Pages (2):    1 2
Admin   10-15-2009, 06:57 AM
#11
КИЧИК ШИРК ВА УНИНГ ТУРЛАРИ

Савол-37: Кичик ширк нимадир?
Жавоб-37: Кичик ширк – риёдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен сизлардан энг қўрқадиган нарсам кичик ширк – риёдир» (Имом Аҳмад ривояти).
Инсоннинг қуйидаги гаплари ҳам кичик ширкдан ҳисобланади:
Агар Аллоҳ ва фалончи бўлмаганда эди, бу муваффақиятга эриша олмас эдим.
Аллоҳ ва сен хоҳлаганинг учун бу иш бўлди.
Биринчи мисолда Аллоҳга фалончини шерик қилиб қўйгани учун, иккинчи мисолда эса, Аллоҳнинг хоҳиши билангина чекланмасдан яна бировнинг хоҳишини шерик қилгани учун бу сўзлар ширк ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ ва фалончи хоҳлади, деманглар, балки Аллоҳ сўнгра фалончи хоҳлади, деб айтинглар» (Имом Аҳмад ривояти).
Савол-38: Аллоҳ таолодан ўзганинг номига қасам ичса бўладими?
Жавоб-38: Аллоҳ таолодан ўзганинг номига қасам ичса бўлмайди.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилурсизлар»» (Тағобун: 7).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки Аллоҳ таолодан ўзганинг номига қасам ичса, мушрик бўлибди» (Имом Аҳмад ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки, қасам ичса, Аллоҳ таолонинг номига қасам ичсин ёки сукут сақласин!» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Пайғамбарлар ва авлиёлар номига қасам ичиш, агар қасам ичувчи одам уларда куч-қувват бор ёки улар менга фойда ё зарар етказа олади, деб эътиқод қилса катта ширкдир.
Савол-39: Шифо топиш умидида ип ва ҳалқа тақсак бўладими?
Жавоб-39: Йўқ, бу нарсаларни тақмаймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Агар Аллоҳ сизни (камбағаллик, хасталик каби) бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир» (Анъом: 17).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши бир одамни иситмани қайтариш ниятида қўлига ип боғлаб олганини кўрганида ипини узиб ташлаганди ва Аллоҳ таолонинг мана бу оятини ўқиганди: «Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106).
Савол-40: Кўз тегмасин деб мунчоқ ва садафга ўхшаш нарсаларни тақса бўладими?
Жавоб-40: Йўқ, кўздан сақланиш мақсадида бу нарсаларни тақсак бўлмайди.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Агар Аллоҳ сизни (камбағаллик, хасталик каби) бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир» (Анъом: 17).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки тумор тақса, Аллоҳга ширк келтирган бўлибди» (Имом Аҳмад ривояти).
Admin   03-17-2013, 04:15 PM
#12
АЛЛОҲГА ЯҚИНЛАШИШ ВА ШАФОАТ ТАЛАБ ҚИЛИШ БАЁНИ

Савол-41: Аллоҳ таолога қандай воситалар билан яқинлашамиз?
Жавоб-41: Воситанинг мумкин ва мумкин бўлмаган турлари бор:
1. Аллоҳга восита қилишнинг мумкин тури: Бундан мақсад Аллоҳнинг исм-сифатлари, яхши амал қилиш ва тирик, солиҳ одамлардан дуо талаб қилиш орқали Аллоҳга яқинлашишдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар)» (Аъроф: 180).
Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга яқин бўлиш йўлини излангиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз» (Моида: 35).
Муфассирлардан бири Ибни Касир Қатода номли олимдан нақл қилиб, ушбу оят ҳусусида зикр қилинади: Яъни, «Аллоҳга унга итоат қилиш ва У рози бўладиган аммалллар билан яқинлашинглар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ўзингни номлаган барча исмларинг билан сўрайман» (Имом Аҳмад ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жаннатда бирга бўлсак, деган биродарига айтган гаплари: «Ўзингга кўп сажда қилиш билан кўмак бергин» (Имом Муслим ривоятлари).
Яна бунга мисол, ғорга кириб кетиб, ғорнинг оғзи ёпилиб қолганда Аллоҳ учун қилган яхши амалларни айтишиб, Аллоҳга яқинлашган кишиларнинг қиссасидир. Аллоҳ уларнинг яхши амалларини қабул қилиб, дуоларини ижобат қилди ва ғордан эсон-омон чиқишди.
Яна Аллоҳни, пайғамбарни ва авлиёларни яхши кўриш орқали Аллоҳга яқинлашиш ҳам мумкин. Чунки уларга бўлган муҳаббатимиз яхши, савобли ишлардан ҳисобланади.
2. Аллоҳга восита қилишнинг ман этилган тури: Бу ўликлардан нажот тилаб, улардан ҳожатларини сўрашдир. Бу нарса ҳозирги кунимизда мавжуд бўлиб, у катта ширкдандир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳни куйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз у ҳолда албатта золимлардандирсиз!» (Юнус: 106).
Аммо пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи ва салламнинг обрўлари билан Аллоҳга яқинлашиш эса, яъни, Эй Роббим, пайғамбаримизнинг обрўлари ҳаққи ҳурмати менга шифо бергин, дейиш каби ишлар эса, ножоиздир. Чунки саҳобалар бу ишни қилишмаган, Умар разияллоҳу анҳу Аббоснинг тирикликларида у кишидан дуо сўраса ҳам, вафот этган пайғамбаримизнинг исмлари билан дуо қилмади. Чунки, пайғамбаримизнинг вафотларидан кейин у киши орқали Аллоҳга яқинлик қилиш ширкка олиб бориши мумкин. Шунингдек, инсон Аллоҳ таоло амир, ҳокимлардек бир одамнинг востаси билан иш юритади, дуо қабул қилади, деса, Яратувчини бандаларга ўхшатган бўлади.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Аллоҳдан сўраётганда Ундан ўзга бирон нарсани восита қилишни ҳуш кўрмайман, чунки яхши иш эмас».
Савол-42: Дуони банда востасида қилишга ҳожат борми?
Жавоб-42: Дуони банда востасида қилишга ҳожат йўқдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад саллаллоҳи алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман» (Бақара: 186).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сизлар яқин, эшитгувчи зотга дуо қиляпсизлар. У зот Ўз илми орқали сизлар билан биргадир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-43: Тириклардан дуо талаб қилиш мумкинми?
Жавоб-43: Ҳа, ўликлардан эмас, тириклардан дуо талаб қилиш мумкиндир.
Далил: Аллоҳ таоло пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тирикликларида хитоб қилиб айтади: «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга), ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад: 19).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: «Кўзи ожиз бир одам пайғамбаримизга келиб, «Аллоҳ таолодан менга офиятини сўраб дуо қилинг», деди» (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадисдан биламизки, тирик, тақводор одамдан дуо талаб қилса бўларкан.
Савол-44: Пайғамбаримизнинг воситалиги нима дегани?
Жавоб-44: Пайғамбаримизнинг воситалиги бу – унинг даъватидир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Эй, пайғамбар, сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг!» (Моида: 67).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобаларнинг: «Гувоҳлик берамизки, сиз динни бекаму кўст етказдингиз», деган гапларига жавобан шундай дедилар: «Эй Парврдигоро, гувоҳ бўлгин» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-45: Пайғамбаримизнинг шафоат қилишларини кимдан сўраймиз?
Жавоб-45: Пайғамбаримизнинг шафоат қилишларини Аллоҳдангина сўраймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: «Барча шафоат-оқлов ёлғиз Аллоҳникидир»» (Зумар: 44).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобаларга мана бундай дуо қилишни ўргатар эдилар: «Эй Парвардигоро, мени пайғамбаримизнинг шафоатларидан баҳраманд этгин» (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен дуойимни умматимдан Аллоҳга ширк келтирмасдан ўлганларни Қиёмат кунида шафоат қилиш учун сақлаб қўйдим» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-46: Тириклардан шафоат сўраймизми?
Жавоб-46: Ҳа тириклардан дунё ишларида шафоат сўраймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Ким (одамлар орасида) чиройли — ҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзига ҳам унинг савобидан бир улуш тегур. Ким ноҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзи учун унинг гуноҳидан бир улуш тегур» (Нисо: 85).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Шафоат қилинглар, савоб оласизлар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Савол-47: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни меъёрдан ортиқ мақтамоқ жоизми?
Жавоб-47: Йўқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақтовларида ошириб-тошириб муболаға қилмаймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда»» (Каҳф: 110).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Христианлар Ийсо ибн Мариямни ошириб мақтаганлари сингари мени ҳам ошириб мақтаманглар! Чунки мен бир бандаман, холос. Балки, фақат Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, денглар» (Имом Бухорий ривоятлари).
Савол-48: Биринчи яратилган нарса нимадир?
Жавоб-48: Инсонларнинг ичида энг аввал яратилган банда Одам алайҳиссалом бўлиб, нарсаларнинг ичида энг аввал яратилгани қаламдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга деган эди: «Албатта мен лойдан бир одам яратгувчидирман»» (Сод: 71).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сизларнинг барчаларингиз Одамнинг авлодисизлар, Одам бўлса тупроқдан яратилган» (Имом Баззор ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло энг аввал яратган нарса қаламдир (яъни сув ва аршдан кейин қаламни яратди)» (Имом Абу Довуд ва имом Термизий ривояти).
«Эй Жобир, энг биринчи яратилган нарса пайғамбарингни нуридир», деган ҳадис эса, тўқилган, ёлғон ҳадис бўлиб, Қуръон билан Суннатга ва ақлга тескаридир. Олимлардан Суютий раҳимаҳуллоҳ айтдиларки, бу ҳадис беисноддир. Ғуморий: тўқима, ёлғон ҳадис деса, Албоний: ботил ҳадисдир, дейди.
Admin   03-17-2013, 04:20 PM
#13
ЖИҲОД – ДЎСТЛИК – ҲУКМ

Савол-49: Аллоҳ таолонинг йўлида жиҳод қилишнинг ҳукми қандайдир?
Жавоб-49: Мол, жон ва тил билан имкони қадар жиҳод қилиш вожибдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), хоҳ енгил, хоҳ оғир ҳолингизда (яъни, истасангиз, истамасангиз жиҳодга) чиқингиз ва молу жонларингиз билан Аллоҳ йўлида курашингиз!» (Тавба: 41).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мушрикларга қарши молларинг, жонларинг ва тилларинг билан жиҳод қилинглар» (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Савол-50: Дўстлик нима дегани?
Жавоб-50: Дўстлик Аллоҳни бир деб таниган мўминларга ёрдам бериб, уларни яхши кўришдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар» (Тавба: 71).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мўмин мўмин учун мисоли бинодек, баъзиси баъзисини суяб туради» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-51: Кофирларга ёрдам бериб, уларни дўст тутиш мумкинми?
Жавоб-51: Йўқ! Кофирларга ёрдам бериб, уларни дўст тутиш мумкин эмасдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» (Моида: 51).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Фалончи хонадони менга дўст эмасдирлар. Чунки бу хонадон мусулмон бўла туриб, кофирлар билан дўст тутинишар эди» (Имом Муслим ва Бухорий ривояти).
Савол-52: Аллоҳ таолонинг дўстлари кимдир?
Жавоб-52: Аллоҳ таолонинг дўстлари Аллоҳдан қўрқадиган мўминлардир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар» (Юнус: 62).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бешак менинг дўстим Аллоҳ ва солиҳ мўминлардир» (Имом Муслим ва Бухорий ривояти).
Савол-53: Мусулмонлар нима билан ҳукм қиладилар?
Жавоб-53: Мусулмонлар Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадислар билан ҳукм қиладилар.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг» (Моида: 49).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аммо баъд: Эй одамлар, огоҳ бўлинглар, мен бир (жаннат) хушхабарини етказувчи (пайғамбарман), холос. Аллоҳнинг (жонимни олгани юборган) элчиси яқин орада келиб қолса керак. Мен сизларга (вафотимдан кейин) икки буюк нарсани қолдирмоқдаман. Биринчиси, Аллоҳнинг китоби, унда ҳидоят ва нур бордир, шундай экан Аллоҳнинг Китобини олингиз ва уни маҳкам ушлангиз!» (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен сизларга икки нарсани қолдирдим. Бу икковини маҳкам тутсангизлар асло адашмайсизлар. У икки нарса Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатидир» (Имом Молик ривояти).
Admin   03-17-2013, 04:33 PM
#14
ҚУРЪОН ВА ҲАДИСГА АМАЛ ҚИЛМОҚ БАЁНИ

Савол-54: Аллоҳ таоло Қуръонни нима учун нозил қилган?
Жавоб-54: Аллоҳ таоло Қуръонни унга амал қилмоқ учун нозил қилган.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «(Эй инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз» (Аъроф: 3).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қуръонни ўқиб, унга амал қилинглар. Уни устидан тамаъ қилиб еманглар» (Имом Аҳмад ривояти).
Савол-55: Саҳиҳ ҳадисга амал қилишнинг ҳукми қандай?
Жавоб-55: Саҳиҳ-тўғри ҳадисга амал қилишнинг ҳукми вожибдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар. У зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар!» (Ҳашр: 7).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Менинг йўлим ва тўғри йўлда ҳидоят топган халифаларнинг йўлларига эргашиб, уни маҳкам тутинглар» (Имом Аҳмад ривояти).
Савол-56: Қуръонга амал қилишликнинг ўзи кифоя қиладими?
Жавоб-56: Йўқ! Қуръонга амал қилишликнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки ҳадисга ҳам амал қилмоқ керак.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани — Қуръонни нозил қилдик» (Наҳл: 44).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Огоҳ бўлинглар, менга Қуръон билан бирга ҳудди шунга ўхшаши (суннат) берилди» (Имом Абу Довуд ривояти).
Савол-57: Аллоҳ ва пайғамбари гапларидан бирор гапни илгари қўйиладими?
Жавоб-57: Йўқ! Аллоҳ ва пайғамбари гапларидан бирор гапни илгари қўймаймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар!» (Ҳужурот: 1).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Парвардигорга гуноҳкор бўладиган ишларда бандага итоат қилинмайди» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ибни Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: «Сизларнинг устларингизга осмондан тош ёғилишидан қўрқаман. Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган десам, сизлар Абу Бакр, Умар айтган дейсизлар-а!!!» (Имом Аҳмад ривояти).
Савол-58: Агар диний ишларимизда ихтилоф қилиб қолсак, нима қиламиз?
Жавоб-58: Аллоҳнинг Қуръони билан саҳиҳ ҳадисга мурожаат қиламиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен сизларга икки нарсани қолдирдим. Бу икковини маҳкам тутсангизлар асло адашмайсизлар. У икки нарса Қуръон ва ҳадисдир» (Имом Молик ривояти).
Савол-59: Аллоҳ ва пайғамбарини қандай қилиб яхши кўрамиз?
Жавоб-59: Уларга итоат қилиб, буйруқларини бажариш билан яхши кўрамиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир»» (Оли Имрон: 31).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сизларнинг бирорталарингиз мени отасидан, боласидан ва жамики одамлардан ҳам кўпроқ яхши кўрмагунларича комил мусулмон бўла олмайдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Савол-60: «Тақдирдаги бўлади» деб амал қилишдан тўхтаб қолса бўладими?
Жавоб-60: Йўқ! Аллоҳнинг қадарига суяниб, амал қилишдан тўхтаб қолмаймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса, ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз» (Лайл: 5-7).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳаракат қилаверинглар, ким нима учун яратилган бўлса, у нарса ўша банда учун осон қилиб қўйилгандир» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кучли мўмин заиф мўминдан кўра Аллоҳга яхшироқ ва севимлироқдир. Ва ҳар икковидан ҳам хайрлик бор. Аллоҳдангина мадад сўраб, ўзингга фойда берадиган нарсаларда астойдил бўлгин, ожизлик қилиб қолмагин. Агар сенга бирор мусибат етса, бундай қилсам, бундай бўларди, деб айтмагин балки, Аллоҳ тақдир этган экан, Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади дегин. Чунки, бундай қилсам, бундай бўларди, дейишлик шайтон васвасаига йўл очиб беради» (Имом Муслим ривояти).
Ҳадиснинг мазмунини мана бу оят янада равшанлаштиради.
Аллоҳ таоло айтади: «(Зотан) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216).
Admin   03-17-2013, 04:33 PM
#15
СУННАТ ВА БИДЪАТ БАЁНИ

Бидъат бу Ислом динида бўлмаган ишлардир.
Савол-61: Динда яхши бидъат бўладими?
Жавоб-61: Йўқ! Динда бидъатнинг яхшиси бўлмайди, чунки барча бидъат бир бидъатдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «(Диндан ташқари бўлган) тўқиб чиқарилган ишлардан ўзларингизни олиб қочинглар! Чунки барча тўқиб чиқарилган ишлар бидъат бўлиб, барча бидъатлар залолат-гумроҳликдир ва барча залолатнинг оқибати дўзахдир» (Имом Насоий ривояти).
Савол-62: Диндаги бидъат қандай бўлади?
Жавоб-62: Диндаги бидъат бу – ҳар бир шаръий далил келмаган нарсадир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?! Агар (яхши-ёмон амаллар Қиёмат Кунида) ажралиши хусусидаги Сўз бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди» (Шуро: 3).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким динда биз буюрмаган янгиликни олиб келса, номақбулдир» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бидъатнинг турлари кўп бўлиб, булар:
1. Кофирликка олиб борадиган бидъат. Масалан, ўликлар билан ғойибга дуо қилиб, улардан ёрдам сўрашга ўхшаш.
2. Ҳаром бўлган бидъат. Масалан, дуода ўликларни Аллоҳга восита қилиш, қабрларга юзланиб намоз ўқиш, ўликлар номига қурбонлик сўйиш, уларга мақбара қуришга ўхшаш.
3. Макруҳ бўлган бидъат. Масалан, жума намозидан кейин (эҳтиёт юзасидан) пешин намозини ўқиб қўйиш, азондан кейин баланд овоз билан пайғамбаримизга саловат-саломлар айтишга ўхшаш.
Савол-63: Исломда яхши суннат борми?
Жавоб-63: Ҳа! Исломда яхши суннат бордир. Бу нарса динимизда бор бўлиб, садақа беришга ўхшашдир.
Далил: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки Исломда яхши бир иш қилса, унга ўша ишнинг савоби ва ундан кейинги ўша ишни давом этирадиганларнинг савобини ҳам уларнинг савобларидан мутлақо камайтирилмаган ҳолда берилади» (Имом Муслим ривояти).
Савол-64: Мусулмонлар қачон ғалаба қозонадилар?
Жавоб-64: Мусулмонлар қачонки Парвардигорларининг Қуръони ва пайғамбарларининг суннатларини ҳаётларида татбиқ этишиб, тавҳид даъватини маҳкам ушласалар ва ширкнинг барча кўринишларидан ҳазар қилсалар, ҳамда душманларига қарши қўлларидан келганча куч-қувват тўпласаларгина душманлари устидан ғалаба қозонадилар.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида қадамларингизни собит-барқарор қилур» (Муҳаммад: 7).
Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар» (Нур: 55).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Огоҳ бўлинки, албатта қувват камон отишдадир» (Имом Муслим ривояти).
Камонда отишдан мурод: барча кураш усулларини ўрганишдир (барча турдаги отув қуролларини ўрганишдир).
Admin   03-17-2013, 10:52 PM
#16
АЛЛОҲ ТАОЛО ИЖОБАТ ҚИЛАДИГАН ДУОЛАР

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агарда бирон бир банда (бошига) мусибат ё қайғу тушса ва айтсаки: «Эй Аллоҳ! Шак-шубҳасизки, мен Сенинг бандангман, эркак ва аёл бандангни ўғлиман, менинг тақдирим Ўзингни қўлингдадир, ва Сенинг (менинг устимдаги қилган) ҳукминг албатта қазо бўлгувчидир (амалгам ошгувчидир), ва Сенинг (қилган) ҳукминг одилдир (тўғридир). (Шундай экан,) Мен Сендан Ўзингни Нафсингни исмлаган ё Китобингда нозил қилган ё маҳлуқларингдан биронтасига ўргатган ё Ўз ғайб илмингда сақлаб қўйган исмларинг ила сўрайман: Қуръонни қалбимнинг қувончи, ва кўзларимнинг нури, ҳамда ғамимни ва қийинчиликларимни кетказувчи қилгин», деса Аллоҳ албатта уни ғами ва қийинчилиги кетказиб, уни (қийинчиликларини) хурсандчилик билан алмаштиради» (Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоятлари).
2. Юнус алайҳиссаломнинг катта балиқнинг қорнида қилган дуоси: «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим» (Анбиё: 87).
(Юқоридаги Юнус алайҳиссаломнинг дуоларини зикр қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар): «Кимда ким бу (дуо) билан (Аллоҳга) дуо қилар экан, Аллоҳ албатта дуосини ижобат (қабул) қилади» (Имом Аҳмад ривояти).
Мусулмон одам қайси ишда бўлмасин дуони тарк қилмас экан, Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилгай.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ғам ёки ташвиш тушса, шундай дер эдилар: «Эй абадий тирик бўлган ва абадий бор бўлган Зот! Сенинг раҳматинг ила ёрдам сўрайман» (Имом Термизий ривоятлари).

* * *

Pages (2):    1 2
  
Users browsing this thread: 7 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.