dimu   05-06-2011, 02:58 PM
#1
НУРИДДИН АБУЛҲАСАН (МУЛЛА АЛИ ҚОРИ)

Нуриддин Абулҳасан Али ибн Султонмуҳаммад Ҳанафий қироат илмида моҳир, зукко ва замонасининг етук олими бўлганидан Ислом оламида «Мулла Алийюл Қори» номи билан танилган. Алломанинг туғилган йили тўғрисида аниқ маълумот йўқ, фақат баъзи манбаларда темурийлар ҳукмронлиги даврида, милодий XV аср да яшаб-ижод қилгани қайд этилган.(1)

Ҳанафий мазҳабининг забардаст олими Мулла Али Қори Ҳиротда илм таҳсилини бошлаб, Қуръони каримни тўла ёд олади. Шайх Муҳйиддин ибн Ҳофиз Зайниддин унинг илк устозидир. Алломанинг талабалик йиллари темурийлар салтанати гуллаб-яшнаган даврга тўғри келган. У замонасининг таниқли олимларидан илм ўрганиб, фақиҳ бўлиб етишади.

Сафавийлардан Шоҳ Исмоил ибн Ҳайдар ҳукмронлиги пайтида кўпчилик уламолар каби Мулла Али Қори ҳам чорасизликдан мамлакатни тарк этади. Ҳижрий 952 йили Макка шаҳридан қўним топади. Бу эмин шаҳарда аллома яна илмга шўнғийди.

Шайх Шаҳобиддин Абул Аббос Маккий (ҳижрий 973 йили туғилган), Шайх Алоуддин ибн Ҳисомиддин Абдулмалик шофиъий Мисрий, Муҳаммад Саид ибн Мавлоно Хўжа ҳанафий Мисрий (ҳижрий 981 йили туғилган) ва Шайх Абу Исо Қутбиддин Муҳаммад ибн Алоуддин Аҳмад ҳанафий Маккий унга устозлик қилишган.

Тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларида ном қозонган Сулаймон ибн Сайфиддини Жоний, Шайх Муҳйиддин Абдулқодир ибн Муҳаммад шофиъий Маккий, қози Абдурраҳмон ибн Исо ҳанафий Маккий, Шайх Муҳаммад Абу Абдуллоҳ Муқаллиб (вафоти 1061 ҳижрийда) Сай-йид Муҳаммад Ҳусайний Балхийлар алломанинг шогирдларидир.

Шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий «Ироқ аҳлининг фақиҳлари ва уларнинг сўзлари» рисоласида: “Имом Абу Ҳанифанинг издошларидан Мулла Алийюл Қори ҳофиз, беназир муҳаддис олим эди”, деб ёзади. Шайх Муҳаммад Идрис Кандеҳлавий эса «Ат-Таълиқус Сабиҳ» асарида уни: “Улуғ муҳаддис, ақли ўткир, фозил, замонасида тенгсиз, асрининг танҳо олими”, дея таърифлайди. Замондош ва маслакдошлари у зотни “Ҳақиқатлар султони, нодир фиқҳий масалалар билимдони, фақиҳ, муфассир, қорию мутакаллим, муҳаддис ҳамда балоғат ва фасоҳат, наҳв илмларининг муаллими” деб тан олишган.

Аллома саксондан ортиқ китоб ёзган. Баъзи асарлари неча асрлардан бери ўқув юртларида муҳим дарслик ва қўлланма бўлиб келмоқда. Олимнинг «Анварул Қуръон фи асрорул Фурқон» (Фурқон сирларида Қуръон нурлари), «Ан-насиху вал-мансуху минал ҳадис» (Ҳадисларнинг насх ва мансухлари), «Адиллату муътақади Аби Ҳанифа фи абавайи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)» (Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ота-оналарига доир ақидада Абу Ҳанифанинг далили), «Ал-асмарул жанийяту фи асмаил ҳанафия» (Ҳанафий олимларнинг исмлари ҳақида йиғилган мевалар), «Ал-аҳадисул қудсияту арбаъиния» (Қирқ қудсий ҳадис), «Ал-адаб фи ражаб» (Ражаб ойи одоблари) ва «Манақибу ал-Имоми Аъзам ва асҳобиҳи» (Имоми Аъзам ва асҳобларининг маноқиблари) каби китоблари машҳурдир.

Аллома мазҳабимиз фиқҳий масалаларига доир кўп рисолалар ҳам ёзган. «Рисалату фи ҳимаяти мазҳабил Имоми Аби Ҳанифа» (Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ҳимоя қилиш тўғрисида рисола), «Рисалату фир радди ала мин замми мазҳабил Имоми Аби Ҳанифа» (Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ёмонловчиларга раддия рисоласи) шулар жумласидан.

Аллома ўндан ортиқ китобга шарҳ ёзган. «Шарҳи Саҳиҳи Муслим» (Имом Муслим “Саҳиҳ”ининг шарҳи), «Шарҳу Айнил илми ва зайнил ҳилми» («Ҳилмнинг зийнати ва илмнинг булоғи» китобига шарҳ), «Шарҳу ал-Фиқҳил акбар» (“Фиқҳул акбар”нинг шарҳи), «Шарҳу Муснад ал-Имоми Аби Ҳанифа» (Имом Абу Ҳанифанинг “Муснад”ига шарҳ), «Шарҳу ал-Ҳидоя лил Марғиноний» (Марғинонийнинг “Ҳидоя”сига шарҳ), «Шарҳу ал-Виқоя фи масаилил Ҳидоя» (“Ҳидоя” масалаларидаги “Виқоя”га шарҳ) ва «Мирқотил мафотиҳ шарҳи Мишкатил Масобиҳ» («Мишкатул Масобиҳ»ни шарҳлашда очилган нозик ўринлар) каби шарҳлари бутун Ислом оламида эътиборлидир.

Мазҳабимизнинг буюк алломаси Мулла Али Қори Имом Абу Ҳанифа, Суфён Саврий ва Фузайл ибн Иёзларнинг йўлидан бориб, ҳаётда дуч келган масалаларга асосли жавоблар берган. Олим илм ва ибодатда собитқадам ва мўътадил бўлган. Манбаларда у зотнинг моҳир хаттот ҳам бўлгани айтилади. Аллома мискин ва муҳтожларга кўп ёрдам берган, ҳалол ризқ истаб, таржима ишлари билан шуғулланган.(2)
Аллома асарларини таржима қилган кишилар айтишича, у зот ҳар йили бир марта чиройли хат билан Мусҳафни тўлиғича кўчириб, тушган пулни рўзғорга ишлатар экан. Шайх Абдулҳалим Нўъмоний «Ал-Имоми Алиюл Қори ва асариҳи фи илмил ҳадис» асарида “Аллома Қуръони каримни ҳар олти ойда (бир йилда икки бор) тўла кўчирар, бирининг пулини Ҳарамдаги фақир-мискинларга садақа қилар, иккинчисиникини эҳтиёжларига сарфлар эди”, деб ёзади.

Ҳазрати Мулла Али Қори ҳанафий ҳижрий 1014 йили шаввол ойининг 14 куни Макка шаҳрида вафот этади. Баъзи ривоятларда алломанинг Макка ҳудудидаги «Муаллат» деган жойга дафн қилингани айтилади.


1 “Хуласатул асар”. 3-ж., 185-бет; “Саматун нужум”. 4-ж.., 393-б.
2 “Мирқотул мафотиҳ”. Байрут, 1971. 1-ж., 27-бет.

“Эй иймон келтирган инсонлар, Аллоҳга итоат қилинглар, Расулга итоат қилинглар ва ўзингиздан бўлган раҳбарларга ҳам”. (Нисо/59)
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.