маънодадир. Аллоҳ таоло бизни (етук) бир ҳикмат сабабли яратиб, ризқ ато этди. Бизни беҳудага яратгани йўқ. Аллоҳ таоло шундай деди: “Ёки сизларнинг гумонингизча Биз сизларни беҳуда (яъни, дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!” (Ундоқ эмас)!”. (Мўминун/115).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтадики: “Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, Охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?! Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди”. (Қиёмат/36-38).
Ва яна шундай деди: “Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах – ҳалокат бўлғай!”. (Сод/27).
Аллоҳ таоло бизни яратди ва буюк ҳамда олий бир ҳикмат сабабли бизларга турли ризқ ва имкониятларни ато этди. (Ушбу ҳикмат) – У субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишимиздир. Бизларни бандаларнинг фойдалари учун яратилиб сўнг ўлиб, (йўқ бўлиб) кетадиган ҳайвонлар каби яратмади. Чунки ҳайвонларда буйруқ ва қайтариқларга риоя қилиш йўқ. Демак Аллоҳ таоло бизни Ўзига ибодат қилишимиз учун яратди: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман. Зеро, Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва Қудратлидир”. (Зориёт/56-58). Бизни ушбу дунёда фақат яшаб, елиб-югуриб, кўнгилхушлик қилиб, еб-ичиб, фойдаланишимиз сўнг эса бирор натижа-оқибатсиз яратган эмас. Балки ушбу ҳаёт охират диёри учун солиҳ амаллар қилиб қоладиган экинзор ва бозорки сўнг вафот этиб, бу дунёни тарк этамиз. Сўнг эса қайта тирилтирилиб, ҳисоб-китоб қилиниб, амалларимизга яраша жазо (ёки мукофотимизни) оламиз.
Ана шу жин ва инсни яратилишидан бўлган мақсад эди. Бунинг ҳужжатлари кўп бўлиб, ушбу ҳужжатлар қайта тирилиш, жазо ва ҳисоб-китоб ҳақ эканига далолат қилади. Ақл ҳам ушбуларни ҳақ эканига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло ушбу ажойиб борлиқни яратиб, уни одам болаларига бўйинсундириб бериши ва уларни шунчаки вафот этиб, бирор натижасиз (йўқ бўлиб) кетишларига ташлаб қўйиши субҳанаҳу ва таолонинг ҳикматига нолойиқдир. Балки бу бекор-беҳудаликдир. Ушбу амалларни охират диёрида натижаси кўрилмоғи шартдир.
Шунинг учун ҳам гоҳида инсонлар орасида умрини Аллоҳ таолога тоат-ибодатда ўтказиб, фақир, муҳтож, гоҳида эса мазлум, эзилиб-сиқилган, тазйиққа учраган ва ушбу дунёда қилган ишига яраша улушини олмаган ҳолда умргузаронлик қилиб ўтганлар бўлади. Ва аксинча одамлар ичида кофир, мулҳид, ярамас, ўйнаб-чопиб, бу дунёда дилҳушлик қилиб, неъматларга бурканиб, хоҳлаган нарсаси берилиб, Аллоҳ ҳаром қилган ишларга қўл уриб, ўзгаларга зулм ва тажовуз қилиб, уларнинг молларини тортиб олиб, ноҳақ ўлдириб, мажбуран устунлик-ҳукмронлик қиладиган сўнгра ана шу ҳолатида вафот этиб, бирор жазога тортилмайдиган кимсалар бўлади. Энди ушбу итоаткор бандани мукофотсиз ва мана бу кофирни жазосиз ташлаб қўйиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг адолатига лойиқми?! Албатта бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг адолатига нолойиқ бир ишдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло яхшилик қилувчи қилган яхшилигига мукофот, ёмонлик қилувчи қилган ёмонлигига жазо олсин учун бошқа бир диёрни яратдики, ўша диёрда амаллар ўз самарасини кўрсатади.
Дунё амал қилиб қолиш диёридир. Охират эса жазо ва мукофот диёри, ё жаннат ё дўзахдир. Аллоҳ таоло бизни мулҳид-даҳрийлар ўйлаганидек бекор-беҳудага ташлаб қўйган эмас. Аллоҳ таоло шундай деди: “Улар (яъни, қиёматни инкор қилувчилар: “Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир. (Баъзиларимиз) ўлиб, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз ва бизларни (Аллоҳ ўлдирмайди, балки) фақат замон (ўтиши)гина ўлдиради”, дедилар. Ҳолбуки, улар учун бу тўғрида бирон билим-ҳужжат йўқдир. Улар фақат (шундай) гумон қилурлар, холос”. (Жосия/24). Ушбу жумлалар қайта тирилишга иймон келтирмайдиган мулҳидларнинг қовлидир.
Дарҳақиқат Аллоҳ азза ва жалла уларнинг бу сўзларини инкор қилиб, шундай деди: “Ахир биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?”. (Қалам/35-36). Ва яна шундай деди: “Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни, дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!”. (Жосия/21).
Аллоҳ азза ва жалла айтдики: “Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўяр эканмизми?! Балки Биз тақводор зотларни фисқу фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўяр эканмизми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!)”. (Сод/28).
Балки бизларга элчи жўнатди
Ибодат, таҳсинга сазовор иш экан, деган гумонимиз ва фалончи-ю пистончиларга тақлид қилиш билан бўлмайдиган бир иш экани учун ҳам Аллоҳ таоло, Унга қандай ибодат қилишимизни бизга баён қилиб берадиган бир элчи жўнатди. Чунки ибодатлар тавқифий-ҳужжат асосида адо этиладиган амаллар бўлиб, Аллоҳ таолога фақат Ўзи жорий қилган нарса билангина сиғинилади.
Ибодатлар элчилар алайҳиммуссалоту вассалам олиб келган динга қайдлангандир. Элчиларни жўнатишдан бўлган ҳикмат, одамларга Роббилари азза ва жаллага қандай ибодат қилишларини баён қилиб бериш ва уларни Аллоҳ таолога ширк ва куфр келтиришдан қайтариш учундир. Шунинг учун ҳам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: “Кимда-ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бирор амални қилса, бас у рад этилгандир” (Юқорида тахрижи ўтди). Демак, ибодатлар тавқифий-ҳужжат, далилга қайдланган, бидъат ва хурофотлар мардуддир, кўр-кўрона тақлид қилиш эса қайтарилгандир. Ибодатлар фақатгина Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатдан олинади.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Балки бизларга элчи жўнатди”, деган сўзларидан мурод – пайғамбарларнинг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Аллоҳ таоло у кишини бизга, нима учун яратилганимиз ва Аллоҳ азза ва жаллага қандай ибодат қилишимизни баён қилиб бериш ҳамда бизни ширк, куфр ва маъсиятлардан қайтаришлари учун жўнатди. Ана шулар Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳамият қаратган ишлар бўлиб, у киши рисолатни тамомий етказиб, омонатни адо қилиб, умматга холис-самимий бўлдилар ва (барча нарсани) баён қилиб, изоҳлаб бердилар. Бизни кечалари кундуз каби оппоқ ҳужжат-йўл устида қолдирдирлар. Энди бу йўлдан фақат ҳалокатга учрайдиган кимсагина оғиб кетиши мумкин. Аллоҳ таоло шундай деди: “Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим”. (Моида/3).
У кишига итоат қилган жаннатга, итоатсизлик қилган эса дўзахга киради.
“У кишига итоат қилган...”, яъни, у кишига буюрган ишларида итоат қилган киши жаннатга киради.
“Итоатсизлик қилган эса...”, яъни, у кишига қайтарган ишларида итоатсизлик қилган кимса дўзахга киради.
Ушбу жумлани Қуръондаги кўплаб оятлар тасдиқ этади. Аллоҳ таоло шундай деди: “Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди”. (Нисо/80). Ва яна шундай деди: “Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз”. (Нисо/64). Субҳанаҳу ва таоло айтадики: “Агар унга бўйинсунсангиз ҳидоят топурсизлар”. (Нур/54). Яна шундай деди: “Пайғамбарга бўйинсунинглар. Шояд раҳматга эришсангиз”. (Нур/56). Кимки у кишига итоат қилса, ҳидоят топиб, жаннатга дохил бўлади. Ким энди у кишига итоатсизлик қилса, залолатга оғиб, жаҳаннамга киради. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бош тортганингиздан ташқари барчангиз жаннатга кирасизлар”. “(Жаннатга киришдан) ким ҳам бош тортарди эй Росулуллоҳ”, дейишди. (Шунда): “Ким менга итоат қилса жаннатга киради. Ким менга осийлик қилса, дарҳақиқат, (жаннатга киришдан) бош тортибди”. (Бухорий (7280) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилди).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бирор яҳудий ёки насроний мен ҳақимда эшитиб, сўнг мен олиб келган нарса-динга иймон келтирмаса, дўзахга киради”. (Муслим (153) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилди). Демак, кимда-ким у кишига бўйинсунса жаннатга, осийлик қилса жаҳаннамга киради. Ана шу мўмин билан кофирнинг орасидаги фарқдир.
Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: “(Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз ҳудди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар қиёмат кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) юбордик. (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)”. (Музаммил/15-16).
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Далил”, деган сўзларидан мурод, элчиларни жўнатишга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир, деган маънода: “(Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз ҳудди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар қиёмат кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) юбордик. (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)”. Аллоҳ таолонинг: “Биз” деган қовлидаги кўплик олмошидан мурод Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Ушбу олмош ўзини катта-улуғ санаганда истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло Азим-Улуғ Зотдир.
“Юбордик”, яъни, ҳудди юқоридагидек улуғлик олмоши. “Юбордик”, яъни, жўнатдик, ваҳий қилдик.
“Сизларга”, яъни, эй жин ва инс тоифаси. Хитоб бутун инсониятга тааллуқлидир. Чунки ушбу Росул қиёматгача бўлган жамийки инсониятга юборилгандир.
“Бир пайғамбарни”, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни.
“Сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи”, яъни, қиёмат куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида сизларга рисолатни етказиб, ҳужжатни қоим қилгани(га гувоҳлик беради). Аллоҳ таоло шундай деди: “Токи бу пайғамбарлар (ўтганларидан) кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик”. (Нисо/165). Қиёмат куни бирор киши: мен ибодат қилиш учун яратилганимни, менга нима вожиб-у нима ҳаром эканини билмагандим, деб айтолмайди. Чунки элчилар алайҳимуссалоту ва саллам (рисолатни) етказиб кетишган. Ушбу Муҳаммадий уммат ҳам уларнинг устида гувоҳлик беради. Аллоҳ таоло шундай деди: “Шунингдек, (яъни, тўғри йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик”. (Бақара/143).
Ушбу уммат Аллоҳ азза ва жалланинг Китобида ўқиб-билганига биноан қиёмат куни ўтган умматлар устида, уларга жўнатилган элчилар Аллоҳнинг рисолатини етказишганига гувоҳлик беради. Чунки Аллоҳ таоло бизга олдинги умматлар ва уларга пайғамбарлари нималар дегани ҳақида қисса қилиб берди. Ушбу хабарларнинг барини на олдидан ва на ортидан ботил-путур етмайдиган, Ҳикматли ва Ҳамид-Мақталган Зот томонидан нозил қилинган Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан ўқиб билдик.
“Ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун”, яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматлари устида, Аллоҳнинг ҳузурида, уларга ҳужжатни қоим қилиб, рисолатни етказиб, Аллоҳ йўлида насиҳат қилган эканларига гувоҳлик берадилар. Қиёмат куни бирор кишига: менга ҳеч нарса етиб келмади, огоҳлантирувчи келмади, деб айтишига ҳужжат йўқ. Ҳатто кофирлар ҳам жаҳаннамга улоқтирилишганда ушбуни эътироф этадилар. Аллоҳ таоло шундай деди: “Ҳар қачон (жаҳаннамга) бир тўда (кофир) ташланганида, унинг қўриқчилари улардан (кофирлардан): “Сизларга (ҳаёти дунёда) бирон огоҳлантиргувчи-пайғамбар келмаганмиди?”, деб сўраганида Улар дерлар: “Ҳа, дарҳақиқат, бизларга огоҳлантиргувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончи қилганмиз ва: “Аллоҳ (ҳеч кимга) ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолат-гумроҳликдадирсизлар”, деганмиз”. (Мулк/8-9). Демак пайғамбарларга қарата: сизлар залолатда, деб, уларни ёлғончига чиқаришган.
Пайғамбарларни жўнатишликдан бўлган ҳикмат, бандаларга ҳужжатни қоим қилиб, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоятга бошлашидир. Демак Аллоҳ таоло элчилар сабаб Ўзи хоҳлаган кишини тўғри йўлга бошлайди ва қайсарлик, инкор ҳамда кибр қилганларга қарши ҳужжатни қоим қилади.
“Биз ҳудди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби”: Фиръавн Мисрдаги золим подшоҳ бўлиб, ўзини Роб дея даъво қилганди. Фиръавн, Мисрдаги подшоҳларнинг лақаби бўлиб, бу ўринда назарда тутилган Фиръавн: “Мен сизларнинг энг юксак Роббингизман”, деди”. (Нозиат/24), дея рубубиятни даъво қилган подшоҳдир.
“(Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач”, Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн ўрталарида юз берган воқеларни бошидан охиригача қисса қилиб берганидек Фиръавн у кишига (иймон келтирмай) кофир бўлди.
“Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)”, яъни, Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини денгизга ғарқ қилиб сўнгра жаҳаннамга киргазди: “Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар”. (Нуҳ/25). Барзах ҳаёти улар учун жаҳаннамга айланди. Демак бу охиратдан олдинги қабрдаги ҳолатдир. Қиёмат қоим бўлгунга қадар эрта-ю кеч оловга тутиладилар. Бу эса қабр азоби (ҳақ) эканига далилдир -Аллоҳ сақласин-: “(Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда эса (дўзах фаришталарига): “Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар”, (дейилур)”. (Ғофир/46).
mutaallim   01-26-2012, 07:39 PM
#5
Азоб (улар учун) уч босқичдан иборат (бўлди):
Биринчи: Аллоҳ таоло бир лаҳзада уларни денгизга ғарқ қилиб, охиригача (бу дунёдан) ўчириб-супуриб ташлади.
Иккинчи: Улар Қиёмат қойим бўлгунга қадар барзахда азобланадилар.
Учинчи: Улар қиёматда қайта тирилтирилишгач энг қаттиқ азобга киритиладилар, Аллоҳ сақласин.
Шунингдек, кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга осийлик қилса, унинг оқибати Фиръавннинг оқибатидан-да аянчли бўлади. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг афзали эканлар, энди ким у кишига итоатсизлик қилса тортадиган азоби ҳам аянчли бўлади.
“Қаттиқ ушлаш билан ушладик”, яъни, шафқат қилинмай. “Роббингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганда, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир”. (Ҳуд/102).
Ушбу оят Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бизга пайғамбар қилиб юбориши билан марҳамат қилганига далилдир. У кишини пайғамбар қилиб юборилишларидан мақсад, бизга ибодат (қилиш) йўлини ёритиб беришки, ким у кишига итоат қилса жаннатга, осийлик қилган эса жаҳаннамга киради. Ҳудди Фиръавн оиласи ўзларига юборилган пайғамбар Мусо алайҳиссаломга итоатсизлик қилишганда жаҳаннамга кирганларидек.
Пайғамбарларнинг душманлари доим ушбу йўл ва тариқатни босиб ўтишган.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ибодатда, Ўзига бирор кишини шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди
Иккинчи масала: Аллоҳ таоло ибодатда, Ўзига бирор кишини шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди.
Ушбу масала биринчи масалага боғлиқдир. Биринчиси: Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишни вожиб экани ҳақида эди. У шаҳодат калимаси бўлмиш “Ла илаҳа илллаллоҳ Муҳамадур Росулуллоҳ”нинг маъносидир. Иккинчи масала эса: Ибодатга ширк оралар экан, у асло қабул қилинмайди. Чунки ибодат Аллоҳ азза ва жалланинг Юзи учун холис бўлмоқлиги шартдир.
Кимки Аллоҳга ва Ундан ўзгасига ҳам ибодат қиладиган бўлса, бас, ибодати ботилдир. У ибодатнинг бор ёки йўқлиги ўртасида фарқ йўқ. Чунки ибодат фақатгина ихлос ва тавҳид билангина фойдали бўлади. Унга ширк оралайдиган бўлса бекор бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: “Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга) ҳам (шундай) ваҳий қилингандир: “Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан!”. (Зумар/65).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: “Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди”. (Анъом/88). Ибодат фақат тавҳид билангина ибодат деб аталади. Ҳудди намоз фақат таҳорат билангина намоз деб аталгани каби. Ибодатга ширк оралайдиган бўлса уни барбод қилади. Ҳудди таҳоратга, таҳоратни бузувчи бирор амал оралаганда, уни бузиб, барбод қилгани каби. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло кўплаб оятларда ибодатга бўлган буйруқ билан ширкдан қайтарувни жамлаб-бир ўринда зикр қилади.
Аллоҳ таоло айтадики: “Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!”. (Нисо/36). Ва яна шундай деди: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга …. буюрилган эдилар”. (Баййина/5). Ва яна шундай деди: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: “Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, ёлғиз Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар”, деб ваҳий юборгандирмиз”. (Анбиё/25). Аллоҳ таолонинг: “Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ”, деган қовлида икки нуқта бор: ширкни рад этиш ва ибодатни Аллоҳ таолога исбот қилиш.
Аллоҳ таоло шундай деди: “(Эй инсон), Роббинг, сизларга ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди”. (Исро/23). Ва яна айтдики: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар”, (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз”. (Наҳл/36). Аллоҳ таоло (ушбу оятда) Ўзига ибодат қилиш билан тоғут-шайтондан йироқ бўлишни ёнма-ён эслаб ўтди. Чунки ибодат тоғут-шайтондан йироқ бўлиш ила ибодат бўлади. Тоғут-шайтон – ширкдир. Аллоҳ таоло шундай деди: “Бас, ким тоғут-шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди”. (Бақара/256).
Аллоҳга бўлган иймон тоғутдан юз ўгириш билангина етарли-кифоя бўлади. Акс ҳолда, мушриклар ҳам Аллоҳга иймон келтирардилар. Бироқ Унга ширк ҳам келтирардилар. “Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар”. (Юсуф/106). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларда Аллоҳга бўлган иймон бор экани, бироқ улар уни ширк келтириш билан барбод қилганликларини баён қилди, Аллоҳ сақласин.
Ана шу шайх роҳимаҳуллоҳнинг сўзлари маъноси эдики, кимда-ким Аллоҳга ибодат қилиб, Росулга итоат қилса, у Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмайди. Чунки Аллоҳ таоло ибодатда, Ўзига бирор кишини шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббилари азза ва жалладан ривоят қилган (ҳадийси қудсийда) шундай дедилар: “Аллоҳ таоло: “Мен шерикларни шериклик қилинмоғидан ниҳоятда Беҳожат Зотман. Кимки бирор амал қила туриб, Мендан Ўзгани унда (ўша амалида) Менга шерик қиладиган бўлса, ўзини ҳам, ширкини ҳам тарк этаман”, деди”. (Муслим (2985) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Бироқ шундай бир қавмга гувоҳ бўламизки, намоз ўқиб, Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, дея кўп маротаба гувоҳлик берадилар. Рўза тутиб, ҳаж қиладилар. Бироқ қадамжоларга дуо ҳам қиладилар. Ҳасан, Ҳусайн, Бадавий ва фалончи-ю пистончиларга ибодат қилиб, ўликлардан ўтиниб ёрдам сўрайдилар. Уларнинг ибодатлари ботил-барбоддир. Чунки улар Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтириб, ибодатни ширкка булғадилар. Аллоҳ азза ва жаллани (ибодатда) яккалаб, ибодатни У Зот учун холис қилиб, Ундан Ўзгасига сиғинишни тарк этгунларигача бутун қилган амаллари ботил ва ҳабата бўлгандир.
Акс ҳолда бирор натижага эриша олмайдилар. Демак ушбу ишга аҳамият қаратмоқ лозимдир. Чунки Аллоҳ таоло ибодатда, Ўзига бирор кишини, ким бўлишидан қатъий назар, шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди. Бирор киши айтмасинки: мен ушбу авлиё, (ўтган) солиҳ ва яхши одамларни шафоатчи бўлармикинлар дегандим. Мен жоҳилиятда бўлгани каби бут-у санамларга ибодат қилмайман. Мен фақатгина ўша зотлар шафоатчи бўлармикинлар дегандим, уларга ибодат қилмайман. Биз унга айтамизки: ушбу сўз, Аллоҳнинг ҳузурида шафоат қилармикинлар деб (ўтган) солиҳ зот ва авлиёларга ибодат қиладиган жоҳилият аҳлининг ҳам сўзи эди. Аллоҳ таоло бунга асло рози бўлмайди.
Хоҳ яқин фаришта ёки юборилган элчи-пайғамбар бўлсин.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Хоҳ яқин фаришта ва юборилган элчи-пайғамбар бўлсин”, деган қовлларига тўхталсак, яқин фариштадан мурод малоикаларнинг энг афзали: Жаброил алайҳиссалом, аршни кўтариб турувчи ва унинг атрофидаги ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога яқин бўлган (бошқа) фаришталари кабидир. Ушбу фаришталарнинг қилган ибодатлари ва тутган ўринлари Аллоҳ азза ва жаллага нақадар яқин эканига қарамай, бирор киши ибодатда ушбуларни Аллоҳга шерик қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло Ўзига на яқин фариштани ва на Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Ийсо, Нуҳ ва Иброҳим (алайҳимуссалом) каби улул азм бўлган пайғамбарларни шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди. Демак, Ўзига бирор кишини шерик қилинмоғига рози бўлмайди. Агарчи фаришталарнинг ёки инсониятнинг энг афзали бўлса ҳам.
У Зот фаришта ва пайғамбарлардан иборат бирор кишини Ўзига шерик қилинмоғига рози бўлмаётган экан, энди улардан бошқа-қуйи авлиё ва солиҳ зотлар ҳақида нима дейсиз?! Фаришта ва элчилардан бошқаларини Аллоҳ таолога ибодатда шерик қилинмоғидан У Зотнинг рози эмаслиги авлороқ бобдандир. Ушбу сўз, солиҳ зот ва авлиёларга ибодат қилиб, улар бизни Аллоҳга бироз бўлса-да яқинлаштирадилар, деб даъво қиладиганларга раддиядир. Жоҳилиятдагилар ҳам шундай дегандилар: “Биз (ўша “худо”ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз”. (Зумар/3). Ўша мушриклар ҳам ушбу санамлари бирор нарса яратмайди, ризқ бермайди, тирилтириб, ўлдириш ва қайта тирилтиришга эга эмас, деб эътиқод қилардилар. Балки ибодатлари ила Аллоҳ билан ўзлари ўртасида (ушбу ўтган солиҳ зотлар) восита вазифасини ўтармикинлар, деб мақсад қилардилар. Шунинг учун уларга яқин бўлайлик дея ибодат қилиб, қабрлар учун жонлиқ сўйиб, назр атардилар ва ўликлардан ўтиниб ёрдам сўраб, уларга (истакларини сўраб) хитоб қилардилар.
Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: “Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!”. (Жин/18).
Аллоҳ таоло бирор кишини, ким бўлишидан қатъий назар, шериклик қилинмоғига асло рози бўлмайди. Ушбу сўз Қуръон ва Суннатда очиқ баён қилингандир. Бироқ (ушбу далиллар) ақл юргизиб, тадаббур қилган ҳамда кўр-кўрона тақлид қилиш ва пуч сабабларни ушлаб олишни ташлаб, ўзи ҳақида қайғурган кишига кор қилади. Аллоҳ таоло бирор кишини, ким бўлишидан қатъий назар, Ўзига шериклик қилинмоғига асло рози бўлмаслигига далил ушбу оятдир: “Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!”. Масжидлар Аллоҳнинг уйи бўлиб, намоз учун ҳозирланган ўринлардир ва Аллоҳга энг суюкли жойдир. Ушбу уйларда Аллоҳ таоло Ўз исми баралла айтилиб, зикр қилинмоғига изн бергандир. Ушбу масжидлар Аллоҳнинг якка Ўзига ибодат қилинадиган ўринлар бўлмоғлиги вожиб бўлади. У ерда Аллоҳдан Ўзгаси учун бирор нарса содир бўлмаслиги, қабр ва қадамжолар қурилмаслиги лозим. Чунки пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ишни қилганларга лаънат айтиб, бу яҳуд ва насороларнинг иши эканини хабар берганлар. Ва бизни бундай ишлардан ҳаётларининг сўнги дамларида, вафот этар чоғларида ушбу қовллари билан қайтарганлар: “Огоҳ бўлингизким, сизлардан олдингилар қабрларни масжид қилиб олишганди, -ушбу сўзларни вафот этаётиб айтгандилар-, огоҳ бўлингизким, қабрларни масжид-саждагоҳ қилиб олманглар. Мен сизларни бундан қайтараман”. (Муслим (532) Жундуб ибн Абдуллоҳ Ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят). Ва яна соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Яҳуд ва насороларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид-саждагоҳ қилиб олдилар”. (Бухорий (435, 436), Муслим (531) Оиша ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилишди).
Масжидлар ширк ва бутпарастлик доғларидан покланишлиги, қабрлар устига масжид бино қилинмаслиги ва (аксинча) масжид қурилгач у ерга ўлик дафн қилинмаслиги лозим. Балки ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ўрни бўлиб, намоз адо этилиб, Аллоҳнинг Исми зикр қилиниб, Қуръон тиловат қилинмоғлиги, фойдали дарслар уюштирилиши ва ибодат қилиш учун эътикоф ўтирилмоқлиги лозимдир. Ана шу масжидларнинг вазифасидир.
Масжидларга Аллоҳдан Ўзга ибодат қилинадиган бут-санамлар қўйилиши билан улар энди масжид бўлмайди. Балки ширк ўринлари бўлади, агарчи уни масжид-саждагоҳ деб номласалар-да. Чунки Аллоҳ таоло айтадики: “Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир”, яъни, Ундан Ўзгасиники эмас. Чунки масжидлар одамлар тўпланадиган ва бир-бирлари билан юз кўришадиган ўриндир. Демак, ширк, бидъат ва хурофотлардан покланмоқлиги вожиб бўлади. Энди одамлар масжидда ширкдан бўлган бирор нарсага кўзлари тушса, бундан таъсирланишади-да кейин ушбу иш оммавий тус олади. Шу сабабли ҳам масжидлар ширкдан пок бўлмоқлиги даркор. Энг улуғ масжид – масжиди ҳаромдир. Аллоҳ таоло ушбу масжидни пок тутишга буюриб, шундай деди: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини (ўша уйга қараб ибодат қилиши ва уни обод қилиши учун) белгилаб бериб, (унга шундай деган эдик): “Сен Менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг байтим-уйимни тавоф қилгувчилар қиём (яъни, намозда тик-ғоз туриш), рукуъ, сажда қилгувчилар (яъни, ўша жойда намоз ўқигувчилар) учун пок тутгин!”. (Ҳаж/26). Аллоҳ таоло (Иброҳим алайҳиссаломни, байтуллоҳни) нималардан пок тутишга амр этди? Ширк, бидъат ва хурофотлардан пок тутишга амр этди, ҳудди нажосат ва ифлосликлардан пок тутилгани каби.
Аллоҳ таолонинг: “Дуо-илтижо қилманглар!”, деган қовлидан мурод: Эй инсонлар Аллоҳ билан бирга яна бирор кишига дуо қилиб, ўтиниб ёрдам сўраб, мана бунга ўхшаш сўзларни айтманглар: Эй Аллоҳ, эй Муҳаммад. Ё Аллоҳ, ё Абдулқодир ёки ё Абдулқодир, ё Муҳаммад... Аллоҳ таоло ушбуларга асло рози бўлмайди ва қабул ҳам қилмайди.
Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага”, деган қовлидан мурод: “Бирон кимсага”, инкорий маънодаги жумлада накира-ноаниқ артиклда келиши билан умумни ифодалайди. Яъни, бирор киши истисно қилинмайди. На яқин фаришта, на жўнатилган элчи-пайғамбар, на бут-санам, на қабр, на шайх-у эшон, на валий, на тирик ва на ўлик.
Демак Аллоҳдан Ўзга дуо-илтижо қилинадиган барча нарсани ўз ичига олади. “Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!”. (Жин/18). Ушбу оят, ибодат фақат тавҳид билан бўлгандагина фойдали бўлиши, ибодатга ширк оралагани заҳоти уни барбод қилиб, ушбу амал эгасига муваффаққиятсизлик бўлишига далолат қиляпти. Сўнг Аллоҳ таолонинг ушбу: “Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир”, қовли шунга далолат қиладики, масжидлар холис бир ният ила қурилмоғи лозим. Масжид қуришдан мақсад биров эшитсин ёки кўрсин ё бўлмаса номим кейинчалик ҳам тилга олинадиган бўлсин ва ушбу масжид исломий осор-ёдгорлик бўлиб қолсин, бўлмаслиги даркор. Ушбу мақсадларнинг бари ботил-пучдир.
Масжидлар ибодат қилинсин ва (ушбу масжидни қуриш билан) ибодат қиляпман дея қурилмоғи ва ният Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлмоғи лозим. Ва ҳудди шундай ҳалол касбдан топилган пулга қурилиши керак. Ҳаромдан топилганига эмас. Чунки Аллоҳ азза ва жалла: “Аллоҳ фақат пок-ҳалолнигина қабул қилади”, деган. (Муслим (1015) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Демак масжидлар ҳалол нафақадан қурилади. Ушбу масжидни қурувчи одамнинг нияти Аллоҳ азза ва жалланинг Юзи учун холис бўлмоқлиги, масжид қуришдан одамларнинг олқиши, номи кейинчаликка ҳам сақланиб қолиши, риё ва биров эшитсин учун бўлиб қолмаслиги лозим. Чунки масжид қуриш ибодат бўлиб, ушбу ибодат Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлмоқлиги вожиб бўлади.
Ал-Вала вал Баро
(Дўст ва душманлик)
Учинчиси: Росулга итоат қилиб, Аллоҳни (ибодатда) якка деб билган кишига, Аллоҳ-у Росулига душманлик қилганлар билан дўстлашиши жоиз бўлмайди. Агарчи ушбу кимса энг яқин жигаргўшаси бўлса-да.
Демак, Аллоҳ-у Росулига душманлик қилганлар билан дўстлашиш жоиз бўлмайди. Агарчи ушбу кимса энг яқин жигаргўшаси бўлса-да.
Ушбу масала “Ал-Вала вал Баро” (“Дўст ва душманлик”), деб аталиб, у тавҳидга тобедир. Аллоҳнинг дўстларини дўст тутиш ва Аллоҳнинг душманларидан безор болиш тавҳиднинг ҳақларидандир. Дўст тутишдан мурод қалб ила муҳаббат қўймоқдир. Бу билан ўзаро ёрдам қўлини чўзиш ва ҳамкорлик ҳамда дия-товон тўлаш ва мерос олиш (маънолари) ирода қилинади.
Мусулмон киши Аллоҳнинг дўстларини дўст тутиб, қалбидан фақат Аллоҳнинг дўстларигагина жой бериб, уларга ўзаро ёрдам қўлини чўзади. Мусулмон фақат мусулмонлар билан бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: “Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга Аллоҳ йўлида дўстлашиб, бир-бирларига меросхўр бўлган кишилардан) ҳақдорроқдирлар”. (Анфол/75). Ўзаро дия-товон тўлаш мусулмонлар ўртасида юз беради. Ва бу ўзаро кафолат, деб ҳам номланади. Буларнинг бари “Ал-Вала” (Дўстлашиш) маъноси остига дохил бўлади. Мусулмон ва кофир ўртасида ҳомийлик-валийлик бўлиши мумкин эмас. Муҳаббат, ёрдам қўлини чўзиш, мерос, товон тўлаш, никоҳ ва қозилик-ҳукмлардаги ҳомий-валийлик ва бундан бошқа ишларда мусулмон билан кофир ўртасида ҳомийлик-валийлик бўлмайди. Балки буларнинг бари мусулмонларнинг ўрталарида бўлади. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноан: “Ва Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай”. (Нисо/141). Ана шундай қилиб мўминлар кофирлардан ажралишлари вожиб бўлади. Демак, Аллоҳни (ибодатда) яккалаб, Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этган кишига, Аллоҳга душманлик қилган кимса билан дўстлашиши жоиз бўлмайди.
Душманлик қилишнинг маъноси: Инсон (йўлнинг) бу чеккасида бўлса, Аллоҳ ва Унинг Росули ҳамда мўминлар (йўлнинг) бошқа чеккасида бўлиши. Демак душманлик қилувчи (йўлнинг) нариги кофирлар томонида бўлишлиги. Ана шу душманликдир.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Агарчи ушбу кимса энг яқин жигаргўшаси бўлса-да”, деган қовлларига тўхталадиган бўлсак, яъни, насаб жиҳатидан энг яқин одами бўлса-да. Агар жигаргўшангиз Аллоҳ-у Росулига душманлик қиладиганлардан бўлса, бас, сизга уни душман тутишингиз ва у билан борди-келдини тўхтатишингиз вожиб бўлади. Ким Аллоҳ ва Унинг Росулини дўст тутган бўлса, сизга ўша одамга муҳаббат қўйиб, дўст тутишингиз вожиб бўлади. Агарчи у киши насаб жиҳатидан сизга узоқ, бегона, қора танли ёки оқ ё бўлмаса қизил бўлса-да. Демак, сизга ана шу кишини дўст тутиб, қалб тўрингиздан жой беришингиз вожиб бўлади. Хоҳ у киши сизни шаҳрингиздан бўлсин, хоҳ машриқ ва мағрибдан бўлсин. Аллоҳ таоло шундай деди: “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар”. (Тавба/71). Яъни, ўрталарида ўзаро муҳаббат, ёрдам, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик бардавомдир.
Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан – гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари ёки оға-инилари ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да – дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ-Қуръон билан қувватлантиргандир. У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан - У Зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ҳизби (бўлган зотлар) нажот топгувчидирлар!”. (Мужодала/22).
mutaallim   01-26-2012, 07:51 PM
#6
“Дўстлашаётганларини топмассиз”, яъни, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата хитоб қилиняпти. Аллоҳ-у Росулига иймон келтирган кишининг кофирларни яхши кўришлиги ҳеч қачон юз бермайди. Энди уларни яхши кўрадиган бўлса, мўмин бўлмайди, гарчи иймонни даъво қилса ҳам.
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ “Ал-Кафия Аш-Шафия”да шундай дедилар:
Севиклигин душманларин яхши кўриб,
Унга муҳаббат қўйишинг мумкин эмасдир.
Шундай қилиб севиклигин ёрларига душманлик қиласан,
Муҳаббат қаерда қолди эй шайтон биродари?
Кофирларга муҳаббат қўйиб, мен Аллоҳ-у Росулини яхши кўраман, деб айтишнинг имконияти йўқдир. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноан: “Эй мўминлар, Менинг ҳам душманим, сизларнинг ҳам душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки, улар сизларга келган ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар!”. (Мумтаҳана/1) оятларидан то ушбу оятларгача: “Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намума бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: “Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар Ёлғиз Аллоҳга иймон келтирмагунларингизча, сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир”, дедилар”. (Мумтаҳана/4). Ва яна Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Энди қачонки унга (отаси) Аллоҳнинг душмани эканлиги аниқ маълум бўлгач, ундан бутунлай тонди. Албатта Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир”. (Тавба/114). Бу Иброҳим алайҳиссалом миллатики, у киши ҳам оталаридан, энг яқин кишиларидан, Аллоҳнинг душмани экани маълум бўлгач пок-безор эканларини эълон қилдилар.
Ушбу оят ҳам кофирларга муҳаббат қўйиш Аллоҳга ва охират кунига бўлган иймонга, ё унинг асли ёки мукаммаллигига, зид келишига далолат қиляпти. Уларга муҳаббат қўйиш билан бирга маслак ва куфрларини қўллаб қувватлаш ҳам бўладиган бўлса, бу исломдан чиқишликдир. Бироқ уларга ёрдам қўлини чўзмай фақат муҳаббат қўядиган бўлса, бу иймонни нуқсонли қилувчи-заифлаштурувчи амал ва фосиқлик дея қаралади.
Айтилишича: Ушбу оят Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳақларида, оталарини Бадр куни қатл қилганларида нозил бўлган экан. Чунки оталари кофир бўлиб, ўғли Абу Убайдани ўлдиришни истарди. Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу уни қатл қилдилар. Чунки у Аллоҳнинг душмани бўлиб, Абу Убайда розияллоҳу анҳу уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун ғазаб қилиб, қатл қилишларидан, ахир у отам-ку деган ўй тўсиб қололмади.
Аллоҳ таолонинг: “Ана ўшаларнинг”, деган қовлидан мурод, яъни, Аллоҳ ва Росулига душманлик қиладиган кимсага муҳаббат қўйиб, дўстлашишдан йироқ бўладиган зотлар.
Аллоҳ таолонинг: “Дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир”, деган қовлига тўхталсак, яъни, Аллоҳ таоло қалбларида иймонни собит айлаб, мустаҳкам-барқарор қилди.
“Уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ-Қуръон билан қувватлантиргандир. У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган... жаннатларга киритур”, яъни, қувватлагандир: куч бағш этгандир. Ўз ҳузуридан бўлган Руҳ ила куч-қувват ато этган. Руҳ калимаси Қуръонда бир қанча маъноларда келади. Ана шулардан бири нафсдаги руҳки, у билан ҳаёт-тириклик бўлади. Яна ваҳий маъносида ҳам келади. Аллоҳ таолонинг ушбу қовли каби: ”(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан сизга Руҳни-Қуръонни ваҳий қилдик”. (Шўро/52). Яна руҳ калимаси Жаброил алайҳиссаломга нисбатан ҳам ишлатилади. Руҳул Қудус ва Руҳул Амин, калималари каби. Аллоҳ таоло шундай деди: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) уни (яъни, Қуръонни) Руҳул-Қудус (яъни Жаброил) Роббингиз тарафидан иймон келтирган зотларни собитқадам қилиш учун, мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар қилиб ҳаққи-рост нозил қилганини айтинг”. (Наҳл/102). Ва яна шундай деди: “Уни (яъни, Қуръонни) Руҳул-Амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди”. (Шуаро/192). Биз гаплашаётган мавзудаги оятда руҳ калимаси қувват маъносида келди.
Уларга Ўз томонидан бўлган Руҳ-қувват билан куч ато этгандир, яъни, дунё ва охиратда иймон қуввати ила куч бағш этган. “У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган... жаннатларга киритур”. Жаннат араб тилида боғ-бўстон маъносида. Қуюқ дарахтлар билан қопланиб, ўралгани боис жаннат дея аталган. Чунки жаннат соя-салқин, дарахт, дарё ва қасрлардан иборат. Энг юқори қисми Раҳмон субҳанаҳу ва таолонинг аршидир.
“Остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган”, яъни, унда боқий қолиб, асло кўчмайдилар. Аллоҳ таоло шундай деди: “Улар, у жойларда мангу қолар эканлар, (бошқа бирон жойга) кўчишни истамаслар”. (Каҳф/108). Ўлим етиши ёки бирон киши уларни чиқариб, қувиб солишидан асло қўрқмайдилар. Чунки дунёда шундай, гоҳида инсон қасрда бўлади, бироқ ўлим етиб, ушбу қасрдан (бир кун) чиқиб кетишидан ҳотиржам эмас. Ва яна душман устун келиб, ундан (қасрдан) чиқариб ташлашидан ҳам ҳотиржам эмас. Инсон дунёда доим хавфдадир.
“Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан - У Зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар”. Кофирлардан иборат ўз яқинларидан нафрат қилишиб, уларни душман санашгач, Аллоҳ таоло уларга мукофот ўлароқ Ўз ҳузуридан розилик ато этди. Кофир бўлган қон-қариндошларидан нафратланишганларининг эвазига Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларга Ўзининг розилигини дариғ тутмади. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар.
“Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар”, яъни, Аллоҳнинг жамоатидирлар. Кофирлар эса шайтон ҳизбидир. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деди: “Ана ўшалар шайтон ҳизби-гуруҳидирлар”. (Мужодала/19), яъни, шайтоннинг жамоати ва ёрдамчилари.
Ушбу масала кофирларга адоват сақлаш ва уларни дўст тутмасликка боғлиқдир. Ва бу, биз кофирлар билан дунёвий манфаатларда алоқа узишимизни тақозо қилмайди. Балки қуидаги ишлар бундан мустаснодир:
1- Биз улардан нафратланиб, адоват сақлашимиз билан бирга, уларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг йўлига даъват қиламиз. Уларни Аллоҳнинг йўлига даъват қилишимиз вожиб бўлади. Улар Аллоҳнинг ва бизнинг душманларимиздир, деб уларни ташлаб қўймаймиз. Балки уларни Аллоҳнинг йўлига даъват қиламиз, шояд Аллоҳ таоло уларни ҳидоят қилса. Агар даъватимизни қабул қилишмаса, куч-қудратга эга эканмиз, уларга қарши жанг қиламиз. Ё исломга кирадилар ёки яҳуд, насоро ва мажусийлардан бўлишса, хорланган-мағлуб ҳолларида жизя тўлайдилар ва ислом ҳукмларига бўйинсуниб, ўзларининг дин-удумларини ташлайдилар.
Бироқ жизя тўлаб, ислом ҳукмига бўйинсуниш шарти билан. Агар аҳли китоблардан (яҳуд ва насоролардан) ва мажусийлардан бўлишмаса, улардан жизя олишликда уламолар ўртасида ихтилоф бор.
2- Ҳожат тушганда кофирлар билан сулҳ тузишдан монелик йўқдир. Мусулмонлар жанг қилишга қодир бўлмай ёки уларнинг ёмонликларидан хавфсираб сулҳ-шартнома тузишга эҳтиёж сезсалар, ёки уларнинг ўзлари сулҳ тузиш таклифи билан чиқсалар, мусулмонлар то куч-қувватга киргунларига қадар улар билан (тинчлик) шартнома(си) тузишларида зиён йўқдир. “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар улар сулҳга майл қилсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг”. (Анфол/61). Сулҳ тузилганда ҳам доимий (тинчлик) деб эмас, балки мусулмонларнинг ҳукмдори фойда миқдорини кўздан кечириб, маълум бир муддатга-муваққат шартнома тузади.
3- Мусулмонларга яхшилик қилишганда қилган яхшиликлари эвазига мукофот улашишдан монелик йўқдир. Аллоҳ таоло шундай деди: “Аллоҳ дин(ингиз – Ислом) тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан – уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар”. (Мумтаҳана/8).
4- Мусулмон фарзанд кофир отасига яхшилик қилиши вожиб бўлади. Бироқ унга куфр борасида итоат қилмайди. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноан: “Биз инсонга ота-онасини (яъни, уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни, қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буйирдикки), “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан! Агар улар (яъни, ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин!”. (Луқмон/14-15). Демак, ота кофир бўлса-да, ўз ҳақ-ҳуқуқига эгадир. Бироқ уни қалбингиздан яхши кўрмайсиз. Балки тарбия қилганига яраша мукофот тарзида муомала қиласиз. Чунки у ота ва уни оталик рўбарўсидаги ўз ҳаққи бор.
5- Улар билан тижорий муомала ва савдо қилиш. Улардан ҳожатга қараб мол сотиб олиш ва пул эвазига турли мол ва қурол-аслаҳарлар олиб киришда зиён йўқдир. Дарҳақиқат, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирлар билан (тижорий) муомала қилганлар. Шунингдек Хайбар аҳли бўлмиш яҳудлар билан ерни экин-тикин қилиш ва ҳосилнинг бир қисмини уларга қолдириш шарти билан (тижорий) муомала қилганлар. Бу уларни дўст тутиб, муҳаббат қўйишдан эмас. Бали ўзаро фойда алишишдир. Ушбу ишларни яхши билиб олишимиз ва улар кофирларни дўст тутиш бобига кирмаслиги ва қайтарилган ҳам эмаслигини ёдда тутишимиз даркор.
Шунингдек улардан қарз сўраш ҳам (ушбу қисм остига дохил бўлади). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудийдан таомни қарзга олганлар. Ва гаровга ўзларининг совутларини қўйганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида аҳли-оилаларига деб сотиб олган таомлари ўрнига берган ушбу совутлари яҳудийда қолди. Демак, шунга ўхшаш ишлардан монелик йўқдир. Ушбу ишлар дунёвий фойдалар бўлиб, қалбдаги муҳаббат ва дўст тутишга далолат қилмайди. Ушбу ишлар орасини ажратиб олишимиз лозим. Чунки баъзи кимсалар кофирларни душман тутиш ва уларга муҳаббат изҳор қилмаслик ҳақидаги ҳужжатларни эшитиб олади-да, улар билан умуман муомала қилинмайди ва узил-келсин алоқалар узилади, деб тушунади. Йўқ! Ушбу ишлар Аллоҳнинг Китоби ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларидан олинган аҳли илм наздида маъруф бўлган ҳукм, шарт ва ҳудудлар билан белгилаб қўйилгандир.
6- Аллоҳ таоло аҳли китобларнинг аёлларига, ўз иффат-ор-номусларини сақлайдиган бўлишлари шарти билан турмуш қуришни ва уларнинг сўйган жонлиқларини мубоҳ-ҳалол қилди.
7- Бирор муносабат билан чақирсалар, чақириқларига ижобат қилиш ва ҳалол бўлган таомларидан пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам еганларидек еб-тановул қилиш.
8- Кофир қўшниларга яхшилик қилиш. Чунки уларда қўшнилик ҳаққи бор.
9- Уларга зулм қилиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло шундай деди: “Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир”. (Моида/8).
Шуни билгилки, Аллоҳ таоло сени Ўзига итоат этишга йўлласин
Ушбу гўёки учинчи рисоланинг бошланишидир. Чунки юқорида икки рисола ўтди: биринчи рисола: Аср сураси ўз ичига олган тўрт масала. Иккинчи рисола эса: юқорида ўтган уч масала. Учинчи рисолага киришиш тараддудида турибмиз. Қуйида тўртинчи рисола бўлмиш уч асос ҳақида гапирилади. Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг: “Шуни билгилки”, сўзлари ҳақида, унинг лафзи, маъноси ва мақсадлари борасида юқорида гаплашиб ўтдик.
“Аллоҳ таоло сени Ўзига итоат этишга йўлласин”. Ушбу шайх роҳимаҳуллоҳ томонларидан ана шу рисолани амал қилайин дея тушуниб ўқиган ҳар бир кишига, Аллоҳ таоло уни Ўзига итоат қилишига йўлласин дея қилинган дуодир. Иршод – тўғри йўлга йўллаш ва фойдали илм ҳамда амали солиҳга муваффақ айлашдир. Рушду-ҳидоят залолатнинг зиддидир. Аллоҳ таоло шундай деди: “(Зеро), ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди”. (Бақара/256). Ва яна шундай деди: “Тўғри йўлни кўрсалар уни (ўзлари учун) йўл қилиб олмайдиган, агар залолат – нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни Ўз оят-мўжизаларимдан буриб юборурман (яъни, англаб етмайдиган қилиб қўюрман)”. (Аъроф/146). Рушду-ҳидоят – Ислом динидир. Залолат эса Абу Жаҳл ва унга ўхшашларнинг динидир.
Аллоҳ таоло сени Ўзига итоат этишга йўлласин: улуғ бир дуо бўлиб, муслмон кишини Аллоҳ таоло Ўзига итоат этишга йўллаб қўяр экан, дарҳақиқат, дунё ва охиратда саодатманд бўлади. Тоат – Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариш ва қайтарганларидан четлашиш. Ана шу тоатдир. Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат этиб, уни бажаришингиз ва қайтариқларидаги буйруққа лаббай дея, Аллоҳ азза ва жалланинг Юзини истаб, савобини умид қилиб, азобидан қўрқиб четлашишингиздир. Кимки Аллоҳга тоат қилишга муваффақ бўлиб, йўлланадиган бўлса, албатта дунё-ю охиратда бахтли бўлади.
mutaallim   01-28-2012, 07:38 PM
#7
Учинчи рисола
Тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати
“Тўғри йўлдан оғмаган” (ҳанифийя калимасининг) таърифи
Тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати
“Тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати”, яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) миллатини билиб, таниб олишинг вожибдир. Тўғри йўлдан оғмаган сўзи луғатда: мойил бўлмоқ, (талпинмоқ) маъноларини ифодалайди.
“Тўғри йўлдан оғмаган” калимасининг маъноси, ширкни қўйиб тавҳидга мойил бўлган, (талпинган) миллатдир. Иброҳим алайҳиссалом тўғри йўлдан оғмаган, мусулмон эдилар. Тўғри йўлдан оғмаган, яъни, ширкдан юз ўгириб, тавҳид ва Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш сари талпинган. Аллоҳ таоло шундай деди: “Албатта Иброҳим Аллоҳга итоат қилгувчи, ҳақ йўлдан тойилмаган бир пешво-имом эди. У мушриклардан эмас эди”. (Наҳл/120). Демак, тўғри йўлдан оғмаганлик Иброҳим алайҳиссалом сифатларидан бўлиб, у – ширкдан батамом юз ўгириб, тавҳид сари талпинган, бор имконияти билан тавҳид ва Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш сари юз тутган, маъноларидадир. Аллоҳ таоло шундай деди: “Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик”. (Наҳл/123). Ва яна Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: “Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳақ йўлдан тоймаган ҳолида (Аллоҳга) итоат қилгувчи киши бўлган. У мушриклардан ҳам бўлмаган”. (Оли Имрон/67).
Ушбулар Иброҳим алайҳиссаломнинг буюк сифатларидирки, у киши тўғри йўлдан оғмаган ва у кишининг миллатлари ҳам тўғри йўлдан оғмаган бир миллатдир. У бирор ширк асорати бўлмаган, Аллоҳ азза ва жаллага холис бир миллатдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга мана бу қовли билан ушбу миллатга эргашмоқликни амр этди: “Сўнгра (Биз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик”. (Наҳл/123). Шунингдек, биз ҳам Иброҳим алайҳиссалом миллатига эргашишга маъмурмиз. Аллоҳ таоло шундай деди: “Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади. Оталарингиз Иброҳимнинг динини (яъни, исломни ушлангиз)!... (Аллоҳнинг) Ўзи сизларни илгари(ги муқаддас Китобларида) ҳам, мана шу (Қуръонда) ҳам мусулмонлар (яъни, Ўзининг динига бўйинсунувчилар) деб атади”. (Ҳаж/78). Ва бу барча пайғамбарларнинг динидир.
Иброҳим алайҳиссалом пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбарларнинг энг афзали эканларига сабаб, тавҳидга даъват қилиш йўлида ўзгалар йўлиқмаган азоб-у уқубатларга йўлиқиб, ушбуларга сабр қилдилар. Пайғамбарларнинг отаси эканларининг сабаби эса, у кишидан кейин келган пайғамбарларнинг бари ўз зурриётларидандир. Тўғри йўлдан оғмаган ушбу миллат бўлмиш тавҳидга даъват қилиб, ширкдан қайтариш – барча пайғамбарларнинг миллатидир. Бироқ Иброҳим алайҳиссаломнинг ушбу миллат рўбарўсида ўзига хос тутган ўринлари бўлгани боис, ушбу миллат у киши ва у кишидан кейин келганларга нисбат берилади. У кишидан кейинги пайғамбарларнинг бари Иброҳим алайҳиссалом миллатида, яъни, тавҳид ва Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш миллатидадир.
Пйғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва биз эргашишликка маъмур бўлган ушбу миллат, аслида қайси миллат экан? Демак, бизга уни билишимиз вожиб бўлади. Чунки мусулмон киши бўйинсуниши ва унга путур етказмаслиги учун ҳам Аллоҳ таоло унга вожиб қилганларини билиб олиши лозим бўлади. Ҳали яхши билмай туриб киши ўзини (ушбу миллатга) нисбат бериши кифоя қилмайди. Исломни, динни бузувчи амаллар, дин ҳукмларини билмай туриб киши ўзини исломга нисбат беришлиги асло етарли эмас. Иброҳим алайҳиссалом миллатини билмай туриб, унга ўзингизни нисбат беришингиз асло кифоя қилмайди. У ҳақда сўралганизда: билмайман, деб айтасизми?! Бу жоиз эмас. Демак (ҳаётда) онгли равишда ушбу йўл бўйлаб юриб, ундаги бирор нарсага путур етказмаслигингиз учун ҳам, уни яхшилаб билиб олишингиз даркор.
Динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унинг якка Ўзига ибодат қилишингдир.
“Динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унинг якка Ўзига ибодат қилишингдир” - ана шу Иброҳим (алайҳиссалом) миллатидир. Динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилишингда икки иш жам бўлди: ибодат ва ихлос. Кимки Аллоҳга ибодат қилса-ю, динни Унинг учун холис қилмаса, ибодатининг сариқ чақалик қиймати йўқ. Кимки Аллога ибодат қилиб, рўза тутиб, ҳажга бориб, намоз ўқиб, умра қилиб, садақа ва закотларни бериб ҳамда кўплаб тоат-ибодатларни адо этса-ю, бироқ ушбуларда Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлмаган бўлса, ё риё сабабли ё бўлмаса сумъа-биров эшитсин учун ё Аллоҳдан Ўзгасига дуо қилиш, ўтиниб ёрдам сўраш ва жонлиқ сўйиш каби амалига ширкдан бирор нарса аралашган бўлса, ушбу кимса ибодатида мухлис бўлмай, аксинча мушрик бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом миллатида бўлмайди.
Бугунги кунда ўзларини исломга нисбат берадиганларнинг кўпчилиги, Аллоҳдан Ўзгасига дуо қилиш, қабр ва қадамжоларга ибодат қилиб, жонлиқ сўйиш, назр аташ, барака ҳосил бўлармикин деган ниятда ўшаларнинг атрофида тавоф қилиш, ўликлардан ёрдам сўраш ва бундан бошқа ишлардан иборат катта ширкка қўл уришяпти. Ва яна: улар мусулмонлар, деб айтадилар. Ана ўшалар пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам юриб ўтган Иброҳим алайҳиссалом миллатини билмайдилар ёки билсалар-да билиб туриб зиддини қиладилар, Аллоҳ сақласин, бу қаттиқ-оғирроқдир.
Иброҳим (алайҳиссалом) миллати ширкнинг ҳар қандай кўринишини ҳам рад этади. Кимда-ким амалига ширкни аралаштирадиган бўлса, бас, Иброҳим (алайҳиссалом) миллатида эмасдир. Гарчи ўзини ушбу миллатга нисбат бериб, мусулмонман, деб даъво қилса ҳам. Демак, Иброҳим (алайҳиссалом) миллатини билиб, унга амал қилишинг ва динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унга ибодат қилиш ҳамда ибодатинга на катта ва на кичик ширкни аралаштирмай ушбу миллатни лозим тутишинг вожиб бўлади.
Ана шу Иброҳим алайҳиссалом миллатики: ширкдан батамом юз ўгириб, тўлалигича тавҳид сари юзланган ҳанифийя-тўғри йўлдан оғмаган миллат бўлиб, динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унга ибодат қилишингдир.
Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди.
“Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб”, яъни, юқоридаги: динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилиш, жумласига ишора қилиняпти. Яъни, Аллоҳ таоло жамийки халқларни, динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрди. Аллоҳ таоло бутун башариятни, араб-у ажамларини, оқ ва қора танлиларини, одам алайҳиссалом замонларидан бошлаб то дунёдаги охирги инсоннинг барини, хуллас барча-барчани ибодатни ихлос ила адо этишга амр этди. Аллоҳ таоло шундай деди: “Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз. У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирмангиз!”. (Бақара/21-22). Аллоҳнинг ўхшаши, тенгдоши йўқдир. Ушбу оят ширкнинг катта ва кичигидан қайтариқни ўз ичига олган. Аллоҳ таоло аввалгилар-у охиргиларидан тортиб барча инсониятни ана шунга амр этди.
“Уларни ана шунинг учун яратди”, яъни, шериксиз, якка Ўзига ибодат қилиш учун. Ана шунинг сабабидан яратилинишди. Аллоҳ таоло айтганидек: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”. (Зориёт/56). Ва яна Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “Эй инсонлар, сизларни...яратган Роббингизга ибодат қилингиз”. (Бақара/21).
Ушбу жумлалар шайх роҳимаҳуллоҳнинг: шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди, деган сўзларининг маъносидир. Ушбу: Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди, қовлларида Аллоҳ таоло айтганидек икки ишни жам қилдилар: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”. Аллоҳ таолонинг ушбу: “Мен жин ва инсни... яратдим” қовлига тўхталсак, яъни, Аллоҳ таоло барча нарсани яратган. Шу жумладан жин ва инсни ҳам. Уларга ақл бериб, шериксиз, якка Ўзига ибодат қилишни амр этди. Уларни ибодатга бўлган буйруқ ила (ўзга махлуқотлар ичида) хослади. Чунки Аллоҳ таоло уларга ақл ва зарар нима-ю, фойда нима, ҳақ нима-ю, ботил нима эканини ажратиб оладиган нарсани берди. Қолган нарсаларнинг барини уларнинг фойда ва манфаатлари учун яратди. Аллоҳ таоло шундай деди: “У Ўз томонидан (яъни, Ўз хоҳиш-иродаси билан) сизларга осмонлардаги ва ердаги барча нарсаларни бўйинсундирди”. (Жосия/13). Унинг сабабидан яратилинишган буюк ғояга ёрдам олсинлар-куч йиғсинлар дея барча нарса одам болалалри учун бўйинсундириб қўйилган. (Ушбу буюк ғоя) – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишдир: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”.
Жинлар биз кўзимиз билан кўра олмайдиган ғайб олами бўлиб, улар ҳам одам болалари каби ибодат қилишга маъмур ва ширк ҳамда маъсиятдан қайтарилгандир. Бироқ хилқатда одам болаларидан фарқлидирлар.
Буйруқ ва қайтариқлар жиҳатидан олиб қарасак, улар ҳам одам болалари сингари (маълум бир ишларга) буюрилиб, (яна маълум бир ишлардан) қайтарилгандир. Жинларни ўз кўзимиз билан кўрмасак-да, бироқ улар мавжуддир.
Жинлар мавжуд бўлиб, ким уларни (бор эканлигини) инкор қилса, бас, у кофирдир. Чунки у Аллоҳ, Росули ва мусулмонларнинг ижмоларини ёлғонга чиқарган бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла жин ва инсни фақат Ўзига ибодат қилишлари учун яратганини баён қилди, бошқа нарса учун эмас.
У Зот уларни Унга фойда ёки зарар келтирсинлар учун ёки улар сабабли хорликдан иззат сари чиқиш учун ёки оз бўлиб, энди кўпайиб қолиш учун яратгани йўқ. Чунки У барча оламлардан Беҳожатдир. Уларга ҳожатманд экани учун ёки улар унга ризқ топиб беришлари учун ҳам яратмади: “Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман. Зеро, Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва Қудратлидир”. (Зориёт/57-58).
Аллоҳ таоло махлуқотларга муҳтож эмас. Балки жин ва инсни фақат бир нарса учун яратди. Яъни, Унгагина ибодат қилишлари учун. Аллоҳ таоло уларнинг ибодатларига муҳтож эмас, балки улар ибодатга муҳтождир. Чунки улар Аллоҳга ибодат қиладиган бўлишса, У Зот уларни икром қилиб, жаннатга дохил қилади. Демак қилган ибодатларидан бўлган фойда ўзлари учундир. Ҳудди шундай қилган маъсиятларининг зарари ҳам ўзларига қайтади. Аллоҳ таолога эса итоат қилувчининг итоати ва маъсият қилувчининг маъсияти асло зарар беролмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: “Агар сизлар ўзингиз ва ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (Аллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) Беҳожат, Мақталган Зотдир”. (Иброҳим/8). Аллоҳ таолога осийнинг маъсияти зарар бермайди ва бўйинсинувчи кишининг итоати фойда келтирмайди. Балки бу ишларнинг (фойда ёки зарарлари) ўзларига қайтади. Итоатнинг фойдасини ўзлари кўрадилар. Маъсият қилишса ҳам зарарини ўзлари кўрадилар.
“Менга Ибодат қилишлари учун”, яъни, (ибодатда) яккаламоқликлари учун.
Яъни, ёлғиз Ўзимга ибодат қилишлари учун. Ибодат ва тавҳиднинг маъноси бирдир. Тавҳид ибодат дея ва аксинча ибодат тавҳид дея изоҳланади. Иккисининг маъноси бир. Демак бу сўзлар тавҳидни Аллоҳ таоло Яратувчи, Ризқ берувчи, Тирилтурувчи, Ўлдирувчи ва Бошқарувчи, деб иқрор бўлиш дея изоҳлаган кимсага раддиядир. Ушбу (кимса изоҳлаган) тавҳид, халқлар унинг сабабидан яратилган тавҳид эмас. Балки халқлар ибодат тавҳиди учун яратилди, яъни, улуҳият тавҳиди учун.
Энди ким фақат рубубият тавҳидига иқрор бўлса, у муваҳҳид ҳам ва жаннат аҳлидан ҳам эмас. Балки у дўзах эгаларидандир. Чунки у, унинг сабабидан яратилган тавҳид ва ибодатни адо этмади.

Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳиддир

Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид. У – Аллоҳни ибодатда яккалашликдир.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид”, деган сўзлари жуда муҳим аҳамият касб этади. Аллоҳ таоло буюрган барча буйруқлар тавҳиддан кейиндир.
Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид эканига далил ушбу оятдир: “Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!”, (Нисо/36) оятининг охирги қисмигача бўлган жумлалар.
Ушбу оятда ўнта ҳақ-ҳуқуқ эслаб ўтилди. Шу сабабдан ҳам ушбу оят ўн ҳақ-ҳуқуқ ояти, деб аталади. Ушбу ҳақларнинг энг биринчиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳаққидир: “Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!”. “Ота-онангизга... яхшилик қилингиз!”. Бу эса иккинчи ҳақдир. “Қариндош-уруғ”, учинчи ҳақ. Қариндош-уруғ ота ёки она томонидан сизга насл-у насаб жиҳатидан яқин бўлганлардир. Мисол учун: ота, боболар, амаки ва аммалар, тоға ва холалар, ака-ука, опа-сингиллар ва уларнинг фарзандлари ҳамда амаки ва аммаларнинг фарзандлари. Ана шулар қариндош-уруғлардир. Уларнинг сизда қариндошлик ҳақлари бор.
“Етим-есирлар”, яъни, мусулмонларнинг етимлари. Балоғат ёшига етмай, кичиклигида отаси вафот этган ва ушбу норасидага тарбия, инфоқ ва фойда бўлиши мумкин бўлган ҳожатларини ўтайдиган ҳамда зарарни тўсадиган отасининг ўрнини босадиган бир кишига муҳтож бўлган гўдакдир. Чунки уни ҳимоя қилиб, унга нафақа ажратадиган ва уни мудофа қиладиган отаси йўқ. Елкасидан тутадиган бир кишига муҳтож, чунки унинг отаси ва оиласи йўқ. Унинг исломда (маълум бир) ҳаққи боқ.
Муҳими, Аллоҳ таоло ушбу оятни Ўзининг ҳаққи билан бошлаб, фақат мана бу қовлига чекланмади: “Аллоҳга бандалик қилинглар”, балки давомида шундай деди: “Ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!”. Чунки ибодат ширк билан саҳиҳ бўлмайди ва фойда ҳам келтирмайди. Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлгандагина ибодат деб номланади. У билан ширк бўлар экан, инсон ҳар қанча ўзини машаққатга қўйса ҳам, у ибодат бўлмайди. Аллоҳ таоло ибодат қилишга бўлган буйруқни ширкдан қайтаришликка боғлаб-бир ўринда ёд этди. Зеро, ибодат ширк билан асло саҳиҳ бўлмайди.
Бу, шайх роҳимаҳуллоҳнинг: Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид, деган сўзларининг далили эди. Чунки Аллоҳ таоло кўплаб оятларни тавҳид билан бошлайди. Ана шу оятлардан биз юқорида зикр қилган ва мана бу қуидаги оятдир: “(Эй инсон), Роббинг, сизларга Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни … амр этди”. (Исро/23). Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тавҳиддан бошлади. Бу эса Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид эканига далолат қилади. “Айтинг: “Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай: У Зотга бирон нарсани шерик қилмангиз; ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз!”. (Анъом/151).
Бу эса келгусидаги мавзу бўлмиш: Аллоҳ таоло қайтарган энг улкан нарса ширк эканига далилдир. Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид бўлар экан, демак, инсон барча нарсадан аввал ақидани ўқиб-ўрганишдан бошламоғи вожиб бўлади. Ақида – пойдевордир. Демак, ўқиб-ўрганиш ва таълим беришни ақидадан бошлаб, уни дарс бериш ва одамларга баён қилиб беришда бардавом бўлиш лозим бўлади. Чунки у Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарсадир. Уни кейинга суриш ёки унга интилмаслик асло муносиб эмас. Чунки ҳозирда баъзи даъватчилар тавҳид ва ақидадан таълим беришда сусткашликка йўл қўйишдек бир мусибатга мубтало бўлишган. Чунки ақида-тавҳидда сусткашликка йўл қўйиш-путур етказиш, диннинг барига путур етказишдир. Шундай бўлар экан, унга аҳамият қаратмоқ даркор.
Тавҳид нима у ўзи? У – Аллоҳ таоло Яратувчи, Ризқ берувчи, Тирилтирувчи ва Ўлдирувчи эканини тан олишингми? Йўқ! Тавҳид Аллоҳни ибодатда яккалашликдир. Чунки Аллоҳ таоло шундай деди: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”. (Зориёт/56). Муфассирлар айтишдики: “Ибодат қилишлари учунгина”, яъни, (ибодатда) яккалашликлари учунгина. Тавҳидни ибодат дея изоҳлашди.
Демак, тавҳид – Аллоҳни ибодатда яккалашликдир. У, Аллоҳ таоло Яратувчи, Ризқ берувчи, Тирилтирувчи, Ўлдирувчи ва Бошқарувчи, деб иқрор бўлиш эмас. Чунки бу шундоқ ҳам инсон фитратига, оқил кишиларнинг зеҳнига сингдирилган. Дунёда, осмонлар ва ерни Аллоҳдан Ўзга бирортаси яратган деб эътиқод қиладиган бирор оқил бўлмаса керак. Оламда бирор киши, ҳатто кофир ва мулҳидларни ичида ҳам, инсонни бошқа бир инсон яратган дея эътиқод қиладиган бирор киши бўлмаса керак. “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: “Аллоҳ”, дерлар”. (Зухруф/87). Ушбу оламда инсон ўзига ўхшаш ерда юриб, сўзлаб, еб-ичадиган бир инсонни яратган, деб эътиқод қиладиган бирор ақли расо киши йўқдир. Ёки шундай деб эътиқод қиладиган бирор эс-ҳушли одам борми? “Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандилар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимикинлар-а?! Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!”. (Тур/35-36). Рубубият тавҳиди фитрат ва ақлларга сингдирилгандир. Ибодат тавҳиди бўлмиш, Аллоҳни ибодатда яккалашликсиз (унинг ўзи) етарли эмас.
Шунинг учун ҳам шайх роҳимаҳуллоҳ: тавҳид – Аллоҳни ибодатда яккалашликдир, дедилар. У (тавҳид) Аллоҳни яратиш, ризқ бериш, тирилтириш ва ўлдиришда якка деб билиш эмас. Чунки бу шундоқ ҳам маълумдир. Тавҳидга таъриф беришда рубубият тавҳидининг ўзи кифоя қилмайди.
mutaallim   01-28-2012, 07:49 PM
#8
Аллоҳ таоло қайтарган (қайтариқлари) ичидаги энг улкани ширкдир

Ва ундан қайтарган энг улкан нарса ширкдир.
Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг: “Ва Аллоҳ таоло ундан қайтарган энг улкан нарса ширкдир”, деган сўзларидан кўплаб фойдалар оламиз. Чунки баъзи кимсалар маълум бир гуноҳ ишларни энг улкан жарима деб эътиқод қиладилар. Аллоҳ таоло қайтарган энг улкан нарса: рибодир. У энг катта ҳаром иш. Зино энг улкан ҳаром иш, дея рибо, зино, бузуқ хулқлардан қайтаришга бутун диққатларини жамлайдилар. Лекин ширкдан огоҳ этишга, одамларни ширкка ботиб кетганларини кўзлари билан кўрсалар-да, унга аҳамият қаратмайдилар. Бу эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг шариатини билмаган энг жоҳил кимсадир.
Аллоҳ таоло қайтарган энг улкан қайтариқ ширкдир. У (ширк), рибо, маст қилувчи ичимлик ичиш, ўғирлик, одамларнинг молини ноҳақ ейиш ва қимордан-да улкан қайтариқ ва ҳаром ишдир. Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “Айтинг: “Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай: У Зотга бирон нарсани шерик қилмангиз; ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз-сизларни ҳам, уларни ҳам Биз ризқлантирурмиз – бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашмангиз; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган бирон жонни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни, қасос олиш учун ё муртад бўлгани ё зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин). Шояд ақл юргизарсизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди”. (Анъом/ 151). Ушбу оятлар ўн васият, деб аталади. “Айтинг: “Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай”, оятидан мана бу оятларгача: “Шояд эслатма (насиҳат) олурсизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсага буюрди”. (Анъом/152).
Ушбу ҳаром ишларни Аллоҳ таоло мана бу қовли билан бошлади: “У Зотга бирон нарсани шерик қилмангиз”. Демак ушбу оят ширк Аллоҳ таоло қайтарган энг улкан қайтариқ эканига далолат қилади.
Исро сурасида ҳам Аллоҳ таоло шундай деди: “Сиз яна Аллоҳ билан бирга ўзга бирон ҳақ илоҳ ҳам бор, деб мазамматлангувчи ва маҳрум бўлиб ўтирманг!”. (Исро/22). (Аллоҳ таоло ушбу оятларни) ширкдан қайтариш ила бошлаб ва яна ширкдан қайтариш билан якунлади. “Сиз яна Аллоҳ билан бирга бошқа ҳақ илоҳ ҳам бор, деб маломатланган ва (Аллоҳ раҳматидан) қувилган ҳолда жаҳаннамга ташланманг!”. (Исро/39). Демак, буларнинг бари ширк Аллоҳ таоло қайтарган энг улкан қайтариқ эканига ва шайх роҳимаҳуллоҳнинг сўзлари (нақадар ҳақ эканига) далолат қилади.
Саҳиҳ ҳадисда айтилишича пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Энг улкан гуноҳ қайси?", дея савол берилди. Шунда: “Аллоҳ таоло сени яратган бўлса-да, Унга тенгдош исбот қилишинг”, дедилар. “Сўнг қайси?", дейилди. “Болангни, сен билан таомланишидан қўрқиб ўлдиришинг”, дедилар. “Сўнг қайси?”, дейилди. “Қўшнингни аёли билан зино қилишинг”, дедилар. (Бухорий (6861) ва Муслим (86) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят).
Аллоҳ таоло (ушбу ҳадис) тасдиғи ўлароқ мана бу қовлини нозил қилди: “Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур”. (Фурқон/68). Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам қай бир гуноҳ энг улкан-даҳшатли дея сўралганларида: “Аллоҳ таоло сени яратган бўлса-да, Унга тенгдош -яъни шерик- исбот қилишинг”, деб, ширкни энг даҳшатли гуноҳ дея зикр қилдирлар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Еттита ҳалок қилувчи гуноҳлардан четланинглар”. “Улар қайсилар экан, эй Росулуллоҳ?!”, дейилди. “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш...”. (Бухорий (2766) ва Муслим (89) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят).
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам (ҳалок қилувчи гуноҳларни) ширкдан бошладилар. Бу эса ширк энг улкан гуноҳ эканига далолат қилади. Шунинг учун ҳам мушрик абадул-абад жаннатга кирмайди. Аллоҳ таоло шундай деди: “Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур, унинг борар жойи дўзахдир. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас”. (Моида/72). Аллоҳ таоло мушрикни асло мағфират қилмайди: “Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур”. (Нисо/48). Бу эса жаннат мушрикка ҳаром экани, Аллоҳ таоло уни кечирмаслиги ва ширк энг улкан гуноҳ эканига далолат қилади. Чунки ширкдан ўзга гуноҳлар мағфират қилиниши мумкин: “Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур”. Зино, ўғирлик, маст қилувчи ичимлик ичиш, рибо, буларнинг бари Аллоҳнинг хоҳиши остидадир. Хоҳласа кечиради, хоҳласа азоблайди.
Ширк эса асло кечирилмайди. Аллоҳ таоло уни (ширкни) асло кечирмайман, дея ҳукм қилди. Шунингдек, осий кимса ширкдан қуйи турадиган гуноҳи кабираларга қўл урар экан, унга жаннат ҳаром бўлмай, оқибати барибир жаннатдир. Ё Аллоҳ таоло уни аввалги дафъада кечириб жаннатга дохил қилади. Ё бўлмаса дўзахда азоблангач, ундан чиқиб жаннатга киради. Мўмин киши ширкдан ўзга-қуйи бўлган фисқ ва маъсиятларга ҳар қанча қўл урса ҳам Аллоҳнинг Раҳматидан умидини узмасин. Чунки у жаннатдан маҳрум эмас. Балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг хоҳиши билан Унинг мағфирати остига дохилдир.
Мушрикка келсак, у буларнинг баридан маҳрумдир, Аллоҳ сақласин. Ширк энг улкан-даҳшатли гуноҳ эканига Аллоҳ таолонинг ушбу қовли далилдир: “Чунки ширк келтириш катта зулмдир”. (Луқмон/13).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: “Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди”. (Нисо/48). “Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан озибди”. (Нисо/116). Ушбу далилларнинг барчаси ширк энг улкан-даҳшатли гуноҳ эканига далолат қилади. Ширк энг улкан гуноҳ бўлар экан, демак, уламо ва мутааллимларга ундан қайтариб, огоҳ этишлари ва ширкдан огоҳ этишдан сукут сақламасликлари вожиб бўлади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиҳод қилганларидек, куч-қувват борида мушрикларга қарши жиҳод қилишлик вожибдир.
Аллоҳ таоло шундай деди: “Мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, уларни (асир) олингиз, қамал қилингиз ва барча йўлларда уларни кузатиб турингиз!”. (Тавба/5). Демак, ширкдан огоҳ этиш ва одамларга унинг (ҳақиқатини) баён қилиб бериш лозим бўлади, тоинки ундан четлашишсин. Ана шу вожиб бўлган ишдир.
Ширк ҳақида гапирмай сукут сақлаш ва одамларни Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилишда улоқиб юришларига қўйиб қўйиш, ҳолбуки улар исломни даъво қиладилар, энди бирор киши қайтармай, огоҳлантирмаслиги ўта аянчли бир ишдир. Баъзи кимсалар рибо, зино, бузуқ хулқлардан қайтаришда кўп тиришишади. (Тўғри ушбу ишлар) ҳаром ва фасод. Бироқ ширк энг улкани-даҳшатлисидир. Энди нима учун (ушбу кимса) ширкдан қайтариб, ундан огоҳлантиришга ва исломни даъво қиладиган кўплаб одамларга қўл уришаётган катта ширкни ёритиб беришга аҳамият қаратмайди?
Нима учун ширкка бунчалар бепарво ва аҳамиятсизлик қилиниб, одамларни ширкка тушишларига ташлаб қўйилиш(ни кузатяпмиз)? Ахир уламолар бор-ку, балки улар ўша одамлар билан яшаб, уларга (бу ҳақда) ҳеч нарса дейишмас? Авваламбор уммат бошига битган муқаррар ҳалокат бўлмиш ушбу даҳшатли хатардан қайтаришга киришиш вожиб бўлади. Барча гуноҳлар ширкдан қуйи ва ундан енгил. Энг муҳим ишдан бошлаш лозимдир.
У (ширк) У билан бирга ўзгасига ибодат қилишдир.
Ширкнинг таърифи: У (ширк) У билан бирга ўзгасига ибодат қилишдир, яъни, ибодатларнинг бирортасини Аллоҳдан ўзга фаришталардан бирор фаришта ёки пайғамбарлардан бўлган бир пайғамбар, солиҳ зотлардан бири ёки қадимий қадамжо-ёдгорлик, хуллас Аллоҳдан ўзга бирор махлуқотга ибодатни йўналтиришлик, Аллоҳ қайтарган қайтариқлари ичидаги энг улкани бўлмиш ширкдир.
Тавҳид ва ширкнинг тафсир-изоҳини яхшилаб билиб олинглар! Чунки баъзи кимсалар борки, тавҳид ва ширкни ўзининг изоҳи билан изоҳламайдилар.
Баъзи кимсалар: ширк бу ҳукмдаги ширкдир, дейишади. Афсуслар бўлсинким ушбу сўз бугун кенг тарқалган. Аллоҳ нозил қилган диндан ўзгаси билан ҳукм қилиш ширк турларидан бири бўлиб, тоатдаги ширк деб аталади. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ҳаром қилганини ҳалол санаш ёки Аллоҳ ҳалол қилганини ҳаром санашда махлуққа итоат қилиш ширк турларидандир. Бироқ бу ўринда ундан ҳам укланроқ ширк бор. У ҳам бўлса жонлиқ сўйиш, назр аташ, (қабрларни) тавоф қилиш ва улардан ўтиниб ёрдам сўраш билан Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилишдир. Ширкнинг баридан огоҳлантиришимиз лозим. Бир турига эътибор қаратиб, ундан-да улкан ва даҳшатлироғи ташлаб қўйилмайди. Ва ширк фақат ҳукмдаги ёки сиёсатдаги ширк деб изоҳланмайди. (Ўшаларнинг) айтишича: қабрлар(га қарата қилинган ибодат сабабли бўлган) ширк оддий-аҳамиятсиз ширк эмиш. Ахир бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога журъат қилиш-ку. Ширк Аллоҳ таоло қайтарган нарсалари ичидаги энг улканидир. У (ширк) - У билан бирга ўзгасига ибодат қилиш. Ана шу ширкдир.
Яна ўшаларнинг баъзилари: ширк – мол-дунёга муҳаббат қўйиш, дейдилар. Аллоҳ таоло молни инсон табиатига севикли қилиб қўйди. “Яна мол-дунёни қаттиқ муҳаббат билан яхши кўрурсизлар!”. (Фажр/20). “Ва шак-шубҳасиз, у мол-дунё муҳаббатига жуда қаттиқ (берилгувчи)дир”. (Вал-Одиёт/8). “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: “Агар ота-оналарингиз, болаларингиз …. суюклироқ бўлса..”. (Тавба/24).
Аллоҳ таоло: “Суюклироқ бўлса”, деди. Яхши кўришларини инкор этгани йўқ. Бироқ ушбуларни Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам муқаддам қўйишларини инкор қилди. Мол-дунёга муҳаббат қўйиш ширк эмас. Чунки бу табиий муҳаббатдир. Одамлар мол-дунёга муҳтожлар ва уни яхши кўрадилар. Демак, мол-дунёга муҳаббат қўйиш ширк эмас. Чунки у инсонлар ўзлари фойдаланадиган нарсаларини яхши кўришларидандир. Анави кимсалар эса ушбу сўзларни ё тавҳид ва ширкни таълим олмай жоҳил бўлганликлари сабабли, ё бўлмаса (тавҳиддан) батамом юз ўгириб, одамларни ушбу ҳақиқатлардан буриб, ўзларининг истакларига йўллашни хоҳлаганлари учун айтадилар. Аллоҳ таоло мақсадларни Билгувчироқдир.
Муҳими, ушбу (мол-дунёни яхши кўриш) ширк эмас. Ширк Аллоҳ билан бирга Ўзгасига ибодат қилиш ёки жонлиқ сўйиш, назр аташ, дуо қилиш, ўтиниб ёрдам сўраш, илтижо қилиб ёлбориш, хавф, умид қилиш ва бундан бошқалар каби ибодат турларининг бирортасини Аллоҳдан Ўзгасига сарф қилишдир. Ана шу энг улкан гуноҳ бўлмиш ширкки, у – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан бирга Ўзгасига ибодат қилишдир. Чунки дуо Аллоҳ таоло айтганидек энг улуғ ибодатлардандир: “Ҳақиқий дуо-илтижо фақат Унга қилинур. Ундан ўзга – (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у (мушрик)ларнинг биронта, дуосини мустажоб қилмас”. (Раъд/14). Ва яна шундай деди: “Бас, (эй мўминлар), гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, Аллоҳга – У Зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз!”. (Ғофир/14). Аллоҳдан Ўзгасига дуо қилиш ширкдир. Аммо анави кимсалар ширк, деб атаётган жузиётларга келсак, ундай эмас. Бироқ: ўша ишларнинг баъзиси ширк қисмларидандир. Ва бу ўринда улардан-да хатарлироқ ва муҳимроқ бўлган ширк турлари бор, деб айтилади. Чунки ширк ҳам турлича тафовутдадир. Баъзиси бошқасига нисбатан қаттиқроқ-оғирроқдир, Аллоҳ сақласин.
Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!”. (Нисо/36).
Аллоҳ таоло буюрган нарсаларининг энг буюги тавҳид эканига далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: “Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!”, деб айтгандик. Аллоҳ таоло тавҳидга буюриб, ширкдан қайтаришлик билан бошлагани, Аллоҳ таоло буюрган буйруқлари ичидаги энг олийси тавҳид эканига далилдир. Чунки У Зот: “Аллоҳга бандалик қилинглар”, деди. Сўнг: “Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!”, деб қайтарди. Демак, тавҳидга бўлган буйруқ ва ширкдан бўлган қайтариқдан бошлади. Демак бу Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид, қайтарганлари ичидаги энг улкани ширк эканига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло оятни ана шу ишлар билан бошлади. Аллоҳ таоло фақат энг муҳим нарсалар билан бошлайди. Бу, оятдан (биз гаплашаётган мавзуга) далил келтириш услуби эди.
mutaallim   01-30-2012, 01:19 AM
#9
Тўртинчи рисола
Билмоқлик вожиб бўлган уч асос
Биринчи асос: Аллоҳ азза ва жаллани танимоқлик


Агар сенга: билмоқлик вожиб бўлган уч асос нима у?, дейилса, банда Роббиси, дини ва пайғамбари Муҳаммд соллаллоҳу алайҳи ва салламни танимоқлигидир, деб айтгин.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Асос”, деган сўзларига тўхталадиган бўлсак, асос – пойдевор бўлиб, (бино-диннинг) қолган қисми унинг устига қурилади. Демак, диннинг қолган боблари унинг устига қурилгани учун ҳам асос-пойдевор деб аталади. Диннинг бари ушбу уч асос атрофида айланади.
Ушбу асос диннинг пойдевори бўлиб, шайх роҳимаҳуллоҳнинг келгусидаги жумлаларида, Аллоҳнинг хоҳиши ила, муфассал ёритилади.
Шайх роҳимаҳуллоҳ нима учун айнан ушбу уч асосга диққат қаратяптилар?
Чунки ушбулар ислом динининг асослари бўлиб, банда қабрга қўйилганда ушбу масалалар борасида саволга тутилади. Банда қабрга қўйилиб, устига тупроқ тортилгач ва одамлар уни (ёлғиз) тарк этиб, ўз аҳли оилалари ҳузурига қайтишгач, унинг олдига икки фаришта келиб, маййитнинг руҳи жасадига қайтарилади ва дунё ҳаётидагига ўхшаш эмас, балки барзах ҳаётида тирилади. Уни қабрида ўтирғизиб: Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?, дея савол беришади. Мўмин киши: Роббим Аллоҳ, диним ислом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарим, дейди. Унга: буни қандай билдинг?, дейилади. У эса: Аллоҳнинг Китобини ўқиб, билдим, дейди. Шунда бир нидо қилувчи: бандам рост сўзлади. Унга жаннатдан (тўшак) тўшанглар ва жаннатдан бир эшик очинглар, деб нидо қилади. Қабри унга кўзи етар жойгача кенгайтириб қўйилади. Унга жаннатнинг ҳиди ва нафаси уфуриб туради ҳамда жаннатдаги ўз ўрнини кўриб туради. Ва: эй Роббим, қиёматни қоим қил токи аҳлим ва молимга қайтай, дейди.
Исломни даъво қилсада, яқиний ишончга эга бўлмай, шак-шубҳа орасида яшаб ўтган кимса эса, модомики Аллоҳнинг дини борасида мунофиқ каби шак-шубҳа ва иккиланишда экан, демак, у (икки фариштанинг сўровларига) тутилиб-ғулдираб (жавоб беради). Унга: Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?, деб берилган саволларнинг барига: вой-дод билмайман, одамларни бир нарса дейишаётганини эшитиб, ўшани айтиб юраверардим, дейди.
Яъни, ҳаёти дунёда одамлар айтган гапни айтиб, иймон келтирмаган, Аллоҳ сақласин. Ушбу мунофиқ зоҳири ислом бўлиб, қалбида эса (исломга) эътиқод қўймаган. Балки дунёвий фойдаларини кўзлаб, ҳаёти дунёда иймон келтирмай, қалбан инкор этса-да: Роббим Аллоҳ деган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларига қалбан иймон келтирмай, фақат тилидагина: пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, деб юраверган. Ушбу кимса мунофиқ бўлиб, унга: билмадинг, ўқимадинг, дейилади ва темирдан бўлган гурзи билан урилади. (Зарб кучидан) шундай бир қичқирадики, агар инсон ушбу қичқириқни эшитса, албатта ҳушидан кетади. Инсондан ўзга барча ҳайвонот ушбу қичқириқни эшитади. Агар инсон эшитганида албатта ҳушини йўқотарди, яъни, қўрқинч-даҳшатдан вафот этарди. Қабри торайгани боис қовурғалари бир-бирига аралашиб кетади. Унга дўзахдан бир эшик очилиб, унинг иссиқ шамоли ва ҳарорати келиб туради. Ва: эй Роббим, қиёматни қоим қилма, дейди. Мана шу унинг қабрдаги ҳаёти ва ҳолатидир, Аллоҳни паноҳига қочамиз. Чунки у тўғри жавоб беролмади.
Шунингдек, бир нидо қилувчи: бандам ёлғон сўзлади. Унга дўзахдан (тўшак) тўшанглар ва жаҳаннамдан бир эшик очиб қўйинглар, деб нидо қилади, Аллоҳ сақласин. Демак, ушбу масалалар ана шундай муҳим аҳамият касб этар экан, бизга уларни ўқиб-ўрганиб, эътиқод қўйишимиз вожиб бўлади. Ўқиб-ўрганишнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки ўқиб-ўрганиб, эътиқод қилиб, иймон келтириб ва модомики тирик эманмиз амал қилмоғимиз лозим бўлади. Шояд Аллоҳ таоло қабрда саволга тутилганимизда собитқадам қилса.
Аллоҳ таоло шундай деди: “Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур”. (Иброҳим/27).
Демак ушбу уч асос катта аҳамиятга эга. Шу сабабли ҳам шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу рисолани ана шу мавзуга қаратиб, дарс қилиб ўрганишимиз, чуқурроқ ёндашишимиз, эътиқод ва амал қилишимиз учун очиқ-ойдин ёритиб бердилар. Шояд Аллоҳ таоло бизни ҳам, сизларни ҳам ҳаёти дунё ва охиратда устивор сўз ила собитқадам қилса.
Агар сенга: Роббинг ким?, дейилса, У мени ва барча оламларни Ўзининг неъмати ила тарбия қилган Аллоҳдир, деб айтгин.
Шайх роҳимаҳуллоҳ уч асосни умумий суратда баён қилгач, энди Китоб, Суннат далиллари ва Аллоҳнинг борлиқдаги оят-аломатлари ҳамда ақлий далиллар билан бирма-бир муфассал ёритиб беришни хоҳладилар. Ана шундай қилиб ақида масалалари Китоб-у Суннат далиллари ва барча шубҳалар ариб, ақида қалбда мустаҳкам ўрнашиб қолиши учун ҳам Аллоҳ таолонинг кавний-борлиқдаги оят-аломатларига назар ташлашга асосланмоқлиги вожиб бўлади.
Шак-шубҳа, одамларнинг миш-мишлари ва кўр-кўрона тақлидга қурилган ақидага келсак, албатта у ўткинчи бўлиб, нуқсон ва ўз таъсирини йўқотишга кўндалангдир.
Наинки ақида, балки бошқа шаръий ҳукмлар ҳам Китоб-у Суннат далиллари ва соғлом ақлий ҳужжатлар билангина собит бўлади. Шунинг учун ҳам шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу уч асосга кўплаб далиллар келтириб, бирор асосга тўхталадиган бўлсалар, албатта уни, шак-шубҳа ва турли ҳаво-раъйларни кетказиб, қалбда ақидани мустаҳкамлайдиган аниқ-тиниқ далил ва ҳужжатлар билан асослаб берадилар.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Агар сенга … дейилса”, деган жумлаларига келсак, яъни, Роббинг ким?, деб сўралсанг. Ушбу саволга албатта йўлиқиб, у ҳақда дунё ва охиратда ҳали сўраласан. Демак, Роббинг азза ва жаллани танимоқлигинг ва далил-ҳужжатга асосланган тўғри жавобни беришинг даркор. Роббим Аллоҳ -ана шу тўғри жавобдир- У мени ва барча оламларни Ўзининг неъмати ила тарбия қилган. Бу эса ақлий далил бўлди.
Роб жалла ва аъла барча бандаларини Ўзининг неъмати ила тарбия қилиб, онасининг қорнида босқичма-босқич, уч зулумат (1-онанинг қорни, 2-бачадон, 3-йўлдош) ичида Ўзининг ризқи билан озиқлантириб, йўқдан бор қилди. Онасининг қорнидалигидаёқ унга ризқ етиб туради. Шунинг учун ҳам ҳомиланинг жисми онанинг қорнида ўсиб, катталашиб боради. Чунки унга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан ризқ-рўз етиб туради.
Сўнг унга руҳ пуфланиб, Аллоҳнинг изни ила ҳаракатга келиб, яшай бошлайди. Бу она қорнидаги тарбия эди. Туғилгач Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни соғлиқ ва офият неъмати ила тарбия қилади. Ва унга онасининг сутини мўл-сероб қилиб, (турли) таомлардан тановул қилгунга қадар она сути билан озиқаланади, ва (маълум муддат ўтгач) она сутидан ҳам беҳожат бўлади. Сўнг ақл, кўз ва қулоғи аста-секинлик билан ривожланиб, балоғат ёшига ҳам етади. Сўнг қирқ ёшга етганда кучга тўлиб, ғоятда қувват ҳосил қилади.
Онасининг қорнида яратилиб вафот этгунга қадар бўлган муддат ичида ким уни озиқлантирди? Ким уни озиқлантириб сўнг ушбу таом ва ичимликни унинг ҳар бир ҳужайра ва мушак ҳамда жисмининг барча қисмига етиб боришига имкон берди? Ким уни таом ва шаробга бўлган хоҳиш-иштаҳасини очиб сўнг ҳазм қилдириб, ундан унинг (таом ва шаробнинг) зарарини чиқариб ташлади? Ким ана шу ишларни бошқариб, инсонни тарбия қилди? У Зот, ахир Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эмасми? У Зот Роб субҳанаҳу ва таолодирки, мени ва барча оламларни Ўзининг неъмати ила тарбия қилди.
Ер юзидаги барча инсон ва ҳайвонот олами ҳамда қуруқлик ва денгиз олами, қуруқлик ва денгиздаги катта махлуқотдан тортиб кичигигача, барча-барчаси У Зотнинг неъмати ва ризқи ила озиқланади. Аллоҳ таоло шундай деди: “Агар (Раҳмон) Ўз ризқини ушлаб-тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ-рўз берадиган ўша зот ким ўзи?!”. (Мулк/21). Ва яна шундай деди: “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур”. (Ҳуд/6). Ва яна ушбу қовли: “Ўз ризқу рўзини кўтара (яъни, топа) олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бордир. Аллоҳ уларга ҳам, сизларга ҳам ризқу рўз берур. У Эшитгувчи, Билгувчидир”. (Анкабут/60). Ана шу Роб субҳанаҳу ва таолодир: “Ана шу Аллоҳ Роббингиздир, бас, Унга ибодат қилингиз!”. (Юнус/3). Аллоҳ жалла ва аладан ўзга бут-санам ёки бошқа бирортаси ризқ бериш ва бошқа ишларга ҳам молик эмас. Балки ўзи ризқланадиган ва сиз-у бизга ўхшаш махлуқдир.
У менинг маъбудим. Мен учун Ундан Ўзга маъбуд йўқ. Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: “Ҳамду сано барча оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ учундир”. (Фотиҳа/2).
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “У менинг маъбудим”, деган сўзларига тўхталсак, Роб азза ва жалла ана шундай ишларни қилар экан, демак, мен ва мендан ўзгаси томондан ибодат қилинишга лойиқ ҳам Унинг Ўзидир. Сўнг шайх роҳимаҳуллоҳ рубубият тавҳидига иқрор бўлишликни ўзи асло кифоя қилмаслигини яна бир бор эслатяптилар. Роббим неъматлари ила мени тарбия қилган Аллоҳдир, деб айтишингиз асло етарли эмас.
Бунинг ўзи етарли эмас, балки ибодат фақат У Зотга қилинишини ҳам эътироф этиб, ибодатни Унга холис адо этмоқлигингиз лозим. Ана шу муваҳҳид билан мушрик орасидаги фарқдир. Муваҳҳид Аллоҳ азза ва жалланинг рубубият ва шериксиз, ёлғиз Ўзи ибодатга ҳақли дея иқрор бўлади. Мушрик эса Аллоҳнинг рубубиятига иқрор бўлиб, ибодат қилишда эса мушрикдир. Ибодат қила туриб Унга ўзгасини ҳам шерик қилади. Унга яратмаган, ризқ бермаган ва бирор нарсага молик бўлмаган бир нарсани шерик қилади. Демак, ана шу муваҳҳид билан мушрик орасидаги фарқдир. Муваҳҳид, Роббим ва маъбудим Аллоҳ. Мен учун Ундан Ўзга маъбуд йўқ, дейди. Мушрик эса: Роббим Аллоҳ, дейди. Ибодат унинг наздида фақат Аллоҳга хос эмас. Аллоҳ билан бирга дарахт, тош, авлиё, солиҳ зотлар ва қабрларга ибодат қилади. Шу сабабдан ҳам у мушрик бўлиб, рубубиятга иқрор бўлиши унга фойда келтирмади ва исломга ҳам дохил қилмади.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “У менинг маъбудим”, деган қовллари, яъни, ибодат қиладиган илоҳим.
“Мен учун Ундан Ўзга маъбуд йўқ”, яъни, на фаришта, пайғамбар, ўтган солиҳ зотлар, дарахт, тош ва боша бирор нарса эмас. Мен учун У субҳанаҳу ва таолодан Ўзга маъбуд йўқ. Ана шу тавҳидни далил асосида қайдлашдир ва бу ақлий далил эди. Сўнг Қуръондан бўлган нақлий далилни зикр қилдилар.
Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: “Ҳамду сано барча оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ учундир”. (Фотиҳа/2).
Ушбу оят Қуръонда “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим”дан кейин турадиган аввалги оятлардан. Ва у жаннат аҳлининг охирги айтадиган сўзларидир. Аллоҳ таоло шундай деди: “Охирги тилаклари эса барча оламлар Робби – Аллоҳга ҳамду сано айтишдир”. (Юнус/10). Аллоҳ азза ва жалла яратишни ушбу калима билан очди-бошлади ва ушбу калима билан якунлади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ҳамду сано осмонлар ва ерни яратган, зулматлар ва нурни таратган Аллоҳ учундир”. (Анъом/1). “(Зеро), уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталарида ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди. Ва “ҳамду сано барча оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ учундир”, дейилди”. (Зумар/75). Демак, холқ-яратишни ушбу калима билан бошлаб ва яна ушбу калима ила тугатди. Чунки бу улуғ бир калимадир.
Аллоҳ таолонинг: “Ал-ҳамду”, қовлига тўхталадиган бўлсак, У Зотга муҳаббат қўйиб ва улуғлаган ҳолда барча неъматлари учун олқиш айтишдир. “Ал-ҳамду”даги “ал”, мутлақ барча мақтов-олқишлар Аллоҳга хосдир ва У бунга лойиқдир маъноларини ифодалайди. Ундан ўзгаси эса қилган яхшилигига қараб мақталади. Аммо мутлақ ва тамомий маънодаги мақтов, у фақат Аллоҳ азза ва жалла учундир. Чунки неъматнинг бари У томондан (ато қилинган).
Ҳатто махлуқ ҳам сизга бирор яхшилик қиладиган бўлса, у ҳам Аллоҳ азза ва жалла ҳузуридандир. Чунки У Зот ушбу махлуқни сизга (яхшилик қилишига) бўйинсундириб қўйди. У Зот унга сизга яхшилик улашишига имконият-иқтидор берди. Демак, натижада барча мақтов-олқиш Аллоҳга қайтади.
“Ал-ҳамду лиллаҳи”қовлидаги “Аллоҳ” лафзи жалолага келсак, барча махлуқотлари устидан улуҳият ва рубубият хислатларига эга зот маъносидадир. Ушбу исм билан У субҳанаҳудан Ўзгаси номланмайди. Ҳатто Фиръавн ҳам: “Мен Аллоҳман”, демаган, балки: “Мен Роббингизман”, деган. Ушбу исм фақат Аллоҳгагина хосдир. Бирор киши ушбу ном билан номланмайди ва журъат қилиб: “Мен Аллоҳман”, деёлмайди.
Демак, барча мақтов ва олқиш оламларнинг Робби Аллоҳ учун экани аниқ-равшан бўлди.
Малоика, қуш, йиртқич, ҳашарот ва Аллоҳнинг Ўзигина ададини биладиган қуруқлик ва денгиздаги барча оламларнинг Робби Аллоҳдир.
“Оламларнинг Робби”, ушбу сифат фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун қўлланилади. Бирор кишига нисбатан: ”Оламларнинг Робби”, деб айтилмайди.
“Ар-Роб”, деб маърифа (аниқлик артикли)да фақат Аллоҳга нисбатан қўлланилади ва Ундан бошқасига нисбатан айтилмайди. Махлуқ эса: “Роббуддар” (ҳовлининг робби-егаси) ёки “Роббул баҳийма” (чорванинг робби-егаси), деб бирор нарсага изофа ўлароқ ишлатилиши мумкин ва шунда ҳам роб калимаси эга, хўжайин маъноларини ифодалайди.
Аллоҳдан Ўзга ҳар бир нарса олам бўлиб, мен ана шу оламнинг бириман.
Сўнгра шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу (Фотиҳа/2) оятидан далил келтиришга ўтдилар.
“Аллоҳдан Ўзга ҳар бир нарса олам бўлиб, мен ана шу оламнинг бириман”, деган сўзларига тўхталадиган бўлсак, Аллоҳ таоло менинг Роббим, чунки У оламларнинг Роббиси ва мен ушбу оламнинг бири бўлар эканман, бирор киши, на кофир ва на мусулмон: мени оламларнинг Роббисидан Ўзга Роббим бор, деб айтолмайди. Бунинг асло имкони йўқ бўлиб, ақли расо киши бу сўзни айтмайди. Бу эса Аллоҳ азза ва жалланинг рубубиятига далилдир. Модомики У Зот оламларнинг Робби бўлар экан, демак, У ободатга лойиқ-ҳақлидир. Ушбу далил У субҳанаҳу ва таолодан Ўзгасига ибодат қилиш нақадар ботил иш эканини кўрсатади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло суранинг давомида шундай деди: “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз”. (Фотиҳа/5).
Ушбу оят қайд-чекловни ифодалайди. Чунки асли (жумлада) кейин келиши лозим бўлган -"اياك" (“Сенгагина”)- аввал келишлиги ва асли (жумлада) аввал келиши лозим бўлган -"نعبد" (“Ибодат қиламиз”)- кейин келишлиги чекловга далолат қилади. Демак, "اياك نعبد" (“Сенгагина ибодат қиламиз”) “نعبدك" (“Сенга ибодат қиламиз”) жумласидан батамом фарқ қилади. Сабаби “نعبد" (“Ибодат қиламиз”) жумласида фақат исбот мавжуд. Бироқ “اياك نعبد" (“Сенгагина ибодат қиламиз”) оятида эса нафий ва исбот бор. Яъни, Сендан Ўзгага ибодат қилмаймиз. Ибодат фақат нафий ва исбот билан тўғри бўлади. Ва у “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг ҳам маъносидир. Ушбу тавҳид калимасида ҳам нафий ва исбот бор бўлиб, улуҳиятни Аллоҳдан Ўзгасидан рад этиб, уни Аллоҳ азза ва жалла учун исбот қилмоқликдир.
Агар сенга: Роббингни нима билан таниб олдинг?, дейилса, оят ва махлуқотлари билан, деб айтгин.
Сен: Роббим мени Ўзининг неъматлари ила тарбия қилган Аллоҳдир, дегандинг. Бунга далил борми?
Шайх роҳимаҳуллоҳ нақлий ва ақлий далилларни келтиряптилар. Агар сенга: Роббингни нима билан танидинг?, дейилса, чунки кимда-ким бирор нарсани даъво қиладиган бўлса, даъвосига далил қоим қилмоғи лозим. Ҳар бир даъвогарга, даъвосига далил келтирмоғи даркор. Акс ҳолда даъвоси нотўғри бўлади. Сен эса: Роббим мени ва барча оламларни Ўзининг неъмати ила тарбия қилган Аллоҳдир, дединг. Далилинг нима? Шунда: далил Унинг оят ва махлуқотлари, деб айтгин. Оят луғатда бирор нарсага аломат-белги, далолат маъносини ифодалайди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Мунофиқнинг ояти -яъни аломати- учта”. (Бухорий/33, Муслим/59 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят).
“Оят(лари)... билан”, яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога далолат қилувчи аломат ва белгилар. Ушбу сиз кўриб турган борлиқнинг бари йўқ эди. Сўнг Аллоҳ таоло уни йўқдан бор қилди ва Ўзининг қудрати ила яратди.
Ушбу борлиқда наботот, (махлуқотларнинг) туғилиши ва кўриб турганингиздек бундан бошқа вужудга келаётган махлуқотлар бор. Ушбуларни ким яратаяпти? У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Ўша махлуқотлар ўзини ўзи яратдими ёки башариятдан бирортаси яратдими? Бирор киши ушбуни даъво қилмаган, қиломайди ҳам.
Аллоҳ таоло шундай деди: “Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимикинлар-а?! Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!”. (Тур/35-36). Ушбу нарсалар ўзини ўзи яратган эмас ёки махлуқотлардан бири ҳам яратган эмас. Бирор киши ҳаргиз бирор дарахт, чивин ёки пашшани яратолмайди: “Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам ҳатто бир дона чивинни ярата олмаслар”. (Ҳаж/73).
Ушбу махлуқотлар Холиқ субҳанаҳу ва таолога далолат қилади. Шу сабабли ҳам саҳродаги аъробийга: Роббингни нима билан танидинг?, дейилганда, шундай деган экан: тезак туяга, излар эса босиб ўтилган йўлга далолат қилса, ахир ушбу борлиқ Латиф, Хабардор Зотга далолат қилмасинми?!
Ердаги оёқ изларига кўзингиз тушса, ушбу (излар) бирор киши ана шу жойдан ўтиб кетганига далолат қилмайдими? Туянинг тезагига кўзингиз тушса, ушбу (тезак) ана шу жойдан туя ўтиб кетганига далолат қилмайдими? Тезак туяга, из эса кимдир ушбу йўлни босиб ўтганига далолат қилади.
Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг оят-аломатларидан. Етти осмон ва етти ер ҳамда уларнинг ичидаги ва орасидаги бор нарсалар Унинг махлуқотларидандир.
“Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг оят-аломатларидан”, деган сўзларига тўхталадиган бўлсак: оят-аломатлар икки қисмга бўлинади:
Биринчиси: Кўз ўнгимиздаги кавний-борлиқдаги оят-аломатлар. Осмонлар, ер, юлдузлар, қуёш, ой, тоғ, дарахт ва денгизлар каби. Чунки ушбу нарсалар Холиқи субҳанаҳу ва таолога далолат қилади. Шунинг учун ҳам Абул Атоҳия айтадики:
Во ажаб, илоҳга қандай осийлик қилинади? Ёки инкор қилувчи Уни қандай инкор қиларкин?
Ҳар бир нарсада Унинг Ягона Зот эканига далолат қиладиган оят-аломат бордир.
Борлиқдаги ҳар бир ҳаракат ва сукунатда Аллоҳга гувоҳ-шоҳид бордир.

Ахир қандай қилиб киши Аллоҳ жалла ва алани инкор қилиб: ушбу барча борлиқнинг Роббиси йўқ. Махлуқотлар Яратувчисиз ўзи шундай вужудга келган, деб айта олади?! Агар бирор яратувчи вужудга келтирган бўлса, унда Аллоҳ жалла ва аладан Ўзга ўша яратувчи ким эканини айт менга! Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан Ўзга Яратувчини тополмайсан ҳам: “Ё улар (Аллоҳ) яратгани каби ярата оладиган бутларни Аллоҳга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар(ни Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: ”Аллоҳ барча нарсани Яратгувчидир ва У Танҳо Ғолибдир”. (Раъд/16).
Иккинчиси: Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган ваҳийдан иборат тиловат қилинадиган Қуръон оятлари. Ушбу кавний-борлиқдаги ва Қуръоний оятларнинг бари Роб субҳанаҳу ва таолонинг бор ва мукаммал Зот эканига ҳамда исм ва сифатларига, шериксиз ёлғиз Ўзи ибодатга ҳақли-лойиқ эканига далолат қилади.
Кавний оятлар ўзининг Холиқи, вужудга келтирувчиси ва бошқарувчисига далолат қилса, Қуръон оятларида эса Аллоҳга ибодат қилишга бўлган буйруқ, рубубият тавҳидини қайдлаб ўтиб, уни улуҳият тавҳидига далил қилиб келтириш ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишга бўлган буйруқ бордир. Қуръоннинг бари ана шу маъно атрофида айланиб, ушбу маъно сабабидан нозил қилинган.
Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг оят-аломатларидан. Ушбулар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг энг улкан оят-аломатларидандир. Ушбу борлиқни ўраб-қоплаб оладиган зулуматли тун ва коинотни ёритиб борадиган нур таратувчи кундуз. Натижада одамлар ўз ишлари сари отланадилар. Аллоҳ таоло шундай деди: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: “Хабар берингчи, агар Аллоҳ кечани қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга ёруғлик келтира олур?! Ахир англамайсизларми?!”. Айтинг: “Хабар беринг-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга ором оладиган кечани келтира олур?! Ахир кўрмайсизларми?! (Аллоҳ) сизлар учун кеча ва кундузни -унда (яъни, кечада) ором олишларингиз, (кундузи эса) Унинг фазл-ризқидан исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун пайдо қилиб қўйгани Унинг раҳмат – марҳаматидандир”. (Қасос/71-73).
Ушбу кеча ва кундуз Аллоҳ таолонинг энг улкан оят-аломатларидандир. Вақтнинг ҳаммаси кеча ёки вақтнинг бари кундуз ҳам эмас. Агар шундай бўлганида бандаларнинг манфаатлари чиппакка чиқиб, ўзлари ҳам машаққатга юз тутишарди.
Аллоҳ таоло улар учун кеча ва кундузни бир-бирини қувиб юрадиган қилиб берди. Сўнг ушбу тун ва кун бирор зиддият ва ўзгаришсиз, интизом билан ҳаракат қилади. Бу эса Ҳаким субҳанаҳу ва таолонинг ҳикматига далолат қилади. Бандаларнинг саноат ва қилган ишлари эса харобаси чиқиб, қандай бўлмасин барибир ишдан чиқади. Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқотлари эса У Зот изн берган вақтдагина хароб бўлади.
Кеча ва кундуз давомий бўлиб, бирор киши улар сабабли талофат кўрмайди. Махлуқнинг қилган ишлари эса ишдан чиқиб, бизулиб, йўқ бўлиб кетади. Гарчи кучли ва катта ҳажмга эга бўлса-да.
Қанчадан-қанча урилган-зарб еган машина, тайёра-самолёт ва кемаларни кўрасиз. Ҳолбуки уларга кучли-мустаҳкам бўлсин дея катта аҳамият қаратилган. Бироқ бузилиб, ишдан чиқаверади. Кеча ва кундуз бузилиб, ишдан чиқадими? Йўқ. Чунки у Қудратли, Ҳикматли азза ва жалланинг ишидир: “(Бу) барча нарсани пухта қилган Зот – Аллоҳнинг ҳунаридир”. (Намл/88).

Субҳанаҳу ва таолонинг рубубият ва улуҳиятига далил
Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!”. (Фуссилат/37).
Ушбу оят Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг рубубият ва улуҳиятда (ягона Зот) эканига далилдир: “Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир...”.
Қуёш ва ой: қуёш борлиққа зиё улашадиган, доимо чарақлаб турувчи катта бир юлдуздир. Аллоҳ таоло айтганидек: “Ва доимо чарақлаб тургувчи чироқни (яъни, қуёшни пайдо) қилдик”. (Набаъ/13). Ой эса кечани ва одамлар учун йўлни ёритиб берадиган нурдир. Борлиқдаги дарахт, мева ва денгизларга ой нурининг улкан фойдалари бор. Агар қуёш ғойиб бўладиган бўлса, бутун борлиқ зарар кўриб, одамзотнинг ҳаёт ва фойдалари барбод бўлади. Ой ғойиб бўлса ҳам ҳудди шундай (зарарлар кузатилади). Ойни мева ва дарахтларга фойдаси бўлиши билан бирга, унинг воситасида муддатларни билиш мумкин. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ойни эса (кечалари) нур – ёруғлик қилган ва сизлар йилларнинг саноғини ҳамда (вақтларнинг) ҳисобини билишларингиз учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзил-буржларга бўлиб қўйган Зотдир”. (Юнус/5). Ва яна ушбу қовли: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир”. (Бақара/189).
Демак, ойларда вақт ва муддатларни билиш каби фойдалар бор. Мисол учун: қарз муддати, аёллар (талоқ қилингандаги) идда ва (табиий қонлари) муддати, рўза ва ҳаж каби ибодатларнинг муддатини билиш каби. Ушбу муддатларнинг барини икки юлдуз бўлмиш: қуёш ва ойга биноан билиб борасиз. Шамсий ва қамарий ҳисобда барча инсоният учун фойдалар бор.
Етти осмон Унинг махлуқотларидандир. Аллоҳ таоло шундай деди: “Аллоҳ етти осмонни ва ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни, етти қават ерни) яратган Зотдир”. (Талоқ/12). “(У) етти осмонни устма-уст қилиб яратган Зотдир...”. (Мулк/3). Демак осмонлар устма-уст бўлиб, дунё осмони, сўнг еттинчи осмонгача бирин-кетин бўлган осмонлар. Барчасининг юқорисида эса Раҳмон субҳанаҳу ва таолонинг арши.
Аллоҳ таоло айтганидек етти ер ҳам (Унинг махлуқотларидандир): “Ва ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни, етти қават ерни) яратган Зотдир”. Ер ҳам етти қатлам-табақадан иборат. Осмон ва ернинг етти қават қатлам-табақасининг ҳар бирида маскан тутган яшовчи-махлуқотлар мавжуддир. Осмонлардаги юлдузлар, қуёш ва ой ҳамда ердаги турли навларга эга бўлган тоғ, дарахт, тош, маъдан (қазилма бойликлари) ва денгизлар каби махлуқотларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг оят-аломатларидандир. Ушбу оят-аломатлар кўзимиз билан кўриб, гувоҳ бўлганимиз кавний-боқлиқдаги оят-аломатлардир.
Шайх роҳимаҳуллоҳ: далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!”. (Фуссилат/37), дедилар.
Кеча Унинг оят-аломатларидан, яъни, рубубияти, қудрати ва якка Ўзи ибодатга ҳақли-лойиқ эканига далолат қилувчи оят-аломатлардан зулматли кеча ва бутун борлиқни ёритувчи кундуздир. Ушбулар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ажойиботларидандир.
Бутун борлиқни бир лаҳзада зулуматли ва яна бир лаҳзада ёруғ қиладиган Зот ким? У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Агар халқлар ер юзининг бир бурчагини ёритиш учун жамланишса, фақат маълум бир чекланган қисминигина ёритиша олади. Агар дунёдаги бутун электр токини олиб келишганда ҳам, у фақат ернинг маълум бир қисмини ёритади холос.
Қуёш ва ой эса бутун борлиқни ёритади. Кеча ва кундуз бир-бирини қувиб-таъқиб қилиб боради. Қуёш ва ой ҳам ҳудди шундай.
Аллоҳ таоло айтадики: “Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!”. (Фуссилат/37).
Бу ширкни барбод-ботил қилишдир. Махлуқотларга сажда қилманглар. Чунки энг улкан махлуқотлар қуёш ва ой бўлиб, мушриклар бу иккисига ибодат қилиб, сажда қилишарди. Уларнинг орасида Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмлари каби ой ва юлдузларнинг ҳайкал-тимсолини ясаб, уларга ибодат қиладиганлари бор эди. Аллоҳ таолонинг ушбу: “Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам... сажда қилманглар”, қовлига келсак, сажданинг маъноси пешонани маъбудга итоат этган ҳолда ерга қўймоқ. Ва бу ибодатларнинг энг улуғидир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Банда Роббисига энг яқин бўлган (лаҳзаси) – саждада эканлигидадир”. (Муслим (482) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят).
Ибодат турларининг энг улуғи ерга (йиқилиб) сажда қилишдир. Чунки юзингиз танангизнинг энг азиз қисми бўла туриб, уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бандалик бажо қилиб ва хокисор бўлиб У Зот учун ерга қўясиз. Ана шу ҳақиқий сажда бўлиб, ушбу ибодат билан фақат Аллоҳ таологагина сиғинилади.
Қуёш ва ойга сажда қилишга келсак, у сажда қилишга нолойиқ бўлган бир махлуққа сажда қилишдир. Махлуқотларга сажда қилиш жоиз эмас. Балки сажда махлуқотларнинг Холиқи азза ва жаллагагина қилинади. Махлуқотлар эса сиз каби яратилган, уларнинг устидан бошқарилиб турилади. Ўзингиз каби ожиз бир махлуққа сажда қиласизми? Бу асло жоиз эмас. Инсон ақл-у заковати қандай қуйи даражага етди-я?!
Сажда – Уни бирор нарса ожиз қолдирмайдиган Холиқ субҳанаҳу ва таологагина лойиқдир. Сажда Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаққи, махлуқнинг ҳаққи эмас, гарчи ушбу махлуқ катта ва улкан бўлса-да. Чунки у заиф бир махлуқ бўлиб, унинг тепасидан бошқариб, тасарруф этиб турадиган бир Зот бор. “Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!”.(Фуссилат/37).
Демак, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз даркор. Агар У Зотга ва бошқасига ҳам сажда қилар экансизлар, Аллоҳга тўғри ибодат қилувчи бўлмабсизлар. Балки Унга ширк ила ибодат қилган бўлиб, ширк ибодатни барбод қилади.
mutaallim   01-31-2012, 10:44 AM
#10
Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “(Эй инсонлар), албатта Роббингиз – Аллоҳ шундай Зотдирки, осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига кўтарилди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам ёлғиз Уникидир. Барча оламлар Робби – Аллоҳ Баракотлидир”. (Аъроф/54).
“Албатта Роббингиз”, яъни, сизларни Яратувчи ва неъматлар билан тарбия қилувчи.
Сўнг Яратувчи ва тарбия қилувчи эканига далил сифатида шундай деди: “Осмонлар ва ерни олти кунда яратиб...”. Ушбу оят Аллоҳ азза ва жалланинг рубубиятига ҳужжатки, У Зот осмонлар ва ерни яратди. Бирор киши ушбуларни яратмаган ва субҳанаҳу ва таолога яратишда кўмак ҳам бермаган. Балки Унинг ёлғиз Ўзи Яратувчидир: “Осмонлар ва ерни олти кунда яратиб...”. Мушрик ва мулҳидлардан бирортаси ушбу оятга қарши чиқиб: Аллоҳ осмонлар ва ерни яратмаган. Балки фалончи ёки мен ё бўлмаса фалончи бут-санам яратган, дея оладими? Тарихда-ю ҳозирда бирор кимса ушбу сўзни айтганми? Ҳолбуки ушбу оятлар эрта-ю кеч тиловат қилинади. Бирор киши ушбу оятга қарши чиқмаган ва келажакда ҳам асло қарши чиқолмайди.
“Олти кунда”, яъни, ушбу баҳайбат, улкан махлуқотларни Аллоҳ таоло олти кунда яратди. Ҳолбуки бир лаҳзада яратишга ҳам қодир эди. Бироқ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли олти кунда яратди. Ушбу олти куннинг аввали якшанба, охиргиси эса жума кунидир. Жума куни холқ-яратишлик тамомий-мукаммал бўлди. Ана шу сабабли ҳам ушбу кун ҳафта кунлари ичидаги энг улуғи, кунларнинг саййиди ва ҳафтанинг байрами ҳамда барча кунлардан афзалидир.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Қуёш порлаб чиққан кунларнинг яхшиси жума кунидир”. (Муслим (854), Абу Довуд (1046), Термизий (488), Насоий 90/3 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Чунки жума куни махлуқотларни яратиш тўла-мукаммал бўлди. Ушбу кунда Одам алайҳиссалом яратилиб, жаннатга киритилди ва ана шу куни ундан (жаннатдан ерга) туширилди. Ва яна бу кунда қиёмат қоим бўлади. Ана шуларнинг бари жума куни рўй беради. Демак, у кунларнинг афзали ва осмонлар-у ер ва улар ичидаги бор нарсанинг яратилишини сўнгги кунидир.
“Сўнгра Ўз аршига кўтарилди”, яъни, “Сўнгра” калимаси тартиб-кетма-кетликка далолат қиладики, аршга кўтарилиши осмонлар ва ерни яратганидан сўнг бўлди. Чунки у (яъни, аршга кўтарилиши) Аллоҳ хоҳлаганида қиладиган-сифатланадиган феълий сифатлардандир.
“Кўтарилди”, яъни, юқорилади, олий бўлди.
“Ўз аршига”, яъни, арш – махлуқотларнинг шифти-томидир. Луғатда эса: тахт маъносини ифодалайди. Ўз устунларига эга бўлган тахт бўлиб, фаришталар уни кўтариб туради. Ва у махлуқотларнинг энг улкан ва юқоридагисидир.
"الاستواء" (Кўтарилиш, юқорилаш): Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буюклигига лойиқ бўлган феълий сифатларидан биридир. Махлуқнинг махлуққа кўтарилиши-олий бўлиши каби эмас. У Зот аршга муҳтож эмас. Чунки У аршни ҳам, бошқасини ҳам тутиб-ушлаб туради. “Албатта Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки, агар улар қуласалар У Зотдан сўнг (яъни, Аллоҳдан Ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас”. (Фотир/41).
Арш Аллоҳ таолога муҳтож, чунки у махлуқдир. Аллоҳ таоло эса аршдан ҳам, бошқасидан ҳам Беҳожатдир. Бироқ У Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли унга (аршга) кўтарилди. Кўтарилиш олий бўлишнинг бир туридир. Бироқ "العلو" (Олийлик) зотий сифат, "الاستواء" (Кўтарилиш, юқорилаш) эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хоҳлаганда қиладиган-сифатланадиган феълий сифатдир.
“У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар”, яъни, тунни кунга қоплаб, тунни эса кунга ёпинчиқ каби ўрайди. Натижада борлиқни ёруғ ҳолатда кўрасиз. Тунни кунга қоплаганда эса олам зулматга чўмади.
Тунни кунга қоплайди, натижада ёруғлик бўлади. “(Ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар”. Бунисидан (кундуздан) кейин униси (кеча) танаффус олмай келиб, ортда қолмайди-кечикмайди. Кеча кетгач кундуз келади ва кундуз кетгач кеча келади. Бир-биридан ортда қолиб кетмайди. Буларнинг бари субҳанаҳу ва таолонинг Қудратини мукаммал эканидандир. Қуёш барчага маълум бўлганидек улкан бир юлдуздир. Ой ҳам етти ҳаракатланадиган юлдузнинг бири. Қуёш-у ойнинг иккиси ҳам ер атрофида айланади. Ер силжимас-барқарордир. Аллоҳ таоло уни бандаларнинг фойдалари учун силжимас қароргоҳ қилди. Қуёш ва бошқа фалаклар эса унинг атрофида айланади. (Иш) билимни даъво қилган бугунги вайсақилар айтгандек эмас. Улар Қуръонга акс йўл тутиб: қуёш силжимас, ер эса қуёш атрофида айланади, дейишади. “Қуёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур”. (Ясин/38). Улар эса: қуёш ҳаракатланмайди, дейишади. Ажиб, субҳаналлоҳ!
“Ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди)”, яъни, тўхтамай доимий ҳаракатланишга бўйинсундириб қўйилган. Демак, ушбу оят қуёш, ой ва юлдузларга ибодат қиладиганларга раддияки, уларнинг бари Аллоҳнинг амрига бўйинсунади. Уларни ҳаракатга келтирадиган Аллоҳ таолодир ва Унинг Ўзи хоҳлаганда уларни ҳаракатдан тўхтатади. Демак, уларнинг тепасидан бошқарилиб туриладиган, бўйинсундирилиб қўйилган махлуқотлар бўлиб, улар учун бошқарувдан бирор нарса йўқ.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло амр этиши биланоқ ҳаракатга келиб, Унинг кавний буйруғи ила нур сочади. Буниси чиқиб, кейингиси ботиб, бир-бирини қувиб юради.
“Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам ёлғиз Уникидир”.
“Огоҳ бўлингизким”, диққатни жалб қилиш ва қайдлов ундалмаси. “Ёлғиз Уникидир”, яъни, субҳанаҳу ва таолодан Ўзгасиники эмас.
“Яратиш”, яъни, йўқдан бор қилиш. У яратишга Қодир Зот бўлиб, хоҳлаган нарсасини яратади.
“Буюриш”, яъни, субҳанаҳу ва таолонинг амри – Унинг кавний ва шаръий каломидир.
Кавний каломи-сўзига келсак: ушбу кавний сўзи ила махлуқотларга амр этади, шунда улар У Зотга итоат этиб, лаббай дея ижобат қиладилар. Аллоҳ таолонинг мана бу қовлига ўхшаш: “Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: “(Менинг амри-фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!”, деган эди, улар: “Ўз ихтиёримиз билан келдик, (амрингга бўйинсундик)”, дедилар”. (Фуссилат/11). Бу Аллоҳнинг кавний амри-фармони бўлиб, осмонлар ва ерга ушбу кавний буйруғи ила амр этганди, бас, улар ташкил топиб-вужудга келди. “Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина “Бўл”, демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур – вужудга келур”. (Ясин/82). Бу кавний амру-фармони эди.
Шаръий амру-фармонига келсак, у нозил қилинган ваҳий бўлиб, ушбу ваҳий воситасида Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига ибодат қилишга, намоз, закот, ота-онага яхшилик қилишга буюради. Бу шаръий амру-фармонидир. Ушбу шаръий амри остига Қуръони Карим ва пайғамбар суннатидаги буйруқ ва қайтариқлар дохил бўлади. Буларнинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амридандир.
Яратиш ва амру-фармон Унгагина хос экан, унда субҳанаҳу ва таолодан Ўзгасига нима ҳам қолди? Шунинг учун ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ушбу оятни ўқиганларида: “Барча нарса Уни(нг қўлида бўлган) Зотдан сўраб-талаб қилсангчи”. Ушбу оят яратиш ва амру-фармон орасида фарқ бор эканига далолат қиляпти. Бу эса Қуръон махлуқ дейдиганларга раддиядир. Чунки Қуръон амру-фармон жумласидандир. Аллоҳнинг амри эса махлуқ эмас. Чунки Аллоҳ таоло яратиш ва амр ўртасини ажратди ва у иккисини ўзаро фарқли бўлган икки нарса эканини зикр қилди. Демак, Қуръон амру-фармон остига дохил бўлиб, у махлуқ эмасдир.
Ушбу масалада имом Аҳмад (роҳимаҳуллоҳ) жаҳмиялар билан мунозара қилдилар. Улар у кишидан Қуръон махлуқ дейишларини талаб қилишганида: "Қуръон яратилган нарсалар жумласиданми ёки амру-фармон қилинган нарсалар жумласиданми?", дедилар. Улар: "Қуръон амру-фармон жумласидан", дейишди. У киши эса: "Амру-фармон махлуқ эмас", дедилар. Аллоҳ таоло амр билан холқ-яратиш орасини ажратди. Яратишни бир нарса ва амр-буйруқни бошқа бир нарса деб зикр қилди.
Амр – Калом (сўздир). Холқ-яратиш эса йўқдан бор қилиш ва вужудга келтиришдир. Демак иккиси ўртасида фарқ бор.
“Барча оламлар Робби – Аллоҳ Баракотлидир”, яъни, феъл ва қудрати юқорида васф қилингандек бўлган ҳамда шундай (улкан) махлуқотларга эга Зот буюк, барокатли ва олий бўлди.
“تبارك" (Баракотли бўлди): ушбу феъл Аллоҳ субҳанаҳу ва таологагина хос бўлиб, Ундан Ўзгасига ишлатилмайди. Барака – мўл-кўл яхшилик ва унинг ўсиб-кўпайиб боришидир. Аллоҳ жалла ва аланинг баракаси асло ниҳоя топмайди. Махлуқ борасида эса: “تبارك" (Баракотли бўлди), деб айтилмайди. Балки: барака ато қилинди дейилади, яъни, Аллоҳ таоло Унга барака ато этиб, муборак қилди. Бараканинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодандир.
“Барча оламлар Робби”: бу ҳақда юқорида қйтиб ўтилди. Ушбу оятда ҳам тавҳид қайд этиб ўтилди, рубубият ва улуҳият тавҳиди.
Роб – маъбуд (сиғиниладиган Зот)дир. Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз. У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг!”. (Бақара/21-22).
“Роб – маъбуд (сиғиниладиган Зот)дир”, яъни, У Зотгина ибодатга лойиқ-ҳақли. Ундан ўзгаси эса ибодатга нолойиқ. Чунки у Роб эмас. Сўнг инсон рубубиятга иқрор бўлишлигини ўзи кифоя қилмайди. Балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун убудиятга ҳам иқрор бўлиб, ибодатни У Зот учун холис адо этмоғи лозим. Модомики У Зотни Роб дея тан олар экан, энди Уни маъбуд дея ва Ундан ўзгаси ибодатдан бирор нарсага ҳақли эмаслигини ҳам тан олиши зарур. Ибодат фақат Роб субҳанаҳу ва таологагина хос эканига далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз. У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг!”.
“Эй инсонлар”: ушбу нидо Аллоҳ таоло томонидан жамийки инсониятга, мўмин ва кофирларга қаратилгандир. Чунки Аллоҳ таоло ушбу бақара сурасида одамларни уч қисмга бўлинишини ёд этди:
Биринчи қисм: ғайбга ва охират кунига иймон келтирган ҳамда У Зот уларни нажот топгувчилар дея васф этган мўминлардир: “Роббилари томонидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир”. (Бақара/5).
Иккинчи қисм: куфр ва саркашликни зоҳирда намоён этадиган кофирлар. Аллоҳ таоло шундай деди: “Куфр йўлини тутган кимсалар эса хоҳ сиз (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларни (Аллоҳ таолонинг азобидан) қўрқитинг, хоҳ қўрқитманг, уларга баробардир – иймон келтирмайдилар”. (Бақара/6).
Учинчи қисм: кофирлар билан ҳам, мўминлар билан ҳам бирга бўлмаган мунофиқлар: “Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар”. (Нисо/143). Улар зоҳиран мўмин бўлсалар-да, бироқ ботинда кофирдирлар. Улар куфрларини ошкора намоён қиладиган кофирлардан-да ёмон. Шунинг учун ҳам улар ҳақида ўндан зиёд оят нозил бўлди. Мўминлар ҳақида озгина, кофирлар ҳақида эса икки оят нозил бўлди. Мунофиқларни эса ушбу қовлидан бошлаб: “Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки...” (Бақара/8), то мана бу қовлигача: “Яшин кўзларини кўр қилгудек бўлади...” (Бақара/20) зикр қилди.
Ушбу оятларнинг бари хатарлари катта ва қилмишлари қабиҳ бўлгани боис мунофиқлар ҳақида бўлди. Аллоҳ таоло ушбу уч гуруҳни ёд этгач, шундай деди: “Эй инсонлар...”. Ушбу чақириқ-нидо мўмин, кофир ва мунофиқлардан иборат барча гуруҳ эгаларига йўналтирилгандир. Уламолар ушбу оятни Қуръондаги аввалги нидо (ояти) дейдилар.
“Ибодат қилингиз”: буйруқ фели, яъни, ибодатни У Зот учун холис адо қилинглар. Нима учун? Чунки у Роббингиздир. Ибодат фақат Роб субҳанаҳу ва таолога (қилинсагина) тўғри бўлади. Сўнг ушбу сўз-буйруққа далилни ёд этди: “Сизларни ... яратган...”.
“Ва сизлардан илгари ўтганларни ... яратган”, яъни, барча уммат-халқларни. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло малоика, жин, инсон ва барча махлуқотларни яратган.
“Тақво эгалари бўлишингиз учун”, яъни, ушбу ишлар борасида тадаббур қилсангизлар, шояд бу сизларда тақво сифати ҳосил бўлишига сабаб бўлар. Агар У Зот сизларни ва сизлардан илгаригиларни ҳам яратган эканини тадаббур қиладиган бўлсангизлар, шояд шунда У Зотга ибодат қилишда тақво қиларсизлар. Чунки Унинг азобидан субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишгина сақлайди. Шояд шунда Менинг азобим ва дўзахимдан қўрқарсизлар. Чунки сизларни бу фалокатдан фақатгина барчангизни яратган Роббингизга ибодат қилишингиз тўсади холос.
Сўнг Ўзининг рубубият ва улуҳиятига далил келтиришга ўтди: “У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ... қилиб қўйди”, яъни, кенг ёзиб қўйди. “Аллоҳ ерни сизлар учун ёйиқ-текис қилиб қўйди”. (Нуҳ/19), яъни тўшалган, ёзилган. Унда ором олиб, бино қуриб, экин экиб, сафарда хоҳлаган томонингизга қараб юрасизлар. Ер фойдаларингиз кўзланган ҳолда сизлар учун тўшалган қароргоҳдир: “Ерни эса ёйиқ-кенг қилиб қўйдик. Бас, (Биз) нақадар яхши Ёйгувчидирмиз”. (Зориёт/48).
“Осмонни том қилиб қўйди”, яъни, осмон ер учун шифт вазифасини ўтайди ва унда бандалар учун кўплаб фойдалар бор: “Ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг!”. (Бақара/22).

Аллоҳ таоло буюрган ибодат турлари ва ҳар бир турнинг далили
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: Ушбу нарсаларни Яратгувчи Зот ибодатга лойиқ-ҳақлидир.
Шайх роҳимаҳуллоҳ Роб – маъбуд, деб Аллоҳ таолонинг ушбу: “Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз”, қовлини далил қилиб келтиргач, Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг ушбу оятга берган изоҳларини нақл қилдилар. Ва ибодат турлари ҳамда ҳар бир турнинг далилини баён қилиб беришни хоҳладилар. Ибодатнинг луғатдаги маъноси: хокисор бўлиш, бўйинсуниш. Мисол учун: “طريق معبد", яъни, устидан юриб ўтиш давомида ҳозирланган-бўйинсундирилган йўл.
Ибодат икки қисмдир:
Биринчи қисм: барча махлуқотлар умуман олганда Аллоҳнинг бандаларидир. Мўмин, кофир, фосиқ ва мунофиқ. Бари Аллоҳнинг бандаси. Яъни, барчалари Унинг тасарруфи ва бошқаруви остидадир. Шундай экан уларга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишлари вожиб бўлади. Демак, барча халқлар, кофир-у мўминларнинг бари Аллоҳнинг бандаларидир. Яъни, Унинг бўйинсундирилган махлуқотлари, улардан бирор киши Унинг бошқарувидан ташқарига чиқмайди. Аллоҳ таоло шундай деди: “Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келгувчидир”. (Марям/93). Ушбу маъно остига осмонлар ва ердаги барча, мўмин-у кофир дохил бўлиб, барчалари қиёмат куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўйинсунган ҳолда келадилар ва бирор кишининг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мулкида шериклиги йўқ.
Иккинчи қисм: фақатгина мўминларга хос бўлган убудийят-бандалик. Аллоҳ таоло шундай деди: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозуъ билан юрадиган....”. (Фурқон/63). Ва мана бу қовли: “Аниқки Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик йўқдир”. (Ҳижр/42). Шайтон шундай деди: “Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)”. (Ҳижр/40). Бу хос бандалик бўлиб, у – тоат ҳамда Аллоҳга У Зотни ибодатда яккалаш ила қурбат ҳосил қилинадиган бандалик-қулликдир.
Ибодатнинг шариатдаги таърифи борасида уламолар ихтилофлашишди. Яъни, турли иборалар ила таъриф беришган бўлса-да, бироқ маъно бирдир. Улар ичида Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ “Нуния”да айтганларидек: ибодат хокисорлик ва муҳаббатнинг чек-ниҳоясидир, деганлар ҳам бўлди.
“Раҳмонга қуллик бажо қилиш банда томонидан ғоятда муҳаббат ва хокисорлик ила бўлур. Ушбулар (яъни, ғоятда муҳаббат ва ниҳоятда хокисорлик) икки қутбдир”.
Демак, Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ ибодатга муҳаббатнинг чек-чегараси ва хокисорликнинг ниҳоий кўриниши дея таъриф бердилар.
Ва яна улар ичида: ибодат – урф тақозо-талаби ва ақл ҳосиласидан холи ўлароқ шаръан буюрилган буйруқлар, деб айтганлар ҳам бўлди.
Чунки ибодат тавқифий-далилга қайдланган бўлиб, на ақл ва на урф-одат билан эмас, балки шариат билангина жорий бўлади. Бу тўғри таърифдир.
Бироқ шайхул ислом Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ берган таърифлари кўп қиррали ва сермаънодир: “Ибодат Аллоҳ таолога суюкли бўлган ҳар бир зоҳирий-ошкора ва ботиний-махфий сўз ва амални ўзида жо қилган калимадир”.
Ушбу таъриф кўп қиррали ва сермаънодир. Яъни, ибодат Аллоҳ таоло буюрган барча амалларни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло буюрган ишни Унга тоат ўлароқ адо этиш ва қайтарган қайтариқни Аллоҳ таолога итоат ўлароқ тарк этиш. Ана шу ибодатдир. Ибодатларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Турлари жуда кўп. Аллоҳ таоло буюрган ҳар бир амални қилиш ва қайтарган барча қайтариқларни Унга тоат ўлароқ тарк этиш ибодатдир. Хоҳ ушбу амаллар тана аъзолари ила бажариладиган зоҳирий ёки қалбда адо этиладиган ботиний амаллар бўлсин, бари ибодатдир. Чунки ибодат тил, қалб ва тана аъзолари ила бажарилади.
Тасбиҳ, зикр, таҳлил ва икки шаҳодат калимасини нутқ қилиш каби тилда адо этиладиган шаръий сўзларнинг бари ибодатдир.
Шунингдек, Аллоҳга қурбат ҳосил қилайин дея қалбда адо этиладиган хавф, умид, рағбат, қўрқув, таваккул, тавба-тазарру, мадад сўраш каби ибодатларнинг бари қалб амалларидир. Аллоҳ таолога қалб ила суяниш-таяниш, Ундан қўрқиб, У Зотга рағбат, муҳаббат, ихлос ва содиқ бир нийят қилиш, демак, қалбдаги ушбу амалларнинг бари ибодат турларидандир.
Ҳудди шундай рукуъ, сажда, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш, нафс истакларига қарши жиҳод қилиш, ҳижрат ва рўза тутиш каби амаллар, тана азолари билан адо этиладиган ибодатлардир.
Демак, ибодатлар тил, қалб ва тана аъзолари ила адо қилинар экан. Сўнг ушбу ибодатлар (яна бир бошқа жиҳатдан) бадан-жасад ва мол сарф қилиш билан адо этиладиган қисмларга бўлинади.
Бадан-жасад ила адо этиладиган ибодатларга мисол: юқорида айтиб ўтилган уч турдаги тил, тана аъзолари ва қалб ила амалга ошириладиган ибодатлардир.
Мол сарф қилиш билан бўладиганга мисол: закот чиқариш, Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш, жиҳод учун мол сарф қилиш. Аллоҳ таоло шундай деди: “Аллоҳ йўлида молу жонлари билан курашган зотлар...”. (Тавба/20). Аллоҳ таоло оятда жондан аввал молни зикр қилди. Демак, мол билан жиҳод қилиш пул сарф қилиш билан адо этиладиган ибодатдир. Ҳаж ҳам бадан-жасад, ҳам мол сарф қилиш билан бўладиган ибодат. Ҳаж амаллари-маносиклар: тавоф, саъй, тош отиш, Арафа (тоғи)да туриш, Муздалифада тунаб қолиш бадан билан бўладиган ибодатлар. Ушбулар учун пул сарф қилиш эса мол билан адо этиладиган ибодатдир. Чунки ҳаж қилиш сарф-ҳаражатга эҳтиёж сезади.

Ислом, иймон ва эҳсон ҳамда ҳар бирининг далили
Аллоҳ таоло буюрган ибодат турларига мисол ислом, иймон ва эҳсон.
Шайх роҳимаҳуллоҳ ибодатга мисол қилиб, чеклаш мақсадида эмас, бир қанча ибодат турларини ёдга олдилар. Чунки улар шайх роҳимаҳуллоҳ зикр қилганларидан-да кўп бўлиб, уларни мухтасар бир рисолада жамлашнинг имконияти йўқ. Бироқ мисол тариқасида зикр қилдилар. Шайхул ислом роҳимаҳуллоҳнинг “Ал-Убудия” номли алоҳида рисолалари бўлиб, ушбу рисолада ибодат ва унинг турлари ҳамда ибодат борасида сўфий ва бошқа тоифалар томонидан рўй берган оғишишларни баён қилиш ҳақида баҳс олиб борилган. Ушбу қимматли рисолани толиби илм ўқиб чиқишга муҳтождир.
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Ислом, иймон ва эҳсон”, деган сўзларига тўхталадиган бўлсак, ушбу уч тур, ибодат турларининг энг катталаридир. Ислом, иймон ва эҳсон. Шайх роҳимаҳуллоҳнинг иккинчи асос ҳақидаги сўзларида ушбу уч тур ибодатга шарҳ бериб ўтилади. Ушбу ўринда ёдга олишларига сабаб эса, чунки улар ҳам ибодат турларидандир. Ислом беш рукн: икки шаҳодат калимаси, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Рамазон рўзасини тутиш ва Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш. Ушбу ибодатлар мол ва жасад ила амалга оширилади. Шунингдек, иймон олти рукн бўлиб, улар қалбда адо этилади: Аллоҳга, малоикаларга, китобларга, элчиларга ва охират кунига иймон келтириш ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтириш. Ушбулар қалбий ибодатлардир.
Эҳсон эса бир рукндан иборат. У – Аллоҳга, гўёки Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўриб туради. Бу ибодат турларининг энг олийсидир. Чунки эҳсон ибодатларнинг энг олийси. Ушбулар дин мартаба-даражалари, деб аталади. Чунки улар жамлангани маҳал дин барпо бўлади. Жаброил алайҳиссалом пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобалари гувоҳлигида бир қанча саволлар йўллаганларида, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом, иймон ва эҳсон ҳақида жавоб бериб, сўнг шундай дедилар: “Бу Жаброил (бўлиб), сизларга динингиз иш(лар)ини таълим бергани келди”. (Бухорий (4777), Муслим (8), (9), (10) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Демак, ушбу уч даража дин деб номланди.

Дуо, унинг турлари ва далили
Яна шулардан дуо, хавф, умид, таваккул, рағбат, қўрқув, хокисорлик, мадад тилаш, паноҳ сўраш, жонлиқ сўйиш, назр аташ ва булардан бошқа Аллоҳ таоло амр этган жамийки ибодат турлари. Барчаси Аллоҳ таоло учунгина (адо этилади).
(Муаллиф роҳимаҳуллоҳнинг): “Яна шулардан дуо”, деган сўзларига келсак, яъни, дуо ибодат турларидандир. Дуо билан бошлаганларининг сабаби эса, чунки у энг улуғ ибодатлардандир.
Дуо икки қисмга бўлинади:
Ибодат ва сўров-талаб дуоси:
Ибодат дуоси: Фотиҳа сурасининг аввалида келгандек Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога олқиш-мақтов айтишдир: “Ҳамду сано барча оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ учундир. Меҳрибон ва Раҳмли. Дин-Жазо кунининг Эгаси. Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз”. (Фотиҳа/2-5). Суранинг ушбу оятлари ибодат дуосини ўз ичига олди. “Ўзинг бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин”. (Фотиҳа/6). Суранинг қолган қисми эса сўров-талаб дуосини ўз ичига олади.
Сўров-талаб дуоси: ҳидоят, ризқ, илм ва тавфиқ каби Аллоҳ азза ва жалладан бирор нарсани сўрашдир.
Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!”. (Жин/18).
“Масжидлар”: ушбу калимадан саждагоҳ ва намоз ўқиладиган ўринлар ирода қилинади. Масжидлар Аллоҳ азза ва жаллага энг суюкли ўринлардир. Шариатимизда масжид бино қилишга тарғиб қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кимки Аллоҳ учун каклик тухум туғадиган жой каби ёки (ундан-да) кичикроқ (бўлса-да) масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади”. (Аҳмад 4/54 (2157) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан, Ибн Можжа (738), Ибн Хузайма (1292) Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди).
Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар”. (Тавба/18). Обод қилишдан мурод, бино қуриш билан намозхонларга бошпана бўладиган, уларни иссиқдан тўсиб, совуқдан сақлайдиган моддий жиҳатдан обод қилиш ва яна шу билан бирга ибодат, намоз, Қуръон тиловати ҳамда Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш каби маънавий жиҳатдан обод қилиш маънолари тушунилади. Яна масжид калимасидан етти сажда аъзолари бўлмиш: пешона, бурун, икки қўл, икки тизза ва оёқнинг бош томонлари ҳам ирода қилинади. Чунки ушбу аъзолар билан Аллоҳ таолога сажда қилинади. Ушбу оят икки маънони ҳам ўз ичига олади: “Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир”, яъни, намоз ўқиладиган жойлар ва Аллоҳ азза ва жаллага сажда қилинадиган аъзолар.
“Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!”. Ушбу ўринлар-масжидларни ширк ва Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилинадиган ўринлар қилиб олманглар. Балки масжидлар ширкдан батамом покланмоқлиги, у ерда қабрлар ва Аллоҳдан ўзгага дуо-илтижо қилиш, бидъат-у хурофотлар ҳамда сўфийларнинг бидъий ҳалқалари бўлмаслиги даркор.
Масжидлар ширк, бидъат ва маъсиятлардан батамом пок тутилиши зарур. Чунки улар ёлғиз Аллоҳ азза ва жалла учун бунёд этилган. Демак, у ерда фақатгина Аллоҳ азза ва жаллани рози қиладиган ишлар бўлмоқлиги керак. Ушбу масжидларда Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар. Ва Аллоҳ таолодан ўзгага сажда аъзоларингиз билан ерга йиқилиб сажда қилманглар. Чунки ушбу ишлар бут-санам, қабр ва Аллоҳдан ўзгага сажда қилган кимсанинг қилмиши каби катта ширкдир.
Аллоҳ таолонинг ушбу: “Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!” қовлидан, дуони ёлғиз У Зот учун қилишга бўлган буйруқни англаймиз.
“Яна бирон кимсага”, яъни, Аллоҳдан ўзга малоика, пайғамбар, валий, дарахт ва бошқа нарсаларни ўз ичига олади. Чунки ушбу иш катта ширкдир.
Кимда-ким ушбу (ибодат)лардан бирортасини Аллоҳдан ўзгасига сарф этар экан, бас, у мушрик, кофирдир. Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилса, бас, унинг ҳисоб-китоби Роббисининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар”. (Мўминун/117).
Ҳадисда айтилишича: “Дуо ибодатнинг мағзидир”.
(Термизий (3371), исноди заиф).
Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “(Эй инсонлар), Роббингиз: “Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар”, деди”. (Ғофир/60).
“(Эй инсонлар), Роббингиз... деди”, яъни буюрди. “Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман”. Субҳанаҳу ва таоло Ўзига дуо қилишимизга буюриб, (дуоларимизни) мустажоб қилишга ваъда берди. Бу субҳанаҳу ва таолонинг Саховатпешалигидандир. Чунки У бизнинг дуоларимиздан Беҳожат. Бироқ биз субҳанаҳу ва таолога дуо қилишга муҳтожмиз. У Зот бизни биз муҳтож бўлган ва бизга фойда бўлган ишга буюряпти. Махлудан бирор нарса сўрасанг ғазаб қилса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса Ундан (дуо қилиб) сўрашни тарк этсанг ғазаб қилади. Шунинг учун ҳам шоир айтадики:
Аллоҳ таоло Ундан (дуо қилиб) сўрашни тарк қилсанг ғазаблангай.
Одам боласи эса сўралганда ғазаблангай.

Одамлар уч турли:
Биринчи: аслида Аллоҳ таолога дуо-илтижо қилмайдиган кимса. Ушбу кимса Аллоҳнинг ибодатидан кибр қилган бўлади.
Иккинчи: Аллоҳга дуо қиладиган кимса. Бироқ У билан бирга ўзгасига ҳам дуо қилади. Натижада мушрик бўлади.
Учинчи: якка Аллоҳга холис дуо қиладиган киши. Ана шу муваҳҳиддир.
Ҳадисда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дуо ибодатнинг мағзидир”, дедилар. Яна бир ривоятда: “Дуо – ибодатдир”, дедилар. (Абу Довуд (1479), Термизий (2969), Ибн Можжа (3828) Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят. Термизий: ҳасан, саҳиҳ ҳадис, дедилар). Бу дуонинг нақадар буюк ва ибодат турларининг энг улуғи эканига далолат қилади. Чунки Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ибодатнинг мағзидир”, дедилар. Маъноси бир бўлса-да ушбу “Дуо – ибодатдир” ривояти “Дуо ибодатнинг мағзидир”, ривоятига қараганда саҳиҳроқдир.
Ҳадис икки ривоят йўли билан дуонинг нақадар буюк (ибодат) эканини кўрсатяпти. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳу ва саллам: “Ҳаж – Арафадир”, деганларидек, яъни, ҳажда Арафада туришлик ҳаж рукнлари ичидаги энг олий рукндир. Бундан ҳажнинг бари Арафа экан-да, деган маъно келиб чиқмайди. Бироқ Арафада туриш, у ҳаж рукнларининг энг олийси. Шунингдек, ибодат фақат дуога чекланиб қолмаган. Бироқ дуо ибодат турларининг энг олийсидир. Шунинг учун: “Дуо – ибодатдир”, дедилар. Бу эса дуонинг нақадар олий даражадаги ибодат эканидандир.
Сўнгра шайх роҳимаҳуллоҳ ибодат турларининг далилларини зикр қиладилар.
Pages (2): 1 2   
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.