“Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси”, деб гувоҳлик беришликнинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: “(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл-ҳақ динга келишингизга) ҳарис-ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!”. (Тавба/128).
Ислом рукнларининг аввалгиси икки қисмдан ташкил топган:
Биринчиси: Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик бериш.
Иккинчиси: Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш.
Ушбу иккиси бир рукндир. Биринчи қисми: ибодатни холис адо этмоқ. Иккинчи қисми: Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмоқ.
“Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси”, деб гувоҳлик беришликнинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: “(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл-ҳақ динга келишингизга) ҳарис-ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!”. Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик беришлик, Китоб-у Суннат ва у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари ҳақ эканига далолат қилувчи мўжизалардан иборат далилларга эга. Қуръоннинг ушбу оятида Аллоҳ таоло айтадики: “(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл-ҳақ динга келишингизга) ҳарис-ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!”.
Ушбу оят Аллоҳ таоло томонидан Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатни олиб келганларига бўлган гувоҳлик ва сифатларини баён қилишдир.
“Ахир сизларга ... бир пайғамбар келди-ку!”, хитоб барча иносниятга қаратилган. Чунки у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари умумий инсон ва жин тоифасини ўз ичига олади.
“Бир пайғамбар”, "رسول" – унга шариат ваҳий қилиниб, ушбу шариатни етказишликка маъмур бўлган киши. Элчи-пайғамбар деб аталишига сабаб, чунки у Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан юборилгандир.
“Ўзларингиздан бўлган”, яъни, ўз жинсингиз бўлмиш инсон зотидан, фаришталардан эмас. Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ўзгармас қонуники, У башариятга (барча нарсани очиқ) баён қилиб бериши ва одамлар у билан ўзаро суҳбат қуриб, (яқиндан) таниб-билиб олишлари учун ўзларидан бўлган бир элчини юборди. Агар фаришта жўнатганида у билаб ўзаро суҳбат қуриб, кўзлари билан кўролмасдилар. Чунки у уларнинг жинсидан эмас. Субҳанаҳу ва таоло раҳмат ўлароқ одамларга ўзларидан бўлган, балки арабларнинг энг насл-у насаби шарафлиси бўлмиш Қурайшнинг Бану Ҳошим уруғидан бир элчини юборди. Бану Ҳошим Қурайшнинг энг насли олий уруғи ва шу билан бирга Қурайш арабларнинг энг насли олий қабиласидир. Демак улар у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насл-у насаблари олий экани, шахсиятлари, қайси қабиладан ва қайси шаҳардан эканларини яхши билардилар. Агар у кишини танимаганларида, айтган гапларини қандай тасдиқлардилар? Агар у киши уларнинг тилларида сўзламаганларида, у кишини қандай тушунишарди?
“Сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи”, яъни, сизларга оғир-машаққатли келадиган нарсага куйиниб-эзилувчи. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматга машаққат бўлишини асло хоҳламайдилар. Балки енгиллик ва осонлик бўлишини истайдилар.
Шунинг учун ҳам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатлари енгил, кенгбағирлийликдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Тўғри йўлдан оғмаган, кенгбағирлилик ила жўнатилдим”. (Аҳмад 36/623 (22291) Абу Умома Ал-Баҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят). Аллоҳ таоло айтадики: “Ва бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади”. (Ҳаж/78). Ва яна шундай деди: “Аллоҳ сизларни бирон танглик машаққатга солмоқни истамайди”. (Моида/6). Унинг шариати осон-енгиллик бўлиб, одамларнинг куч-қудратини инобатга олган ҳолда уларга тоқатларидан ташқари нарсани юкламайди.
Шунинг учун ҳам пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга енгил бўлишини хоҳлардилар. Икки ишдан бирини танлашга тўғри келиб қолса, модомики гуноҳ бўлмас экан, енгилини танлардилар. У киши бирор амалга қўл уришни хоҳлардилар-да, умматларига машаққат бўлиб қолмасин дея тарк этардилар. Ушбулар у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларидан бўлиб, умматларига машаққат бўлишидан куйиниб, уларнинг хурсандликлари сабаб шодланардилар. Ушбу сифатларга эга бўлган киши шак-шубҳасиз яхшилик ва раҳмат олиб келади (соллаллаҳу алайҳи ва саллам).
“Сизларнинг (тўғри йўл-ҳақ динга келишингизга) ҳарис-ташна бўлган”, яъни, ҳидоятга эришиб, зулматлардан нур сари чиқишингизга ташна бўлган. Шунинг учун ҳам даъват мобайнидаги машаққатларни ўз гарданларида кўтара билдилар. Аллоҳ таоло у кишига қарата шундай деди: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эҳтимол сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз”. (Шуаро/3), яъни, улар иймон келтирмаганлари сабаб маҳзун бўлиб, ўзингизни ҳалок қилманг. Уларга ҳафа бўлманг. Буларнинг бари у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нақадар самимий эканларидандир.
“Барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган”.
رؤوف – мулойим ва лутф маъноларини ифодалайди.
Аллоҳ таоло у кишини қўпол-қўрс деб эмас, балки меҳрибон деб сифатлади. “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар”. (Оли Имрон/159).
У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларга нисбатан камтар, юмшоқ эдилар. Уларга қанотларини пастлатиб, очиқ юз, муҳаббат, ҳамдардлик ила қарши олардилар.
Аллоҳ таоло Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида беш сифатни зикр қилди.
Биринчи: у киши ўзларингиздан-жинсингиздан.
Иккинчи: сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи.
Учинчи: сизларнинг (тўғри йўл-ҳақ динга келишингизга) ҳарис-ташна бўлган.
Тўртинчи: барча мўминларга марҳаматли.
Бешинчи: меҳрибон.
Ушбу беш сифат пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларидан бўлиб, фақат мўминларгагина марҳаматли ва меҳрибондирлар. Мушрик ва саркашларга эса қаттиқ-қўпол бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун ғазаб қилардилар. Аллоҳ таоло айтганидек: “Эй пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг! Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат бу!”. (Тавба/73). У киши мўминларга марҳаматли, меҳрибон эканлар, демак, мўминлар ҳам ўзаро ана шундай муносабатда бўлмоқлари лозим: “Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар”. (Фатҳ/29).
“Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси”, деб гувоҳлик беришликнинг маъноси: у кишига буюрган буйруқларида итоат қилиш, (ғайб ҳақида) айтган хабарларини тасдиқлаш, қайтариб, маън қилган нарсаларидан четлашиш ва Аллоҳга у киши жорий қилган шариат билангина ибодат қилиш.
“Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси”, деб гувоҳлик беришнинг маъноси ва талаблари бор. Тилда айтиладиган қуруқ лафзнинг ўзи эмас. Маъноси: У киши Аллоҳнинг элчиси деб тилингиз билан нутқ қилиб, қалбингизда эътиқод қилишингиздир. Тилда айтиб, қалбда инкор қилиш эса Аллоҳ таоло ушбу қовлида хабар берганидек мунофиқларнинг йўлидир: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: “Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз”, дерлар. Аллоҳ дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билур, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз, ёлғончи эканларига ҳам гувоҳлик берур. Улар ўзларининг (мусулмон эканлари ҳақида ичган ёлғон) қасамларини қалқон қилишиб олиб...”. (Мунофиқун/1-2). Шаҳодатларини ҳимояланидан қалқон қилиб, Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Бу эса фақат тил билан нутқ қилишнинг ўзи кифоя қилмаслигига далолат қилади.
Шунингдек, тилда нутқ қилишга қодир бўла туриб фақат қалбда эътиқод қилишнинг ўзи ҳам етарли эмас. Чунки мушриклар у киши Аллоҳнинг элчиси эканларини билишарди, бироқ қайсарлик қилишарди. Аллоҳ таоло айтганидек: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз уларнинг гаплари сизни маҳзун қилишини билурмиз. Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар”. (Анъом/33). Демак, улар қалбларида (у кишининг) рисолатларини этироф этишарди ва у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг элчиси эканларини билишарди. Бироқ уларни у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларини тан олишликдан кибр ва қайсарлик тўсиб турарди.
Шунингдек, яҳудий ва араб мушрикларини ҳасад ҳам тўсиб турарди. Абу Жаҳл, Амр ибн Ҳишом шуни эътироф этиб, айтишардики: биз ва Бани Ҳошим барча ишларда баробар эдик. Бироқ улар: пайғамбар биздан (чиқди). Сизларда эса пайғамбар йўқ, дейишди. Энди пайғамбарни қаердан олиб келамиз? Ана шу сабабдан у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг рисолатларини Бани Ҳошимга ҳасад қилиб инкор этишди. (Ибн Ҳишом “Сийра Ан-Набавия” 1/251).
Абу Толиб ўзининг қасидасида айтадики:
Дарҳақиқат, Муҳаммаднинг дини, динларнинг энг яхшиси эканини билдим.
Маломат ва таъна-дашномлар бўлмаганида, мени ушбуни очиқчасига айтган ҳолатда топардинг.
Демак, Абу Толиб ҳам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг рисолатларини этироф этарди. Бироқ қавмига нисбатан жоҳилий қизиққонлик уни санамларга ибодат қилишга (йўғрилган) Абдулмутталлибнинг динини инкор этишдан тўсганди. Улар у кишини пайғамбар эканларини қалблари ила этироф этишарди. Демак, у киши Аллоҳнинг элчиси эканларини қалбда этироф этишнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки тилда нутқ қилиш зарурдир.
Сўнг эса тилда нутқ қилиш ва қалбда этироф этишнинг ўзи ҳам кифоя қилмайди. Балки учинчи иш бўлмиш “الإتباع” - эргашиш ҳам лозимдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган нурга (яъни, Қуръонга) эргашган зотлар – ана ўшаларгина нажот топгувчилардир”. (Аъроф/157). Ҳатто Абу Толиб сингари у кишини Аллоҳнинг элчиси эканларини била туриб у кишига ёрдам қўлини чўзиб, ҳимоя қилиб, эргашмас экан, мусулмон бўлмайди. Шунинг учун ҳам шайх роҳимаҳуллоҳ айтдиларки: “Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси”, деб гувоҳлик беришликнинг маъноси: у кишига буюрган буйруқларида итоат қилиш, (ғайб ҳақида) айтган хабарларини тасдиқлаш, қайтариб, маън қилган нарсаларидан четлашиш ва Аллоҳга у киши жорий қилган шариат билангина ибодат қилиш.
У кишининг рисолатларини ҳам зоҳирда, ҳам ботинда ва ҳам эътиқод жиҳатидан эътироф этиш ва у кишига эргашиш шартдир. Ушбу маъноларнинг бари шайх роҳимаҳуллоҳ ёдга олган тўрт жумла остига дохил бўлади:
Биринчи: у кишига буюрган ишларида итоат қилиш. Аллоҳ жалла ва ала шундай деди: “Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди”. (Нисо/80). Ва яна шундай деди: “Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз”. (Нисо/64). Аллоҳ таоло Росулга итоат қилишни Ўзига итоат қилиш деб ва Росулга осийлик қилишни Ўзига осийлик қилиш дея ёд этди: “Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас, албатта унинг учун жаҳаннам олови бордир. (Ундай кимсалар) ўша жойда мангу қолурлар”. (Жин/23). Ва яна шундай деди: “Агар унга бўйинсунсангиз ҳидоят топурсизлар”. (Нур/56). Демак, у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этишдан ўзга чора йўқдир. У кишини Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берган кишига, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюрган буйруқларига итоат этиши лозим бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: “Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар”. (Ҳашр/7). Ва яна шундай деди: “(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!”. (Нур/63). Демак, Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш лозим-у лобуддир.
Иккинчи: хабар берган нарсаларини тасдиқлаш. Чунки Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўплаб ғайбий ишлар ҳақида хабар берганлар. Аллоҳ, маоикалар ҳақида ва қиёмат қоим бўлиши, унинг шартлари, жаннат, дўзахдан иборат келажакдаги ишлар борасида хабар берганлар. Ҳамда ўтган умматларнинг ҳолатлари борасидаги мозийдан хабар берганлар. У кишини ушбу хабарларда тасдиқлашлик шартдир. Чунки у рост, ёлғон эмас. Аллоҳ таоло шундай деди: “Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир”. (Нажм/3-4).
Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу хабарлар ёки буйруқ ва қайтариқларни ўзларидан олиб гапирмаганлар. Бирор нарсани ўзларидан келиб чиқиб сўзламаганлар. Балки Аллоҳ азза ва жалладан бўлган ваҳийнигина гапирганлар. Барча хабарлари чиндир. У кишини хабар бериб айтган нарсаларида тасдиқламаган кимса мўмин эмас ва у киши Аллоҳнинг элчисидир, деб айтган гувоҳлигида ростгўй эмас. У кишини Аллоҳнинг элчиси дея гувоҳлик бериб, сўнг айтган хабарларини қандай ёлғонга чиқариб, буйруқларига итоат этмайди?!
Учинчи: қайтарган ва ман қилган нарсаларидан четлашиш. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам маълум бир сўз, феъл ва сифатлардан қайтарганлар. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат зарар ва ёмонликдангина қайтарганлар ҳамда фақат яхшилик ва фойда бўлган нарсагагина буюрганлар. Банда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган нарсаларидан четланмас экан, у кишининг рисолатларига гувоҳлик бермаган ва аксинча айтган сўзи ўзаро зиддиятли бўлиб қолган бўлади. Ахир, қандай қилиб у кишини Аллоҳнинг элчиси дея гувоҳлик бериб, Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган нарсаларидан четланмайди?! Аллоҳ таоло айтяптики: “Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар”. (Ҳашр/7). Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Сизларни бирор нарсадан қайтарганимда, бас, ундан четланинглар. Сизларни бирор ишга буюрганимда, бас, уни қодир бўлганингизча бажаринглар”. (Бухорий (7288), Муслим (1337) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Демак, у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтаргаб нарсалардан четлашиш зарурдир.
Тўртинчи: Аллоҳга фақат у киши жорий қилган шариат ила ибодат қилиш. Ибодатларда Аллоҳ таоло Ўзининг элчиси соллаллоҳу алайҳи ва салламга жорий қилган шариатгагина чеклан. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилмаган ибодатга қўл урма, гарчи ният-мақсадинг яхши бўлиб, ажрга эришишни истасанг-да. Чунки бу ботил амалдир. Сабаби Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жорий қилмадилар. Ниятнинг ўзи етарли эмас, балки эргашиш ҳам зарурдир.
Ибодатлар далилга қайдланган бўлиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилмаган “ибодатларга” қўл уриш жоиз эмас. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кимда-ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бирор амални қилса, бас, у рад этилгандир”. Ва яна шундай дедилар: “Сизларга менинг йўлим ва мендан кейинги тўғри йўлдаги, ҳидоятланган халифаларимнинг йўли лозим бўлади. Уни маҳкам тутиб, озиқ тишларингиз билан тишланглар. (Динда) янги пайдо бўлган ишлардан ҳазир бўлинглар. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъатдир. Ва ҳар бир бидъат залолатдир”. (Абу Довуд (4607), Термизий (2676), Ибн Можжа (42,43), Аҳмад 28/373 (17144) Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят).
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилмаган ибодатга қўл уриш мункар ва қайтарилган бидъат ишдир. Гарчи ушбу ишни фалончи-ю пистончилар айтиб, амал қилиб ўтишган бўлса-да. Модомики ушбу иш Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динда бўлмас экан, албатта, у бидъат ва залолатдир. Аллоҳга фақат элчисининг тилида жорий қилинган шариат билан ибодат қилинади. Динда янги пайдо бўлган иш ва хурофотларнинг бари ботил ва ушбу ишни қилган кишининг нуқсон ва залолатидандир. Гарчи яхшиликни қасд қилиб, ажрни хоҳлаган бўлса-да. (Бу ўринда) мақсад аҳамиятга эга эмас. Балки эргашиш, итоат қилиб, бўйинсуниш аҳамиятга моликдир. Агар ўзимиздан келиб чиқиб хоҳлаган ишимизни қилсак ва ибодатларни хоҳлаганимизча кўпайтириб оладиган бўлсак, Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жўнатилишларига муҳтож бўлмасдик.
Бироқ Аллоҳнинг раҳматики, бизни ўз ақлимизга (таянишга) ташлаб қўймади. Фалончи-ю пистончиларга таянишимизга ташлаб қўймади. Чунки ушбу ишлар шариатга – Аллоҳ-у Росулига қайтади. Уларнинг ичида фақатгина Аллоҳ ва Росул жорий қилган шариатга мувофиқ бўлганигина фойдалидир. Демак, барча бидъатлардан узоқлашиш зарурдир. Кимда-ким динда Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келмаган бирор бидъат тўқиб чиқарадиган бўлса, дарҳақиқат, у у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг элчиси дея гувоҳлик бермабди. Ҳақиқий шаҳодат келтирмабди. Чунки у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг элчиси дея ҳақиқий гувоҳлик берадиган киши, у кишининг шариатларигагина чекланади. Ўзи томонидан (динга) бирор янги амал олиб келмайди ёки ўзидан аввал ўтганларнинг динда янги пайдо қилган ишларига эргашмайди.
Ана шу “Муҳаммд Аллоҳнинг элчиси”, деб гувоҳлик беришнинг маъноси эди. Демак ушбу гувоҳлик амал қилмай, Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган йўлни лозим тутмай, фақат тилда айтиладиган лафзлар эмас.
Намоз ва закотнинг далили ҳамда тавҳиднинг изоҳи Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (йўлдаги миллатнинг) динидир”. (Баййина/5).
Ислом рукнларининг иккинчиси намоздир. Закот учинчи рукн бўлиб, Аллоҳнинг Китобида намоз билан ёнма-ён зикр қилинади. Намоз тана аъзолари ила, закот эса мол билан адо этилади.
Дарҳақиқат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Аллоҳга қасамки, намоз билан закот орасини ажратганларга қарши жанг қиламан”. (Бухорий (1400), Муслим (20)). Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг одамлар закот тўлашдан бош тортганида, Абу Бакр розияллоҳу анҳу уларга қарши жанг қилиб, шундай дедилар: “Аллоҳга қасамки, намоз билан закот орасини ажратгаларга қарши жанг қиламан. Аллоҳга қасамки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга адо этишган тақинчоқни (садақа-закотни) -яна бир ривоятда: “улоқча (ечки боласи)ни”- менга беришмайдиган бўлишса, шунинг учун ҳам уларга қарши жангга кираман”.
Закот мол-давлатдаги вожиб бўлган ҳақ ва у ислом рукнларидан биридир. Закот Қуръоннинг кўплаб оятларида намоз билан бир ўринда зикр қилинади. “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар”.
Ушбу оятдаги тавҳиднинг далили Аллоҳ таолонинг мана бу қовлидир: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган...ҳолларида ибодат қилишга ...буюрилган эдилар”. Ана шу тавҳиднинг изоҳидир. Аллоҳга, У Зот учун холис бўлиб ибодат қилиш ва Ундан ўзгасига ибодат қилишни тарк этиш. Дин, тавҳид, ибодат бир маънодадир. “У Зот учун динни холис қилган”, яъни, ибодатни холис қилган. Ана шу тавҳиднинг изоҳидир. Калом уламолари: тавҳид – Аллоҳ таоло Яратувчи, ризқ берувчи, тирилтириб, ўлдирувчи, деб иқрор бўлишингдир, деб айтгаларидек эмас. Улар айтган бу тавҳид – тавҳиди рубубиятдир. Элчилар даъват қилган ва биздан талаб этилган тавҳид эса – тавҳиди улуҳият. Киши фақат ана шу тавҳидни адо этгандагина мусулмон бўлади.
Фақат тавҳиди рубубиятга иқрор бўлган кимса эса мусулмон эмас. Бунга далил, мушриклар тавҳиди рубубиятни эътиқод қилиб, тилларида айтиб, эътироф этишарди. Уларнинг ушбу иқрорлари исломга дохил қилолмади ва ўзлари қатл қилиниб, моллари эса ўлжа қилиб олинишидан тўсиб қололмади. Чунки улар Аллоҳ азза ва жаллага ибодатда шерик исбот қилишгач, муваҳҳидлар сафига киришмади. Ушбулар тавҳиднинг “Жавҳаро” (“Жавҳаротут тавҳид” Ашъарийлик қарашларини илгари сурадиган китоб бўлиб, унда аҳли сунна вал жамоа йўлига кўплаб қарама-қаршиликлар бор) ёки “Мавақиф” (“Мавақиф фий илмил калам” Ийжий) ёки калом уламоларининг китоблари каби фалончи-ю пистончиларнинг китобидан эмас, балки Аллоҳнинг Китобидаги изоҳи эди. Тавҳиднинг изоҳи ушбу китоблардан олинмайди. Балки Аллоҳнинг Китоби, Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳамда ушбу икки асосни маҳкам тутган аҳли сунна вал жамоанинг китобларидан олинади.
Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидаги намознинг далили: “Ва намозни тўкис адо этишга ... буюрилган эдилар”, яъни, Аллоҳ азза ва жалла буюрганидек шартлари, рукн ва вожиботлари билан адо этмоқлик. Намознинг қуруқ сурати эса асло кифоя қилмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: “Намозни ўқишга … буюрилган эдилар”, деб айтмади. Балки: “Намозни тўкис адо этишга ... буюрилган эдилар”, деди. Намоз Аллоҳ азза ва жалла буюрганидек бажарилгандагина тўкис адо этилди, деб эътибор қилинади. Намозни фақат суратинигина хоҳлаганда ўқийдиган ёки таҳорат ва ҳотиржамликсиз ҳамда намозни бузувчи амаллардан холий бўлмаган ҳолда адо қиладиган кимсага келсак, у намоз ўқимади. Шунинг учун ҳам Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозида ҳотиржамликни йўқотиб, уни чиройли суратда адо этмаган кишига қарата шундай дедилар: “Қайтиб, (бошидан) ўқи. Чунки сен намоз ўқимадинг”. (Бухорий (757), Муслим (397) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Намоздан фақат тик туриш, рукуъ, сажда ва ўтиришдан иборат суратларгина мақсад қилинмаган. Балки Аллоҳ таоло буюрганидек барча шартлари тўла бажарилган ҳолатда адо этилиши мақсад қилинган.
Сўнг ушбу қовлида закотнинг далилини ёд этди: “Ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар”, яъни, Аллоҳ таоло қуйидаги қовлида зикр қилган ҳақдорларига ато этишга: “Албатта садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга, илм талаб қилишга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ Алим ва Ҳаким бўлган Зотдир”. (Тавба/60).
(Ушбу оятда закот) сарф этиладиган саккиз ўрин зикр қилиниб, “انما” - “Фақат” чеклов ундалмаси билан қайдлаб қўйилди. Закотни ушбу саккиз ўриндан бошқа жойларга сарф этиш мумкин эмас. Кимда-ким закотни ушбу саккиз ўриндан бошқа жойларга сарф этса, закотни ато этган бўлмайди. Гарчи, миллион-миллион молларни сарф этиб, ушбуни закот деб атаса ҳам. Аллоҳ таоло чеклаб берган ушбу саккиз ўринга сарфланмагунча, у закот бўлмайди. Ана шу закот чиқаришнинг маъносидир. Яна вақтига ҳам риоя қилиш лозим. Яъни, ўзининг вожиб бўлган вақтида чиқариб, кечикмаслиги ва дангасалик қилиб, молим зиёнга кетди-да, деб фикр қилмаслиги, аксинча ўлжани қўлга киритдим деб эътибор қилиши лозим.
Ушбу уч иш-буюруқ - “Мана шу тўғри (йўлдаги миллатнинг) динидир”.
Намоз ва закотнинг далили ҳамда тавҳиднинг изоҳи ана шулар эди.
Рўзанинг далили: “Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди”. (Бақара/183).
Рўза фақат мусулмонларгагина вожибдир. Кофирлар рўза тутишса-да, улардан бу то Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик бермагунларигача қабул қилинмайди. Модомики куфрда эканлар, уларга ибодатлар, на рўза ва на бошқаси фойда келтирмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло юқоридаги оятда хоссатан мўминларга хитоб қилди. Чунки улар (ушбу хитобга) лаббай деб, рўза тутишса рўзалари қабул қилинадиган зотлардир.
“Сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби”, яъни, сизлардан олдин ўтган умматларга фарз қилингани каби. Бу эса рўза олдинги умматлар ва ўтган шариатларда ҳам мавжуд бўлиб, фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларигагина хос эмаслигига далолат қилади.
Рўза ибодатида нафсни тийиш ва уни шаҳватлардан тўсиш бўлгани учун ҳам (инсон) гоҳида уни оғир санайди. Аллоҳ жалла ва ала халқларидаги ўзининг ўзгармас қонунини баён қилдики, ушбу рўза ибодати барча умматларда, ҳатто жоҳилиятда ҳам маълум бўлган. Улар ошуро куни рўза тутардилар.
“Тақволи кишилар бўлишингиз учун”. Оятнинг ушбу қисми рўзадан бўлган ҳикматни очиб беряпти. Рўзанинг жорий қилинишидан бўлган ҳимкат тақвога эришишдир. Чунки рўза сабабли инсон ўзининг хоҳиш-истаклари, шаҳватидан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога қурбат ҳосил қилайин дея воз кечади. Натижада тақвони қўлга киритади. Худди нафс шаҳвати ва истагини синдиргани каби. Чунки шайтон инсоннинг қон томорида юриб-ҳаракатланади. Шаҳватлар кетидан қувиши сабаб шайтон инсонга устун келади. Энду инсон шаҳватлардан воз кечадиган бўлса, қон йўли заифлашади-да, натижада шайтон мусулмон кишидан узоқлашади. Демак, рўзада барча яхшиликларнинг тизгини бўлмиш тақво ҳосил бўлади.
Рўзанинг фойдаларидан, у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан қўрқишни ва ҳаром шаҳватлардан сақланишни олиб келади. Чунки инсон Аллоҳ учун мубоҳ-ҳалол нарсалардан воз кечар экан, ҳаром ишлардан воз кечиши авлороқ бобдандир. Рўза кишини ҳаром ишлардан четлашиш ва нафси амморани қўлга олишга ўргатади. Шайтон ундан узоқлашиб, тоат-ибодатга қалби юмшайди. Шунинг учун ҳам рўзадорни рўза тутмаган кишига нисбатан яхшиликка яқинроқ эканини учратасиз. Уни (рўзадорни) Қуръон тиловати ва намозга ҳарис эканини кўрасиз. Масжидга эрта боради. Чунки рўза унда тоат-ибодатга мойиллик уйғотиб, тарбия қилади. Ушбу маъноларнинг бари Аллоҳ таолонинг мана бу қовли остига дохилдир: “Тақволи кишилар бўлишингиз учун”.
Оятдан далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: “Сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди”. Бу рўзанинг фарз эканига далилдир. Ушбу оятни Аллоҳ таолонинг мана бу қовли изоҳлаб беради: “(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган”. (Бақара/185). Чунки Аллоҳ таолонинг ушбу: “Сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди”, қовли умумий-мужмал бўлиб, унга кейинги оят аниқлик киритади: “Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин”. (Бақара/185).
Ҳажнинг далили: “Ва йўлга қодир бўлган инсонлар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни, каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан Беҳожат бўлган Зотдир”. (Оли Имрон/97).
Яҳудийлар ўзларини мусулмон ва Иброҳим алайҳиссаломнинг динларида эканларини даъво қилишди. Шунда Аллоҳ таоло уларни ушбу оят билан имтиҳон қилиб, айтдики: “Ва йўлга қодир бўлган инсонлар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни, каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан Беҳожат бўлган Зотдир”. Агар мусулмон бўлсангиз, бас, ҳаж қилинглар. Чунки Аллоҳ таоло мусулмонларга ушбу уйни ҳаж қилишни фарз қилди. Агар ҳаж қилмай, ушбу ибодатдан бўйин товлайдиган бўлсангизлар, бу сизларни мусулмон ва Иброҳим алайҳиссалом динларида эмасликларингизга далилдир. “Кимда-ким кофир бўлса (яъни, каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан Беҳожат бўлган Зотдир”.
“Аллоҳ учун”, яъни, ушбу ибодат одамлар гарданидаги Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг фарзи, ҳаққи ва вожиботидир.
“Ҳаж”, луғавий маъноси: қасд қилмоқ.
Шариатдаги маъноси эса: маълум бир вақтда, маълум бир ибодатларни адо этиш учун каъбаи мушаррафа ва муқаддас маросим, яъни, ҳаж ибодатларини қасд қилмоқликдир.
“Шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш”, яъни, каъба ва унга тобе бўлган атрофдаги ҳаж ибодатлари адо этиладиган ўринлар.
“Йўлга қодир бўлган инсонлар”: бу ҳаж вожиб бўлишидаги шартдир. Жасад-соғлиқ ва мол жиҳатидан йўлга қодир бўлишлик. Жасад-соғлиқ жиҳатидан қодир бўлиши, яъни, юриш, маркабга миниш, ўз шаҳридан Макка сари сафар қилиш каби. Давомий касал ва қартайиб қолган кекса каби доимий ожиз киши жасад-соғлиқ жиҳатидан йўлга қодир бўлмайди. Гарчи мол жиҳатидан қодир бўлса ҳам. Ушбу киши ўзининг ўрнига ҳаж қилиб келадиган бир ноиб-ўринбосарни тайин қилади.
Мол жиҳатидан йўлга қодир бўлишга келсак, уни (манзилга) етказадиган маркабни топилишлиги билан бўлади. Туя, сайёра, самолёт ёки кема. Ва яна ҳажни адо этиш учун йўлда минган маркабига тўлайдиган даражадаги молга эга бўлиши лозим. Ҳамда бориб, қайтиш давомидаги сафарда озуқа ва нафақага эга бўлмоғи керак. Ва уларни мол билан таминлайдиганларида (яъни, ўз юртларида қолган аҳли-оилаларида ҳожилар) қайтиб келгунларигача кифоя қиларли озуқа бўлиши даркор. Озуқанинг маъноси, ушбу киши сафарига етарли нафақа ва ортида қолган фарзандлар, ота-она ва аёли ҳамда булардан бошқа қўл остидагиларга то уларни ҳузурига қайтгунгача кифоя қиларли мол билан таминлаб қўйган бўлиши лозим. Ва яна қарзлари бўлса, ушбу қарзлардан қутулган бўлмоғи зарур. Ҳаж сафари учун сарф қилмоқчи бўлган моли қарзлардан қутулиб, ортган моли бўлиши керак. Ана шу шартлар тўла топилиши билан ушбу киши йўлга отланса бўлади. “Озуқа ва маркаб”. (Термизий (813), Ибн Можжа (2896) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят. Ибн Можжа (2897) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят). Ким ушбуларга қодир бўлмаса, яъни, озуқа ва маркаби бўлмаса, унга ҳаж қилиш вожиб эмас. Чунки у бунга қодир эмас. Ҳаж вожиб бўлишлиги шарти, қудратдир.
Ҳаж ибодати дея одамлар дунёнинг турли бурчакларидан қийинчилик ва машаққат босиб келгани сабабли, баъзи хавф-у хатарлар содир бўлиши мумкин. Аллоҳнинг марҳаматики, ҳажни умрда бир мартта фарз қилди. Қолгани эса мустаҳабдир. Аллоҳ таоло мусулмон кишига ҳажни ҳар йили фарз қилмагани, бу Унинг Раҳматидандир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди, бас, ҳаж қилинглар”. Ақро ибн Ҳаабис розияллоҳу анҳу: “Ҳар йилими эй Росулуллоҳ?”, деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жавоб бермадилар. Сўнг саволни яна такрорлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна унга жавоб бермадилар. Сўнг саволни яна такрорлади. Шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар: ҳа, десам (ҳар йили ҳаж қилишингиз) вожиб бўлиб қолади. Ва бунга қодир бўлмай қоласизлар. Ҳаж (бир умрда) бир марттадир. Ундан ортгани эса мустаҳаб”. (Имом Аҳмад “Муснад” 4/151 (2304), Абу Довуд (1721), Насоий 5/111 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят). Бу ҳам Аллоҳ таолонинг марҳаматидандир.
Аллоҳ таолонинг: “Кимда-ким кофир бўлса (яъни, каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан Беҳожат бўлган Зотдир”. Кимда-ким қодир бўла туриб ҳаж қилишдан бош тортадиган бўлса ва ҳаж қилмаса, бас, у кофирдир. Чунки Аллоҳ таоло: “Кимда-ким кофир бўлса”, деди, яъни, ҳажга қодир бўла туриб, ундан бўйин товласа, албатта, бу куфрдир. Гоҳида кичик куфр бўлиши ҳам мумкин. Ҳажни вожиб эканини инкор қилган ҳолда тарк этган кимса эса мусулмонларнинг ижмоси билан катта куфрни содир этган бўлади. Аммо кимки ҳажни вожиб эканини эътироф этса-ю, бироқ дангасалик қилиб тарк этадиган бўлса, бу кичик куфрдир. Бироқ молга эга бўлган ҳолда вафот этса, қўйиб кетган меросидан ҳаж қилинади. Чунки у (ҳаж) унинг гарданидаги Аллоҳ азза ва жаллага ўташи лозим бўлган қарзидир. Ушбу оятда ҳажнинг фарз экани ёдга олинди. Ва у ислом рукнларининг биридир. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил ва Ибн Умарнинг ҳадисида уни ислом рукнларининг бири деб айтдилар.
Ҳаж ҳижратнинг тўққизинчи йили фарз бўлди -бир гуруҳ уламоларнинг сўзларига кўра-. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу йили ҳаж қилмадилар. Балки ундан кейинги, ҳижратнинг ўнинчи йили ҳаж қилдилар. Нима учун? Чунки у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳуни ҳаж мавсумида одамлар орасида қуидаги сўзларни айтиб нидо қилиш-жар солиш учун жўнатдилар: “Бу йилдан кейин мушрик ҳаж қилмайди ва яланғоч уйни тавоф қилмайди”. (Бухорий (369), Муслим (1347) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Мушрик ва яланғочлар ҳаж қилишдан маън этилгач, ҳижратнинг ўнинчи йили пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажини адо этдилар.