Admin   10-10-2009, 10:18 PM
#1
Паноҳ сўраш ва унинг далили

Паноҳ сўрашга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен тонг Роббисидан паноҳ сўрайман»» (Фалақ: 1).
Паноҳ сўраш: хавфсираётган нарсангизни сиздан даф қилиб, сизни ундан тўсадиган кишидан ҳимоя талаб қилишингиз. Ана шу паноҳ сўраш маъносидир.
Паноҳ сўраш ибодат турларидан бири бўлиб, ушбу ибодатни Аллоҳ азза ва жалладан ўзгасига қилишлик жоиз эмас. Кимда-ким қабр, бут-санам ёки Аллоҳдан ўзга бирор нарсадан паноҳ сўрайдиган бўлса, дарҳақиқат, катта ширкка қўл урган мушрик бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Албатта инсдан бўлган (айрим) кишилар жиндан бўлган кимсалардан паноҳ тилашиб, уларга янада ҳаддан ошишни-мустаҳкамликни зиёда қилур эдилар» (Жин: 6).
Араблар жоҳилиятда бирор ерга бориб тушадиган бўлишса, ичларидан бирортаси: ушбу водийнинг эгасидан паноҳ сўрайман, деб айтарди, яъни, жинларнинг каттасидан ўз қавми бебошларининг ёмонлигидан паноҳ сўрарди.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ишни ботил экани ва унинг ўрнига шариат кўрсатмасини баён қилиб айтдиларки: «Кимки бирор манзилга тушадиган бўлса шундай десин: «Аъузу бикалиматиллаҳит тааммаати мин шарри маа холақ» (Аллоҳнинг тамомий-мукаммал калималари ила яратган нарсаларининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман). (Шундай деса) то ўша ўрнидан туриб-силжиб кетмагунича унга бирор нарса зарар беролмайди» (Муслим (2708) Хавла бинти Ҳаким ас-Суламия розияллоҳу анҳодан ривоят).
Жинлардан паноҳ сўраш ўрнига Аллоҳнинг мукаммал калималари ила паноҳ сўрашлик ҳақиқатда тўғри бадал-эваз бўлди.
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен тонг Роббисидан паноҳ сўрайман»». Тонг Роббиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Аллоҳ таоло айтганидек: «(У зулматни ёриб) тонгни Чиқаргувчидир» (Анъом: 96), яъни, тун зулматида тонг нурини чиқаргувчи. Ушбу ишга фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таологина қодирдир.
«Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман», яъни, тонгнинг Роббиси, уни бошқариб турадиган Молик-Эгаси ва Қодир Зот.
«Ўзи яратган нарсаларининг ёмонлигидан», яъни, барча махлуқотларнинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайди. Бу эса одамлар қилаётган барча паноҳ сўраш турларидан сизни беҳожат қилади.
«Зулматга чўмган кечанинг ёмонлигидан», чунки тун зулматида барча йиртқич ва ваҳший ҳайвонлар (ўз ҳудудидан ташқарига) чиқади. Эҳтимол сиз хатарда қоларсиз. Шунда ушбу зулумат ва ундаги озор етказувчи нарсаларнинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайсиз.
«Тугунларга дам солгувчи (жодугар)ларнинг ёмонлигидан», улар сеҳргарлар бўлиб, сиз сеҳр ва унинг аҳлидан Аллоҳнинг паноҳига қочасиз. Чунки сеҳр (ўзининг) катта (таъсирига эга)дир.
«Ҳасад қилаётган ҳасадгўйнинг ёмонлигидан». Ҳасадгўй: ўзганинг неъматини заволга юз тутишини орзу қиладиган кимса. Бирор кишида неъмат кўрадиган бўлса, аччиқланиб, ҳасад ва кек-адоват сақлаган ҳолда ушбу неъматни йўқ бўлишини орзу қилади, Аллоҳ сақласин. Ва у энг мазамматланган хислатлардандир. Чунки ҳасад қилиш билан киши Аллоҳга эътироз билдириб, халқларга ёмонлик келтиради.
Назар ташлаганда кўзи тегадиган кимса ҳам ушбу маъно остига дохил бўлади. Чунки кўз тегиш билан оғриш ҳасаднинг бир тури сабаблидир. Сиз эса ушбу ёмонликларнинг баридан Аллоҳнинг паноҳига қочасиз. Бу эса паноҳ сўраш ибодат эканига далолат қилиб, уни Аллоҳдан ўзгасига йўналтиришлик жоиз эмас. Махлуқдан паноҳ сўраманг. Кимда-ким махлуқдан паноҳ сўрайдиган бўлса, дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтирибди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абсуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумога шундай дедилар: «Мадад сўрайдиган бўлсанг Аллоҳдан сўра».
Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Роббисидан паноҳ сўрайман»» (Ан-Нос: 1).
Аллоҳ таоло ушбу: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Роббисидан, барча инсонларнинг Подшоҳидан, барча инсонларнинг Илоҳидан (менга) Ўзи жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган, (қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман»», қовлида барча инсонларнинг Роббиси, Подшоҳи ва Илоҳидан паноҳ сўрашга амр этди. Ушбу (Роб, Подшоҳ ва Илоҳ)нинг бари Аллоҳ азза ва жалланинг исм ва сифатларидандир. Ва ушбу сурада тавҳиднинг уч тури: рубубият, улуҳият ва исм сифатлар тавҳиди зикр қилинди.
Аллоҳдан ва Унинг ушбу исм ва сифатларини айтиб, васваса қилувчи шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўранг. Васваса қилувчи - шайтоннинг исмларидан бири бўлиб, у одамларни чалғитиб, хоссатан ибодат масаласидан машғул қилиб, қалбига қўрқув, иккиланиш ва ҳайрат солишга уринади. Шайтон инсонни ибодат қилаётганида васваса қилиб ҳатто намози ва ибодатидан чалғитиб юборади. Сўнг киши намозидан, намозим ботил бўлди шекилли деган ўй билан чиқади. Ёки намоз ўқиб, сўнг таҳоратим йўқ эди шекилли ёки фалон рукнни адо этмадим, деган ҳаёлларни олиб келади. Натижада васвасага тушиб, ибодатида хотиржамлик топмайди.
Аллоҳ жалла ва ала бизга ушбу хатарнинг малҳамини ато этди ва у (малҳам) Аллоҳдан васваса қилувчи (шайтоннинг) ёмонлигидан паноҳ сўрашимиздир.
«الخناس»: ортда қолиб, узоқлашувчи. Шайтон Аллоҳнинг зикридан ғафлатда бўлганларни васваса қилади. Аллоҳ азза ва жалла зикр қилинганда эса яшириниб, узоқлашиб кетади. Демак, у ғафлат босганда васваса қилувчи, Аллоҳ азза ва жалла зикр қилинганда эса яшириниб олувчи (الخناس)дир.
«(Менга) Ўзи жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган», яъни, жин ва инсонлар ичида одамларни васвасага солувчилар бўлади. Одамларни шак-шубҳага соладилар. Жинларнинг шайтонлари бўлганидек, худди шундай инсонлардан ҳам шайтонлари бўлиб, шак-шубҳа солиб, васваса қиладилар. Сиз икки тоифанинг ёмонлигидан Аллоҳнинг паноҳига қочасиз.
Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: «Паноҳ сўровчи ушбу иккисига ўхшашичалик (бўлгани) билан паноҳ сўролмайди» (Абу Довуд (1463), Насоий 8/253 ва Аҳмад (17297) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят), яъни, ушбу икки (фалақ ва нос) сураларига ўхшаш-тенглаша оладиган (сура ва дуолар) билан (паноҳ сўролмайди). Демак, мусулмон кишига ушбу икки сурани намозларнинг сўнгида ўқиб, такрорлаб юриши ва уйқу олдидан ҳам ушбу икки сура, оятал курси ва ихлос сураларини ўқиши лозим бўлади.
Оятал курси, ихлос ва икки паноҳ сўровчи сурани ҳар бир намознинг кетидан (бир марта) ўқийди. Шом ва бомдод намозларида эса (ихлос ва икки паноҳ сўровчи сурани) уч марта ўқийди. Шунингдек, шайтон узоқлашиб, уйқуси бузилмай, тушида безовта бўлмаслиги учун уйқу олдидан ҳам икки сурани (фалақ ва нос сураларини) ўқийди.
Ушбу икки сурада Аллоҳ таоло ёлғиз Ўзидан паноҳ сўрашга амр этди. Бу эса Ундан ўзга жин, инсон ёки ҳар қандай махлуқдан паноҳ сўраш жоиз эмаслиги ва у ибодат турларининг бири эканига далолат қилади.

  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.