بسم الله الرحمن الرحيم
Биринчи ҳадис
Мўмин киши Расулуллоҳни жонидан ҳам ортиқ кўради
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Сизлардан ҳеч бир киши то мен унга боласидан ҳам, ота-онасидан ҳам ва барча одамлардан ҳам севимлироқ бўлмагунимча иймон келтирган бўлмайди”. (Насоий ривоятлари).
Уламолар бу ҳадисда айтилган Расулуллоҳни яхши кўриш ҳиссини табиий муҳаббат эмас, балки ихтиёрий муҳаббатдир дейдилар. Ҳақиқатан ҳам инсон агар Аллоҳ ва Пайғамбарни таниб иймон келтирмаса, Исломни ўрганиб амал қилмаса, илм олмаса, ўзи учун Расулуллоҳнинг қанчалар меҳрибон зот эканликларини англаб ета олмайди ва у кишига нисбатан қалбида муҳаббат сезмайди.
Инсондаги нарса ва ҳодисаларни табиий яхши кўриш хислати одатда унга бевосита ва аниқ манфаат етказиб турадиган нарсаларга нисбатан табиий равишда ҳосил бўлади. Масалан, ота-онани, яқин қариндошларни, дўстларни яхши кўриш, ўзига фойда берадиган нарсаларни қўлга киритишга интилиш табиий яхши кўришга мисол бўлади. Аммо фойдаси илм ўқиш, иймон келтириш, чуқур тафаккур юритиш орқали маълум бўладиган нарсаларга нисбатан пайдо бўладиган муҳаббат ихтиёрий муҳаббатдир.
Маълумки, инсоннинг бахт-саодатли бўлишида унинг ота-онаси, бола-чақаси ва бошқа одамларнинг хизматлари албатта катта ўрин тутади. Аммо шунга қарамасдан бу айтилган нарсалар барибир маълум бир чегара билан кифояланади. Ҳаётга чуқурроқ назар солган, Ислом таълимотларини кенг идрок этган инсон чинакам бахт-саодатга эришиш фақат Аллоҳ ва Расулга эргашиш, уларнинг буйруқларини тўла-тўкис адо этиш орқалигина қўлга киритилишини англаб етади. Шунинг учун ҳам уларнинг муҳаббатларини бошқа кишиларни яхши кўришдан устун қўяди.
Динимиз ота-онага яхшилик қилишни Аллоҳга ибодат қилишдан кейинги ўринда турадиган муҳим солиҳ амал сифатида таърифлайди. Ота-онага хизмат қилиш, уларнинг розиликларини олиш Расулуллоҳнинг Суннатларида жуда кўп марта таъкидланган. Агар Аллоҳ ва Расулнинг таълимотлари бўлмаганда одамлар ота-оналарининг қадрига етмаган бўлардилар. Расулуллоҳни ота-онадан ҳам кўра кўпроқ яхши кўришнинг ҳикматларидан бири мана шундадир.
Яна бир ривоятда инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бу оламдаги барча одамлардан, ҳатто ўзидан ҳам ортиқроқ яхши кўрадиган бўлмагунча иймон келтирган бўлмайди, дейилган. Чунки агар Расулуллоҳ ҳақ йўлни кўрсатмаганларида, инсон ўз ҳолига ташлаб қўйилганида, у ўзини ўзи албатта ҳалокатга йўлиқтирган бўлар эди.
Бу ва бошқа ҳадислардаги “иймон келтирган бўлмайди” деган иборанинг маъноси комил иймонли бўлмайди деган мазмундадир.
Ҳадисдан олинадиган хулосалар:
1. Инсонга унинг бола-чақаси, ота-онаси ва бошқа одамлар асосан шу дунёнинг ўзида, чекланган миқдорда фойда етказа оладилар. Расулуллоҳ эса инсонга бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам ниҳоятда кўп яхшиликлар қиладилар. Шунинг учун у зотни ҳаммадан кўра кўпроқ яхши кўришимиз ва Сунннатларига риоя қилишимиз лозим.
2. Кишининг иймони унинг Расулуллоҳни қанчалик кўп ёки оз яхши кўришига ва у кишига қанчалар итоат этишига қараб, кучли ёки заиф бўлади.