Меҳмон   12-18-2010, 10:35 AM
#1
Муҳаррам ойи ва Ошуро кунидаги рўза

Муаллиф: Абу Тоййиб
عبد الله أبو طيب مؤلف:

مراجع: شمس الدين درغامي

Бутун мақтовлар оламлар раббиси Аллоҳга хосдир. Унга ҳамду саноларимизни йўллаймиз, Унинг Ўзидан мадад сўраймиз, Ундан гуноҳларимизга мағфират тилаймиз. Нафсларимизнинг ёвузликлари-ю амалларимизнинг ёмонларидан Аллоҳнинг паноҳига қочамиз. Аллоҳ кимники ҳидоят қилар экан, бас, уни адаштиргувчи йўқдир. Кимники адаштирар экан, бас, ортиқ уни ҳидоятга йўллагувчи йўқдир. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз, Унинг шериги йўқ, Муҳаммад унинг бандаси ва пайғамбаридир...
Мусулмон кишининг ҳаётдаги олий мақсади, барча ғам-ташвиши унинг яратилишидан кўзланган асосий ғояни рўёбга чиқаришдан иборат бўлмоғи керак. У ҳам бўлса, Аллоҳ таолога ибодат қилиш, Унинг ризоси ва неъматига эришиш ҳамда ғазаби ва азобидан нажот топишдир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:
"Мен инсонлар ва жинлар тоифасини фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим!" (Зориёт сураси, 56-оят)
Бинобарин, мусулмон киши Аллоҳ таоло томонидан буюрилган ишларни баҳоли қудрат амалга ошириш, қайтарилган ишлардан эса ҳазар қилиш орқали мудом Парвардигорига ибодатда бўлар экан, яратган Эгасига янада кўпроқ яқинлик ҳосил қилиш учун Аллоҳ таборака ва таоло томонидан белгиланган махсус ибодат мавсумларини ҳам ғанимат билади.
Аллоҳ таоло маълум кунларни тоат мавсумлари этиб тайинлар экан, бу мавсумларнинг фазилати, ҳурмати ва муқаддаслигини бошқа вақтлардан зиёда қилди. Бундай мавсумларда солиҳ амалларга бел боғлайдиган соҳибҳиммат бандаларнинг даражалари оширилади, ҳасанотлари зиёда қилинади ва иншоаллоҳ улар дунёю охиратда бахту саодатга эришадилар. Аксинча, уларнинг ҳурматини оёқ ости қилиб, маъсиятлар ботқоғига ғарқ бўлувчи ғофил кишиларнинг жазолари эса, наъувзу биллаҳ, ёмон бўлади.
Тоату ибодат учун бебаҳо бўлган ана шундай мавсумлардан бири эшикларимизни қоқиб турибди. У ҳам бўлса, Аллоҳнинг муҳаррам ойидир. Келинг, унинг ҳурматини жойига қўйишга ҳаракат қилайлик, унда нафл рўза, нафл ибодат ва солиҳ амалларни кўпайтиришга енг шимарайлик, унинг қатларида жойлашган садаф ичра дурдек қимматли ва улуғ кун – Ошуро кунини ғанимат билайлик.
Муҳаррам ойи Аллоҳ таоло томонидан қон тўкиш ҳаром қилинган дея эълон қилинган тўрт ойнинг бири бўлиб, халифаи одил Умар разияллоҳу анҳу томонларидан исломий йилноманинг биринчи ойи қилиб белгиланган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
"Албатта Аллоҳнинг наздида ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлару Ерни вужудга келтирган куни Ўз ҳузуридаги китобда (ёзиб қўйганидек) ўн икки ойдир. Улардан тўрти (уруш) ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу тўғри Диндир. Бас, у ойларда (маъсиятлар қилиш ва уларнинг ҳурматини бузиш билан) ўз жонларингизга зулм қилмангиз!" (Тавба сураси, 36-оят)
"Ҳаром" сўзи араб тилида “тақиқланган” ва “муқаддас қилинган” деган маъноларни англатади. Ҳаром қилинган ойлар - зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойлари бўлиб, уларнинг аввалги учтаси кетма-кет, ражаб ойи эса орадан беш ой ўтгандан кейин келади.
Бухорий ва Муслим Абу Бакра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
"Албатта замон Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни яратган кундаги ҳолатидек айланиб чиқди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Учтаси пайдар-пай келувчи зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррамдир ҳамда (қолган бири эса) жумодо ва шаъбоннинг орасидаги Музарнинг ражабидир". (Бухорий ривоятлари, 3167-ҳадис; Муслим ривоятлари, 1679-ҳадис)
Ҳадисда ражаб ойини "Музарнинг ражаби" деб аталишининг боиси шуки, Музар қабиласи ражаб ойининг ҳурматига бошқалардан кўра кўпроқ риоя қилар, бу ойнинг улуғлигини сақларди. Шу сабаб, ражаб ойи "Музарнинг ражаби" деган ном билан машҳур бўлган.
Муфассирлар "Бас, у ойларда ўз жонларингизга зулм қилмангиз!"ояти каримасига: "Бу ойларда гуноҳ ишларни қилмангиз, уларнинг ҳурматини бузмангиз, уларда ҳаром қилинган ишларни ҳалол қилиб олмангиз, акс ҳолда ўзларингизга зулм қилган бўласизлар", - дея маъно берадилар. Гарчи гуноҳу маъсиятлар ҳар қандай вақтда ҳам ҳаром ва қабиҳ саналса-да, аммо мазкур тўрт ойнинг зиёда ҳурмати туфайли уларда содир қилинган гуноҳларнинг жазоси, даҳшати ва жирканчлиги бошқа ойлардагидан кўра шиддатлироқ бўлади.
Ушбу ойлар Аллоҳ таоло томонидан танлаб олинган сара ойлар сирасига киради. Уларда қон тўкиш, уруш-юришлар қилиш Иброҳим алайҳиссалом даврларидан бери ҳаромдир. Имом Табарий юқорида келтирилган ояти кариманинг тафсирида Қатода раҳимаҳуллоҳдан қуйидаги сўзларни нақл қиладилар: "Дарҳақиқат Аллоҳ таоло Ўзининг махлуқотларидан энг сара ва мумтозларини танлаб олди. Малоикалардан ҳам одамийлардан ҳам энг афзалларини элчиликка саралаб олди. Каломдан Ўзининг зикрини олий қилиб сайлади. Замин юзидан масжидларни ортиқ қилди. Ойлардан рамазонни ва уруш ҳаром қилинган ойларни танлаб олди. Кунлар ичидан жумъа кунини муфаззал қилди. Барча тунлардан Қадр тунини афзал этди. Бас, Аллоҳ улуғлаган нарсаларни сиз ҳам улуғланг! Зеро, ақл ва идрок соҳиблари қошида нарсаларнинг улуғлиги уларнинг Аллоҳ томонидан улуғланишига кўрадир". (Табарий тафсири, Тавба сураси, 36-оят)

[b]Муҳаррам ойининг фазилати

Муҳаррам ойи арабий-исломий ойларнинг аввалгиси ва уруш ҳаром қилинган муқаддас тўрт ойнинг биридир. Рамазондан кейин тутиладиган рўзаларнинг энг афзали ҳам муҳаррам ойида тутилган рўза эканлиги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: "Рамазондан кейин рўзаларнинг энг афзали Аллоҳнинг муҳаррам ойи(да тутилган рўза)дир, фарз намозидан кейинги энг афзал намоз эса тунги намоз - таҳажжуд намозидир". (Саҳиҳи Муслим, 1163-ҳадис)
Мулло Али Қори айтадилар: "Ҳадис зоҳиридан муҳаррам ойининг барча кунида рўза тутиш мурод қилингани тушунилади". (Мирқотул-мафотиҳ шарҳу мишкотил-масобиҳ).
Бироқ, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазондан бошқа бирон-бир ойнинг мукаммал рўзасини тутмаганликлари собит бўлганлиги туфайли юқоридаги сўзлардан муҳаррам ойида тўлиқ эмас, балки кўп рўза тутишга тарғиб қилиш назарда тутилганлиги ойдинлашади. Демак, муҳаррам ойида нафл рўзани кўпайтириш ҳадисда баён қилинган фазилатга биноан мустаҳаб саналган амаллардан экан.
Ҳадисда бу ойнинг "Аллоҳнинг муҳаррам ойи" дея Аллоҳ номига қўшиб зикр қилиниши ҳам унинг нечоғли улуғлиги ва шарафига далолат қилади.

Ошуро куни ва унда рўза тутишнинг фазилати

Ошуро куни муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. У кунда рўза тутиш бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: "Арафа кунида тутилган рўза бир йил олдинги ва бир йил кейинги гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан. Ошуро кунининг рўзаси эса - Аллоҳдан умид қиламанки - бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлажак". (Муслим ривоятлари, 1162- ҳадис)
Биргина куннинг рўзаси билан йил бўйи қилинган гуноҳларнинг ўчириб юборилиши Парвардигоримизнинг бизларга нисбатан нечоғли марҳаматли Зот эканлигидан даракдир. Бироқ, Ошуро кунининг рўзаси туфайли ҳосил бўладиган каффорат фақат йил давомида қилинган кичик гуноҳларни ўз ичига олади. Кабира, яъни катта гуноҳларнинг кечирилиши учун эса алоҳида тавба қилиш зарур.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги ҳадисни шарҳлаб, қуйидаги сўзларни айтадилар: “Арафа кунининг рўзаси барча кичик гуноҳларга каффорат бўлади. Шунга биноан, ҳадиснинг мазмуни қуйидагича: Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси кабира гуноҳлардан ташқари бир йил олдинги ва бир йил кейинги барча гуноҳларга каффорат бўлур”.
У киши давом этадилар: "Арафа кунининг рўзаси икки йилга, Ошуро кунининг рўзаси эса бир йилга каффорат бўлади. Шунингдек, кишининг намоздаги "омийн"и фаришталарнинг "омийн"ига тўғри келиб қолса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади... Мазкурларнинг ҳар бири гуноҳларнинг ўчирилиши учун хизмат қилади. Шу ишларни амалга ошириш орқали кишининг кичик гуноҳлари ўчирилади. Бордию унинг на катта ва на кичик гуноҳлари бўлмаса, у ҳолда мазкур амаллар туфайли у кишига қўшимча ҳасанотлар ёзилади ва даражалари оширилади. Агарда ўша одамнинг битта ёки ундан ортиқ катта гуноҳи мавжуд бўлса, Аллоҳ таолодан мазкур амал сабабли ўша кабира гуноҳларининг жазоси енгиллатилишини умид қиламиз". (Шарҳул-Муҳаззаб, 6-жилд)
Ошуро куни шу қадар юксак даража ва аҳамиятга эга эканлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ тиришардилар, унинг савобини ҳосил қилиш учун у кунни жиддият билан излаб, ҳисоб-китобини қилиб пойлардилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган мана бу ҳадис ҳам шунга далолат қилади: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўза тутиш бошқа пайтлардан муфаззал қилинган кунларнинг ҳеч бирини Ошуро кунидагидек ва мана шу ой, яъни рамазон ойидагидек астойдил излаганларини кўрмадим". (Саҳиҳи Бухорий, 2006-ҳадис)
"Астойдил излаш" дея ўзбекчага ўгирганимиз бу сўзнинг ўрнида ҳадисда арабча "таҳаррий" сўзи ишлатилган бўлиб, у бирон-бир нарсани синчиклаб ўрганиш, тадқиқ қилиш, изланиш олиб бориш, қасд қилиш, излаш, ахтариш маъноларини англатади. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний ҳадисдаги "таҳаррий қилардилар" иборасига изоҳ берар эканлар: "...унинг савобига эга бўлиш учун ва у кунга рағбат қилиб, уни қасд қилардилар", - деган сўзларни айтадилар. (Фатҳул-Борий, 4-292)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро кунининг рўзасини фақат ўзлари тутибгина қолмай, балки бошқаларни ҳам шунга тарғиб қилардилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро кунида, яъни (муҳаррамнинг) ўнинчи кунида рўза тутишга амр қилдилар". (Термизий ривоятлари; Албоний "Саҳиҳи сунани термизий"да 755-рақам билан бу ҳадиснинг саҳиҳлигини қайд қилганлар)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ошуро кунида рўза тутиб, саҳобаларни ҳам бу кунда рўзадор бўлишга буюришларининг сабаби Имом Бухорий томонидан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда баён қилинади.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ошуро кунида рўза тутаётганларини кўрганларида, улардан: “Бу қандай кун?” деб сўрадилар. Улар жавоб беришди: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Бас, шу боис Мусо бу кунда рўза тутган”. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бас, ундай бўлса, сизлардан кўра кўпроқ мен Мусога (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, - дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар". (Бухорий ривоятлари, 1865-ҳадис)
Муслим ривоятларида "Бу шундай яхши кундирки..." деган жумла ўрнида: "Бу шундай улуғ кундирки, унда Аллоҳ Мусо ва унинг қавмига нажот бериб, Фиръавн билан унинг қавмини сувга чўктирган", дейилади.
"Бас, шу боис Мусо бу кунда рўза тутган",деган сўзга Муслим ривоятларида: "Бас, шу боис Мусо Аллоҳ таолога шукрона тарзида бу кунда рўза тутган. Шул сабаб, бизлар ҳам бу кунда рўза тутамиз", - деган қўшимча илова қилинган.
Бухорийнинг бошқа бир ривоятларида ҳадисдаги "одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар", деган лафзбошқачароқ ифода қилинади: "Шунда (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) асҳобларига шундай хитоб қилдилар: Сизлар Мусога улардан (яҳудийлардан) кўра ҳақлироқсизлар, бас, бу кунда рўза тутинг!"
Ўнинчи кунга қўшиб тўққизинчи кунда ҳам рўза тутишнинг мустаҳаблиги ҳақида
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро кунида рўза тутиб, бошқаларни ҳам шунга буюрганларида, у кишига: “Ё Расулаллоҳ, бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун”, - дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Келгуси йил келса, иншоаллоҳ, тўққизинчи кунни (ҳам) тутамиз”, - дедилар. Бироқ, келаси йил келгунча Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилдилар". (Муслим ривоятлари, 1916-ҳадис)
Имом Нававий айтадилар: "Имом Шофеий ва у кишининг асҳоблари, Имом Аҳмад, Исҳоқ бин Роҳавайҳ ва бошқаларнинг сўзларига кўра, ўнинчи кунга қўшиб тўққизинчи кунда ҳам рўза тутиш мустаҳаб кўрилади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнинчи кунда рўза тутганлар ва тўққизинчи кунда ҳам рўза тутишни ният қилганлар".
Нававий давом этадилар: "Шояд, ўнинчи кунга қўшиб тўққизинчи кунда ҳам рўза тутилишининг сабаби ўнинчи куннинг ўзида рўза тутиш билан яҳудийларга ўхшаб қолмаслик учун бўлса керак. Зеро, ҳадисда шунга ишора бор". (Шарҳу саҳиҳи муслим: 4-жилд, 267-268-саҳифалар)
Ҳофиз Ибн Ҳажар айтадилар: "Баъзи аҳли илмлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Саҳиҳи муслим”да келган "Агар келаси йилгача яшасам, албатта тўққизни тутаман", деган сўзлари ҳақида шундай дейдилар: Бу сўз иккита маънога далолат қилади. Биринчиси, Пайғамбар алайҳиссалом бу билан ўнинчи кунни тўққизинчи кунга кўчирмоқчи бўлганлар. Иккинчиси эса, Ул зот бу сўзлари билан рўза тутишда тўққизинчи кунни ўнинчи кунга қўшишни ирода қилганлар. Бироқ, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсаларни баён қилишдан илгари дорул-бақога риҳлат этганлари боис, эҳтиёт юзасидан ҳар икки кунни тутмоқ лозим бўлади". (Фатҳул-Борий, 4-294)
Юқоридагилардан шу нарса ойдинлашадики, Ошурога қўшиб Тосуъо (тўққизинчи кун) рўзасини ҳам тутиш хуш кўрилади. Бунинг ҳикмати борасида уламолардан келган ривоятларнинг энг кучлиси Ошуро кунида яҳудий ва насронийларга мухолиф йўл тутишдир.
Бироқ, уламолар сўзларига кўра, ёлғиз Ошуро кунида рўза тутиш ҳам жоиздир. Ёлғиз Ошуро кунида рўза тутган одам ҳам, иншоаллоҳ, хадисда башорат берилган мукофотга эришади, деб умид қиламиз. Негаки, "Муҳаррам ойида тутиладиган нафл рўзаларнинг энг таъкидлиси ва аниғи Ошуро кунидир. Ундан кейинги ўринда Тосуъо туради. Балки, у Ошурога эргашади. Агарда бир киши: “Нима учун Ошуро муҳаррам ойи рўзаларининг энг таъкидли куни?” - деса, унга жавобимиз шундай: Бунга сабаб шуки, у кунда Аллоҳ таоло Мусо ва унинг қавмига нажот берди ва Фиръавн билан унинг қавмини сувга ғарқ қилди... Баъзи уламоларга кўра, ўнинчи куннинг ўзида рўза тутишнинг бирон-бир кароҳияти йўқ, лекин бундай қилинса, мукаммал ажрга эга бўлинмайди". (Ибн Усаймийн, "Аш-шарҳул мумтиъ" 6-469, 471)
Бошқа бир тоифа аҳли илмлар эса “Ошуро кунида аҳли китобларга мухолиф бўлиш ундан бир кун олдин ва бир кун кейин, жами уч кун рўза тутиш билан ҳосил бўлади”, деган фикрни илгари сурадилар ва бу фикрларига дастак сифатида пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтирадилар: "Ошуро рўзасини тутинглар ва унда яҳудийларга хилоф бўлинглар: ундан бир кун олдин ва бир кун кейин рўза тутинглар". Бироқ, Албоний "Заъийфул-жамиъис-сағийр ва зиядатуҳу"да 3506-тартиб билан бу ҳадиснинг заифлигини қайд этганлар. Валлоҳу аълам...
Аллоҳим!.. Барчаларимизни ҳақ сўзни эшитиб, унга эргашувчилардан қил! Ўзинг улуғлаган нарсаларни улуғлагувчилардан қил! Барчамизни Ўзингнинг тоату ибодатингга боғлагин! Ибодат йўлларини бизга осон қил! Барчамизни гўзал ҳаёт билан ҳаётлантир! Амалларимизнинг хотимасини хайрли эт! Бандачилик билан содир қилаётганимиз катта-кичик гуноҳларимизни мағфират суви ила покла!..
Аллоҳим!.. Қаршисида зулматлар ҳам нурафшон бўлган, у сабабли дунёю охират ишлари тартибга тушган Юзингнинг нури ила бизга ғазабинг ҳалол бўлишидан ёхуд қаҳринг устимизга тушишидан паноҳ сўраймиз!
Аллоҳим!.. То рози бўлгунингча сенга ҳамду саноларимиз бўлсин!
Ва ахиру даъваана анил-ҳамду лиллааҳи роббил-ааламийн!..

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Меҳмон   12-18-2010, 10:47 AM
#2
Аллоҳнинг Муҳаррам ойини тўлиқ рўза билан ўтказиш

Савол: Аллоҳ сизга яхшиликлар ато этсин. Сўровчи айтадики: Муҳаррам ойини тўлиқ, биринчи кунидан то ўттизинчи кунигача, рўза тутиш билан ўтказишнинг ҳукми нима?
Жавоб: Бу суннат. Батаҳқиқ Набий соллаллоҳу алайҳи ва аъла алиҳи ва саллам дедилар: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойи(да тутилган рўза)дир». Ҳа (шундай).

Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
http://binothaimeen.net/content/12325

Quote:
حكم صوم شهر الله المحرم كاملا


السؤال:
أحسن الله إليكم. تقول السائلة: ما حكم صيام شهر محرم كاملاً من واحد إلى ثلاثين؟
الجواب:
الشيخ: هو سنة؛ فإن النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم قال: «أفضل الصيام بعد رمضان شهر الله المحرم». نعم.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
d-sayfiddin   01-02-2011, 02:27 AM
#3
Жавоблар қониқарли. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин. САйфиддин С
Admin   02-21-2011, 12:27 PM
#4
Дилмурод Абу Муҳаммад

Муҳаррам ойи

[audio]https://tavhid.com/downloads/maruza/dilmurod/fiqh/muharram/muharram.mp3[/audio]
Юклаб олиш

abu Huzayfa   11-29-2011, 05:42 PM
#5
assalamu alaykum ua rohmatulloh!
ashuro ro'zasi haqida sahih malumot keltirib o'tsangiz foyda bo'lardi in sha Alloh...

Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ деди: “Кишилар динларида қанча бидъат пайдо қилсалар, шунча суннат улардан тортиб олинади”.
mutaallim   11-30-2011, 12:56 AM
#6
Ва алайкумуссалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Икки шайх (имом Бухорий ва имом Муслим роҳимаҳумаллоҳ) саҳиҳ эканига иттифоқ қилишган ҳадислар:
1- Урванинг Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси: "Қурайш жоҳилиятда Ашуро куни рўза тутарди. Сўнг Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уни (Ашуро куни) рўзасини тутишга буюрдилар. Рамазон (рўзаси) фарз бўлгач, айтдиларки: "Ким хоҳласа уни (Ашуро куни) рўзасини тутсин ва ким истаса уни (Ашуро кунини) оғзи очиқ ҳолда ўтказсин".
Ушбу ҳадисни Бухорий ва Муслим Урвадан уч йўлга кўра ривоят қилишди: 1- Зуҳрий; 2- Ҳишом ибн Урва; 3- Арок ибн Молик.
Зуҳрийнинг ривоятларига тўхталадиган бўлсак, Бухорий саҳиҳ тўпламларининг бир неча ўрнида ушбу ҳадисни ривоят қилдилар. (1- Ҳаж китоби – Аллоҳ таолонинг ушбу: "Аллоҳ Каъба –байтул ҳаромни, уруш ҳаром этилган ойни, ҳадя (қурбонлик) ва ҳадя белгиларини (ҳадя учун аталган жониворларга осиб қўйиладиган ҳадялик аломатларини) одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди. Бу (нарса) токи сизлар Аллоҳ осмонлар ва ердаги бор нарсани билишни – Аллоҳ ҳамма нарсани билувчи эканини билишинглар учундир". (Моида/97), қовли ҳақидаги боб (1592)). (2- Рўза китоби – Ашуро куни рўзаси ҳақидаги боб (2001)). (3- Тафсир китоби – "Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди". (Бақара/183), ҳақидаги боб (4502)). Муслим ўзларининг саҳиҳ тўпламларида ривоят қилдилар (Рўза китоби (2639)). Ибн Можжа (Рўза китоби – Ашуро куни рўзаси ҳақидаги боб (1733)).
Дарҳақиқат Зуҳрийдан ушбу ҳадисни бир жамоат ривоят қилишди. Шулардан Бухорийнинг саҳиҳ тўпламларида Ақил (1925), Шуайб (2001). Бухорий (4502) ва Муслимнинг (2639) саҳиҳ тўпламларида Суфён ибн Уяйна ривоят қилди. Ибн Можжанинг (1733) ҳадис тўпламларида эса Ибн абу Зиъб ривоят қилди.
Ҳишом ибн Урванинг ҳадисига тўхталадиган бўлсак, Бухорий ушбу ҳадисни ўзларининг саҳиҳ тўпламларининг бир қанча ўрнида ривоят қилдилар. (1- Рўза китоби – Ашуро куни рўзаси ҳақидаги боб (2002)). (2- Ансорларнинг маноқиблари китоби – Жоҳилият кунлари ҳақидаги боб (3831)). (3- Тафсир китоби – "Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди". (Бақара/183), ҳақидаги боб (4504)). Муслим ўзларининг саҳиҳ тўпламларида ривоят қилдилар. (Рўза китоби (2637)). Термизий ўзларининг жомеъларида ривоят қилдилар. (Рўза китоби – Ашуро кунининг рўзасини тарк этишга рухсат ҳақида келган ҳадислар ҳақидаги боб (753) ва ҳадисни саҳиҳ деб айтдилар). Абу Довуд ўзларининг сунанларида ривоят қилдилар (Рўза китоби – Ашуро куни рўзаси ҳақидаги боб (2442)).
Арок ибн Моликнинг ҳадисларига келсак, Бухорий ушбу ҳадисни ўзларининг саҳиҳ тўпламларида ривоят қилдилар. (Рўза китоби – Рамазон рўзасининг вожиб эканлиги ҳақидаги боб (1893)). Муслим ҳам ўзларининг саҳиҳ тўпламларида ривоят қилдилар (Рўза китоби (2641)).
2- Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят, Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро (рўзаси) ҳақида шундай дедилар: "Ким истаса рўза тутсин ва ким хоҳламаса тутмасин".
Бухорий ва Муслим ушбу ҳадисни Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан икки йўлга кўра ривоят қилишди: 1- Нофеъ; 2- Солим;
Нофеънинг ҳадисига тўхталадиган бўлсак, имом Бухорий (Рўза китоби – Рамазон рўзасининг вожиб эканлиги ҳақидаги боб (1892)) ва (Тафсир китоби – "Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди" (Бақара/183), ҳақидаги боб (4501))да ривоят қилдилар. Муслим ўзларининг саҳиҳ тўпламларида (Рўза китоби (2642-2646))да ривоят қилдилар. Муслимнинг лафзларида қуйидагича келган: "Жоҳилият аҳли Ашуро куни рўза тутардилар. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонлар ҳам рамазон рўзаси фарз бўлишидан олдин уни (Ашуро кунинг рўзасини) тутардилар…". Абу Довуд (Рўза китоби – Ашуро кунининг рўзаси ҳақидаги боб (2443))да ва Ибн Можжа (Рўза китоби – Ашуро кунининг рўзаси ҳақидаги бод (1737))да ривоят қилишди.
Солимнинг ҳадисларига келсак, Бухорий (Рўза китоби – Ашуро кунининг рўзаси ҳақидаги боб (2000))да, Муслим эса (Рўза китоби (2647))да ривоят қилишди.
3- Зуҳрий Ҳумайд ибн Абдурроҳмандан, у киши эса Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳаж йили минбар устида бундай деяётганларини эшитдилар: "Эй Мадина аҳли қани уламоларингиз? Мен Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни бундай деяётганларини эшитганман: "Ушбу Ашуро куни бўлиб, Аллоҳ таоло унинг рўзасини сизларга фарз қилмади. Мен эса рўзадорман. Ким хоҳласа рўза тутсин ва ким истаса оғзини очин".
Бухорий (Рўза китоби – Ашуро куни рўзаси ҳақидаги боб (2003)), Муслим (Рўза китоби (2655-2653))да, Насоий (Рўза китоби – Ота-онам фидо бўлгур Набий соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзалари ҳақидаги боб (2373))да ривоят қилишди.
4- Саъид ибн Жубайр Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: "Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кириб келгач, яҳудларни Ашуро куни рўза тутаётганларини кўриб, айтдиларки: "Бу нима?". Улар: "Бу унутилмас бир кун бўлиб, Аллоҳ таоло бу кунда Бану Исроилга ўз душманларидан нажот берган. Шунда Мусо (бу куннинг) рўзасини тутди", дедилар. У киши эса: "Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман", дедилар. (Ўзлари) бу кунда рўза тутиб, (бошқаларни ҳам ушбу куннинг) рўзасини тутишга буюрдилар".
Бухорий ва Муслим ушбу ҳадисни Саъид ибн Жубайрдан икки йўлга кўра ривоят қилишди: 1- Абдуллоҳ ибн Саъид ибн Жубайр; 2- Абу Бишр;
Абдуллоҳ ибн Саъид ибн Жубайрнинг ҳадисларига тўхталадиган бўлсак, имом Бухорий (Рўза китоби – Ашуро кунининг рўзаси ҳақидаги боб (2004))да ва (Пайғамбарлар ҳадислари китоби – Аллоҳ таолонинг ушбу: "(Эй Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам), сизга Мусо ҳақида хабар келдими?" (Тоҳа/9) ва "Мусо билан Аллоҳнинг ўзи ҳақиқатда гаплашди" (Нисо/164) қовллари ҳақидаги боб (3397))да, Муслим (Рўза китоби (2658-2659)да ривоят қилишди.
Абу Бишрнинг ҳадисига келсак, имом Бухорий (Ансорларнинг маноқиблари китоби – Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кириб келгач яҳудларнинг (у киши) ҳузурларига келишлари ҳақидаги боб (3949))да ва (Тафсир китоби – "Биз бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкари қувиб етди. Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш (пайти) етганда эса, у деди: "Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар бани Исроил иймон келтирган Зот – Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман – Аллоҳга бўйинсунувчилардандирман", қовли ҳақидаги боб (4680)) ва яна (Тафсир китоби – "Дарҳақиқат, Биз Мусога: "Сен бандаларимни (яъни, бани Исроилни) тунда олиб кетиб, улар учун (суви) қуриган денгизни йўл қил – (ортларингдан Фиръавн) етиб олишидан хавф қилма ва (денгизга ғарқ бўлишдан ҳам) қўрқма", деб ваҳий юбордик. Бас, Фиръавн уларнинг ортидан ўз лашкарлари билан қувган эди, уларни денгиз ўраганча-ўраб олди (яъни, барчалари унга ғарқ бўлдилар). Фиръавн қавмини тўғри йўлга бошламади, (балки тўғри йўлдан) оздирди", қовли ҳақидаги боб (4737))да, Муслим (Рўза китоби (2657-2656))да ва Абу Довуд (Рўза китоби – Ашуро куни рўзаси ҳақидаги боб (2444))да ривоят қилишди.
5- Абу Усома Абу Умайсдан, у киши Қойс ибн Муслимдан, у киши эса Ториқ ибн Шиҳобда, у киши Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: "Ашуро кунини яҳудлар байрам деб ҳисоблашарди. Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: "Сизлар (ҳам бу куннинг) рўзасини тутинглар".
Бухорий (Рўза китоби – Ашуро кунининг рўзаси ҳақидаги боб (2005)) ва (Ансорларнинг маноқиблари китоби - Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кириб келгач яҳудларнинг (у киши) ҳузурларига келишлари ҳақидаги боб (3942))да, Муслим (Рўза китоби (2660))да ривоят қилишди.
Муслим (Рўза китоби (2661))да Содқа ибн Абу Имроннинг йўлидан, у киши Қойс ибн Муслимдан ёлғиз ўзлари (яъни Бухорийнинг саҳиҳ тўпламларида йўқ) ривоят қилдилар: "Хайбар аҳли Ашуро куни рўзасини тутиб, уни байрам қилиб олгандилар. Аёлларига зеб-зийнат тақишарди".
6- Суфён ибн Уяйна Убайдуллоҳ ибн Абу Язиддан, у киши эса ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: "Набий соллоллоҳу алайҳи ва салламни бошқасини ушбу рўзадан афзал билиб (рўза тутишга) одатланганларини кўрмадим: Ашуро куни ва ушбу ой, яъни, рамазон ойи рўзаси".
Бухорий (Рўза китоби –Ашуро куни рўзаси ҳақидаги боб (2006))да, Муслим (Рўза китоби (2662))да, Насоий (Рўза китоби – Ота-онам фидо бўлгур Набий соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзалари ҳақидаги боб (2372))да ривоят қилишди.
Муслим (Рўза китоби (2663))да Ибн Журайждан, у киши Убайдуллоҳ ибн Абу Язиднинг йўлига кўра ёлғиз ўзлари ривоят қилдилар.
7- Язид ибн Абу Убайд Салам ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: "Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам Аслам (қабиласидан) бўлган бир кишига, одамлар орасида шундай деб эълон қилишига буюрдилар: Ким (бирор нарса) еган бўлса куннинг қолган қисмида рўза тутсин. Ким ҳали емаган бўса ҳам рўза тутсин. Бугун Ашуро кунидир".
Бухорий (Рўза китоби – Тонгда рўза тутишга ният қилганда ҳақидаги боб (2007))да, Муслим (Рўза китоби (2668))да ривоят қилишди. Ва яна Бухорий (Оҳад хабарлар (йўлланган) мактублар китоби – Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам амир ва элчиларни ёлғиз-ёлғиз жўнатардилар ҳақидаги боб (7265)).
8- Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу нонушта қилаётганларида ҳузурларига Ашъас ибн Қойс кириб келиб, айтдики: "Бугун Ашуро куни-ку". Абдуллоҳ айтдиларки: "(Бу кун) рамазон рўзаси (фарз бўлиши ҳақидаги оят) нозил бўлишидан олдин тутиларди. Ушбу (оят) нозил бўлгач, бу (куннинг рўзасини тутишлик) қолдирилди. (Қани) яқинроқ келиб, овқатдан ол".
Бухорий (Тафсир китоби – "Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди". (Бақара/183), ҳақидаги боб (4503))да Алқаманинг йўлига кўра ривоят қилдилар. Муслим (Рўза китоби (2651-2648))да Ашъаснинг йўлига кўра ривоят қилдилар.
9- Бишр ибн Муфаззал Холид ибн Заквондан, у эса Робиъ бинт Маъуз ибн Афродан ривоят қилади: "Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни эрталаб Мадина атрофидаги ансорларнинг қишлоқларига одам жўнатиб, айтдиларли: "Ким бугун рўзадор ҳолда тонг оттирган бўлса рўзасини тутиб қўйсин. Ким оғзи очиқ ҳолда тонг оттирган бўлса куннинг қолган қисмида рўза тутсин". Шундан кейин биз (ушбу кунда) рўза тутиб, кичик гўдакларимизга ҳам Аллоҳ хоҳлаганча рўза туттирардик. Масжидга бориб, уларга тукдан ўйинчоқ ясаб берардик. Улардан бири таом деб йиғлайдиган бўлса, уни (таомни) унга ифтор вақтида берардик".
Бухорий (Рўза китоби – Гўдакларнинг рўзалари ҳақидаги боб (1960))да ва Муслим (Рўза китоби (2669))да ривоят қилишди.
Admin   12-06-2011, 03:25 PM
#7
Ошуро куни

Аллоҳ таоло йилнинг айрим кунларини танлаб олиб, уларни маълум ибодат ва вазифалар билан хослаб зийнатлаган. Ана шундай хос муборак кунларда мўминлар шод-хуррам бўлиб, охират озиғини янада кўпроқ жамлашга киришадилар.
Муҳаррам ойининг ҳилоли кўкда зоҳир бўлиши билан мусулмонлар рўза тутишга даъват қилинадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рамазондан кейин энг афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир» (Муслим ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларини, даъват ва Ислом давлатининг қад тиклашини эсга соладиган мазкур ойда бир кун борки, у кунда Аллоҳнинг яна бир пайғамбари - Мусо алайҳиссалом душман устидан зафар қучган эдилар. Бу улуғ воқеа содир бўлган кун Ошуро, яъни Муҳаррамнинг ўнинчи куни дейилади. Аллоҳ таоло бу кунда мўминларга улкан зафарлар ато этиб, унга қўшимча рўза ажрини ҳам зиёда қилди. Бироқ, замонлар ўтиши билан инсонлар бу куннинг фазилатини, ажру мукофотини унутдилар. Боз устига, бу кун муносабати билан турли-туман бидъат-фасодларни пайдо қилдилар. Шу боис, биз бугун сиз азизлар билан Ошуро кунида қилиниши саҳиҳ бўлган амал ва ибодатлар ҳақида суҳбатлашмоқчимиз.

Ошуро кунининг хусусияти ва у кунда тутиладиган рўзанинг фазилати

Аллоҳ таоло муҳаррам ойининг ўнинчи кунида Мусо алайҳиссалом ва у кишининг ёнларидаги мўминларга нажот бериб, Фиръавн ва унинг қўшинини дарёга ғарқ қилди.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ошуро кунида рўза тутаётганларини кўрдилар ва:
- Сизлар рўза тутаётган кун нима ўзи? - деб сўрадилар.
- Бу жуда улуғ кун! - жавоб берди яҳудийлар. - Бу кунда Аллоҳ Мусо ва унинг қавмига нажот бериб, Фиръавн ва унинг қавмини (денгизга) ғарқ этган. Мусо Аллоҳга шукрона қилиб, шу куни рўза тутган. Биз ҳам ана шу куни рўза тутамиз.
- Биз Мусога сизларга қараганда ҳақлироқ ва яқинроқмиз, - деб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро кунида рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам (шу куни) рўза тутишга буюрдилар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудийларнинг рост гапираётганлиги ваҳий қилинган ёки бу ҳақда мутавотир хабарлар бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро кунининг рўзаси ҳақида сўралганларида: «У ўтган йилги (гуноҳларга) каффорат бўлади», - деганлар. Яна бир ривоятда шундай дейилган: «Ошуро кунининг рўзаси келгуси йилга каффорат бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан» (Ибн Можа ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ошуро кунида рўза тутган кишининг бир йилини (гуноҳларини) Аллоҳ таоло мағфират қилади» (Баззор ривоятлари).
Имом Байҳақий айтадилар: «Каффорат қилинадиган гуноҳлари бор кишига юқоридаги ҳадис айнан мос келади. Агар Ошуро кунида рўза тутган кишининг гуноҳлари бошқа бир сабаб туфайли каффорат қилинган бўлса, рўза тутгани учун мукофот тарзида унинг даражотлари зиёда қилинади. Тавфиқ Аллоҳдандир».
Шу ўринда қўшимча қилиш жоизки, агар инсоннинг елкасида кечирилмаган ёки каффорат қилинмаган гуноҳлари бўла туриб, бу кунни бекор ўтказиб юборса, бу ниҳоятда ачинарлидир.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши дедилар: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳеч бир кунни ушбу Ошуро кунидек ва мана бу Рамазон ойидек афзал санаганларини ва бошқа бирор куннинг рўзасига бу кунларнинг рўзаси каби жиддий аҳамият берганларини кўрмадим» (Бухорий ривоятлари).
Бу ҳадиснинг шарҳида Ибн Ҳажар бундай ёзадилар: «Бу сўзлар рўза тутмоқчи бўлган одам учун Ошуро куни Рамазондан кейинги энг афзал кун бўлишини тақозо қилади. Лекин Ибн Аббос бу сўзларни ўзларининг билганларига биноан айтганлар. Бу жумлаларда у кишидан бошқанинг сўзини рад этадиган маъно йўқ. Муслим ривоятида келган Абу Қатоданинг марфуъ ҳадисида: «Ошуронинг рўзаси бир йиллик гуноҳларга каффорат, Арафа кунининг рўзаси эса икки йиллик гуноҳларга каффоратдир», дейилган. Бундан Арафанинг рўзаси Ошуронинг рўзасидан афзал экани маълум бўлади. Бунинг ҳикмати ҳақида айтиладики, Ошуро куни Мусо алайҳиссаломга нисбат берилади, Арафа куни эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилади. Шундан ҳам Арафа афзал кун бўлди» (Фатҳул-Борий).
Бу куннинг фазилатини яхши билган салафи солиҳлар Ошуро кунининг рўзасини ўтказиб юбормасликка қаттиқ тиришганлар. Ибн Ражаб Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Исҳоқ ва Зуҳрийлардан ривоят қилишича, улар ҳатто сафарда ҳам Ошуро кунининг рўзасини тутганлар.
Рамазон рўзасини бошқа кунларда тутиб бериш мумкин. Ошуро кунининг рўзасини бошқа кунда тутиб бериб бўлмайди. Имом Аҳмад Ошуро кунининг рўзаси сафарда ҳам тутилади, деб таъкидлаганлар.
Ошуро кунининг рўзаси бир йиллик нафл рўзага баробардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Бу бир йиллик рўзадир» (Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Ошуро куни рўзасининг ҳолатлари

Ошуро куни рўзасининг Ислом шариатига киритилишида қуйидаги ҳолатларни кузатиш мумкин:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро куни рўзасини Маккада ҳам тутганлар, бироқ бошқаларни бу нарсага буюрмасдилар.
2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг шу куни рўза тутаётганларини кўргач, рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Албатта бу ҳижратнинг иккинчи йилида бўлди. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага рабиулаввал ойида келганлар. Ҳатто Ошуро куни бирон нарса еб олган кишиларга куннинг қолган қисмида рўза тутишга буюрдилар.
3. Ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзаси фарз қилингач, Ошуро кунининг рўзаси вожибликдан мустаҳаб амалга ўтди. Ошуро куни рўза тутиш ҳақидаги буйруқ фақат бир йил амалда бўлди. Мазкур ҳолатларга қуйидаги ҳадислар ҳам далил бўлади:
Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: «Қурайш жоҳилиятда Ошуро куни рўза тутарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўша куни рўза тутардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг бошқаларни ҳам Ошуро кунида рўза тутишга буюрдилар. Рамазон рўзаси фарз қилинганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Ошуро кунининг рўзасини) хоҳлаган тутсин, хоҳламаган тутмасин», - дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Рубаййиъ бинти Муаввиздан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро куни тонгда Мадина атрофидаги ансорлар қишлоқларига одам жўнатиб, қуйидаги хабарни тарқатдилар:
- Ким рўза тутган бўлса, рўзасини давом эттирсин. Рўза тутмаганлар кунларининг қолган қисмида рўза тутсинлар.
Шундан кейин биз рўза тутардик. Кичкина болаларимизни ҳам – Аллоҳ хоҳласа - рўза туттирардик. Уларни масжидга олиб борардик. Жундан ўйинчоқлар ясаб берардик. Ўйинчоқларни ўзимиз билан олиб юрардик. Кичкинтойларимиз овқат сўрашса, уларга чалғитиш учун ўша ўйинчоқларни берардик. Шундай қилиб кун ботгунча болаларимиз ҳам рўза тутарди» (Муслим ривоятлари).
Айримлар Ошуро рўзаси ҳеч қачон фарз бўлмаган дейишади. Бироқ бу заиф гап. Юқорида таъкидланганидек, Ошуро кунининг рўзаси Рамазон рўзаси фарз қилингандан кейин мустаҳаб мақомига туширилган. Олимлар бу куннинг рўзасини алоҳида таъкидланган мустаҳаб амал дейишади. Ибн Ҳажар Асқалоний Ошуро куни рўзаси таъкидланган мустаҳаб амаллардан эканига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этган йилларида айтган қуйидаги сўзларини ҳужжат қилиб келтирадилар: «Агар тирик бўлсам, (муҳаррамнинг) тўққизинчи ва ўнинчи кунларида рўза тутаман» («Фатҳул-Борий», 4/289).
4. Ошуро кунининг рўзасида яҳудийларга ўхшамасликка буюрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ томонидан буюрилмаган ишларда аҳли китобга мувофиқ юришни хуш кўрар эдилар. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобга ўхшамасликка буюрилдилар. Шунинг учун Ошуронинг ўзини ажратиб олиб, алоҳида рўза тутмасликка қарор қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуронинг ёнига бир кун қўшиш билан аҳли китобларга хилоф бўлдилар. Қуйидаги ҳадислар бунга мисол бўла олади:
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро куни рўза тутиб, асҳобларни ҳам бунга буюрганларида, улар бундай дейишди:
- Бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади?!
- Келаси йил Аллоҳ хоҳласа тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
(Аммо) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келаси йилга етмасдан вафот топдилар» (Муслим ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (муҳаррамнинг) ўнинчисида Ошуро рўзасини тутишни буюрдилар» (Термизий ривоятлари)
«Яҳудийларга ўхшаманглар. Муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларида рўза тутинглар» (Байҳақий ривоятлари)
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ошуро куни рўза тутинглар. Унда яҳудийларга ўхшаманглар. Сизлар Ошуродан бир кун аввал ёки кейин рўза тутинглар».
Демак, тўққизинчи куни рўза тутмаган киши ўн биринчи куни тутади. Шу тариқа Ошуронинг ёнига бир кун қўшиб яҳудийларга хилоф юрган бўлади. Аммо Ошуродан бир кун аввал ҳам ва бир кун кейин ҳам рўза тутинглар, деган ривоят заиф.
Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Ошуро кунини яҳудийлар улуғ деб билиб, уни байрам қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизлар шу куни рўза тутинглар».
Ибн Ражаб айтади: «Мазкур ҳадис Ошуро кунини байрам қилишдан қайтаришга далилдир. Бинобарин, мушрикларнинг байрам кунларида рўза тутиш мустаҳаб. Чунки рўза ўша кунни байрам қилиб олишга зиддир. Мусулмонлар Ошуронинг ёнига бир кун қўшиб рўза тутиш билан яҳудийларга бутунлай хилоф бўладилар» («Латоифул-ғаройиб» китобидан).
Юқоридаги ҳадислардан англашилишича, энг афзали муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларида рўза тутмоқликдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди шуни таъкидлаган эдилар. «Ошуродан бир кун олдин ёки бир кун кейин рўза тутинглар», ҳадисига биноан, тўққизинчи куни рўза тутолмаган киши ўн биринчи куни рўза тутади ва бу иши билан яҳудийларга ўхшаб қолишдан сақланади. Аҳли илмларнинг баъзилари фақат Ошуро кунининг ўзидагина рўза тутишни макруҳ санаганлар. Негаки, унда яҳудийларга ўхшаб қолинади ва уларга ўхшамасликка буюрилган ҳадисга хилоф иш тутилган бўлади. Боз устига адашиб ўнинчи кунни ўтказиб юборилиши ҳам мумкин.
Айримлар уч кун – тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари рўза тутишни афзал билишган. Улар ана шунда Ошуронинг ўнинчи куни ўтказиб юборилмайди ва яҳудийларга тўлиқ хилоф юрилади деб ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб келтиришган: «Ундан бир кун олдин ва кейин тутинглар». Бироқ, Албоний «Заъийфул-жамиъис-сағийр ва зиядатуҳу»да 3506-тартиб билан бу ҳадиснинг заифлигини қайд этганлар.

Ошуро кунини ўтказишда хатога йўл қўйишдан сақланайлик

Амаллар қабул бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига тўла мувофиқ бажарилиши шарт. Ошуро кунида айрим кишилар қиладиган турли-туман ишлар, одатлар ва тутиладиган мотамлар суннатга ёт бўлгани боис, бидъатдир. Бидъат кишини Аллоҳ таолога яқин эмас, билъакс Ундан узоқ қилади.
Ошуро кечасида қиёмул-лайл қилмоқ, ўша куни қабрларни зиёрат этмоқ, садақа қилмоқ, Ошуро куни закот бериш учун закотни олдинга ёки кейинга сурмоқ ва Ошуро тонгида Мусо алайҳиссалом зикр қилинган сураларни ўқимоқ каби амаллар аслида шариатда йўқ. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан Ошуро куни шу амалларни бажаришга буюрмаганлар. Агар ушбу амаллар Ошуро куни қилиниши шарт бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буни айтган бўлардилар. Шунингдек, Ошуро куни тўрт ракат намоз ўқиш, у кунни байрам деб билиб ғусл қилиш, кўзларга сурма қўйиш ва махсус тадориклар кўриб, хос таомлар тайёрлаш ҳам асли суннатда йўқ амаллар жумласига киради. Аслида юқоридаги хурсандчилик тадбирлари Ҳусайн разияллоҳу анҳу ўлдирилгани учун Ошуро куни мотам тутувчи рофизийларга қаршилик сифатида ўтказилган. Бироқ, уларнинг ҳар иккиси ҳам суннатга номувофиқдир. Шиаларнинг Ҳусайн разияллоҳу анҳу ўлдирилгани учун мотам тутиб, ўзларини ҳар кўйга солишлари салаф уламолари томонидан қаттиқ танқид қилинган. Мусибат етган маҳалда мўминлар Ислом ҳукмига мувофиқ Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиб, сабр қиладилар. Жоҳил кимсалар каби дод-вой кўтариб, ўзларини тилиб-тимдалаб ташламайдилар. Ахир ҳеч бир мўмин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳу вафот этган кунни ёки Умар, Али, Усмон разияллоҳу анҳумлар ўлдирилган кунни мотам қилиб олмаган-ку?!
Бу хусусда ибн Ражаб - Аллоҳ у кишидан рози бўлсин - жуда чиройли сўзларни айтганлар: «Ошуро куни Ҳусайн ибн Али разияллоҳу анҳу ўлдирилгани учун рофизийлар каби мотам тутмоқ ўзича яхши иш қилаяпман деб ўйлаб, умрини беҳуда ўтказган кимсанинг амалидандир. Ҳатто пайғамбарлар мусибат чеккан, вафот топган кун мотам қилинмайди. Яъни Аллоҳ ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бунга буюрмаган. Хўш, қандай қилиб улардан қуйида турувчи инсонларга мотам тутилади?!»
Ошуро кунида рўза тутишдан ўзга амаллар хусусида саҳиҳ шариатда ҳеч нарса дейилмаган.
Ошуро фазли ҳақидаги ривоятларга жавобан Шайхул-Ислом Ибн Таймия шундай деганлар: «Бу ривоятларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан айтилган бўҳтондир. Ошуро хусусида фақат ўша куни рўза тутишнинг фазли айтилган холос».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза суннатларига эргашмоқчи бўлганлар Ошуро куни фақат рўза тутиш билан кифояланишлари лозим.
«Албатта сизлар учун - Аллоҳдан, Охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп ёд этган кишилар учун Расулуллоҳда гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Жоҳилият ботқоғига ботиб яшовчи Қурайш ҳам, яҳудийлар ҳам Ошуро куни рўза тутишарди. Бироқ, уларнинг бу амаллари ёмон ҳолларини ўзгартириб қўймасди. Чунки дин ҳеч қандай бўлакларга бўлинмасдан, тўла-тўкис олиниши керак. Унинг бир қисмига иймон келтириб, бир қисмини инкор этувчилар охир-оқибат хасрат-надомат ичра қолиб кетадилар. Фақат қалбдан иймон келтириб, Аллоҳ ва расули буйруқларига тўлиқ бўйсуниб, амал қилиб яшаган мўминларгина ҳақ йўлни топган саналадилар.
«Мушриклар ўзларининг кофир эканликларига гувоҳ бўлган ҳолларида Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари жоиз эмас. Уларнинг қилган амаллари беҳуда кетар, ўзлари эса дўзахда абадий қолгувчилардир. Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни берган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотлар обод қилурлар. Шояд, ана ўшалар ҳидоят топгувчи инсонлардан бўлсалар» (Тавба сураси, 17-18-оятлар).

Admin   12-06-2011, 03:41 PM
#8
Ошуро рўзаси Жума кунига тўғри келиб қолса

[audio]https://tavhid.com/downloads/fatvolar/roza/qazo_roza/qazo_roza_005_ramazon_rozasi_qazosini_juma_kuni_tutish.mp3[/audio]
Юклаб олиш [mp3]

Савол: Баракаллоҳу фийкум! Биров қазо рўзасини ўтаётган бўлса алоҳида Жума куни рўза тутиши жоизми?
Жавоб: Жума куни алоҳида рўза тутишдан Набий соллаллоҳу алайҳи ва аъла алиҳи ва саллам қайтарганлар. Аёлларидан бири ҳузурларига кирганида ёки у киши уларнинг олдига кирганида (аёлларини) рўза тутаётган ҳолда топдилар. У зот унга: «Кеча рўза тутганмидинг?» дедилар. (Аёллари): «Йўқ», деди. (У зот): «Эртага рўза тутасанми?» дедилар. (Аёллари): «Йўқ», деди. (У зот): «Унда рўзангни оч» дедилар.
Лекин, масалан Жума куни Арафа кунига тўғри келиб қолса ва биров (ўша кунда) рўза тутишининг зарари йўқ. Чунки бу одам Арафа куни деб рўза тутди, Жума куни экани учун эмас. Худди шундай, агар унинг Рамазон (рўзаси) қазоси бўлса ва у Жума кунидан бошқа кунда (рўза тутишга) имкони бўлмаса, унда (ўша кунни рўза тутиш билан) ажратишининг зарари йўқ. Чунки у Жума экани учун рўзани ажратмади. Балки у рўза тутиш имкониятига эга бўлгани учун ажратди. Худди шундай Жума куни Ошуро кунига тўғри келиб қолса, унда (бу кунни рўза учун) ажратишни зарари йўқ. Чунки у Ошуро куни сабабидан рўза тутди, Жума куни экани учун эмас. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва аъла алиҳи ва саллам: «Жума кунини рўза учун, тунини эса қоим бўлиш учун хосламанг» дедилар. Демак ул зот айнан хослашлик дедилар, яъни инсон Жума куни ёки туни сабабидан шундай қилишини (назарда тутдилар). Ҳа (шундай).

Admin   11-15-2015, 04:34 PM
#9
Ошуро куни рўза тутишнинг афзал кўриниши

[audio]https://tavhid.com/downloads/fatvolar/ibodat_mavsumi/oshuro/oshuro_001_oshuro_kuni_roza_tutishning_afzal_korinishi.mp3[/audio]
Юклаб олиш [mp3]

Савол: Аллоҳ устингиздан яхшиликлар ёғдирсин, муҳтарам зот! Айтадики: одамларда Ошуро кунини аниқлашда шак-шубҳа ва англашилмовчилик юз беряпти. Савол шуки: Ошуро куни (ажрига) аниқ етиши учун (Муҳаррам ойининг) тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунларини рўза тутишда ҳараж-(танглик) борми? Сўнг у, бу билан ҳар ой уч кун рўза тутиш фазилатига ноил бўладими?
Жавоб: Имом Ибнул Қаййим «Зад ал-Маъад»да Ошуро рўзаси ҳақида сўзлаганда шундай деди: Унинг рўзаси уч турли:
Биринчи тур: Ошуро куни рўза тутиши ҳамда ундан бир кун олдин ва бир кун кейин рўза тутади. Уч кун. Айтдики: бу энг мукаммал ва афзали. Ошуро куни рўзаси ҳамда бир кун олдин ва бир кун кейин. Шунда умумий уч кун бўлади.
Иккинчи сифат: Ошуро куни ҳамда бир кун олдин ёки бир кейин рўза тутиши. Икки кун рўза тутади.
Учинчи сифат: фақат Ошуро куни рўза тутиши. Бир кун. Энг мукаммали уч кун рўза тутиши. Сўнг икки кун рўза тутиши. Агар бир кун – Ошуро куни рўза тутса, бас, бу унга кифоя қилади. Бироқ у Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кун олдин ёки бир кун кейин рўза тутишга амр қилган ишларига хилоф чиқувчидир. Бироқ бу унга кифоя қилиб, рўза тутган миқдорича ажрга эришади. Ошуро куни ҳар ойнинг уч куни дея эътибор қилинмайди. Чунки ҳар ой уч кун (рўза тутиш) мустақил. Энг афзал ўрни эса ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи – ойдин кечалардир. Бу энг афзал ўрни. Агар уни ойнинг бошида ёки охирида ёҳуд ўртасида тутса ҳечқиси йўқ. Ҳар ойнинг уч кун рўзаси Ошуро куни рўзасидан ўзга. Бу суннат, у ҳам суннат. Худди бу ҳар ҳафта Душанба ва Пайшанба кунлари рўзасидан ўзга бўлганидек. Ҳар бир суннатни ўз ўрни бор. Ҳа (шундай).

Муслим   10-10-2016, 06:53 PM
#10
Ёлғиз Ошуро куни рўза тутиш ҳукми

Савол: Муҳаррамнинг ёлғиз ўнинчи (Ошуро) кунида рўза тутишлик макруҳми?
Жавоб: Баъзи уламолар буни макруҳ дейишди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларига биноан: «Ундан бир кун олдин ёки бир кун кейин рўза тутинглар, яҳудийларга хилоф бўлинглар». Бошқа уламолар эса бу макруҳ эмас, лекин ёлғиз (Ошуро куни рўза тутган) яҳудийларга хилоф қилиш ажридан маҳрум бўлади дейишди. Тўғриси эса, ёлғиз Ошуро куни рўза тутиш макруҳ эмас.

Фазилатли шайх, аллома Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
Шарҳ ал-Мумтиъ, 6/468.

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
  
Users browsing this thread: 4 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.