Кийим этагини кибрсиз тўпиқдан пастга тушириб юриш жоиз деганларнинг далили
Кийим этагини тўпиқдан пастга тушириб юришдаги таъқиқни кибр билан боғлаган уламолар айтишадики, кибр каби сабаб зикр қилиб ўтилмаган ҳадислар, айни кийим этагини кибр билан тушириб юриш таъқиқланган ҳадислар ёрдамида изоҳланади. Уларнинг далиллари орасида қуйидаги ҳадислар бор:
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, кунларнинг бирида у изорини тушириб олган одамни кўриб қолди ва унга деди:
«Қаердансан?» У жавоб берди:
«Бану Лайс қабиласидан». Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳу уни таниди ва деди:
«Мен мана шу икки қулоқларим билан Расулуллоҳ соллаллҳу алайҳи ва саллам мана бундай деганларини эшитганман: «Кимки изорини кибр учунгина туширса, Аллоҳ унга Қиёмат куни қарамайди!»» (Муслим 2085).
Уларнинг айтишича, ушбу ҳадисда кийимни тушириш таъқиқланишининг айни сабаби кибр экани аниқ айтилмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Кунларнинг бирида бир киши изорининг этагини кибр билан тушуриб юриб кетаётган эди. Уни ер ютиб юборди. У энди қиёмат кунигача ер қаърига кириб кетаверади» (Бухорий 2/373).
Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади:
«Кунларининг бирида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Кимки либосини манманлик билан ерга судраб юрса, Аллоҳ унга қиёмат кунида қарамайди!» Буни эшитиб Абу Бакр розияллоҳу анҳу дедилар: «Ё Расулуллоҳ, изоримни ушлаб юрмасам пастга тушиб туради». Бунга жавобан Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга дедилар: «Сиз бу ишни кибр билан қиладиганлардан эмассиз» (Бухорий 3665, 5784, Муслим 2085).
Икрима ривоят қилади:
«Мен Ибн Аббосни изорини кияётганини кўрганман. У (изорининг) олд тарафини шу даражада туширар эдики, изорнинг этаги қадамининг ташқи тарафига тегиб турар эди. Орқа тарафдан эса у изорини кўтариб олар эди. Мен ундан сўрадим: «Нима учун сиз изорингизни бундай киймоқдасиз?» У киши жавоб бердилар: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) изорларини шундай кийганларини кўрганман»» (Абу Довуд 4096, Байҳақий 6147. Саҳиҳ ҳадис. Қаранг: «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 1238).
Яна ушбу фикр тарафдорлари саҳоба ва тобеинлардан бўлган баъзи ривоятларни далил сифатида келтиришади:
Абу Воил ривоят қилади:
«Ибн Масъуд кийимининг этагини тушириб юрар эди. Ундан бу ҳақида сўрашганида у деди: «Дарҳақиқат, менинг болдирларим озғиндир»» (Ибн Аби Шайба 25313. Ҳофиз Ибн Ҳажар иснодини кучли деди).
Абу Исҳоқ ривоят қилади:
«Мен Ибн Аббосни Мино водийсида кўрдим. Унинг сочлари узун эди. У баъзи қисмлари тўпиғидан тушиб турган изор ва елкасига ташлаб олинган сариқ кийимда эди» (Табароний «ал-Кабир»да 10572. Ҳофиз Ҳайсамий иснодни ҳасан деди. Қаранг: «Мажмаъу-ззаваид» 9/285).
Муъмар ривоят қилади:
«Иброҳим Наҳаийнинг кўйлаги қадамигача эди» (Ибн Аби Шайба 24845).
Ҳаммод ибн Зайд ривоят қилади:
«Кунларнинг бирида Айюб Сахтиёний кийимининг этагини қисқартириб беришимни амр қилди ва деди: «Шундай қилгинки, унинг этаклари қадамларга тегиб турсин»» (Абдуллоҳ ибн Аҳмад № 841).
Умар ибн Муҳожир ривоят қилади:
«Умар ибн Абдулазизнинг кўйлак ва бошқа кийимларининг этаги тўпиқ ва сандал камари оралиғида эди» (Абу Нуъайм «ал-Ҳиля» 5/322, Ибн Саъд «ат-Табақот» 5/403).
Кунларнинг бирида Абу Ҳанифа кийими этагини тўпиғидан пастга туширди. Шунда унга айтишди:
«Ахир бизга бундай қилиш таъқиқланмаганмиди?!» Бунга у жавоб берди:
«Дарҳақиқат, бу кибр сабабидан таъқиқланган эди. Биз ундайлардан эмасмиз!» (Қаранг: «ал-Фатава ал-ҳиндия» 5/332).
Шайхулислом Ибн Таймия кийим этагини тўпиқдан пастга тушириб кийишни таъқиқловчи ҳадислар ҳақида дедилар:
«Бу матнлар кийимни кибр билан тушуришни таъқиқлайди. Умумий маънода келган ҳадислар, хос ҳадислар билан изоҳланади. Чунки ҳадисларнинг аксари, кибр билан бўлгани таъқиқланаётганини кўрсатади» (Қаранг: «Шарҳ ал-Умда» 4/363).
Бироқ шайхулисломнинг бу борадаги бошқа сўзлари ҳам бор. У ерда бу киши таъқиқни фақатгина кибрга боғламаганлар. У киши дедилар:
«Кўйлак, иштон ва бошқа либослар агар (этаги пастга) тушиб қолса, тўпиқдан пастга тушмаслиги керак. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадисларида кўрсатма бор» (Қаранг: «Мажмуъул-фатава» 22/144).
Шайх Абдурраҳмон Бассом дедилар:
«Шаръий қоида, умумий матнларни хос матнларга қайтариш керак эканига далолат қилади. Шунингдек, шариат кийим этагини тушуришни айни кибр сабабига боғлади. Либосдаги асос, ҳалолликдир. Бундан бирор нарса ҳаром бўлмайди, илло Аллоҳ ва Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таъқиқлагани бундан мустасно. Шариат таъқиқни айни кибр изҳор этиш билан боғлади. Акс ҳолда барчаси рухсатлик асосида қолаверади. Агарда биз кийимнинг барча тури ва уларнинг бичимига эътибор берсак, улардан таъқиқланган бирор нарса топа олмаймиз. Сабаби бўлганлари бундан мустасно. Шунинг учун ҳам ҳадисларнинг маъноси шунга далолат қиладики, кийимнинг этагини кибрсиз пастга туширишлик таҳдид ваъда қилинган нарсалар сарасига кирмайди» (Қаранг: «Тавдиҳ ал-аҳкам» 6/246).