Admin   11-14-2009, 11:52 PM
#1
Ширк ва унинг турлари

Муаллиф: Муҳаммад ибн Жамил Зайну

Катта ширк ва унинг турлари

Катта ширк (ширк акбар) бу Аллоҳ билан шерик қилиш, унга (шерикка) Аллоҳга мурожаат қилгандек мурожаат қилиш ёки бирон бир ибодат турини унга (шу шерикка) қаратиш (унга қилиш). Масалан, ёрдам сўраш ёки қурбонлик сўйиш, қасам ичиш ва ҳоказо каби ибодат турларини Аллоҳдан ўзгага қилишдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, қай бир гуноҳ Аллоҳ наздида энг катта гуноҳ ҳисобланади?» деб сўради. «Аллоҳ сени яратиб қўйган бўлсаю, сен Унга бошқа бировни тенг билиб ибодат қилишинг» дедилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Катта ширкнинг турлари:
1) Дуо қилишдаги ширк. Бу Аллоҳдан бошқалардан, яъни пайғамбарлардан ва авлиёлардан мадад тилаб, касалликка даво излаб уларга мурожаат қилиш, илтижо қилиш. Аллоҳнинг қуйидаги оятига кўра:
“Аллоҳни қўйиб сизга фойда ҳам, зиён ҳам этказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз” (Юнус сураси, 106-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кимки Аллоҳ таолодан ўзгадан ҳожатини сўраб Аллоҳга ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга киргай” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ўликлардан ва мавжуд бўлмаганлардан (ғойиб кимсалардан) нажот сўрашнинг ширк эканлигига далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир:
(Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад, дунёю охират ҳақида ҳеч ким) сизга Хабардор Зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас” (Фотир сураси, 13-14 оятлар).
2) Аллоҳ сифатларида ширк. Пайғамбарлар ва авлиёлар ғайб илмини билишади деб ишониш, иймон келтириш. Аллоҳ таоло айтди:
“Ғайб очқичлари (калитлари) Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур” (Анъом сураси, 59-оят).
3) Муҳаббатдаги ширк. Бу бирон авлиёни ёки солиҳ одамни Аллоҳни севгандек (яхши кўргандек) севишдир. Аллоҳ таоло айтади:
”Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир” (Бақара сураси, 165-оят).
4) Бўйсунишдаги ширк. Бу шайхларга гуноҳ қилиб бўлса ҳам бу ишни қилиш мумкин деб бўйин солиш, яъни кимки бирон кимсага агар гуноҳ қилишга буюрса ҳам бўйсинса ва бу ишни ҳалол эканлигига ишонса бу ширкдир. Аллоҳ таоло айтади:
”Улар (насронийлар ва яҳудийлар) Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини парвардигор деб билдилар (олдилар) (Тавба сураси, 31-оят).
Уларга гуноҳда ҳам бўйин солиш ибодат деб тушунтирилиши мумкин. Чунки улар Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилдилар ва Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: ”Ҳеч кимга Аллоҳга осийлик қилишликда бўйин солиш (эргашиш) мумкин эмас” (Саҳиҳ, Аҳмад ривояти).
5) Аллоҳнинг одам шаклига эга эканлигидаги (тажассумдаги) ширк: Бу Аллоҳ яратганининг (мавжудотнинг) шаклида мавжуд деб иймон келтириш (ишониш) ва бу Дамашқда кўмилган сўфий Ибн Арабийнинг иймони эди. У шундай деди:
“Рабб бу қул ва қул Раббдир
Қанийки билсам эди қайси бири ҳокимликда эканлигини”.
Яна бир сўфий шоир шундай деган:
”Рабб бўлмаган ҳеч қандай ит ёки чўчқа йўқ,
ва Аллоҳ черковдаги роҳибдан бошқа кимса эмасдир”.
Аллоҳ буларнинг айтганларидан узоқдир.
6) Ишлар тадбиридаги ширк. Бу баъзи авлиёлар коинот ишларини бошқаришга ва тадбир қилишга ҳаққи бор деб ишониш (иймон келтириш). Улар улар(авлиёлар)ни Аллоҳнинг қуйидаги (Исломдан олдинги) мушриклар ҳақидаги оятига қарамасдан ёрдамчилар деб аташади:
”Ким барча ишларни тадбир қилиб турур?! Улар албатта: ”Аллоҳ”, дейдилар” (Юнус сураси, 31-оят).
7) Қўрқув ширки. Бу баъзи ўлик авлиёлар ва ғойиб кимсалар барча ишларни тадбир қила олади ва зарар қилиши мумкин ва қўрқиш (ўша ўлик авлиёлардан) эса шу сабабдандир деб иймон келтириш (ишониш). Шундай қилиб сиз баъзи одамларнинг ёлғондан Аллоҳга қасам ичишини топасиз, аммо улар бу авлиёларга ёлғондан қўрққанларидан қасам ичишмайди ва бу Қуръон бизни огоҳлантирган мушрикларнинг иймони эди:
”Аллоҳ Ўз бандасига етарли эмасми?! (Эй Муҳаммад), улар сизни (Аллоҳдан) ўзга бутлари билан қўрқитурлар” (Зумар сураси, 36-оят).
Ҳавфли, ваҳший ҳайвонлардан ёки золим кимсалардан қўрқиш мумкин ва у ширк эмас.
8) Ҳокимликдаги ширк. Бу Исломга зид бўлган қонунни яратган ва бу қонунни ҳалол қилган ёки Ислом қонунининг камчиликлари бор деб ишонган кимсага тадбиқ этилади. Бу масала жуда муҳим ва уламоларимиз бу хусусда кўплаб китоб ва мақолалар ёзишган. Шуни эътиборга олиш керакки, ҳавориж гуруҳидаги кимсалар мана шу ширкка тааллуқли оятларни кўпчилик мусулмонларга, айниқса муслумон ўлкаларининг ҳокимларига нисбатан қўллаб, уларни мусулмон бўлса ҳам кофирга чиқариб қўйишмоқда. Мана шундан эҳтиёт бўлиш зарур. Бир мусулмон одамни кофир деб санаш оғир гуноҳ ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу масалага оид мулоҳазалар катта уламоларга олиб борилиб улардан маслаҳат сўралиши лозим.
9) Катта ширк қилган амалларни йўққа чиқаради. Бу Аллоҳнинг қуйидаги оятига кўра:
”Дарҳақиқат, сизга ҳам (эй Муҳаммад), сиздан аввалги (пайғамбарларга) ҳам (шундай) ваҳий қилингандир: ”Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан””. (Зумар сураси, 65-оят).
10) Аллоҳ катта ширкни тавбадан ва ширкни умуман ташлашдан бошқа йўл орқали кечирмайди. Аллоҳ таоло айтади:
”Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарса ёки кимсани) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради. Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан озибди” (Нисо сураси, 116-оят).
11) Ширкнинг бир неча турлари бор. Булардан иккитаси: катта ширк ва кичик ширкдир. Одамларни ширкнинг барча турларидан огоҳлантириш фарздир. Пайғамбаримиз бизга бунинг учун нима дейишни ўргатганлар:
”Эй Аллоҳ! Биз Сенга билиб ширк қилишликдан сақлашингни сўраймиз ва билмай (ширк) қилганларимизни кечиришингни ўтинамиз” (Аҳмад ривояти, ҳасан ҳадис).

Кичик ширк ва унинг турлари

Кичик ширк бу катта ширкка олиб бориши мумкин бўлган барча воситалардир. У ибодатнинг сифатига таъсир этмайди, аммо уни қилган киши Исломдан чиқмайди (кофир ҳисобланмайди). Шунга қарамасдан, у катта (оғир) гуноҳлардан ҳисобланади ва қуйидаги турлардан иборат:
1) Риё: Бу мусулмон Аллоҳ учун амал қилганда ва Аллоҳ учун ибодат қилганда ўзининг амали ва ибодатини бошқалар мақтасин деб яхши (гўзал) қилишидир. Аллоҳ таоло айтди:
”Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мени сизлардан энг қўрқадиган нарсам кичик ширк – риёдир. Аллоҳ қиёмат кунида кишиларнинг амалларини ҳисоб-китоб қилганда шундай дейди: “Риёкорлик қилганингиз кимсалар олдига боринглар¬чи, улар олдида мукофотингизни топа олармикинсизлар?!”” (Саҳиҳ, Имом Аҳмад ривоятлари).
2) Аллоҳ таолодан бошқанинг номига қасам ичиш: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кимки Аллоҳ таолодан ўзганинг номига қасам ичса, ширк қилибди (мушрик бўлибди)” (Саҳиҳ, Имом Аҳмад ривоятлари).
Аллоҳдан ўзгага қасам ичиш катта ширкка албатта айланиши мумкин, қачонки қасам ичаётган кимса ёлғондан қасам ичаётган нарсаси ундан зарарни олиб ташлаши мумкин ёки зарардан сақлаши мумкин деб ишонса.
3) Яширилган ширк: Инсоннинг қуйидаги гаплари бу ширкдан ҳисобланади: “Агар Аллоҳ ва фалончи бўлмаганда эди, бу муваффақиятга эриша олмас эдим”, “Аллоҳ ва сен хоҳлаганинг учун бу иш бўлди”.
Биринчи мисолда Аллоҳга фалончини шерик қилиб қўйгани учун, иккинчи мисолда эса, Аллоҳнинг хоҳиши билангина чекланмасдан яна бировнинг хоҳишини шерик қилгани учун бу сўзлар ширк ҳисобланди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ ва фалончи хоҳлади, деманглар, балки Аллоҳ сўнгра фалончи хоҳлади, деб айтинглар” (Саҳиҳ, Имом Аҳмад ва бошқалар ривоятлари).

Admin   02-16-2011, 09:55 PM
#2
Ширк кўринишлари

Муаллиф: Муҳаммад ибн Жамил Зайну

Дарҳақиқат, ширк кўринишлари ҳозир Ислом дунёсида мусулмонларнинг фалокатига асосий сабаблардандир. Мусулмонларга Аллоҳ томонидан юборилган фасод, зилзилалар, урушлар ва бошқа турдаги жазоларнинг сабаби бу уларнинг тавҳидга қарши чиққанликлари, ақида ва ҳаракатларида ширкнинг кўринишлари бўлгани учундир.
Бунга далил аксар мусулмон ўлкаларида кўпчилик мусулмонлар Исломдан деб олган ширкнинг ҳар хил турларининг пайдо бўлганидир. Шунинг учун улар уларни (ширк турларини) инкор этишмайди. Шу билан бирга билишадики Ислом ширкнинг кўринишларини ёки бунга бошлайдиган воситаларни йўқ қилиш учун келган. Бу кўринишлардан энг асосийлари қуйидагилар:
1. Аллоҳдан ўзгага илтижо, дуо қилиш. Бу туғилган кунини нишонлаш ёки тарихий бирор ҳодисани эслаш маросимларида қироат этиладиган (айтиладиган) ашулалар, шеърларда кўринади. Мен уларнинг шундай деганларини эшитдим:
”Эй Расуллар имоми, эй менинг ёрдамчим! Сен Аллоҳга калитдирсан. Менинг ҳаётимда ва Охиратимдаги суянчимсан. Эй Аллоҳнинг Расули, мени қўлимдан ушла, сендан бошқа ҳеч ким мен учун қийинчиликни осонликка алмаштира олмас. Сен мавжуд бўлганларнинг тожисан”.
Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга ўхшаган нарсаларни эшитсалар эди, улар ўзларини улардан йироқ қилган бўлар эдилар. Чунки ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч ким қийинчиликни осонликка алмаштира олмайди.
Шунга ўхшаш газета, мужалла ва китобларда ёзилган шеърлар афсуски мавжуддир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, авлиё ва солиҳ кишиларга нажот, ёрдам сўраб дуо қилиш ҳақиқадир. Ваҳоланки, бу истакларни улар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, авлиё ва солиҳ кишилар) бажара олишга қодир эмаслар.
2. Авлиёлар ва солиҳ кишиларнинг масжидларга кўмилиши. Кўпчилик мусулмон ўлкаларидаги масжидларда устида қубба қурилган қабрларни кўрасиз. Баъзи кишилар Аллоҳдан сўрашни ўрнига улардан (қабрлардан) ёрдам, нажот сўрашади. Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисда масжидда қабрларнинг бўлишини ҳаром қилганлар: ”Ўз пайғамбарларининг қабрларини масжид (ибодат қилинадиган жой) қилиб олган яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Пайғамбарларнинг масжидларга кўмилиши шариатдан бўлмаса (ҳаром бўлса), қандай қилиб шайхларнинг масжидга кўмилиши ҳалол бўлсин? Айниқса, кўмилган инсон Аллоҳдан ўзгага мурожаат қилиб юрганлигини билганидан кейин. Шунинг учун ҳам бу ширкка олиб борувчи амалдир ва Ислом ширкни ва унга олиб борувчи барча йўл, воситаларни ҳаром қилган.
3. Авлиёларга назр қилиш. Баъзи кишилар авлиёларга атаб қурбонлик қилиш ёки садақа ва бошқа нарсаларни назр қилишади. Бу қасам назр ширкдир ва уни пайдо бўлишини тўсиш вожибдир. Чунки, назр бу ибодат ва у ягона Аллоҳга қилинади. Имроннинг хотини шундай деди:
”Парвардигорим, менинг қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим” (Оли Имрон сураси, 35-оят).
4. Пайғамбарлар ёки авлиёлар қабрлари атрофида қурбонлик қилиш. Ҳаттоки агар қурбонлик Аллоҳ учун аталган бўлса ҳам ҳаромдир. Чунки, бу бутларининг ва ҳайкалларининг қабрларида авлиёлари учун қурбонлик қилишган мушриклар амалларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: ”Кимки Аллоҳдан ўзгага қурбонлик қилса, уни Аллоҳ лаънатлагай” (Муслим ривояти).
5. Пайғамбарлар ва авлиёлар қабрлари атрофида тавоф қилиш (бирон нарса атрофида ибодат нияти билан айланиш): Масалан: Жийлоний, Рафааъий, Бадавий, Ҳуссайн ва бошқаларнинг қабрлари атрофида тавоф қилиш ширкнинг кўринишларидандир. Чунки тавоф бу ибодатдир ва Каъба атрофидан ўзга жойда уни қилиш мумкин эмас. Аллоҳнинг қуйидаги оятига кўра:
“Ва эски уй (Каъба)ни тавоф қилсинлар” (Ҳаж сураси, 29–оят).
6. Қабрларга қараб намоз ўқиш. Қабрларга қараб намоз ўқиш мумкин эмас. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: ”Қабр устида ўтирманглар ва уларга қараб намоз ўқиманглар” (Имом Муслим ривоятлари).
7. Қабрларга саёҳат қилиш. Қабрлардан барака сўраш, излаш ёки улар атрофида намоз ўқиш мумкин эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: ”Учта масжиддан ўзгага саёҳат қилмангиз. Масжид Ал-Ҳарам (Маккадаги Каъба), менинг масжидим ва Масжид Ал Ақсо” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Демак, биз Мадинага борганимизда шундай ният қилишимиз керак: ”Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларини зиёрат қилиш ва уларга салом бериш учун бораяпмиз” (Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қиламан деб ният қилиш мумкин эмас. Ният фақат масжидни зиёрат қилиш учун бўлиш керак).
8. Аллоҳ юборган қонундан бошқа қонун бўйича ҳокимлик қилиш. Қуръон ва саҳиҳ ҳадисга қарши бўлган қонунларга амал қилиш мумкинлигига ишониш ширк кўринишларидандир. Бунга яна мисол шуки, баъзи ”уламолар” Исломга зид келган фатволар беришади. Масалан, рибони ҳалол қилишади. Ваҳоланки Аллоҳ рибо билан шуғулланган кишиларга уруш эълон қилган бўлса ҳам. Шунинг учун ҳам бу турдаги фатволарга эргашмаслигимиз керак. Акс ҳолда Исломга қарши амал қилиб қолган бўламиз.
9. Ҳоким ва шайхларга бўйсуниш. Бу қачонки кимдир ҳоким ёки шайхга Қуръон ва ҳадисга қарши масалада бўйсунса, у ҳолда бу бўйсуниш ширк кўринишларидандир, агар ўша киши ҳоким ёки шайхни Исломга қарши бўлган масаларда эргашиш мумкин деб ишонса. Бу Пайғамбаримизнинг қуйидаги айтганларига кўра: ”Ҳеч кимга Аллоҳга осий бўлишликда бўйин солиш (эргашиш) мумкин эмас” (Саҳиҳ, Аҳмад ривояти).
Ва Аллоҳ таоло айтди:
”Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Парвардигор деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У зот уларнинг ширкларидан покдир” (Тавба сураси, 31-оят).

  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.