Меҳмон   08-18-2009, 02:50 PM
#1
Аллоҳ азза ва жаллани танимоқлик

Агар сенга: «Роббинг ким?», дейилса, «У мени ва барча оламларни Ўзининг неъмати ила тарбия қилган Аллоҳдир», деб айтгин.
Шайх раҳимаҳуллоҳ уч асосни умумий суратда баён қилгач, энди Китоб, Суннат далиллари ва Аллоҳнинг борлиқдаги оят-аломатлари, ҳамда ақлий далиллар билан бирма-бир муфассал ёритиб беришни хоҳладилар. Ана шундай қилиб ақида масалалари Китобу Суннат далиллари ва барча шубҳалар ариб, ақида қалбда мустаҳкам ўрнашиб қолиши учун ҳам Аллоҳ таолонинг кавний-борлиқдаги оят-аломатларига назар ташлашга асосланмоқлиги вожиб бўлади.
Шак-шубҳа, одамларнинг миш-мишлари ва кўр-кўрона тақлидга қурилган ақидага келсак, албатта у ўткинчи бўлиб, нуқсон ва ўз таъсирини йўқотишга кўндалангдир.
Нафақат ақида, балки бошқа шаръий ҳукмлар ҳам Китобу Суннат далиллари ва соғлом ақлий ҳужжатлар билангина собит бўлади. Шунинг учун ҳам шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу уч асосга кўплаб далиллар келтириб, бирор асосга тўхталадиган бўлсалар, албатта уни, шак-шубҳа ва турли ҳаво-раъйларни кетказиб, қалбда ақидани мустаҳкамлайдиган аниқ-тиниқ далил ва ҳужжатлар билан асослаб берадилар.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Агар сенга … дейилса», деган жумлаларига келсак, яъни, «Роббинг ким?», деб сўралсанг. Ушбу саволга албатта йўлиқиб, у ҳақда дунё ва охиратда ҳали сўраласан. Демак, Роббинг азза ва жаллани танимоқлигинг ва далил-ҳужжатга асосланган тўғри жавобни беришинг даркор. «Роббим Аллоҳ» ана шу тўғри жавобдир. «У мени ва барча оламларни Ўзининг неъмати ила тарбия қилган». Бу эса ақлий далил бўлди.
Роб жалла ва аъла барча бандаларини Ўзининг неъмати ила тарбия қилиб, онасининг қорнида босқичма-босқич, уч зулумат (1-онанинг қорни, 2-бачадон, 3-йўлдош) ичида Ўзининг ризқи билан озиқлантириб, йўқдан бор қилди. Онасининг қорнидалигидаёқ унга ризқ етиб туради. Шунинг учун ҳам ҳомиланинг жисми онанинг қорнида ўсиб, катталашиб боради. Чунки унга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан ризқ-рўз етиб туради.
Сўнг унга руҳ пуфланиб, Аллоҳнинг изни ила ҳаракатга келиб, яшай бошлайди. Бу она қорнидаги тарбия эди. Туғилгач Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни соғлиқ ва офият неъмати ила тарбия қилади. Ва унга онасининг сутини мўл-сероб қилиб, (турли) таомлардан тановул қилгунга қадар она сути билан озиқаланади, ва (маълум муддат ўтгач) она сутидан ҳам беҳожат бўлади. Сўнг ақл, кўз ва қулоғи аста-секинлик билан ривожланиб, балоғат ёшига ҳам етади. Сўнг қирқ ёшга етганда кучга тўлиб, ғоятда қувват ҳосил қилади.
Онасининг қорнида яратилиб вафот этгунга қадар бўлган муддат ичида ким уни озиқлантирди? Ким уни озиқлантириб сўнг ушбу таом ва ичимликни унинг ҳар бир ҳужайра ва мушак, ҳамда жисмининг барча қисмига етиб боришига имкон берди? Ким уни таом ва шаробга бўлган хоҳиш-иштаҳасини очиб, сўнг ҳазм қилдириб, ундан унинг (таом ва шаробнинг) зарарини чиқариб ташлади? Ким ана шу ишларни бошқариб, инсонни тарбия қилди? У Зот, ахир Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эмасми? У Зот Роб субҳанаҳу ва таолодирки, мени ва барча оламларни Ўзининг неъмати ила тарбия қилди.
Ер юзидаги барча инсон ва ҳайвонот олами, ҳамда қуруқлик ва денгиз олами, қуруқлик ва денгиздаги катта махлуқотдан тортиб кичигигача, барча-барчаси У Зотнинг неъмати ва ризқи ила озиқланади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Агар (Раҳмон) Ўз ризқини ушлаб-тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ-рўз берадиган ўша зот ким ўзи?!» (Мулк: 21). Ва яна шундай деди: «Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур» (Ҳуд: 6). Ва яна ушбу қовли: «Ўз ризқу рўзини кўтара (яъни, топа) олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бордир. Аллоҳ уларга ҳам, сизларга ҳам ризқу рўз берур. У Эшитгувчи, Билгувчидир» (Анкабут: 60). Ана шу Роб субҳанаҳу ва таолодир: «Ана шу Аллоҳ Роббингиздир, бас, Унга ибодат қилингиз!» (Юнус: 3). Аллоҳ жалла ва аладан ўзга бут-санам ёки бошқа бирортаси ризқ бериш ва бошқа ишларга ҳам молик эмас. Балки ўзи ризқланадиган ва сиз-у бизга ўхшаш махлуқдир.
У менинг маъбудим. Мен учун Ундан Ўзга маъбуд йўқ. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Ҳамду сано барча оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ учундир» (Фотиҳа: 2).
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «У менинг маъбудим», деган сўзларига тўхталсак, Роб азза ва жалла ана шундай ишларни қилар экан, демак, мен ва мендан ўзгаси томондан ибодат қилинишга лойиқ ҳам Унинг Ўзидир. Сўнг шайх раҳимаҳуллоҳ рубубият тавҳидига иқрор бўлишликни ўзи асло кифоя қилмаслигини яна бир бор эслатяптилар. Роббим неъматлари ила мени тарбия қилган Аллоҳдир, деб айтишингиз асло етарли эмас.
Бунинг ўзи етарли эмас, балки ибодат фақат У Зотга қилинишини ҳам эътироф этиб, ибодатни Унга холис адо этмоқлигингиз лозим. Ана шу муваҳҳид билан мушрик орасидаги фарқдир. Муваҳҳид Аллоҳ азза ва жалланинг рубубият ва шериксиз, ёлғиз Ўзи ибодатга ҳақли дея иқрор бўлади. Мушрик эса Аллоҳнинг рубубиятига иқрор бўлиб, ибодат қилишда эса мушрикдир. Ибодат қила туриб Унга ўзгасини ҳам шерик қилади. Унга яратмаган, ризқ бермаган ва бирор нарсага молик бўлмаган бир нарсани шерик қилади. Демак, ана шу муваҳҳид билан мушрик орасидаги фарқдир. Муваҳҳид, «Роббим ва маъбудим Аллоҳ. Мен учун Ундан Ўзга маъбуд йўқ», дейди. Мушрик эса: «Роббим Аллоҳ», дейди. Ибодат унинг наздида фақат Аллоҳга хос эмас. Аллоҳ билан бирга дарахт, тош, авлиё, солиҳ зотлар ва қабрларга ибодат қилади. Шу сабабдан ҳам у мушрик бўлиб, рубубиятга иқрор бўлиши унга фойда келтирмади ва исломга ҳам дохил қилмади.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «У менинг маъбудим», деган қовллари, яъни, ибодат қиладиган илоҳим.
«Мен учун Ундан Ўзга маъбуд йўқ», яъни, на фаришта, пайғамбар, ўтган солиҳ зотлар, дарахт, тош ва боша бирор нарса эмас. Мен учун У субҳанаҳу ва таолодан Ўзга маъбуд йўқ. Ана шу тавҳидни далил асосида қайдлашдир ва бу ақлий далил эди. Сўнг Қуръондан бўлган нақлий далилни зикр қилдилар.
Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Ҳамду сано барча оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ учундир» (Фотиҳа: 2).
Ушбу оят Қуръонда «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим»дан кейин турадиган аввалги оятлардан. Ва у жаннат аҳлининг охирги айтадиган сўзларидир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Охирги тилаклари эса барча оламлар Роббиси – Аллоҳга ҳамду сано айтишдир» (Юнус: 10). Аллоҳ азза ва жалла яратишни ушбу калима билан очди-бошлади ва ушбу калима билан якунлади. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ҳамду сано осмонлар ва ерни яратган, зулматлар ва нурни таратган Аллоҳ учундир» (Анъом: 1). «(Зеро), уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталарида ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди. Ва «ҳамду сано барча оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ учундир», дейилди» (Зумар: 75). Демак, холқ-яратишни ушбу калима билан бошлаб ва яна ушбу калима ила тугатди. Чунки бу улуғ бир калимадир.
Аллоҳ таолонинг: «Ал-ҳамду», қовлига тўхталадиган бўлсак, У Зотга муҳаббат қўйиб ва улуғлаган ҳолда барча неъматлари учун олқиш айтишдир. «Ал-ҳамду»даги «ал», мутлақ барча мақтов-олқишлар Аллоҳга хосдир ва У бунга лойиқдир маъноларини ифодалайди. Ундан ўзгаси эса қилган яхшилигига қараб мақталади. Аммо мутлақ ва тамомий маънодаги мақтов, у фақат Аллоҳ азза ва жалла учундир. Чунки неъматнинг бари У томондан (ато қилинган).
Ҳатто махлуқ ҳам сизга бирор яхшилик қиладиган бўлса, у ҳам Аллоҳ азза ва жалла ҳузуридандир. Чунки У Зот ушбу махлуқни сизга (яхшилик қилишига) бўйинсундириб қўйди. У Зот унга сизга яхшилик улашишига имконият-иқтидор берди. Демак, натижада барча мақтов-олқиш Аллоҳга қайтади.
«Ал-ҳамду лиллаҳи» қовлидаги «Аллоҳ» лафзи жалолага келсак, барча махлуқотлари устидан улуҳият ва рубубият хислатларига эга зот маъносидадир. Ушбу исм билан У субҳанаҳудан Ўзгаси номланмайди. Ҳатто Фиръавн ҳам: «Мен Аллоҳман», демаган, балки: «Мен Роббингизман», деган. Ушбу исм фақат Аллоҳгагина хосдир. Бирор киши ушбу ном билан номланмайди ва журъат қилиб: «Мен Аллоҳман», деёлмайди.
Демак, барча мақтов ва олқиш оламларнинг Роббиси Аллоҳ учун экани аниқ-равшан бўлди.
Малоика, қуш, йиртқич, ҳашарот ва Аллоҳнинг Ўзигина ададини биладиган қуруқлик ва денгиздаги барча оламларнинг Роббиси Аллоҳдир.
«Оламларнинг Роббиси», ушбу сифат фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун қўлланилади. Бирор кишига нисбатан: «Оламларнинг Роббиси», деб айтилмайди.
«Ар-Роб», деб маърифа (аниқлик артикли)да фақат Аллоҳга нисбатан қўлланилади ва Ундан бошқасига нисбатан айтилмайди. Махлуқ эса: «Роббуддар» (ҳовлининг робби-эгаси) ёки «Роббул баҳийма» (чорванинг робби-эгаси), деб бирор нарсага изофа ўлароқ ишлатилиши мумкин ва шунда ҳам роб калимаси эга, хўжайин маъноларини ифодалайди.
Аллоҳдан Ўзга ҳар бир нарса олам бўлиб, мен ана шу оламнинг бириман.
Сўнгра шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу (Фотиҳа: 2) оятидан далил келтиришга ўтдилар.
«Аллоҳдан Ўзга ҳар бир нарса олам бўлиб, мен ана шу оламнинг бириман», деган сўзларига тўхталадиган бўлсак, Аллоҳ таоло менинг Роббим, чунки У оламларнинг Роббиси ва мен ушбу оламнинг бири бўлар эканман, бирор киши, на кофир ва на мусулмон: мени оламларнинг Роббисидан Ўзга Роббим бор, деб айтолмайди. Бунинг асло имкони йўқ бўлиб, ақли расо киши бу сўзни айтмайди. Бу эса Аллоҳ азза ва жалланинг рубубиятига далилдир. Модомики У Зот оламларнинг Роббиси бўлар экан, демак, У ибодатга лойиқ-ҳақлидир. Ушбу далил У субҳанаҳу ва таолодан Ўзгасига ибодат қилиш нақадар ботил иш эканини кўрсатади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло суранинг давомида шундай деди: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа: 5).
Ушбу оят қайд-чекловни ифодалайди. Чунки асли (жумлада) кейин келиши лозим бўлган –«اياك» («Сенгагина») - аввал келишлиги ва асли (жумлада) аввал келиши лозим бўлган – «نعبد» («Ибодат қиламиз») - кейин келишлиги чекловга далолат қилади. Демак, «اياك نعبد» («Сенгагина ибодат қиламиз») «نعبدك» («Сенга ибодат қиламиз») жумласидан батамом фарқ қилади. Сабаби «نعبد» («Ибодат қиламиз») жумласида фақат исбот мавжуд. Бироқ «اياك نعبد» («Сенгагина ибодат қиламиз») оятида эса нафий ва исбот бор. Яъни, Сендан Ўзгага ибодат қилмаймиз. Ибодат фақат нафий ва исбот билан тўғри бўлади. Ва у «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасининг ҳам маъносидир. Ушбу тавҳид калимасида ҳам нафий ва исбот бор бўлиб, улуҳиятни Аллоҳдан Ўзгасидан рад этиб, уни Аллоҳ азза ва жалла учун исбот қилмоқликдир.
Агар сенга: «Роббингни нима билан таниб олдинг?», дейилса, «Оят ва махлуқотлари билан», деб айтгин.
Сен: «Роббим мени Ўзининг неъматлари ила тарбия қилган Аллоҳдир», дегандинг. Бунга далил борми?
Шайх раҳимаҳуллоҳ нақлий ва ақлий далилларни келтиряптилар. Агар сенга: «Роббингни нима билан танидинг?», дейилса, чунки кимда-ким бирор нарсани даъво қиладиган бўлса, даъвосига далил қоим қилмоғи лозим. Ҳар бир даъвогарга, даъвосига далил келтирмоғи даркор. Акс ҳолда даъвоси нотўғри бўлади. Сен эса: «Роббим мени ва барча оламларни Ўзининг неъмати ила тарбия қилган Аллоҳдир», дединг. Далилинг нима? Шунда: «Далил, Унинг оят ва махлуқотлари», деб айтгин. Оят луғатда бирор нарсага аломат-белги, далолат маъносини ифодалайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Мунофиқнинг ояти - яъни аломати - учта».
«Оят(лари)... билан», яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога далолат қилувчи аломат ва белгилар. Ушбу сиз кўриб турган борлиқнинг бари йўқ эди. Сўнг Аллоҳ таоло уни йўқдан бор қилди ва Ўзининг қудрати ила яратди.
Ушбу борлиқда наботот, (махлуқотларнинг) туғилиши ва кўриб турганингиздек бундан бошқа вужудга келаётган махлуқотлар бор. Буларни ким яратаяпти? У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Ўша махлуқотлар ўзини ўзи яратдими ёки башариятдан бирортаси яратдими? Бирор киши буни даъво қилмаган, қиломайди ҳам.
Аллоҳ таоло шундай деди: «Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимикинлар-а?! Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!» (Тур: 35-36). Ушбу нарсалар ўзини ўзи яратган эмас ёки махлуқотлардан бири ҳам яратган эмас. Бирор киши ҳаргиз бирор дарахт, чивин ёки пашшани яратолмайди: «Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам ҳатто бир дона чивинни ярата олмаслар» (Ҳаж: 73).
Ушбу махлуқотлар Холиқ субҳанаҳу ва таолога далолат қилади. Шу сабабли ҳам саҳродаги аъробийга: «Роббингни нима билан танидинг?», дейилганда, шундай деган экан: Тезак туяга, излар эса босиб ўтилган йўлга далолат қилса, ахир ушбу борлиқ Латиф, Хабардор Зотга далолат қилмасинми?!
Ердаги оёқ изларига кўзингиз тушса, ушбу (излар) бирор киши ана шу жойдан ўтиб кетганига далолат қилмайдими? Туянинг тезагига кўзингиз тушса, ушбу (тезак) ана шу жойдан туя ўтиб кетганига далолат қилмайдими? Тезак туяга, из эса кимдир ушбу йўлни босиб ўтганига далолат қилади.
Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг оят-аломатларидан. Етти осмон ва етти ер, ҳамда уларнинг ичидаги ва орасидаги бор нарсалар Унинг махлуқотларидандир.
«Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг оят-аломатларидан», деган сўзларига тўхталадиган бўлсак: оят-аломатлар икки қисмга бўлинади:
Биринчиси: Кўз ўнгимиздаги кавний-борлиқдаги оят-аломатлар. Осмон, ер, юлдузлар, қуёш, ой, тоғ, дарахт ва денгизлар каби. Чунки ушбу нарсалар Холиқи субҳанаҳу ва таолога далолат қилади. Шунинг учун ҳам Абул Атоҳия айтадики:
«Во ажаб, илоҳга қандай осийлик қилинади? Ёки инкор қилувчи Уни қандай инкор қиларкин?
Ҳар бир нарсада Унинг Ягона Зот эканига далолат қиладиган оят-аломат бордир.
Борлиқдаги ҳар бир ҳаракат ва сукунатда Аллоҳга гувоҳ-шоҳид бордир»
.
Ахир қандай қилиб киши Аллоҳ жалла ва аълани инкор қилиб: «Ушбу барча борлиқнинг Роббиси йўқ. Махлуқотлар Яратувчисиз ўзи шундай вужудга келган», деб айта олади?! Агар бирор яратувчи вужудга келтирган бўлса, унда Аллоҳ жалла ва аладан Ўзга ўша яратувчи ким эканини айт менга! Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан Ўзга Яратувчини тополмайсан ҳам: «Ё улар (Аллоҳ) яратгани каби ярата оладиган бутларни Аллоҳга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар(ни Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани Яратгувчидир ва У Танҳо Ғолибдир»» (Раъд: 16).
Иккинчиси: Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган ваҳийдан иборат тиловат қилинадиган Қуръон оятлари. Ушбу кавний-борлиқдаги ва Қуръоний оятларнинг бари Роб субҳанаҳу ва таолонинг бор ва мукаммал Зот эканига, ҳамда исм ва сифатларига, шериксиз ёлғиз Ўзи ибодатга ҳақли-лойиқ эканига далолат қилади.
Кавний оятлар ўзининг Холиқи, вужудга келтирувчиси ва бошқарувчисига далолат қилса, Қуръон оятларида эса Аллоҳга ибодат қилишга бўлган буйруқ, рубубият тавҳидини қайдлаб ўтиб, уни улуҳият тавҳидига далил қилиб келтириш ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишга бўлган буйруқ бордир. Қуръоннинг бари ана шу маъно атрофида айланиб, ушбу маъно сабабидан нозил қилинган.
Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг оят-аломатларидан. Булар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг энг улкан оят-аломатларидандир. Ушбу борлиқни ўраб-қоплаб оладиган зулуматли тун ва коинотни ёритиб борадиган нур таратувчи кундуз. Натижада одамлар ўз ишлари сари отланадилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Хабар берингчи, агар Аллоҳ кечани қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга ёруғлик келтира олур?! Ахир англамайсизларми?!». Айтинг: «Хабар беринг-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга ором оладиган кечани келтира олур?! Ахир кўрмайсизларми?! (Аллоҳ) сизлар учун кеча ва кундузни - унда (яъни, кечада) ором олишларингиз, (кундузи эса) Унинг фазл-ризқидан исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун пайдо қилиб қўйгани Унинг раҳмат – марҳаматидандир» (Қасос: 71-73).
Ушбу кеча ва кундуз Аллоҳ таолонинг энг улкан оят-аломатларидандир. Вақтнинг ҳаммаси кеча ёки вақтнинг бари кундуз ҳам эмас. Агар шундай бўлганида бандаларнинг манфаатлари чиппакка чиқиб, ўзлари ҳам машаққатга юз тутишарди.
Аллоҳ таоло улар учун кеча ва кундузни бир-бирини қувиб юрадиган қилиб берди. Сўнг ушбу тун ва кун бирор зиддият ва ўзгаришсиз, интизом билан ҳаракат қилади. Бу эса Ҳаким субҳанаҳу ва таолонинг ҳикматига далолат қилади. Бандаларнинг саноат ва қилган ишлари эса харобаси чиқиб, қандай бўлмасин барибир ишдан чиқади. Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқотлари эса У Зот изн берган вақтдагина хароб бўлади.
Кеча ва кундуз давомий бўлиб, бирор киши улар сабабли талофат кўрмайди. Махлуқнинг қилган ишлари эса ишдан чиқиб, бузулиб, йўқ бўлиб кетади. Гарчи кучли ва катта ҳажмга эга бўлса-да.
Қанчадан-қанча урилган-зарб еган машина, тайёра-самолёт ва кемаларни кўрасиз. Ҳолбуки уларга кучли-мустаҳкам бўлсин дея катта аҳамият қаратилган. Бироқ бузилиб, ишдан чиқаверади. Кеча ва кундуз бузилиб, ишдан чиқадими? Йўқ. Чунки у Қудратли, Ҳикматли азза ва жалланинг ишидир: «(Бу) барча нарсани пухта қилган Зот – Аллоҳнинг ҳунаридир» (Намл: 88).
This post was last modified: 08-18-2009, 02:56 PM by Меҳмон.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Admin   09-20-2009, 10:31 PM
#2
Субҳанаҳу ва таолонинг рубубият ва улуҳиятига далил

Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).
Ушбу оят Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг рубубият ва улуҳиятда (ягона Зот) эканига далилдир: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир...».
Қуёш ва ой: қуёш борлиққа зиё улашадиган, доимо чарақлаб турувчи катта бир юлдуздир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ва доимо чарақлаб тургувчи чироқни (яъни, қуёшни пайдо) қилдик» (Набаъ: 13). Ой эса кечани ва одамлар учун йўлни ёритиб берадиган нурдир. Борлиқдаги дарахт, мева ва денгизларга ой нурининг улкан фойдалари бор. Агар қуёш ғойиб бўладиган бўлса, бутун борлиқ зарар кўриб, одамзотнинг ҳаёт ва фойдалари барбод бўлади. Ой ғойиб бўлса ҳам худди шундай (зарарлар кузатилади). Ойни мева ва дарахтларга фойдаси бўлиши билан бирга, унинг воситасида муддатларни билиш мумкин. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ойни эса (кечалари) нур – ёруғлик қилган ва сизлар йилларнинг саноғини ҳамда (вақтларнинг) ҳисобини билишларингиз учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзил-буржларга бўлиб қўйган Зотдир» (Юнус: 5). Ва яна ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир» (Бақара: 189).
Демак, ойларда вақт ва муддатларни билиш каби фойдалар бор. Мисол учун: қарз муддати, аёллар (талоқ қилингандаги) идда ва (табиий қонлари) муддати, рўза ва ҳаж каби ибодатларнинг муддатини билиш каби. Ушбу муддатларнинг барини икки юлдуз бўлмиш: қуёш ва ойга биноан билиб борасиз. Шамсий ва қамарий ҳисобда барча инсоният учун фойдалар бор.
Етти осмон Унинг махлуқотларидандир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳ етти осмонни ва ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни, етти қават ерни) яратган Зотдир» (Талоқ: 12). «(У) етти осмонни устма-уст қилиб яратган Зотдир...» (Мулк: 3). Демак, осмонлар устма-уст бўлиб, дунё осмони, сўнг еттинчи осмонгача бирин-кетин бўлган осмонлар. Барчасининг юқорисида эса Раҳмон субҳанаҳу ва таолонинг арши.
Аллоҳ таоло айтганидек етти ер ҳам (Унинг махлуқотларидандир): «Ва ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни, етти қават ерни) яратган Зотдир». Ер ҳам етти қатлам-табақадан иборат. Осмон ва ернинг етти қават қатлам-табақасининг ҳар бирида маскан тутган яшовчи-махлуқотлар мавжуддир. Осмонлардаги юлдузлар, қуёш ва ой, ҳамда ердаги турли навларга эга бўлган тоғ, дарахт, тош, маъдан (қазилма бойликлари) ва денгизлар каби махлуқотларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг оят-аломатларидандир. Ушбу оят-аломатлар кўзимиз билан кўриб, гувоҳ бўлганимиз кавний-борлиқдаги оят-аломатлардир.
Шайх раҳимаҳуллоҳ: Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37), дедилар.
Кеча Унинг оят-аломатларидан, яъни, рубубияти, қудрати ва якка Ўзи ибодатга ҳақли-лойиқ эканига далолат қилувчи оят-аломатлардан зулматли кеча ва бутун борлиқни ёритувчи кундуздир. Ушбулар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ажойиботларидандир.
Бутун борлиқни бир лаҳзада зулуматли ва яна бир лаҳзада ёруғ қиладиган Зот ким? У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Агар халқлар ер юзининг бир бурчагини ёритиш учун жамланишса, фақат маълум бир чекланган қисминигина ёритиша олади. Агар дунёдаги бутун электр токини олиб келишганда ҳам, у фақат ернинг маълум бир қисмини ёритади холос.
Қуёш ва ой эса бутун борлиқни ёритади. Кеча ва кундуз бир-бирини қувиб-таъқиб қилиб боради. Қуёш ва ой ҳам худди шундай.
Аллоҳ таоло айтадики: «Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).
Бу ширкни барбод-ботил қилишдир. Махлуқотларга сажда қилманглар. Чунки энг улкан махлуқотлар қуёш ва ой бўлиб, мушриклар бу иккисига ибодат қилиб, сажда қилишарди. Уларнинг орасида Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмлари каби ой ва юлдузларнинг ҳайкал-тимсолини ясаб, уларга ибодат қиладиганлари бор эди. Аллоҳ таолонинг ушбу: «Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам... сажда қилманглар», қовлига келсак, сажданинг маъноси пешонани маъбудга итоат этган ҳолда ерга қўймоқ. Ва бу ибодатларнинг энг улуғидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Банда Роббисига энг яқин бўлган (лаҳзаси) – саждада эканлигидадир» (Муслим (482) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят).
Ибодат турларининг энг улуғи ерга (йиқилиб) сажда қилишдир. Чунки юзингиз танангизнинг энг азиз қисми бўла туриб, уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бандалик бажо қилиб ва хокисор бўлиб У Зот учун ерга қўясиз. Ана шу ҳақиқий сажда бўлиб, ушбу ибодат билан фақат Аллоҳ таологагина сиғинилади.
Қуёш ва ойга сажда қилишга келсак, у сажда қилишга нолойиқ бўлган бир махлуққа сажда қилишдир. Махлуқотларга сажда қилиш жоиз эмас. Балки сажда махлуқотларнинг Холиқи азза ва жаллагагина қилинади. Махлуқотлар эса сиз каби яратилган, уларнинг устидан бошқарилиб турилади. Ўзингиз каби ожиз бир махлуққа сажда қиласизми? Бу асло жоиз эмас. Инсон ақлу заковати қандай қуйи даражага етди-я?!
Сажда – Уни бирор нарса ожиз қолдирмайдиган Холиқ субҳанаҳу ва таологагина лойиқдир. Сажда Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаққи, махлуқнинг ҳаққи эмас, гарчи ушбу махлуқ катта ва улкан бўлса-да. Чунки у заиф бир махлуқ бўлиб, унинг тепасидан бошқариб, тасарруф этиб турадиган бир Зот бор.
«Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).
Демак, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз даркор. Агар У Зотга ва бошқасига ҳам сажда қилар экансизлар, Аллоҳга тўғри ибодат қилувчи бўлмабсизлар. Балки Унга ширк ила ибодат қилган бўлиб, ширк ибодатни барбод қилади.
Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй инсонлар), албатта Роббингиз – Аллоҳ шундай Зотдирки, осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига кўтарилди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам ёлғиз Уникидир. Барча оламлар Робби – Аллоҳ Баракотлидир» (Аъроф: 54).
«Албатта Роббингиз», яъни, сизларни Яратувчи ва неъматлар билан тарбия қилувчи.
Сўнг Яратувчи ва тарбия қилувчи эканига далил сифатида шундай деди: «Осмонлар ва ерни олти кунда яратиб...». Ушбу оят Аллоҳ азза ва жалланинг рубубиятига ҳужжатки, У Зот осмонлар ва ерни яратди. Бирор киши буларни яратмаган ва субҳанаҳу ва таолога яратишда кўмак ҳам бермаган. Балки Унинг ёлғиз Ўзи Яратувчидир: «Осмонлар ва ерни олти кунда яратиб...». Мушрик ва мулҳидлардан бирортаси ушбу оятга қарши чиқиб: Аллоҳ осмонлар ва ерни яратмаган. Балки фалончи ёки мен ё бўлмаса фалончи бут-санам яратган, дея оладими? Тарихдаю ҳозирда бирор кимса ушбу сўзни айтганми? Ҳолбуки ушбу оятлар эртаю кеч тиловат қилинади. Бирор киши ушбу оятга қарши чиқмаган ва келажакда ҳам асло қарши чиқолмайди.
«Олти кунда», яъни, ушбу баҳайбат, улкан махлуқотларни Аллоҳ таоло олти кунда яратди. Ҳолбуки бир лаҳзада яратишга ҳам қодир эди. Бироқ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли олти кунда яратди. Ушбу олти куннинг аввали якшанба, охиргиси эса жума кунидир. Жума куни холқ-яратишлик тамомий-мукаммал бўлди. Ана шу сабабли ҳам ушбу кун ҳафта кунлари ичидаги энг улуғи, кунларнинг саййиди ва ҳафтанинг байрами, ҳамда барча кунлардан афзалидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қуёш порлаб чиққан кунларнинг яхшиси жума кунидир» (Муслим (854), Абу Довуд (1046), Термизий (488), Насоий 90/3 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Чунки жума куни махлуқотларни яратиш тўла-мукаммал бўлди. Ушбу кунда Одам алайҳиссалом яратилиб, жаннатга киритилди ва ана шу куни ундан (жаннатдан ерга) туширилди. Ва яна бу кунда қиёмат қоим бўлади. Ана шуларнинг бари жума куни рўй беради. Демак, у кунларнинг афзали ва осмонлару ер ва улар ичидаги бор нарсанинг яратилишини сўнгги кунидир.
«Сўнгра Ўз аршига кўтарилди», яъни, «сўнгра» калимаси тартиб, кетма-кетликка далолат қиладики, аршга кўтарилиши осмонлар ва ерни яратганидан сўнг бўлди. Чунки у (яъни, аршга кўтарилиши) Аллоҳ хоҳлаганида қиладиган-сифатланадиган феълий сифатлардандир.
«Кўтарилди», яъни, юқорилади, олий бўлди.
«Ўз аршига», яъни, арш – махлуқотларнинг шифти-томидир. Луғатда эса: тахт маъносини ифодалайди. Ўз устунларига эга бўлган тахт бўлиб, фаришталар уни кўтариб туради. Ва у махлуқотларнинг энг улкан ва юқоридагисидир.
«الاستواء» (ал-Истиво - кўтарилиш, юқорилаш): Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буюклигига лойиқ бўлган феълий сифатларидан биридир. Махлуқнинг махлуққа кўтарилиши-олий бўлиши каби эмас. У Зот аршга муҳтож эмас. Чунки У аршни ҳам, бошқасини ҳам тутиб-ушлаб туради. «Албатта Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки, агар улар қуласалар У Зотдан сўнг (яъни, Аллоҳдан Ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас» (Фотир: 41).
Арш Аллоҳ таолога муҳтож, чунки у махлуқдир. Аллоҳ таоло эса аршдан ҳам, бошқасидан ҳам Беҳожатдир. Бироқ У Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли унга (аршга) кўтарилди. Кўтарилиш олий бўлишнинг бир туридир. Бироқ «العلو» (ал-Улув - Олийлик) зотий сифат, «الاستواء» (ал-Истиво - кўтарилиш, юқорилаш) эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хоҳлаганда қиладиган-сифатланадиган феълий сифатдир.
«У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар», яъни, тунни кунга қоплаб, тунни эса кунга ёпинчиқ каби ўрайди. Натижада борлиқни ёруғ ҳолатда кўрасиз. Тунни кунга қоплаганда эса олам зулматга чўмади.
Тунни кунга қоплайди, натижада ёруғлик бўлади. «(Ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар». Бунисидан (кундуздан) кейин униси (кеча) танаффус олмай келиб, ортда қолмайди-кечикмайди. Кеча кетгач кундуз келади ва кундуз кетгач кеча келади. Бир-биридан ортда қолиб кетмайди. Буларнинг бари субҳанаҳу ва таолонинг Қудратини мукаммал эканидандир. Қуёш барчага маълум бўлганидек улкан бир юлдуздир. Ой ҳам етти ҳаракатланадиган юлдузнинг бири. Қуёшу ойнинг иккиси ҳам ер атрофида айланади. Ер силжимас-барқарордир. Аллоҳ таоло уни бандаларнинг фойдалари учун силжимас қароргоҳ қилди. Қуёш ва бошқа фалаклар эса унинг атрофида айланади. (Иш) билимни даъво қилган бугунги вайсақилар айтгандек эмас. Улар Қуръонга акс йўл тутиб: қуёш силжимас, ер эса қуёш атрофида айланади, дейишади. «Қуёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур» (Ясин: 38). Улар эса: қуёш ҳаракатланмайди, дейишади. Ажиб, субҳаналлоҳ!
«Ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди)», яъни, тўхтамай доимий ҳаракатланишга бўйинсундириб қўйилган. Демак, ушбу оят қуёш, ой ва юлдузларга ибодат қиладиганларга раддияки, уларнинг бари Аллоҳнинг амрига бўйинсунади. Уларни ҳаракатга келтирадиган Аллоҳ таолодир ва Унинг Ўзи хоҳлаганда уларни ҳаракатдан тўхтатади. Демак, уларнинг тепасидан бошқарилиб туриладиган, бўйинсундирилиб қўйилган махлуқотлар бўлиб, улар учун бошқарувдан бирор нарса йўқ.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло амр этиши биланоқ ҳаракатга келиб, Унинг кавний буйруғи ила нур сочади. Буниси чиқиб, кейингиси ботиб, бир-бирини қувиб юради.
«Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам ёлғиз Уникидир».
«Огоҳ бўлингизким», диққатни жалб қилиш ва қайдлов ундалмаси. «Ёлғиз Уникидир», яъни, субҳанаҳу ва таолодан Ўзгасиники эмас.
«Яратиш», яъни, йўқдан бор қилиш. У яратишга Қодир Зот бўлиб, хоҳлаган нарсасини яратади.
«Буюриш», яъни, субҳанаҳу ва таолонинг амри – Унинг кавний ва шаръий каломидир.
Кавний каломи-сўзига келсак: ушбу кавний сўзи ила махлуқотларга амр этади, шунда улар У Зотга итоат этиб, лаббай дея ижобат қиладилар. Аллоҳ таолонинг мана бу қовлига ўхшаш: «Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: «(Менинг амри-фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!», деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик, (амрингга бўйинсундик)», дедилар» (Фуссилат: 11). Бу Аллоҳнинг кавний амри-фармони бўлиб, осмонлар ва ерга ушбу кавний буйруғи ила амр этганди, бас, улар ташкил топиб-вужудга келди. «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур – вужудга келур» (Ясин: 82). Бу кавний амру-фармони эди.
Шаръий амру-фармонига келсак, у нозил қилинган ваҳий бўлиб, ушбу ваҳий воситасида Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига ибодат қилишга, намоз, закот, ота-онага яхшилик қилишга буюради. Бу шаръий амру-фармонидир. Ушбу шаръий амри остига Қуръони Карим ва Пайғамбар суннатидаги буйруқ ва қайтариқлар дохил бўлади. Буларнинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амридандир.
Яратиш ва амру-фармон Унгагина хос экан, унда субҳанаҳу ва таолодан ўзгасига нима ҳам қолди? Шунинг учун ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ушбу оятни ўқиганларида: «Барча нарса Уни(нг қўлида бўлган) Зотдан сўраб-талаб қилсангчи» дердилар. Ушбу оят яратиш ва амру-фармон орасида фарқ бор эканига далолат қиляпти. Бу эса Қуръон махлуқ дейдиганларга раддиядир. Чунки Қуръон амру-фармон жумласидандир. Аллоҳнинг амри эса махлуқ эмас. Чунки Аллоҳ таоло яратиш ва амр ўртасини ажратди ва у иккисини ўзаро фарқли бўлган икки нарса эканини зикр қилди. Демак, Қуръон амру-фармон остига дохил бўлиб, у махлуқ эмасдир.
Ушбу масалада имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) жаҳмиялар билан мунозара қилдилар. Улар у кишидан Қуръон махлуқ дейишларини талаб қилишганида: «Қуръон яратилган нарсалар жумласиданми ёки амру-фармон қилинган нарсалар жумласиданми?», дедилар. Улар: «Қуръон амру-фармон жумласидан», дейишди. У киши эса: «Амру-фармон махлуқ эмас», дедилар. Аллоҳ таоло амр билан холқ-яратиш орасини ажратди. Яратишни бир нарса ва амр-буйруқни бошқа бир нарса деб зикр қилди.
Амр – Калом (сўздир). Холқ-яратиш эса йўқдан бор қилиш ва вужудга келтиришдир. Демак, иккиси ўртасида фарқ бор.
«Барча оламлар Робби – Аллоҳ Баракотлидир», яъни, феъл ва қудрати юқорида васф қилингандек бўлган, ҳамда шундай (улкан) махлуқотларга эга Зот буюк, барокатли ва олий бўлди.
«تبارك» (Табарока - баракотли бўлди): ушбу феъл Аллоҳ субҳанаҳу ва таологагина хос бўлиб, Ундан Ўзгасига ишлатилмайди. Барака – мўл-кўл яхшилик ва унинг ўсиб-кўпайиб боришидир. Аллоҳ жалла ва аланинг баракаси асло ниҳоя топмайди. Махлуқ борасида эса: «تبارك» (Табарока - баракотли бўлди), деб айтилмайди. Балки: барака ато қилинди дейилади, яъни, Аллоҳ таоло Унга барака ато этиб, муборак қилди. Бараканинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодандир.
«Барча оламлар Робби»: Бу ҳақда юқорида айтиб ўтилди. Ушбу оятда ҳам тавҳид қайд этиб ўтилди, рубубият ва улуҳият тавҳиди.
Роб – маъбуд (сиғиниладиган Зот)дир. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз. У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг!» (Бақара: 21-22).
«Роб – маъбуд (сиғиниладиган Зот)дир», яъни, У Зотгина ибодатга лойиқ-ҳақли. Ундан ўзгаси эса ибодатга нолойиқ. Чунки у Роб эмас. Сўнг инсон рубубиятга иқрор бўлишлигини ўзи кифоя қилмайди. Балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун убудиятга ҳам иқрор бўлиб, ибодатни У Зот учун холис адо этмоғи лозим. Модомики У Зотни Роб дея тан олар экан, энди Уни маъбуд дея ва Ундан ўзгаси ибодатдан бирор нарсага ҳақли эмаслигини ҳам тан олиши зарур. Ибодат фақат Роб субҳанаҳу ва таологагина хос эканига далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз. У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг!»
«Эй инсонлар»: Ушбу нидо Аллоҳ таоло томонидан жамийки инсониятга, мўмин ва кофирларга қаратилгандир. Чунки Аллоҳ таоло ушбу бақара сурасида одамларни уч қисмга бўлинишини ёд этди:
Биринчи қисм: Ғайбга ва охират кунига иймон келтирган, ҳамда У Зот уларни нажот топгувчилар дея васф этган мўминлардир: «Роббилари томонидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир» (Бақара: 5).
Иккинчи қисм: Куфр ва саркашликни зоҳирда намоён этадиган кофирлар. Аллоҳ таоло шундай деди: «Куфр йўлини тутган кимсалар эса хоҳ сиз (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларни (Аллоҳ таолонинг азобидан) қўрқитинг, хоҳ қўрқитманг, уларга баробардир – иймон келтирмайдилар» (Бақара: 6).
Учинчи қисм: Кофирлар билан ҳам, мўминлар билан ҳам бирга бўлмаган мунофиқлар: «Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар» (Нисо: 143). Улар зоҳиран мўмин бўлсаларда, бироқ ботинда кофирдирлар. Улар куфрларини ошкора намоён қиладиган кофирларданда ёмон. Шунинг учун ҳам улар ҳақида ўндан зиёд оят нозил бўлди. Мўминлар ҳақида озгина, кофирлар ҳақида эса икки оят нозил бўлди. Мунофиқларни эса ушбу қовлидан бошлаб: «Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки...» (Бақара: 8), то мана бу қовлигача: «Яшин кўзларини кўр қилгудек бўлади...» (Бақара: 20) зикр қилди.
Ушбу оятларнинг бари хатарлари катта ва қилмишлари қабиҳ бўлгани боис мунофиқлар ҳақида бўлди. Аллоҳ таоло ушбу уч гуруҳни ёд этгач, шундай деди: «Эй инсонлар...». Ушбу чақириқ-нидо мўмин, кофир ва мунофиқлардан иборат барча гуруҳ эгаларига йўналтирилгандир. Уламолар ушбу оятни Қуръондаги аввалги нидо (ояти) дейдилар.
«Ибодат қилингиз»: Буйруқ феъли, яъни, ибодатни У Зот учун холис адо қилинглар. Нима учун? Чунки у Роббингиздир. Ибодат фақат Роб субҳанаҳу ва таолога (қилинсагина) тўғри бўлади. Сўнг ушбу сўз-буйруққа далилни ёд этди: «Сизларни ... яратган...».
«Ва сизлардан илгари ўтганларни ... яратган», яъни, барча уммат-халқларни. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло малоика, жин, инсон ва барча махлуқотларни яратган.
«Тақво эгалари бўлишингиз учун», яъни, ушбу ишлар борасида тадаббур қилсангизлар, шояд бу сизларда тақво сифати ҳосил бўлишига сабаб бўлар. Агар У Зот сизларни ва сизлардан илгаригиларни ҳам яратган эканини тадаббур қиладиган бўлсангизлар, шояд шунда У Зотга ибодат қилишда тақво қиларсизлар. Чунки Унинг азобидан субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишгина сақлайди. Шояд шунда Менинг азобим ва дўзахимдан қўрқарсизлар. Чунки сизларни бу фалокатдан фақатгина барчангизни яратган Роббингизга ибодат қилишингиз тўсади холос.
Сўнг Ўзининг рубубият ва улуҳиятига далил келтиришга ўтди: «У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ... қилиб қўйди», яъни, кенг ёзиб қўйди. «Аллоҳ ерни сизлар учун ёйиқ-текис қилиб қўйди» (Нуҳ: 19), яъни тўшалган, ёзилган. Унда ором олиб, бино қуриб, экин экиб, сафарда хоҳлаган томонингизга қараб юрасизлар. Ер фойдаларингиз кўзланган ҳолда сизлар учун тўшалган қароргоҳдир: «Ерни эса ёйиқ-кенг қилиб қўйдик. Бас, (Биз) нақадар яхши Ёйгувчидирмиз» (Зориёт: 48).
«Осмонни том қилиб қўйди», яъни, осмон ер учун шифт вазифасини ўтайди ва унда бандалар учун кўплаб фойдалар бор: «Ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг!» (Бақара: 22).

Admin   09-20-2009, 10:35 PM
#3
Банда Роббисини қандай танийди?

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): У Аллоҳни (билмоқ-танимоқ), деган сўзларига тўхталадиган бўлсак, (авваламбор) банда Роббисини қандай танийди? Унинг оятлари ва махлуқотлари воситасида таниб олади. Кеча ва кундуз Унинг оятларидан. Қуёш ва ой эса Унинг махлуқотларидандир. Аллоҳнинг хоҳиши ила бу ҳақда яна баён қилинади.
Демак, Аллоҳни борлиқдаги ва Қуръоний оятлари ила танийди. Қуръонни ўқиса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло осмонлару ерни яратган эканини, У Зот осмонлар ва ердаги нарсаларни бўйинсундириб қўйганини, У Зотгина ўлдириб, тирилтиришини ва У барча нарсага Қодир эканини, ҳамда У Раҳмон ва Раҳим эканини билиб олади. Қуръон бизга Аллоҳ азза ва жаллани танитиб боради. У Зот бизга барча неъматларни инъом қилиб берди ва У бизни яратиб, ризқ берди. Қуръонни ўқийдиган бўлсангиз Роббингиз субҳанаҳу ва таолони исм-у сифатлари ҳамда феъллари ила таниб оласиз.
Борлиққа назар ташлар эканисиз, Роббингиз субҳанаҳу ва таолони, У Зот барча махлуқотларни яратгани, борлиқни бўйинсундириб, уни Ўзининг ҳикмати ва илмига кўра ҳаракатлантириб қўйганини биласиз. Ана шу Аллоҳ азза ва жаллани билмоқдир.

Hayot   09-28-2009, 03:27 PM
#4
Assalamu alaykum wr wb Alloh rozi bosin davomi bormi
Меҳмон   09-29-2009, 09:31 PM
#5
(09-28-2009, 03:27 PM)Hayot Wrote: Assalamu alaykum wr wb Alloh rozi bosin davomi bormi

Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Бу мақоланинг давоми йўқ.
Аммо бошқа манбалардан фойдаланиб мавзуни биргаликда давом эттирамиз деб умид қиламан иншааллоҳ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Admin   01-05-2014, 12:48 PM
#6
Роббингни қандай танидинг?

4-савол: Роббингни қандай танидинг?
Жавоб: Оят-аломатлари ва махлуқотлари орқали танидим. Унинг мўъжизаларидан тун ва кун, қуёш ва ой. Махлуқотларидан етти осмону, етти ер ва уларнинг орасидаги барча нарсалар. Далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган зотга — Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).
Ва Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Албатта, Парвардигорингиз – Аллоҳ шундай Зотдирки, осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига кўтарилди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори — Аллоҳ буюкдир» (Аъроф: 54).

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.