Илм олаётган киши-(устоз)га камтар бўлишга буюрилганмиз
Талабага улар билан боғланаётган мана шу уламоларнинг ўрнини билиши ва у бу билан ибодатда эканини билиши вожиб. Дарҳақиқат, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Зайд ибн Собитнинг узангисини ушларди. Шунда Зайд у кишига: «… Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларининг ўғли бўла туриб-а?», дерди. Шунда Ибн Аббос у кишига: «Бу (гаплар)ни қўйинг. Биз уламоларимизга нисбатан шундай қиламиз», дерди.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ бу бобда илм талаб қилган ва унинг эгаларидан одобланган киши биладиган машҳур байтларида шундай дедилар: Улар учун ўзимни хор тутаман, яъни, уламоларга.
Улар учун нафсимни хор тутаман, улар эса уни иззат-икром қиладилар. Сен уни хор қилмаган нафс ҳаргиз иззат-икром кўрмагай.
Яъни, сиз ҳозир уни (нафсни) уламолар олдида хор тутасиз, улар ҳузурида тавозели бўласиз, уларга хушомадгўйлик қиласиз. Эртага иншаАллоҳ талабалар сизни иззат-икром қилади. Сиз манбага айланасиз. Худди шайхларингизни иззат-икром қилиб, уларга камтар бўлиб, ўзингизни улар ҳузурида кичик олганингиздек Аллоҳ жалла ва аъла яқинда сизни шу билан мукофотлайди.
«Нафсимни улар учун хор тутаман». Яъни, уламоларга. «Улар эса уни иззат-икром қиладилар». Ким ўзини уламолар ҳузурида паст олса, Аллоҳга қасамки, улар уни хорламайдилар. Балки уни иззат-икром қиладилар.
«Улар учун нафсимни хор тутаман, улар эса уни иззат-икром қиладилар. Сен уни хор қилмаган нафс ҳаргиз иззат-икром кўрмагай». Агар илм, уламоларни лозим тутиш, улар ҳузурида ўтириш ва уларга камтарлик қилишдан кибр қилсангиз, иззат-ҳурмат топишингиз мумкин эмас.
Аҳмад раҳимаҳуллоҳ шундай дерди: «Илм олаётган киши-(устоз)га камтар бўлишга буюрилганмиз». Бизга уламоларни эҳтиром қилишимиз, уларга нисбатан одоб сақлашимиз, уларнинг ўрнини билишимиз, уларнинг қадрини билишимиз, уларга фахрланмасликни билишимиз вожиб. Уларни бадном қилишни-ку қўя туринг. Буни фақат Аллоҳ онгини ўчирган-(тўсган) кимса қилади. Аллоҳдан офият ва саломатлик сўраймиз.