Хотин киши ҳайз кўрган пайтида намоз ўқиб, рўза тутадими?
Савол: Бизга хотин кишининг ҳайз кўраётган пайтида намоз ўқиб, рўза тутиши ҳақида маълумотлар беришингизни сўраймиз. Ўзимизнинг бу ҳақда ҳужжатаримиз бўлсада, сизлардан саҳиҳ-соғлом далилларни айтиб беришингизни умид қилиб қоламиз.
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Хотин киши ҳайз кўрган пайтида намоз ўқимайди ва рўза тутмайди. Пок бўлганида эса, Имом Бухорий ва бошқалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотин кишининг динининг нуқсони ҳақида айтган сўзларини баён қилишганига кўра, қазо қилган рўзасини тутиб, қазо қилган намозларини ўқимайди:
«Бировингиз ҳайз кўрса рўза тутмай, намоз ўқимайдими?!» (Имом Бухорий 1/45).
Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқалар Муоза разияллоҳу анҳонинг Оиша разияллоҳу анҳога берган қуйидаги саволларини ривоят қилдилар:
«Нега ҳайз кўрган хотин рўзанинг қазосини тутадию, намознинг қазосини ўқимайди?» – дедим. Оиша разияллоҳу анҳо мендан:
«Сен ҳарурийямисан?» – деб сўради. Мен:
«Ҳарурийя эмасман, бироқ сўрадим–да?» – дедим. Оиша разияллоҳу анҳо:
«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонида ҳайз кўрар, рўзанинг қазосини тутишга буюрилар, намознинг қазосини ўқимасликка буюрилар эдик» – деди (Имом Бухорий 1/356; Имом Муслим 1/265; Абу Довуд «Сунан», ҳадис № 262, 263; Насоий «Сунан» 1/191, 192; 4/191; Термизий «Сунан», ҳадис № 787).
Бу – Аллоҳ субҳонаҳу ва таъолонинг хотин кишига берган раҳмати ва лутфидир. Чунки, намоз ҳар кеча ва кундузда беш марта такрорланади. Ҳайз қони эса, кўпинча, ҳар ойда бир марта такрорланади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло хотин кишидан намозни ва намознинг қазосини ўқишни соқит қилди. Чунки, уларнинг қазосини ўқиб бериш катта машаққат туғдиради. Рўза бир йилда бир марта такрорлангани учун ҳам, Аллоҳ таоло раҳмат қилиб хотин кишидан ҳайз пайтида рўза тутишни соқит қилди ва рўзадаги шаръий манфаатни рўёбга чиқариш учун унинг қазосини тутиб беришга буюрди.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.