Admin   11-21-2010, 04:13 PM
#1
Пайғамбарларга иймон келтириш

Аллоҳ таоло барча элчиларни хушхабар берувчи ва огоҳлантиргувчи этиб жўнатди. Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 165).
Пайғамбарларга иймон келтириш иймоннинг олти рукнидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳга, малоикаларга, Китобларга, элчиларга... иймон келтирмоғинг».
Элчиларга иймон келтириш иймон рукнларининг бири бўлар экан, пайғамбарларнинг аввалидан охиргиларигача, барчаларига иймон келтириш зарурдир. Кимки бир пайғамбарни инкор этса, бас у барчаларини инкор этган бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳта ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз» (Нисо: 150-151). Демак, элчиларнинг барига, аввалгию охиргиларига, Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида уларни номини айтган ва айтмаганларига иймон келтириш лозимдир. Чунки пайғамбарлар кўпдир. Ҳадисда уларнинг адади: «Бир юз йигирма тўрт минг. Шулардан уч юз ўн бештаси расул (бўлиб,) кўп сонлидирлар», дея ворид бўлган (Аҳмад «Муснад» 36/617-619 (22287) Абу Умома ал-Баҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят).
Демак, элчилар кўп бўлиб улардан Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида номма-ном айтганлари ва айтмаганлари бор. Бизга эса барчаларига, аввалгию охиргиларига иймон келтиришимиз вожиб бўлади.
Аввалгилари Нуҳ алайҳиссалом. Охиргилари эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Аввалгилари Нуҳ алайҳиссалом эканликларига далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик» (Нисо: 163).
Уларнинг (элчиларнинг) аввалгилари Нуҳ (алайҳиссалом) эканликларига далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик. Яна Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг уруғ-авлоди, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймон пайғамбарларга ҳам ваҳий юборганмиз. Довудга Забурни ато этдик» (Нисо: 163). Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бир қанчаларининг исмини ёд этди. Анъом сурасида ҳам уларнинг бир қанчаларининг исмини ёд этганидек: «Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни (ҳам ҳидоят қилдик). Барчалари солиҳ бандалардандир. Исмоил, ал-Ясаъ (Юшаъ пайғамбар), Юнус ва Лутни (ҳам ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик» (Анъом: 83-86).
Демак Аллоҳ таолонинг ушбу: «Ва ундан кейинги пайғамбарларга» қовлининг далолати билан аввалгилари Нуҳ алайҳиссаломдир. Аллоҳ таоло у кишини ўз қавмларига, инсоният Одам алайҳиссаломдан кейин ўн аср давомида тавҳид асосида бўлишиб, сўнгра солиҳ кишилар ҳаққида ғулувга кетишгач (Расул ўлароқ) юборди. Нуҳ алайҳиссалом қавмининг (даври) келган кезлари улар орасида солиҳ кишилар бор эди. Ушбу солиҳ зотлар вафот этгач (қавм) ниҳоятда қайғуга чўмди. Шунда шайтон ушбу фурсатдан фойдаланиб, уларга: ўша солиҳ зотларнинг суратларини чизиб, ушбу суратларга кўзингиз тушганида уларнинг ҳолатларини бир ёдга олиб, ибодатда фаол-ғайратли бўлишларингиз учун уларни йиғилиб ўтирадиган жойларингизга осиб қўйинглар деди. Улар ишга киришиб, ўша ўликларнинг суратини чизишди ва уларни йиғилиб ўтирадиган ўринларига осиб қўйишди. Одамларга тавҳидни баён қилиб, ширкни инкор этадиган уламолар бор эканлиги учун ишнинг бошида ҳали уларга ибодат қилинмасди.
Уламолар вафот этиб, аввалги авлод ўтиб кетгач кейинги авлод келди. Дарҳақиқат уламолар вафот этишганди. Шайтон уларнинг олдига келиб: ота-боболарингиз ушбу суратларни уларга ибодат қилиш учунгина осиб қўйишганди. Улар воситасида ёмғир сўрашарди дея уларга ушбу суратларга ибодат қилишни зийнатли қилиб кўрсатди. Натижада улар Аллоҳни қўйиб, ушбу суратларга ибодат қилиб кетишди. Ана шундай қилиб ер юзида ширк рўй берди. Шунда Аллоҳ таоло уларга Нуҳ алайҳиссаломни юборди. У киши уларни Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилиб, оталари Одам алайҳиссаломнинг дини бўлмиш тавҳидга қайтишга чақирардилар. Улар эса қайсарларча кибр қилиб: «Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар!» Вадни ҳам, Сувоъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ва Насрни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!» дедилар» (Нуҳ: 23). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтдиларки: «Булар солиҳ кишиларнинг исмларидир. Уларнинг суратларини чизиб, йиғилиб ўтирадиган жойларига осиб қўйишди. Натижада иш Аллоҳни қўйиб ўша (суратлар)га ибодат қилишгача етиб борди».
Нуҳ алайҳиссалом келиб, уларни ўша (суратлар)га ибодат қилишдан қайтариб, Аллоҳгагина ибодат қилишга буюргач, улар: «Олиҳаларингизни ҳаргиз тарк қилманглар, Нуҳга итоат қилманглар!», дейишди. Шундай қилиб куфр, туғён ва қайсарликларида давом этиб қолишди. Ушбу ер юзида рўй берган аввалги ширк эди. Ушбу ширкнинг сабаби эса суратлар бўлди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида энг қаттиқ азобланадиган кимсалар – сураткашлардир» (Бухорий (5950), Муслим (2109) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят). Ва яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ушбу суратларни чизаётганлар қиёмат куни азобланадилар. Уларга қарата: яратган нарсаларингизга жон бағш этинглар дейилади» (Бухорий (5951), Муслим (2108) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят). Уларни ожиз қолдиришлик ва азобга гирифтор қилиш учун ушбу суратларга руҳ пуфлангларчи деб амр этилади. Чунки Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмларида юз берганидек сураткашлик ширкка олиб борадиган воситалардандир.
Расулларнинг аввалгиси Нуҳ алайҳиссалом бўлса, уларнинг сўнгги ва якунловчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40). У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Мен пайғамбарларнинг сўнггисиман. Мендан кейин пайғамбар йўқ» (Абу Довуд (4252), Термизий (2219) Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят).
У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам ила самовий рисолатга хатм қўйилди. Энди қиёмат қоим бўлгунча у кишидан кейин бирор пайғамбар юборилмайди. Бироқ у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шариат ва динлари қиёматгача боқийдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг кимда-ким пайғамбарлик даъво қилса, бас, у кофирдир. Кимда-ким уни (пайғамбалик даъво қилган кимсани) тасдиқ этса, бас, у ҳам кофирдир. Чунки у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бирор пайғамбар йўқдир.
Дарҳақиқат у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг кўпчилик пайғамбарлик даъво қилди. Аллоҳ таоло уларни шарманда қилиб, ёлғонларини ошкор қилди. Биз билишимиз бўйича шундайларнинг охиргиларидан Қодиёнийдир. Ғулом Аҳмад Қодиёний, Ҳиндистонлик. Аввалига олим ва обид киши эканини, сўнг Ийсо ибн Марям эканини, сўнг эса пайғамбарликни даъво қилди. Ҳозирда унинг издошлари бўлиб, Қодиёнийлар деб аталади. Дарҳақиқат мусулмонлар уларни кофир деб, уларга қарши курашиб, уларга исломдан чиққан кофир фирқа дея қарайдилар. Улар ҳам фаолият юритишди, бироқ ушбу фаолиятлари чиппакка чиқди. Хулоса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг пайғамбар йўқ. Кимда-ким пайғамбарлик даъво қилса, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандек каззобдир: «Ўттизга яқин фирибгар, каззоблар чиқмагунча қиёмат қоим бўлмайди. Уларнинг бари Аллоҳнинг элчиси эканини даъво қилади» (Бухорий (3609), Муслим «Фитналар китоби» (157), (84)).
Аллоҳ таоло Нуҳ (алайҳиссалом)дан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)гача бўлган халқларнинг барига, уларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга буюриб, тоғутга ибодат қилишдан қайтарадиган бир элчи юборган. Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғут-(шайтон)дан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).
Ўзини пайғамбар деб эълон қилувчилар кўпдир. Бироқ Аллоҳ таоло уларни шарманда қилиб, (юзларидаги) ниқобларини очиб, одамларга уларнинг расво эканларини баён қилди. Кимда-ким уларни тасдиқ этса, бас, у кофирдир. Чунки у пайғамбарлик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан якун топганлик борасида Аллоҳ, Унинг элчиси соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда мусулмонларнинг ижмосини ёлғонга чиқарувчидир.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Аллоҳ таоло...халқларнинг барига ...бир элчи юборган», деган қовлларига келсак, Аллоҳ таоло ҳужжат қоим бўлсин дея ҳар бир халққа бир элчи юборган. Тоинки: «Бизга бирор хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи келмаганди», деб айтмасликлари учун. Аллоҳ таоло шундай деди: «Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азоблагувчи эмасмиз» (Исро: 15). Аллоҳ таоло айтганидек ўтган умматларнинг ҳар бирига бир элчи жўнатган: «(Сизнинг умматингиздан аввалги) ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огоҳлантиргувчи — пайғамбар ўтгандир» (Фотир: 24). Бироқ бизга пайғамбарларнинг даъвати нима эканини билишимиз вожибдир. Аввалгиларидан то охиргиларигача бўлган барча пайғамбарларнинг даъвати – тавҳидга чақириқдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғут-(шайтон)дан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36). Аллоҳдан ўзга ибодат қилинган ҳар бир нарса тоғутдир. Аллоҳни қўйиб ибодат қилинганда (ушбу ўзига қилинган ибодатдан) рози бўлган ҳар бир нарса тоғутдир. Яна бу ҳақда тоғутлар турлари қисмида айтиб ўтилади.
Аллоҳ таолонинг ушбу: «Тоғутдан йироқ бўлинглар», қовлининг маъноси: бут, санам, қабр ва қадамжоларга ибодат қилишдан йироқ бўлинглар. Ана шулар тоғутлардир. Ояти карима аввалгиларидан охиргиларигача бўлган барча элчиларнинг даъватида тавҳид диққат марказни эгаллаганига далолат қиляпти.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25). Ва яна ушбу қовли: «(Аллоҳ) Ўз амри-иродаси билан Ўзи хоҳлаган бандаларига Фаришталарни (шундай) ваҳий билан туширур: «(Эй пайғамбарларим, инсонларни) огоҳлантирингларки, ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Мен Ўзимгина бордирман. Бас, (барчаларингиз) Мендангина қўрқингиз!»» (Наҳл: 2).
Демак, пайғамбарларнинг барчасининг чақириғи тавҳид, Аллоҳ жалла ва аълани ибодатда яккалаш ва ширкдан қайтаришга қаратилган. Ана шу пайғамбарларнинг даъватидир. Сўнгра тавҳиддан кейинги ҳалол ва ҳаромдан иборат шаръий ҳукмлар келади. Шариатларнинг тафсилий ҳукмлари умматларнинг турли бўлиши ва ҳожатига қараб турлича бўлади. Аллоҳ таоло улардан Ўзи хоҳлаганини насх-бекор қилади. Сўнг ушбу шариатларнинг бари ислом шариати ила насх-бекор қилинди. (Шариат) – ҳалол, ҳаром, турли ҳукм ва ибодатлар, буйруқ ва қайтариқлардир. Бироқ аслу асос – тавҳиддир. Бу борада бирор ихтилоф йўқ ва у насх-бекор ҳам қилинмаган. Бу бир (бутун) диндир. Аввалгилару охирги барча элчиларнинг дини бир диндир.
Аллоҳ таоло айтганидек: «Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл (минҳаж) қилиб қўйдик» (Моида: 48). Тавҳид дини – ҳар бир давр ҳолатидан келиб чиқиб жорий қилинган (шариат) билан Аллоҳ таолога ибодат қилишдир. Бирор шариат насх-бекор қилиниши билан у носих-бекор қилувчига кўчиб ўтади. Кимда-ким мансух-бекор қилинган (шариат)да қолиб, давом этаверса ва носих-бекор қилувчи (шариат)ни тарк этса, албатта, у Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтирган бўлади. Чунки бекор қилинган дин-шариат насх қилингач дин деб эътибор қилинмайди. Балки у насх-бекор қилинишидан олдин дин эди. Шунинг учун ислом шариати ўзидан олдинги шариатларни насх-бекор қилди. Кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар этиб юборилганларидан кейин яҳудийлик ёки насронийликда қолса, бас, у кофирдир. Чунки у вақти тугаб битган, мансух-бекор қилинган динга амал қиляпти.

Admin   12-10-2016, 07:41 PM
#2
Оламларнинг Рабби Аллоҳнинг пайғамбарлари борасида саҳиҳ эътиқод

40-савол: Пайғамбарларга иймон келтиришлик қандай бўлади?
1) Аллоҳ таоло дарҳақиқат, ҳар бир умматга, уларни шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ва Ундан ўзга ибодат қилинадиган нарсаларга куфр келтиришга даъват қиладиган бир пайғамбар жўнатди.
2) Уларнинг бари ростгўй, тасдиқланган, хушфеъл, тўғри, олийжаноб, итоаткор, тақводор, омонатдор, ҳидоятга етакловчи, тўғри йўлга йўлланган. Улар Аллоҳнинг барча рисолатларини етказишди.
3) Аллоҳ Иброҳим ва Муҳаммад алайҳимассаломни халил-(дўст) тутди. Мусо (алайҳиссалом) билан ҳақиқатда сўзлашди. Идрис (алайҳиссалом)ни олий ўринга кўтарди. Ийсо Аллоҳнинг бандаси, Расули, Марямга ташлаган сўзи ва Ундан бўлган руҳдир.
4) Аллоҳ уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилди. Айримларининг даражасини айримлариникидан юқори қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни одам боласининг саййидидир, фахрланиш йўқ.
5) Уларнинг аввалгию охиргиларининг даъватлари диннинг аслида иттифоқ қилган. У ҳам бўлса Аллоҳ таолони улуҳияти, рубубияти ҳамда исм ва сифатларида яккалашликдир.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19).
41-савол: Расул ва Анбиёларнинг адади қанча?
Расулларнинг адади: уч юз ўн бешта.
Набийларнинг адади: бир юз йигирма тўрт мингтадир.
Бу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Абу Умома ва Абу Зар розияллоҳу анҳумоларнинг ҳадисларида собит бўлган.
42-савол: Расул ва Набий ўртасидаги фарқ нима?
Расул ва Набий ўртасидаги фарқ: Набийга Аллоҳ хабар эндиради. Ва у, Аллоҳ унга билдирган хабарларини билдиради. Шу билан бирга Аллоҳнинг амрига хилоф чиққанларга Аллоҳ томонидан бўлган рисолатни етказиш учун жўнатилса, бас, у Расулдир.
Аммо ўзидан олдинги шариатга амал қиладиган ва бирор кишига Аллоҳ томонидан рисолатни етказишликка юборилмаган бўлса, бас, у Набийдир, Расул эмас.
43-савол: Қуръони Каримда зикр қилинган Расул ва Набийларнинг исмлари нима?
Аллоҳ таоло улардан бир жумласини бизга зикр қилди. Одам, Нуҳ, Идрис, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Лут, Шуъайб, Юнус, Мусо, Ҳорун, Илёс, Закариё, Яҳё, Ал-Ясаъ, Зул Кифл, Довуд, Сулаймон, Айюб, ҳамда Асбот-(Юсуф алайҳиссаломнинг акалари)дан бир қанчаси, Ийсо ва Муҳаммад каби, барчаларига Аллоҳнинг саловат ва саломлари бўлсин.
Аллоҳ таоло деди: «Айрим пайғамбарлар ҳақида сизга илгари ҳикоя қилдик, айрим пайғамбарларни эса сизга ҳикоя қилганимиз йўқ. Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» (Нисо: 164).
Демак, уларнинг барчаларига, Аллоҳ тафсилот билан айтганлари борасида муфассал суратда, Аллоҳ субҳанаҳу умумий айтганлари борасида умумий суратда иймон келтирамиз.
44-савол: Элчилар улуҳият хусусиятларидан бирор нарсага эгами?
Расул ва Набийларнинг бари инсон, махлуқдирлар, улар рубубият хусусиятларидан бирор нарсага эга эмас дея иймон келтирамиз.
Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Роббисига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Роббисига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)»» (Каҳф: 110).
Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Мен ўзим учун ҳам на фойда ва на зиён етказишга эга бўла оламан. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ва (жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар бергувчиман, холос»» (Аъроф: 188).
Улар Аллоҳнинг бандалари жумласидан бўлиб, Аллоҳ уларни рисолат билан мукаррам айлади ҳамда уларни энг олий ўрин ва уларга олқиш айтиш оқимида убудият ила васф қилди.
45-савол: Пайғамбарларнинг сўнггиси ким?
Аллоҳ таоло рисолатларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатлари билан якунлади. У Зот у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни инс ва жинсга пайғамбар қилиб юборди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман» (Аъроф: 158).
Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик» (Анбиё: 107).
Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар» (Сабаъ: 28).
46-савол: Расуллар пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувватлари билан хушхабар берганми?
Ҳа. Дарҳақиқат, Расуллар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатлари хушхабарини берган.
Аллоҳ таоло деди: «Эсланг, Ийсо бинни Марям: «Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда (юборилдим)», деган эди. Бас қачонки (Ийсо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: «Бу очиқ сеҳр», дедилар» (Соф: 6).
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Муҳаммаднинг жони Унинг Қўлида бўлган Зотга қасамки, ушбу умматдан бирор киши, яҳудий ёки насроний мен ҳақимда эшитса сўнг мен билан жўнатилган нарса-(дин)га иймон келтирмай вафот этса, албатта, дўзах эгаларидан бўлади» (Муслим (153)).
47-савол: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатларини ёлғонга чиқарган кимсанинг ҳукми нима?
Кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатларини ёлғонга чиқарса, дарҳақиқат, элчиларнинг барига куфр келтирибди. Ҳатто унга иймон келтирган ва унга эргашувчи эканини даъво қилаётган Расулига ҳам (куфр келтирибди).
Аллоҳ таоло деди: «Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди» (Шуъаро: 105). У Зот уларни, элчиларнинг барини ёлғончи қилганлар деди. Ҳолбуки Нуҳдан олдин Расул ўтмаган.
48-савол: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин нубувват даъвосини қилган кимсанинг ҳукми нима?
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбар йўқ эканига иймон келтирамиз. Кимда-ким у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кейин пайғамбарлик даъвосини қилса куфр келтирибди. Аллоҳ таоло шундай деди: «Балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40).
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Пайғамбарлардан олти (хислат) билан афзал қилиндим: Менга пурмаъно сўзлашлик ато этилди. (Душманларим қалбига тушадиган) қўрқинч ила нусратландим. Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Ер мен учун масжид ва пок қилинди. Махлуқотларнинг барига пайғамбар қилиб жўнатилдим. Мен билан пайғамбарларга якун ясалди» (Муслим (523)).
49-савол: Набий ва Расуллардан бирортасининг рисолатини ёлғонга чиқарган кимсанинг ҳукми нима?
Кимда-ким Набий ва Расуллардан бирортасининг рисолатини ёлғонга чиқарса, дарҳақиқат, куфр келтирибди.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган, ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз. Аллоҳ ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳамда улардан биронтасини ажратиб қўймаган зотларга эса яқинда (Аллоҳ) муносиб мукофотларини ато этажак. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 150-152).

  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.