Admin   10-05-2009, 08:09 PM
#1
Аъроф сураси, 54-оят тафсири

Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй инсонлар), албатта Роббингиз – Аллоҳ шундай Зотдирки, осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига кўтарилди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам ёлғиз Уникидир. Барча оламлар Робби – Аллоҳ Баракотлидир» (Аъроф: 54).
«Албатта Роббингиз», яъни, сизларни Яратувчи ва неъматлар билан тарбия қилувчи.
Сўнг Яратувчи ва тарбия қилувчи эканига далил сифатида шундай деди: «Осмонлар ва ерни олти кунда яратиб...». Ушбу оят Аллоҳ азза ва жалланинг рубубиятига ҳужжатки, У Зот осмонлар ва ерни яратди. Бирор киши буларни яратмаган ва субҳанаҳу ва таолога яратишда кўмак ҳам бермаган. Балки Унинг ёлғиз Ўзи Яратувчидир: «Осмонлар ва ерни олти кунда яратиб...». Мушрик ва мулҳидлардан бирортаси ушбу оятга қарши чиқиб: Аллоҳ осмонлар ва ерни яратмаган. Балки фалончи ёки мен ё бўлмаса фалончи бут-санам яратган, дея оладими? Тарихдаю ҳозирда бирор кимса ушбу сўзни айтганми? Ҳолбуки ушбу оятлар эртаю кеч тиловат қилинади. Бирор киши ушбу оятга қарши чиқмаган ва келажакда ҳам асло қарши чиқолмайди.
«Олти кунда», яъни, ушбу баҳайбат, улкан махлуқотларни Аллоҳ таоло олти кунда яратди. Ҳолбуки бир лаҳзада яратишга ҳам қодир эди. Бироқ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли олти кунда яратди. Ушбу олти куннинг аввали якшанба, охиргиси эса жума кунидир. Жума куни холқ-яратишлик тамомий-мукаммал бўлди. Ана шу сабабли ҳам ушбу кун ҳафта кунлари ичидаги энг улуғи, кунларнинг саййиди ва ҳафтанинг байрами, ҳамда барча кунлардан афзалидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қуёш порлаб чиққан кунларнинг яхшиси жума кунидир» (Муслим (854), Абу Довуд (1046), Термизий (488), Насоий 90/3 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Чунки жума куни махлуқотларни яратиш тўла-мукаммал бўлди. Ушбу кунда Одам алайҳиссалом яратилиб, жаннатга киритилди ва ана шу куни ундан (жаннатдан ерга) туширилди. Ва яна бу кунда қиёмат қоим бўлади. Ана шуларнинг бари жума куни рўй беради. Демак, у кунларнинг афзали ва осмонлару ер ва улар ичидаги бор нарсанинг яратилишини сўнгги кунидир.
«Сўнгра Ўз аршига кўтарилди», яъни, «сўнгра» калимаси тартиб, кетма-кетликка далолат қиладики, аршга кўтарилиши осмонлар ва ерни яратганидан сўнг бўлди. Чунки у (яъни, аршга кўтарилиши) Аллоҳ хоҳлаганида қиладиган-сифатланадиган феълий сифатлардандир.
«Кўтарилди», яъни, юқорилади, олий бўлди.
«Ўз аршига», яъни, арш – махлуқотларнинг шифти-томидир. Луғатда эса: тахт маъносини ифодалайди. Ўз устунларига эга бўлган тахт бўлиб, фаришталар уни кўтариб туради. Ва у махлуқотларнинг энг улкан ва юқоридагисидир.
«الاستواء» (ал-Истиво - кўтарилиш, юқорилаш): Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буюклигига лойиқ бўлган феълий сифатларидан биридир. Махлуқнинг махлуққа кўтарилиши-олий бўлиши каби эмас. У Зот аршга муҳтож эмас. Чунки У аршни ҳам, бошқасини ҳам тутиб-ушлаб туради. «Албатта Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки, агар улар қуласалар У Зотдан сўнг (яъни, Аллоҳдан Ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас» (Фотир: 41).
Арш Аллоҳ таолога муҳтож, чунки у махлуқдир. Аллоҳ таоло эса аршдан ҳам, бошқасидан ҳам Беҳожатдир. Бироқ У Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли унга (аршга) кўтарилди. Кўтарилиш олий бўлишнинг бир туридир. Бироқ «العلو» (ал-Улув - Олийлик) зотий сифат, «الاستواء» (ал-Истиво - кўтарилиш, юқорилаш) эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хоҳлаганда қиладиган-сифатланадиган феълий сифатдир.
«У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар», яъни, тунни кунга қоплаб, тунни эса кунга ёпинчиқ каби ўрайди. Натижада борлиқни ёруғ ҳолатда кўрасиз. Тунни кунга қоплаганда эса олам зулматга чўмади.
Тунни кунга қоплайди, натижада ёруғлик бўлади. «(Ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар». Бунисидан (кундуздан) кейин униси (кеча) танаффус олмай келиб, ортда қолмайди-кечикмайди. Кеча кетгач кундуз келади ва кундуз кетгач кеча келади. Бир-биридан ортда қолиб кетмайди. Буларнинг бари субҳанаҳу ва таолонинг Қудратини мукаммал эканидандир. Қуёш барчага маълум бўлганидек улкан бир юлдуздир. Ой ҳам етти ҳаракатланадиган юлдузнинг бири. Қуёшу ойнинг иккиси ҳам ер атрофида айланади. Ер силжимас-барқарордир. Аллоҳ таоло уни бандаларнинг фойдалари учун силжимас қароргоҳ қилди. Қуёш ва бошқа фалаклар эса унинг атрофида айланади. (Иш) билимни даъво қилган бугунги вайсақилар айтгандек эмас. Улар Қуръонга акс йўл тутиб: қуёш силжимас, ер эса қуёш атрофида айланади, дейишади. «Қуёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур» (Ясин: 38). Улар эса: қуёш ҳаракатланмайди, дейишади. Ажиб, субҳаналлоҳ!
«Ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди)», яъни, тўхтамай доимий ҳаракатланишга бўйинсундириб қўйилган. Демак, ушбу оят қуёш, ой ва юлдузларга ибодат қиладиганларга раддияки, уларнинг бари Аллоҳнинг амрига бўйинсунади. Уларни ҳаракатга келтирадиган Аллоҳ таолодир ва Унинг Ўзи хоҳлаганда уларни ҳаракатдан тўхтатади. Демак, уларнинг тепасидан бошқарилиб туриладиган, бўйинсундирилиб қўйилган махлуқотлар бўлиб, улар учун бошқарувдан бирор нарса йўқ.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло амр этиши биланоқ ҳаракатга келиб, Унинг кавний буйруғи ила нур сочади. Буниси чиқиб, кейингиси ботиб, бир-бирини қувиб юради.
«Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам ёлғиз Уникидир».
«Огоҳ бўлингизким», диққатни жалб қилиш ва қайдлов ундалмаси. «Ёлғиз Уникидир», яъни, субҳанаҳу ва таолодан Ўзгасиники эмас.
«Яратиш», яъни, йўқдан бор қилиш. У яратишга Қодир Зот бўлиб, хоҳлаган нарсасини яратади.
«Буюриш», яъни, субҳанаҳу ва таолонинг амри – Унинг кавний ва шаръий каломидир.
Кавний каломи-сўзига келсак: ушбу кавний сўзи ила махлуқотларга амр этади, шунда улар У Зотга итоат этиб, лаббай дея ижобат қиладилар. Аллоҳ таолонинг мана бу қовлига ўхшаш: «Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: «(Менинг амри-фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!», деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик, (амрингга бўйинсундик)», дедилар» (Фуссилат: 11). Бу Аллоҳнинг кавний амри-фармони бўлиб, осмонлар ва ерга ушбу кавний буйруғи ила амр этганди, бас, улар ташкил топиб-вужудга келди. «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур – вужудга келур» (Ясин: 82). Бу кавний амру-фармони эди.
Шаръий амру-фармонига келсак, у нозил қилинган ваҳий бўлиб, ушбу ваҳий воситасида Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига ибодат қилишга, намоз, закот, ота-онага яхшилик қилишга буюради. Бу шаръий амру-фармонидир. Ушбу шаръий амри остига Қуръони Карим ва Пайғамбар суннатидаги буйруқ ва қайтариқлар дохил бўлади. Буларнинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амридандир.
Яратиш ва амру-фармон Унгагина хос экан, унда субҳанаҳу ва таолодан ўзгасига нима ҳам қолди? Шунинг учун ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ушбу оятни ўқиганларида: «Барча нарса Уни(нг қўлида бўлган) Зотдан сўраб-талаб қилсангчи» дердилар. Ушбу оят яратиш ва амру-фармон орасида фарқ бор эканига далолат қиляпти. Бу эса Қуръон махлуқ дейдиганларга раддиядир. Чунки Қуръон амру-фармон жумласидандир. Аллоҳнинг амри эса махлуқ эмас. Чунки Аллоҳ таоло яратиш ва амр ўртасини ажратди ва у иккисини ўзаро фарқли бўлган икки нарса эканини зикр қилди. Демак, Қуръон амру-фармон остига дохил бўлиб, у махлуқ эмасдир.
Ушбу масалада имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) жаҳмиялар билан мунозара қилдилар. Улар у кишидан Қуръон махлуқ дейишларини талаб қилишганида: «Қуръон яратилган нарсалар жумласиданми ёки амру-фармон қилинган нарсалар жумласиданми?», дедилар. Улар: «Қуръон амру-фармон жумласидан», дейишди. У киши эса: «Амру-фармон махлуқ эмас», дедилар. Аллоҳ таоло амр билан холқ-яратиш орасини ажратди. Яратишни бир нарса ва амр-буйруқни бошқа бир нарса деб зикр қилди.
Амр – Калом (сўздир). Холқ-яратиш эса йўқдан бор қилиш ва вужудга келтиришдир. Демак, иккиси ўртасида фарқ бор.
«Барча оламлар Робби – Аллоҳ Баракотлидир», яъни, феъл ва қудрати юқорида васф қилингандек бўлган, ҳамда шундай (улкан) махлуқотларга эга Зот буюк, барокатли ва олий бўлди.
«تبارك» (Табарока - баракотли бўлди): ушбу феъл Аллоҳ субҳанаҳу ва таологагина хос бўлиб, Ундан Ўзгасига ишлатилмайди. Барака – мўл-кўл яхшилик ва унинг ўсиб-кўпайиб боришидир. Аллоҳ жалла ва аланинг баракаси асло ниҳоя топмайди. Махлуқ борасида эса: «تبارك» (Табарока - баракотли бўлди), деб айтилмайди. Балки: барака ато қилинди дейилади, яъни, Аллоҳ таоло Унга барака ато этиб, муборак қилди. Бараканинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодандир.
«Барча оламлар Робби»: Бу ҳақда юқорида айтиб ўтилди. Ушбу оятда ҳам тавҳид қайд этиб ўтилди, рубубият ва улуҳият тавҳиди.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.