Муслим   04-28-2020, 09:30 AM
#1
Ақида ва рўза

Шайх, доктор Аҳмад ибн Қозлан Мазруий ҳафизаҳуллоҳ


Барча мақтовлар ўзини ҳақ деб айтган сўзига иймон келтирган, меҳрибон ва раҳмли зот, иймонни (Ислом) иморати асоси қилган Аллоҳга хосдир. Рамазон ойи рўзасини иймон асоси қилиб белгилаган Пайғамбаримиз Муҳаммадга салавоту саломлар бўлсин. Эй Аллоҳ, у зот, оиласи, саҳобалари ва унга яхшилик билан эргашганларга салавоту саломларингни йўлла!
Сўнг...
Дарҳақиқат Рамазон ойи (рўзаси) вожиб экани, ҳамда унинг фазилатларига далолат қилувчи далиллар буюк ақида асосларига ишора қилади. Аллоҳ айтади: «Эй иймон келтирганлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183). Энг буюк тақво – Аллоҳ жалла ва аланинг тавҳидидир.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза ва қиёмнинг иймонга бўлган аҳамиятига ишора қилиб шундай дедилар: «Ким Рамазон рўзасини (фарз эканига) иймон келтириб, (ажрини Аллоҳдан) умид қилган ҳолда тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Кимки қадр кечасида иймон ва (ажрини Аллоҳдан) умид қилган ҳолда қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади» (Муттафақун алайҳ. Бухорий (2014), Муслим (760)).
Яна Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза ҳақидаги ҳадисларда, қиёмат кунига бўлган иймонга ишора қилган ҳолда, жаннат ва дўзахни эслаб ўтдилар: «Муборак ой бўлмиш Рамазон ойи кириб келди. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Унда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади» (Насоий (4/129). Албоний «Саҳиҳ ал-Жомиъ»(55)).
Яна Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Албатта Аллоҳ ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтадилар» (Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ» (3467). Албоний «Силсила ас-Саҳиҳа» (3409)) деб айтган сўзларида Аллоҳнинг Калом сифатининг исботи бўлиб, яна у фаришталарга бўлган иймонга далолат қилади.
Яна Қадр кечаси қазо ва қадарга бўлган иймонга ишора қилади. Аллоҳ таоло деди: «У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур)» (Духон: 4).
Яна Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳилолга қарашликда жамоатнинг аҳамиятига эътибор қаратиб шундай дедилар: «(Рамазон ҳилолини) кўриб рўза тутинг, (Шаввол ҳилолини) кўриб оғзингизни очинг» (Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ» (3442). Албоний «Саҳиҳ Насоий» (2117)). Унга қулоқ солиб, итоат қилинувчи ҳукмдорсиз эса жамоат бўлмайди.
Яна қаттиққўл (муташаддид) адашган фикр эгаларига ўхшашдан қайтариб, танбеҳ берувшчи далиллар ҳам келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Юлдузлар чиқишини кутмай ифторини қилар экан, умматим менинг суннатим узрадир» (Ибн Ҳиббон: «Саҳиҳ» (3510). Албоний «Саҳиҳ ат-Тарғиб» (1074)). Бошқа ривоятда: «Машриқ аҳлининг кечиктиришларидек кечиктирмагунларича» (Молик «Муватто»).
Бу рўзанинг ақида ва иймон масаласига далолат қилишига бўлган қарор, ишора, эслатма ва таъкиддир. У ҳам бўлса Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарга иймон келтиришга, саҳобаларга бўлган муҳаббатга, бидъат аҳлидан огоҳлантиришнинг аҳамиятига далил бўлади.
Ҳа, Аллоҳга қасамки, батаҳқиқ манбаси Роббимиз китоби, Пайғамбаримиз суннати, ҳамда мақталган авлод фаҳми бўлмиш соф исломий ақида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Қандай қилиб ундай бўлмасин, ахир у унинг устига барпо қилинувчи (дин) иморати асосику. «(Эй инсон), Аллоҳ яхши сўзга (иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: у сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмондадир» (Иброҳим: 24). Яхши сўз – тавҳид калимасидир.
Дарҳақиқат иймон ақидаси жаннатларга етишиш зафари, ҳамда дўзахдан нажотдир: «Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга заррача зулм қилинмас» (Нисо: 124).
Дарҳақиқат иймон ақидаси инсон саодатининг асосидир: «Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97).
Дарҳақиқат иймон ақидаси барча қийинчиликлардан нажот топишнинг асл сабабидир: «Сўнгра (Қиёмат келиб, азоб нозил бўлгач), пайғамбарларимиз ва иймон келтирган зотларга нажот берурмиз. Шундай қилиб, (охир-оқибат) иймон келтирган зотларга нажот бериш Бизнинг зиммамиздаги бурч бўлди» (Юнус: 103).
Дарҳақиқат иймон ақидаси – ҳаёт пойдеворидир. Агар у зое бўлса, ундан кейинги барча ҳаёт йўқлик бўлади. Агар ҳаёт соф ақида устига барпо бўлса, унумдор, омадли ҳаёт бўлади. «Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар» (Мўъминун: 1).
Агар ақида заифлашса ёки бузилса, ҳаёт бузилади. «Динни (Охиратдаги жазони) ёлғон, дейдиган кимсани(нг қандай кимса эканлигини) кўрдингизми — билдингизми? Бас, бу етим-есирни (қўполлик билан) ҳайдаб соладиган ва (кишиларни) мискин-бечорага таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир. Бас, намозларини «унутиб» қўядиган «намозхон»ларга ҳалокат бўлгай. Улар риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини ҳам (кишилардан) ман қиладиган (яъни, бирон кишига фойдалари тегмайдиган) кимсалардир!» (Маъун: 1-7). Унинг етимларга бўлган муомаласи нақадар бузуқ экани ва уларни ҳайдаб солиши, ҳамда мискинларга бўлган муомаласи ва уларга инфоқ қилишдан тўсиши ҳақида тафаккур қил. Яна намозининг бузуқлиги ва уни унутиб қўйиши ҳақида, амаллари риё асосида қоим бўлгани ҳақида, оз инфоқ қилиб бахиллик қилиши ҳақида тафаккур қил. Унинг охират кунига бўлган ақидаси бузилганидан сўнг шундай бўлди.
Яна Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзал солиҳ амални тўғри ақидага боғлаб шундай деганлари ҳақида тафаккур қил: «Ким Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонига иззат-икром кўрсатсин. Ким Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўз сўзласин ёки эса сукут қилсин» (Муттафақун алайҳ. Бухорий (6018), Муслим (47)).
Кейин ушбу ақида ва иймоннинг шахс, инсон ва жамиятга бўлган улкан фойдалари бор: нафс роҳати ва қалб хотиржамлиги, жамият якдиллиги, фитна ва гуруҳбозлик, ҳамда бидъат шубҳалардан, шайтоний васвасалардан йироқ бўлишлик.
Қазо ва қадарга иймон келтиришда қанчалар нафс роҳати, ҳасаднинг йўқлиги ва ғамнинг кетиши борлиги ҳақида тафаккур қил.
Охират кунига иймон келтиришда қанчалар (солиҳ) амал қилишга ундов, дангасаликни тарк қилиш, маъсият, гуноҳ ва халойиққа озор етказадиган ахлоқларнинг бўлмаслигининг борлиги ҳақида тафаккур қил.
Фаришталарга иймон келтиришда Аллоҳни улуғлашлик, ҳамда Аллоҳнинг бандаларини сақлашининг борлиги ҳақида тафаккур қил.
Яна пайғамбарлар ва китобларга иймон келтиришда халойиқнинг яхшилик ва ҳақ сари ҳидояти борлиги ҳақида тафаккур қил.
Яна саҳобаларнинг фазилатига оид эътиққодда, Аллоҳ улардан рози бўлсин, динни тўғри тушунишлик, ҳамда ихтилоф ва низолардан йироқ бўлишликнинг борлиги.
Шунингдек, валийюл амр атрофида жамланишликда тинчлик, қувват, якдиллик ва бирликнинг борлиги.
Шунингдек, бидъат аҳлидан огоҳ қилишда фитна йўлларидан узоқ бўлишликнинг борлиги.
Шу сабабларга кўра ҳар бир мусулмон ўз ақидасини таълим олмоғи муҳим, балки вожибдир.
Ва сўнгра, бас илмдурки, у билан ҳеч ким зафар қозонолмас,
Магарам олий сабаблар билангина кўтарилур ва зафар қозонур.
Айниқса, диннинг асосий илми, албатта шу билан,
Банданинг саодати ва нажотидур, қайта тирилтирилганда.
Мусулмон Китоб, суннат ҳамда саҳоба ва имомларнинг сўзларидан иборат саҳиҳ далиллар арқони орқали ўз ақидасига боғланади. Уни мўътабар, мўътадил, раббоний аҳли илмлардан олади. Тўғри йўлдан оғган, адашган ва экстремист (кескин фикр ва чорларни йўқловчи)ларнинг сўзларидан йироқ бўлади. Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ деди: «Батаҳқиқ, бу илм диндир, бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранг» («Исъаф ал-Мубатто би рижал ал-Муватто» (10)). Бу ҳолат ҳозирги замоннинг хатарли офати бўлиб, у ҳам бўлса ақидаси тўғри ва манҳажи саломат эканига назар солмай ҳар кимдан илм олишликдир. Ушбу бобда енгилтаклик қилиш, одамларга ақидавий ва фикрий шубҳалар водийсини очади. Ундан имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари билан ҳимояланилади: «Ҳақдан оғган одамга қулоғинг орқали қалбингга йўл берма. Дарҳақиқат сен ундан нима илиб олишингни билмайсан» (Шотибий «Эътисом» (1/99)).
Сенга экстремист одамни аниқлаб берувчи учта енгил ва муҳим аломатдан иборат формула тузиб бераман:
1) Уламоларни ҳақорат қилади;
2) Ҳукмдорларни таъна қилади;
3) Ўзига ўхшаганлар билан дўстлашади.
Эй Аллоҳ, бизни зоҳирий ва ботиний фитналардан узоқлаштир! Бизни иймон, собитқадамлик ва ростгўйликда, ҳамда яхши солиҳ амал устида сақла!


عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.