Admin   10-12-2009, 08:21 PM
#1
“Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг маъноси
“Аллоҳдан бошқа сиғинишга лойиқ ҳеч маъбуд йўқдур”

Бу калимада Аллоҳдан бошқа сиғиниладиган барча илоҳларни инкор қилиш ва фақат Аллоҳнинг Яккалигини исботлаш бордур.
1. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:
(Эй Муҳаммад), Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ эканлигини билинг ва гуноҳингизга истиғфор (мағфират) сўранг!” (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Шу оят бизга далилки, унинг (яъни калимаи шаҳодат) маънолари билан билишлик фарздир ва Ислом динининг бошқа фарзларидан (намоз, рўза, ҳаж ва бошқа) устун туради.
Quote:Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг Саҳиҳларида алоҳида боб ажратганлар. Уни: “Илм - Қавл ва амалдан аввалдур” деб номлаб, юқоридаги оятни далил қилганлар.
2. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:
مَنْ قَالَ لاَ إِله إلَّا الله مُخْلِصاً دَخَلَ الْجَنَّةِ (رواه البزّار)
“Кимда ким холисона Ла илаҳа иллаллоҳ деса Жаннатга киради” (Баззор ривояти, Шайх Албоний саҳиҳ деганлар, Саҳиҳ ал-Жамиъ).
Ҳақиқатдан ҳам, холис кимса – уни маъноларини тушунган, шартларига амал қилган ва бошқа инсонларни унга чақирган, бошқа ишлардан устун қўйган кимсадур. Чунки у Аллоҳ таоло инсу-жинларнинг яратилишидан мақсад бўлган тавҳиднинг (якка, шериги йўқ бўлган Аллоҳ таолога ибодат қилиш) негизидур.
3. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Абу Толибнинг ўлим тўшагида бўлган пайтида, унга қарата:
يَا عَمِّ قُلْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ كَلِمَةً أَشْهَدُ لَكَ بِهَا عِنْدَ اللَّهِ وَأَبَى أَنْ يَقُولَ لَا إِلَهَ إِلَّا الله (رواه البخَاريُّ و مسلم)
“Эй амаки, Ла илаҳа иллаллоҳ денг, (у шундай) калимаки мен Аллоҳнинг ҳузурида сизнинг тарафингизни оламан (яъни шу калимани айтсангиз Аллоҳнинг ҳузурида сизни шафоат қила оламан) дедилар. Лекин амакилари Ла илаҳа иллаллоҳ дейишликдан бош тортди (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
4. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада 13 йил бўлдилар ва унинг барча аҳлини мана шу Ла илаҳа иллаллоҳ калимасига чақирдилар, лекин уларнинг жавоблари Қуръони Каримда шундай бўлди:
(Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни башар авлодидан) бўлган бир огоҳлантиргувчи – Пайғамбар келганидан ажабландилар ва у кофирлар дедилар: “Бу бир ёлғончи сеҳргардир. (Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!”” (Сод сураси, 4-5 оят).
Араблар бунинг маъносини жуда яхши билар эдилар ва мана шу калимани айтган кимса бошқа илоҳларга сиғина олмаслигини яхши билишар эди. Шунинг учун ҳам у калимани айтишдан ўзларини тийдилар ва бош тортдилар. Аллоҳ таоло улар ҳақида Қуръони Каримда шундай деди:
“Ва улар (кофир, мушриклар): “Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб ҳудоларимизни тарк қилар эканмизми?” дер эдилар. Йўқ, (Муҳаммад алайҳиссалом алсо шоир, мажнун эмасдур, балки) у Ҳақ (дин)ни олиб келди ва (ўзидан аввал ўтган) барча пайғамбарларни тасдиқ этди” (Соффат сураси, 36-37 оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:
مَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَكَفَرَ بِمَا يُعْبَدُ مِنْ دُونِ اللَّهِ حَرُمَ مَالُهُ وَدَمُهُ وَحِسَابُهُ عَلَى اللَّهِ
(رواه مسلم)
“Кимда ким Ла илаҳа иллаллоҳ деса ва Аллоҳдан бошқа сиғиниладиган илоҳларни инкор қилса, шунда унинг моли ва қони ҳаромдур (яъни молини талон тарож қилиш ва унга қарши курашиш мумкин эмасдур) ва унинг ҳисоби Олий бўлган Зот Аллоҳгадур” (Имом Муслим ривояти).
Ҳадиснинг маъноси шуни билдирадики, калимаи шаҳодатни айтишлик – у (айтган) кимсанинг Аллоҳдан бошқа илоҳларни маъбуд эканлигини инкор қилишликка ва Аллоҳгина ўша ибодатларга лойиқ Зот эканлигини тан олишлигига тақозо қилади. Шу нарса ажабланарлики, баъзи мусулмонлар тиллари билан Ла илаҳа иллаллоҳ дейдилар, лекин улар амаллари ва Аллоҳдан бошқага қилган дуолари билан бу калиманинг маъносига зид келадилар.
5. Дарҳақиқат Ла илаҳа иллаллоҳ тавҳид ва Исломнинг асосидур ва тўлиқ, мукаммал ҳаётнинг манҳажидур (йўлидур). Унинг кўрсатган йўли билан Аллоҳ таоло учун бўлган ҳар бир амалнинг тўғрилигини ифодалаб беради. Бу фақат қачон мусулмон киши ўзини Аллоҳгагина бўйсуниб, таслим бўлгандагина ва бошқа инсонлар ўйлаб чиққан қонунларни қўйиб фақат Аллоҳ таолонинг қонуни билан ҳукм қилгандагина содир бўлур.
6. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтган эканлар: “Илоҳ – бу шундай Зотки, бир кишининг муҳаббат, қўрқув ва умид қилиш билан итоат қилинадиган ва Унга осийлик қилинмайдиган, Унгагина таваккул қилинадиган, Ундангина сўраладиган ва Унгагина дуо қилинадиган Зотдур. Буларнинг барчасига ҳеч ким лойиқ эмасдур, магар Қудратли ва Олий бўлмиш Аллоҳгина лойиқдур.
Шундай экан, Аллоҳгагина хос бўлган юқоридагилардан биронтасини Аллоҳга қўшиб бошқани ҳам шерик қиладиган бўлса, унда ўзининг Ла илаҳа иллаллоҳ нутқига шармандаликдур ва ўз калимасига хилоф қилган кимсадур. Ва мана шуларни Аллоҳдан бошқага қилиб яратилган маҳлуққа ибодат қилибди”.

7. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:
“Ўлим тўшагида бўлганларингизга Ла илаҳа иллаллоҳни айтишликни унданглар. Чунки кимнинг охирги сўзи Ла илаҳа иллаллоҳ бўлса, (гуноҳлари сабабли азоб) оладиган жазосини олгандан сўнг ҳам Жаннатга киради” (Ибн Ҳиббон ривоятлари, Шайх Албоний саҳиҳ деганлар, Саҳиҳ ал-Жомиъ).
Бу ҳадисдаги ”унданглар”нинг маъноси, вафот этаётган кимсанинг олдида фақатгина Ла илаҳа иллаллоҳ деб такрорлаб туришлик эмас, балки у кимсани шу калимани айтишликка чақиришликдир. Бунга далил, Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бўлиб, унда: ”Аллоҳнинг Расули Ансорлардан бўлмиш (вафот қилиш арафасида бўлган) бир кимсани зиёрат қилдилар ва айтдиларки: ”Эй амаки, Ла илаҳа иллаллоҳ денг!” Ҳалиги Ансорий: “Сиз мени онам тарафдан жияним бўласизми ёки отам тарафданми?” деб сўради. Пайғабамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам (жавобан): “Онангиз тарафдан” дедилар. У киши эса: “У ҳолда мен Ла илаҳа иллаллоҳни айтишим афзалдир” деди. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўғри!” деб қўйдилар (Имом Аҳмад ривояти, ҳадис ривояти саҳиҳдир).
8. Агар кимса Ла илаҳа иллаллоҳ калимасини ҳаётига татбиқ қилса ва уни Аллоҳ таолога шерик қилишлик билан, айниқса ўлик ва ғойиб бўлган кимсаларга дуо қилишлик билан ботил, бекор қилмаса, ана ўшандагина шу калима у кимсага фойда беради.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:
“Кимда ким Ла илаҳа иллаллоҳ деса, ундан аввал нима келишидан қатъий назар (яъни гуноҳлари учун азобланишидан кейин бўлса ҳам) бахт-саодат келтиргувчи бўлади (яъни Жаннатга дохил бўлади) (Имом Байҳақий ривояти, Шайх Албоний саҳиҳ деганлар).

“Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасининг маъноси
“Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидур”

Муҳаммадур Расулуллоҳ - бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳнинг Расули бўлиб (инсонларга Аллоҳнинг Рисолати бўлмиш Қуръони Каримни нозил қилиш учун) Аллоҳ тарафидан юборилганликларига иймон келтиришликдир. Шундай экан, биз уларнинг (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) бизларга хабар берган нарсаларига иймон келтирамиз, бизларни буюрган буйруқларига итоат қиламиз, қайтарган нарсаларидан қайтамиз ва Аллоҳ таолога у (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга кўрсатиб кетгандек ибодат қиламиз.
1. Абул-Ҳасан Али Ан-Надави ўзларининг “Нубувват” номли китобларида шундай деган эканлар: “Дарҳақиқат, ҳар бир замон ва ҳолатда, барча пайғамбарларнинг энг аввалги (инсонларга қилган нидоси) ва энг юксак мақсадлар - Аллоҳ таоло хусусида бўлган инсонларнинг ақидасини ва Аллоҳ билан бандалар ўртасидаги ибодатларни тузатишликдан иборат бўлган.
Пайғамбарлар алайҳимуссалом Аллоҳ таолога ихлос қилишликка, Уни ибодатларда яккалашликка (яъни Унинг Ўзигагина ибодат қилишликка), Унинг Ўзигина зарар ва фойда етказувчи эканлигига, ҳамда Ўзигина ибодатларнинг барча турига: (шу жумладан) дуо, Ўзидангина паноҳ излашлик ва Унгагина қурбонлик қилишга чақиришгандур. Уларнинг бутун вужудлари ўзларининг пайтларида бут ва санамларга, тирик ва ўлик бўлган солиҳ кимсаларга ибодат қилиш шаклида мавжуд бўлган ширк ва бутпарастликка қарши туришлик эди”.

2. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулига хитоб қилиб айтади:
“Айтинг: “Мен ўзим учун ҳам на фойда ва на зиён етказишга эга бўла оламан. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ва (жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар бергувчиман, холос” (Аъроф сураси, 188-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:
“Мени Насронийлар Марямнинг ўғлини (Ийсо алайҳиссаломни Аллоҳга шерик қилишга олиб борадиган ҳаддан ташқари) мақтагандек мақтаманглар! Дарҳақиқат, мен (Аллоҳнинг) қулидурман. Шунинг учун мени Аллоҳнинг қули ва Расули деб чақиринглар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Бу ҳадисдаги мақташлик - ҳаддан ташқари кўп мақташликка киноядир, шунинг учун бизлар насоролар Аллоҳни қўйиб Марям ўғли Исо алайҳиссаломга ибодат қилиб, ширкка мубтало бўлганлари каби, Аллоҳни қўйиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга дуо қилмаслигимиз шартдур. Аксинча, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни “Муҳаммад, абдуҳу ва расулуҳу (Унинг қули ва расули) деб чақиришлигимизни уқтириб кетдилар.
3. Пайғамбарга бўлган ҳақиқий муҳаббат - бу Аллоҳ таолонинг Ўзигагина дуо қилишлик ва Пайғамбар ёки авлиё бўлишидан қатъий назар Ундан Ўзга бирон бир кимсага дуо қилмаслик билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш орқали муҳаббат изҳор қилишликдир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам (бир саҳобага хитоб қилиб) шундай дедилар:
“Қачон бирон нарса сўрамоқчи бўлсанг, фақат Аллоҳдангина сўрагин. Ва қачон ёрдам сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдангина сўрагин!” (Имом Термизий ривоятлари, саҳиҳ).
Қачонки ғамгин бўлсалар, мана бундай дер эдилар:
“Я Ҳайю Я Қайюм! (Эй абадий тирик бўлган ва абадий бор бўлган Зот!) Сенинг раҳматинг ила ёрдам сўрайман” (Имом Термизий ривоятлари, ҳасан).
Қуйидаги сўзларни айтган шоирга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин:
Агар муҳаббатинг ҳақ бўлганида, сен унга итоат қилган бўлур эдинг,
Дарҳақиқат муҳаббат қилгувчи - итоат қилгувчидур.
Шундай экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳақиқий муҳаббат - (бу) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг муҳим мақсадлари бўлмиш тавҳидни ва тавҳидга чақирганларни яхши кўришликдир ва ширкка қарши жанг қилишликдир.

Admin   09-17-2010, 09:32 PM
#2
«Ла илаҳа илаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ»нинг маънолари қайси китобда ёзилган?

Савол: Инсон ва жинларга пайғамбар қилиб юборилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида: «Ким: «Ла илаҳа иллаллоҳ. Муҳаммадур расулуллоҳ» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир) деса жаннатга киради» деган калимаи тоййиба икки бўлимни, яъни: «Ла илаҳа» (Илоҳ йўқ) инкор ва «Иллалоҳ» (Фақатгина Аллоҳ илоҳдир) исботни ўз ичига олади. Бу маъно Аллоҳнинг яктолигига далолат қилади.
Иккинчи бўлим эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини ифодалайди. Айтингчи, бу маълумотларни қайси китоблардан топишим мумкин? Агар бу иккиси Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келган бўлса, бошқа қайси китобларда топишим мумкин?
Жавоб: Ислом рукнининг ушбу биринчи рукни ўзининг ҳар икки бўлими билан Қуръон Каримда ворид бўлган. Аллоҳ таоло (калимаи тоййибанинг биринчи бўлими ҳақида) шундай деди:
«Аллоҳдан ўзга ҳеч кандай тангри йўқ. Фақат Унинг ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир» (Бақара: 255);
«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг» (Муҳаммад: 19);
«Мана шу Аллоҳ Роббингиздир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. У ҳамма нарсани яратгувчидир» (Анъом: 102).
Аллоҳ таоло (калимаи тоййибанинг) иккинчи бўлим(и) ҳақида шундай деди:
«Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар» (Фатҳ: 29);
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир» (Оли Имрон: 144).
Суннатдан далиллар эса, Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси ривоят қилинган: «Ислом беш нарсага асосланган: «Ла илаҳа илаллоҳ ва Муҳаммадур расулуллоҳ» дея гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, Уй (Каъба)ни ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутиш» (Имом Бухорий 7, Имом Муслим 21).
Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳ»ида Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтирганимизда кийимлари оппоқ, сочлари тим қора, сафар аломатлари кўринмаган, ичимиздан бирон киши танимаган бир одам чиқиб келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб тиззаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиззаларига теккизиб ўтирди ва кафтларини сонлари устига қўйди-да: «Ҳой Муҳаммад, менга Исломдан хабар беринг?», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом – Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик беришингиз, намозни тўкис адо этишингиз, закотни беришингиз, рамазон рўзасини тутишингиз, йўлига кучингиз етса Уй (Каъба)ни ҳаж қилишингиздир» – дедилар. (Ҳалиги одам): «Тўғри айтдингиз!», – деди. Биз: «Ҳам сўрайди ва ҳам тасдиқлайди-я?!», – деб ҳайрон бўлдик.
– Менга Иймондан хабар беринг?
– (Иймон) – Аллоҳга, Унинг фаришталари, китоблари, элчилари, охират куни ва тақдирнинг яхши ва ёмонига ишонишингиздир.
– Тўғри айтдингиз. (Энди) менга эҳсондан хабар беринг?!
– (Эҳсон) – Аллоҳга Уни кўриб турганигиздек ибодат қилишингиздир. Гарчи – Сиз кўрмасангиз ҳам, У сизни кўриб туради.
– Тўғри айтдингиз. (Энди) Қиёмат ҳақида хабар беринг?!
– Бу ҳақда сўралаётган одам савол бераётган одамдан кўра билгувчироқ эмас!
– (Ундай бўлса), менга Қиёматнинг аломатларидан хабар беринг?!
– Чўрининг ўз мураббиясини туғиши, фақир, ялангоёқ ва яланғоч қўйчивон одамларнинг бинокорликда димоғдорлик қилишларини кўришингиз ( – Қиёматнинг аломатларидандир).

Сўнгра, (ҳалиги) одам кетди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдидалирда бир оз қолдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Савол берган одамни танидингизми?» – деб сўраб қолдилар. Мен: «Аллоҳ ва Расули уни мендан кўра яхшироқ билади», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У – сизларга динингизни ўргатиш учун келган Жибрил эди» – дедилар» (Имом Муслим: 9).
Икки «Саҳиҳда» Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким «Ягона шерисиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад – Унинг қули ва расули, Ийсо – Унинг қули ва калимаси ва руҳи бўлиб, уни Марямга отган, жаннат – ҳақ, жаҳаннам – ҳақдир» – деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни қандай амал қилган бўлишидан қатъий назар жаннатга киритади»» (Имом Муслим: 41).
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳ»ида эса Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен одамлар билан «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ) деб айтгунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар шундай десалар, намозимизни ўқисалар, қибламизга йўналсалар, ҳайвонларимизни (шариат асосида) бўғизласалар уларнинг қонлари(ни тўкишимиз), моллари(ни талон-тарож қилишимиз) ҳаромдир. Моллари ҳақидаги ҳисоблари эса Аллоҳгадир»» (Имом Бухорий 379).
Икки «Саҳиҳ»да Итбон разияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади: «Аллоҳ Аллоҳнинг юзини излаб «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ) деган одамни (азоблашни) жаҳаннамга ҳаром қилди» (Имом Бухорий: 4892).
Илм аҳллари ушбу ҳадисларни ва шу ҳадислар маъносидаги бошқа ҳадисларни қуйидагича изоҳладилар: «Бу икки шаҳодат калимасини талаффуз қилиш ва уларнинг фарзларни адо этиш ва ҳаром нарсаларни тарк қилиш ҳамда ибодатни Аллоҳнинг ўзи учунгина холис қилиш каби ҳаққини адо этган одамни Аллоҳ таоло биринчи бўлиб жаннатга киритади. Аммо ширкдан бошқа гуноҳлар қилиб, тавба қилмай вафот этган одам, Аллоҳнинг хоҳишига қолади: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло хоҳласа уни мағфират қилиб, қандай амал қилган бўлса ҳам жаннатга киритади. Агар хоҳласа гуноҳи миқдорича азоблаб, сўнгра жаннатга киритади. Зеро бу ҳақда мутавотир ҳадислар нақл қилинган. Қуръоннинг баъзи оятлари ҳам бошқаларини, суннат каби, изоҳлайди. Аллоҳ таоло:
«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирар» – деди (Нисо: 48, 116). Бу оят тавба қилмаганлар ҳақидадир.
Аллоҳ таолонинг:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилар» (Зумар: 53) ояти эса, илм аҳлларининг ижмоъси билан, тавба қилганлар ҳақидадир.
Булар аҳли суннат ва жамоат – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари, уларнинг изидан юрган тўрт имом ва уларнинг издошлари каби уламо ва мўъминларнинг сўзидир».
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.


Admin   11-22-2010, 08:59 AM
#3
«Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ»нинг маъноси нима?

Савол: Мен «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ» жумласининг маъносини айтиб беришингизни хоҳлайман? 
Жавоб: «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ) ва «Муҳаммадур расулуллоҳ» (Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир) деб гувоҳлик бериш, Ислом рукнларининг биринчисидир.
«Ла илаҳа иллаллоҳ», ҳақиқатан Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқдир, демакдир. Бу жумла инкор ва исботни ўз ичига олади.
«Ла илаҳа» (Илоҳ йўқдир) жумласи Аллоҳдан бошқаси учун қилинган ибодатларнинг барчасини инкор этади. «Иллаллоҳ» жумласи эса, барча ибодатларни ягона ва шериксиз Аллоҳ таоло учунгина қилинишини ифодалайди.
Сизга бу ҳақда тўлиқроқ маълумотга эга бўлишингиз учун Шайх Абдурраҳмон ибн Ҳасан қаламига мансуб «Фатҳул Мажийд шарҳу китабит тавҳид» китобига мурожаат қилишингизни тавсия этамиз. Чунки у, тавҳид ва «Ла илаҳа иллалоҳ» калимасини анчагина муфассал баён қилган.
«Муҳаммадур расулуллоҳ» (Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир) жумласининг маъноси эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигига иқрор бўлиш, иймон келтириш ва бу жумлага талаффуз, амал ва эътиқод бобида бутунлай бўйинсуниш, унга зид бўлган сўз, амал, мақсад ва таъқиқлардан сақланиш, демакдир.
Бошқача сўз билан айтсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат этиш, хабарларини тасдиқлаш, таъқиқлаган ва огоҳлантирган нарсаларидан сақланиш, Аллоҳ таолога Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган йўллар билангина сиғиниш, демакдир.            
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
 
Admin   05-02-2011, 04:28 PM
#4
Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ деб гувоҳлик бериш:

Бу шаҳодатнинг мусулмон киши билиши ва унга амал қилиши лозим бўлган маъноси бор. Тил билангина айтиб қўйиб, маъносини билмаслик ва унга амал қилмаслик бефойдадир.

«Ла илаҳа иллаллоҳ» маъноси – еру осмонда Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор барҳақ маъбуд йўқ, Угина ҳақиқий илоҳ, Ундан ўзга ҳар қандай олиҳалар ботил, демакдир.
Аллоҳдан бошқага ибодат қилувчи киши – гарчи унинг сиғинаётган нарсаси набий ёки валий бўлса ҳам, бу билан Аллоҳга яқинлашишни ва уларни Аллоҳ билан ўз ўртасида воситачи қилишни истаган бўлса ҳам – кофир ва мушрик ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши жанг қилган мушриклар набий ва валийларга мана шу даъво билан сиғинишарди, лекин уларнинг бу даъволари ботил даъводир. Зеро, Аллоҳ таолога яқинлашиш ва бу мақсадда Унга бирон нарсани восита қилиш ибодатни Ундан ўзгага қилиш билан бўлмайди, балки Унинг исм ва сифатлари билан, У зот буюрган солиҳ амалларни қилиш билан, яъни намоз ўқиш, садақотлар бериш, зикр, рўза, жиҳод, ҳаж, ота-онага яхшилик қилиш каби ишларни қилиш билан бўлади, бир мўминнинг бошқа бир мўмин биродари ҳаққига дуо қилиши билан бўлади.

«Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик бериш маъноси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бутун инсониятга юборган элчиси, у ибодат қилинишга ҳақли бўлмаган бир банда, ёлғон сўзламайдиган элчи, унга итоат қилиш ва эргашиш лозим, унга итоат қилган одам жаннатга, осий бўлган одам дўзахга киради, деб билиш ва эътиқод қилиш, шунингдек, қонунларни қабул қилиш – улар хоҳ Аллоҳ буюрган ибодатлар хусусида бўлсин, хоҳ ҳукм чиқариш ва қонунчилик низомида бўлсин, хоҳ ҳалол ва ҳаром қилиш тўғриларида бўлсин – фақат мана шу улуғ пайғамбар Муҳамад соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали бўлиши лозим, чунки у зот Аллоҳнинг шариатини етказувчи элчисидирлар, мусулмон киши у зот орқали келган қонунлардан бошқа ҳар қандай қонунни қабул қилиши жоиз эмас, деб билиш ва эътиқод қилишдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади:
«Пайғамбар сизларга нимани келтирган бўлса, уни олинглар, нимадан қайтарган бўлса, ундан қайтинглар» (Ҳашр: 7).
«Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).

Нидо:
Эй оқил, «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ» маъносини англаган бўлсангиз ва бу шаҳодат Исломнинг калити ҳамда унинг асоси-пойдевори эканини билган бўлсангиз, энди чин дилдан: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ» деб айтинг, дунёю охират саодатига эришиш ва ўлгандан сўнг Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун ушбу шаҳодат маъносига амал қилинг.
Билингки, Исломнинг бошқа барча рукнларига амал қилиш ҳам «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ» деган шаҳодат талабидир. Чунки Аллоҳ таоло мусулмон киши бу рукнларни сидқидил ва ихлос билан адо этиш билан Ўзига ибодат қилиши учун уларни фарз қилди, ким бу рукнлардан бирортасини шаръий узрсиз тарк этса «Ла илаҳа иллаллоҳ » маъносига путур етказган бўлади ва унинг шаҳодати яроқли ҳисобланмайди.

Муслим   10-13-2012, 05:26 PM
#5
Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймин раҳимаҳуллоҳ
Икки шаҳодат ва унинг маъноси



عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.