Ғусл қила олмайдиган хотиннинг ҳукми ҳақида
Савол: Эри қовушган, бироқ ғусл қила олмайдиган хотин таяммум қилса бўладими? Бундай ҳолатда эрининг у билан жинсий алоқада бўлиши макруҳми? Шунингдек, намоз вақти кирган ва ҳануз ғусл қилмаган, ғусл қилмоқчи бўлса намоз вақти ўтиб кетишидан қўрққан хотин ҳам таяммум қилиб намоз ўқиса бўлаверадими?
Жавоб: Алҳамдулиллаҳ.
Жунуб ҳоҳ эркак ва ҳоҳ хотин бўлсин, сув йўқ, ёки сув бор, лекин уни истеъмол қилишдан ўзига бирон зарар келишидан қўрқса ёки ҳаммомга кириш учун пули бўлмаса ёҳуд шунга ўхшаш ҳолат юзага келса, таяммум билан намоз ўқилаверилади. Бундай пайтда хотини билан жинсий алоқа қилиш эркак учун макруҳ эмас, ҳатто сафарда бўлса ҳам қовушишлари ва таяммум билан намоз ўқишлари мумкин.
Агар эр ёки хотин ғусл қилиш ва ҳаммом ташқарисида намоз ўқиш имкониятига эга бўлса яхши, бўлмаса, масалан: эрта тонгда уйғонган ва сув излаши намоз (ўз вақтидан) чиққунигача фойда бермайдиган даражада (оз вақт қолган) бўлса, ўтин топиб, уни ёқиб сувни иситиш ёки ҳаммомга бориш учун кетган вақт ичида намоз вақти ўтиб кетгудек бўлса, жумуҳурул-уламо (уламолар иттифоқи) билан таяммум қилиб намоз ўқийверади.
Бироқ, кейинги даврда етишиб чиққан Шофеий ва Ҳанбалий мазҳаб издошлари намоз вақти чиқиб кетгудек бўлса ҳам таҳорат қилиш учун имкониятларни излайди, - дедилар. Ҳатто (киядиган битта йиртиқ кийимидан бошқаси бўлмаса, шу) кийим(и)ни тикиш билан намоз вақти ўтгудек бўлса ҳам, шу кийимини тикаверади, - деб ҳам айтдилар.
Бу гап - хатодир. Сафардаги одам намознинг вақти ўтганидан кейин ўқиши учун таҳорат суви излаши, ёки яланғоч бўлгани учун кийим тикиш билан намозни қазо қилиши каби қиёслар, жумҳурул-уламо иттифоқига зиддир. Билъакс, банда имкониятлари даражасида ҳар бир намозни ўз вақтида ўқиши фарз бўлиб, қила олмаган намоз шартлари ундан соқитдир.
Мақбул узрлар:
Фараз қилайликки, одам намоз вақтининг охирги лаҳзаларида уйғонди ёки қудуқдан сув тортиш билан овора бўлди ёхуд ғусл қилиш учун ҳаммомга борди ва намоз вақти чиқди. Жумҳурул уламо бу одамнинг ғусл қилиши керак, деб иттифоқ қилди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ:
«Вақтни риоя қилиб намозни ўқийди» - деди. Жумҳурул-уламо:
«Агар намоз вақтининг охирги лаҳзаларида уйғонса, намоз ўқишга буюрилгандир. Чунки таҳорат ва вақт, уйғонган пайтида унинг ҳисобидадир. Ҳолбуки, бу пайт – банда намоз ўқий оладиган вақтдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Намоздан ухлаб қолган ёки намозни унутган одам ёдига тушгани маҳал намозни ўқисин. Ёдига тушган пайти – намознинг ўқиладиган вақтидир» - дедилар. Уйқудаги одам намоз ўқишга буюрилган вақт – уйғонган, унутган одам намоз ўқишга буюрилган вақт эса – ёдига тушган пайтдир... Валлоҳу аълам.
Агар эр ва хотиннинг ҳаммомга бориш имконлари бор, бироқ ҳаммомга кириши билан намоз вақти ўтгунигача чиқа олмайдиган бўлсалар, масалан, ҳожаси чиқишига қаршилик қилаётган ғулом ёки болаларини ҳам ўзи билан бирга ҳаммомга олиб кирган ва уларни ювинтириш билан овора бўлган онанинг ҳолатлари, қуйидаги кўринишлардан бири бўлади:
Ё улар ҳаммомда намоз вақти ичида ғусл қилиб, намоз ўқийдилар ёки намоз вақти чиққанидан сўнг ташқарида намоз ўқийдилар, ёҳуд ҳаммом ташқарисида таяммум билан намоз ўқийдилар. Бу ҳолатларнинг ҳар бирига фатво берган гуруҳлар бор.
Тўғрироғи, улар ҳаммом ташқарисида таяммум билан намоз ўқийдилар. Чунки, ҳаммом ичида намоз ўқиш таъқиқланган. Намоз вақти чиққунича намозни кечиктириб ўқимаслик, ҳаммом ичида намоз ўқишдан кўра каттароқ гуноҳдир. Бу икки гуноҳдан ҳаммом ташқарисида таяммум билан намоз ўқиш билангина қутулиш мумкин.
Бундан ташқари бу одам пок бўлмаган ифлос ерда ёки ғусл қилгандан сўнг намоз вақти чиққанида пок ерда намоз ўқиши мумкин бўлган ёхуд ўз вақтида таяммум билан намоз ўқиш ўртасида қолган. Унинг пок ерда таяммум билан намозни ўз вақтида ўқиши яхшироқдир. Чунки юқоридаги икки ҳолатда намоз ўқиш таъқиқланган.
Уламолар: Ифлос ерда тутилиб қолган ва ўша ерда намоз ўқиган киши намозини қайтариб ўқийдими ёки йўқми?, деган саволга икки хил фатво бердилар. Уларнинг тўғриси, у одам намозини қайтариб ўқимайди. Чунки у, уламоларнинг кўплари таъкидлаганидек, намозни ўз вақтида буюрилганидек имконлари доирасида ўқиди. Унинг узри нодир ёки одатдагидек бўлса ҳам, намозини қайтариб ўқимайди. Чунки Аллоҳ таоло бандага намоз ўқишни фарзлардан биронтасини тарк қилса ёки бузса ёхуд ҳаром ишни қилган бўлсагина қайта ўқишга амр қилган. Буйруқни имконияти доирасида баҳоли қудрат адо этган бўлса эса, намозни қайта ўқишга буюрмаган. Қайта ўқиш амри мутлақо келмаган. Масалан: бир одам унутиб таҳоратсиз намоз ўқиган бўлса, у таҳоратсиз намоз ўқишга буюрилмаган эди. Унинг бунга буюрилганини тасаввур қилиши, банданинг ўз хатосидир. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оёғининг тирноқча ерига сув тегмаган одамнинг таҳоратини қайта қилиб, намозини қайта ўқишга, намозини ёмон ёки саф орқасида танҳо намоз ўқиган одамнинг намозини қайта ўқишга амр қилганлари нақл қилинган.
Таҳорат қилишдан, авратини ёпишдан ёки қиблани топишдан ёки нажосатлардан покланишдан ёки рукуъ ва саждани мукаммал қилишдан ёҳуд Қуръон қироатини қоидали ўқишдан ва шунга ўхшаш намознинг баъзи фарзларини тўла қилишдан ожиз бўлган одамга келсак, у одам имкони борича тиришгани учун, адо этган намозини қайтариб ўқимайди. Чунки Аллоҳ таоло:
«Аллоҳдан кучингиз етганича қўрқинглар» - демоқда (Тағобун: 16). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса:
«Мен сизларни бирон нарсага буюрсам тоқатларингиз етганича қилинглар!» - деганлар.