Имом Муҳаммад ибн АбдулВаҳҳоб роҳимаҳуллоҳнинг даъват ва ҳаёт йўллари.
Саудия Арабистони мамлакати муфтийси,
кибор уламолар ҳайъати ҳамда илмий тадқиқотлар ва
фатво бериш доимий қўмитаси раиси
АбдулАзиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз роҳимаҳуллоҳ
Барча мақтовлар оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Аллоҳ таоло Ўзининг бандаси, элчиси ва халқлари ичидан танлаб олгани саййидимиз ва имомимиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у кишининг оилалари, саҳобалари ва уларга чинакам муҳаббат қўйганларга салавоту-саломлар йўллаб, баракалар ёғдирсин.
Сўнг: Ҳурматли биродарлар, азиз фарзандларим, ушбу мўжазгина марузани зеҳнлар чароғон, ҳақиқатлар аниқ-равшан бўлсин ҳамда Аллоҳга ва У Зотнинг бандаларига холис туриш, биз у киши ҳақларида гаплашмоқчи бўлган шахсият рўбарўсидаги баъзи гарданимдаги ҳақларни адо этайин дея сиз азизларга тақдим қилмоқчиман. Суҳбатимиз мавзуси: Шайх, имом Муҳаммад ибн АбдулВаҳҳоб роҳимаҳуллоҳнинг даъват ва ҳаёт йўллари.
Модомики ислоҳотлар олиб борувчи, даъватчи ва мужаддидлар ҳақида гап борар экан, уларнинг ҳолатлари, мақтовга лойиқ хислатлари ва қилиб кетишган улуғ ишларини ёдга олар эканмиз ҳамда уларнинг даъватдаги ва ислоҳотлар олиб боришдаги ихлослари ва ростгўйликларига далолат қиладиган ҳаёт чизгиларини шарҳлар эканмиз, демак ушбу улуғ зотлар, уларнинг хулқ-атворлари, амаллари ва сийратлари ҳақидаги суҳбат, жонлар айнан муштоқ бўлиб, қалблар роҳатланадиган ҳамда ушбу суҳбатга ҳар бир динига ғаюр, ислоҳотлар ва ҳақ йўлга даъват қилишга рағбат ҳосил қилган ҳар бир киши жон қулоғи билан тинглашга ошиқманд бўладиган мавзулардан бўлар экан, сизларга улуғ инсон, ислоҳотлар олиб боришда залворли қадамлар ташлаб ўтган, ғаюр бир даъватчи ҳақида сўзлаб беришни ўзимга лозим топдим. Ушбу шайх набавий ҳижратнинг ўн иккинчи асрида араб жазирасидаги ислом мужаддиди бўлмиш имом Муҳаммад ибн АбдулВаҳҳоб ибн Сулаймон ибн Али ат-Тамимий ал-Ҳанбалийдир.
Дарҳақиқат одамлар ушбу имомни таниб олишди. Айниқса араб жазирасининг ичкарисидаги-ю ташқарисидаги уламолар, бошлиқлар ва қавмнинг оқсоқоллари- ю аъёнлари. Одамлар у киши ҳақларида катта ва кичик ҳажмга эга бўлган кўплаб китоблар битиб кетишди. Кўплаб кишилар, қолаверса шарқшунослар ҳам у киши ҳақларида алоҳида китоблар битишди. Бошқалар эса ўзларининг солиҳ инсонлар ва тарих ҳақида ёзган асарлари асносида у кишини ҳам тилга олиб ўтишди. Уларнинг ичидаги инсофлилари у кишини улуғ бир солиҳ инсон, ислом мужаддиди, Роббиси томонидан бўлган ҳидоят ва нур узра (ҳаёт кечирган) деб васфлашган.
Муаъллиф Абу Бакр шайх Ҳусайн ибн Ғонам ал-Иҳсоий шулар жумласидандир. Шайх ҳақида ажойиб ва фойдали бир китоб ёзиб, у кишининг сийрат ва ғазавотларини эслаб ўтган. Ва яна ушбу китобида шайхнинг йўллаган номалари ва Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан олган ҳукмлари борасида узоқ тўхталиб ўтади. Яна шайх ҳақида асар ёзиб қолдирганлардан шайх Усмон ибн Башар ўзининг "Унван ал-Мажд" номли китобидир. Яна ушбу шайх, у кишининг даъватлари, ҳаёт кечмишлари ва олиб борган ғазоту-жиҳодлари ҳақида ёзганлардан, хоссатан араб жазирасининг ташқарисидагилар ичида доктор Аҳмад Амин ўзининг "Зуама ал-Ислаҳ" китоби бўлиб, ушбу китобида шайх роҳимаҳуллоҳга нисбатан ниҳоятда инсоф билан ёндашган. Катта шайх Масъуд ан-Надавий ҳам шулар жумласидандир. Шайх ҳақларида бир китоб ёзиб, уни "Ал-Муслиҳ ал-Мазлум" деб номлади. Ушбу китобида шайхнинг сийратларини тўлақонли ёритиб ўтган. Ва яна кўплаб инсонлар у киши ҳақларида ёзиб кетишди. Шулардан катта шайх Амир Муҳаммад ибн Исмоил Ас-Сонъанийдир. Бу киши шайх билан замондош бўлиб, у киши билан даъватда елкама-елка турганлардандир. Бу кишига шайхнинг бошлаган даъватлари ҳақидаги хабар келганда кўзлари қувониб, Аллоҳга ҳамд айтган эканлар.
Ҳудди шундай шайҳ ҳақида китоб ёзиб қолдирганлардан "Найл ал-Автор" китобининг соҳиби катта аллома, шайх Муҳаммад ибн Али Аш-Шавконийдир. У киши ҳақларида катта бир марсия ёзиб қолдирдилар. Ва яна шайх ҳақида бошқа кўплаб кишилар асар битиб кетишганки, уларни ўқувчи ва уламолар яхши билишади. Ушбу буюк шахснинг ҳолати, ҳаёти ва даъвати кўпчиликка махфий қолгани муносабати билан ушбу шайхнинг кечирган гўзал ҳаёт тарзи, салоҳиятли даъвати, садоқатли жиҳодини ёритиб беришда ва ушбу имом ҳақида билганларимни озгина бўлса ҳам шарҳлаб беришда мен ҳам ўз ҳиссамни қўшиб қолайин дедим. Тоинки ушбу имом ва унинг даъвати ҳақида ноўрин гаплар ва турли шубҳалар гирдобига тушганларнинг кўзи очилсин. Имом 1115 ҳижрий йили таваллуд топдилар. Роҳимаҳуллоҳнинг таваллуд топган йиллари ҳақидаги машхур қовл шудир. 1111 ҳижрий йили туғилганлар деган сўзлар ҳам бор. Бироқ ушбу биринчи қовл бўлмиш 1115 ҳижрий йили дунёга келганлар деган қовл маъруфдир.
Илк таълимни Уяйна шаҳрида оталарининг қўлида ҳосил қилдилар. Ушбу шаҳар роҳимаҳуллоҳнинг киндик қонлари тўкилган шаҳардир. Ушбу қишлоқ Нажд ерининг Ямома қисмида маълуму-машхурдир. Риёз шаҳрининг шимоли ғарбида жойлашган бўлиб, қишлоқ билан Риёз шаҳри орасидаги масофа етмиш километрдир. Роҳимаҳуллоҳ ушбу қишлоқда дунёга келиб, солиҳ бир ўғлон бўлиб ўсиб-улғайдилар. Кичик ёшларидаёқ Қуръонни ёдладилар ва оталари шайх АбдулВаҳҳоб ибн Сулаймоннинг қўлларида дарс олиб, илмни чинакам тушуниб етишда кўп тиришдилар. Оталари катта фақиҳ, олим ва Уяйна шаҳрида қози эди. Балоғат ёшига етгач Аллоҳнинг уйини қасд қилиб, ҳаж сафарига отландилар. Байтул ҳарамдаги баъзи уламолардан илм олгач, Набий соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳарлари бўлмиш Мадина сари юрдилар. Шаҳар уламолари билан учрашиб, у ерда бир муддат яшадилар. Илмни Мадинанинг ўша вақтдаги иккита машхур, кибор олимларидан олдилар. Улар: Шайх Абдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Сайф ан-Наждийдир. Асли Мажмаъа деган жойданлар. Бу киши фароиз илмидаги "Ал-Азб ал-Фаид" китобининг муаллифи шайх Иброҳим ибн Абдуллоҳнинг оталаридир. Илм олган шайхларининг иккинчиси эса Мадинадаги кибор шайх Муҳаммад Ҳаёт Ас-Синдийдир. Шайхнинг Мадинадаги илм олган устозлари ичидаги машхурлари ушбу икки олимдир. Эҳтимол биз билмаган яна бошқа уламолардан ҳам илм олган бўлишлари мумкин.
Шайх илм талабида Ироқ сари йўлга отландилар. Басрага бориб тушдилар ва у ернинг уламолари билан учрашдилар. Улардан ҳам Аллоҳ насиб этганча илм олдилар. Ўша ердан туриб Аллоҳнинг тавҳидига бўлган даъватни бошладилар. Одамларни суннатга даъват қилдилар. Одамларга барча мусулмонлар динларини Аллоҳнинг Китоби ва Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан олмоқликлари вожиб деб баралла айтдилар. Бу борада муноқаша ва музокаралар олиб бордилар. Ўша томонлардаги уламолар билан мунозара олиб бордилар. Ироқдаги шайхлари ичидаги машхурларидан шайх Муҳаммад ал-Мажмуъийдир. Басрадаги шум нийятли уламоларнинг баъзилари у кишига қарши фитна оловини ёқишди. У кишига ва юқорида тилга олинган шайхларига баъзи озорлар етди. Шу сабабли у ердан бош олиб чиқиб кетдилар. Шом диёрига ҳам бориш нийятлари бир эди. Бироқ ҳаражатни қоплайдиган нафақага эга бўлмаганлари сабабидан у ерга боролмадилар. Басрадан чиқиб Зубайр деган жойга бордилар. Сўнг Зубайрдан Аҳсо томон равона бўлдилар. У ернинг уламолари билан учрашиб, диннинг асосига оид масалаларда музокара олиб бордилар. Сўнг Ҳаримло шаҳри томон йўлга тушдилар. Бу валлоҳу Аълам ўн иккинчи асрнинг бешинчи ўн йиллигида бўлаётган воқеалардир. Чунки оталари Уяйна шаҳрида қозилик лавозимида эди. У киши билан ўша ернинг ҳокими ўртасида келишмовчилик юз бергани сабабли 1139 ҳижрий йили у ердан Ҳаримлога кўчиб ўтди. Шайх Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ 1139 ҳижрий йили Ҳаримлога кўчиб келгач оталарининг ҳузурига келдилар. Ҳаримлога киришлари 1140 ёки ундан кейинги йилларга тўғри келади. У ерга ўрнашгач то оталари 1153 ҳижрий йили вафот этгунларига қадар Ҳаримлода илм олиш, таълим бериш ва даъват билан бардавом шуғулландилар. Ерлик аҳолининг баъзиларидан у кишига нисбатан нохушлик рўй берди. Баъзи разил кимсалар у кишини йўқ қилишга бел боғлаганди. Ҳатто у кишини деворларидан (уйларига) ошиб тушишга ҳам уринишлар бўлган дейилади. Баъзи одамлар уларнинг бу қилмишларидан хабар топгач, жуфтакни ростлаб қолишди. Ана шундан кейин шайх роҳимаҳуллоҳ Уяйнага жўнаб кетдилар.
Ушбу разил кимсаларнинг у кишига нисбатан ғазаб отига минишларининг сабаби, шайх маъруфга буюрувчи, мункардан қайтарувчи ва ҳукмдорларни одамларнинг молларини зўравонлик билан тортиб олиб, уларга азият етказиш билан тажовуз қиладиган мужримларнинг таъзирини бериб қўйишга ундаганларидир. Ушбу разил кимсаларни у ерларда "Ал-Абийд" деб айтиларди. Улар шайхни уларга қарши эканлари, уларнинг қилмишларига асло рози эмаслари ва ҳукмдорларни уларни жазолаш ва ёмонлик қилганларига ҳад қўллашга тарғиб қилишларини билишгач, у кишини йўқ қилишга бел боғлашди. Аллоҳ таоло шайхни Ўз ҳифзу-ҳимоясида сақлади. Сўнг Уяйна шаҳрига кўчиб кетдилар. Ўша даврдаги Уяйна шаҳрининг ҳокими Усмон ибн Носир ибн Маъмар эди. Шайх ҳокимнинг ҳузурига бориб тушдилар ва ҳоким ҳам у кишини хуш келдингиз дея кутиб олди ва шундай деди: "Аллоҳнинг йўлига даъват қилаверинг. Биз сиз биланмиз ва сизга ёрдам қўлини чўзамиз". Шундай қилиб ҳоким ўзининг эзгу тилакларини ва у кишининг йўлларига мувофиқ эканини яшириб ўтирмади.
Шайх таълим, тўғри йўлга йўллаш, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилиш, одамларни эзгуликка чорлаш ҳамда жамиятда Аллоҳ учун ўзаро муҳаббат шукуҳи ҳосил бўлиши йўлида қатор ишлар олиб бордилар. Уяйнада олиб бораётган ишлари одамларнинг оғзига тушиб, шон-шуҳратлари ортиб борди. Одамлар ён атрофдаги қишлоқлардан у кишининг ҳузурларига келишарди. Кунларнинг бирида шайх ҳоким Усмонга шундай дедилар: "Келинг шу Зайд ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг (қабрлари устига қурилган) қуббани бузиб ташлайлик. Чунки у тўғри йўл асосида барпо қилинмаган. Аллоҳ жалла ва ала ушбу амалга асло рози бўлмайди. Росул алайҳиссалоту васаллам қабрлар устига бино қуриш ҳамда уларни масжид қилиб олишдан қайтарганлар. Ушбу қабр устидаги қубба одамларни фитнага тушишлари ва ақидалар ўзгаришига сабаб бўлди. Бунинг сабабидан ширк рўй берди. Демак уни бузиб ташлаш вожиб бўлади". Ҳоким эса: "Бу ишни қилишдан ҳеч қандай монелик йўқ", деди. Шайх: "Жабила аҳли ғалаён қилишларидан хавотирдаман", дедилар. Жабила қабрга яқин бир қишлоқ эди. Усмон олти юзга етадиган жангчидан иборат қўшин билан ушбу қабр устига қурилган қуббани бузиш учун йўлга тушди. Уларнинг сафида шайх роҳимаҳуллоҳ ҳам бор эдилар. Улар ушбу қуббага яқинлашгач, бундан хабар топган Жабила аҳли ҳам қабрни сақлаб қолиш умидида рўбарўга чиқишди. Ҳоким Усмонни қўшини билан бирга кўришгач, ушбу ишдан қўлларини тийиб, орқага тисарилишди. Шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу қуббани бузиш ва йўқ қилишда ўзлари бевосита иштирок этдилар. Аллоҳ азза ва жалла роҳимаҳуллоҳнинг қўллари билан ушбу ширкий қуббани йўқ қилди. Шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу ишларини олиб боришларидан олдинги Нажд диёрларининг ҳолатидан бир кўринишни ва шайхнинг ушбу даъватни олиб боришга ундаган сабабларни бир ёдга олсак.
Шайх роҳимаҳуллоҳнинг даъватларидан олдин Нажд аҳли мўмин киши кўрганда рози бўладиган ҳолатда эмасди. Катта ширк ниҳоятда кенг тарқалганди. Қабрлар устидаги қуббалар, дарахт, тош ва ғорларга ибодат қилинарди. Ким валийликни даъво қилиб чиқса –аслида нодон бўлса-да- ибодат қилинаверарди. Демак Аллоҳни қўйиб валийликни даъво қилган – аслида улар мажнун ва ақлдан озган тентаклар бўлса-да- ибодат қилинарди. Нажд диёрларида сеҳргарлик, фолбинлик кенг тарқалганди. Одамларнинг фолбинларга савол йўллаб, уларни тасдиқлашларини бирор киши инкор қилмасди, Аллоҳ хоҳлаганларгина бундан мустасно эди. Одамларни дунё ва унинг шаҳватларига шўнғиб кетиш эгаллаб олганди. Аллоҳ учун юрагида ўти борлар ва Аллоҳнинг динига ёрдам қўлини чўзадиганлар оз эди. Икки ҳарамда ҳам ҳолат ҳудди шундай эди. Ўша кезлари Яманда ҳам ширк, қабрлар устига қуббалар қуриш, авлиёларга дуолар қилиб, ёлборган ҳолатда ёрдам сўраш ва шунга ўхшаш ширкиётлар кўп эди. Хуллас Нажд диёрларида қабр, ғор, дарахт, Аллоҳни қўйиб ақлдан озган тентакларга дуо қилиш ва улардан ёрдам сўраш каби санаб адоғига етиб бўлмайдиган ширклар бор эди. Яна Нажд диёрларида машхур бўлган ширклардан жинларга дуо қилиш, улардан ёрдам сўраш, уларга атаб жонлиқ сўйиш ва ушбу жонлиқларни жинларнинг ёрдамини умид қилиб, уларнинг ёмонлигидан хавфсираган ҳолда уйнинг бир бурчагига қўйиш каби ишлар эди. Шайх, имом ушбу ширкни, одамлар ушбу ишларни ошкора бажаришларини, ширкдан қайтарадиган, Аллоҳ таолонинг йўлига даъват қилишдек вазифани адо этадиган кишини йўқлигини кўргач, ушбу ишга енг шимариб киришдилар ҳамда даъват мобайнида сабрни лозим тутдилар. Шайх ушбу ширкка қарши курашиш, (курашиш давомида) сабр қилиш ва азиятларни кўтаришдан ўзга йўл йўқ эканини жуда яхши билардилар. Уяйна шаҳрида таълим бериш ва йўл-йўриқ, кўрсатмалар беришда жидду-жаҳд билан ҳаракат қилдилар. Аллоҳнинг динига ёрдам бериш ҳамда ширк ва хурофотларга қарши курашишда ўзлари билан елкама-елка туришларига умид қилган ҳолда уламоларга номалар йўллаб, улар билан музокара олиб бордилар. Натижада даъватларини Нажд, икки ҳарам ва Яман уламоларининг кўпчилиги қабул қилдилар. Бошқалар эса у киши билан мувофиқ эканларини ўз номаларида изҳор қилдилар. Учинчи бошқа бир тоифа эса шайхга қарши чиқиб, олиб бораётган даъватларини қоралаб, мазаммат қилиб, ўзларини у кишидан четга олишди. Уларнинг ҳолати икки иш орасидадир. Ё улар, Аллоҳнинг динини, тавҳидни билмайдиган, аксинча Аллоҳ таоло айтганидек: "Албатта ота-боболаримизни бир миллат – дин устида топганмиз ва албатта биз уларнинг изларидан эргашгувчидирмиз"(Зухруф/23) деб, ота-боболарининг йўли бўлмиш жоҳиллик, залолат, ширк, бидъат ва хурофотларнигина биладиган хурофий жоҳил. Ё бўлмаса илмга нисбат берилишсада, омма одамлар: сизларга нима бўлдики ушбу ишни ҳеч инкор қилмасдингиз? Нима энди ибн АбдулВаҳҳоб келди-ю, ҳақ устида бўлиб қолдими?! Ахир сизлар уламолар бўлсангиз ушбу ботилни нимага инкор қилмасдингиз?!, деб айтмасликлари учун ҳам шайхга қайсарлик ва ҳасад қилган ҳолатда рад жавобини берганлардир. Оммадан хижолат бўлганлари учун ҳам ҳасад қилишиб, ҳақга қайсарларча оёқ тираб, ўткинчи дунёни охират ажру-савобидан устун кўриб, охират турганда дунёни ийсор-ихтиёр қиладиган яҳудийларга иқтидо қилишди. Аллоҳ таолодан офият ва саломатлик сўраймиз.
Шайх эса сабр билан даъватда олдинга жиддийлик билан қадам ташлаб бораверардилар. Шайхни араб жазираси ва ташқаридаги уламолар қўллаб-қувватлаб туришди. Натижада даъватдаги азму-қарорлари ортиб, Роббилари азза ва жалладан ёрдам сўраган ҳолатда иш олиб бордилар. Буларнинг барчасидан олдин Аллоҳнинг Китобини (ўрганишда ҳам) кўп ғайрат қилиб Қуръонни тафсир қилиш ва ундан ҳукм олиш бобида беназир эдилар. Ва яна Росул соллоллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг саҳобалари ҳаётини ўрганишда ҳам кўп изландилар. Бу борада жиддий киришиб, зийрак бир шахс ўлароқ намоён бўлдилар. Ҳатто илм соҳасида ҳақ устида силжимай, собит тура оладиган бир мартабага эришдилар. Даъватга енг шимариб жиддий киришдилар ва ҳақни одамларга етказиш ҳамда бу борада ҳукмдорлар ва уламоларга номалар йўллашда ғайрат кўрсатдилар. Натижа эса мана ўзингиз кўриб тургандекдир.
Аллоҳ таоло шайхнинг пок нийятларини рўёбга чиқарди. У киши сабаб даъват атрофга ёйилиб, Аллоҳ таоло ҳаққа қувват ато этди. Аллоҳ таоло шайхга ёрдамч-ю ансорларни ҳозирлаб берди. Ҳаттоинки Аллоҳнинг дини устун келиб, ҳақ калимаси олий бўлди. Шайх Уяйнада таълим бериш ва йўл-йўриқ кўрсатиш билан даъватда давом этавердилар. Сўнг даъват таъсир қилмаётганини кўргач ширк асаротларини феълан йўқ қилиш билан амалий босқичга енг шимариб киришдилар. Демак имкон қадар ширк изларини йўқатиш мақсадида даъватнинг амалий суратига бевосита киришдилар. Шайх ҳоким Усмон ибн Маъмарга шундай дедилар: "Зайднинг қабри устидаги қуббани бузмоқ лозим". Зайд ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобнинг розияллоҳу анҳунинг туғишган инилари эди. Ҳижратнинг ўн иккинчи йили Мусайлама Каззоб билан бўлиб ўтган жангдаги шаҳидлардандирлар. Розияллоҳу анҳу ўша вақтда қатл қилинганлардан эдилар. Айтишларича у кишининг қабрларига қубба бино қилинган. Эҳтимол у бошқа одамнинг қабри бўлиши ҳам мумкин. Бироқ одамларнинг айтишларича у Зайд розияллоҳу анҳунинг қабрлари экан. Демак юқорида эслаб ўтилгандек ҳоким Усмон шайхнинг фикрларига қўшилди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин ушбу қубба бузиб ташланди. Аллоҳга мақтовлар бўлсин, миннат қилиш Унинг Ўзигагина хосдир, ушбу қуббанинг бузиб ташлангандаги ижобий таъсири бугунги кунгача ўзининг кучини йўқотгани йўқ. Ушбу қубба солиҳ бир нийят, тўғри истак ва ҳаққа нусрат бўлсин дея бузилган экан, Аллоҳ таоло ҳам уни ер юзидан супириб ташлади. У диёрларда яна Зирор ибн ал-Азварнинг қабри дейиладиган бошқа қабрлар ҳам бор эди. Ушбу қабрлар устига қубба бино қилингани сабабли улар ҳам бузиб ташланди. Ва яна кўплаб қадамжолар бор эдики, Аллоҳ азза ва жалла уларни ер юзидан йўқ қилди. Ҳамда Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ғорлар ва дарахтлар бор эди. Улар ҳам йўқ қилиниб, масаласи ҳал қилинди ва одамлар ҳам ушбу ишлардан огоҳ этилди.
Айтмоқчи бўлган гапимиз шуки, шайх роҳимаҳуллоҳ юқорида тилга олинганидек сўз ва амал жиҳатидан даъватда давом этавердилар. Кунларнинг бирида шайхнинг олдиларига бир аёл киши келиб, зино қилганини бир неча бор эътироф этади. Шайх аёлнинг эс-ҳуши жойидами деб атрофдагилардан сўрайдилар. Шунда у кишига аёлнинг ақл-ҳуши жойида экани айтилади. Ҳалиги аёл зино қилганини қайта-қайта тан олиб, қатъий бўйнига олгач –аёл турмуш қурган бўлиб, зинога мажбурланмаган, орага шубҳа ораламаган зино бўлиб ўтгани маълум бўлгач- шайх роҳимаҳуллоҳ аёлни тошбўрон қилинишига буйруқ бердилар. Аёл у кишининг буйруқлари билан тошбўрон қилинди. Ушбу воқеа шайх роҳимаҳуллоҳ Уяйнада қозилик лавозимини эгаллаган кезлари юз берганди. Ушбу воқеадан сўнг шайхнинг қуббаларни бузиш, аёлни тошбўрон қилиш, Аллоҳнинг йўлига чақираётган буюк даъватлари ҳамда муҳожирларнинг Уяйнага оқиб келишлари ҳақидаги хабар атрофга тарқалиб кетди.
Аҳсо (жой номи) ва Бану Холид Сулаймон ибн Урайъир ал-Холидий қабиласидан иборат унга тобе бўлган минтақа ҳукмдори қулоғига шайхнинг Аллоҳнинг йўлига даъват қилиш, қабр устига қурилган қуббаларни бузиш, жиноят содир этганларга жазо қўллаш ҳақидаги хабарлари етади. Ушбу бадавийнинг кўзига шайхнинг ишлари хавфли бўлиб кўринади. Чунки зулмга қўл уриш, қон тўкиш, молни зўравонлик билан тортиб олиш ва обрўни оёқости қилиш саҳроийларнинг –Аллоҳ ҳидоят қилганлари бундан мустасно- одатларидандир. Ушбу ҳукмдор шайх унинг подшоҳлигига таҳдид солиб, бошқарувига чек қўяди деб хавфсирайди. Натижада Усмоннинг юрагига ғулғула соладиган бир нома йўллайди. Ёзган хатида уни Уяйнадаги, ўзининг қўл остида бўлган ушбу "кўнгилли аскарни" ўлдиришга буюради. Хатда шундай деганди: "Ҳузурингиздаги "кўнгилли аскар" ҳақида бизга шундай-шундай хабар етди!! Ё уни ўлдирасан ё бўлмаса бизнинг қўлимиздаги ўз улушингдан ажраласан!!". Ҳоким Усмон унинг ҳузуридан келадиган тилладан иборат ўз улушига эга эди. Ҳукмдорнинг қилган ушбу иши Усмонни қўрқувга солади. Усмон ҳукмдорга итоатсизлик қилса ё ўзининг улушидан ажралиб қолишдан ёки ушбу ҳукмдор унга қарши уруш очишидан хавфсираб қолади. Шайхга шундай дейди: "Ҳукмдор бизга шундай-шундай деб нома йўллади. Сизни ўлдириш бизга ярашадиган иш эмас. Биз ушбу ҳукмдордан қўрқамиз ва унга қарши уруш очишга қодир эмасмиз. Бизнинг диёрлардан чиқиб кетиш ҳақида бир фикр юритиб, шундай қилсангиз дегандим". Шайх айтадиларки: "Мен даъват қилаётган йўл Аллоҳнинг дини, Ла илаҳа илаллоҳ калимаси ва Муҳаммадур Росулуллоҳ деб гувоҳлик беришни ҳаётда ҳаққирост амалга оширишдир. Ким ушбу динни маҳкам тутса, унга ёрдам қўлини чўзса ва ушбу ишида ростгўй бўлса, албатта Аллоҳ таоло унга нусрат бериб, қўллаб-қувватлайди ва душманлари устидан ҳукмронлик беради. Агар сабр қилиб, ушбу йўлда тўғри-устивор бўлсангиз ва ушбу яхшиликни қабул этсангиз хурсанд бўлаверинг. Яқин келажакда Аллоҳ сизга Ўз нусратини бериб, бадавий ва бошқалардан сизни Ўзи ҳимоя қилади. Ва тезда сизни унинг ва унга тобе бўлган шаҳарларига эга қилади". Ҳоким Усмон эса шайхга жавобан шундай деди: "Эй шайх биз унга қарши урушишга кучимиз етмайди. Унга қаршилик кўрсатишга сабр қилолмаймиз". Шундан кейин шайх Уяйнадан бош олиб чиқиб, Даръийя вилояти сари равона бўладилар. Айтишларича Даръийя вилоятига пиёда юриб борадилар. Усмон у кишини ҳайдаб чиқармайди. Шайх Уяйнадан куннинг аввалги қисмида пиёда йўлга тушиб, ўша куннинг кечки қисмидаёқ Даръийяга етиб келадилар. Шайх шаҳар юқорисидаги ҳурматли бир хонадонга кирадилар. Хонадон соҳиби Муҳаммад ибн Сувайлим ал-Урайний деган одам эди. Шайх унинг ҳузурида бир муддат қўним топадилар. Айтишларича ушбу киши шайх унинг уйига тушганларидан хавфсираган экан. Ер кенг бўлишига қарамасдан унга торлик қилиб қолган экан. Сабаби у Даръийя ҳукмдори Муҳаммад ибн Саъуддан қўрққан экан. Шунда шайх унинг кўнглига илиқлик олиб кириб айтган эканларки: "Хурсанд бўлавер, ҳаммаси яхши бўлади. Мен одамларни даъват қилаётганим ушбу йўл Аллоҳнинг динидир. Аллоҳ тезда уни ғолиб қилади". Муҳаммад ибн Саъуднинг қулоғига шайх Муҳаммаднинг келганлари ҳақидаги хабар етиб боради. Айтишларича Муҳаммад ибн Саъудга ушбу хабарни етказган, ўзининг рафиқаси бўлган экан. Аёлнинг олдига айрим солиҳ кишилар келиб, шундай дейишган экан: "Муҳаммадни ушбу кишидан бохабар қилинг. Уни шайхнинг даъватини қабул қилишга, унга ёрдам бериб, елкама-елка туришга тарғиб қилинг". У иффатли, солиҳа аёл эди. Даръийя вилоятининг амири Муҳаммад ибн Сауд унинг ҳузурига киргач, аёл унга шундай деди: "Ушбу улкан бахтдан хурсанд бўлинг! Бу бахтни Аллоҳ таоло сизга насиб айлади. Аллоҳнинг динига, Китобига ва Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига даъват қиладиган бир даъватчи (сизнинг амирлигингиза келибди). Ахир бундан ҳам катта бахт борми?! Уни қабул айлаб, ёрдам қўлини чўзишга шошилинг. Бу борада асло иккиланманг". Амир ушбу маслаҳатни қабул қилди. Сўнг уни олдига ўзим бораймикин ёки ўзини ҳузуримга чақираймикин деб ўйлаб қолди. Унга ўзингиз уни олдига боринг деган фикрга ишора қилишди. Айтилишича бу сафар ҳам ўша аёл бир жамоа солиҳ кишилар билан амирни ушбу ишга ундаб, айтишган эканки: "У кишини ўзингизнинг ҳузурингизга чақиртиришингиз ярашмайди. Балки ўзингиз унинг манзилига боришингиз, илмни ва эзгуликка даъват қилувчини ҳурматини жойига қўйишингиз лозим бўлади". Амир –Аллоҳ таоло у кишини ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғчаларидан қилсин- Аллоҳ таоло у кишига саодат ва яхшиликни китобат қилган эканки, ушбу таклифни лаббай деб қабул қилди. Амир Муҳаммад ибн Сувайлимнинг уйидаги шайхнинг олдига бориб, унга салом берди ва ўзаро суҳбат қуришди. Амир шайхга шундай деди: "Эй шайх Муҳаммд, нусрат, омонлик ва (бундан буёғига биз сиз билан) елкама-елка турар эканмиз, энди хурсанд бўлаверинг". Шайх эса амирга шундай деди: "Сиз ҳам нусрат, ер юзида ғолиб бўлиш ва гўзал оқибат билан хурсанд бўлинг. Бу Аллоҳни динидирки, ким унга ёрдам қўлини чўзса, Аллоҳ таоло унга нусрат беради. Ким ушбу динни қўллаб-қувватласа, Аллоҳ таоло уни ҳам қўллаб-қувватлайди. Бунинг нишонасини тезда ўз ҳаётингизда кўрасиз. Шунда амир айтдики: "Эй шайх, сизга Аллоҳ ва Росулининг дини ҳамда Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишга байъат бераман. Бироқ сизни қўллаб-қувватлаб, ёрдам қўлини чўзсак ва Аллоҳ таоло сизни ислом душманлари устидан ғолиб қилгач, бизни ташлаб, бошқа бир ерга кўчиб кетармикинсиз деб хавотирланаман". Шунда шайх: "Йўқ асло. Мен ҳам сизга кемага тушганни жони бир дея байъат бераманки, сизнинг диёрингизни ҳеч қачон ташлаб кетмайман", деди. Демак шайх ҳам амирга ўзаро ёрдам қўлини чўзиш ва ушбу диёрда қолишга байъат берди. Ҳақиқатда шайх амирнинг ҳузурида қолиб, у билан елкама-елка туриб, Аллоҳнинг дини ғолиб бўлгунга қадар Унинг йўлида биргаликда кураш олиб борди. Чунки байъат ушбулар асосида тўла якун топганди. Одамлар Даръийяга турли ерлардан, Уяйна, Арқо, Манфуҳа, Риёз ва булардан бошқа ён атрофдаги шаҳарлардан оқиб кела бошлашди. Даръийя одамлар турли ерлардан ҳижрат қилиб борадиган бир жойга айланганди. Халойиқ шайх ҳақидаги хабарлар, Даръийяда олиб бораётган дарслари, Аллоҳнинг йўлига даъват қилиб, йўл-йўриқ кўрсатишларини бир-бирларидан эшитиб, тўп-тўп ва якка-якка ҳолда кела бошлашди. Шайх Даръийяда ҳурматлари жойига қўйиладиган, барча ёрдам қўлини чўзадиган ва севимли бир киши бўлдилар. Ақида, Қуръони Карим, тафсир, фиқҳ, ҳадис ва унинг илмлари, араб тилига оид илмлар, тарих ва бундан бошқа фойдали имлардан иборат дарсларни йўлга қўйдилар.
Одамлар турли ерлардан келиб, шайхнинг ҳузурида илм олишди. Шайх оммага ҳам, хос (толиби илмлар)га ҳам мунтазам дарслар уюштирдилар. Шайх Даръийяда илмни кенг ёйиб, даъватда бардавом бўлиб қолдилар. Сўнг жиҳод (босқичини) бошлаб, одамларга ушбу (даъват) майдонига киришлари ва ўлкаларидаги ширкни илдизи билан қўпориб ташлаш ҳақида номалар йўлладилар. Ишни Нажддан бошлаб, унинг ҳукмдорлари ва уламоларига хат жўнатдилар. Риёз уламоларига, (хоссатан) унинг амири Даҳҳам ибн Даввасга ҳам хат ёздилар. Яна Харж уламолари ва раҳбарларига, жанубий қисмдаги, Қусайм, Ҳаил, Вашм, Судайр ва бундан бошқа шаҳар уламоларига хатлар жўнатдилар. Турли диёрлардаги уламолар ва раҳбарларга номалар йўллашда давом этавердилар. Ҳудди шундай Аҳсо, икки ҳарам, мамлакат ташқарисидаги Миср, Шом, Ироқ, Ҳиндистон, Яман ва булардан бошқа диёр уламоларига номалар жўнатиб, ҳужжатни қоим қилиб, инсониятнинг кўпи бўғизигача ботган ширк ва бидъатларни эслатардилар. Бундан ушбу динга ёрдам қўлини чўзадиганлар йўқ эканда деган маъно келиб чиқмайди. Балки диннинг ёрдамчилари доим мавжуддир. Аллоҳ жалла ва ала ушбу динга ёрдамчиларни чиқариб қўйишлигини Ўз зиммасига олган. Набий алайҳиссалоту ва саллам айтганларидек ушбу уммат ичида бир тоифа ҳақ устида ғолиб бўлганча давом этиб бораверади. Шу сабабли ўша кезларда ҳам ернинг қолган бурчакларида ҳаққа ёрдам қўлини чўзганлар бор бўлган. Бироқ гап ҳозир Нажд диёрлари ҳақида кетяпти. Ушбу диёрларда Аллоҳ таологина санаб адоғига етадиган ёмонлик, фасод, ширк, хурофотлар бор эди. Шу билан бирга ушбу ўлкаларда аҳли хайр бўлган уламолар ҳам бор эди. Бироқ уларга даъватда фаол ҳаракат олиб бориш ҳамда уни лозим бўлганидек адо этиш насиб этмаганди.