Биринчи иш: Қоидалар
Қоидаларга келсак, уларнинг маъноси нима эканлигини билишда биз эҳтиёж сезадиган нарса бу- биз қоидалар деганимизда, уламолар нимани назарда тутишларини билиб олишимиз керак.
Араб тилида қоида дегани бу:
“Бир бобга тегишли бўлган кўплаб, бевосита, фиқҳий жузъиятларнинг ҳукмини билдирувчи куллий-умумий ҳукмдир”.
Таърифнинг шарҳи:
“Ҳукм”: бир ишни бошқасига исбот ёки нафий қилиш эҳтимоли билан нисбатлашдир.
“Фалончи тўғрисўздир”. Бу ҳукмдир. Тўғрисўзликни фалончига нисбатладим. У тўғрисўз бўлишлиги ҳам мумкин, бўлмаслиги ҳам мумкин. Мана шу ҳукмдир.
Шунинг учун ҳам баъзи аҳли илмлар фиқҳий қоидаларни таъбирлаб “ҳукм” сўзи ўрнига “қозийя” сўзини ишлатишади. Уларнинг маънолари бирдир.
Чунки қазонинг маъноси нима? “Кишининг бир ишни бошқа бировга исбот ёки нафий қилиш эҳтимоли билан нисбатлашидир”. Яъни бир одам, масалан, бошқа бировнинг ўз ерини тортиб олганлиги нисбати билан маҳкамага ишини кўтаради. Эҳтимол бу нарса собит бўлган ва эҳтимолки бўлмаган.
Демак биз ҳукм ёки қозийя десак маъно бир хил бўлаверади.
“Куллий-умумий ҳукм”, арабчада “куллий” деган лафз билан келиб “умумий” деган маънони англатган ушбу сўз- арабча “кулл” (“ҳамма” маъносини билдиради) сўзидан келиб чиққандир. Фиқҳий қоидалар қувват билан умумийдир. Яъни жамики бўлаклар учун тўғри келаверади.
Хўп, баъзилар айтиши мумкинки: “Қандай қилиб “куллий-умумий” дейсиз, ахир уларда истиснолар борку?”- деб. (Фиқҳий қоидаларда истиснолар бўлади. Биз иншааАллоҳ дарсларимизда буларни зикр қилиб ўтамиз).
Айтамизки: барча мустасноларда, уларга хос бўлган сифати ёки уни қоидага киришликдан тўсувчи бирор монеълиги бўлиши лозим. Шуларнинг юзасидан у аслида қоидага кирмайди.
Субҳаналлоҳ! Ушбу шариат барча нарсаларда, ҳаттоки аҳкомларда ҳам одилдир. Роббимиз иккита ҳар томонлама тенг бўлган нарсаларнинг ҳукмини орасини ажратмади. Қачонки биз ҳукми фарқли бўлган иккита нарсани кўрсак, биламизки, демак уларнинг орасида фарқ бор. Агарчи бизга уларнинг тафсилоти зоҳир бўлмаса ҳам. Шариат барча нарсада одилдир. Агарда биз қоидада истисно топсак, билишимиз лозимки, айни шу ўринда уни қоидадан чиқишини тақозо қилувчи бирор фарқи бўлади. Шунинг юзасидан у ўзидаги ана шу фарқ туфайли аслида қоидага дохил бўлмаган бўлади.
“Билдирувчи куллий ҳукмдир” (ушбу жумладаги “билдирувчи” деб таржима қилганимиз арабчада “йутаъаррофу” бўлиб келган. Шайх бу ерда араб тили луғатига хос баъзи нуқталарни айтиб кетадилар. Биз давомида таржимани шундоқ келтирдик).
Биз яърифу ёки юърофу демадик. Балки ютаъаррофу дедик. Луғат қоидасида айтиладики: “Сўз биносидаги зиёда агар битта ўзакдан бўлса, маънодаги зиёдаликни ифодалайди”
Яъни бу мутлақо эмас. Агарда ўзак битта бўлсагина сўз биносидаги зиёда маънодаги ўзгачаликни ифодалайди. Демак, сўз биносидаги зиёдалик маънодаги зиёдаликдир. “Йуърофу” ва “йутаъаррофу” сўзларининг ўзаги бир бўлсада, “йутаъаррофу” сўзининг тузилишида зиёдалик бор. Демакки маънода ҳам зиёдалик бор. Яъни “йутаъаррофу” дегани- зеҳннинг ишлашига эҳтиёж бўлишидир. Тўғридан тўғри билиб қолмайди. Балки сиз ўз зеҳнингизни яхшилаб ишлатишликка ҳаракат қилишингиз керак бўлади.
“Фиқҳий жузъиятларнинг ҳукмини билдирувчи куллий-умумий ҳукмдир”, яъни фиқҳий масалаларнинг бўлакма бўлак равишда деганидир.
“Бевосита” яъни сиз қоидани ўзидан, қоидани лафзидан ҳукмни билиб оласиз.
Бизни ҳузуримизга бир киши келиб айтади: “Эй шайх, мен пешин намозига таҳорат олиб, пешин намозини ўқидим. Сўнгра аср намозига азон айтилди. Таҳоратим кетган кетмаганлигида иккиланиб қолдим. Лекин мен таҳорат қилмадимда, асрни ўқидим. Энди шайтон мени, сен таҳоратсиз ҳолатда асрни ўқидинг дея васваса қила бошлади. Мен ўқиган аср намозим тўғрими?
Унга айтамизки: “Ҳа. Аср намози тўғри ўқилгандир. Чунки “Яқийн шак ила завол топмас”. Сиз аниқ биласизки таҳорат қилгансиз. Унинг кетганлигида иккиланяпсиз. Ва “яқийн шак ила завол топмас”. Мана шу қоиданинг лафзидан сиз фиқҳий жузънинг ҳукмини бевосита билаяпсиз.
Айнан мана шу “бевосита” деган сўзимиз билан усул қоидаси ва фиқҳ қоидасининг ораси фарқланади. Яъни усулул фиқҳда ҳукм тўғридан тўғри билинмайди.
Яъни масалан: бир киши келсада, сўрасаки: “Эй шайх, соқол қўйишнинг ҳукми нима?”
Мен унга айтаманки: “Эй суюкли биродарим, соқол қўйиш вожибдир. Чунки “буйруқ вожибга далолат қилади”.
Мана шу ерда ҳолат очиқ ойдин эмас. Яъни соқол қўйишлик билан буйруқнинг вожибга далолат қилиш орасида қандай алоқа бор? Мен шунда қуйидаги сўзларни айтишим керак: “Соқол қўйишлик вожибдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки:
“Соқолни қўйинглар!”, “соқолга тегманглар!”, “соқолни ҳурматланглар!” (Ушбу ҳадис Бухорий, Муслим ва бошқаларнинг ривоятларида турлича лафзлар билан келгандир). Буларнинг барчаси буйруқдир. Буйруқ эса вожибга далолат қилади.
“Бир бобга тегишли бўлган кўплаб”, ушбу таъриф барча уламолар эмас баъзи аҳли илмларнинг наздидадир. Чунки битта боб кирган нарсани зобит дейилади. Қоидага эса кўплаб боблар киради.
Масалан айтамизки, “идишлардаги асл уларнинг пок эканликларидир”. Бу идишлар бобига хос бўлган ҳолатдир. Баъзи аҳли илмлар айтишадики: “Бу нарса қоида эмас балки зобитдир. Чунки унга кўплаб боблар кирмайди”.
Агар бир киши:
“Фиқҳий қоида нима дегани? Унинг маъноси нима?”- деб сўраса, биз:
“Кўплаб масалаларга қўлланиладиган, фиқҳий ҳукмни ўз ичига олувчи мўъжаз калимадир”- деб жавоб берамиз.
Қоидада мўъжазлик бўлиши лозимдир. Қоида саҳифани тўлдириб келмайди. Балки икки калима, уч калима, ярим сатр, бир сатр, бир ярим сатр бўлиб келади.
“Фиқҳий ҳукмни ўз ичига олувчи”, яъни унда эшитиладиган ва тушуниладиган фиқҳий бирор ҳукм бўлиши лозимдир. “Ишлар мақсадга кўрадир”, “яқийн шак ила завол топмас”, “зарар беришлик йўқ, зарар кўришлик ҳам йўқ” ёки “зарар кетувчидир”, “одатлар бошқарувчидир” ва ҳоказо. Мана буларнинг ҳаммасида ҳукм борки, уларни эшитишлигингиз билан тушунасиз.
“Кўплаб масалаларга қўлланиладиган”, яъни бундаги қоида бир ёки икки масала учун эмас, балки қоида деганда унинг остига кўплаб масалалар кириб кетади.
Ушбу муқаддимадаги фиқҳий қоидаларга оид бўлган яна бир жуда ҳам муҳим бўлган нарса борки, у ҳам бўлса: фиқҳий қоидалар уларга суяниладиган ҳужжатми ёки йўқми, деган масаладир?
Уламолар бу масалада ихтилоф қилишди:
Баъзи аҳли илмлар айтишдики: “Фиқҳий қоидалар ҳужжат бўлолмайди. Чунки улар уламоларнинг сўзларидандир. Баски, агар уламолар унинг борасида ижмоъ қилмаган бўлсалар, улар ўзларича ҳужжат бўла олишмайди”.
Яна баъзи аҳли илмлар айтишдики: “Фиқҳий қоидалар ҳужжатдир. Чунки уларнинг ҳукмлари далил билан қарор топган бўлади”.
Ушбу масаладаги зоҳир шуки, яна Аллоҳ билгувчироқ, фиқҳий қоидалар тафсил билан ҳужжат бўла олади. Яъни, мен толиби илм бўлган ҳолимда, менинг олдимга бир оми киши келсада, бир масала ҳақида сўраса, унга ҳукмни зикр қилишимда фиқҳий қоидага суянишим тўғри бўладими?
Мана шу ҳолатда бизга зоҳир бўлгани асосида айтамизки, яна Аллоҳ билгувчироқ, ушбу ҳолат тафсил билан жоиз бўлади. Чунки қоидалар учта ҳолатда бўлади:
Биринчи ҳолат: Қоидалар нассларнинг лафзларидан олинади.
Масалан: “Харажат кафолат берувчидандир” деган қоида.
“Харажат кафолат берувчидандир” қоидаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидаги лафздан олингандир.
Масалан олдимга бир киши келиб айтаяпти: “Эй шайх, мен бир машина сотиб олдим. Ва уни ҳайдаб юрдим. Сафарга бориб келдим. Шаҳар бўйлаб миниб юрдим. Сўнгра унинг айби чиқиб қолди ва уни сотувчига қайтариб бердим. Энди мен мана шу машинадан фойдаланганим муқобилига ҳақ тўлашим керакми? Чунки ҳозирда мен машинани қайтариб бериб, тўлаган пулимни қайтариб олаяпман. Фойдаланганим учун ҳақ ташлаб кетишим керакми?
Шунда мен: “Йўқ. Чунки “харажат кафолат берувчидандир””- деб жавоб айтаман.
“Харажат” бу нарсадан фойдаланишдир. “Кафолат берувчидандир” дегани яъни кафолатнинг эвазига. Агар сиз машина сотиб олсангизда талофат етказсангиз, унинг кафолати кимга бўлади? Сизнинг бўйнингизга. Сиз қайтариб берадиган пул фақат сиз қилган айб учунгина бўлади.
Модомики, кафолат сизнинг бўйнингиздами, харажат ҳам сиздан бўлади. Уни ижарага берсангиз, ундан ҳақ оладиган бўлсангиз ҳаммаси сизни бўйнингизда бўлади. Чунки кафолат берувчи сизсиз. Мен у кишига айтаманки: “Сизга ҳеч нарса қайтариш вожиб эмас. Чунки “харажат кафолат берувчидандир” деган қоидага биноан”.
Ёки бўлмасам, мени олдимга яна бир киши келсада, айтсаки: “Эй шайх, сигарета чекишнинг ҳукми нима?”
Мен унга айтаманки: “Сигарета чекиш ҳаромдир! Чунки “зарар кўришлик йўқ, зарар беришлик ҳам йўқ”. Сигарета чекишда зарар кўришлик ҳам бор, зарар беришлик ҳам бордир”.
Ушбу зикр қилинганлар, ҳақиқатда олиб қаралса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадислардаги сўзлардирки, уламолар уларни қоида қилиб олишган. Агарчи нассни зикр қилишлик яхшироқ ва авлороқ бўлсада. Яъни масалан: “Сизга ҳеч нарсани қайтариб беришлик вожиб бўлмайди, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки:
“Харажат кафолат берувчидандир” (Ушбу ҳадисни Имом Аҳмад ва “Сунан” эгалари ривоят қилишган)- деб айтишлик авлороқ ва афзалроқ бўлади. Ҳукм жиҳатидан бир хил бўлса ҳам.
Иккинчи ҳолат: Қоидалар нассларнинг маъносидан олинишлиги.
Бу ерда ҳам ҳужжат қилиб келтиришлик мумкин бўлади. Чунки далил учун саҳиҳ бўлган нарсанинг маъносини ҳужжат қилишлик жоиздир.
Масалан, мени ҳузуримга бир киши келиб айтсаки: “Эй шайх, кишига ароқ ичяпман деган ният билан сув ичишлиги мумкинми?”
Унга жавобан айтаманки: “Йўқ мумкин эмас! Чунки “ишлар мақсадга кўрадир””.
Мана шу ерда ишлатилган ушбу қоида нассларнинг йиғиндисидан, нассларнинг маъноларидан олингандир. Айни мана шу масала жудаям муҳимдир.
Ҳузуримга яна бир шахс келиб айтсаки: “Мен талоқ қилишлик нияти билан уйлансам бўладими?” Бу борада яна, иншааАллоҳ, биз сўз юритадиган қоидалар орасида келадиган қоидада батафсилроқ сўз юритамиз.
У кишига жавобан айтамизки: “Йўқ, мумкин эмас. Агарчи бу борада уламоларнинг жумҳури мумкин десада, биз: “Йўқ, мумкин эмас. Талоқ нияти билан уйланишингиз мумкин эмас. Чунки “ишлар мақсадга кўрадир”, “ниятлар келишувларга таъсир этувчидир”- деб айтамиз.
Учинчи ҳолат: Қоидалар истиқроий бўлади.
Яъни улар ҳукмларни кузатишликдан келиб чиққан бўлади. Уларга хос далил бўлмайди.
Мана шу ерда унинг ҳукми қиёснинг ҳукми каби бўлади. Тоинки бирор далил бор бўларкан, уларни ҳужжат қилинмайди. Чунки Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтадиларки:
“Фақиҳ учун қиёс, иложсиз қолганга ўлимтик ҳалол бўлгани кабидир”. Фақиҳнинг бирор насс бўлатуриб қиёсдан фойдаланиши мумкин эмас. Лекин далил тополмасагина унга қиёсдан фойдаланиши мумкин бўлади. Демак ушбу ҳолатдаги қоидалар билан қиёс каби муомалада бўлинади. Яъни бизга бир масала келса, биз унга хос бирор далил қидирамиз. Агарда тополмасак, у ҳолда уни истиқроий қоидага боғлаймиз.
Масалан, бир киши келиб айтди: “Эй шайх, мен уйимни сотдим. Ва унинг кираверишидаги йўлакда хурмо бор. Хурмо мевалари борасида биз савдода келишмаганмиз. Уйимни сотдим. Энди мен мана шу хурмоларни йиғиб олмоқчи эдим. Ушбу хурмоларни олишлигим жоиз бўладими?”
Шунда, агар мен у кишининг шаҳри аҳлидан бўлмасам, ундан сўрайман: “Сизлардаги урфга кўра кираверишдаги хурмо уйники ҳисобланадими ёки уйники эмас деб ҳисобланадими?”
Агарда у уйдан деб ҳисобланса, уни олиш сизга жоиз бўлмайди. Нима учун? Чунки “эргашувчи эргашувчидир” деган қоидага биноан. Яъни, мавжудликда ва номланишида бирор нарсага эргашувчи нарса, ҳукмда ҳам унга эргашувчи бўлади. Демакки, сиз уйингизни сотаркансиз, унга хурмо ҳам кирадида, уни олишлик сизга мумкин бўлмай қолади. Мана шу ерда биз ушбу масалани унинг ўхшашларига боғладик. Яъни у “ҳар қандай нарсаки, мавжудликда бирор нарсага эргашаркан, ҳукмида ҳам унга эргашади”. Тоинки унинг учун далил келиб, ушбу ҳолатдан уни мустасно қилмагунича.
Демак, фиқҳий қоидаларни юқоридаги санаб ўтган тафсилотларимиз билан ҳужжат қилиб ишлатсак бўлади.
Бу борада қоидаларга тегишли яна бир қанча нарсалар борку аммо биз ўзимизга керакли бўлганлари билан қисқароқ қилақоламиз.
Иккинчи иш: Савдо
Савдо дегани уламолар наздида нима? Савдо луғатда: бир нарсани бошқа бир нарсага алмашишдир.
Мана шу савдонинг луғавий маъносидир. Чунки савдо исломдан олдинги даврда бўлган, унинг луғатдаги маъноси бор ва араблар уни яхши билишган. Яъники, уларнинг наздларида савдо бир нарсани бошқасига айирбошлашдир. Ҳар қандай нарсада алмаштиришлик бўлса, шуни савдо деб аталади.
Араб тилида савдо сўзини англатувчи “байъ” сўзи бериш маъносида ҳам келади, олиш маъносида ҳам келади. Яъни сотишни ҳам байъ дейилади олишни ҳам байъ дейилади. Шунинг учун ҳам луғат китобларида уни қарама қарши маъноли сўзлардандир дейилади. Яъни уни икки қарама карши маънога ҳам бирдек ишлатилаверилади. Товарни берувчини “боиъ” дейилса, товарни олувчи ҳам “боиъ” деб аталаверади. Масалан сиз “биъту” (сотдим) сўзини товар берганингиз маъносида ишлатсангиз, яна “биъту” деб товар сотиб олганингизни ҳам ифодалашингиз мумкинки, бу икки ҳолат ҳам луғавий жиҳатдан тўғри бўлаверади.
Истилоҳда савдо сўзини англатувчи “байъ” сўзининг келиб чиқиши борасида уламолар ихтилоф қилишган.
Кўпчилик фуқаҳолар айтишадики: “Ушбу сўз қарич маъносини англатувчи “бааъ” деган сўздан келиб чиққандир”. Нима учун дейилса, айтишадики: “Чунки савдо қилувчиларнинг ҳар иккаласи бир-бирига битим келишуви тугагач қўлларини қаричларини очиб узатишади. Ва бир бирларининг қўлларини сиқиб қўйишади. Мана шундан савдони “байъ” деб аташ келиб чиққан”.
Энг ҳаққа яқин сўз, луғат олимларининг қуйидаги сўзларидир. Яъни, савдони байъ деб аташликнинг асли эгалик қилди маъносини англатувчи “бааъ” сўзидан келиб чиққандир. Чунки байъ мулкка эгаликни тақозо қилади.
Аммо савдонинг истилоҳдаги маъносига келсак, бу борада уламоларнинг кўплаб таърифлари мавжуддир. Мен мана шулардан ўзимнинг наздимдаги энг диққатлисини келтираман. Яна Аллоҳ билгувчироқдир.
Савдо (байъ) бу:
“Рибосиз ва қарзсиз ҳолатда, молни, агарчи у зиммада бўлса ҳам, ёки мубоҳ бўлган манфаатни бирортасининг мисличасига умрбод қолишликка алмашиш”.
Таърифнинг шарҳи:
“Алмашиш”: Ушбу сўз арабчада “мубодала” деб аталиб, луғат олимларининг наздида у “муфоъала” вазнида дейилади. “Муфоъала” вазнидаги сўзларда иккита тараф бўлиши лозимдир. Савдода икки тараф бўлиши шартдир. Шунинг учун ҳам киши ўзига ўзи нарса сотолмайди. Иккинчи тараф бўлишлиги лозимдир.
“Молни алмашиш”: Ҳозирда биз мол деганда, урфга кўра, дарров пулни тасаввур қиламиз. Фуқаҳоларнинг наздидаги мурод фақатгина бу эмас, балки мол барча манфаат берувчи ва эгалик қилинувчи нарсаларни ўз ичига олади.
Пуллар молдир. Китоб молдир. Машина молдир. Қалам молдир. Демак, мол нима экан?
“Ундан фойдаланадиган ва эгаликни қабул қиладиган нарсадир”. Мана шу молдир.
Демак, бир киши машинасини машинага алмашмоқчими, бу савдодир. Агар китобни дафтарга алмашмоқчи бўлса, бу ҳам савдодир. Агар машинани пулга алмашмоқчи бўлса, бу ҳам савдодир.
“Молни, агарчи у зиммада бўлса ҳам алмашиш”: Шу ерда фуқаҳолар ишора қилишадики, сотилувчи нарса:
- Баъзида, ҳозир бўлиб турган муъайян нарса бўлади. Масалан, мана шу машинани сотдим... Демак, мана шу машина ҳозир бўлиб турибди. Чунки йўқ нарсага ишора қилиб бўлмайди.
- Ва баъзида, алмашишлик, ундан жаҳолатни ва ёлғонни кўтарадиган аниқ сифатлари билан сифатланадиган зиммадаги муъайн бир нарсанинг устида бўлади. Яъни унинг айни ўзи мавжуд эмас. Лекин у нарса ўз эгасининг зиммасидаки:
а) ёки у нарса ғоиб. Масалан, бошқа шаҳардаги уй. Айтадики, мен сенга ўзимнинг фалон фалон фалон сифатларга эга уйимни сотаман.
б) ёки у нарса аслида мавжуд эмас, балки келажакда пайдо бўлади. Ва бу нарсани салам савдоси дейилади. Мана шу савдони зиммадаги деб сифатланади.
Демак, сотилувчи нарса:
1. Гоҳида айни ўзи мавжуд бўлади.
2. Гоҳида сотувчининг зиммасида бўлади.
Сотувчининг зиммасида:
- ёки у чин маънода мавжуд бўладию лекин уни кўриб бўлмайди. Ва унинг сифати ундан жаҳолат ва алдовни кўтарадиган даражада сифатланган бўлади.
- ёки аслида у мавжуд бўлмайди. Ва бу ҳолат саламга хос бўлади.
“Ёки мубоҳ бўлган манфаатни”: Манфаат айн эмас, лекин у бирор айн ёки шунга ўхшаш нарсадан ҳосил бўлади. Масалан, бир кишининг уйи бор. Ва бу уй жуда узоққа қараб чўзилиб кетган. Орқасида турадиган қўшнилари келиб: “Аллоҳ ҳаққики, бизга уйингизни айланиб ўтиб масжидга бориш машаққат туғдиряпти. МашааАллоҳ, сизнинг уйингиз жуда ҳам узунда. Шунга биз сиздан ерингиздан кесиб ўтишлик манфаатини сотиб олмоқчимиз. Бизга бир йўл очиб берсангиз. Сиздан кесиб ўтишлик манфаатини сотиб олмоқчимиз”- дейишса, бу савдо бўлади.
Хўп, нега бу ижара эмас?
Чунки бунда умрбодлик бор. Муддат билан чегараланмаяпти. Ундан мана шу манфаатни сотиб олиняпти. Ерга эгалик қилишмайди, лекин кесиб ўтишлик манфаатига умрбод эга бўлишади.
Ушбу бобга яна ҳозирда “бўшатиб бериш савдоси” маъносини англатувчи “байъ ал хулув” деган савдо ҳам киради.
Яъни масалан, бир киши бир жойни ижарага олган. Бу жой бозорда жойлашган. Унинг номи чиққан. Таниқли бўлиб кетган. Одамлар унга навбатда туришади. Унинг фойдаси зўр. У жойга эгалик қилмайди. Ижарада ўтиради. Бир киши келиб: “100000 олингда, шу жойни беринг”- деса, бунинг маъноси ушбу маблағ эвазига мана шу жойдан олинаётган манфаатни сотиб олиш бўлади.
Ушбу масаладаги саҳиҳ гап шуки, бундай савдо ижара келишуви тугамаган бўлишлиги билан жоиздир. Ижарага олувчининг ижара муддати тугаб, жойни бўшатаётган бўлмаслиги керак. Келишув қоим бўлиши керак.
Инсонга ўзи асос солган, одамлар орасида шуҳрат қозонган жойининг манфаатини молга алмашишлиги мумкин. Лекин ушбу манфаатдаги шарт шуки, у мутлоқ мубоҳлик билан мубоҳ бўлиши лозимдир. Бу борада, иншааАллоҳ, яқиндаги мавзуда сўз юритамиз. Мутлоқ мубоҳлик дегани яъни ҳеч қандай қайдсиз деганидир. Қуйида келадиган мавзулардан бирида биз, иншааАллоҳ, ит савдоси масаласига тўхталамиз. Бу ҳақда, иншааАллоҳ, сўз юритамиз, чунки у ҳозирги куннинг муҳим бўлган масалаларидан биридир.
“Бирортасининг мисличасига”. Демак, савдо гоҳида молни манфаатга алмашиш билан бўлса, гоҳида молни молга алмашиш билан бўлади. Ва яна баъзида манфаатни молга алмашиш билан ҳам бўлади. Муҳими икки тарафдан бирида ё мол ва ё манфаат бўлиши керак. Шунингдек, иккинчи тарафда ҳам мол ёки манфаат бўлиши лозимдир.
“Умрбод қолишликка”: Ушбу сўзни келтиришдан мақсад, маънодан ижара тушунилмаслиги учундир. Чунки ижара бу манфаатни молга вақтинчаликка алмашишдир. Умрбодликка эмас.
“Рибосиз”: Нима учун уламолар рибо деб истисно қилишяпти? Чунки юқоридаги маънони рибога ҳам татбиқ қилса бўлади. Молни, агарчи у зиммада бўлса ҳам, молга умрбод қолишликка алмашишлик. Ушбу таърифдан рибони ҳам тушунишлик мумкин бўлганлиги учун рибосиз дейилиб, рибони мустасно қилиняпти.
“Ва қарзсиз”: Шунингдек қарз ҳам уламолар истилоҳида савдо деб аталмайди.
Мана шу савдонинг таърифидир.
Шу ерда яна фуқаҳолар наздида
савдо учун лозим бўлган сифатлар деб аталувчи ҳолатлар ҳам бордир.
Улар савдонинг ҳақиқатидандир. Ушбу сифатлардан бири:
- Сармояга кафолат бермаслик ҳамда унинг фойдасига ҳам кафолат бермаслик.
Савдо шундай нарсаки, унда хатар бўлади. Сармоянинг ҳаммаси кетиб қолиши ҳам мумкин ёки шундоқ қолиши ва ёки кўпайиб кетиши ҳам мумкин. Сотилаётган нарсага умрбод қолишлигини кафолатлаш тўғри бўлмайди. Масалан айтсаки: “Мен сизга ушбу товар учун бир умрга кафолат бераман!” Табиийки, воқеъликдан хабар бериш бир нарса бўлса, кафолат бериш бошқа нарсадир. Тикилган сармояга кафолат олинмайди, балки киши унинг кетиб қолишини ҳисобга олиши керакдир. Шунингдек унинг фойдасига ҳам кафолат берилмайди. Балки ундан фойда кўради, балки кўрмайди. Бироз қуйида ушбу сифатга тааллуқли бўлган замонавий масалалардан мисоллар келтирамиз.
Учинчи иш: Молиявий муомалотлар.
Молиявий муомалотлар истилоҳи икки “муомалот” ва “мол” сўзларидан таркиб топгандир. Муомалот юқорида айтганимиздек, иккита тараф томонидан бўладиган ҳаракатдир. Фуқаҳоларнинг наздида муомалот деганда: “кишиларнинг муомалалари учун тузилган шаръий аҳкомлар” -тушунилади.
Мана шу фуқаҳоларнинг наздида муомалот деб аталади. Лекин шу билан бирга улар юқоридаги маъно молиявий муомалотлардан кўра умумийроқдир деб мулоҳаза қилишади. Шунинг учун ҳам баъзи фуқаҳолар муомалотлар беш хилдир деб айтишади: молиявий муавазотлар, мунакаҳотлар, мухосаматлар, омонатлар ва тарикатлар.
Молиявий муовазотлар масалан, савдо ва ижаралардир.
Мунакаҳотлар: уйланиш ва никоҳ каби муомалотлар.
Мухосаматлар: яъни низо ва қозилик масалаларидан иборат муомалотлар.
Омонатлар: омонат ва шунга ўхшаш муомалотлар.
Тарикатлар: яъни қолдирилган меросни тақсимлаш каби муомалотлар.
Мана шунинг учун ҳам муомалотларни “молиявий” деган сўз билан қайд қилишликка эҳтиёж сезамиз. Тоинки, қолган бешта қисмдан ажратиб олиш учун. Демак, модомики муомалотларнинг умумий бўлган маъноси: “кишиларнинг муомалалари учун тузилган шаръий аҳкомлар” деб таърифланар экан, биз унга молиявий сўзини қўшиб ўзимизга керакли маънога қайдлаб оламиз.
Шунда маъно қуйидагича кўринишга келади: “кишиларнинг молиявий муомалалари учун тузилган шаръий аҳкомлар”. Мол эса юқорида айтиб ўтганимиздек умумий маънода қўлланилади. Яъни у: “Ундан фойдаланадиган ва эгаликни қабул қиладиган нарсадир”. Мана шу маънолардан келиб чиқадики, савдо ҳам молиявий муомалотларнинг бир бўлагидир.
Мана шу ерда баъзи истилоҳлар борки, улар муомалавий масалаларда кўплаб қўлланилади. Уларга ишора қилиб ўтишликни лозим деб топаман, тоинки бизларда улар ҳақида фиқҳий тушунча бўлсин учун. Чунки, бизнинг ҳоҳишимиз шуки, бизда савдо борасида тўғри ва тўлиқ билим бўлсин. Чунки, фиқҳ борасидаги дарс олинаётганда жуда ҳам муҳим бўлган нарса шуки, фиқҳ малака, яъни кўникмалар билан дарс қилинади. Сиз фиқҳдан фойдалана олишингиз учун сизга малака зарурдир.
Шунинг учун ҳам кўплаб толиби илмлар гоҳида баъзи масалаларни билишадию лекин фатво беришолмайди. Малака етишмайди. Фиқҳдаги малаканинг маъноси шуки: “Масалани тўғри фаҳм ила фаҳмламоқ ва уни кишилардаги воқеъликка нисбатан саломат тадбиқ қилмоқдир”.
Уламолар зикр қилиб ўтишган масалаларни тўғри тушунча билан тушунинг, сўнгра сизда ушбу тушунчангизни кишиларнинг ҳаётларида рўй бераётган воқеъликка нисбатан саломат ҳолда тушира олиш қудрати бўлсин. Чунки кишиларнинг воқеъликдаги ҳолатлари китобларда ёзилгандака каби бўлмайди. Кишиларда содир бўлаётган воқеъалар турфа хил бўлиб, суратлари турличадир. Агар сизда малака бўлмаса, сиз фатво чиқаролмай қоласиз. Ёки хато фатво бериб қўясиз.
Шу ерда, мажлисни бироз енгиллатишлик учун, баъзи машойихларнинг ҳаж вақтидаги вазифалари борасида айтадиган латиф гапларини айтиб ўтсам. Айтишадики: Биз вазифамизни бажариш вақтидаги ҳолатимиз тажрибага киришгач дарсларини эслай бошлаган талабаларга ўхшайди. Маълум бўлган ҳолатдан бошқача бўлган саволлар келади. Яъни, биз келамиз ва ҳаж масалаларини яхши биламиз, алҳамдулиллаҳ. Шунингдек, ушбу масалаларнинг тафсилотларини ҳам яхши биламиз. Лекин кишиларнинг саволлари йилдан йилга янгича ҳолатлар қўшилган ҳолатда ўзгаради. Малакаси бўлмаган кимса, уларни олдида довдираб қолади. Лекин масалаларни малака билан тушунилса, ушбу масала ана у масалага қайтишлиги ойдинлашади. Шунинг учун ҳам фиқҳ малакага, уни тўлиқ, тўғри тушунча билан тушунишликка муҳтождир.
Аллоҳга қасамки, эй биродарим, мен бирор кишининг илмдан, токи уни яхши кўрмагунича фойда олганини кўрмадим. Киши ўзи дарс олаётган илмини, уни тўла тўкис қабул қилишлиги учун яхши кўришлиги лозимдир. Сўнгра уни ўрганади, малака ҳосил қилади. Ана ундан кейин уни амалда қўллаб, кишиларда рўй бераётган воқеъликка тадбиқ қилади. Бизнинг истагимиз ана шунга ўхшаш ҳолатларнинг билими сизу бизда қарор топсин.
Демак, мавзуга қайтадиган бўлсак, ушбу бобда йўлиқадиган истилоҳлардан яна бири бу:
- Навозил, навозил ал буйуъдир.
Савдонинг навозиллари дегани, уламолар наздида қуйидагича таърифланади: “Зотан ёки васфан янгича бўлган савдо тури”.
“Зотан”: Бунинг маъноси шуки, ушбу турдаги савдонинг асли янги пайдо бўлган бўлади. Мисол учун акциялар савдоси. Ушбу савдо тури аввалда мавжуд бўлмай, янги пайдо бўлгандир.
“Ёки васфан”: Бунинг маъноси шуки, ушбу турдаги савдо қадимдан мавжуд бўлиб келган. Лекин васфи, яъни кўриниши ўзгарган бўлади. Масалан рибонинг турлари. Рибо қадимдан бор. Лекин ҳозирда банклардаги унинг сувратлари жуда кўпайиб кетган.
- Шунингдек навозилга ўхшаш яна бир истилоҳ бу,
алқозоя ал мустажаддадир.
Қозоя мустажжаданинг маъноси деярли навозилнинг маъноси кабидир.
- Яна фақиҳлар
воқеъатлар деб номлашадиган истилоҳ ҳам бор.
Воқеъот истилоҳини моликийлар кўпроқ ишлатишади. Кўпинча мутақаддим уламоларнинг китобларида учрайди. Унинг маъноси шуки: “Ҳукмни истинбот қилишликка эҳтиёж сезувчи воқеъликдаги масалалар”.
Истилоҳлардан яна
фатволар деган истилоҳ ҳам учрайди.
Фатвонинг маъноси шуки, толиби илм бирор масала хусусида олимнинг айтган фикрини ҳеч қандай ўзгаришсиз нақл қилади. Бунда унинг ўзида ушбу масалага нисбатан бирор ҳукм қарор топмаган бўлади.
Яъни, ушбу толиб шу масалада ҳали дарс қилиб ўрганмаган, лекин бу хусусдаги фикрдан хабардор. Масалан: бир киши келиб айтсаки: “Эй толиби илм, эй шайх, сиз мана машойихлардан дарс олгансиз. Мен банкдаги мана бунақа савдо турини кўриб қолдим. Шунинг ҳукми қанақа бўлади?”
Сиз айтасизки: “Аллоҳга қасамки, мен бу масалани ўрганмаганман. Лекин шайх Ибн Бознинг-масалан- айни шу сувратдаги савдони ҳаром деганларини эшитганман”.
Мана шуни фатво дейилади. Толиби илм олимнинг фатвосини ҳеч бир ўзгаришсиз нақл қилади. Бундаги шарт шуки, толиби илм ушбу фатвони мўътабар олимдан яхшилаб ёдлаб қолган бўлиши керак.
Демак, ушбу фатвони яхшилаб ёдлаб қолган бўлиши керак дедик. Аммо: “Манимча, шайх Ибн Боз шунақа деган бўлсалар керак”- деса ёки тўлиғича ёдлаб олмаган бўлса, у ҳолда бундай қилишлик ҳечам жоиз бўлмайди.
Шунингдек, нақл қилинаётган фикр эгаси ҳам мўътабар олим бўлиши керак.
Ҳозирда толиби илмлар: Уламолар ушбу масалада фалон фатвони берганлар- деб айтадиган бўлиб қолишган. Агарда шунақа фатвони ким берганакан, деб сўрасангиз: Мен уни фалончи даъватчининг “твиттер”ида ўқигандим- дейишади.
Фатвонинг, унинг аҳкомларининг ўз мўътабар аҳллари бўлади. Ҳар кимдан ҳам фатво олиб кетилавермайди. Шунингдек, илм биланми ёки ваъзлари биланми ёки шунга ўхшаш ҳолатлар биланми кўзга кўринган ҳар бир кишидан ҳам фатво олинмайди. Толиби илмга фатвони, уларнинг фатво аҳли эканлигига гувоҳлик берилган, мўътабар аҳлларидан бошқалардан нақл қилиш мумкин эмасдир.
Мана шу юқорида айтганларимиз, муомалотга тегишли бўлган нарсалардир. Яна ишора қилишлик керак бўлган масалалардан: молиявий келишувлар масаласи ва молиявий келишувларнинг турлари қолди.
Шу ерда биринчи дарсимизни тўхтатамиз иншааАллоҳ. Намоздан кейин эса келишувларнинг турларига кириш қисмини тугатиб, сўнгра биринчи қоидани баёнига киришамиз. Валлоҳу аълам. Ва соллаллоҳу ъала набиййина васаллам.