Pages (2):    1 2
mutaallim   10-12-2013, 12:59 PM
#11
Ҳаж ва зикр

Дарҳақиқат, Аллоҳ бандалари учун ҳажни, У субҳанаҳу зикрини қоим қилиш учун жорий қилди. Зикр ҳаждан мақсад қилинган нарсадир. Балки у жамийки тоатлардан мақсад қилинганидир. Ибодатлар фақат унинг учун жорий қилинди. Аллоҳга қурбат ҳосил қилувчилар унинг ўхшашичалик (бирор нарса) билан қурбат ҳосил қилишмаган. Ҳажнинг бари Аллоҳни зикр қилишдир.
Аллоҳ таоло деди: “Ва одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенга (яъни сенинг даъватингга жавобан) яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар. Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар). Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар”. (Ҳаж: 27-28). Аллоҳ таоло деди: “(Ҳаж сафарида тижорат қилиш билан) Парвардигорингиздан фазлу карам исташингиздан сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқдир. Энди Арафотдан (Макка яқинидаги тоғ) тушганингиздан кейин Машъар-ул-ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг! У зот сизларни — гарчи илгари адашганлардан бўлган эсангиз-да — ҳақ йўлга ҳидоят қилгани янглиғ сизлар ҳам у зотни эсланг — зикр қилинг! Сўнгра одамлар тушган томондан тушинглар ва Аллоҳдан (гуноҳларингизни) мағфират қилишини сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир. Энди, маросимларингизни адо қилиб бўлгач, Аллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да қаттиқроқ эсланг! Зотан одамлар орасида шундай кимсалар борки, «Эй Парвардигор, бизга мана шу дунёда берган», дейди. Ҳолбуки, унинг учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ. Ва уларнинг орасида шундай зотлар ҳам борки, «Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилган, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин», дейдилар, Ана ўша зотлар учун қилган ибодатлари (ҳаж, дуолари) шарофатидан насиба бор. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир. Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз! Ким икки кунда шошилиб (зикрни тўхтатса) унга гуноҳ йўқ, ким кейинда (учинчи кунга ҳам) қолса, унга-да гуноҳ йўқдир. (Мазкур ҳукмлар) тақводор кишилар учундир. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар шубҳасиз Унинг ҳузурида тўпланажаксиз”. (Бақара: 198-203).
Ҳажнинг барча ўринларида Аллоҳ азза ва жалла зикрини лозим тушишга ушбу улкан васият ва олий буйруқни бир мулоҳаза қилиб кўринг. Арафада туришликда зикрга буюрди. Машъарул Ҳаром-(Муздалифа)да зикрга буюрди. Жонлиқларни сўйишда зикрга буюрди. Ташриқ кунлари зикрга буюрди. Демак, зикр ушбу амаллардан қасд қилинганидир. Балки амаллар фақат У субҳанаҳунинг зикрини қоим қилиш учун жорий қилинган.
Дарҳақиқат, Абу Довуд ва бошқалар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганликларини ривоят қилишди: “Албатта, “Байт(уллоҳ)”ни тавоф қилиш, Сафо ва Марва орасида саъй қилиш ҳамда тош отиш Аллоҳ азза ва жалла зикрини қоим қилиш учун (жорий) қилинди”. (Абу Довуд “Сунан” (1888), Термизий “Сунан” (902) ва: “Ҳасан саҳиҳ”-деди).
Ушбу (ҳадис)да зикрнинг шаъни олий, манзилати баланд ва қадри улуғ ҳамда у ибодатлардан мақсад қилингани ва мағзи эканига далолат бор.
Аллоҳ азза ва жалла намоз ҳақида шундай деди: “Ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!”. (Тоҳа: 14). Яъни, намозни Аллоҳ азза ва жаллани ёдга олиш учун тўкис адо қил. У субҳанаҳу намозни зикр деб атади: “Эй мўминлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар”. (Жумъа: 9). Чунки Аллоҳни зикр қилиш намознинг руҳи, мағзи ва ҳақиқатидир. Жамийки ибодатлардаги зикрнинг шаъни ана шундай. Ҳар бир ибодатда одамларнинг ажри улканроғи, унда Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганларидир.
Имом Аҳмад ва Табароний Абдуллоҳ ибн Лаҳийъанинг (санад) йўлидан ривоят қиладилар: Заббон ибн Фоид, Саҳл ибн Муоз ибн Анас ал-Жуҳанийдан, у эса отасидан шундай ҳадис айтди. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол йўллаб: "Эй Расулуллоҳ! Қайси жиҳоднинг ажри улканроқ, деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ табарока ва таолони кўпроқ зикр қилганлари”-дедилар. У: Рўзадоларнинг ажри кўпроғи қайсилари?-деди. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳни кўпроқ зикр қилганлари”-дедилар. Сўнг бизга намоз, закот, ҳаж ва садақани ёдга олиб, буларнинг барида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳни кўпроқ зикр қилганлари”-дедилар. Шунда Абу Бакр Умарга (розияллоҳу анҳумо): Эй Абу Ҳафс! Зикр қилувчилар барча яхшиликни олиб кетишди, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳудди шундай”-дедилар". (“Муснад” (15614), Табароний “Мўъжам ал-Кабир” (20/407-рақам)).
Ҳайсамий деди: “У ерда (санадда) Заббон ибн Фоид бор ва у заиф. Гоҳида ишонч ҳам билдирилган (сиқа дейилган). Шунингдек, ибн Лаҳийъа”. (“Мажмаъ аз-Заваид” (10/74)).
Бироқ ҳадисни саҳиҳ иснодли “Мурсал” шоҳиди бор. Ибн Муборак “Зуҳд”да шундай деди: “Ҳайва менга шундай хабар айтди, Зуҳра ибн Маъбад Абу Саъид ал-Мақбурийни шундай деяётганини айтди: “Эй Расулуллоҳ! Қайси ҳожининг ажри улканроқ”-дейилди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни кўпроқ зикр қилгани”-дедилар. У: қайси намозхоннинг ажри улканроқ, деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни кўпроқ зикр қилгани”-дедилар. У: қайси рўзадорнинг ажри улканроқ, деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни кўпроқ зикр қилгани”-дедилар. У: қайси мужоҳиднинг ажри улканроқ, деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни кўпроқ зикр қилгани”-дедилар”. Зуҳра айтади: Абу Саъид ал-Мақбурий менга шундай хабар берди: Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга (розияллоҳу анҳумо): “Зикр қилувчилар барча яхшиликни олиб кетди”-деди. (“Зуҳд” (1429)).
Унинг Ибнул Қаййим “Ал-Вабил ас-Соййиб” китобида келтирган бошқа бир шоҳиди ҳам бор: Дарҳақиқат, Ибн Абу ад-Дунё “Мурсал” ҳадис зикр қилди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Масжид аҳлининг қай бири яхшироқ?”-дея савол берилди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари”-дедилар. “Жаноза аҳлининг қай бири яхшироқ?”-дейилди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари”-дедилар. “Мужоҳидларнинг қай бири яхшироқ?”-дейилди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари”-дедилар. “Ҳожиларнинг қай бири яхшироқ?”-дейилди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари”-дедилар. “Беморни бориб кўрувчиларнинг қай бири яхшироқ?”-дейилди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари”-дедилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Зикр қилувчилар яхшиликнинг барини олиб кетди”-дедилар”. (“Ал-Вабил ас-Соййиб” (152)).
Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай деди: “Ҳар бир амал аҳлининг энг афзали, унда Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганларидир. Рўзадорларнинг афзали рўзаларида Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари. Садақа қилувчиларнинг афзали Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари. Ҳожиларнинг афзаллари Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари. Қолган амаллар ҳам ҳудди шундай”. (“Ал-Вабил ас-Соййиб” (152)).
Ана шуни билган бўлсангиз, бас, барча тоатларда, намоз, рўза, ҳаж ва жамийки ибодатларингизда Аллоҳ зикрини лозим тутишга ошиқинг. Батаҳқиқ, ҳар бир ибодатдаги ажрингиз, унда Аллоҳни зикр қилганингиз ҳисобичадир.
Демак, зикр энг олий тоат ва энг улкан ибодатдир. Зикрнинг ўз аҳлига самаралари кўп, чексиз. Энг улкан самараси, у қалб тириклиги, нафс тарбияси ва дил покланиши учун муборак восита. У, зокир қалбга шоду ҳуррамлик ва роҳат олиб киради. Қалбга сакинат ва ҳотиржамлик бағш этади. Аллоҳ таоло айтганидек: “Улар иймон келтирган қалблари Аллоҳни зикр қилиш — эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур”. (Раъд: 28). У, қалбга шифо, касаллигига малҳам ҳамда қалб қотишини кетказувчидир. Қалбда қотиш-(бағритош)лик мавжуд бўлиб, уни Аллоҳ таолони зикр қилишгина кетказади. Бир киши Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳузурига келиб: “Эй Абу Саъид! Сизга қалбим қотганлигидан шикоят қиламан”-деди. У киши эса: “Уни зикр билан кетказ”-дедилар”. (Ибнул Қаййим “Ал-Вабил ас-Соййиб” (142)да зикр қилди).
Зикр сабабли ишлар енгиллашади, қийинчиликлар осонлашади. Бирор қийин, оғир ва машаққатли иш устида Аллоҳ зикр қилинса, албатта, у осонлашади, енгиллашади ҳамда шиддат бўлса, албатта, кетади ва офат бўлса, албатта, арийди.
Аллоҳ биз ва сизларни зокирлардан қилсин. Бизни ғофилларнинг йўлидан четлаштирсин. Албатта, У дуоларни Эшитгувчи, умид боғлашга ҳақли. Унинг ёлғиз ўзи бизга кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир.
mutaallim   10-14-2013, 12:14 AM
#12
Ҳаж ва уламоларнинг ўрни

Ҳажда ҳар бир кўзи очиқ киши учун намоён бўладиган ажойиб сабоқлардан бири уламоларнинг ўрни, мақомлари юқори, қадр ва манзилатлари олий эканидир. Ҳожиларни уларга савол йўллаётганлари, уларнинг турар манзилларини қидираётганлари, улардан фиқҳ ўрганишга ошиқишаётганлари, ҳаж ва бошқа ишлари ҳақида уларни саволга тутаётганлари ҳамда уларнинг жавоб, йўл-йўриқ ва насиҳатларини эшитиш билан хурсанд бўлаётганларини кўрасиз.
Уламоларнинг ўрни юқори эканлигида шак-шубҳа йўқ. Зеро улар яхшиликда йўлбошчи, уларнинг изига эргашилади, феълларига иқтидо қилинади, раъйларига тўхталади. Фаришталар уларга, ҳатти-ҳаракатларидан рози бўлган ҳолда қанотларини ёзадилар. Улар учун барча хўлу қуруқ истиғфор айтади, ҳатто сувдаги балиқ ҳам. Илмлари уларни сара зотлар манзилати, аброр муттақинлар даражасига етказди. У сабабли манзилат ва даражалари олий, қадр-қимматлари эса улкан бўлди. Аллоҳ таоло айтганидек: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур”. (Мужодала: 11). Аллоҳ таоло деди: “Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!”. (Зумар: 9).
Чиройли насиҳатлари, гўзал кўрсатмалари ва етук баёнлари сабабли одамлар ҳаром нимаю ҳалол нима, залолат нимаю ҳидоят нима ҳамда ботил нимаю ҳақ нима эканини билиб оладилар. Аллома, имом Абу Бакр ал-Ажуррий раҳимаҳуллоҳ уламоларнинг ўрни ҳақида сўзлай туриб, шундай дедилар: “У Зот уларни бошқа мўминлардан афзал қилди. Бу ҳар бир замон ва вақтда шундай. Аллоҳ уларни(нг даражаларини) илм сабабли юқори қилди ва донолик билан зийнатлади. Улар сабабли ҳалол нимаю ҳаром нима, ҳақ нимаю ботил нима, фойдали нимаю зарарли нима, чиройли нимаю ҳунук нима экани маълум бўлади. Уларнинг фазли улкан, ҳурматлари катта. (Улар) пайғамбарларнинг меросхўри, авлиёларнинг кўз қувончи. Денгиздаги балиқлар улар учун истиғфор айтади. Фаришталар қанотларини улар учун қуйи солади. Уламолар қиёмат куни пайғамбарлардан кейин шафоат қилади. Суҳбатларидан ҳикмат оласиз. Ғафлат аҳли уларнинг амаллари сабаб (ғафлатидан) тўхтайди. Улар обидлардан афзал, даражада зоҳидларданда олий. Ҳаётлари ғанимат, ўлимлари мусибат. Ғофилга эслатма, жоҳилга эса таълим берадилар. Улардан қинғир иш кутилмайди. Улар томондан ёвузлик-(хиёнат) хавфи кутилмайди...”. Раҳимаҳуллоҳ ушбу сўзларигача айтдилар: “Улар бандалар шамчироғи, ўлкалар маёғи, уммат тиргаги, ҳикмат булоқларидир. Улар шайтоннинг нафрати. Улар сабаб ҳақ аҳли қалблари тирик бўлар ҳамда оғишганларнинг қалблари ўлар. Уларнинг ердаги мисоли осмондаги юлдузлар сингари. Улар сабаб қуруқлик ва денгиз зулуматларида йўл топиб борилур. Агар юлдуз сўнса ҳайрон бўлиб қоладилар. Агар қоронғулик тугаса кўра бошлайдилар”. Сўзи тугади. (“Ахлоқул Уламо” (13-14)).
Илм аҳли ушбу юқори манзилат ва олий, юксак даражада бўлар экан, демак, улардан бошқалар зиммасида уларнинг қадрини сақлаш, маконатларини билиш ва уларни ўз ўринларига қўйиш вожиб бўлади. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Катталаримизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва уламоларимизнинг ҳаққини билмаган умматимдан эмас”. (“Муснад” (22755), Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳул Жомеъ” (5444)да “Ҳасан” даражасида деди). У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Одамларни ўз ўринларига қўйинглар”. (Абу Довуд (4842)).
Уламоларнинг хоҳ тирик, хоҳ ўлик, хоҳ ҳозир, хоҳ ғоиблари бўлсин, қалб ила муҳаббат ва эҳтиром, тил ила мақтов ва олқиш айтган ҳолда ўринларини билиш ва ҳақларига риоя қилиш шартдир. Шу билан бирга илмларидан озуқаланиш, маърифатларидан фойдаланиш, одоб-ахлоқлари ила одобланишга ошиқиш ҳамда уларга тил текказиш, ҳақорат қилиш ва обрўларини тўкишдан узоқ бўлиш лозиму лобуддир. Чунки бу энг улкан гуноҳ ва энг қаттиқ таъна етказишликдир.
Батаҳқиқ, уламолар нажот кемасининг бошқарувчилари, омонлик соҳили сари йўл бошловчи, зулмат қоронғуликларида йўл кўрсатувчилардир. “Улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр-тоқат қилишгач, Биз улардан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар”. (Сажда: 24).
Улар Аллоҳнинг ердаги ҳужжатидир. Улар Аллоҳ ато этган илм, У Зот тортиқ қилган фиқҳ ва фаҳм сабабли мусулмонларнинг дунё ва охиратларини нима ислоҳ қилишини билувчироқдирлар. Улар ўткир илм билан фатво берадилар, узоқни кўриб қарор оладилар, теран назар билан ҳукм қиладилар. Беҳуда-(ўринсиз) ҳукм чиқармайдилар, мусулмонларнинг сафларини ёлғон-яшиқ гаплар билан бўлиб ташламайдилар, енгилтаклик ва ҳаддан ошишлик нуқтаи назаридан таҳқиқ ва тадқиқотсиз фатво беришга шошилмайдилар. Одамлардан, уларни менсимаган ёки кибр ва кеккайган ҳолда ҳақни яширмайдилар.
Шунинг учун Аллоҳ таоло (масалани) ўзгаларга эмас, фақат уларга қайтариш ва савол йўллашга амр қилди: “Билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмларидан сўранглар!”. (Наҳл: 43). Субҳанаҳу деди: “Қачон уларга (жангга кетган мусулмон аскарлар ҳақида) тинчлик ёки хавф-хатар (яъни ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан)пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар”. (Нисо: 83). Бу ўринда мўминларга одоб ўргатиляпти. Уларга, мўминларнинг тинчлик ва шодлиги ёки бошларига ёғилажак мусибат хавфига боғлиқ ишлардан иборат муҳим ишлар ва умумий фойдалардан бирортаси келган вақтда шошилмай аниқлаштиришликлари, буни Расул (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзларидан бўлган ҳукмдорлар ҳамда ишларни биладиган, фойда ва унинг зиддини англаб етадиган илм, насиҳат, ақл ва вазминлик эгаларига қайтаришлари лозим бўлади. Шунда кимда-ким уларнинг раъйидан келиб чиқиб иш кўрса саломат қолади. Кимки улардан олдин ҳукм чиқарса зарар кўради ва гуноҳкор бўлади.
(Илмда) мустаҳкам уламолардан узоқ бўлиш, муҳаққиқ имомлар фатволарига таянишни тарк этиш, тадқиқотчи фуқаҳоларга ишончсизлик билдириш зое бўлиш аломатларидандир.
Қачонки уммат уламоларга ишонмай қўяр экан, унинг ҳолати ҳудди қуруқ саҳрода уларни бошқарадиган самимий йўлбошловчисиз ҳамда уларни далолат қилиб турадиган моҳир раҳбарсиз (қолган) одамлар (ҳолати) каби бўлиб қолади. Оқибатда ишлари ҳалокатга қараб кетади ва ниҳоялари талофат бўлади.
Умматни даъват қилиш, унинг йўналишини кўрсатиб бериш ва сергакликка йўллашни қўлга оладиганлар – уламолардир. Агар иш шундай бўлмаса, одамлар жоҳил пешволар этагини тутадилар. Шунда улар одамларга билимсиз фатво беради ва бирор фаҳмсиз уларга йўл кўрсатади. Ана шу дамда заифлик рўй беради, катта путур етади ва кема чўкади.
Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Сизларга қабз қилиниши-(кўтарилиши)дан олдин илм олишингиз вожиб бўлади. Унинг қабз қилиниши унинг аҳлини кетиши биландир. Сизларга илм олиш вожиб бўлади. Батаҳқиқ, сизлардан бирингиз ўзидаги нарсага қачон муҳтож бўлишини билмайди. Яқинда, Аллоҳнинг Китобига чорлаётганларини даъво қиладиган қавмларни кўрасизлар. Дарҳақиқат, уни ортларига улоқтиришган. (Динда) янгилик пайдо қилиш, чуқур кетиш ва ҳаддан ошишдан йироқ бўлинглар. Эски (бидъатлар аралашмаган) ишни лозим тутинглар”. (Доримий “Сунан” (143)).
Шояд сиз, эй тавфиқ ато этилган ҳожи, одамларни ҳаж аҳмоклари борасида уламолардан фойдаланиб қолишга ошиқишлари, уларга савол бериб, илмларидан фойда олишга ҳарис эканликларини кўриб, уламоларнинг фазилати, умматнинг уларга ва илмларига ҳожатман экани, дин ишларининг барчасида уларга савол йўллаб, истифода қилишнинг аҳамиятини билган бўлсангиз керак. Ўзингиз ҳам уламолардан ҳаж аҳкомлари борасида фойда олаяпсиз, ўзингизга тушунарсиз бўлган нарсалар ҳақида улардан фатво сўраяпсиз. Аллоҳга нур ва онг устида ибодат қилишингиз учун намоз, рўза, закот ва барча дин ишларида улардан фатво сўранг ва фойдаланинг.
Саҳоватли Аллоҳдан уламоларимиз устидан барака ёғдиришини, бизни улардан гўзал суратда фойдаланишга муваффақ қилишини ҳамда биз ва мусулмонлар номидан уларни яхшилик билан мукофотлашини сўраймиз. Албатта, У Эшитгувчи ва (дуоларни) ижобат қилгувчидир.
mutaallim   10-22-2013, 12:04 PM
#13
Ҳаж ва исломий робита-(алоқа)

Ҳажнинг нафс тарбияси борасидаги муборак ўринларидан бири, ҳожи Арафа куни гувоҳ бўладиган улкан йиғилиш ва катта тўпланишдир. Балки у энг улкан исломий йиғилиш. Ушбу катта исломий йиғилишда ва шунингдек, қолган (ҳаж) маросимларида ернинг машриқ ва мағрибидан (келган) мусулмонлар учрашадилар. Ўзаро танишиб, бир-бирларига насиҳат қиладилар. Ўзаро ҳолатлари билан танишиб чиқадилар. Натижада хурсандчилик ва шодликда бир-бирларига шерик бўладилар. Ҳудди бир-бирларининг оғриқларига шерик бўлиб, уни бажариши лозим бўлган ишга йўллагани каби. Барчалари Аллоҳ субҳанаҳу амр қилганидек эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қиладилар.
Ушбу муборак кун бўлмиш Арафа кунида ҳожилар “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб айтишни кўпайтирадилар. У ана шу куни айтиладиган энг яхши сўздир. Балки у калималарнинг мутлақ яхшиси ва Аллоҳга энг севиклисидир. Дарҳақиқат, ҳадисда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганликлари собит бўлган: “Энг яхши дуо Арафа кунидаги дуо. Мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган сўзларининг энг яхшиси
لا إله إلاَّ الله وحده لا شريك له، له الملك وله الحمد وهو على كلِّ شيء قدير
 
Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ. Лаҳул мулку валаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайъин қодир”.

(Маъноси: Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Бутун мулк ва мақтовлар Унга хос. Ва у барча нарсага Қодирдир). (Термизий “Сунан” (3585), Аллома Албоний раҳимаҳуллоҳ “Силсила ас-Саҳийҳа” (4/7-8)да “Ҳасан” даражасида деди).
Бу ўринда мусулмонларнинг жамланиши Аллоҳни (ибодатда) яккалаш ва Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишлик асосидагина бўлишига улкан бир ишора бор. Зеро у иккиси сабабли ҳаво-(истак)лар эрийди ва буғзу адоват тарқалади-(кўтарилади). Ҳамда қалблар юзма-юз бўлади, бир ёқадан бош чиқарилиб, сафлар якдиллашади. Мусулмонларнинг ушбу калимани маҳкам тутишлари заифлашгани сайин жамланиш ва дўстликдан улушлари ҳам шу миқдоричалик заифлашади.
Сўнг (таналарининг) ранги турлича, (сўзлашадиган) тиллари бошқа-бошқа ва юртлари бир-биридан узоқ эканига қарамай ушбу катта сондаги оломон, дарҳақиқат, улар бир мақсад ва бир ғоя асосида йиғилдилар. У, улар ҳайқираётган ва такрорлаётган ушбу калима ортидан аниқлашиб борадики, уларни жамлаган нарса Аллоҳни (ибодатда) яккалаш ва Унга иймон келтиришликдир. Уларни бир-бирларига ошно қилган нарса Аллоҳга рағбат, қўрқув, умид, хавф, муҳаббат ва қаттиқ истак нуқтаи назаридан бўйинсуниш ва Унинг олдида ҳокисор бўлишликдир. 
Тавҳид калимаси бўлмиш “Ла илаҳа иллаллоҳ” - дини ислом аҳли унинг асосида жамланадиган ҳақиқий робитадир. Шу асосда дўст ва душман бўладилар ҳамда шу боис яхши ва ёмон кўрадилар. У сабабли мусулмон жамияти бир жасад каби ва бир-бирини нишаб турадиган мустаҳкам бино сингаридир. 
Шайх, аллома Муҳаммад ал-Амин аш-Шинқитий раҳимаҳуллоҳ “Адвоул Баён” китобида шундай деди: “Хулоса шуки, айрилганни жамлайдиган ва хилма-хил бўлганларни (бир-бирига) ошно қиладиган робита - “Ла илаҳа иллаллоҳ” робитасидир. Ахир ушбу робита исломий жамиятнинг барини бир жасад каби жамлагани ва уни бир-бирини нишаб турадиган бино каби қилиб қўйганини кўрмадингми? Аршни кўтариб турувчи ва унинг атрофидаги фаришталарнинг қалблари ер юзидаги Одам болаларига, ўрталаридаги фарққа қарамай, раҳм-шафқат тилайдилар. Аллоҳ таоло деди: “Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар) Парвардигорларига ҳамду-сано айтиш билан (У зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У зотга иймон келтирурлар, ҳамда иймон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-меҳрибонлик ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас тавба-тазарруъ қилган ва Сенинг йўлингга эргашган кишиларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин. Парвардигоро, уларни ҳам, уларнинг ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари орасидаги солиҳ-мўмин бўлган кишиларни ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган мангу жаннатларга доҳил қилгин. Албатта Сенинг Ўзинггина қудрат ва ҳикмат соҳибидирсан. Ўзинг уларни барча ёмонликлардан асрагин. Кимни ўша Кундаги (қиёматдаги) ёмонликлардан асрасанг, бас ҳақиқатан унга раҳм-шафқат қилибсан. Мана шу буюк бахтдир»”. (Ғофир:7-9). Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги фаришталар билан ер юзидаги Одам болалари ўртасини боғлаб турадиган робитага ишора қилди. Ҳатто улар Аллоҳга улар (Одам болалари) учун ушбу улкан, солиҳ дуони қиляптилар. Албата, у (робита) Аллоҳ жалла ва аълага иймон келтиришликдир”. Раҳимаҳуллоҳ шу ўрингача айтдилар: “Қисқаси шуки, ер юзидагиларни бир-бирига боғлаб турадиган ҳамда ер ва само аҳлини бир-бирига боғлаб турадиган робита - “Ла илаҳа иллаллоҳ” робитаси эканида мусулмонлар ўртасида хилоф йўқдир. Демак, ундан ўзга робита билан нидо қилиш албатта жоиз эмас”. Сўзи тугади. (“Адвоул Баён” (3/447-448)).
Ушбу улкан маънони қайд этиб, таъкидлаган ҳолда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик куни Минодаги хутбаларида шундай дедилар: “Эй инсонлар! Огоҳ бўлингизким, Раббингиз азза ва жалла бирдир. Огоҳ бўлингизким, отангиз бирдир. Огоҳ бўлингизким, арабни ажамдан ва қора (танли)ни қизил (танли)дан афзаллиги фақат тақво биландир. Етказдимми?”. Улар: Ҳа, дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳозир бўлган ғоиб бўлганга етказсин”-дедилар”. Имом Аҳмад “Муснад”ида саҳиҳ иснод билан ривоят қилди. (“Муснад” (23489)).
Ҳажнинг улкан манфаатларидан бири ушбу робитани кучайтириш ва ушбу риштани мустаҳкамлашдир. Зеро маъбуд бир, юзланадиган қибла бир, эргашиладиган пайғамбар бир, эҳром либоси, ҳаж маросимлари ва амаллари бир, мусулмонлар жамланадиган макон ва замон бир ҳамда бўйинсуниш, таслим бўлиш, итоат қилиш ва буйруқни бажариш нуқтаи назаридан барчанинг шиорни “Лаббайка Аллоҳумма Лаббайк”дир. Ушбу робитаданда мустаҳкам ва ушбу риштаданда улканроқ ришта борми?
Мусулмонлар буни уқиб олсинлар ҳамда Раббиларига ушбу муборак қардошлик, улуғ аҳиллик ва биродарлик муҳаббати учун ҳамд айтсинлар. Улардан ҳар бирлари ушбу риштани кучайтирадиган ва уни чуқур илдиз оттирадиган барча нарсани рўёбга чиқаришда саъй-ҳаракат қилсин. Ҳамда уни заифлаштирадиган ва кучсизлаштирадиган ҳар қандай ишдан узоқ бўлсинлар. Саҳиҳ-собит дуолардан бири: “Эй Аллоҳ! Ўрталаримизни ислоҳ қил, қалбларимизни ошно қил, бизни саломатлик йўлларига бошла ва бизни зулуматлардан нурга олиб чиқ”. Барча ирқий миллатчиликлар, уруғчилик шиорлари, жоҳилий тамойиллар ва тор гуруҳбозликларни ташласин. 
Абу Довуд ва бошқалар саҳиҳ иснод билан пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганликларини ривоят қиладилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизлардан жоҳилият димоғдорлиги ва аждодлар билан фахрланишни кетказди. (Энди фақат) тақводор мўмин ёки бадбахт фожир (бор). Сизлар Одам болаларисиз. Одам эса тупроқдандир. Кишилар, жаҳаннам кўмирларидан бўлган бир кўмир ёки Аллоҳга бурни билан сассиқ (гўнг)ни титадиган қўнғизданда ҳорроқ бўладиган қавмлар билан фахрланишни ташлашсин”. (Абу Довуд “Сунан” (5116), Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳул Жомеъ” (1787)да “Ҳасан” даражасида деди).
Имом Аҳмад “Муснад”да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига шундай дедилар: “Қаранг! Батаҳқиқ, сиз на қизил ва на қора (танли)дан яхшисиз. Фақат ундан тақво ила афзал бўлишингиз мустасно”. (“Муснад” (21407)).
Сўнг кимда-ким ўзгага ҳақли равишда насаб ёки бошқа нарса билан такаббурона муомала қилса, дарҳақиқат, фахрланибди. Агар ўзгага ноҳақ равишда такаббурона муомала қилса, дарҳақиқат, зулм қилибди. Фахр ва зулмнинг иккиси ҳам ҳаром. Шунинг учун Муслимнинг “Саҳиҳ”ида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганликлари собит бўлган: “Менга бир-бирларингизга камтар бўлишингиз ваҳий қилинди. Ҳатто бирор киши бошқа кишига фахрланмасин. Ва бирор киши бошқа кишига зулм қилмасин”. (Муслим (2865)).
У субҳанаҳу пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий қилган амрида халқларга такаббурлик қилиш бўлган фахрланиш ва зулмнинг иккисидан ҳам қайтарди. Кимда-ким ҳақли равишда такаббурона муомала қилса фахрланибди. Ва кимда-ким ноҳақ равишда такаббурона муомала қилса, дарҳақиқат, зулм қилибди. Буниси ҳам, униси ҳам ҳалол эмас.
Аллоҳдан фахрланиш ва кибр ҳамда зулм ва тажовуздан паноҳ сўраймиз. Унга ҳар бир хато ва гуноҳдан сиғинамиз. У субҳанаҳудан мусулмонларни яхшилик ва тақво асосида жамлашини, ўрталарини ислоҳ қилишини, қалбларини бир-бирига ошно қилишини, уларни саломатлик йўлларига бошлашини, сафларини якдил ва сўзларини бир қилишини ҳамда душманларининг макрини ботилга чиқаришини сўраймиз. Албатта, У субҳанаҳу Эшитгувчи, (дуоларни) ижобат қилгувчидир.
mutaallim   10-23-2013, 11:44 AM
#14
Ҳаж ва истиғфор

Аллоҳ таоло истиғфор айтишга кўп бора буюрган. Айниқса тоат ниҳояси ва ибодат тугал бўлганда. Аллоҳ таоло ҳаж оятларида шундай деди: “Сўнгра одамлар тушган томондан тушинглар ва Аллоҳдан (гуноҳларингизни) мағфират қилишини сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир”. (Бақара: 199).
Бу ерда (одамлар тушган томондан) тушишдан мурод, яъни, Мино бўлиб, ҳожи амалларининг охиргиси бўлмиш ҳаж амалларини комил қилиш учун турадиган ўриндир. У субҳанаҳу ана шу аснода банда томонидан ҳосил бўлган нуқсон ва у томондан рўй берган хатони тузатувчи бўлиши учун истиғфорни лозим тутишга амр қилди.
Шайх, аллома Абдурраҳмон ибн Носир ас-Саъдий раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида деди: “Ушбу (одамлар тушган томондан) тушишдан мақсад улар наздида маълум эди. У тош отиш, жонлиқларни сўйиш, тавоф, саъй, ташриқ кечалари Минода тунаб қолиш ва қолган ҳаж ибодатларини мукаммал-(тугал) қилиш. Ушбу (одамлар тушган томондан) тушишдан У Зот зикр қилгани мақсад қилинган вақтда, у зикр қилинганлар ҳаж ибодатларининг охири, Аллоҳ таоло улардан фориғ бўлиш вақти У Зотдан мағфират сўраш ва Уни кўп-кўп зикр қилишга амр қилди. Демак, истиғфор айтишлик ибодатни адо этиш давомида банда томондан рўй берган путур ва унда хатога йўл қўйиш (содир бўлгани) учундир. Аллоҳни зикр қилиш эса уни (бандани) ушбу улкан ибодатга тавфиқ бериш ила унга инъом қилгани ва катта марҳамат кўрсатгани учун Аллоҳга шукр қилишликдир. Шунингдек, бандага ҳар сафар ибодатдан фориғ бўлганда Аллоҳдан йўл қўйган хато учун мағфират сўрашлиги ҳамда тавфиқ бергани учун Унга шукр қилишлиги лозим бўлади. Дарҳақиқат, у ибодатни комил суратда адо этган ва бу билан Раббисига миннат қилган ҳамда унга баланд ўрин ва манзилат ҳозирлаб қўйилганини тўғри деб биладиган кимса каби эмаски, бу ғазаб ва амали рад этилишига мустаҳиқдир. Ҳудди аввалги киши мақбул қилиниш ва бошқа амалларга муваффақ қилинишга ҳақли бўлгани каби”. Сўзи тугади. 
Дарҳақиқат, солиҳ амалларни истиғфор билан якунлаш пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатларидан эди. Шунинг учун Муслимнинг “Саҳиҳ”ида собит бўлганки: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларидан фориғ бўлганларида уч мартта истиғфор айтардилар”. (Муслим (591)). Ва тунги намозни истиғфор билан якунлаш ворид бўлган. Аллоҳ таоло деди: “Ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиган...”. (Оли Имрон: 17). Ҳамда у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суҳбатларини истиғфор айтиш билан якунлардилар. Абу Довуд Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суҳбатдан туришни хоҳлаган вақтлари сўнгида шундай дердилар: 
سبحانك اللهمَّ وبحمدك، أشهد أن لا إله إلاَّ أنت، أستغفرك وأتوب إليك
 
Субҳанака Аллоҳумма ва биҳамдик. Ашҳаду алла илааҳа илла Ант. Астағфирука ва атуба илайк.

(Маъноси: Эй Аллоҳ! Сенга ҳамд айтиш билан Сени барча айбу нуқсонлардан поклайман. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. Сендан мағфират сўрайман ва Сенга тавба қиламан)”. (Абу Довуд “Сунан” (4859), Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ ат-Тарғиб” (1517)да саҳиҳ деди). Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кимда-ким бирор суҳбат қуриб, унда хатоси кўп бўлса, ушбу суҳбатидан туришдан олдин шундай десин: 
سبحانك اللَّهمَّ ربَّنا وبحمدك، أشهد أن لا إله إلاَّ أنت، أستغفرك وأتوب إليك
 
Субҳанака Аллоҳумма Роббана ва биҳамдик. Ашҳаду алла илааҳа илла Ант. Астағфирука ва атуба илайк.

(Маъноси: Эй Аллоҳ, Раббимиз! Сенга ҳамд айтиш ила Сени барча айбу нуқсонлардан поклайман. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. Сендан мағфират сўрайман ва Сенга тавба қиламан).
(Шунда) албатта унинг ушбу суҳбатида бўлган хатолари мағфират қилинади”.
(Абу Довуд “Сунан” (4858), Термизий “Сунан” (3433), Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ ат-Тарғиб” (1516)да саҳиҳ деди).
Балки у киши алайҳиссалоту вассалам убудиятни рўёбга чиқариш ва комил тоат ила кўрк очган ҳаётларини истиғфор билан якунладилар. “Саҳиҳул Бухорий”да Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни, у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) белларини унга (розияллоҳу анҳо) суяган ҳолда ўлишларидан олдин у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қулоқ солганларида шундай деяётганларини эшитдилар: “Эй Аллоҳ! Мени мағфират қил, менга раҳм қил ва мени “Рофиқул Аъло” (“Энг олий ҳамроҳ”)га етказ”. (Бухорий (4440)). Ҳолбуки у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пок ҳаётлари давомида истиғфор айтишни ниҳоятда лозим тутган эдилар.
Муслим “Саҳиҳ”ида ал-Ағор ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Батаҳқиқ, қалбимни ғам эгаллайди. Ва албатта, мен бир кунда юз мартта Аллоҳдан мағфират сўрайман”. (Муслим (2702)). 
Бухорий “Саҳиҳ”ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деяётганларини эшитдим: “Аллоҳга онт ичаманки, батаҳқиқ, мен бир кунда етмиш марттадан кўпроқ Аллоҳдан мағфират сўрайман ва Унга тавба қиламан”. (Бухорий (6308)).
Абу Довуд ва Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир суҳбатда юз мартта:
ربِّ اغفر لي وتُب عليَّ، إنَّك أنت التوَّاب الرحيم
 
Роббиғфирлий ватуб аълайя. Иннака Анта ат-Таввабу ар-Роҳим

(Маъноси: Раббим мени мағфират қил, тавбамни қабул эт. Албатта, Сен тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва раҳмлисан), (дейишларини) санар эдик”. (Абу Довуд “Сунан” (1516), Термизий “Сунан” (3434), Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳа” (556)да саҳиҳ деди).
Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни тўплаб, шундай дедилар: “Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Батаҳқиқ, мен Унга бир кунда юз мартта тавба қиламан”. (Насоий “Кубро” (10265) ва у Муслимда ал-Ағор (розияллоҳу анҳу) ҳадисларида шунга яқин лафз билан ворид бўлган (4/2076)).
“Саҳиҳайн”да Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу ҳадисларида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу дуо билан дуо қилганликлари собит бўлган:
اللَّهمَّ اغفر لي خطيئتي وجَهلِي، وإِسرافِي فِي أَمرِي، وما أنت أعْلمُ به مِنِّي، اللّهُمَّ اغفِر لي جِدِّي وهزْلِي، وخطئِي وعمدي، وكلّ ذلك عندي، اللَّهمَّ اغفر لي ما قدّمت وما أخّرت، وما أسررت وما أعلنت، وما أنت أعلم به منّي، أنت المقدِّمُ وأنت المؤخِّرُ، وأنت على كلّ شيءٍ قدير 
Аллоҳуммағфирлий хотиъатий ва жаҳлий. Ва исрофий фий амрий. Вама Анта аъламу биҳи минний. Аллоҳуммағфирлий жиддий ва ҳазлий ва хотоий ва аъмдий ва куллу залика иъндий. Аллоҳуммағфирлий ма қоддамту вама аххорту, вама асрорту вама аъланту, вама Анта аъламу биҳи минний. Антал Муқоддиму ва Антал муаххиру ва Анта аъла кулли шайъин Қодир.
(Маъноси: Эй Аллоҳ! Менинг хато, билимсизлик, ишимдаги хатойим ҳамда Сен уни мендан кўра билувчироқ бўлган (хато)ларни мағфират қил. Эй Аллоҳ! Менинг жиддий ва ҳазилим ҳамда хатойим ва қасддан қилганимни мағфират қил. Бунинг бари мен томондандир. Эй Аллоҳ! Мен аввал қилган ва ортга сурган-(ташлаган)ларимни ҳамда яхширин ва ошкора қилганларимни ва Сен уни мендан кўра билувчироқ бўлган (хато)ларни мағфират қил. Сен муқаддам қилувчи ва ортга сурувчисан. Ва Сен барча нарсага Қодирсан”. (Муслим (2719)).
Истиғфорни кўплаб кўринишлари собит бўлган. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп истиғфор айтардилар. Ҳатто Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламданда
أستغفر الله وأتوب إليه 
Астағфируллоҳу ва атуба илайҳ

(Маъноси: Аллоҳдан мағфират сўрайман ва Унга тавба қилман), деб кўпроқ айтадиган бирор кишини кўрмадим”. (Насоий “Сунан ал-Кубро” (10288), Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ” (928)).
Ҳолбуки Аллоҳ у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдинги ва кейинги гуноҳларини мағфират қилган. Аллоҳ таоло айтганидек: “(Эй Муҳаммад), токи Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гунохларингиз)ни мағфират қилиши учун ва сизга Ўз неъматини комил қилиб бериб, сизни Тўғри йўлга ҳидоят қилиши учун... дарҳақиқат Биз сизга очиқ-равшан фатҳ-ғалаба ато этдик”. (Фатҳ: 1-2). 
“Саҳиҳ”да Оиша розияллоҳу анҳонинг шундай деганликлари ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқисалар то оёқлари шишиб кетгунча турардилар. Шунда мен у кишига: эй Расулуллоҳ! Нима учун бундай қиласиз? Ахир Аллоҳ сизни ўтган ва кейинги гуноҳларингни мағфират қилган бўлса?-дедим. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Оиша! Шукр қилувчи банда бўлмайми?”-дедилар”. (Бухорий (4837), Муслим (2820)).
Истиғфорнинг амалларни тамомига етказиш ва хатоларни тузатишда ўз аҳлига санаб адоғига етиб бўлмас самара ва баракалари бор. Шайхул Ислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай деди: “Истиғфор (сабабли) банда макруҳ феълдан маҳбуб феълга ва ноқис амалдан тўкис амалга чиқади. Банда (у сабабли) қуйи мақомдан олийроқ ва комилроқ ўринга кўтарилади. Батаҳқиқ, Аллоҳга ибодат қилувчи ва Аллоҳни танувчи киши ҳар куни, балки ҳар соатда, балки ҳар лаҳзада Аллоҳни билиши, динини теран тушуниши ва убудияти зиёдалашиб боради. У буни ўз таоми, ичимлиги, уйқуси, уйғоқлиги, сўзи ва феълида топади. Ҳамда олий мақомлар ва уларнинг ҳаққини бериш давомида қалби уйғоқлиги борасида ўз камчилигини кўради. Шунда у кеча ва кундуз соатларида истиғфор айтишга муҳтож бўлади. Балки у сўз ва ҳолатлари ҳамда ғойиб ва ҳозирлигида, унда (истиғфор айтишда) фойдалар, яхшиликларни жалб қилиш ва зарарларни даф қилиш, яқиний, иймоний қалб ва танага оид амалларда зиёда қувват талаб қилиш бўлгани боис доимо унга (истиғфор айтишга) мажбурдир”. (“Мажмуъ ал-Фатава” (11/696)). Сўзи тугади.
Дарҳақиқат, Аллоҳ истиғфор айтувчиларга дунё ва охиратда санаш ва қамраб олиш имкони йўқ бўлган улкан ажр ва улуғ тортиқ ҳамда мўл атои неъматларни ҳозирлаб қўйган. Аллоҳ таоло деди: “Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини топар - кўрар”. (Нисо: 110). Аллоҳ таоло деди: “Ва улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир!”. (Анфол: 33). Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом ҳақида шундай деди: “Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур”. (Нуҳ: 10-12).
Ибн Можжа “Сунан”ида Абдуллоҳ ибн Бишр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ўз номаи аъмолида кўп истиғфор топган кишига шодлик бўлсин”. (Ибн Можжа “Сунан” (3818), Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳул Жомеъ” (3930)да саҳиҳ деди).
Аллоҳ жалла ва аъладан бизни тавба қилувчи, (гуноҳлардан) қайтувчи, истиғфор айтувчи бандаларидан қилишини ва бизни тўғри йўлга бошлашини сўраймиз.
Якунида Олий, Қодир Аллоҳдан мусулмонларни Унинг эски байти сари қилган ҳажларидан гўзал фойда олишга муваффақ айлашини, амалларини ҳусни мақбул этишини, барчамизни мағфират қилишини, бизни сўзга қулоқ тутиб, унинг энг яхшисига эргашадиган муттақин бандаларидан қилишини сўраймиз. Ана ўшаларни Аллоҳ ҳидоят қилур ва ана ўшалар ақл эгаларидир. Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, аҳли оила ва барча саҳобаларига саловату саломлар йўлласин.
Pages (2):    1 2
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.