Pages (2): 1 2   
Admin   09-21-2009, 08:38 AM
#2
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ягона Аллоҳнинг ўзигагина ҳамду-санолар бўлсин, сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуолар бўлсин.
Аммо бад:
Ассалому алайкум аҳли ислом биродарлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг изни билан қўлингиздаги ушбу китобни араб тилидан замонавий ўзбек тилига таржима қилишга муяссар бўлдик. Қуръони карим оятларининиг таржимасида Алоуддин Мансурнинг ўзбекча изоҳли таржимасидан фойдаландик.
Бу китоб маккалик биродаримиз, устоз Жамил Зайнунинг қаламига мансуб бўлиб, «Ислом ақидаси» деб номлангандир. Китобдаги мавзуларга бирма-бир эргашар эканмиз, мусулмон кишисини Аллоҳга ширк келтириш ва ибодатларни Аллоҳдан ўзгага сарфлаш каби катта хатолардан асраши, ҳамда инсонни қандай амаллар қилса Парвардигорига яқин бўлиш йўлларини ўргатиб, соғлом ақида сари ундашининг гувоҳи бўламиз. Китобга мурожаат қилар эканмиз, мақсадларимиз янада равшан бўлади.
Сўзимизнинг сўнггида яна бир бор яратган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз. Барчамизни Ўзининг саҳиҳ ақидасида собит қадам қилсин.

Таржимондан.
Мадинаи Мунаввара шаҳри,
ҳижрий: 13-17 рамазон, 1416-йил.
мелодий: 1-5 феврал, 1996-йил.
Admin   09-26-2009, 12:08 AM
#3
СЎЗ БОШИ

Аллоҳ таолога мақтовлар бўлсинки, ҳамду саноларни у Зотнинг Ўзигагина айтиб, Унинг Ўзидангина мадад тилаймиз ва Унинг Ўзигагина узрлар айтамиз. Ҳамда нафсимизнинг ёмонлиги ва хато ишларимизда Унинг Ўзидан паноҳ истаймиз. Аллоҳ кимники тўғри йўлга йўлласа, ҳаргиз адашмагай, кимники Аллоҳ адаштирса, ҳаргиз ҳидоят топмагай ва гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир ва Унинг шериги йўқдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бир бандаси ва элчисидир.
Аммо баъд:
Бу китобдаги жавоб берилган саволлар ниҳоятда муҳим бўлиб, Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан олинган далилларга асослангандир. Бу аниқ жавоблар билан албатта ўқувчининг қалби таскин топгай. Чунки тавҳид ақидаси – Аллоҳни ягона деб билиш – инсонни дунё ва охират саодатига эриштирувчи ягона асосдир. Аллоҳдан мусулмонларнинг бу китобдан истифода қилишиб, Ўзининг йўлида холис етмоғини илтижо қилиб қоламан.

Муаллифдан;
Маккаи Муккаррама шаҳри.
Admin   09-26-2009, 10:51 PM
#4
ИСЛОМ АСОСЛАРИ

Савол-1: Жаброил алайҳиссалом: Эй Муҳаммад, менга ислом ҳақида хабар бергин, деб сўради.
Жавоб-1: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки, Ислом беш нарсадан иборатдир:
1. Аллоҳ таолонинг ягоналигига – ибодат ёлғиз Унинг Ўзигагина лойиқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бермоғинг.
2. Намозни тўла-тўкис адо этмоғинг.
3. Закот чиқармоғинг – қачонки бир мусулмон одам 85 гр олтин миқдорида бойликка эга бўлса, бир йил ўтгандан сўнгра закотини беради.
4. Рўза тутмоғинг – рўза инсоннинг бомдоддан то шомгача емоқ-ичмоқлик ва жинсий алоқада бўлишликдан манъ этади.
5. Агар қодир бўлсанг ҳаж қилмоғинг (Имом Муслим ривояти).
Admin   10-04-2009, 07:54 AM
#5
ИЙМОН АСОСЛАРИ

Савол-2: Жаброил алайҳиссалом: Эй Муҳаммад, менга иймон ҳақида ҳабар беринг, деб сўради.
Жавоб-2: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки, Иймон олти нарсадан иборатдир:
1. Аллоҳ таолога иймон келтиришинг – У зот барча насаларнинг Яратувчиси ва ибодат Унинг Ўзигагина лойиқдир, ҳамда Унинг бир қанча исм-сифатлари бўлиб, бандаларининг сифатларига асло ўхшамас, деб чин қалбдан ишонмоғинг.
2. Аллоҳ таолониг фаришталарига чин қалбдан ишонмоғинг – улар нурдан яратилган бўлиб, ҳамиша Аллоҳ таолонинг амрини бажариш билан машғулдирлар.
3. Аллоҳ таолониг тушган китобларига чин қалбдан ишонмоғинг – бу китоблар: Таврот, Инжил, Забур ва Қуръони каримдир. Қуръони карим бошқа китобларга амал қилишни бекор қилган.
4. Аллоҳ таолониг пайғамбарларига чин қалбдан ишонмоғинг – бу пайғамбарларнинг аввали Нуҳ алайҳиссалом бўлиб, охири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир.
5. Қиёмат кунига чин қалбдан ишонмоғинг – бу кун инсонларнинг ҳисоб-китоб қилинадиган кундир.
6. Барча яхшилигу ёмонлик ишларини Аллоҳ таолонинг тарафидан деб чин қалбдан ишонмоғинг – бу дегани ҳар ишнинг бир сабаби бор, деб қўлдан келганча ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг қадарига рози бўлишдир (Имом Муслим ривояти).
Admin   10-10-2009, 10:41 PM
#6
АЛЛОҲНИНГ БАНДАЛАРИДАГИ ҲАҚҚИ

Савол-3: Аллоҳ таоло бизни нима учун яратди?
Жавоб-3: Аллоҳ таоло бизни ёлғиз Ўзига ибодат қилмоғимиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслигимиз учун яратди.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таолонинг ҳаққи Унга ибодат қилиб, ҳеч нарсани шерик қилмасликларидир» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Савол-4: Ибодат нимадир?
Жавоб-4: Ибодат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган амаллардир. Масалан: дуо, намоз ва Аллоҳ таолога итоат қилишлар.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир» (Анъом: 162).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бандамнинг фарз амалларини бажармоғи сўзсиз Мен яхши кўрган нарса орқали яқинлашмоғидир» (Ҳадиси Қудсий, имом Бухорий ривоятлари).
Савол-5: Аллоҳ таолога қандай ибодат қиламиз?
Жавоб-5: Аллоҳ ва Унинг пайғамбари буюрганидек ибодат қиламиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат этингиз ва пайғамбарга итоат этингиз! Ва (куфр, ё мунофиқлик йўлига кириш билан қилган) амалларингизни ботил-бефойда қилиб қўйманглар!» (Муҳаммад: 33).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки биз буюрмаган бир ишни қилса, у иш номақбулдир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-6: Аллоҳ таолога қўрққанимиз ёки Унинг неъматларидан умид қилганимиздан ибодат қиламизми?
Жавоб-6: Ҳа, ундан қўрқиб, умидвор бўлганимиздан ибодат қиламиз.
Далил: Аллоҳ таоло бандаларига буюрди: «У зотга (азобидан) қўрқиб, (раҳматидан) умидвор бўлган ҳолингизда ибодат қилингиз!» (Аъроф: 56).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таолодан жаннатни сўраб, дўзахдан паноҳ тилайман» (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Савол-7: Эҳсон нимадир?
Жавоб-7: Исломда эҳсон дегани Аллоҳ таолони яқин деб билмоқдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турар» (Шуаро: 218-219).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эҳсон – Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Зеро, сен уни кўрмасангда, У сени кўриб туради» (Имом Муслим ривоятлари).
Admin   10-11-2009, 10:59 AM
#7
ТАВҲИД ТУРЛАРИ ВА УНИНГ ФОЙДАЛАРИ

Савол-8: Аллоҳ таоло пайғамбарларни нима учун юборган?
Жавоб-8: Аллоҳ уларни Ўз ибодатига даъват қилиш ва ширк келтиришдан қайтариш учун юборган.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан (шайтондан) йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Пайғамбарлар ўзаро биродардирлар… ва динлари ҳам бирдир» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Савол-9: «Тавҳидур-рубубия» нима дегани?
Жавоб-9: Аллоҳ таолони барча ишларида ягона деб билмоқдир. Масалан: Унинг тадбиркорлиги ва яратувчилигига ўхшаш. Чунки, Аллоҳ таолодан ўзга зот бундай коинотларни яратишга қодир эмасдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир» (Фотиҳа: 2).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сен еру осмонлар Парвардигорисан» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Савол-10: «Тавҳидул-улуҳийя» нима дегани?
Жавоб-10: Аллоҳ таолони ибодатда ягона деб билишдир. Масалан: дуо қилиш, қурбонлик сўйиш, назр-ниёз, намоз ўқиш, умид қилиш ва ёрдам сўрашга ўхшаш.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Тангрингиз ягона тангридир. У меҳрибон ва раҳмли тангридан ўзга ҳеч қандай тангри йўқдир» (Бақара: 163).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одамларга қиладиган энг аввалги даъватларингиз Аллох таолонинг ягоналигига ва Ундан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бериш бўлсин» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари. Имом Бухорий ривоятларида: «Аллоҳнинг бирлигига» деган лафзда келади).
Савол-11: Аллоҳ таолонинг исм-сифатларидаги ягоналиги қандай?
Жавоб-11: Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўзини қандай сифатлаган бўлса, ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисларда У Зотни қандай сифатлаган бўлсалар, ушбу сифатларга иймон келтириб, У Зотни ўзимизга ўхшатмаслигимиз ва сифатларни инкор қилиб, маъноларини ўзгартирмаслигимиздир. Масалан: Аллоҳ таоло арш устидалиги, дунё осмонига тушиши ва Унинг қўли борлиги каби Аллоҳ таолони баркамол зот эканлигини англатадиган нарсалар.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» (Шўро: 11).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло ҳар кеча дунё самосига тушади» (Имом Муслим ривоятлари).
«Дунё самоси»дан мурод ер устидаги осмондир. Бу тушиш Аллоҳ таолонинг Ўз буюклигига хос бўлиб, бандалари тасаввур қила олмайдиган даражададир.
Савол-12: Аллоҳ таоло қаерда?
Жавоб-12: Аллоҳ таоло осмонда, арши аъло устидадир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Раҳмон (бўлган зот) Ўз аршига кўтарилди (истава)» (Тоҳа: 5). Имом Бухорий айтишларича, «истава»дан мурод кўтарилди ва юқори бўлди демакдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло жамики нарсаларни яратишдан илгари бир китобни ёзди… Бу китоб унинг олдида арши аълодадир» (Имом Бухорий ривоятлари).
Савол-13: Аллоҳ таоло биз билан биргами?
Жавоб-13: Ҳа, Аллоҳ таоло эшитиши, кўриши ва илми ила биз билан биргадир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «(Аллоҳ) айтди: «Қўрқманглар. Шак-шубҳасиз Мен сизлар билан биргаман – эшитиб, кўриб турурман» (Тоҳа: 46).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлар яқин, эшитгувчи зотга дуо қилаяпсизлар. У зот Ўз илми орқали сизлар билан биргадир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-14: Тавҳиднинг фойдаси нимададир?
Жавоб-14: Тавҳиднинг фойдаси охират азобидан абадий сақланиш, бу дунёда тўғри йўл топиш ва гуноҳларни кечирилишига эришишдан иборатдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Иймон келтирган, ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар — ана ўшалар хотиржам бўлгувчидирлар ва ўшалар ҳидоят топгувчидирлар» (Анъом: 82).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳақлари Аллоҳ таолога ҳеч нарсани ширк қилмаганларни азобламаслигидир» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Admin   10-11-2009, 11:23 AM
#8
АМАЛНИНГ ҚАБУЛ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ

Савол-15: Амалларнинг қабул бўлиш шартлари нимадир?
Жавоб-15: Аллоҳ таолонинг ҳузурида амалларнинг қабул бўлиш шарталари учтадир:
1. Аллоҳ таолога иймон келтириб, Уни ягона деб билмоқ.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур» (Каҳф: 107).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таолога иймон келтир ва ўзингни ўнгла!» (Имом Муслим ривоятлари).
2. Ихлос. Ихлос – ҳеч кимга сўзламай, риёсиз холис Аллоҳ таолога амал қилмоқдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), албатта Биз сизга бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик, бас сиз Аллоҳга — У зот учун динингизни холис килган ҳолда ибодат қилинг!» (Зумар: 2).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки ихлос билан «Лаа илаҳа илаллоҳ» деса, жаннатга киргай» (Имом Баззор ривоятлари).
3. Амални Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга келган буйруқларга мувофиқ ҳолатда бажариш.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр: 7).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки биз буюрмаган ишни қилса, у иш номақбулдир» (Имом Муслим ривоятлари).
Admin   10-12-2009, 08:12 PM
#9
КАТТА ШИРК ВА УНИНГ ТУРЛАРИ

Савол-16: Катта ширк нимадир?
Жавоб-16: Катта ширк – ибодат турларидан биронтасини Аллоҳ таолодан ўзгага сарфламоқдир. Масалан: дуо қилиш, қурбонлик сўйиш ва шунга ўхшаш ишлардир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳни куйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз у ҳолда албатта золимлардандирсиз!» (Юнус: 106). «Золим»лардан мурод мушрикдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Катта гуноҳларнинг ҳам каттаси Аллоҳ таолога ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гувоҳлик беришдир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-17: Аллоҳ таоло ҳузурида энг катта гуноҳ қайсидир?
Жавоб-17: Аллоҳ таоло ҳузурида энг катта гуноҳ катта ширкдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Эсланг, Луқмон ўғлига панд-насиҳат қилар экан, деган эди: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир»» (Луқмон: 13).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан, гуноҳларнинг энг каттаси қайси, деб сўралганда айтдилар: «Сен ўзингни яратган Аллоҳ таолони шериги бор деб билишингдир» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Савол-18: Ширк мусулмонларда учрайдими?
Жавоб-18: Ҳа, мавжуддир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Умматларимдан бир неча қабилалар мушриклар билан қўшилишиб, бутпараст бўлиб кетмагунларича қиёмат қойим бўлмайди» (Имом Термизий ривоятлари).
Савол-19: Ўликлар ва ғойиб кимсалардан дуо талаб қилишнинг ҳукми нимадир?
Жавоб-19: Улардан дуо талаб қилиш ширкнинг энг каттасидандир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Бас (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), сиз Аллоҳ билан бирга бошқа бирон «илоҳ»га илтижо қилманг! Акс ҳолда азоблангувчи кимсалардан бўлиб қолурсиз» (Шуъаро: 213).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки Аллоҳ таолодан ўзгадан ҳожатини сўраб Аллоҳга ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга киргай» (Имом Бухорий ривоятлари).
Савол-20: Дуо ибодатми?
Жавоб-20: Ҳа, дуо ибодатдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир: 60).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Дуо ибодатдир» (Имом Термизий ривоятлари).
Савол-21: Ўликлар дуони эшитадиларми?
Жавоб-21: Йўқ, эшитмайдилар.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), сиз қабрлардаги кимсаларга (яъни ўлик дилларига) эшиттира олгувчи эмасдирсиз» (Фотир: 22).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо дейди: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадрдаги мушрикларнинг ўликлари ташланган қудуқ устида туриб айтдилар: «Роббиларининг ваъда берган нарсани ҳақиқатдан кўргандирсизлар, энди?» Кейин айтдиларки: «Улар шу топда мен айтган сўзларимни эшитишади»».
Қачонки бу ҳадис Оиша разияллоҳу анҳога айтилганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шу топда мен айтган нарсаларимни ҳақиқатдан ҳам билишади», дедилар – дедида: «Сиз ўликларга эшитдира олгувчи эмасдирсиз» – оятини ўқиди.
Ҳадис ривоятчиси Қатода ибн Даома ас-Садусий: «Аллоҳ таоло уларни пайғамбарнинг сўзларини эшитишлари учун таҳқирланган, хасрат-надомат чеккан ҳолларида тирилтирди», дейди (Имом Бухорий ривоятлари).
Ҳадисни фойдаларидан:
1. Mушрик ўликларнинг эшитишлари вақтинчаликдир.
Далил: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Улар шу топда мен айтган сўзларимни эшитишади», деган гапларидир. Бундан тушуниладики, бундан кейин эшитишмайди. Чунки, бу ишдан мурод юқоридаги Қатода айтган гапидир.
2. Оиша разияллоҳу анҳонинг Ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоятини инкор қилишидан англанадики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «эшитишади», эмас, балки: «билишади», дедилар – «Сиз ўликларга эшитдира олгувчи эмасдирсиз» оятини далил келтирган ҳолда.
3. Қуйидаги ҳолатда Оиша билан Ибн Умар разияллоҳу анҳумларнинг ривоятларини мувофиқлаштиришимиз мумкин: Аслида ўликлар Қуръонда таъкидланганидек, гап эшитишмайди. Лекин мушрик ўликларнинг тирилтириб, гап эшитишлари, ҳадиснинг ривоятчиси Қатода таъкидлаганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидандир, валлоҳу аълам.
Admin   10-12-2009, 08:16 PM
#10
КАТТА ШИРКНИНГ ТУРЛАРИ

Савол-22: Ўликлар ва ғайб кимсалардан мадад сўраса бўладими?
Жавоб-22: Йўқ, улардан ёрдам сўралмайди, балки мадад Аллоҳ таолонинг Ўзидангина сўралади.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «(Мушрикларнинг) Аллоҳни қўйиб, илтижо қилаётган бутлари бирон нарсани яратгувчи эмасдир, балки ўзлари яралгувчидирлар. (Улар) жонсиз ўликлардир. Ва улар (ўзларига сиғинаётган мушрикларнинг) қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар» (Наҳл: 20-21).
Аллоҳ таоло айтади: «Ўшанда Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилиб: «Мен сизларга кетма-кет келадиган минглаб фаришталар билан мадад берурман» деди» (Анфол: 9).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Эй ҳамиша тирик ва абадий бўлган зот! Сени раҳматингдан ёрдам сўрайман» (Имом Термизий ривоятлари).
Савол-23: Аллоҳ таолодан ўзгадан ёрдам-мадад сўраш мумкинми?
Жавоб-23: Йўқ, мумкин эмасдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа: 5).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Агар бирон нарсани сўрасанг, фақат Аллоҳнинг ўзидангина сўрагин. Агар мадад тиламоқчи бўлсанг Аллоҳдангина мадад тилагин» (Имом Термизий ривоятлари).
Савол-24: Тириклардан мадад тиласа бўладими?
Жавоб-24: Ҳа, агар уларнинг кучлари етса ёрдам сўраймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида: 2).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Агар банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам бу банданинг ёрдамидадир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-25: Аллоҳ таолодан ўзгага назр-ниёз қилса бўладими?
Жавоб-25: Аллоҳ таолодан бошқага назр-ниёз қилса бўлмайди.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) Имроннинг хотини: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен эшитгувчи, билгувчисан», деганини эсланг!» (Оли Имрон: 35).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки Аллоҳ таолонинг тоатини қиламан деб назр-ниёз қилса қилаверсин. Энди кимки Аллоҳга гуноҳ бўладиган назр-ниёз қиламан деса, асло қила кўрмасин» (Имом Бухорий ривоятлари).
Савол-26: Аллоҳ таолодан ўзгага қурбонлик қилиш мумкинми?
Жавоб:26: Йўқ, мумкин эмасдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб-қурбонлиқ қилинг!» (Кавсар: 2).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳдан ўзгага атаб қурбонлик қиладиган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-27: Аллоҳ таолога яқинлашиш мақсадида қабрлар атрофида айланиш (тавоф қилиш) мумкинми?
Жавоб-27: Йўқ, мумкин эмас. Каъбанигина атрофида айланса (тавоф қилса) бўлади.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Ва «Эски Уй»ни тавоф қилсинлар!» (Ҳаж:29).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки етти марта Каъбани айланиб, икки ракат намоз ўқиса, бир қулни озод қилган миқдорда савоб олгай» (Имом Можа ривоятлари).
Савол-28: Сеҳрнинг ҳукми нима?
Жавоб-28: Сеҳр – куфрдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара: 102).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Еттити ҳалокатга йўлиқтирадиган нарсалардан ўзларингни тийинглар! Улар: Аллоҳ таолога ширк келтирмоқ, сеҳр … лардир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-29: Фолбинлар билан парихонларга ишонса бўладими?
Жавоб-29: Йўқ, уларга ишониш мумкин эмас.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)»» (Намл: 65).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки фолбин ёки париҳоннинг олдига келиб, унинг айтган гапларига ишонса, Муҳаммадга келган динга кофир бўлибди» (Имом Аҳмад ривоятлари).
Савол-30: Бирон одам ғайбни биладими?
Жавоб-30: Йўқ, ғайбни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билммайди.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур» (Анъом: 59).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ғайбни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билммайди» (Имом Термизий ривояти).
Савол-31: Исломга зид бўлган қонунларга амал қилишнинг ҳукми нима?
Жавоб-31: Исломга зид бўлган қонунларга амал қилиш, агар уни бўлверади ёки тўғри деб эътиқод қилса куфрдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 4).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Бошқаларингиз Аллоҳдан келган нарсаларга кўнгиллари тусаганча ва ўз билармонлик амал қилишиб, Аллоҳнинг Қуръони ила ҳукм чиқармас эканлар, Аллоҳ уларнинг ўрталарида мусибат ҳосил қилиб қўйгай» (Ибн Можа ривояти).
Савол-32: Аллоҳ таолони ким яратган?
Жавоб-32: Агар шайтон бирортангизни ушбу савол билан васваса қилса, «Аъузу биллаҳиминаш шайтонир рожийм» деб, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин!
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизни шайтон томонидан бирон васваса йўлдан оздириб (мазкур хислат эгаси бўлишдан қайтармоқчи бўлса) у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро У эшитгувчи, билгувчи зотдир» (Фусиллат: 36).
Шунингдек биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганларидек ўзимизни шайтоннинг ҳийласидан асраймиз ва: «Аманту биллаҳи ва русулиҳ, Аллоҳу аҳад, Аллоҳус сомад, лам ялид валам юлад валам якун лаҳу куфуван аҳад», деймиз. Сўнгра чап томонга уч марта тупуриб, шайтонинг васвасасидан паноҳ сўраб, бировга оғиз очмаймиз.
Маъноси: «Аллоҳ таолога ва пайғамбарига иймон келтирдим. Аллоҳ таоло ягонадир. Аллоҳ ҳеч кимга муҳтож эмасдир. У туғмаган ва туғулмагандир. Ҳеч ким У Зотга тенг эмасдир» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Яна шу нарсани айтишимиз шартки: Аллоҳ таоло яратгувчидир, Яратилган эмасдир. У Зот ягонадир. Ундан олдин ҳеч нарса бўлган эмас.
Далил: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Парвардигоро, Ўзинг аввалдирсан. Сендан аввал ҳеч нарса бўлмаган» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-33: Исломдан олдин мушрикларнинг ақидаси қандай бўлган?
Жавоб-33: Улар Аллоҳ таолога яқин бўлиш мақсадида ва шафоат талаб қилиб, авлиёлардан ҳожатларини сўрашар эди.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)» (Зумар: 3).
Аллоҳ таоло айтади: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз», дейдилар» (Юнус: 18).
Ҳозирги кунда баъзи мусулмонлар юқоридаги ишларни мушрикларга ўхшаб қилмоқдалар.
Савол-34: Аллоҳ таолога ширк қилишдан қандай қилсак қутиламиз?
Жавоб-34: Қуйидаги нарсалардан ўзимизни тийсак, Аллоҳ таолога ширк келтиришдан қутила оламиз.
Парвардигоримизга хос бўлган ишларда Уни шериги бор деб билиш. Масалан, Аллоҳ таолодан ўзга ҳам бу оламни бошқариб турувчи зотлар бор деб эътиқод қилишга ўхшаш.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур, ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар» (Юнус: 31).
Ибодатда ширк келтириш. Масалан, пайғамбар ва авлиёлардан ҳожатларини сўраб дуо қилишга ўхшаш.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, динингиздан қайтишингизни талаб қилаётган кофирларга) айтинг: «Мен ёлғиз Парвардигоримгагина дуо-илтижо қилурман ва У зотга бирон кимсани шерик қилмасман»» (Жин: 20).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Дуо – ибодатдир» (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳнинг сифатларида ширк келтириш. Масалан, пайғамбарлар ва авлиёлар ғайбни билишади деганга ўхшаш.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)»» (Намл: 65).
Аллоҳ таолони бандаларига ўхшатиш. Масалан, подшоҳнинг ҳузурига бировнинг воситасисиз киролмаганидек, Аллоҳ таолодан бирон одам воситсидагина ҳожатимни сўрай оламан, деганга ўхшаш. Бу иш – яратгувчи зотни яратилган нарсаларга ўхшатиш – ширкдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир» (Шўро: 11). Бу нарсани Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти қувватлайди: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб колурсан!» (Зумар: 65).
Агар инсон тавба қилиб, ширкнинг бу турларидан қутула олса, албатта Аллоҳ таолони бир деб билувчилар сирасидан бўлур.
Эй Парвардигоро, бизни ўзингни бир деб билгувчилар қаторидан қилгин, мушриклардан қилиб қўймагин!
Савол-35: Катта ширкнинг қандай зиёни бор?
Жавоб-35: Катта ширк инсонни дўзахда абадий қолишига сабаб бўлади.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким Аллоҳ таолога бирон нарсани ширк келтирган ҳолда ўлса, жаҳаннамга киради» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-36: Мушрик одамга қилган яхши аммалларининг фойдаси борми?
Жавоб-36: Йўқ, мушрик одамга қилган яхши аммалларининг фойдаси йўқдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Агар улар мушрик бўлганларида килган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳадиси қудсийда Аллоҳнинг ушбу сўзларини) айтадилар: «Мен шерикдан беҳожатман! Кимки бир амални қилиб, унда ўзгани менга шерик қилса, уни шеригига қолдираман (яъни қилган амалига Мен савоб бераман)» (Имом Муслим ривоятлари).
Pages (2): 1 2   
  
Users browsing this thread: 8 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.